Носир Фозилов. Полиз оқшоми (ҳикоя)

Сумбула кириб, ҳавога куз нуқси уриб қолган кунларнинг бирида қишлоқ оралаб юрган мухбир йигит пиджагини елкасига ташлаб, қовун полизга келди. Бу пайт полизда ҳамма иш билан банд; кеч кириб қолгани учун одамлар пушталарга уйиб қўйилган қовунларни четга, тарозибон олдига ташиб чиқишар, полиз ўртасида саралаб қовун узиб юрган чол қичқириб, йигитларга нималарнидир уқтирар эди. Ҳожи бува деганлари шу киши бўлсалар керак, деб ўйлади мухбир йигит. Сўнг теварак-атрофга бир зум диққат билан қараб турди-да, пиджагини четроқдаги чайла ёнидан чиқиб турган шохга илиб, полиз ўртасига қараб юрди. Қовунларни қопларга солиб, бир-бирларига орқалатаётган йигитлар ҳазиллашишар эди:
— Ҳа, думалаб жўна, бўрикалла!
— Ичинг тушмасин, босволди!
— Ҳали хомаксан-да, оғайни, хомаксан.
— Амирига ўхшаб белингни ушлаб туришингни қара, кўтарсанг-чи.
— Ҳожи бувам келяптилар… Ҳов! Қоч!..
Ҳожи бува булар томонга кела бошлаганда ҳалиги йигитлар қопларга ярим-ярим қилиб солган қовунларини орқалашиб, палаклар орасидаги сўқмоқдан югургилаб кетишди. Ҳожи бува уларнинг кетидан ҳай-ҳайлаб:
— Ҳой, секинроқ, заха ейди! — деди-да, қўлини пешонасига соябон қилиб, мухбир йигитга қаради. — Қай боласан, ҳой!
— Ассалому алайкум, — деди мухбир йигит чолнинг истиқболига юриб. – Меҳмонман, бува.
— Ие, келинг болам, келинг, — деди Ҳожи бува. — Мен сизни анави ишёқмаслардан бирими, девдим. Кўрмайсизми, буларга гап бўлса, ўйин бўлса бўлгани.
“Бечоралар югуриб-елиб қовун ташишяпти-ю, шундан ҳам норози бу чол, деб ўйлади мухбир йигит. Фермер акани ғайратли чол деганича бор экан”.
Салом-алиқдан сўнг Ҳожи бува бу йигитнинг оддий меҳмон эмаслигини, бир-икки оғиз гап билан иш битмаслигини билди.
— Меҳмон, бирпас сабр қиласиз-да, энди. Ишни тугатиб, йигитларга жавоб бериб юборай, кейин отамлашаверамиз.
— Майли.
— Бўлмаса сиз полизди оралаб туринг, — Ҳожи бува қўлини кўксига қўйиб узр сўраган бўлди. Негадир мухбирнинг сурнай поча шимига қараб жилмайиб қўйди. — Ҳай, томоша қилиб туринг-чи.
У кетди. Мухбир шимига қараб елкасини қисди-да, Ҳожи буванинг орқасидан жилмайганча қараб қолди.
Мухбир йигит полиз ичига қараб юрди. Ариқ ичидан биққидек семиз бир типратикан йўрғалаб чиқди. “Сен бу ерда нима қилиб юрибсан?” деган каби мунчоқ кўзларини йилтиратиб, бир зум қараб турди-да, яна яшил палаклар ичига шўнғиб кетди. Палакларга қараб туриб мухбир йигит ҳайрон бўлди: одатда бу пайтда палаклар сарғайиб, полизга хазонрезлик нуқси уриб қолар эди. Қаранг, баъзи сув қийналиб чиқадиган дўнг жойлардаги палакларни демаса, пастки, канал бўйидаги, қулоқ бошидаги палакларнинг ҳали ҳам авжи баланд, ям-яшил, қийғос гуллаб, найчалари осмонга сапчийман деб турибди. Энгашиб палакларни титиб қарасанг, тугунак, сапча, хомаклар сероб… Тўрга кирганлари билан ранг олганлари палак орасидан манаман деб кўкрагига муштлаб ётибди. Нариги пайкал тарвуз полизи экан. Ҳар тарвузлар-ки, йўлбарсдай! Тарғил, худди голланд сигиридай ола. Қўқон арава гупчагидай чўзинчоқ, қўзивойлар уфққа ёнбошлаб, ботаётган қуёш шафағи шуъласидан пешоналари ялт-ялт қилади…
Мухбир йигит, чоли тушмагур буларни қандай парвариш қилди экан, деб ҳайрон эди…
Қуёш ботиб, салқин тушди. Полизнинг тароватли, ҳандалак, босволди бўйини уфурган файзли оқшоми бошланди. Мухбир йигит салқиндан эти жунжикди шекилли, канал бўйидан аста пастга тушиб, чайла томонга юрди. Бу пайт полизда шовқин-сурон тиниб, Ҳожи бува қовун ташувчи йигитларга рухсат бериб юборган, пайкалда фақат уч-тўртта чол билан шофер йигитларгина қолган эди. Мухбир йигит чайла ёнига илиб қўйган пиджагини олиб кияётганида Ҳожи бува келиб қолди.
— Қалай, томоша қилдингизми, ўғлим?
— Раҳмат.
— Ҳа, салқинладингизми? – деди бува кулиб. — Кечаси бундан ҳам салқин бўлади. Хўш, мана энди қулоғим сизда. Жадаллаштирмасак, бўлмайди-да.
— Гаплашадиган гап ҳам йўқ… Ўзим шундай, полиз оқшомини бир кўрай деб келувдим, — у қалам, дафтарини олиб, чолни чўчитиб юбормасликка, иложи борича жўн гаплашишга, гап тизгинини кўпроқ чолнинг ўзига қўйиб беришга ҳаракат қилар эди. — Бирор гап чиқиб қолса, кейин сўрарман, ота.
— Шундоқ денг. Ундоқ бўлса… — деди Ҳожи бува соқолини тутамлаб, — бугун полизда қоласиз. Оқшом энди бошланади. Мана бу кийимларингиз бўлмайди, ўғлим. Ечиниб, чайлада неварамди пуфайкасиминан шими бор, кийиб олинг.
— Ўзи-чи?
— Тошкентда, ўқишда.
— Майли, шу ҳам бўлаверади.
— Йўқ-йўқ, кийиб олинг, ўғлим. Бу сурнайпоча шимда қийналиб қоласиз, — деб кулди чол. — Оқшомди оғанаб ётиб кўриш керак… Ҳу ўртадаги супага жой қиламан. Қани, бу ёққа юринг-чи, бир тамадди қилиб олайлик. Ҳу анави қовунди олволинг… Бу жой сизники, — деди чол йигитга буклама каравотни кўрсатиб. – Мана бу кўрпани ҳам ёпининг. Тонгга яқин салқинроқ бўлади.
Улар ечиниб жой-жойларига ёнбошлашди. Мухбир йигитнинг бутун хаёли оқшом гўзаллигида, полиз гаштию табиат сеҳрида эди. Чол буни сезди шекилли, бир оз фурсат ўтгач, сўради:
— Қалай?
— Гўзал, — деди юлдузларни томоша қилиб ётган мухбир. У аслида гапни нимадан бошлашни билмаётган эди. Шу баҳона бўлиб сўради:
— Қачондан бери қовун экасиз, ота?
— Пенсияга чиққанимдан бери.
— Пенсияга қачон чиққансиз?
— Тўртинчи йил. Ишлаб ўрганиб қолганмиз, ўғлим. Қараб ётолмадик. Тўрт-бешта чол маслаҳатни бир жойга қўйиб, фермер боламга арз қилдик. Қовун экамиз, дедик. У аввалига кўнмади. Нима қиласиз ўзингизни уринтириб, Парпи бува, невараларингизди даврида юринг ялло қилиб, деди. Қаёқда, кўнмадик. Мана, кўриб турибсиз, бешта чол бир майдон ерни айлантириб ётибмиз.
— Парпи бува деганингиз ким?
— Мен-да, Парпи бува.
— Ие, сиз Ҳожи бува эмасмисиз?!
— Аввалги йили денг, қовунларимиз бир битиб берди. Нақ овозаси оламга жория бўлди. Фермер болам пишиқ йигит-да, қовунларимиздан кўнгли тўлиб денг, бир куни катта мажлисда: “Парпи бува бошлиқ оқсоқолларимизга минг раҳмат. Энди бувани Маккаи мукаррамага жўнатамиз. Бир маза қилиб, Ҳожи бува бўлиб келсин”. — деса бўладими?
— Бошқа оқсоқоллар-чи? – деб қолди мажлисда ўтирганлардан бир-иккитаси.
— Эрга навбат, шерга навбат деганлар, — деб жавоб қилди фермер йигит. — Худо хоҳласа, агар қовунлар келаси йили ҳам яхши битиб берса, уларни ҳам жўнатамиз. Хотиржам бўлинглар.
Бу йил ҳам қовунларимиз яхши, худо хоҳласа, бошқалар ҳам Ҳожи бува бўлиб келса ажаб эмас.
Бу гаплар мухбир йигитни ўйлантириб қўйди: “Қаранг, ҳар қишлоқдан шунча чол чиқиб, қовун экиб турса, оламга қовун сиғадими? Мана сизга тўкинчилигимизнинг боиси!”
Ҳожи бува бир нафас сукутдан сўнг:
— Соатингиз қанча бўлди, ўғлим? — деб сўради.
Мухбир йигит гугурт чақиб соатига қаради.
— Ўн ярим.
— Ўн ярим? Ие, концертни ўтказиб юборибмиз-ку, — чол ёстиғи тагидан кичкина “Селга” радиоприёмнигини олиб, мурватини буради. Концерт ниҳоясига етай деб қолган экан. — Неварамди совғаси. Олтин тўйимизда қилган. — Чолнинг овозида озгина ғурур, озгина фахр бор эди.
— Набирангиз қаерда ишлайди?
— Ҳали Тошкентда ўқишда, демадимми? Мактабди битириб, бир-икки йил ёнимда ишлади. Кейин ўқишга кетди. Бугун ойнинг ўними? Ўн икки кун бўлди кетганига, кеча қовун ортган мошинда тушиб кўриб чиқдим.
— Ўн кун ўтмасдан-а?
— Э, кампири тушмагур қўймади-да, бўлмаса тушармидим шаҳарга.
— Нима, шаҳар ёмонми?
— Шаҳар-ку, яхши!.. Бозорди кўриб хафа бўлиб кетасан-да.
— Нега?
— Полизди оралаб чиқдингиз-а?
— Ҳа.
— Хўш, нима сездингиз?
— Ҳеч нарса.
— Қовунларди ўз қўлимиз билан экканмиз-у, бозорди кўриб, бир нуқсонимиз очилиб қолди, ўғлим. Паҳмлаган бўлсангиз, қовунларимизди хили асосан ҳандалаг-у, тўрлама қизил уруғминан ананас. Худонинг қудрати, бозорда ҳам мана шунақа қовунлар… Ўзбекистон қовунди макони, буни биласизми? Шундоғ бўлгандан кейин амири, чўгири, обиноввот, гулоби, кўкча, ундан сўнг десангиз, бузоқбоши, бегизот, бўрикалла, хўш деганингиздан, қўйбош, қизилуруғ, тилими тилни ёрадиган шакарпалак… Эҳ-ҳе, юз хил қовунларимиз бор-а, ўғлим.
 — Уч юз хил деб ёзишади-ку олимлар.
 — Балли, ана ўша қовунларди кўпчилиги йўқ-да.
 — Нега?
 — Нега бўларди, ўғлим, сирти ялтироқ бўлишини ўйлаймиз-да! Ичиминан ишимиз бўлмайди. Энди экаман. Шу гал тушганимда тўртта-бешта қовун олиб чиқдим уруғликка. Бошқа ёқдан обкелишган экан. Бизнинг қовунларимизга ўхшамайди. Ундан кейин, мен сизга айтсам, харидорлар ҳам жуда инжиқ бўлиб кетибди. Ҳа, ношукур бўпкетипти! Тилладай сарғайиб, ҳиди анқиб турган бўлса ҳам “Хом эмасми? Дори солинмаганми?” деб бармоғи билан эзиб кўради денг. Шунақа демасин, деб қовунди ўзим саралаб узаман. Ҳалигиндақа гаплар жуда оғир ботади, ўғлим. Харидор қовунди босса, нақ пешонамда бармоғининг изи қоладигандай қийналаман. Тарвузларди кафтларига олиб қисганларида виждоним сиқилаётгандай бўлади… Тўғри, баъзи бир инсофсиз деҳқонлар бор, дори солиб қовунди сулув қиладиган. Шуларди касопатига қоламиз бизлар ҳам. Қовунди ҳадеб бир жойга экаверса ҳам бўлмайди. Ер кучсизланиб, шумғия чиқиб кетади. Бу йил иккинчи жой алмаштиришимиз. Нуқул бўз ер қидирамиз. Икки йил экиб, сўнг еримизди пахтага бўшатиб берамиз… — деб бир оз осмонга қараб ётди Ҳожи бува.
“Қовуннинг яхши бўлиш сабаби шунда экан-да”, деб ўйлади мухбир йигит.
Чол бирпас тин олиб, сўради:
— Гап нимада тўхтовди?
— Харидорларда.
 — Ҳа, бугун мундоқ бозор оралаб келаётсам, тузуккина иккита йигит, сизникидай сурнай поча шим кийган… бориб қовун олди.
Шундоққина супанинг ёнгинасида қўққисдан бир нарса қарс этиб ёрилди. Қаттиқ қарсиллади. Мухбир йигит чўчиб тушди
— Ха, акангди қовуни! – деди Ҳожи бува, кейин хихилаб кулди. – Қаранг ёрилишини! Кўкча. Ўзиям асал. Дори солинган қовун бунақа ёрилмайди, ўғлим. Бир воқеа эсимга тушиб кетди. Маккага сафаримиздан олдин кампир тушмагур қўярда-қўймай бир елим халтага тўлдириб, худди ўрис қизларнинг ўрилган олтин сочидай товланиб турган қовун қоқи солиб берса бўладими? Ҳой онаси, буни оғирдан ортиқ қилиб қандай кўтариб юраман, десам, керакли тошнинг оғирлиги йўқ, ўшаттаги мўмин-мусурмонларга берасиз, савоб бўлади, деб қўймади кампири тушмагур. Тўғри қилган экан. Обордим, ўша жойдаги ҳожиларга тарқатаётсам, бирпасда одамлар атрофимизни ўраб олишди.
 — Қовун қоқи неча пул? — деб сўрашади нуқул.
 — Текин, биродарлар, олинглар… Ўзбекистондан насиба.
Бирпасда халтамдаги қовун қоқиларни талаб кетишди. Бундай қарасам, ёнгинамда оппоқ уст-бош кийиб, бошига оқ салла ўраб олган мўйсафид қўлидаги қовун қоқи бўлагини шира-пирасига қарамай кўзларига суртиб, ҳиқ-ҳиқ йиғлар, яратганга шукроналар айтар эди. Кейин билсам, илгарироқ ватандан чиқиб кетган ҳамюртларимиздан экан…
Бу гапдан мутаассир бўлиб ётган мухбир йигит сўради:
 — Нима, у ёқларда қовун экилмас эканми?
 — Қаёқда, — деди Ҳожи бува. Кейин гапини давом эттирди. – Бир қўлим текканида бозорларни айландим. Расталарда турган мевалар ранг-баранг. Нақ кўзни қамаштиргудай. Ҳамма нарса бор. Бироқ буларнинг барини бошқа мамлакатлардан олиб келишар экан. Еб кўрсангиз, уларда на маза бор, на матра. Бизнинг ерларга яратганнинг назари тушган, ўғлим. Ҳамма нарсамиз худди бояги қарс этиб ёрилган кўкчадай ширин. Ҳа, обиноввот!..
Чол яна жимиб қолди. У гап нимада тугаганини ўйлармиди ё бошқа мавзу қидирармиди, қоронғида билиб бўлмас эди. Мухбир йигит чолни мавзудан четга чиқиб кетмасин, деб савол берди:
— Бояги менга ўхшаб сурнай поча шим кийган йигитлар нима бўлди?
— Ҳа, айтмоқчи, — гапини давом эттирди чол. – Тағин, ўғлим, хафа бўлманг, сурнай поча деганимга.
— Йўғ-е.
— Улар олган қовунларини бир чеккага олиб чиқишди. Биттаси зўрға энгашиб, қовуннинг дум берган томони у ёқда қолиб, тескари томонига пичоқ солса бўладими? Қараб туриб нафсониятим қўзиб кетди: экиб бердим, обкеб бердим, ке энди сўйиб ҳам берай, дедим. Бориб қўлидан пичоқди олдим. Қовунди бу ёғидан мана бундай қилиб сўяди, ўғлим, дедим. Қаққайиб турганининг номуси келди шекилли: “Пулимизга олганимиздан кейин қанаққиб сўйсак бизнинг ишимиз, отес”, деди. Индамадим. Ростини айтсам, жаҳлим чиқди. Сўйиб бердим-да, буёғроққа келиб турдим.. Қовунди ҳам худди кемшик кампирлардай чала-чулпа еб кетишди. Биз деҳқонмиз, қовунимизни қадрлайдиганга текин берамиз, ўғлим. Ҳалиги кўрнамакларнинг нописандлик билан чала егани ғашимга тегди-да. Тозалаб еса хурсанд бўламиз. Жуда кўнглим хира бўлди.. Катта мактабга бориб, неварамди кўрдим-да, тез қайтиб чиқа қолдим… — Ҳожибува шу ерда гапини тўхтатиб, мухбир йигитга қараган эди, у асабийлик билан босиб-босиб сигарет чекаётган экан. Чол уни хафа қилиб қўйдим шекилли деб ўйлаб, сўз қотди: — Қовун сўйиб берайми, ўғлим?
 — Раҳмат, ота. Эрталаб.
 — Майли, қовун есанг саҳар е… деганлар. Ҳу анави ўқариқ бўйида битта яхши ҳандалагим бор. Эрталаб кўриб, бир кунлигинг бор-ов, деб қўйган эдим. Худо хоҳласа, эрталаб ўшани сўйиб бераман, — деди Ҳожи бува. Меҳмоннинг мухбир эканлиги энди эсига тушди шекилли, бошини сал кўтариб, сўради: — Хўш, ўғлим, энди гапингиз бўлса сўранг?
 — Раҳмат, отахон, — деди мухбир йигит кулиб, — менга керакли гапларнинг ҳаммасини айтиб бердингиз.
Ҳожи бува ҳайрон бўлиб қолди. “Қизиқ, аввалги мухбирлар қоғоз-қаламини олиб, сўроқ қилавериб, бошингни қотирар эди-ку?! Чакки гап гапирмадимми ишқилиб?!”
Ҳандалак бўйини аста уфуриб ўтган дайди шабада палаклар оромини бузди. Ҳожи бува “Селга”нинг товушини бир баҳя кўтарди. Оромбахш “Чўли ироқ” полизнинг сеҳрли оқшомига яна ҳам файз киритди. Қаердадир йилқичи қуш «от йўқ, от йўқ» деб чўзиб-чўзиб сайрар, осмондаги юлдузлар эса имлаб, нимадир дегандай бўларди…
Супа ёнидан бир нима шитирлаб ўтди. Мухбир йигит чўчиб ўрнидан турди.
— Ҳе, текинхўр кирпи-ку. Қовунди сарасини излаб юрибди, — деди Ҳожи бува хихилаб. — Ётаверинг, ўғлим.
Атроф туннинг сирли либосига бурканган. Канал томонда қурбақаларнинг аҳён-аҳёнда қуриллаши, чўпонларнинг ўтовидан итларнинг ҳуриши эшитилади.
Мухбир йигит Ҳулкар тиккага келганида кўзи илиндими ё Чўлпон туққандами, буни билмайди. Эрталаб бошини кўтарганида ҳали қуёш чиқмаган, тонгги шудрингдан кўрпаларнинг усти ҳўл бўлиб қолган эди. Ҳаво танани жунжиктирадиган дараждада салқин. Қовун юкланган машиналар кўринмас, Ҳожи бува аллақачон ўрнидаб туриб, қовун полиз оралаб юрарди. Бир маҳал Ҳожи бува мухбир йигитни чақириб қолди. У ўрнидан туриб, фуфайкани елкасига ташлади-да, ўша томонга юрди.
— Мана буни қаранг! — деди Ҳожи бува қалин палакни икки қўли билан айириб. — Кечаси сизга ваъда қилган ҳандалагим…
Худди кесилган коптокка ўхшаб, ҳандалакнинг ярми йўқ, ичи эса бир текисда қиртишланиб, тозалаб ейилган эди.
 — Текинхўрнинг иши. Тозалаб ебдими, қандини урсин! — деди Ҳожи бува кулиб.
Чол кирпининг бу ишидан ниҳоятда хурсанд эди.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 26-сон