Тепки зарбидан кекса тут дарахти қаттиқ сесканди.
У бу хил кутилмаган зарбаларга кўникиб кетган эса-да, негадир бу галгисига чидаши хийла қийин кечди. Кекса танаси ич-ичидан қақшаб, новдаларигача зириллаб ва титраб кетди. Шунга қарамай, пинак бузмасликка уринди – ичдан тўлқин урган ингроғини шабадада тебранаётган япроқлари шовурига кўмиб, одатдагидек, қаддини адил тутди.
Кекса тутни Ашур узуннинг тўнғич ўғли тепган эди.
У томорқа адоғидаги даштдан иниларидан аввалроқ қайтаркан, тутқич бермас рақиби – Ёвқошнинг аламини тутдан олган – ўзича ҳовурини босган эди. Чунончи, кекса тутнинг вақт-бевақт тепкиланиб туриши азалий одат – қўшнилар аввалига ёқалашади, сўнг дашт бўйлаб қувлашади ва изларига қайтаётиб, албатта, уни бир-икки тепиб ўтишади. Шу боис, кекса тут навбатдаги тепкиларни чидам ва сабр билан кутмоқда эди. Аммо шунча кутса-да, кутилган зарбдан дарак бўлавермади. Боиси, уни тепкилаб ўтиши лозим бўлган Ашур узуннинг иккинчи ўғли бу вақтда изига қайрилиб, оқшом пардаси қаъридан отасини қидирмоқда эди.
Томорқа адоғидаги дўнгликда ҳануз ўзига келолмай, ҳарсиллаб ўтирган Ашур узун ўзини қидиришаётганини сезиб, қўлидаги сўйилга таяниб, зўрға қаддини тиклади. Сўнг ўзини тетик ва бардам кўрсатишга тиришиб, даштга кўз ташлаган, Ёвқошнинг қорасини илғашга уринган бўлди. Билади, бу кенг даштнинг қайси бир бурчига биқиниб олган рақиби ҳали-вери қора бермайди. Бу томон тўла-тўкис ҳовуридан тушмагунча биқинган жойидан чиқмайди. Ҳар сафар шу аҳвол – Ёвқош осонгина қочиб қутулади, Ашур узун эса унга етолмай доғда қолаверади. Қани энди, мана шу сўйил билан елкасига боплаб бир туширса, сўнг тагига босиб, хуморидан чиққанча пийпаласа. Эсингдами, бир замонлар олдингга солиб қувлардинг, хўш, энди ҳолинг қалай, дея юзига бир-икки мушт туширса! Бироқ Ёвқош кийикдек эпчил – сира тутқич бермайди, ҳатто ўғиллари ҳам қувиб етолмайди уни. Ё қўрққан одам учқур бўлармикан? Дарвоқе, бир вақтлар ўзи ҳам Ёвқошга тутқич бермасди-ку! Ҳа-а, ўғиллари унда гўдак эди, қўшнисининг олдига тушиб қочмоқдан бўлак иложи қолмасди уни.
Энди эса…
Ёвқошдан қочиб юрган даврларини эслаб, Ашур узуннинг ғазаби қайнайди. Қўлидаги силлиқ сўйилни маҳкам чангаллаб, яна бир сидра даштга кўз югуртиради. Кейин ошиқмай, ғолиб қиёфада йўлга тушади. Катта ўғли аллақачон ҳовлига етган, иккинчиси, ана, тутдан берироқда, полизга қўйилган қўриқчидай, ҳануз сўппайиб турибди, учинчиси, қоқилиб тушган шекилли, оқсоқланиб бормоқда. Унинг изидан пилдираб бораётган кенжаси бу йил еттига тўлган, “қув-қув”га илк бор иштирок этиши… Ашур узун мамнун ишшаяди: “Ҳе-е, отасининг ули, бўш кемайсан!”
Ашур узуннинг дўнгдан эна бошлаганини кўрган иккинчи ўғил аста йўлда давом этаркан, кекса тутга етганда, худди жин чалгандек, бирдан унга ташланиб қолди. Аввалига кафтлари қирраси билан тутнинг ғадир-будир танасига кетма-кет зарба берди, сўнг бир неча бор тепди, шўрлик дарахтни Ёвқошга қиёслаб, ўзича, боплаб пўстагини қоққан киши бўлди.
Кекса тут, одатдагидек, зарбалардан эмас, ададсиз кек, чексиз нафрат ва адоватдан қалтираб кетди. Тавба, одам боласи шунча нарсани қандай қилиб кўнглига сиғдира оларкан? Юраги тарс ёрилиб кетмаганини бунинг!
Йигитча тутдан узоқлашаркан, сўқмоқда ётган муштдай кесакни ҳам тинч қўймади. Уни бор кучи билан қўшни томорқа томон тепиб юборди. Кейинги тепкисидан эса сўқмоқ бўйидаги гулхайри қоқ белидан чирт узилиб тушди. Бу ишидан мамнун бўлган йигитча, тепмоққа нарса қидириб, зимдан теваракка аланглади. Шунда унинг кўзи шудгордан наридаги бедапоя четига қантариғли Ёвқошнинг эшагига тушди. Бир ўйи уни тепкилаб ташламоқчи бўлди. Бироқ шудгор кечиб юришдан эринди.
Аслида бугунги жанжал ушбу шудгор туфайли юзага келганди. Ёвқош экиндан бўшаган ерини ҳайдатаркан, ёввойи ўт илдизларини териб, сўқмоқ ёқасига уйганди. Кенг икки томорқа ўртасидаги сўқмоқ умумий эса-да, бу ҳолат Ашур узуннинг ғашига тегади. Оқибат, яна ўртада уруш чиқиб, кўпчиликка бас кела олмаган Ёвқош, ўзига ўғил туғиб бермаган хотинини лаънатлаб, тағин қочмоққа тушади.
Кекса тутнинг эндиги ҳадиги оқсоқланиб келаётган йигитчадан эди. Бир оздан сўнг унинг ўзи билан ўзи оворалигини сезгач, хиёл енгил тортди. Ҳолбуки, жангариликда бу йигитча акаларидан сира қолишмайди. Уларга таассуб қилиб, тутга кўп азоб беради. Хайриятки, энг кейинда пилдираб келаётган кенжа ўғил бу борада акаларидан улги олмаган, тутни яхши кўргани боис кунда бир неча марта унга тирмашади. Азалдан болаларга меҳри баланд кекса тутга унинг бу қилиқлари жуда хуш ёқади.
Айни дамда кекса тут шуни истамоқда эди. Жоҳил йигитчалар тепкисидан карахт тортган танасига болакайнинг келиб суйкалишлари худди малҳамдек татийди-да. Бироқ болакай ҳали ҳув нарида, то у етиб келгунга қадар кекса тут “тепкичилар” томонидан қолдирилган ёмон ҳисларни ўз танида туйиб туришга мажбур эди.
Кекса тут барча дов-дарахтлар каби ташқи муҳитга, шунингдек, яхши-ёмон туйғуларга ғоятда сезгир эди. Танасига теккан бармоқларданоқ кафт эгасининг кайфиятини дарров уқиб олади. Қисқаси, у меҳрдан яйраб, қаҳрдан титрайди. Бироқ ночор жиҳати шунда эдики, дарахтлардаги бу ҳолатни одам боласи пайқай билмайди. Масалан, улар учун бу дарахт ўзи униб-ўсган шунчаки бир тут эди. Пилла қурти даврида, жонини оғритиб, новдаларини чала-ярим кесиб олишади-да, қолган пайт у билан бировнинг иши бўлмайди. Кекса тут эса тиғ тегмаган новдаларида қолган мевалари билан болаларни сийламоқни ёқтиради, мисли ёқутдай товланувчи меваларига болаларнинг оғзи теккани сари, ғалати бир ҳисдан сармастланиб, бежиз қуёшдан нур эмиб, бежиз заминдан қувват олмаётганини туйгандек бўлади.
Кекса тут илдиз отган бу замин қадимда яйдоқ даштнинг чекка бир бўлаги эди. Восиқ полвон кўчиб келганда, қишлоқ ҳозиргидан кўра, юз баравар кичик, ер дегани бисёр эди. Восиқ полвон ўзини қора тортиб келган жонажон дўсти Бакир полвонга ўзига тегишли ернинг тенг ярмини ҳадя этганида, ушбу тут икки ер ўртасида белги бўлиб қолганди. У пайтда дўстлар эндигина уйланишган, ягона ширин орзулари бир этак полвон ўғил кўриш эди. Бироқ бандасининг истаги эмас, Худонинг буюргани бўлади дегандек, тўнғичларида полвонлик сиёғи сезилмагач, Восиқ полвоннинг қовоғи осилиб, хомуш тортади. Бакир полвон жўрасидан ҳам кўра, ўзини юпатмоқ илинжида дейди: “Суягини қотириб, меҳнатга солсак, одам бўп қолишар…” Бунга жавобан Восиқ полвон кенг кўксини сийпаб-сийпалаб, умидсиз бир оҳангда дейди: “Бўлар бола бошидан деганлар! Бекорга овора бўласан, булардан икки дунёда ҳам полвон чиқмайди!” Аммо шунга қарамай, жўраларнинг умидлари катта эди, ахир беллари тўла бола, ҳали бунақа ўғиллардан ким қанчасини кўришади. Бироқ яна ўғил кўриш дўстларга насиб этмайди. Айни қишда Бакир полвоннинг ота юрти бўлмиш тоғ қишлоқларидан бирига тўйга отланишган жўралар йўлда қор кўчкиси остида қолишади…
Шундай қилиб, дўстлар сўнгги нафасларигача аҳил қолдилар. Турган гап, улар ўғилларини ҳам шундай бўлишларини исташар эди. Бироқ ёмғирли куз оқшомларидан бирида Восиқ полвон тузатиб бўлмас бир хатога йўл қўйганди. У тўрда хирмондай бўлиб ёнбошлаб ётаркан, бехосдан оғзидан шу гап чиқиб кетади: “Бакир полвоннинг ери аслида бизга товин, дўстлигимиз важидан ернинг тенг ярмини ҳадя этганман унга…” Восиқ полвон бу гапни не мақсадда айтди, буниси қоронғи-ю, ҳар ҳолда ўшанда овозида зиғирча таъна йўқ эди. Аммо бу гапни пойгакроқда, қалин кигиз устида ўйнаб ўтирган тор манглайли бола – Ашур узун қулоғига қўрғошиндай қуйиб олганди. Орадан сал вақт ўтиб-ўтмай, у тенгқури Ёвқошга писанда қилади: “Ув-в, биласанми, силарни ерларинг аслида бизники…” Ёвқоши тушмагур хийлагина дадил бола эди, тап тортмай, бош бармоғини бошқа бармоқлари орасига жойлаб, муштумини унинг бурнига тақайди: “Шу гапингга мановуни ебсан!”
Одатда, илиқ-иссиқ кунларида жўраларнинг тушки чойхўрлиги ва бошқа шу каби тадбирлари ўртада дўстлик рамзи сифатида қад ростлаб турган кекса тут соясида кечарди. Бироқ уларнинг ўғиллари бу гўзал удумни давом эттирмадилар. “Ер” дея ёвлашдилар. Ҳолбуки, ернинг Ашур узунга сира кераги йўқ эди. Табиатан майда ва худбинлиги боис, шунчаки, ғайирлиги келарди. Бу борада Восиқ полвон адашмаган – полвонлик сиёғи йўқ бу йигитлар майдаликдан ташқари, ўлгудек жоҳил ва нодон ҳам эдилар. Ашур узун кенг бағирли бўлолмаганидек, Ёвқош ҳам ориятга ошна тутинмади, ол ерингни, дея ўзга манзилда томир отмади. Қайтанга “Сенга ер бергунча, ўзимнинг қора ер бўлганим яхши!” дея тирашишда давом этди. Ваҳоланки, у пайтларда ҳам ер қаҳат эмасди.
Улар ўртасидаги илк жиддий тўқнашув Ашур узун ўғил кўрган йили юз беради: “Бола-чақамга ер керак, бўшат томорқамни!”, дейди. Ёвқош уни мазахлаб, қоғоз кўрсат, дейди. Ашур узун бу сафар ўзини тутолмай, унинг юзига боплаб бир тарсаки туширади. Ана шундай сўнг Ёвқошга худо беради… Унга бас келмоққа чоғи етмагач, Ашур узун шармандаларча қочмоқни бошлайди.
Ёвқош қувлайди.
Ашур узун қочади.
Бу “қув-қув” келинчакларнинг кўз ўнгида содир бўлади. Бошда улар роса оҳ-воҳ кўтаришади. Сўнг-сўнг эса бинойидек кўникиб кетишади, негаки, бу нарса бора-бора одатий ҳолга айланиб, эрлари ҳафтада бир-икки қувлашмаса, еганлари ичига тушмайдиган даражага етишди-да.
Одатда ғиди-бидини Ашур узун бошлаб беради. Анчайин меҳнаткаш бўлган Ёвқошнинг саъй-ҳаракати туфайли гуллаб-яшнаб турган қўшни ерга қараркан, ичидан қиринди ўтиб, ўз-ўзидан алами тошиб келаверади:
– Отамнинг ери бу!..
Бу ёғи эса жуда тез… пировардида, жанжал ҳамиша Ашур узуннинг шаталоқ отиб қочиши-ю, Ёвқошнинг қувлаши билан якун топади. Бу масалани қонун йўли билан ҳал этиш эса, на унисининг, на бунисининг хаёлига келади – бири, “меники”, дея; иккинчиси эса, “йўқ, сеники эмас, меники”, дея умргузаронлик қилиб келишади.
Улар ўртасида жанжал қўпиши билан кекса тут айни қиш чилласида кунботишдан эсадиган аччиқ изғирин заҳрини туйгандай бўлади. Фақат аччиқ бу изғирин кунботишдан эмас, мисли уришқоқ хўрозлардай бир-бирига хезланган икки қўшни вужудидан уфуради. Қиш изғиринига, ҳарчанд аччиқ бўлмасин, тоқат қилиш мумкин, аммо жоҳил бу кимсалар жисмидан уфураётган ғазаб ва нафрат тўфонига бардош бермоқ ғоятда мушкул. Бунинг устига, бу камдек, улар қувлашганда ҳам, қайтишганда ҳам кекса тут ёнидан ўтишаркан, изига қайтишда, уни тепиб қўйишни сира канда қилишмайди, яъни таъқибчи тутқич бермаган ғаними аламини дарахтдан олади. Шўрлик кекса тут бу “тепки”лар зарбидан ўзига келишга улгурмай, томорқа адоғида қочоқ – мағлуб томон пайдо бўлади. Аммо у тутни тепмайди, унга ғамгин суянади. Кекса тутнинг унга ичи ачийди, яшил япроқларини шивирлатганча бечорага далда берган бўлади.
Бошда Ашур узун унинг раҳмини келтирарди. У Ёвқошдан бир амаллаб қочиб қутуларкан, изига қайтишда, тутнинг ёнида тўхтар, унга елка тираб, қўшни кулба томон ғаним кўзи билан тикилар экан, рақибидан ўч олишнинг минг бир йўлларини ўйлар ва сўнг отаси Восиқ полвоннинг кучи ўзида йўқлигидан жуда-жуда ўкинарди. Мабодо, мўъжиза юз бериб, Восиқ полвоннинг куч-қудрати ўғлига қайтар бўлса, Ашур узун деганлари отасига ўхшаб давраларга тушиб ўтирмасди, қишлоғи ори учун ўзга ер полвонлари билан курашиб юрмасди, адо этадиган бирдан-бир иши – лаънати Ёвқошни ерга босиб, обдон мижиқлаш бўларди, холос. Бундай пайтда у рақибини шу қадар ёмон кўриб кетардики, назарида, қўшниси Ёвқошнинг тумшуғини ерга боплаб ишқалаш важидангина бу ёруғ оламда нафас олиб юргандек туярди ўзини: “Ярамасни тагимга босиб, анжирдай эзғиламасам, тоза армонда кетаман-ов!” – деб ўйларди.
Унинг армонларини туйган кекса тут яшил япроқларини силкиб, бобо қуёшнинг чароғонлиги-ю, она заминнинг ҳаётбахш тафти хусусида оҳиста шивирлаб, тириклик улкан бахт эканлигини уқтиришга беҳуда уринарди. Ва дилидагини бу жоҳил кимсага англата олмагани сайин, ҳар сафар, ич-ичидан дарз кетиб борарди.
Бу орада Ашур узуннинг ўғиллари улғайиб, вазият тубдан ўзгарди. Энди мағлуб сифатида Ашур узуннинг ўрнини Ёвқош эгаллади. У ғолиб ота-болаларнинг олдига тушиб қочаркан, қайтишда худди Ашур узундек тутга суянади, тер босган манглайини унинг ғадир-будир танасига тираб, аламдан кўзларини намлайди, ўзига ўғил бермаган Худодан нолийди. Кекса тут тағин борлиқнинг улуғворлиги-ю, ҳавонинг мусаффолиги тўғрисида сўзлаб, унинг кўнглига меҳр ийдирмоқчи бўлади. Минг афсуски, Ёвқошнинг тошқотган кўнглига меҳр дегани сира сингмайди, адоватга тўла қалби бу хил нарсаларни чучмал ҳис этиб, туфлаб ташлайверади.
Бунга сари кекса тутнинг томирига муз югургандек бўлади. У гоҳида шу созда қуриб қўя қолгиси келади. Бироқ борлиқ унинг ўлмоғига изн бермайди – танасини қўчиб турган аламзада кўланка уни тарк этиши билан шохига қушлар келиб қўнади, майин шабада япроқларини тортқилайди, қуёш мўл-кўл нурини ундан аямайди, шунда у замин тароватини қайта ҳис этиб, енгилгина керишиб, теваракка масъуд назар ташлайди ва узоқ-яқиндаги дов-дарахтларга ел орқали салом йўллаган кўйи, арғимчоқ учадиган қизларни илҳақ кута бошлайди. Қизлар шохига арқон ташлаб, арғимчоқ учганида, уларга қўшилиб, яйрайди, шодликдан “қийқиради”, яъни яшил япроқларини шўхчан тебратади.
Қизларнинг арғимчоқ учишлари ҳовли этагида Ашур узуннинг қораси пайдо бўлгунга қадар давом этади. Қизлар Ёвқошники. Улар Ашур узунни пайқаши билан тутни ошиғич тарк этишади ва болалигига бориб, баъзида арқонни унутиб қолдиришади. Унутилган арқон Ашур узун томонидан пичоқда бўлакланиб, қўшни томорқага улоқтирилади.
Ашур узуннинг арқонни бурдалаш пайтидаги важоҳати кекса тутни доимо даҳшатга солади. Бу онда Ашур узуннинг вужудидан шундай бир ёвуз қувват уфурадики, тут бу қувват таъсиринигина эмас, ранги ва кўланкасини ҳам илғайди. Қорамтир тусдаги бу кўланка хунук тебраниб, теварак-атрофга ёйилганда, қуёш сўник, замин тафтсиз туюлиб, у карахтлашади, яъни худди биров чопмоқ ниятида болта кўтариб келгандай, қўрқувдан ўзини йўқотиб қўяди.
Бугун Ашур узун сўқмоқ бўйидаги ёввойи илдизларни қўшни ерга жаҳл билан улоқтирмоққа тушганида, кекса тут қушлар чуғуридан маст эди. У кечки ётоққа ҳозирлик кўраётган ҳуркак чумчуқлар галасини кифтида эркалаб, уларнинг чуғур-чуғуридан ҳузур қилаётган эди. Ашур узуннинг бежо хатти-ҳаракатларидан қушлар ҳуркиб қочгач, танҳо қолган дарахт юрагини ҳовучлаганча воқеанинг давомини кузата бошлади. Ана, Ашур узун ёввойи илдизларни улоқтириш билан кифояланиб қолмай, ўз ҳовлиси кунжагида кетмондаста йўниб ўтирган Ёвқошнинг тепасига ўдағайлаб борди. Одатдаги, қисқа олишувдан сўнг қўшнисининг қўли баланд келиб, Ашур узун ерга чўзиларкан, бўғизланган буқадай бўкириб, ўғилларини кўмакка чорлади. Ўғиллари милтиқнинг ўқидай уйдан отилиб чиқишлари билан Ёвқош ер ҳидлаб ётган Ашур узуннинг кетига бир тепиб, оёғини қўлига олди…
Қўрқиб кетган кекса тут Ашур узуннинг тўнғич ўғли тепкисидан ўзига келганида, “қув-қув” аллақачон ниҳоясига етган, Ёвқошни қувлаб етолмаган “қўшин” пароканда бир аҳволда изига қайтмоқда эди. У, ҳансирашганча, танасига қотиниб ўтаётган йигитчалардан таралаётган қора қувват – ададсиз кек, чексиз адоватдан жонсаракланиб, теваракка разм солганда, қуёш аллақачон пинакка кетган, боя уни ошиғич тарк этган қушлар чуғури қўшни дов-дарахтлардан келар, шунингдек, қиқирлаб кулишлари кўнглига хуш ёқувчи қўшни қизлардан ҳам энди умид йўқ. Унинг бирдан-бир илинжи Ашур узуннинг миқтигина кенжа ўғлидан эди. Катталарнинг бетайин жанжали туфайли юзага келган танидаги оғриққа, ҳар галгидек, болакайнинг болаларча маъсумлиги малҳам бўлиши мумкин эди.
Кекса тут оқсоқланаётган акаси изидан пилдираб келаётган болакайга илҳақ термуларкан, куни кечагина уни шохлари орасига олиб эркалаганини эслади. Ёвқошнинг қизлари бир шохида арғимчоқ учганида, иккинчи шохида болакай ўз ўйини билан андармон бўлган, сўнг қизларга қўшилиб арғимчоқ учган. Кекса тут бу хил шўхчан дамларнинг узоқроқ давом этишини истайди. Бироқ кенг томорқа бошидаги деворсиз ҳовлилардан бирида Ашур узун пайдо бўлиши билан қизлар тутни тарк этишади. У бўшаб қолган қучоғини керганича қолаверади. Улар орасида фақат болакайгина катталар кайфиятига бўйсунмайди, шохлари орасига жойлашиб ўтириб олганча, кекса тутни гоҳ от, гоҳ машина, гоҳ самолётга қиёс этиб, берилиб ўйнашда давом этади.
Бу орада болакай ариқчадан чаққон сакраб, оқсоқ акасини қувиб ўтди. Ана, бу ёғи кўп қолмади, яна бир неча сониядан сўнг у тутнинг ёнига келиб, ҳар сафаргидек, унга суйкалади, қучади. Кекса тут ҳадемай юз бериши лозим бўлган бу таниш лаззатдан ҳузурланиб, беихтиёр, сархуш тортаркан… туйқусдан қаттиқ сесканиб тушди. Ё дориғ, болакай худди акаларидек, уни тепганди. Кекса тут заиф тепки зарбидан эмас, ушбу тепкининг юзага келмоғига сабаб бўлган нафратдан сесканганди. Тавба, қачон у адоватга ошна тутина қолди? Ахир салгина бурун унинг қалбида беғуборликдан ўзга нарсанинг ўзи йўқ эди-ку! Наҳотки, катталардаги бу ноқис иллат шу қадар юқумли бўлса?!
Кекса тут бу саволларга жавоб тополмай, бир муддат анг-танг туриб қолди-да, сўнг болакайнинг навбатдаги тепкисини кўтармоққа чоғи ва бардоши етмай, нолакор ғирчиллаганча, гурсиллаб ерга қулади…
«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 1-сон