Антон Антонов-Овсеенко. Жаллод мартабага интилганда (1988)

Қуйида ёзувчи Антон Антонов-Овсеенконинг «Звезда» журналида (1988 йил, 9-сон) чоп этилган И. В. Сталиннинг ишонган «одами», ҳамтовоғи, мамлакатни «халқ душманидан» халос қилиш васвасасига тушиб, оммавий қирғинни авж олдирган жаллод Бериянинг қонли кечмишига бағишланган «Жаллод мартабага интилганда» мақоласини қисқартириб босаётирмиз.

«Гулистон» журнали, 1989 йил, 3-сон

* * *

Одамлар махфий полиция хизматига ҳар хил йўл билан кириб келишади, айримлар мутлақо кутилмаганда айғоқчига айланиб қоладилар. Лаврентий Берия эса манфур ишлар учун туғилган эди.

Сухуми шаҳар билим юртида тез-тез ўғирликлар, чақмачақарликлар унинг бевосита ёки бавосита иштирокида содир бўларди. Порахўрлик билан пасткашлик унинг табиатига шунчалик сингиб кетган эдики… У ўқувчиларнинг ҳулқи ҳақида битилган характеристикалар солинган жилдни яшириб қўйиб, синф раҳбарининг ишдан четлатилишига эришди. Сўнг ҳужжатларни эгаларига пуллади. Албатта ҳамтовоқлари орқали.

Бошқа воқеа ҳам маълум. Ўқув юртига ташриф буюрган масъул ўлка инспекторининг ҳамёни йўқолиб қолди. Қанча синчковлик билан текширилмасин ақчалар топилмади. Кимнингдир ғойибдан берган маълумотига асосланиб, полиция билим юрти директоридан стол ғаладонини очишни илтимос қилди: йўқолган ҳамён ўша ерда ётган экан. Директорнинг ўлиб қолишига бир баҳя қолди.

Ўн беш ёшли мишиқининг бу қалтис операциясини ҳар қандай вояга етган муттаҳам қилганида ҳам шов-шув бўлиб кетарди. Разилликнинг келажаги порлоқ эди.

Ўқув юртини тугатгандан сўнг Берия 1917 йилда қўлида архитектор-техник дипломи билан ҳарбий хизматга чақирилди, аммо ярим йил деганда «касаллиги туфайли ҳарбий хизматга яроқсиз» деган махсус ҳужжат тўғрилаб, Румин фронтидан қайтиб келди.

1919 йил йигирма ёшли Лаврентий Берия большевиклар партиясига аъзо бўлиб олди.

РСДРП(б)нинг Кавказ бюроси секретари, яширин ташкилот ишларини олиб боришда устаси фаранг, кекса большевик Виктор Нанейшвили эди.

Бир куни техника билим юрти партия ячейкасининг ёш аъзолари Васия Егоров билан Шура Комер бюрога кўримсиз, юзига ҳуснбузар тошган студентни бошлаб келишди. У ўзини Лаврентий Берия деб танитгандан сўнг, ўртоқ Нанейшвилини шахсан кўриши шартлигини айтди. Навбатчи Олег Саркисов бу ерда бюро секретари камдан-кам бўлишини, ҳозир йўқлигини тушунтирди.

— Унга нима деб қўяйлик?

— Ҳеч нарса, шахсан ўзига айтадиган гапим бор.

…Оқшом навбатчи Нанейшвилига бўлган воқеани айтиб, Бериянинг нияти ҳақида маълумот беради.

Орадан бир неча кун ўтгач, Саркисов Нанейшвилидан:

— Анави йигитча нега келган экан? — деб сўраб қолди.

— У мусовотчилар орасида ишлар экан, партиямизга қабул қилишимизни илтимос қилаяпти. Муҳим воқеалардан хабардор қилиб тураман, деяпти.

— У ердаги одамларимиз — Мусеви билан Ошум Алиевларнинг ўзлари етади. Бизга қаллоблар керак эмас!

— Жўжа Хўрозга ўргатмайди! — баҳсга нуқта қўйди оқсоқол.

Ўсмир Саркисов беҳуда хавотирланмаган экан. Мусеви билан Алиев ресторанда, овқатланаётган жойида тўппончадан кетма-кет узилган ўқдан ҳалок бўлдилар.

Ким Бериянинг қайси хўжайинга ишлаганини аниқлаб бера оларди? Шу нарса аниқ эдики, мусовотчилар разведкаси бевосита инглиз Интелидженс сервис назоратида бўлиб, у турк разведкасига яқин эди, немис разведкаси билан алоқа ўрнатишга имкони бор эди.

Багиров йўл излаб юрган Берияни Царицин яқинидаги X армия штабига юборади. У ерда ўша пайт Марказий Комитет Вакили бўлиб Анастас Микоян турарди.

Чет эллик тадқиқотчиларнинг айтишича, Берия ҳатто Дзержинскийнинг кўзини шамғалат қилиб, Сталин билан алоқа боғлаб турган.

Берия вақти келиб, миллатлар халқ комиссарининг Йўлбошчи бўлишини олдиндан билганмиди? Сталин ўша вақтда Петроградда ҳам, Закавказьеда ҳам, ҳатто ўз Ватани Грузияда ҳам машҳур эмас, ҳатто Таъсис мажлисининг грузиялик номзодлари рўйхатида фамилияси атиги еттинчи ўринда қайд этилган эди.

Берия ўша пайтлардаёқ Марказдаги ҳукумат вакиллари назарига тушишга ҳаракат қила бошлади. Ўз мақсадларини амалга ошириш, «сиёсий битим» тузиш учун маҳкамага алоҳида хизмат кўрсатиш режаларини излади. Чет эллик тарихчиларнинг аниқлашича, Бериянинг режалари билан миллий масала бўйича халқ комиссарлиги танишиб чиққан. Кўп ўтмай у «Сталиннинг бебаҳо ахборотчиси», Закавказьедаги таниқли большевик, обрўли сиёсий арбобга айланади.

* * *

Муҳим маълумот: Берия ҳам Сталинга ўхшаб бир жойда муқим ишламаган. 1920 йил баҳорида у Грузияга келади. У пайтда Грузия ҳали Совет Россиясига қўшилмаган эди. Бериянинг омади биринчи кунданоқ чопмади. Уни Кутаисида Советларнинг айғоқчиси сифатида қамоққа олишди. Ўша пайтда Сергей Миронович Киров Москванинг Грузия меньшевиклари ҳузуридаги вакили эди. 9-июлда у Ной Жорданига ҳибсга олинган Берияни дарҳол озод этишни сўраб, мурожаат қилади.

Озодликка чиққан Лаврентий Тифлисга жуфтакни урди. У ерда меньшевиклар ҳукумати вакиллари билан тезда тил топишиб олди. «Совет айғоқчиси»нинг бундай махфий алоқаси Кировга маълум бўлиб қолганини сезган Берия яна қочди. Шунда Москва вакили Бокуга, XI армия штабининг алоҳида бўлими бошлиғига қуйидаги мазмунда телеграмма жўнатган эди:

«Тифлисдан сотқин Лаврентий Берия қочди. Зудлик билан ҳибсга олинг. Киров».

Берияни Фавқулодда Комиссия (ЧК) қамоққа олди. Унга энди эски қадрдони Багировгина ёрдам бериши мумкин. Лекин у ҳам ожиз, атиги ФК бошлиғининг ўринбосари холос, юксак лавозимлардан ҳам умиди йўқ эмас, аммо ФК раиси Бобо Алиев Совнарком раиси Наримон Наримонов билан яқин эди.

Наримонов кейинроқ тасвирлашларича, жуда ҳам катта сиёсий арбоб бўлмаган. Аммо уни студентлигидаёқ инқилобий ҳаракатларда иштирок этган маърифат соҳасининг етук вакили сифатида улуғлашарди. Унинг атрофига манфаатпараст қаллоблар танда қўйиб олишди. Улар орасида энг эпчили Багиров бўлиб, у Наримоновнинг калтабинлигидан роса фойдаланди. Қулоғига Бобо Алиев ҳеч қачон разведка, аксилразведка ишлари билан шуғулланмаган, аксилинқилобчилар билан жангларда иштирок этмаган, мана шундай юксак лавозимни эгаллаб туришга нолойиқ… деган фикрларни муттасил шипшиб турди…

Наримонов Бобо Алиевни силлиққина партия ишларидан бирига ўтказиб юборди. Багиров Алиевнинг ўрнига ўтирган куниёқ қадрдони Берияни турмадан озод этиб, бошламасига хўжалик ишлари бўйича мудир, йил ўтмай Берия (М.С.Б.) махфий сиёсий бўлим бошлиғи ҳамда ФК раисининг ўринбосари этиб тайинланди. Йигирма икки ёшли йигитча учун бу лавозим ҳазилакам муваффақият эмас эди. Худди ривоятдагидек «Чўртанни дарёга ирғитдилар»дан бўлди.

* * *

1923 йилда Берия аллақачон Грузия ФКсининг махфий жанговар қисми (МЖК) бошлиғи вазифасида ишлар, …галифе шим, чарм этик… чекистларга хос кийинишни ўрнига қўяр, қаншаридан болдоқли кўзойнаги тушмас эди. Ўлгунича шундай юришни тарк этмади…

Дастлаб ҳамма Лаврентий Берияга ишониб қаради, яқиндан танишишгач, ўртоқларча муносабат ўз-ўзидан йўқолар, у жуда ҳам муттаҳам, чақмачақар эди. Зарур бўлиб қолса, шундай бадбин миш-мишларни тарқатиб юборар эдики, унинг шаллақилиги олдида бошқа мансабга интилаётган рақиблар ип эшолмай қолишарди. Сўнг уларни битта-битта йўлидан олиб ташларди. Шундай қилиб артистликни ҳам боплаб ташларди. «Ўзимизнинг йигитча» бўлиб олиш унинг учун хамирдан қил суғургандек гап эди.

У иқтисодий саботажчиларга қарши курашга бошчилик қилаётган Андрей Ершовни шундай маҳорати билан лол қолдириб, пинжига кириб олди. Дўсти билан оқшомлари оилавий давраларни гуллатиб юрди. Лекин барибир Ершов унинг кимлигини бошқалардан аввалроқ англаган эди. «Берия худди Макиавиллининг ўзи-я», деди бир кун у хотинига. Бу воқеа 1927 йилда Берия Закавказье Давлат Сиёсий Бошқармаси бошлиғи Станислав Реденснинг ўринбосари этиб тайинлангандан сўнг содир бўлди. Ершов Москвага, марказий аппарат ишига ўтиб кетишга эришди. Ўн йилдан сўнг у Ярославлга юборилади. У ерда дўсти ўртоқ Лаврентийнинг қаҳрига дучор бўлади.

Закавказье ДСБси бошлиғи, табиатан кўнгли бўш, турғун фикрга эга бўлмаган Станислав Реденсни Лаврентий бирпасда ер билан битта қилиб, топтаб ташлади. Бу қарорга келгунча узоқ ўйлади. Унинг лавозимдан кетишини кутишга сабри чидамади. Йўлдан олиб ташлаш жуда ҳам қалтис. Чунки у Надежда Аллилуеванинг синглиси Аннага уйланган, Сталинга куёвлик томони ҳам бор эди. Уч йил чора излаш билан ўтди.

Ўша куни туғилган кун баҳонасида Лаврентий бошлиғини ҳаддан зиёд ароққа бўктириб, маст ҳолда кузатувчисиз уйидан чиқариб юборди. Шилта маст Реденс яқин атрофдаги хонадонлардан бирининг эшигини қоқиб, шовқин кўтарди. Қўни-қўшнилар чиқишди, милиция чақиртирилди ва Реденс милиция бўлинмасига олиб келинди. У шинелини ечгандагина кимлиги маълум бўлди.

Берия зудлик билан Москвага, Сталинга қўнғироқ қилиб, қандай чора кўриш тўғрисида маслаҳатлашиб олди… Бошкотиб (Генсек) тўполончи Реденсни 1931 йили Белоруссия Ички ишлар халқ комиссари этиб тайинлаш билан жазолади. Закавказье ДСБсининг жанговар лавозими Лаврентийга қолди.

…1937, қирғин йили Лаврентий Павлович учун омадли йил бўлди. Янги 1938 йилга ҳам у жуда катта ишонч ва тантана билан қадам қўйди. Унинг барча нутқлари Бошкотибнинг пойида мавж урдирилган баландпарвоз сўзлар денгизига ўхшар ва у ҳар гал ўйлаб топилган қандайдир халқ душманларига қаратилган ғашиқиш, дағдағалар билан якунланар эди.

Ташқи душманлар билан тинимсиз курашиш ғояси ички «душман»ларни тор-мор этиш, халқни тиз чўктириб олиш учун қулай восита бўлди.

Берия душман олдида доимий жазавага тушишни ўзига вазифа қилиб олди. Ҳушёрлик ва яна ҳушёрлик кампаниясига шахсан ўзи бошчилик қилди. Мана бир неча газета мақолалари сарлавҳаларидан намуналар:

«Бемаъни айғоқчилар ер юзидан супуриб ташлансин!»

«Айғоқчининг ҳийласи».

«Савдо инспекторлари ҳушёрлиги ҳақида».

«Душман айғоқчиси партбилет пайида».

«Директор қиёфасидаги душман».

«Бадиий комбинатда душман қўли».

«Айғоқчилар қандай сирни билиб олади».

«Закавказье темир йўлидан аксилинқилобчи троцкийчиларнинг думи батамом тугилсин!»

Июль ойида Тбилиси партия активи мажлисининг резолюцияларида Берия қилган маърузанинг мазмуни тўла аксини топган:

«…Халқ душманлари фашизмнинг троцкийчи-бухаринчилар, меньшевиклар-миллатчиларнинг ёлланган айғоқчилари, Грузия халқини сотган душманлар уч карра шафқатсизлик билан тугатилсин!» («Заря Востока», 1937 йил, 12 июль). Бу террор аслаҳасини тайёрлаб туриш эди.

Дастлаб Сталин билан Берия йирик партия арбобларига деярли тегишмади. Аммо улар ўттиз олтинчи йилдан бошлаб бирин-кетин маҳв этила бошланди.

Закавказьеда оммавий террорни авж олдирган Берия, ўзининг жиноят оламида аллақачоноқ оммалашиб кетган «Ўғрини ушла!» деган синалган шиоридан фойдалана бошлади.

* * *

Буни қарангки, Закавказьедаги кўзга кўринган партия арбобларидан Буду Мдивани Сталинга бошқалардан кўра кўпроқ завқ бағишлади. Мдиванининг Бошкотиб билан баҳси партиянинг XII съездидан бироз аввалроқ, Ленин ҳаёт даврида Сталин сезиларли даражада маънавий инқирозга учраганда бошланган. Кейин Мдивани дипломатик «қувғинга» жўнатилди. Қасд олиш муддати эса 1936 йилга қолдирилди. Хўжайиннинг ишораси билан Берия тайёр турди. Ўзининг ҳам бу қайсар ўртоқда алами бор эди… Буду Мдивани ва бошқа совет ҳокимиятининг душманларига «сотилган» оғмачиларни заҳарлаш йил бўйи, ҳатто ўттиз еттинчи йилда ҳам давом этди. Буду Мдивани Закавказье бўйлаб мажлисларда, конференцияларда, съездларда бутун маҳоратни ишга солиб лаънатланди. Ана шундай васвасалар қаърига Мдивани гуруҳининг «аксилинқилобий фаолияти», ҳибсга олинадиган куни, суд жараёни ва қатл кунлари ғарқ бўлган эди.

…Тергов уни тиз чўктира олмади. Мдивани ИИХК (НКВД) учлиги олдида жасур, эркин ва ҳушёр жангчи сифатида ўзини тутди.

«Сталин учун мана шу масхарабозлик нимага зарур бўлиб қолди? Менинг қатл этилишим аввалдан маълум эди-ку, сизлар бўлса бу ерда менга бемаъни саволлар бераяпсизлар. Гўё менинг жавобларим бирор нарсани ўзгартирадигандай…»

Судья столида ўтирганлар Мдиванининг овозидан ўзларини олиб қочиш пайига тушиб қолдилар, аммо у ҳали ҳаммасини айтмаган эди.

«Мени отиш озлик қилади. Мени нимталаш керак! Ахир мен бу ерга XI армияни олиб келганман. Мен ўз халқимни сотганман, мен Сталин, Бериядай қаттолларга Грузияни бадном этишга, Ленин партиясини тиз чўктиришга ёрдам қилганман!».

Судга раислик қилувчининг ишораси билан жиноятчининг қўлини қайириб олиб кетишди.

…Қўллари орқага боғланган олти нафар ўлимга маҳкум этилганларни қатл қилишга олиб кетдилар. Тбилисидан чиқаверишда шофёр машинани тўхтатди. Маҳкумлар туширилди. Ҳозиргина қазилган ҳандақ ёнига келтирилдилар. Нарироқда пишитилмаган оҳак тўла юк ва сув ташийдиган машиналар турарди. Соқчиларнинг каттаси қўлида тўппончаси билан Мдиванининг ёнига келди.

— Шошма, мени ҳаммадан кейин отарсан.

— Бу нима деганинг, — ажабланди жаллод.

— Ўртоқларимга далда бериб тураман.

— Ҳа, шунақами.

У тўғри кўкракка, юракни мўлжаллаб ўқ узди ва навбатдагисининг ёнига келди. Олтинчи маҳкум ҳам ҳандаққа қулаганида, жаллод орқасида енгилгина инграш эшитди. Мдивани ҳали тирик эди. Бармоқлари қимирлаб турарди. Соқчи тўппончасини қайта ўқлади ва чалажон Мдиванига қаратиб, қаторасига ўқ узди, мурдалар ҳандаққа итқитилди, устиларидан оҳак ағдарилиб, сув қуйилди.

Қатл этилганлар орасида ўша тонг Михаил Окужава, унинг укаси, таниқли шоирнинг отаси Шалвалар ҳам бор эди.

* * *

Москвада Ленин сафдошлари устидан суд жараёни борарди. Энди улар жосусларга, қўпорувчиларга, сиёсий қотилларга айлантирилган эди. Доҳийга қилинган суиқасд тўғрисида матбуот ва радио орқали қанчалик хабарлар эшиттирилмасин, оммани далиллар билан ишонтириш осонроқ. Иложи борича чинакам далиллар билан.

…Қоялару ўпирилишлар аро олишиб, тик юксакликка ўрлайдиган, тоғ дараси аро тўшалган Рица кўлига элтувчи йўл. Унда, бир ярим чақирим баландликда, қудратли чўққилар билан ўралган ажиб кўл бўйида Сталин ўз маъзуниятини ўтказарди. Лошупса дарёсининг худди кўлга қуйилиш жойида унинг учун боғ-ҳовли қурилган эди.

Давлат боғ-ҳовлиси, деб номланган унга қарашли бундай жойлар Кавказда қанча эди? Сочида, Гаграга яқин — Совуқ дарё бўйида, Мюсерада (Пицунда яқинида), Цхалтубада. Яна Кисловодскда. Кейинги йилларда Берия Хўжайинни ўзининг зарурий ҳамроҳ-соқчилиги ролига ўргатди. Ўтган кузда у Сталинни Рица кўлига кузатиб борди. Беш ЗИСдан иборат дабдабали автомобиллар карвонида кетишди.

Олдинда — соқчилар, ундан кейин — Сталин, ортидан Берия Грузия Ички ишлар халқ комиссари Сергей Гоглидзе билан бирга йўлга тушишди. Тўртинчи машинада бир неча хизматкорлар, охиргисида — артсоқчилар боришар эди. Ярим йўлда, Гегининг Бзибь дарёсига қуйилиш жойидан ўтгандан сўнг Берия автомобиллар карвонини тўхтатди, ўзи машинадан тушди ва Сталинни иккинчидан тўртинчи машинага ўтишни таклиф этди. Ўзи ҳам унга ўтиб олди. У олдиндан сезган, қандайдир шубҳа уйғонган, бир гумаштаси нимадир хабар қилган эди… Йўқ, Берия ўз ходимларидан бутунлай кўнгли тўқ, лекин «эҳтиётчини худо эҳтиёт қилади»…

Йўл иланг-биланг, дам чап қирғоқдан ўнг қирғоққа, дам ортига сакрайди. Бир кўприкдан ўтилди, иккинчисида содир бўлиши кутилган ҳодиса юз берди. Олдинги машина кўприкдан эсон-омон ўтди, иккинчиси ўтаётганда кўприк портлади. Портлаш қанақалигини худо билади, бироқ акс садони тоғлар кўплаб марта кучайтирди. Автомобиль ўзанга қулади, харсанглар орасига тиқилиб қолди. Бу пайтга келиб дарё пишқириши сусайган эди, тўрт йўловчидан биттасини қутқаришга муваффақ бўлинди. Соқчиларнинг бир қисми суиқасдчиларни излаш учун жарликка отилишди, бошқалари жойларида қолишди.

Кўлга довур айланма йўл орқали етиб боришди. Биринчи ҳафта осойишта ўтди. Ва лекин Хўжайин сув бетида сирғанувчи яримкемада кўл бўйлаб сайр этишни истаб қолди, улар кўлнинг ўрмонзор ўнг қирғоғига келган чоғида ўқ узилди. Берия шу лаҳза сакраб турди ва ўзини Доҳийга қалқон қилди. Моторчи тезликни оширди, қарағайлар ортидан яна бир неча ўқ отилди, бироқ хатар ортда қолган эди. Берия қидирув группасини шахсан ўзи бошқарди. Суиқасдчиларни ўша куннинг ўзидаёқ тоғ довонида қўлга туширдилар ва Тбилисига жўнатдилар.

Лаврентий Берия мана шу фитнаси ёрдамида ўшанда кўп нарсага эришди. Жуда кўп нарсага. Энди Сталин биларди, ўртоқ Лаврентийга ҳамма нарсада ишонч билан суяниш мумкин. Аммо-лекин Лаврентий мўлжалланган режасининг фақатгина биринчи қисмини амалга оширган эди.

Ўттиз еттинчи йил ёзида у иш билан Сухумига кетди. Машинада у билан маҳаллий партия котиби (секретари), ҳайдовчи ҳамда шахсий соқчиси Борис Соколов бор эди. Шаҳар чеккасида тўхташди, Лаврентий Павлович толиқтирувчи йўл чигилини бироз ёзиш мақсадида машинадан тушишга қарор қилди. У йигирма қадам ҳам босишга улгурмай, буталар орасидан қўлларида тўппонча тутган уч киши чиқиб келди. Соколов Берияни тўсишга ўзининг қуролини ғилофидан чиқаришга улгурди. Берияга ёрдам беришга энди ҳайдовчи ҳам, котиб ҳам шошилишди. Йўлтўсарлар ғойиб бўлишди. Соколовни тезликда шифохонага элтишга тўғри келди: ўнг қўлига тўртта ўқ теккан экан. Сталинга, шубҳасиз, бу ҳақда хабар қилишди, Лаврентий Бериянинг обрў-эътибори янада ошди.

* * *

Сталинни қуршаганлар орасида унинг яқин сафдоши Серго — Григорий Константинович Орджоникидзе ҳам бор эди. Содда ва қизиққон Серго кўкларга кўтариб мақталган сталинча бош йўл амалда бошкотибнинг шахсий ҳокимиятини тиклаш ва мустаҳкамлаш эканлигини англамади ёхуд англашни истамади.

Оржоникидзега Сиёсий Бюро аъзолари ҳар хил муносабатда эдилар. Киров — муҳаббат билан, Молотов — яширинча ёқтирмай қарарди. Берия уни кўролмасди, аммо шундай бўлса-да, сир бой бергани йўқ.

Улар кўп жиҳатдан қарама-қарши одамлар эди: шиддатли, ғояга юрак-юрагидан содиқ, фидойи, беғараз Серго ва хиёнаткор-сурбет, маккор Берия. Унинг қора кечмиши, унинг беҳаё хулқи ва тийиқсиз шуҳратпарастлиги ҳамиша Оржоникидзени жиркантирарди. У йигирманчи йиллардаёқ Лаврентий билан шахсий алоқадан қочар, ҳатто дам олиш учун фақат ўша беҳаё пайдо бўлмайдиган ерларгагина борарди. Закавказье ўлка партия қўмитаси раҳбарлари билан кенгаш чоғида Сталин Берияни иккинчи секретарь қилиб тайинлашни таклиф этганда, ғазабланган ўртоқлар кечаси Оржоникидзе хонадонига ташриф этишди.

— Мен нима ҳам қила олардим? Неча марта Унга айтдим, бу одам ишончни оқламайди, деб, бироқ У менга қулоқ солмаяпти… — куйиб-пишиб жавоб берди Оржоникидзе.

Кремлнинг Троицкий дарвозаси олдидаги икки қаватли уйда XVII партсъезд ўтаётган кунлари Серго Оржоникидзе ҳузурида Сергей Киров, Роберт Эйхе, Григорий Петровский, Станислав Косиор, Борис Шеболдаев, Мамия Орахелашвили, Осип Пятницкий, Василий Шарангович ва Оржоникидзенинг ёрдамчиси Маховер йиғилдилар. Бошкотиб ҳақида, унинг амрини ўтказиш сиёсати тўғрисида жиддий гаплашдилар. Унутилмас съезддан сўнг, МК аъзолиги сайлов чоғида Сталин 292 қарши овоз олди, у Кировни ҳузурига чақиртирди.

— Билишимча, сенга бошкотиблик вазифасини эгаллашни таклиф этишибди. Шу тўғрими?

— Ҳа. Аммо ахир ўзинг айбдорсан. Биз сенга неча марта айтдик, бундай давом этиши мумкин эмас, деб. Сен эса эшикни қаттиқ ёпиб Сиёсий Бюро йиғилишидан чиқиб кетдинг…

Ишонувчан, содиқ Серго Оржоникидзе Кировга (камдан-кам бўлса-да) бошкотиб ҳаракатини танқид қилишга журъат эта оладиган оз тоифанинг бири эди.

Қочиб бўлмайдиган оқибат Лаврентий Берияни яқинлаштирди. Тажрибали фитначи бу ғаламис Сергони чақиб оладиган майда баҳоналарни ҳам кўздан қочирмасди — албатта, орқаворатдан, — ва Оржоникидзени Хўжайиннинг ичидан ёқтирмаслиги кучаяётганини англаб, имкони борича керосин сепди. Унинг эса имконияти кўп эди.

Серго Оржоникидзенинг Папулия деган акаси бор эди. Ўттизинчи йиллар бошида у Кавказ темир йўл бошқармасининг сиёсий бўлим бошлиғи бўлиб хизмат қиларди. Берия ўттиз олтинчи йил охирларида Сергонинг акасини хотини, болалари билан қамоққа олди. Оржоникидзе Папулияни тўғридан-тўғри бошкотиб буйруғига кўра қамалганини тасаввур эта олмасди. У Сталиндан илтимос қилди:

— Қулоқ сол, акамни чақир, уни ўзинг сўроқ қил, мана кўрасан, у ҳеч қандай айбдор эмас.

— Мен ИИХКга тўла ишонаман, — жавоб берди Хўжайин, — иккинчи марта бу иш билан менинг жонимга бошқа тегма. (Сергонинг сўзи бўйича 3. Г. Оржоникидзе билан А. М. Семушканинг ҳикояси).

Бой ҳазил-мутойибага эга, ҳамиша хушчақчақ, очиқкўнгил, меҳрибон, жонкуяр Папулия ёш Сергога мураббийлик қилган эди. Берия нишонни тўғри олди. Партияга оммавийлашган Оржоникидзени чўчитиб қўйиш лозим эди. Кировнинг ўлимидан кейин, оммавий қирғин тарафкашлиги бошланган пайтда Серго бот-бот ва қатъийроқ бошкотибни чегарадан чиқмасликка чақирди. Ҳеч бўлмаса меъёрни сақлашга… Серго яна ва яна Сталинга акасининг қамалиши мутлақо бемаънилигини исботлайверди.

— У қаёқдан душман бўлсин? Папулия мени партияга қабул қилган. Демак, мени ҳам бирга қамаш керак!

Бошкотиб шафқатсиз эди. ИИХКда Папулиянинг хоинона ҳаракатлари тўғрисида бир неча бор текширувдан ўтказилган далиллар мавжуд. У халқ душманининг ҳамтовоғи бўлиб чиқди. Партия ишчилар ишига хиёнат қилганни кечириши мумкин эмас. Илгариги хизматлари бунда ҳисобга олинмайди…

(Амаяк Назаретяннинг К. Д. Назаретянга айтган гувоҳлиги.)

Папулия қамоқдан қайтиб чиқмади. Грузия ССР ИИХКнинг учлиги 1937 йил 9 ноябрда уни ўлим жазосига ҳукм этди. Лекин Берия Сергонинг укасини ҳам ўз ташвишларидан соқит қилолмасди. Константин Оржоникидзе СССР Совет Халқ Комиссариати ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати бошқармасида хизмат қилар эди. Қамоққа олиб, бошламаси учун унга беш йил беришди. Сўнгра 1953 йил кузигача чиқаришмади. Мана Махсус йиғилишнинг Константин Оржоникидзе иши бўйича бир неча қарори:

1944 йил 26 август — 5 йил.

1946 йил 30 ноябрь— 10 йил.

1953 йил 4 август — 5 йил.

Оқлаш — 1953 йил 1 сентябрь (Г. К. Оржоникидзе ҳужжатлари архивидан).

Қатағон қилинганлар орасида Сергонинг жияни Георгий Гвахария ҳам бор эди. Уни ўттиз саккизинчи йили қамашди. Ногаҳон «халқ душмани»га айланиб қолган ўзининг энг яхши ёрдамчилари ва мутахассисларини йўқотиб, Серго 1935 йилдаёқ, Киров ҳалокатидан сўнг чуқур ички бир талвасани ҳис этди. Яшашга тоқати қолмади. Иш билан овуниш ҳам қутқаролмади. Сталин инсондаги табиий шуҳратпарастликни, у шундай ҳисобларди, қаноатлантириш учун нималарни ўйлаб топмади. Сергонинг номи колхоз ва совхозларга, мактабу институтларга, кўча ҳамда майдонларга берилди…

Калинин, Ворошилов, Микоян билан суҳбатларида тобора бот-бот бирдан бир қутулиш йўли ўз-ўзини ўлдириш эканлигини тилга ола бошлади. Сўнгги бора, 1937 февраль бошида Микоян билан Кремль бўйлаб томоша қилар экан, Серго ниҳоятда тушкун руҳда эди. У тўғридан-тўғри бошқа бир кун ҳам чидолмаслигини айтди…

(А. И. Микояннинг оғзаки эсдалигидан.)

…18 февраль куни эрталаб Серго кеч уйғонди, халқ комиссиариатидан тунги соат иккидан кейин қайтди. У ўз-ўзига суиқасд кунини аввалдан белгиламаган эди. Профессор Гальперинни 19 февраль кунига қабулга таклиф этганди.

…Энг сўнгги марта Сталинга, кўп йиллик дўстига оғриқли, бутун ҳаёти давомида кўтариб юрган шубҳаси бугунги кунда энг яхши одамларини ситиб олаётганлигини тушунтиришга уринди. Давра қайтариб бўлмайдиган даражада торайди. Жаҳаннам қийноғидан сўнг Сергонинг акаси — Папулия оттирилди. Неча марталаб сўнгги бир бурда нонни бўлиб еган одами Алеша Сванидзе отишга ҳукм қилинди. Алешанинг синглиси Сталиннинг хотини, унинг ўғлининг онаси эди… Бундан бир мунча илгари Оржоникидзе хонадонини ҳам тафтиш этишга келишганди. Ҳақоратланган, ғоят ғазабланган Серго бутун тун бўйи Сталинга қўнғироқ қилиб чиқди. Тонгга яқин боғланди ва шундай жавоб эшитди:

— Бу шундай орган, мени ҳам тафтиш этишлари мумкин. Ҳечқиси йўқ…

Ўн еттинчи кун эрталаб Сталин билан суҳбат. Бир неча соат кўз кўзга тўқнашди. Иккинчи суҳбат Серго ўзини тутолмас даражада дарғазаб, ўзаро ҳақоратлару русча ва грузинча сўкинишлар билан уйга қайтиб келгач, телефон орқали бўлди. Энди меҳр-муҳаббат ҳам, ишонч ҳам тугаганди. Бариси вайрон бўлганди… (И. Дубинский. Мутадзе Оржоникидзе. М., 1963, с. 6—71).

Серго ёзув столига ўтириб, узоқ вақт нималарнидир ёзди. Унинг юқори ва пастга енгилгина силжийдиган, эгилувчан қовурғасимон қопқоқли кўҳна столи бўлгич эди.

У турди, кабинети ва ётоқбўлма бўйлаб асабий юрди, яна столга ўлтирди, каравотга чўзилди. Кун оқшом томон оғди. Макеевский металлургия корхонаси директори, жияни Георгий Гвахария келди. Серго уни ўз ўғлидай яхши кўрарди, ҳар келганда қувончга тўларди.

Меҳмон Зинаида Гавриловнани ташвишли ҳолатда учратди:

— Сергоазондан бери чиқмаяпти, ҳеч нарса егани ҳам, ичгани ҳам йўқ…

— Йў-ғе!.. Гавриловна, самоварни қўй-да, айт, мени келди, де.

У меҳмонхона чироғини ёқди. Бир дақиқадан сўнг қия очиқ ётоқбўлма эшигидан ўқ овози эшитилди.

Серго ички кийимда каравотда ётарди, тўппонча қўлидан полга тушиб кетганди. Оппоқ кўйлакка қонли доғ ёйиларди.

Аёл телефонга отилди, врачга қўнғироқ қилди, кейин — Верага, синглисига. Врач ҳеч қандай ёрдам кўрсатолмади, кўп ўтмай синглиси келди. Ярим соатдан сўнг Молотов, Ворошилов, Каганович, Ежов ҳамкорлигида Сталин пайдо бўлди.

Вера ёзув столи олдида туриб қўлидаги қоғоз варақларини тахлар, уларга нотекис абзацларда, эгри-бугри қилиб нималарнидир ёзилганди — одатда марҳум ўз докладлари тезисларини худди шундай қораларди.

Сталин Верага яқинлашди:

— Бу ёққа бер! — ва аёл қўлидаги қоғозларни юлиб олди.

— Мана, ўртоқ Сталин, — деди Зинаида Гавриловна, — Сергони мен учун ҳам, партия учун ҳам асролмадик.

— Жим, эси йўқ аёл!

Доҳий меҳмонхонага ўтди, изидан — бошқалар ҳам.

— Қара, қанақанги дардисар касаллик! Одам дам оламан деб ётади, унда эса хуруж тутиб, юраги ёрилади… Газетада шундай хабар бериш керак.

Бошкотиб дастури, одатдагидек, индамай қабул қилинди.

Сергони ўраб олишди. Сталин башарасига улкан қайғули дамларидаги ифода тусини берди ва сураткашга, ўзининг катта соқчиси Николай Власикка имо қилди.

Оғир саноат халқ комиссари кенгаши секретари Анатолий Семушкин Москва-река қирғоғидаги Ҳукумат уйида яшарди. 1917 йилдан партия аъзоси, XI армия сиёсий бўлим ходими эди, Лаврентий Берия хатти-ҳаракати тўғрисида баъзи нарсаларни миш-мишларсиз айнан биларди.

Кеч соат саккиз яримда унга халқ комиссарининг шофёри Волков қўнғироқ қилди:

— Сергога чатоқ бўлди, мен ҳозир сени олиб келгани бораман.

…Семушкин хонага кирди, жонсиз Сергони Сиёсий Бюро аъзолари ўртасида кўрди.

— Ўлдиришди, аблаҳлар, ўлдиришди!

Ва беҳуш йиқилди.

Уни кўтаришди, диванга элтиб ўтказишди. Чакка сочлари тўсатдан оқариб кетди.

Кенг уйда аллақачон соқчилар изғишарди — қандайдир секин, хиралик қилмай титкилашарди. Иккинчи куни кечқурун бева ёзув столининг юқори ғаладонидаги тўппончаларнинг йўқолганини сезиб қолди, улар Сергода тўртта бўлиб, инқилоб йилларидан хотира эди. Бева қўрқиб қолган, хаёли паришон эди, бироқ уларни сезди. Қоғозларнинг тартибсизлигини ҳам пайқади. Ғаламисли ишлар изини кўриб, Зинаида Гавриловна Совет назорат комиссиясига, Амаяк Назаретянга қўнғироқ қилди:

— Биласанми, менда нима бўлаяпти! Бутун уйни титкилашибди, ҳатто Сергонинг номи ёзилган қуролларини ҳам олиб кетишибди.

(К. Д. Назаретян эсдалиги бўйича).

Зинаида Гавриловна ҳар эҳтимолга қарши Сергонинг барча суратларини йиғиштириб, уларни ёқиб юборди. Қонли ички кийимлару чойшабларни ўради ва кўрпа остига яшириб қўйди. Бева уларни эллик олтинчи йилгача сақлади ва XX съезддан кейин уларни яқин дўстларига кўрсатди.

21 июлда Серго Оржоникидзе мероси бўйича Марказий Комитет комиссияси тузилди. Унга олти киши кирди, шу жумладан — Анатолий Семушкин, Лев Мехлис. Сталин раис қилиб Лаврентий Берияни тайинлади. Бир ҳафтадан кейин Семушкинни Лубянкага таклиф этишди. У чекист ўртоқлардан Серго таржимаи ҳолига оид материаллар қидириб топишда фаол ёрдам кутиб, бажонидил борди. Семушкин у ердан қайтмади.

Эртасига унинг хотини Аннани терговчилар сўроққа тутишди:

— Оржоникидзени эрингиз ўлдирганини билармидингиз? Билгансиз, албатта. Нимага дарров хабар қилмадингиз?

Анна Михайловна: Нима деяпсизлар? Ўртоқ Сталиннинг ўғли Яшадан сўрангизлар. Биз у куни ҳаммамиз бирга боғ-ҳовлида эдик.

Терговчи: Сўрашнинг ҳожати йўқ, шусиз ҳам ҳаммаси равшан. Ўз гувоҳлигингизга қўл қўйинг.

— Мен имзо чеколмайман…

Терговчи даҳлиздан соқчини чақириб олди:

— Мана бу граждан Семушкина ўз гувоҳликларини тасдиқлашдан бош тортаяпти. Сизнинг иштирокингизда унинг учун қўл қўяман.

Ва имзо чекди. У, шубҳасиз, бу борада аниқ йўл-йўриқ олган эди.

Семушкин ўлди, Анна Михайловна саккиз йил лагерда тентиради.

1956 йил, XX партия съездидан кейин Семушкиннинг беваси СССР Бош прокурори қабулига киришга муваффақ бўлди. Руденко орқали аён бўлдики, Анатолий Семушкинни ўттиз саккизинчи йили Лубянкада Лаврентий Берия шахсан ўзи отган…