У қўли билан девордаги соатни кўрсатди. Дадаси ҳам, онаси ҳам тушунишди — ўғиллари ухламоқчи. Икковлари баравар бош ирғаб жилмайишди. У ўрнидан шарпасиз туриб, ёғоч сўрига кетди. Ёш болалигида агар уйқуси келса, ғингшиб йиғларди. Эсини танигандан бошлаб, аниқроғи, дадаси шу осма соатни олиб келган кундан ухлагани ётмоқчилигини соатга имо-ишора қилиб айтадиган бўлди. Ота-онага ҳам яккаю ягона гунг ўғилларининг шу қилиғи қулайроқ эди. Бугун ҳам ишора такрорланди.
Жойига чўзилгач, хаёл сура бошлади. Ҳали овқат пайти онасининг куюнчак хатти-ҳаракатидан, юзини тушкунлик эгаллаб эрига сўзлашидан уйда яна нон тугаётганини сезганди. Ҳозир, гарчи истамаса ҳам, бир ҳафта олдинги кунни эслади. Ўша куни туш пайти дадаси кўчадан кулиб кирди, қўлида бир халта нон. Онаси дарров сўради.
“Қаердан олдингиз?”
Дадаси мийиғида кулди-ю, “плашимни сотдим” деди. Она-бола анграйиб қолишди. Кейин онаси эрини маҳкам қучоқлаб олиб, “Совуқда эгнингизга нима иласиз?” деб роса йиғлади. Кечгача қовоқлари шишиб кетди.
У ҳозир шуларни ўйларкан, плашнинг нони бирпасда тугапти-да, деб афсусланди. Кейин ухлаб қолди.
Эртасига уйда онасига ёрдамлашди. Дарвоқе, уйда бўлмай қаерда бўлсин. Қўл қисқалик қилиб, унинг хат-саводини чиқаришолмади. Ўз-ўзидан кўчадан тортилди. Она-бола жимгина ишлашди.
Чошгоҳ маҳали яна халтада нон олиб дадаси келди. Аммо бу гал камроқ эди. У бу нонлар ниманинг эвазига келганини ўйлаб онасига хавотир билан қаради. Онаси эса, аксинча, индамай халтани уйга киритди. Афтидан, бу сафар огоҳлантирилган эди.
У кечгача уйда нима камиганини билолмай юрди. Кечқурун ўзига тақсимланган картошка ва нонни еб бўлгач, одатича деворсоатга қаради. Лекин худди адашиб бошқа деворга қараб қўйгандек соат жойида йўқ эди. Нигоҳи қайтгунча дадаси ҳам, онаси ҳам кўзларини олиб қочишганди. У шу тобда аламдан, афсусдан, хўрланишдан, қашшоқликдан — ҳамма-ҳаммасининг дастидан бор овози билан додлагиси келди. Қани энди товуши чиқса.
2002 йил