Азиз биродарлар! Жаҳон афкор оммаси оғир жудоликка учради. «Қора лола» қазувчилар ўйишмасининг бошбоқони Мирза Ҳамдам Эрзаранг кутилмаган касалликдан ияк қоқиб юборди. Афсус-надомат билан айтиш керакки, унинг ҳали-бери ўладиган сиёғи йўқ эди. Шунинг учун атрофидаги садоқатли дўстлари ва айни пайтда надоматли душманлари Эрзарангни орқаворотдан ҳурмат ва ҳайиқиш билан «ўлмас Кашчей» дея эҳтиром қилишарди. Унинг ўйишмаси қазган қабрлар кенг ва шинам, пешайвони ўликлар орзу қилгудек эди. Ясаттирган тобутлари сандал, ёнғоқ, чинор каби асл дарахтлардан бўлиб, аввал унда тирик одамлар синаб кўриларди. Тирик одам бузиб чиқолмаган тобутни ўлик одам бузиб чиқа олармиди?
Марҳум 20 йиллик фаолияти давомида оддий гўрков ёрдамчисидан «Қора лола» ўйишмаси раҳбарлигига қадар катта ҳаёт йўлини босиб ўтди. Шу даврда у мингдан зиёд мурдага гўр қазиб, ўз қўли билан қабрга қўйди. Темир матонат билан тирикларнинг ўлишини кутди. Мирза Ҳамдам айниқса ер қазишда кетмон, теша, ломни маҳорат билан ишлатарди. Тўғри, унинг икки марта тешаси, бир марта кетмони, кўплаб ломлари ёдидан кўтарилиб, мурдаларнинг тагида қолиб кетди. Лекин марҳум мардоналик билан янги-янги теша, лом ва кетмонлар сотиб олаверди.
Мирза Ҳамдам қазувчилар ўйишмасига сардорлик қилган кезларида «Қора лола»ни ҳам сон, ҳам сифат жиҳатидан кенгайтирди. Қани энди, шунинг қўлида жон берсам, деб орзу қилиб, қабулига киролмай навбатда турганларнинг сон саноғи йўқ эди. Эрзаранг кейинги пайтларда қабристондаги бўш жойларни кимошди савдосига қўйиб соттирди, пешайвони кўчага қараган, манзарали қабрларни алоҳида талабгорлар учун асраб қўйди, бешта янги қабристон барпо қилди. Ҳар бир қабр тепасига металл томлар ёптириб, уч хил ранг билан бўяттирди. Ўйишма қошида учта шўба корхона очтириб ишчи ўринлари яратди. Бу корхоналарга Баттол, Дажжол ва Қаттол цингари ёрдамчиларини тайинлаб, меҳнат самарадорлигини оширди. Улар буюртма билан ишлаб бир беш йилликда икки беш йиллик режасини бажардилар, жуда кўп жойларни қабристонга айлантиришга муваффақ бўлдилар.
Мирза Ҳамдам бу билан чекланиб қолмасдан ўнлаб мурдаларнинг муаллифи бўлди. Кейинчалик бу «Қора лола» усули номи билан тарихга кирди ва оммалашди. Кўп йиллик ҳалол ва самарали меҳнатлари учун Мирза Ҳамдам Эрзаранг «ўлсанг тезакка» ва «ўлмасанг ўлдирамиз» цингари машҳур хорижий жамғармаларнинг «Тобут ҳаммага» грантларига сазавор бўлди. Жаҳон мурдашўйлари ва гўрковлари жамиятининг фахрий академиги бўлди. Унинг ташаббуси билан ташкил топган «Тобутдан товуш» ансамбли жаҳон мурдашўйлари аренасидан муносиб ўрин эгаллади. «Мурдалар чалғиси» трилогияси эса ҳар қандай одамни тириклай гўрга тиқиш қудратига эга эди. Марҳум Мирза Ҳамдам Эрзаранг ана шу хизматлари туфайли «Мозористонда хизмат кўрсатган халқ юрмони» унвони соҳиби бўлди. Бугун уни сўнгги йўлга кузатар эканмиз, энди нима бўлса ҳам гўрингда тинч ёт, азиз биродаримиз, деймиз. Сенинг қоранг ўчса ҳам номинг ҳеч қачон ўчмайди. Алвидо, ўликлар ва тирикларнинг севимли сардори, қиёматли дўст ва тутинган оғаси, қиёма
тга қадар сени унутмаймиз!
…Ҳамма тарқалгач, ўлик кўмилган қабр тепасига ўрнатилган тахтачадаги ёзувга кўзим тушди. «Қазиб олиш хавфли, қутуриш касаллигига гирифтор бўлган!»