Нурулло Остон. Тез ёрдам (ҳажвия)

«Тез ёрдам»нинг тез ёрдами яхши-да! Иситманг чиқса, тез етиб келади, духтур текшириб кўриб, тез ёрдам қилади, укол уради, дори беради, «Қалай, ўзингизни енгил сезаяпсизми?» деб кўнгил сўраб қўяди. «Бензин йўқ, дори тамом бўлибди, келганим учун бир нима беринг», -демайди. Энг умидсиз беморга ҳам «Худо хоҳласа яхши бўлиб кетасиз», -деб далда беради. Қаёққа кетишини айтиб ўтирмайди. «Кетасиз!» -дейди, вассалом. Бемор бу далдадан кўнгли таскин топиб, духтурга тугиб қўйган тугунчасидан бир нарса олиб беради. «Мени ким деб ўйлаяпсиз, -дейди духтур ҳамияти қўзиб. -Мен Гиппократ қасамини ичганман!»

«Бир марта қасам ичган одамга қасам ҳам ароқдай бўлиб қолади, буни чин дилдан, эҳсон сифатида бераяпман, олмасангиз ранжийман», -дейди бемор. Духтур эҳсоннинг чўғига қараб, кўнгли юмшаб: «Ҳай майли, кетмаслигингиз ҳам мумкин», -дейди ва жомадонидан яна бир этак дори олиб беради. «Мана буни овқатдан олдин, бунисини овқатдан кейин, бунисини ухлашдан олдин, бунисини ухлашдан кейин ичасиз. ўзим яна келиб хабар олиб тураман», -деб қуюқ хайрлашиб чиқиб кетади. Бемор духтурнинг бундай меҳрибонлигидан кўнгли бузилиб, билдирмай йиғлаб олади. Чунки бизнинг беморларнинг кўнгли бўш, яхши гап билан ҳам тузалиб кетаверади.

Ҳар қандай соҳада меҳнат-меҳнатга қараб қадрланиши, тақдирланиши керак. Шунинг учун тиббиёт соҳасида беморларга пуллик хизмат кўрсатиш ташкил қилинди. Илгарилари «Фалон духтурхонада битта койка фалон пул экан, духтурга фалон пул бериш керак экан», -деган гаплар ўрмалаб юрарди. Ҳаммаси бекор гап! Бу оғзига кучи етмаганларнинг гапи. Шу гаплар бўлмаслиги учун ҳозир бемор ўрин-тўшак, овқат учун пулни кассага тўлайди. Духтурхонада дорихона бор-дорини ўша ердан олиб беради. Шароитлар ктарли — ғамхўрлик шунчалик бўлади-да!

Яқинда ҳозирги замон Пайғамбарлигини даъво қилаётганлардан бири редакцияга келиб қолди. Эгнида спортчиларнинг кўйлак-иштони, чўнтагида уяли телефон. Нострадамусдан тортиб, Кашпировскийгача бўлган барча алломаларни биларкан. Дунёда бўладиган тўполон-у алғов-далғовларни йил-кунигача айтиб бераяпти.

–Одамларни даволаш керак эмас, -деди у. -Руҳни даволаш керак. Руҳни эса сўз билан даволаш мумкин. Шунинг учун беморларнинг кўпчилиги ҳозир менга келиб, уч сеансда тузалиб кетишяпти. Бунинг устига беморлар овқатга, койкага пул тўлайман, деб ўтиришмайди, фалон пулга дори сотиб олишмайди, бунга уларнинг пули ҳам йўқ. Менинг ҳар бир гапим беморларга малҳам бўлади, ҳай, охирида кўнгилларидан чиқариб бир нарса ташлаб кетишади-да, -дея ўзи сеанс ўтказган видеокассетани намойиш қилди.

–Мабодо ўликларни тирилтирадиган Исо Масеҳ эмасмисиз, -эҳтиром билан сўрадим.
–Мен янги Пайғамбарман, -даъво қилди у. -Беморларни сўз билан даволаш қудратини бутун дунёга кўрсатмоқчиман! Шунда тиббиётингиз ҳам копейка бўлиб қолади!

Айтмадимми, бизнинг халқимиз яхши гап билан тузалиб кетаверади, деб. Мана исботи! ўзбекчани яхши гапиролмайдиган шу «авлиё» беморларни эга-кесими йўқ алмойи-алжойи гаплари билан тузаётган экан, демак дунёда бизнинг халқимиздай келажакка ишонч билан қарайдиган халқ йўқ. Текин тузалиш кимга ҳам ёқмайди? Айниқса мана шу «авлиё»нинг сеансларини ўтказиш учун одам йиғиб, жой ташкил қилиб берган маънавият ва  маърифат марказининг бу савоб ишлари менга жуда маъқул бўлди. Ахир маънавиятнинг маънавияти ҳам шунда-да!

Беморларга бепул дори-дармон берадиган Қизил Ярим ой жамияти бор. Бошлиғи — боши ҳам ярим ойга ўхшайдиган жуда мулозиматли одам. Кимни кўрса дори беради, «Дори керакмас», -десангиз хафа бўлади. «Олиб қўяверинг, катта партия келган, бир кун касал бўлиб қоларсиз», -дейди. Ғамхўрликни қаранг! Бундай одамларга қизил ярим ойдан эмас, қизил хочдан ҳам ёдгорлик қўйсанг арзийди! Хуллас, нолишга ўрин йўқ. Мана «Тез ёрдам»га айниқса «Дамас»ларнинг бериб қўйилиши беморлар учун ўзига хос синов бўлди. Духтурхонага олиб боргунча шағал тошийдиган мошинадай беморни силкитавериб бирёқли қилади. «Тез ёрдам»да духтурхонагача етиб келган бемор ўлмаса, албатта тузалиб кетади.

Бир куни касал бўлгим келиб қолди. Ўн литр бензин, ўн литр суюлтирилган газ ғамлаб қўйдим, қимматбаҳо дорилардан олдим, пул ҳам тайёрладим. Кейин «Тез ёрдам»ни чақирдим.

–Ёнилғим йўқ, -деди келиши билан оқ халатли «Дамас» ҳайдовчиси. Ўн литр бензинни олдига қўйдим.
–Мен газда юраман, -деди ҳайдовчи. Суюлтирилган газни келтирдим. Ҳайдовчининг ҳафсаласи пир бўлди.
–Сизнинг касалингиз фалон касалга ўхшайди, -деди «Тез ёрдам» духтури. -Фалон сўмлик фалон-фалон укол ва дорилар керак.
Айтганларини муҳайё қилдим.
–Фалон дори йўқ-ку? -деди духтур. Уни ҳам келтирдим.
–Бу дорингиз эски, -деди духтур. -Йили ёзилмаган.
Йили ёзилган жойини кўрсатдим. Духтурнинг ҳафсаласи пир бўлди.
–Касалингиз оғир, -деди у. -Сизни фалон касалхонага олиб бораман, ўша ерда даволашади. «Тез ёрдам»да силкина-силкина касалхонага етиб олдим.
–Пул тўланг-, бир ҳафтага дейишди эшикдан киришим билан. -Койкага, овқатга, палатани тозалаган навбатчига… ўн беш минг сўм бўлади.
Ҳаммасини тўладим. Шу ётишда икки кун ётдим. Учинчи куни духтур келди. Қўлида «Тез ёрдам» духтури тўлдирган касаллик тарихи.
–Хўш.., -деди у бир касаллик тарихига, бир менга қараб, -ўҳ-ҳў, касалингиз ўтиб кетибди-ку. Сизга фалон-фалон укол-дорилар керак, фалон сўм бўлади.
Мен духтур айтган укол дориларни чиқариб қўйдим.
–Бу укол-дорилар бўлмайди, -деди духтур қатъий. -Ясама бўлиши мумкин. Бизники эса ишончли. Пастдаги аптекадан олиб келинг, кейин даволашни бошлаймиз… -У шундай деб чиқиб кетди. Духтур айтган укол-дориларни олдим. Ҳафтанинг охирида яна духтур келди, қўлида касаллик тарихи.
–Ўм…, касалингиз оғир…, нима қилдик, даволаймизми, ёки яшайсизми?
–Яшайман, -ўрнимдан турдим. — Бунақа даволанишда касал бўлиб қолишим ҳеч гап эмас. Яхшиси, ўша сўз билан даволайдиган «авлиё»ни топаман. Ҳам койкага пул олмайди, ҳам эга-кесими йўқ гапларни гапираётган пайтида мазза қилиб мизғиб олиш мумкин…

Хуллас, «Тез ёрдам»га Дамасларнинг ажратилганлиги бежиз эмас экан. Мошинада силкина-силкина мияси жойига тушган бемор касалхонада фақат ётгани учун бир ҳафтага ўн беш минг сўм тўлаганидан кейин жон ширин кўриниб, духтурдан воз кечар экан. Бунақада ўша «авлиё»нинг айтган гаплари тўғри чиқадиганга ўхшайди…