Нормурод Норқобилов. Капалак (ҳикоя)

Ота болакайни шаҳарга олиб кетиш учун келган куни ошхона томида биринчи қизғалдоқ очилган эди.
Қип-қизил…
Болакай улоқчадай ўйноқлаб кўчага отилди, жўраларига мақтанди… Қўрадаги жажжи қўзичоқлар, куни кеча туғилган тарғил бузоқча ҳам унинг эртанги сафаридан “бехабар” қолмади. Кейин томга чиқиб, қизғалдоққа ўз қувончини баён эди:
– Эшитдингми, мен эртага шаҳарга кетяпман!..
Кун қуёшли бўлгани боис, супага жой қилинган эди. Қўш қават атлас кўрпача устида беўхшовроқ чордона қурганча, томдаги болакайнинг қувноқ хатти-ҳаракатларини зимдан кузатиб ўтирган ота – Ҳайдарали унинг бу гапини эшитиб, кулиб юборди. Бунга жавобан Махсум бобо жиддий эътироз билдирди:
– Боланинг устидан кулмайдилар, улим. Кўнгли ўксийди.
Бу пайтда болакай қизғалдоқ теварагидаги майин майсаларни ҳар ён тараб, уни ўт-ўланлар қуршовидан халос этмоқда эди.
– Улинг жуда аломат-да! – деди чол неварасига меҳри товланиб. – Эшит, шамол турганда ғумайлар қўшиқ айтиб, отқулоқлар чапак чалармиш… Умринг узоқ бўлгур, хўп гапларни топади-да!
– Бунақа бекорчи нарсаларга алахсигандан кўра, ҳарф ўрганса тузук бўлармиди… – дея тўнғиллади ота.
– Мен нулевойга бермоқчи эдим, энанг қўймади, – деди Махсум бобо ошхона томонга имо қилиб. – Ҳалитдан мактабингиз нимаси, бола болалигини қисин-да, дея туриб олди.
– Энди бунингиз бизни анча қийнайди, – деди ота ўша норози оҳангда. – Ҳозирги болалар мактабга боргунча алифбени шариллатиб ўқийдиган бўлиши керак. Бунингиз эса қизғалдоқ билан гаплашиб, ғумайлар қўшиқ айтади, деб юрибди. Ҳаддан зиёд эркалатиб юборгансизлар буни, ота!
– Бекор айтибсан! – деди боядан бери ўғлининг, худди бегонадай, қовушмай ўтиришидан ғаши келиб турган Махсум бобо, зардаси қайнаб. – Бу ўзи бўлакча! Ана, укангди бачалари, осмондан қизил қор ёғадими, жала ўрнига тош ёғадими, сира пинак бузишмайди, худди шундай бўлиши керакдай, бари ўта лоқайд. Улинг эса тийрак – йўқ-бор нарсадан ўзича маъно қидиради, ҳайратининг эса чеки йўқ. Менга ўхшабди дейсанми? Бекор гап! Бунинг ёшида сен ўр эдинг, тўнг эдинг, пулга жуда ўч эдинг. И-я, нечун жаҳлинг чиқади? Эсингдами, амманг раҳматли қидириб келганида, ёнида ётган киши бўлиб, сочбоғидаги ҳамма тангаларни кесиб олгансан… Тағин куласан-а! Шуни билиб қўй, неварамни шаҳарга обориб синдириб-нетиб қўяр бўлсанг, ўзим сени синдираман! Уқдингми?!
Болакай шаҳарда туғилган. Ота – талаба, она – талаба, ёшига тўлиб-тўлмай қишлоққа ташлаб кетишганди. Ўқишлари битгач эса, улар шаҳарда муқим туриб қолишди. Ҳар гал қишлоққа келишганда, болакайни ўзлари билан олиб кетмоқчи бўлишарди-ю, бироқ Махсум бобо: “Ҳеч қурса, мактаб ёшига етсин”, дея изн бермай келарди. Бу сафар ўғлининг нияти жиддийлиги боис, ноилож ройиш билдирганди.
Оқиш биноли Темур йўл бекати яқин бўлгани сабаб, эртаси ота-бола кунботишдаги бедазор оралаб кетган сўқмоқ бўйлаб йўлга тушишди. Қизиган ҳавода кўкат ҳиди анқийди. Ҳозиргина бекатдан қўзғалган юк эшелони салдан сўнг ингичка, қорамтир тасма сингари олис уфқ қаърида кўздан ғойиб бўлади. Поездлар ҳаракатини томдан туриб кўп бора кузатгани учун бу манзаранинг болакайга ҳеч бир қизиғи йўқ, қоп-қора мунчоқдай кўзлари теваракка югургилаб, қизғалдоқ қидиради. Аксига олгандай, яқин ўртада улар кўринмайди, борлари ҳам узоқда.
Бирдан болакайнинг кўзлари шодликдан чақнаб кетди, сўқмоқнинг шундоқ ёқасида, қалин ўт-ўланлар орасида бир жуфт қизғалдоқ мисли чўғдай лов-лов ёниб турарди. У, қувончи ичига сиғмай, қизғалдоқларни авайлаб узиб оларкан, уларнинг биридан ари ҳавога кўтарилди. Ана шундагина болакай ҳар ёнда арилар ғувуллаб, майсалар орасида ҳашаротлар қимирлаб, сўқмоқда эса чумолилар карвони ғимирлаб юрганини пайқади.
Бундан юраги баттар энтикди.
Болакай азалдан кўм-кўк майсалар устига мукка тушиб, ғимирлаб юрган турли жониворларни, айниқса, тиним билмас чумолилар карвонини соатлаб кузатишни ёқтирарди. Баъзида девор тагларини чўқилаб, захда ётган бирор қирқоёқни чўпга илаштириб оларди-да, уни чумолиларга ташларди. Боиси, қирқоёқни жинидан ёмон кўради. Қайсидир йили шофёр амакисининг қулоғига қирқоёқ кириб қолиб, шўрлик роса азобини тортган. Шу-шу қирқоёқни кўрди дегунча, уни чумолиларга талатади. Ўзи эса тепада, худди бобоси тўйда кураш тушаётган полвонларга пишанг бергандек, “Ҳа, бўш келманглар!” деб туради. Оқшом эса амакисига ҳисобот берарди: “Амаки, мен бугун яна битта қирқоёқ ўлдирдим. Энди машинангизга миндирасиз-а?” Амакиси доимо ваъдани қуюқ қилади-ю, бироқ ҳеч вақт сўзининг устидан чиқмайди. Болакай бобосига шикоят қилади. Бобоси: “Ҳа, уними, келсин ҳали, бир қулоғидан чўзиб қўймасам-ми!..” дея пўписа қилган бўлади. Сўнг уни эргаштириб, сой бўйидаги сайҳонликка олиб тушади. Тевараги дарахтлар билан қуршалган сайҳонликда бобосининг ўндан зиёд асалари қутилари бор. Бобоси бошига тўр қалпоқ кийиб, қутилар орасида узоқ ивирсийди. Болакай эса, теварагида виз-виз учаётган минглаб арилардан бирортаси ҳам ўзига тегмаётганидан ўзида йўқ қувонади: “Ари тилини биламан-да, шунинг учун улар менга қотинмайди!” деб ўйлайди. Арилар тилини бобосидан ўрганган. Бир куни, арилар нима деяпти, деб сўраганида, бобоси, “бекор турмай, ишлаш керак-ишлаш керак деяпти”, деган. Болакай ажабланган: “Шундан бўлак айтар гапи йўқми уларнинг?” Бобо деган: “Бўлак гап айтишга уларнинг фурсати йўқ”.
Болакай қўлидаги қизғалдоқни авайлаб тутиб, бир муддат у ён-бу ён учиб, сўнг майсалар орасида ғо­йиб бўлган арини кузатиб тураркан, бирдан ари тилини билишини айтиб, отасига мақтангиси келди.
– Ота, биласизми, ари нима деб ғўнғиллайди?
Қўлида залворли портфель, эгнидаги қора чарм курткаси қуёшда қизиб, танини қиздираётганидан лоҳас тортиб бораётган ота малолланиб ортига ўгириларкан, арчилган тухумдек силлиқ юзида норозилик ифодаси пайдо бўлиб, тўнғиллади.
– Уф-ф, эгнингни кир қилмасанг-чи!
Бу хил қўрс муомалани сира кутмаган болакайнинг кўнгли чўкди. Эгнидаги оҳори тўкилмаган кийимларига тумшайиб қараб қўйди. Бу кийимда ўзини жуда ноқулай ҳис этмоқда эди.
– Қизғалдоқни нима қиласан? – деб сўради ота, унинг қўлидаги чечакларга энди эътибор бериб.
– Энамга обораман!
– Ташла!
– Йўқ! – Бола қўлидаги қизғалдоқни ортига яширди.
– Боргунча, барибир сўлиб қолади.
– Сўлимайди.
– Агар ташласанг, шаҳарга боргач, ўзим сенга бозордан бир даста лола олиб бераман. Хоҳласанг, бир қучоқ.
– Ие, лолани ҳам сотишадими? – Болакай таажжубланди.
– Ҳа, сотишади.
Болакайнинг ҳайрати янада чексизланди. Худди момоси гоҳи кунлари қирдан тушиб келадиган геолог амакиларга товуқ ёхуд тухум сотгандай, лолани ҳам сотишлари мумкинлигини тасаввур доирасига асло сиғдиролмади – ишонмади.
– Алдайсиз.
– Етар! – Ота жеркиниб, йўлида давом этди. – Чалғимасдан етишиб юр! Акс ҳолда…
Бола унга етишиб юришга уринаркан, бироқ кўзи ғумай баргида ўрмалаб бораётган хонқизига тушгач, тағин алахсиди. Хонқизини авайлаб кафтига олди-да, кўрсаткич бармоғини тик тутиб, шодон овозда қичқирмоққа тушди:
– Уч! Уч! Бойнинг қизини олиб бераман! Уч! Уч! Бойнинг қизини олиб бераман!
Хонқизи унинг бармоғи учигача кўтарилиб, хиёл тараддудланиб турди-да, сўнг қора холли қизғиш қанот қабиқларини ғалати керганича, визиллаб учиб кетди. Болакай унинг ортидан завқланиб қараб қоларкан, қувончи ичига сиғмай, турган ерида шўхчан ирғишлади. Кейин бирдан анча нарига бориб қолган отасининг ўзи томон хўмрайиб қараб турганини пайқаб, қимтинганча унга яқинлашди.
– Мен сенга чалғимай юр дедим-ку!
Болакай жажжи туфличалари учига термулганча, ер сузиб тураверди.
– Сени яхши десам, гап уқмайдиган бола экансан-ку, а?!
Улар яна йўлда давом этишди.
Болакай бирпас тинч борди.
Атроф эса ғоятда фусункор эди: кучсиз эпкинда тебранаётган майсалар, виз-виз учаётган арилар, сўқмоқни у ён-бу ён кесиб ўтган чумоли карвонлари, шишадек тиниқ осмонда муаллақ туриб қолган тўрғай, ҳув наридаги ясси тепалик бағрини қизартирган алвон ранг қизғалдоқлар, кенг бедазорнинг ҳали у еридан-ҳали бу еридан дув кўтарилаётган чумчуқлар галаси, беданалар сайраши… Бунинг бари болакай учун ғоятда қизиқ, ғоятда жозибали эди.
– Ота, тўрғай нега осмонда бунақа қилиб туради-а? – дея сўради аллақачон гинасини унутган болакай қўлларини қанот қилиб.
Ота тепага қаради.
Елкасини қисди.
Тўрғай нечун бу тарзда муаллақ туришини ҳеч ўйлаб кўрмаган экан.
Бу орада бола иккинчи саволни берди:
– Нега чумчуқлар бунақа турмайди, а, ота?
– Билмадим.
– Шаҳарда чумчуқлар борми?
– Бор шекилли.
– Мусича билан тўрғай-чи?
– Бор, – Ота шундай деди-ю, ўз-ўзидан ҳайратланди. Чунки шунча йил шаҳарда яшаб, ҳар иккала қушнинг бор-йўқлигини тузукроқ билмас экан. Дарвоқе, бир гал очиқ дераза рахига қўниб турган мусичага кўзи тушгандай бўлувди. Лекин тўрғайни-чи?.. Йўқ, кўрмаган экан. Баттар ажабланди: “Тавба, “дом”да турганингдан кейин, аҳвол шу экан-да!..”
– Шаҳардаям қушларни рогаткада отишадими, ота?
– Уф-ф, бунча бижилдоқ бўлмасанг! – Отанинг тағин жаҳли қўзиди.
Болакайнинг юраги сиқилиб, полапондай ҳурпайиб олди.
Шу созда пича сукут сақлаб жим борди.
Бироқ кўп ўтмай, капалакка алахсиди. Капалак гулхайри япроғига қўниб, қора доғли оппоқ қанотларни митти елпиғичдай дам-бадам силкиб-силкиб турарди. Капалакка кўзи тушгач, у оёқ учида юриб, унга яқинлашди. Капалак учиб бориб, наридаги майсалардан бирига қўнди. Кейин бу ҳол яна так­рорланди. Бунга сари болакайнинг баттар ҳаваси қўзиб, ўт-ўланларни оралаганча, унинг ортидан эргашди. Капалак тағин учди, гоҳ пастлаб, гоҳ юқорилаб, ўн-ўн беш одим нарига бориб қўнди. Болакай унинг изидан қолмади.
– Нусрат!
Бу бехос чақириқдан чўчиб кетган болакай, бир хаёли, отаси томон югуриб бормоқчи бўлди. Аммо шундоқ бурни тагида дириллаб, ял-ял товланиб турган капалакни ташлаб кетишга кўзи қиймади. Бошидан соябони узун кепкасини қўлига олди.
Тап!..
Капалак қўлга тушди.
Болакай типирчилаётган капалакнинг қанотларидан авайлаб тутиб, танглайини тақиллатганча, уни у ён-бу ён айлантириб томоша қиларкан, ҳаяжондан томоғига нимадир тиқилиб: “Вуй, бунча чиройли! – деди-да, сўнг самимий оҳангда қўшиб қўйди: – Қўрқма, ҳозир сени қўйиб юбораман!
– Нусрат!
У капалакни эҳтиётлаб тутганча, отаси томон югурди.
– Ота, қаранг, бирам чиройли!
Ота хўмрайганча, аввал унинг ўтдан кўкарган шимига, оқиш кўйлагига, сўнгра қўлидаги капалакка разм соларкан, ғазабдан бўғриқиб, бир муддат тик туриб қолди. Кейин тўсатдан капалакка чанг солиб, кафтида ғижимлаб ерга итқитди, сўнг бунга ҳам қаноат этмай, оёғи билан эзиб, тупроққа қориштириб ташлади.
– Нима бало, йилинг чўчқами, аҳмоқ!
Болакайнинг ранги докадек оппоқ оқариб, бақрайганча туриб қолди. Қаршисида отаси эмас, эртакларда тасвирланган ёвуз руҳ тургандек, беихтиёр икки одим ортга чекинди. Орада чўп учидаги қирқоёқ тўйқусдан бармоғига ёпишгандай, ғалати тарзда бир-икки сесканиб ҳам олди. Сўнг кўзларига ёш қалқиб, пуштиранг лаблари титраб, кескин ортига бурилди-да, ҳув узоқда, ясси дўнгликлар ортида қолган қишлоқ сари елдай учиб кетди.
– Нусрат! Нусрат!..
Ота унинг ортидан югурди ва биринчи қадамдаёқ болакай тушириб қолдирган икки дона қизалдоқни босиб, янчиб юборди.
– Нусрат! Қайт изингга! Нусрат!..
Болакай тобора узоқлашиб борар, шу тобда у боягина яшил майсалар узра чарх уриб юрган оппоқ капалакка жуда-жуда ўхшаб кетарди.

«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 1-сон