Ўн уч йил деганда Нуройимдан хат олдим. Ёзуви жуда қисқа — “Шоирим, раҳмат. Китобингизни ўқидим” деган гап эди. Мактубнинг орадан шунча йил ўтиб ёзилганига, мени қандай топиб келганига ҳайрон бўлмадим. Фақат ҳануз ўз кучини, қадрини заррача йўқотмаган “шоирим” деган сўз дилимни ўртаб юборди. Ўртамиздаги ҳамма хотирани бор бўйи билан кўрсата олувчи шу биргина сўз эди. Мана, ҳозир гулқоғоз тўшалган ёзув столим устидаги конверт, икки энлик хат мени тағин улканлаштириб, дунёдан кечгудек ҳолга олиб келди. Деразамдан дарахтларнинг энг учи, қатор уйларнинг томлари оша бу ердан жудаям олисдаги қишлоқ томонга қарадим. Яна Нуройимдан бошқани ўйламай қўйдим.
Ўша йили мактабимизга янги қиз келганини ҳаммадан охири билдим. Аммо кўнгли-ю вужуди билан тамоман ўзгача, эҳтимол, менинг кўнглимдагидек қиз эканини энг олдин илғадим. Ўйлаганларим рост келдими, жуда қаттиқ севишиб қолдик. Юзи тиниқлигидан қошлари ниҳоятда қора кўринадиган бу қиз икки йилча ҳаётимни тўлдириб юрди. Ўқишни битирар йилимиз ўз ниятимни ўзгартиришга мажбур бўлдим. Унга уйлана олмаслигимни рўй-рост тушунтирдим. Тушунди. Тушунгани учун ҳам ҳамон эзиламан. Сўнгги кўришганимизда:
— Мени ўйлаб, бошқа сиқилманг, — деди.
Индамадим. Тағин гапирди:
— Бахтингиз ҳали йўлингизда.
— Сизники-чи?!
— Менинг бахтим бугунгача бўлди.
Мен бошқа сўз тополмадим.
Энди эса имконларим етарли. Яхши яшашни, кўп пул топишни уддалайман. Ҳаттоки, китоб чиқардим. Бироқ бундан ўн йиллар нарида топилмаган қурбим ҳали-ҳануз йўқ.
Шаҳардан онамнинг уйига келгунимча кеч тушди. Деворлар эскиб, нураганидан тор кўчаларда тупроқ кўпайган. Онам йилда бир келадиган ўғлини кўриб хурсанд. Мен эса унинг тезроқ ҳоли қолишини кутаман. Ярим кечада оғир бошимни онамнинг тиззасига қўйдим. Гапи тугашини пойлаб, кейин сўрадим:
— Ая, Нуройимни танирдингиз-а?
— Қўшни қишлоқлик синфдошингми?
— Униям болалари катта бўлиб қолгандир.
Онам гапирмай қўйди. Кейин оппоқ бошини тебратиб, чуқур излар босган юзини силади.
— Болам, у бечоралар бир яхши яшаётганди. Ҳеч ким сабабини билмай яқинда ажрашиб кетишди. Эсиз-а, шунча йиллик турмуш.
Вужудимга оғриқ кирди. Хаёлимда тўрт дона сўз айлана бошлади.
“Шоирим, раҳмат! Китобингизни ўқидим”.
2002 йил