Нурали Қобул. Булар элнинг боласи (парча)

Тонг отар, кун ботар, умр ўтар эди…
Туркистон тизмалари этакларига бу сана куз кеч кирди. Дастлаб ёнғоқ япроқлари сарғайиб, куздан илк мужда берди. Сариқдан қаҳва тусига кирган барглар салқин мезон эпкинларида чирт-чирт узилиб, она оғочдан узоқлашар, шамол уни кучи етгунга қадар учириб кетар эди.
Азамат ёнғоқларга ҳавас билан қараб тургандек кўкка бўй чўзган зардолилар аввал сарғиш, сўнгра олтинранг қизғиш тусга кирган баргларини яна бир икки ҳафтача тутиб турадигандек қилт этмасди.
Турналарнинг иссиқ ўлкалар томон йўлга тушишларига ҳали бир оз вақт бор, қарғалар эса ҳадемай қиш келишидан дарак бериб, ҳайдов бўлиб қолган бедапоя ва ангорларда бемалол лапанглашишар, виқор билан тўрт тарафга қараб қўйиб, ер чўқилашарди.
Одатдагидек эрта туриб, бомдод намозини ўқиган амир Муҳаммад Тарағай Баҳодир ҳовлига чиқиб наридан бери юраркан, кўчадан киришда, соғ тарафдаги хонада ихлос ва эътиқод билан намоз ниятини қилаётган ўн тўрт ёшли ўғли Темурнинг хатти-ҳаракатини кузатганча, жойида туриб қолди. Амир бу яқин вақт орасида бунчалик меҳр-муҳаббат билан яратганга илтижо қилган кишини учратганини эслай олмади. Нигоҳи тушган ҳолат ва манзарадан шу қадар таъсирландики, беихтиёр бўғзига хўрсиниқ келиб, кўзи ёшовлади.
— Эгамга шукр! Авлодимнинг қалбига шул қадар Оллоҳ меҳр-муҳаббатни солганига шукр! Иншооллоҳ бундай эътиқодли фарзанд ҳаёт йўлида адашмагай! Ўзинг шафқатингдан дариғ тутма, Эгам! Элу улус баробарида бизни ҳам ёрлақагин! Ло илоҳа иллололоҳ, ашшуаданан Муҳаммадур расулуллоҳ!
Амир оҳиста сўзларкан, юзига фотиҳа тортди. Бармоқлари беихтиёр кўз ёшларини артиб кетди. Сўнгра, қўлрўмолчасини олиб, куз тонгининг салқинидан ёшланган кўзларини артаётгандек бўлди.
— Ассалому алайкум, қиблагоҳ!
— Ваалайкум ассалом, авлодим! Оллоҳ ибодатингни қабул этсин! — деди ўнг қўлини кўксига қўйганча отасига термулиб турган ўғли Темурбекка қараб. — Яратган Оллоҳим шу беғубор тонгда пок юрак ила қилган илтижоларингизни қабул этсин! Барча қатори бизни ҳам меҳр-мурувватидин дариғ тутмасун! Омин!
Ота-ўғил баробар юзларига фотиҳа тортдилар. Сочларига оқ оралаб, полвонсифат елкалари ихчам тортган, узун-узун қўлларининг томирлари ўйнаб, қиёфасида кексалик аломатлари кўриниб қолган амир шундай дея беихтиёр бош фарзандини оҳиста бағрига босди. Яна кўнгли тўлиб кетди. Ўғил ҳам отасини бағрига босганча сукут сақлаб турар эди.
— Вой, саҳармардондан бир-бирини бағрига босган ота-боладан айланайин!
Ҳовлига чиққан Тегина хоним ота-боланинг бу ҳолатини аввал тушунмай, бир лаҳза сукут қилган, маънисига етгач, меҳри товланиб кетган эди. Одам боласи ҳам бу қадар меҳр-муҳаббатли бўладими?!
Вой кўзларининг дардини олай Темур болам! Отагинасининг ягона орзу-умиди, армони! Тангрим ёмон кўзлардан асрасин сени!
Тегина бегимнинг бу илиқ ва аллаловчи сўзлари улар руҳиятидаги ҳолатга шу қадар мос эдики, онаси яна бир оз шу оҳангда сўйласа Темурнинг ичидан тўлиб тошган бир йиғи бўғзидан отилиб чиқадигандек эди.
— Сафар олдидан ота-бола бир-биримизни бағримизга босдик-да, энаси. Инсон зоти бир-бирини соғиниб яшамас экан, унинг ҳаётида завқу шавқ қолмайди, — деди амир хонимнинг сўзларига жавоб қилган бўлиб ҳамон рўмолчаси билан кўз ёшларини артаркан.
— Отанг ўзи шунақа, болам! Кўнгли бўш. Сал нарсага кўзининг ёши оқиб кетаверади. Лекин сен отангга ўхшама! — Тегина хоним табиатан зийрак ва зукко, гапга чечан бўлса-да, кўп гапиравермас, эри, нозиктаъб Тарағай Баҳодирнинг кўнглига хуш ёқадиган пайтлардагина очиларди. — Кўнгилчанг бўлсанг, ҳамма нарсадан қуруқ қоласан. Мана отанг, бекликка хон фамонини ола туриб, уни бировга бериб ўтирибди! Бу кишим билган қон-қариндошликни улар ҳисобга олишгани йўқ!
— Қўй, энаси, бунақа гапларни! — Тарағай Баҳодир ўғлининг олдида хижолат чекиб, хотинига танбеҳ берди-ю, лекин унинг гапларидан оғринмади, қайтага ўғли билан шу мавзуда суҳбатлашиш имкони туғилганидан хурсанд бўлди. — Худо ризқингни бутун қилса бекмисан, амирмисан фарқи йўқ. Муҳими, худо ярлақамоқдан қўймасин! Яхшиси, бизга нонушта ҳозирла. Бекзода ўғлинг билан бир Атабек амакимизни кўриб келайлик. Анча бўлди кўришмаганимизга. Ҳозир йўлга чиқсак, шом намозига қадар етиб борсак ажаб эрмас…
— Амакингизни кўришга фақат сиз борасиз. Туманли бойман деб ул киши бизнинг тарафларга фақат тўю маракада келадилар, — оғриниб сўзлади Тегина хоним.
— Ҳа энди, ул кишининг ёшлари улуғ. Шундай экан, биз у кишини бориб кўрмоқ ва ўғлимиз Темурбекни таништириб қўймоқ мажбуриятидамиз. Бу эскидан, ота-бобомиздан қолган урф-одатдур, энаси. Ҳамма нарсани мендан яхши биласану, ҳеч нарсани билмагандек такрорлайверасан.
— Болаларингиз ҳам билсин, дейман-да. Болага бошдан тушунтирмоқ, қулоғига қуймоқ лозим. Шукрлар бўлсинким, Темурбек мана эр етай деб қолди. Баландни пастдан, оқни қорадан, дўстни душмандан энди ажратмоғи лозим. Тегишли гапларни ўз вақтида қулоғига қуйиб қўйингки, йўлидан адашмасин. Чунки обрў ошдан, ғавғо қариндошдан, дейдилар.
— Ҳақсан энаси, ҳақсан. Ҳақ бўлмасанг ҳеч бир қўнуда оғиз очмайсан. Бу одат сенга раҳматли отамиз, шайхулислом ҳазратларидан ўтган. Сен йўл кўрсат, мен насиҳат берайинким, боламиз одам бўлсин. Элнинг олдида юрсин. Улуғ авлод-аждодлари шаън-шавкатини сақлай билсун!
Тегина бегим отасини эслаб бир энтикди. Бухоро шайхулисломининг қизи Тегина бегим тақво билан бирга табиий фанлардан ҳам савод чиқарган, шу боис, Темурбекнинг чуқур билим олишига хайрихоҳгина бўлиб қолмай, шахсан ўзи назорат ҳам қиларди.
— Меҳмонхонада нонушта ҳозир, сиз яхши кўрган қуртавадан қилдирдим. Кечгача сув ичиб кетаверасизлар, — ота-ўғилни емакка даъват этди Тегина бегим.
— Тўриқ билан Саманни сафарга ҳозирла, — Қулмон отчига иш буюрди бек меҳмонхона томон юраркан. — Чой-пой ичдингми?
— Ичдим, бек оға. Энам аввал бизнинг қорнимизни тўйғизадилар. Оллоҳ ул кишимдан рози бўлсин!
— Сендан-да эгам рози бўлсин, Қулмон! Энанг дўсту душманга бирдек яхшилик тиловчи инсон. Тили ўткирроқ бўлса-да, юрагида ёмонлиги йўқ. Отларга амирона эгар-жабдуқларни ур. Ёлларини тара. Кўп сув ичирма!
Бек шундай деб нонушта ҳозирланган меҳмонхона томон юрди. Ортидан ўғли ва хоними ҳам кирди. Тегина бегим юмшоқ эчки жунидан тикилган дастурхонга қозонда қотирилиб, ўчоқда тобланиб пишириладиган туркпатирни ўраб қўйган эди. Хона сут ва сарёғга қорилиб пиширилган патирнинг исига тўлган, бу ҳид меҳмонхонанинг болор ва вассажуфтлари тоғ арчасидан бўлганлиги учун доимо анқиб турадиган арча ҳиди ила уйғунлашиб, ғаройиб бир бўй таратар эди.
Тегина бегим каттакон лагандек келадиган иссиқ патирнинг ўртасига бир кувилик сариёғ қўйди. Хонадон аъзолари тузланган, қоринда сақланадиган сариёғ ейишга одатланишган. Тегина хоним баҳордан бошлаб, ўзи хизматчиларнинг бошида туриб, ёғли қатиқдан куви пишар, олинган ҳар бир юмалоқ ёғни суви сирқиб кетгунга қадар қўлда чекиб, меъёрида тузлангандан сўнг, янги сўйилган қўйнинг обдон тузга бўктирилган қоринига ҳаво кирмайдиган қилиб жойлар эди. Омборхонанинг ертўласида қишлик учун камида йигирма қорин ёғ турарди.
Дастурхонга сарёғ қўйилган қуртава келтирилди. Тегина бегимнинг ошчилари емак ҳозирламоқ борасида ҳассос эдилар. Буларнинг барчасига ошчиликни хонимнинг ўзи ўргатар, емак ҳозирламоққа табиатан уқуви йўқ қизларни оиланинг бошқа ишларини бажармоққа йўналтирар, тирикчилик учун юмуш истаб келган ҳеч бир кимсани бўсағадан умидсиз қайтариб юбормас эди.
— Бул мусофирпарварлигингиздан сўнг бек жаноблари сўядиган қўйлар ҳам ейилмай қолиб кетадиган бўлди-ку, энаси, — деди амир ҳузур қилиб патирдан еяр экан.
— Бой зоти шунақа. Дастурхонга қўйганини қанчалик емасангиз шунчалик хурсанд бўлишади, — одатдагидек хўжасига ҳазил қилди бегим. — Сув ҳам қаттиқ ерда туради. Юмшоқ ерга тез сингиб кетади.
— Э-э, сизга бир гап деб бўлмайди-да энаси, — одатига кўра, ҳазил-мутойиба ёки жиддий бирор масалани сўзлашганда хонимини сизлар эди бек. — Бойларнинг бариси ҳам шундай бўлмаса керак. Мана ўзингиз ҳам бой хотинисиз. Қўлингиз ва кўнглингиз беғубор осмондек очиқ, — умр йўлдошига меҳри товланиб сўзлади амир ва қўшиб қўйди. — Аммо қуртавани боплабсиз, ҳидидан билиниб турипти.
— Қуртавани ҳеч ким раҳматли энангиздек ҳозирлай олмас эди, — деди бегим сопол косадаги қуртавани хўжаси олдига ўз қўли билан қўяр экан. — Раҳматли қайнонам уни маромида қайнатишни билар эдилар. У кишим шундай иситардиларки, чалоб ҳам иримас, пиёз ҳам тобида сўлар эди. Сарёғни эритиб, тўртасини ёғлоғи остида қолдириб, бетидаги кўпигини қуртава юзига солар эдилар. Қуртава қилмоқни мен ул кишимдан ўргандим. Бизнинг Бухоройи шарифда қуртава одатий емак эмас эди.
— Қуртаваю туркпатир бизга ўхшаган саҳройи қавмларнинг емаги. Сиз шаҳарликлар сабоҳ нонуштада ҳусайни узум билан обинон ёки қаймоқ билан обинон ейсизлар, — хотинининг оғзидан гапини олди амир Муҳаммад ва беихтиёр, Тегинахонимга уйлангандан сўнг бўлиб ўтган бир воқеани эслади.
Бегимнинг келинлик чилласи чиқмаган пайти эди. Айвонда ёш амир, онаси ва келин нонушта қилишар, ҳовлидаги садақайрағоч остида уч нафар хизматчи ҳам чой ичмоққа ўтирган эди. Ошчи қиз хонадон соҳиблари суфрасига пишган қаймоқ, нон, сояки майиз, ёнғоқ ҳамда шинни келтирди. Хизматчилар дастурхонида эса обинон, шинни ва хом қаймоқ бор эди.
Қайнона чойни ичиб бўлиб уйга кириб кетганида Тегина бегим беихтиёр, бироз қизаринқираб эрига юзланди.
— Айбга буюрмасангиз, бир сўз демоқчи эдим, — деди хижолатдан терга тушиб.
— Сўзланг, бегим, — деди ёш амир келинчакни хижолатга солган не эканлигига ҳайрон бўлиб, унга тикиларкан.
— Биз бироз янглиш иш, қилмоқдамиз амирим, — деди зўрға тили айланиб.
— Сўйланг! Не янглиш иш қўлимиздан келса тузатайлик, — чой ичаётган пиёласини қўлда тутганча хонимининг юзига қараб қолган эди бек.
— Биз ўзимиз ниманики есак, қўл остимиздаги кишиларга ҳам шуни бермоғимиз лозим. Улар биз нималар еганимизни кўриб туришибди. Отамиз: ўзингга ниманики раво кўрсанг, яқинларинг ва қисмати сенга боғлиқ одамларга ҳам шуни лозим кўр, деганлар.
— Не демоқчилигингизни англадим, бегим. Бугундан бошлаб бу хонадонда ким не емак-ичмаклиги, хуллас, оиланинг озиқ-овқат ила илгили увол-савобини бўйнингизга олишингизни сўрайман. Зотан, энамлар ҳам сизни бироз бизнинг шароитимизга ўрганишингизни беклаб турган бўлсалар керак.
Шу-шу бу гап эр-хотин орасида ҳазилу чин аския, мутойиба мавзусига айланиб қолди. Хоними гоҳида хизматчиларга қаттиққўллик қилганида бек хонимнинг ўша гапига оҳиста писанда қилар эди.
— Хуллас, беку бекзода тўнларимизни кийиб йўлга чиқамиз, ўғлим. Йигит юрса йўли очилади, дейдилар. Сиз юрт кезинг, одам танинг. Шунда одамлар ҳам сизни танийдилар. Тан оладилар. Мусофир бўлмасдан мусулмон бўлмайсан, ҳам дейдилар. Ҳақиқий дўст саёҳат чоғи, оғир-енгил кунлари синовдан ўтади. Боиси дўстликнинг қадру қийматини билмаган киши инсонликни-да жойига қўя олмайди. Мени сизнинг уруғимизнинг кекса, таниқли кишилари билан таништириб, улар суҳбатларини олмоғингизни истайман. Улар ғанимат инсонлардир. Ҳаётимда бир нарсага иймон келтирдимки, шу сўзларимни қулоғингизга қуйиб олинг ўғлим, бу ёруғ дунёда молу мулкинг ёки пулинг тугаб қолганида, хоҳ яқин, хоҳи бегона бўлсин, ундан қарзга бирор нарса ёки ақча олиб туришинг мумкин. Ақл-ҳуши жойида одамни бирор нарсага муҳтож бўлиш, ҳаётидаги етшмовчиликлар ҳам издан чиқара олмайди. Ҳаракат қилса инсон боласи очидан ўлмайди. Бироқ ҳаётда инсон каби яшашингда, йўлчи бўла оладиган, оғир кунларингда ҳақиқий тўғри маслаҳатни бера биладиган инсонни топиш мушкул экан. Боиси, ҳар қандай боши юмалоқ, бути айри одам ҳам бугундан эртасини кўравермайди. Ҳар кимда ҳам тўғри яшай билиш закоси такомилга етган бўлавермайди, болам.
Ўспирин амирзода етти ёшли Саманнинг нақшли эгари қошини чап қўли билан маҳкам тутганча, отасининг сўзларини жон қулоғи билан тинглаб борар эди. Отаси минган ўн ёшли зотли Тўриқ Самандан икки қадамча олдинда борар, ўзининг ва эгасининг йўлбошчилик мавқеини таъкидлагандек, ён-верига солланиб бош ташлар, ёлларини силкитиб виқор билан йўрғалади. Темурбек минган Саман ҳам ундан қолишмас, эгасини ўз устида гўёки денгизда сузаётган қайиқ каби оҳиста чайқалтираётганга ўхшарди. Узангига салгина оёқ тираса, орқаси эгарга тегмай ҳавода муаллақ учиб бораётгандек ҳис этарди ўзини. “Дарвоқе бекорга отнинг деви бор, демайдилар. Бу жонивор ўзига инсон каби муносабатда бўлмоқни истайди ва ана шу эътиборга бир неча ҳисса ортиқ садоқат билан жавоб қайтаради”, хаёлан фикр қилди Темурбек.
Тоғ этаклари, яйловлар, буғдой арпаси ўриб олинган сайхонликлар кузнинг оч сариқ рангига бурканиб, кишини ўйга толдирадиган бир қиёфага кирган, қиш ташвишига тушган тўрғайларнинг чулдираши эшитилмас, чўққилардаги қорлар эриб кетганлигидан ўзани торайиб ингичка тортиб қолган сойлар шарқираши қулоққа чалинмас эди.
Ҳар сой ёки ирмоқчани кесиб ўтишганида отлар сув ичмоқчи бўлар, соҳиблари бунга изн бермай, сувлиқни тортишарди. Терлаб келаётган отга сув ичирмайдилар. Совуб, ҳовридан тушгандан кейингина суғорса бўлади. Акс ҳолда, бебаҳо зотдор тулпордан ажраб қолиш ҳеч гап эмас. Отнинг ичи куйиб, тил тортмай ўлади.
— Боя волидангиз сўз очган фармон хусусида сизга билги бериб қўймоғим лозим, ўғлим. Токи, сиз бир қориндан талашиб тушган акам Ҳожибек Барлос ила орамизда бўлиб ўтган воқеаларни ҳар кимдан эшитиб ҳайрон бўлиб юрманг, — дея ўғлининг дилидаги саволга жавоб бермоққа киришди амир Муҳаммад.
— Дарвоқе, анчадан бери бу гап қулоғимга чалиниб юради, Қиблагоҳ. Бироқ сўрамоққа журъатим етмайди, — дея Саманни ниқтаб, отасига яқинлашди бекзода.
— Маълумингизким, биз, амакингиз билан шу юк зиммамизга тушгандан бери биргаликда, ўзимизнинг туркий барлос қавмимизни бошқариб келамиз. Барча амиру умаро каби улусимиз билан биргаликда Мовароуннаҳр султонларининг ички ва ташқи ишларида, лозим бўлганида урушу савашларида бирдек қатнашамиз. Бундан ўн тўрт йил бурун султон Элчиғдай қўшини сафида Кебакхонга қарши савашдик. Ҳал қилувчи жанг мен бошчилик қилган минглик чекига тушди. Яратганга беадад шукрлар бўлсинким, юзимизни ерга қаратмади. Султон ҳазратлари жангу жадал ғолиби деб мени ва черигимни эълон этди. Ҳамда менга Баҳодир унвонини берди. Хон ҳазратларининг тақдирномаси бу билан чекланмади, Кеш ҳокими этиб тайинлади. Кешда акам Ҳожи Барлос ҳоким эканлигини, ундан бу рутбани олишим одоб юзасидан муносиб эмаслигини хонга айтиб бўлмас эди. Боиси, хон акамнинг Кешда ҳоким эканлигини ва унинг кимлигини мендан кам билмас эди. Бундан ташқари, хон бу ёрлиқни менинг ҳузуримда имзолаб қўлимга бергани йўқ. Савашдан сўнг, мен ҳамон юртга қайтган эдим. Хон ёрлиғини девондан олган чопар Кеш сари йўлга чиққан. Менинг на ёрлиқдан ва на чопардан хабарим бўлмаган. Амакингиз бунинг барчасидан огоҳ бўлган. Ёрлиқ билан от чоптириб келаётган чопарни тутиб олдириб, шаробга тўйдиришгану, сўнгра хунига зомин бўлишган. Энг ёмони бу қотиллик амакингиз, менинг акам Ҳожи Барлоснинг амри билан бўлган. Ёрлиқни шаҳид чопар қўйнидан олиб, менинг номим ўрнига ўзиникини ёздирган.
Амир терлаган бўйни ва пешонасини артмоқ учун кўйлаги устидан боғланган белбоғини ечди. Пешонасини артаркан кўзини юмиб, чуқур нафас олди. Темурбек оғир ўйга толганча, отасининг қош-қовоғига қараб отнинг жиловини бўш қўйиб борар эди.
— Телбанинг ишини худо ўнглайди деганидек, амакингизнинг худога бир айтгани бор экан. Шу воқеадан бир ой ўтар-ўтмас султон Элчиғдай Туғлиқ Темур билан бўлган жангда ҳалок бўлди, раҳматли. Ёпиғлиғ қозон ёпиғлигича қолди. Биз ака-ука бетма-бет келиб, бу ҳақда сўзлашмадик. Акам менга Қўрғонча туманини бошқаришни топширди. Мен энди уйлангандим. Арзимаган кўч-кўронимни икки туяга ортиб жўнаб кетдим. Хўжаилғор қишлоғида Оллоҳ сизни ато этди. Қиссадан ҳисса шулким, ҳеч қачон инсон қонини ноҳақ тўкмаслик керак…
Амир шундай деб от жиловини тортди. Сайхонликдаги булоқ бўйига етиб қолгандилар. Доимо сафарга чиққанларида шу ерга етганда дам олиш учун тўхташар эди. Темурбек отларни чашма бўйидаги яккатутга боғлади. Тўриқ ва Саман бўйниларини чўзганча, тут баргларини юлқилар ва сувлиқлари билан бирга қўшиб чайнашарди.