Носиржон Жўраев. Қуёш қорайди (ҳикоя)

Бир қарич бўлиб турган сомонлар оёғини тилиб ташлади. Товонини аяб-аяб босиб, қоп судрайди. Қуёш атрофни аёвсиз куйдирар, агар яна бироз қиздирса, янги ўрилган буғдойзор ёниб кетадигандек кўринади. У нарироқда ҳар қадамда ерга илинж билан боқиб, бошоқ қидираётган акасига ялинди.
— Ака, акажон, озгина дам олайлик.
Ўн икки ёшлардаги озғин, қаримсиқ кўринадиган бола укасига шундай бечораҳол термилдики, бу ишлари шунчалик зарурлиги тушунилди. Ҳар бошоқ топганда кўзларнинг йилтираши давом этди.
Кир ёқанинг иссиқда қайишдек қотгани болага азоб бўлди. Ҳар сафар эгилиб-турганда бўйнини шириллатиб сидиради. Аммо тиним йўқ. Узоқларда худди ўзларидек қорайган одамлар юришипти. Уларда ҳам қоп бор. Бола бошоқ изларкан, яна пича теришса, кетишларини, уйда оналари, олма дарахтининг тагида салқин жой борлигини ўйларди.
Қоплари анчайин тиккайиб қолганини кўриб, тағин акасига ёлворди.
— Жон, ака, ўтирайлик.
Акаси йиғлагудай қаради. Икковининг ҳам кўзига аччиқ тер тушар, юзига, билакларига, бўйинларига буғдой қилтаноқлари ёпишганди. Сув идишдаги охирги сувни укасига тутди.
— Манавини ичгин-да, бирпас ўтир. Мен тераман. Эслайсанми, бу йил қиш қандай оғир ўтди. Тағин онамга қийин бўлади.
Бу гапдан кейин у ҳам ўтиролмади. Идишни бир кўтарди, исиб қолган сув томоғини куйдириб ўтди. Ичаётганда акасининг ютинганини сезди. Яна чурқ этмай қопни судради. Энди акаси чидолмади, укасига раҳми келди.
— Мен сувга бориб келаман, унгача дамингни олиб тур.
— Майли.
Акаси кетгач, аввал чўккалади, кейин осмонга қараб ётди. Кафтини кўзига ёпмоқчи бўлди-ю, офтоб кўзини олмаётганини сезиб қолди. Тик боқиб ётаверди. Сўнг қуёшнинг катталаша бошлаганига ҳайрон бўлди. Қараб ётгани сайин қуёш улканлашар, улканлашгани сайин қорайиб борарди. Охири буткул зимистон бўлиб кетди. Қоронғуликдан онаси бир қарагандек туюлди, кейин акаси, кейин жимир-жимир сув, кейин ҳеч нарса.
Акаси қайтганда у сокин юз билан ётарди.
“Ука, сув опкелдим” деди, индамади. Сув сепди, қимир этмади. Сўнг қўрқа-писа қаердандир эшитганини қилди — укасининг кўкрагига қулоқ босди. Жим-жит.
Акасининг юрагига болаларча ваҳм тушди: “Шунча бошоқни қандай кўтариб кетаман!”  

2002 йил