Ҳусан Мақсудов. Сўзчи ҳолин боқма, боқ сўз ҳолина

Биз кунда минглаб сўзларни ишлатамиз, гоҳида турли мақол ва топишмоқлар айтамиз. Аммо кўпчилигимиз доим ишлатиб юрадиган сўзларимиз маъносини билмаймиз, эҳтимол, билишга интилмаймиз. Қуйида кунда-кунора истеъфода қилинадиган айрим сўзларнинг этимологияси (келиб чиқиши) хусусида сўз юритамиз.

Анор ва қозон

Жаҳон Отин Увайсийнинг анор ҳақидаги “Ул на гумбаздур эшиги, туйнигидин йўқ нишон”, деб бошланувчи чистони борлигини яхши биласиз. Эътибор берган бўлсангиз, анорнинг думалоқлиги гумбазга ўхшатилмоқда. Бошланғич синф ўқувчиси эканлигимизда устозимиз жуда кўп топишмоқларни ёдлатган. Улар орасида:  “Кичкинагина декча, ичи тўла михча”, деган топишмоқ ҳам бор эди. Жавоби анорлигини ҳамма биларди. Лекин “декча” нима эканлигини на устозимиз айтган, на ўзимиз сўраганмиз…

Тожиклар қозонни “дег” деб аташади. -ча кичрайтириш маъносидаги ўзимизнинг қўшимча. Декча – қозонча дегани. Сўз ўзагидаги г товуши жарангсиз ч товуши таъсирида к га ўзгарган. Демак, анорнинг думалоқлиги кичкина қозонни эсга солганлиги учун декча дейилган экан.

Кундошнинг куни қурсин

10–12 ёшларда эдим.  “Ўткан кунлар” кинофильмини оилавий кўраётган эдик. Кумуш ва Зайнабнинг тақдирига ачинибми, бувим: “Кундошнинг куни қурсин”, – дедилар. Бу гапларини яна бир-икки марта эшитганим ҳам эсимда. Кейинчалик айрим сўзларнинг этимологиясига қизиқиш уйғона бошлаган пайт­ларда “кундош” сўзини устозлардан сўраб кўрдим. Айримлари оддийгина: “Бир эркакнинг иккитадан кўп хотини бўлса, ўшалар кундош бўлади”, – дейишган бўлса, айримлари истеҳзоли кулиб қўйишди…

Синфда бирга ўқийдиганлар синфдош, бир-бирининг сирини биладиганлар сирдош, битта маҳаллада яшайдиганлар маҳалладош дейилишини она тилидан ўқиган мендай ўспирин кундош сўзи ҳам кун сўзи ва -дош қўшимчаларидан ясалган бўлса керак деб ўйлардим. Ростдан ҳам, куни бир уйда ўтгандан кейин кундош бўлади-да!..

Тахминни бир четга суриб, энди манбаларга мурожаат қилайлик. Қадимги туркий тилда кун сўзи “қизған”, “ғайирлик қил” каби маъноларни англатган феъл ҳисобланади. Бу маълумот машҳур тилшунос олим Севортяннинг тўрт томлик “Этимологический словарь тюркских языков” китобида қайд этилган. Кун сўзига  қўшимчаси қўшилиб от ясалган. Кейин яна -да қўшимчаси қўшилиб феъл ҳосил қилинган. Кунида сўзи охирида  қўшимчасини олиб, қизғанадиган одам маъносида қўлланилган. Кунидаш талаффузда ўзгаришга учраб, бугунги кунда кундош ҳолига келиб қолган.

Қизиқ. Тахминим ҳам, илмий асос ҳам моҳият эъти­бори билан бир нуқтага келиб бирлашаркан: эрини бир-биридан қизғаниб, кунлари бир уйда, бир кўйда ўтаётганлар кундош экан-да…

Тоғамиз ўзбек, аммамиз арабми?

Айрим чет тилларида ота ёки онанинг ака-укаси ёхуд опа-синглисига нисбатан битта сўз ишлатилади. Масалан, хола ё аммани инглизлар aunt дейди. Руслар ҳам бу сўзлар учун битта лексема қўллайди – тётя. Ёки бўлмаса, тоға ва амаки тушунчаси инглиз тилида биргина uncle сўзи билан ифодаланади. Рус тилида ҳам шундай: тоғага ҳам, амакига ҳам руслар дядя деб мурожаат қилади. Лекин бизда отамизнинг оға-инилари амаки-амма, онамизнинг жигарлари тоға-хола дейилади. Шундан кўриниб турибдики, тилимизда ҳар бир тушунча учун алоҳида сўз бор. Тоға сўзининг ўзаги бизда айнан она томон қариндоши эканлигини ўзида акс эттиради. Қандай дейсизми?..

Қадимги туркий тилда она маъносида тай сўзи истеъмолда бўлган. Ушбу сўзга ака маъносида келувчи аға сўзи қўшилган – тайаға. Бора-бора талаффузда ўзгаришлар юз берган – й товуши талаффуз қилинмай қўйилган. Кейинчалик бу сўз қуйидаги кўринишларда талаффуз қилинган (икки нуқта чўзиқликни билдиради) тайаға – та:аға – та:ға – таға – тоға. Аммо бу сўз “Девону луғатит – турк”да тағай деб кўрсатилган ва амаки деб таржима қилинган. Таниқли тилшунос олим Ш. Раҳматуллаев Кошғарийнинг шу фикрини назарда тутиб тағай сўзининг амаки деб ифодаланганлигини хатолик бўлса керак, деб таъкидлайди. Чунки амаки сўзи отанинг ака-укаларини ифодалайди.

Араб тилида жинс категорияси мавжуд бўлиб, сўз охири -ун қўшимчаси билан тугаган сўзлар мужский роддаги, -атун қўшимчаси билан тугаган сўзлар женский роддаги сўз ҳисобланади. Бизнинг тилимизга кирган айрим арабий сўзларнинг охиридаги ушбу қўшимчалар тилимизга кўчгач, тушиб қолган. Масалан, китоб (аслида китабун), жамият (аслида жаъмиъатун). Амма сўзи ҳам айнан шу – аъмм(ун) сўзи билан боғлиқ: аъмм(атун) – отанинг опаси ёки синглиси.

Демак, тоға соф туркий сўз, амма сўзи арабий негизга эга бўлиб чиқяпти.

Мийиғида кулмоқ

Кулмоқ сўзининг табассум қилмоқ, қиқирламоқ, тиржаймоқ, ишшаймоқ, хохоламоқ, қаҳқаҳ отмоқ каби маънодош­лари бор. Шу маънодошлар орасида мийиғида кулмоқ деган ибора ҳам бор. Хўш, мийиқда кулиш нима дегани?

Мийиқ сўзи соф туркий сўз бўлиб, мўйлов деган маънони билдиради. Ушбу сўз аслида бызық тарзида талаффуз қилинган. Худди қаддимизни тик тутиб турадиган тана аъзомиз аввалбошда одоқ, кейинроқ озоқ, охири ойоқ бўлгани каби, бызықдаги з фонемаси й товушига айланган: быйық. Ушбу сўз ҳам яна тарошланиб, алалоқибат мийиқ шаклига келган…

Эътибор берганмисиз, мўйлови бор одам (устига-­устак у унча-мунчага кулмайдиган жиддий бўлса) кулганида унинг оппоқ тишларига дарров кўзингиз тушади, шу пайтгача шундай оппоқ тишларини кўрмаганман деб ўйлайсиз ҳам. Сабаби, юқори лабининг устида доим қоп-қора мўй (тук) кўрганингиз учун, унинг садафдай тиш­лари эътиборингизни тортади. Жиддий одам деярли кулмайди. Кулганда ҳам истеҳзоли ҳолатда ёки номига мийиғини (мўйловини) кўтариб қўяди. Мийиғида кулиш деган ибора шундай ҳолатлар оқибатида пайдо бўлган бўлса, ажабмас.

«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 1-сон