Азиз Несин. Бола нега йиғлади (ҳажвия)

– Менинг ўғлим – ҳавас қилгулик, – деди у.
– Илоҳим узоқ умр ато этган бўлсин! – жавоб бердим.
Биз битта корхонада ишлаймиз ва у билан кунига уч маротаба учрашиб турамиз. У ҳар гал ўғлини менга мақтайди:
– Бола эмас, ақл тўла хум. Шунақа бу зумраша!
– Уни ёт кўзлардан ўзи асрасин.
– Бир дақиқа ҳам тинч туролмайди-я.
– Умри узоқ бўлсин…
Тўрт фарзанднинг отасиман, шунинг учун ҳам яхши биламанки, баъзида болаларини мақтаётган ота-она қандай кулгили ҳолатларга тушиб қолмайди, дейсиз. Шундай бўлса-да, дўстим Жовиднинг ўғлини кўрмоқ иштиёқига тушдим. Бунинг устига, ҳар гал учрашиб қолсак, мени уйига таклиф қилишдан чарчамайди.
Шанба кунларининг бирида, ишдан сўнг, уникига боришга аҳд қилдим. Эшик очилиши биланоқ нимадир шарақлаб, пиллапоядан пастга қараб думалаб, оёғим остига келиб тушди. Олдимда ғаройиб мавжудот турарди: на одамга ўхшайди, на-да бошқа нарса…
Жовид деди:
– Бу менинг ўғлим. Қандай?
– Хўп ажойиб!
Дўстим мени меҳмонхонага бошлади. Хотини, қайнонаси ва қайинсинглиси билан танишдим. Ўтирдик. Қўлимда иссиқ чой қуйилган стаканни ушлаб турардим, ногаҳон унга нимадир лоп этиб тушди. Қўлимга қайноқ чой сачради. Бошим узра нимадир ғувиллади, оғриқдан бақиришга ҳам улгуролмадим. Не кор-ҳол бўлаётганини тушунолмай қолдим. Бошимга тушган номаълум нарсани олиб ташлаётган пайтида хонада ёввойиларча қувлашмачоқ бошланди. Жовид ва унинг қариндошлари бола ортидан қувиша кетди. Бола хона бўйлаб югурар экан, кутилмаганда қуваётганларга чап берди, тезлик билан бошқа томонга қайрилди, унинг изидан қолмаётганлар бир-бирига тўқнашиб, ағанаб тушишди. Уй эгалари бир-бирлари устига қулашди. Ақл бовар қилмайдиган кўнгилсизликдан қайга бекиниш мумкинлигини ўйладим ва эшик орқасига ўтиб яшириндим. Хайриятки, вақтида улгурган эканман. Бола қўлга тушган нарса борки, чор атрофга ирғита бошлади. Ниҳоят, ота, она, буви ва холаси болани бурчакка сиқиб қўйишди. У маймундек чаққонлик билан шкаф устига сакраб чиқди. Устида нимаики бўлса, “рақиб”ларига қарата ота бошлади. Ҳеч вақо қолмаганидан сўнггина онаси ялина бошлади:
– Болажоним, меҳрибоним, туша қол! Қара: бизникига амаки келди. Тағин у сени тарбия кўрмаган бола экан, деб ўйламасин.
Бола онасининг бу гапига жавобан тинмай кўпик туфлай бошлади. Отаси жиддий хафа бўлди:
– Пастга туш, қанжиқнинг боласи!
Бунга ҳам жавоб ўз вақтида қайтарилди:
– Ўзинг қанжиқнинг боласи!
Кейин болакай синалган қуролини ишлатди – отасининг боши узра чоптира кетди. Ноилож қолган ота эса:
– Майли, ўтиравер ўша ерда! – деёлди холос.
Онаси айбдордек менга ўгирилди:
– Сиз бизни кечиринг…
Мен чой тўкилган шимимни сочиқ билан арта бошладим. Қайноқ чой оёғимгача куйдирган кўринади.
Жовид ўзгача қониқиш билан менга шаъма қилди:
– Қалай? Тўғри тасвирлаб берган эканманми? Ошириб юбормабманми?
– Аксинча… Унинг ёши нечада?
– Олтига ҳам тўлмаган ҳали.
Шкаф устида турган болага кўз қиримни ташладим. Ҳамон мағрур боқиб турарди. Хона деразаларининг ойналари худди снаряд парчалари тушгандай чил-чил синган. Беш қиррали қандилнинг бир томони бутун ва унда биттагина лампочка осилиб турибди. Эшикларнинг бирортасида ҳам ушлагич қолмабди.
Жовид деди:
– Худо ҳаққи, умримда бундай болани кўрмаганман. Ишонасанми, бирор марта ҳам йиғламаган.
Қайнонаси унинг гапини қўллаб-қувватлади:
Кўз ёши тўкишга ҳожат бормикин. Биласизми, кеча нима бўлди? Болани олдим-да, музлатгичнинг тагига қўйдим. Музлатгич устига ағдарилиб тушди. Бирор бир овоз чиқарса-чи. Лабларидан қон сирқираб оқди. Хизматкорни ёллаб, зўрға суғуриб олдик, денг.
Жовид гапни бўлди:
– Билмадим, бундан қандай одам чиқаркин. Балки аскарликка берсакми?
Онаси қўшимча қилди:
– Йиғламаган болани қайда кўргансиз? Аввалги кеча бир соатларча хона бўйлаб мушук қувалади. Мушугимиз уни кўриши биланоққочиб кетади. У орқасидан қуваётганда мушук даҳлиздан боққа сакради. У ҳам мушукнинг орқасидан сакради… Даҳлизнинг баландлиги тўрт метрдан кам эмас.
– Жароҳат олмадими? – қизиқсиндим.
– Эҳтимол, – жавоб берди онаси. – Биз унга қарашга улгуролмадик, қочиб қолди. Тўғри, бир неча кун оқсоқланиб юрди, бироқ кейинчалик ҳаммаси ўрнига тушди.
Шу пайт бир нарса устимга гуп этиб тушди ва бўйним узилиб кетишига сал қолди. Болакай шкаф устидан тўғри бошимга сакраган экан. Бўйнимга ўтирган ҳолда қичқирди:
– Кетдик, чуҳ!
Отаси устимизга ёпирилди ва шундай тарсаки туширдики,катта одам ҳам унинг зарбига бардош беролмаган бўларди. Аммо бола ҳеч нарса бўлмагандек хохолаб кулиб юборди.
Тан оламан, аввало ўйладимки, боланинг яқинлари уни ҳечам жазолашмаган. Шунинг учун у “эркатой” бўлиб улғаяётган бўлса, ажабмас. Лекин Жовид ўғлини маҳкам ушлаб, бошини икки тиззаси орасига олиб, юзини кўриб бўлмайдиган ҳолатда сочларидан тортқилади. Бошидаги кафтдек келадиган шишни кўрсатиб, отаси деди:
– Кеча кечқурун гулдонга бошини уриб олганди, мана қара, қандай шишиб кетибди.
Онаси уни тўғрилади:
– Бу гулдондан эмас, самовардан. Самоварда қайноқ сув бор эди.
Гапга бувиси аралашди:
– Бу самовардан олган жароҳат эмас, бўйнидагиси… У жароҳат шотидан тош уюмига йиқилиб тушганидан.
Бола отасининг тиззалари орасида типирчиларди. Жовид хотинига буюрди:
– Йод билан момиқ келтир. Уни ушлаб олдикми, қочиб қолмасидан тирналган жойларига суртиб қўяйлик.
Хотин йод ва бир бўлак момиқ келтирди. Боланинг бутун бадани шилинган, тилинган, кўкарган эди. Жовид пахта бўлагини йодга ботириб, жароҳатларга сурта бошлади. Лекин болакай оғриқдан лоақал инқилламади ҳам.
Ўзимча шундай қарорга келдим: бу хонадонда болага нимадир етишмайди ва шунинг учун таъсирланиш ҳиссини йўқотган. Бошим омонлигида кетиш ниятида ўрнимдан қўзғалдим. То эшикка яқинлашгунимча бола яна нималарнидир ағдар-тўнтар қилиб ташлади.
Кетатуриб, беихтиёр мулозамат қилиб қўйдим:
– Бизникига ҳам ўтинглар.
– Жума куни борармиз, – дейишди улар.
Кўкрагимда юрак ўйноқлади.
Уйга келибоқ, уйдагиларимга шундай дедим:
– Тайёргарлик кўринглар, жума куни хонадонимизга бир олам ташвиш келади. Нимаики синадиган, ёки тўкиладиган нарса бўлса, барини бекитинглар.
Эртаси куни:
– Болангни ўзинг билан бирга олиб келасанми? – сўрадим Жовиддан.
– Йўғе, нима деяпсан!
Қувончдан ичимга сиғмай кетдим. Мулозаматга ўтганимни билмай қолибман:
– Йўқ, йўқ! Хафа бўламиз. Ўзинг билан албатта олиб кел.
– Мумкинмас, қардош, асло олиб бормайман. Бутун уйингни ағдар-тўнтар қилиб ташлайди…
Аммо, барибир эргаштириб келди. Аслида улар болакайни обизан (ванна)да қамаб, йўлга тушишган экан. Лекин у обизан туйнугидан чиқиб, сув қувурларига тирмашган ҳолда пастга тушиб, уларга етиб олибди. Бунга қўшимча равишда йўл-йўлакай отасини тошбўрон ҳам қилибди.
Болакай даҳлизга кираётиб қоқилиб кетди, умбалоқ ошиб йиқилди. Унча қаттиқ эмас-у, лекин енгилгина жароҳат олди. Бундай ҳолатларда чиниқиш мумкин, аммо ҳали оғзидан она сути кетмаган ҳар қандай бола ҳам йиғлаб юбориши ҳеч гапмас. Онам ҳайқирганча бола томон югургилади:
– Вой, қоқиндиқ…
Бола ўзини йўқотиб қўйди.
Хотиним ҳам ғулғула кўтарди:
– Вой, болажоним-ей! Бирон жойингга шикаст етмадими? Ай-ай-ай.. Мана, тасодиф!.. Балки жароҳат олгандирсан-а…
Шу тобда мен ҳам уларга қўшилдим:
– Бундай бўлишини қара-я! Қандай қилиб йиқилдинг, болакай? Ай-ай-ай!
Хизматкор қиз ҳам ҳаллослаб келганча, остонадаёқ сўрай бошлади:
– Йиқилиб тушдингми? Бирор жойинг шикаст емадими? Ой-ой-ой! Дўхтир чақирайликми? Жароҳатинг йўқми? Айт.
Меҳмонхонадаги икки аёл ҳам бола томонга ошиқди, уни ўраб олиб, ҳамдардлик қила бошлашди.
Бола олдинига анча вақт уларга ҳайрат билан қараб турди. Кейин қуйи лабларини титроқ босиб, юзлари тиришиб, ўксик-ўксик йиғлай бошлади. Кейин шундай йиғладики, уни тўхтатиб бўлмасди.
– Ўзи йиқилган киши ҳечам йиғламайди, – дедик унга баралла.
– Эркак зотига йиғлаш уят!
– Ҳеч нарса бўлгани йўқ-ку!
Барча ҳаракатлар беҳуда кетди. Ўкиргани ўкирган. Деярли ярим соатча йиғлади. Йиғиси тўхташи биланоқ сув сўради. У хизматкор келтирган стаканни беихтиёр қўлидан тушириб юборди. Аёллар яна бир овоздан:
– Бирон жойингни кесиб юбормадими?
– Жароҳат етмадими?
– Йод келтиринглар! — дейишди.
Болакайнинг яна лаблари титраб, юзлари тириша бошлади, тағин ўксиниб кўз ёш тўкишда давом этди. Бу сафар ҳам ярим соатча йиғлади. Шу оқшом у тўрт марта йиғлади. Аммо ҳеч нарсани синдирмади.
Ҳозир қачон Жовидни кўриб қолсам, ундан ўғли ҳақида сўрайман.
– Аввалгидан анча ўзгарган, – дейди у, – худди илгари ҳам мўмин-қобил бўлиб ўсгандай. Лекин йиғлашни канда қилмайдиган бўлган.
Дўстим танишларимдан бирига устимиздан арз қилибди:
– Болажонимнинг тарбиясини улар бузишди!

Муродулла Ғафуров таржимаси

* * *

Уйимизнинг иккинчи қаватига янги қўшни кўчиб келди. Унинг нарсаларини нақ бир ҳафта ташишди. Бу ҳозирги замон уйлари эскиларига ўхшамаслигини ўзингиз яхши биласиз.Янги уйлардаги одамлар шундоққина биқинида ким яшаётганлигини ҳам билишмайди.Мисол учун, шундоққина бизга қўшни хонадонда исловотхона очиб қўйган бир малла хотин яшаган экан. Бу нарса полиция аралашиб, газеталарда овоза бўлгандан кейингина маълум бўлди.
Мен янги қўшнилардан ҳеч кимни танимасдим.Бир куни йўлакда мен билан бир киши жуда сертакаллуф салом-алик қилди.Мен унинг саломига жавоб бериб, жўнамоқчи бўлиб турганимда гапга тутиб қолди.
– Камина – Мўмин Акрам Озанер,- дея ўзини таништирди.- Мен айнан сизнинг тепангиздаги қаватда яшайман.Бирон кун оқшомда ташриф буюришингизни сўрайман.Сиз билан танишганимдан бағоят мамнунман.
Шу тариқа Мўминбей билан йўл-йўлакай танишиб қолдик.
Оқшомда унинг хизматкори келди:
– Бей-афанди уйларига ташриф буюрмоғингизни сўраяптилар.
– Кечиргайсиз, бугун бандман, меҳмонларим бор.
Ўша кундан эътиборан Мўминбей ҳар куни канда қилмай мени меҳмонга таклиф қиларди. Албатта, бориб қўйсам ҳам бўларди,аммо унда унинг ўзини ҳам меҳмонга чорлашим лозим эди.Уйимизда эса тўртта маймоқ стулчадан бошқа ҳеч вақо йўқ. Бегона одам олдида хижолат бўлгим келмасди.Ҳар оқшом унинг хизматкори келиб, хўжайини астойдил меҳмонга таклиф қилаётганини айтиб кетарди.Ахийри мабодо бормайдиган бўлсам у мени судраб бўлсада уйига олиб кетадигандек туюлди…
Бир оқшом кечки таомдан сўнг мен ўша қўшнимникига кириб бордим.Худди кўргазмага қўйилгандек замонавий-маиший жиҳозлар ҳақида гапириб ўтирмайман.Совуткич, чангюткич, радиола, кир ювиш машинаси,тезпишар товалар уйини безаб турарди.
Мўминбей мени ўз хонасига таклиф этди. Кирдиму ҳангу манг бўлиб қолдим – ердан шифтгача деворлардаги токчаларда лиқ тўла китоблар тахланиб қўйилганди. «Демак, у ҳақда мен нотўғри фикрга борган эканман-да!» Мен Мўминбейни шунчаки омади чопган бойвачча бўлса керак деб ўйлагандим.
– Зиёли одамларга ихлосим баланд,- деди у.
Гап=сўзлари андак дағалроқ эди. «Хўш, нима бўпти!..»
– Нима иш қиласиз?
– Бир идорада ишлайман,- деди у.
Мўминбей шеърларидан ўқиб берди.
– Қалай экан?- деб сўради.
– Зўр!..
У яна ўқишда давом этди.Кейин шеъриятдан ҳикояларга ўтди.
– Ҳикояларим яхшироқ чиққан- деди у.
Кейин пъесаларини ўқишга ўтди.Кўнглим айний бошлади.Уни бу машғулотдан чалғитиш учун китоб токчаларига қўл чўздим:
– Қанча йиллардан буён адабиёт билан шугуллансам ҳам бунчалик бой кутубхонага эга бўлолмадим.
– Токчалардаги бу китобларнинг ҳаммаси – совға!- дея мақтанди Мўминбей.
– Шунақами?..Ким совға қилган?
– Ҳамма ёзувчилар,муаллифлар билан танишман…Улар мени ҳурмат қилишади,асарлари чиққанда ҳамиша туҳфа этишади.
Мен ҳайратдан лол қолдим.
– Сиз Фалих Рифқи билан танишмисиз?- деб сўради у.
– Унинг номини эшитганман,- дея жавоб қилдим.
У токчадан китобни олиб кўрсатди:
– Мана унинг совғаси…
Мен китобни қўлимга олдим.Бу Фалих Рифкининг «Зайтунзор» деган китоби эди.
– Менга нима деб ёзганини ўқиб кўринг.
Китобнинг зарварағида шундай ёзув битилганди: « Менинг оғам, ҳурматли жаноб Мўмин Акромга дўстлигимиздан хотира сифатида тақдим этаман.Фалих Рифқи…»
Фалих Рифқининг «дўстлигимиздан хотира сифатида» деб ёзиши…Тағин ким билади дейсиз!..
– Мана бу Рашод Нуридан хотира…
«Чолиқуши»… Мўминбейга эҳтиром ила…Рашод Нури».
– Мен савдо билан шуғулланаман, бу ёзувчиларнинг ҳаммаси менинг дўстларим.
У менга яна бир китобни узатди:
– Бу Рушен Ашрафбейнинг совғаси…
Китобдаги дастхатни унинг ўзи ўқиб берди:
« Менинг оғам Мўминбейга чуқур ҳурмат-эҳтиром ила…Рушен Ашраф».
Ёқуб Қадрийнинг «Бегона»си… Холид Эдиннинг «Юрак изтироби»…Ҳаммасига дастхат битилган.Гоҳо токчаларда кўримсизгина китоблар ҳам учраб қолар, лекин уларда ҳам дастхатлар бор эди.
Китобларни титкилаётиб мен ногоҳ ўзимнинг романимни кўриб қолдим.Ўшанда мен асарларимни тахаллус билан чоп эттирардим.Китобимнинг зарварағини очиб кўрсам, у ерда ҳам дастхат бор экан: « Муҳтарам Мўминбей афандига… Эҳтиром ила Ҳасан Якто ».
Ғазабим жунбушга келди.
– Сиз Ҳасан Якто билан танишмисиз?- деб сўрадим.
– Агар мен у билан таниш бўлмаганимда китоби шу ерда турармиди?..У кечагина шу ерда бўлганди.
Мен ўрнимдан қўзғолдим.
– Эртага сизни уйимда кутаман!..- дедим хайрлашаётиб.
– Безовта қиларканман-да!..- дея жавоб қилди.
Дарҳақиқат, келгуси оқшомда у мени ростдан ҳам «безовта қилди».Мен бу нусханинг андак танобини тортиб қўйиш учун бир шумликни ўйлаб қўйдим.Қаҳва ичиб бўлганимиздан кейин мен унга шундай дедим:
– Менинг китобларим сизникичалик кўп эмас, аммо дастхат битилганлари ҳам бор.
– Жуда яхшида…Қандай китоблар экан?
Мен токчадан Аҳмад Вофиқ пошонинг* Мольердан қилган таржимасини олиб, Мўминбейга узатдим.
-Қани ўқиб кўрингчи, Аҳмад Вофиқ пошо менга нима деб ёзган экан?
У китобдаги дастхатни ўқиди:
-« Қимматли ўғлим Ҳасанбейга…Аҳмад Вофиқ ».
– Бу Аҳмад Вофиқ пошо дегани учинчи ҳарбий қисмда қўмондон бўлмаганмиди?- сўраб қолди меҳмон.
Жавоб ўрнига мен Наим 1 қаламига мансуб бўлган тарих китобини олдим.Мен унинг қовун тушириб қўйганини ўзи ҳам пайқаб, уялса керак деб ўйладим.
– Буни қаранг,Наим менга қандай дастхат битган: « Камтарона асаримни ихлосим рамзи сифатида тақдим этаман.Ҳурмат-эҳтиром ила сизнинг қулингиз Наим».
Мен Мўминбейнинг қиёфасидаги ўзгаришни кузата бошладим. У жимгина китобларни томоша қиларди. « Ҳарқалай, қандай бемаъни иш қилиб қўйганини англаб етгандир» деб ўйладиму ўзим ҳам шу асно хижолат чекдим.
– Бу Наим деганингиз қаҳвани хориждан олиб келиб сотиш билан шуғулланмасмиди?- ногоҳ сўраб қолди у.
Мен серрайиб туриб қолдим.Агар шу тобда оғиз очолганимда эди бу нусханинг ҳолига маймунлар йиғларди.
– Сизда машҳур шахсларнинг асарлари йўқми?..
Мен китоблар орасига қўл узатиб, «Фауст»ни олдим.
– Мана Гёте!- дедим.- Унинг дастхатига қаранг: « Менинг Ҳасанжонимга».
– Муаллифини ким дедингиз?- деб сўради.
-Гёте…Гёте…Гёте…- дея бир неча бор такрорладим.- Э, дарвоқе, эсладим, бу йигит бир вақтлар «Дож» автомобилини сотиш бўйича агент бўлган.
Қотиллар содир этилган жиноятлари ҳақида ҳикоя қиларкан, энг даҳшатли жойига келганда шундай дейишади: « У ёғини эслолмайман». Мен ҳам кейин нима бўлганини эслолмайман.
Мен полиция маҳкамасида Шекспир томлигини ушлаганча ўзимга келдим.Мўминбейнинг афт-ангори мўматалоқ бўлиб кетганди.
– Мен бу безори устидан арз қиламан,- деди у мен томонга ишора қилиб.
– Нима гап ўзи? Ораларингдан қандай оламушук ўтди?- полиция комиссари менга мурожаат қилди.
Мен Шекспирнинг портрети акс этган китобни узатдим.
– Ким бўлди бу соқолли кимса?- деб сўради комиссар.
– Шекспир!..
– А-ҳа!..Демак, хорижий?..
– Англиялик!..
– Нима иш қилади?
– Шоир…
– Қаерда яшайди? Қачон, нима мақсадда сиз у одам билан танишгансиз?
Мен Мўминбейга ўгирилдим.
– Мени ушла, маҳкамроқ ушла!..- деб илтимос қилдим.
Комиссар иккита полициячига ишора қилди.
-Буларни сиёсий полицияга олиб бор, биз бунақа ишлар билан шуғулланмаймиз.
_______________
* Аҳмад Вофиқ пошо ( 1823 – 1891 ) – турк ёзувчиси ва таржимон.

Шодмон Отабек таржимаси