Нормурод Норқобилов. Чол ва бола (ҳикоя)

Болакай паст бўйли, миқти гавдали, чиройли кузалган соқоли нимдош кулранг тўни остидан кийиб юрадиган яктагидек оппоқ, қўшни Абдулла чолни яхши ҳам, ёмон ҳам кўради. Чунончи, чол ҳам оқ сариқдан келган, жигарранг қийиқ кўзлари ҳамиша кулиб турадиган, аллақачон мактаб ёшига етган эса-да, жуссаси беш яшар болага келбат берадиган Эрали отлиқ бу болакайни, дам-бадам тинчини бузиб, хавотирга солишини айтмаса, худди ўз неварасидек суяди.
Абдулла чолнинг безовталигига келсак, қилиғи ва юриш-туриши овул болаларига сира ўхшамайдиган болакай кейинги пайтда, чол таъбири билан айтганда, дала-даштда саёқ итдек суманглаш билан қаноатланиб қолмай, энг баланд чўққиси минг газдан зиёда бўлган Қаритоққа зимдан интила бошлаган эди. Элликдан ошиқ қўй-қўзидан иборат чоққина суруви кетидан соядай эргашиб, оппоқ тонгни даштда қаршилаб, шомда эран-қаран овульга энадиган чолга болакайнинг бу хатти-ҳаракати ёқмас – фалокат босиб, бирор ўнқир-чўнқирга йиқилиб тушишидан хавфсираб, доим жонҳалак эди. Турган гапки, бўлак кимса болакайнинг бу тарзда якка-ёлғиз улоқиб юришидан аллақачон уйидагиларни огоҳ этган бўларди. Бироқ кексалик сарҳадига қадам қўйиб, чўпонлик таёғини эрмакка қўлига тутгунга қадар, узоқ йиллар мактабда болаларга сабоқ бериб келган, боз устига, табиатан ўта болажон бўлган Абдулла чол дунё тескари эврилган тақдирда ҳам бундай қилолмас, зийрак, ёқимтойгина болакайни кечда гоҳида худ-гоҳида бехуд кайфиятда юмушдан қайтадиган ота-онасининг ғаза­бига дучор этмоқни истамасди. Чол биладики, ота-она меҳри, ўрни келганда, қаҳрдан минг чандон ёмон – болани англаш ўрнига, дарров тазйиққа олиб, руҳини мисли қуриган чўпдек синдиришади. Шунинг учун чол бу ҳақда девор-дармиён қўшнисига чурқ этмайди. Аммо даштда болакайнинг қорасини илғаши билан, ҳай-ҳайлаб ёнига чорлайди, аввалига яхши гапириб, елкасини силаб-сийпалайди, сўнг эса йўлига дўқлаб-сўқлаб, овульга ҳайдаб солади ва ҳар сафар кетидан таажжуб-ла тикилиб қолади: “Ё тавба-а, бу болани туққинча энасининг боши дала-даштга қоронғи бўлганми дейман-а?”
Болакай анойилардан эмас, бош эгиб, сўзсиз итоат этган киши бўлади-ю, сершувоқ катта-кичик дўнгликлар ортига ўтиши билан, чолнинг кўзини паналаб, ичида уни яниб-я­ниб, тағин тоғни қоралашга уринади. Инчунин, чол ҳар доим ҳам дўқлайвермайди, баъзан, география муаллими эмасми, касб-корига нисбатан соғинч ҳисини туйиб, гоҳ дашт-у далалар, гоҳида эса ғарбдан шарққа чўзилиб кетган кекса тоғ хусусида гап очиб, нечун унинг “Қаритоғ” деб аталишини алоҳида таъкидлаган ҳолда, у олис палеозов эрасида юзага келган бурмали тоғлар қолдиғи эканини айтиб, ўша олис замонларда келбати ҳозиргига нисбатан ўн баравар чўнг бўлгани ҳақида мароқ билан сўйлагиси келиб қолади, сўйлайди ҳам. Чол тоғ-у тошлар билимдони, қўйиб берса, бу мавзуда тонгдан шомгача сўзламоғи мумкин. Афсуски, уни тингловчи доимо қаҳат – кундалик икир-чикирларга ўралашиб қолган овул аҳлига қандайдир тоғ-у тошларнинг, жумладан, Қаритоғнинг қизиғи, чунончи, сариқ чақачалик қадр-қиммати йўқ. Чунки бу кекса тоғдан кишиларга наф йўқ – на ўтинликка ярайдиган дов-дарахти, на мол-ҳол боқишга тузукроқ яйлови бор – яланғоч тоғ-у тошлоқ. Бир жиҳатдан, чол шу важдан ҳам чўпонлик таёғини ошна тутган – овулнинг биқиқ, танггу тор муҳитидан кенг даштни афзал билган. Болакайга келсак, қулоғи ёнидан сирпаниб ўтаётган айрим нотаниш илмий ибораларни идрок этмоқ­қа чоғи ва қурби етмаганидек, худди тирик жондек, тоғларнинг қариб-чурушини, шусиз-да жуда чўнг кўринмиш Қаритоғнинг эса ўша олис замонларда бундан ўн чандон юксак бўлганини ҳеч тасаввурига сиғдиролмайди, аммо шунга қарамай, чолнинг гап-сўзлари­ни жуда берилиб тинглаётганидек тутади ўзини.
Болакай тинглагани сайин чол тобора очила боради.
Бунга сари болакай дашт жанубида гўё сумбатини кўз-кўз қилгандай, қомат кериб турган қизғиш, кулранг тусдаги қояларга, буралиб, бурмаланиб кетган тизмаларга, соя­ланиб турган унгурларга ҳарислик билан боқар­кан, наздида, кекса тоғ тинмай ўзи томон чорлаётгандай туйилади.
Аксига олиб, бундай пайтларда чол уни ёнидан жилдиргиси келмайди. Кампири узоқ-яқин овулларга тушган қизларидан бириникида қўноқлаб, тунаб қолган кезлари, оқшом жилмайганча, таом тўла коса билан эшикдан кириб келадиган болакайни тоғ-у тошда танҳо изғишини истамайди. Баъзан “йиртқич” сўзини атай тилга олиб: “Буйтиб ёлғиз дайдима, товда йиртқич бўрилар бор”, дея қўрқитиб қўйгиси келади. Лекин зиёли одам эмасми, бундай демоқдан ўзини тияди. Боиси, чолнинг ўзи болалигида қур ёхуд илиқ сандал теварагида кечадиган тунги гурунгларда, умрларида бирор хавфли йиртқичга тўқнаш келишмаган эса-да, шунчаки қулоқларига чалинган олди-қочди уйдирмалар асосида оғиз кўпир­тиришни хуш кўрадиган айрим кимсаларнинг айиқлар ёвузлиги-ю, бўрилар ваҳшийлиги тўғрисидаги ҳикояларини тинглайвериб, қўрқув ҳисига ҳаддан зиёд тўйинган эмасми, бу нохуш туйғу киши юрагида бир умрга тўнғиб қолишини назарда тутиб, буни болакайга раво кўрмайди.
Тўғри, кейинчалик чол Қаритоғдан бўлак тоғ-у тошларга ўрлаб, йиртқич жониворларнинг ёвузликлари кўпинча қўрсоқларига боғлиқлигини, яъни тўқ жониворлар у арчазорда учратган қўнғир айиқ сингари ими-жимида кетига қайрилиб, у дуч келган бўрилар каби наридан сояланиб ўтиб кетишларига кўп бор гувоҳ бўлган. Лекин шунга қарамай, болалигида юрагига михланиб қолган қўрқув ҳисидан барибир қутула олмаган – “бўри” деса, ҳалигача эти жунжикиб, тани жимирлагандай бўлади. Мана шу туфайли, дейлик, мабодо болакай қизиқсиниб: “Қаритовда бўрилар борми, бово?” дея сўраб қолган тақдирида ҳам, табиийки, биринчи ўринда, унинг юрагига қўрқув солмаслик, иккинчидан эса, тоғда бўрилар, даштга яқин ўнгирлардан бирида инлари борлигини билмаслиги важидан чол қатъий йўсинда: “Ие, қуриб, қақшаб ётган бу товда бўри нима қилади, бўтам”, деган бўларди.
Башарти ўша куни кечки пешин олдидан болакай дўнгликларни паналаб, ўз кўнглида чолнинг кўзини шамғалат қилиб, тағин тоғни қора тортмаганида, туйқусдан унинг ортидан кўриб қолган чол ҳар галгидек изига қайтарганида, кейин ҳам билмаслиги, бутун овульга шов-шув бўлган қуйидаги воқеа юз бермаслиги мумкин эди.
Қувлиги малол келдими, ё бу ёзмиш аввалдан болакайнинг манглайига битилган эканми, чол бу марта болакайни ўз ҳолига қўйди: “Майли, айланиб, би-и-ир хуморидан чиқиб келақолсин, қайтишида яхшилаб қулоғини чўзиб қўяман”, дея ўзини овутган бўлди. Болакай эса имконсиз тўсиқдан осонгина ҳатлаб ўтгандай, ўзича шодланиб, диконглаганча, илгарилашда давом этди.
Бунга қадар тоққа ёндош дўнгликларга ўрлаш билан кифояланиб, нарига қадам қўйишга ҳали улгурмагани боис, бу дафъа режаси бўлакча – йўлида тўнкарилган қозондай тўнқайиб турган тепаликнинг ўнг ёнлаб ўтиб, олис-яқиндан виқор-ла кўзга ташланиб турғувчи юксак, қизғиш қоя пойидаги тик ва баланд қияликка тирмашиш ўйида эди. Чунки ҳар қуёш ботиш олдидан тўқ қирмизи тус олиб, ғаройиб бир тарзда товланишга тушадиган қизғиш қоя мана шу жиҳати билан азалдан унинг хаёлини ўғирлаб, диққатини жалб этиб келар ва натижада, қияликка кўтарилиб, қоянинг қизғиш сиртини болаларча қизиқиш билан атига бир бора силаб-сийпалаб кўриш истаги сўнгги вақтда болакайнинг бирдан-бир орзусига айланган эди. Агар қоя пойи бўйлаб, ҳар икки ёнга чўзилиб кетган энсиз, силлиқ, қизғиш тош йўлакка чалғимаганида, шу билангина чекланиб, ҳаялламай ортга қайт­моғи мумкин эди. Аммо…
Болакай тошлоқ қияликка дадил ўрлаб, қоя пойидаги йўлакка қадам қўяр экан, дастлаб унинг силлиқлигидан ажабланди, сўнгра икки томонга чўзилиб кетгани билан қизиқсинди. Ўнг кафти билан қоянинг ғадир-будур сиртини сийпа­лаб кўраркан, нафас ростлаш асносида, ўзини юксак-юксакда ҳис этиб, қуйидаги даштга, чолнинг қорайиб турган сурувига мағрур назар ташлади ва ўзича чолни ғирт ўтирикчига чиқарди. Чунки ўтган сафар чол, одатдагидек, “пайдо бўлган” демай, “ўсиб чиққан” жумласини тилга олиб, шундай деган эди-да: “Бу-у Қаритов деганлари ернинг орқаси тортиб, телбаларча жазавага тушганида, қўзиқорин сингари замин бовридан ўси-и-иб чиққан…” Ўшанда болакай даштдаги ўт-ўланларга сер солганича, томорқалари адоғидаги адл теракларни, ўрталиқдаги ўрикни кўз олдига келтириб, бу гапга ишонмаган ва шунинг учун чолнинг устидан кулган бўлди: “Хиҳ-ҳ, тов сизга ўт ёки дарахтмидики, ердан ўси-и-иб чиқса…” Кейин ичини аёвсиз тимталаётган ўша қизиқиш забтида йўлак бўйлаб кунботиш томон жилди.
Болакай ушбу хаёлда қоя гирди ёқалаб бориб, жанубга қайрилар экан, бирор муддатдан сўнг ўнг қанотда, қуйида юз очган манзарага – кунботиш ҳамда шимол, яъни даштга қараган тарафи сарғиш тусдаги баланд жарликлар билан ўралган дара тубидаги кенг сайҳонликдан ўрин олган турли шакл-шамойилдаги катта-кичик қоятошлар мажмуасига кўзи тушиб, ҳайратдан лол туриб қолди ва зумда миясига келгани шу бўлди: “Ўҳ-ҳў, бекинмачоқ ўйнашга жудаям зўр жой эканми!” Кейин ўзича орзуланди, қани энди, бу қоятошлар овули яқинида бўлиб қолса-ю, жўралари билан кунда маза қилиб бекинмачоқ ўйнаса, мудраётган филга ўхшаш беридаги кулранг қоятошнинг хартумига тирмашиб, ҳориган отдек бошини қуйи солиб турган наридаги қоятошнинг яғринига миниб олса…
Болакай тик қотганча ғаройиб қоятошларни зўр қизиқиш билан кўздан кечирар экан, сайҳонлик жанубидаги жарсимон қиялик белидаги оралиқни – икки четида икки қоятош худди соқчилардек қомат кериб турган йўлакни сўнг илғади. Бу йўлакдан кейин дара ўзани қайта кенгайиб, сирли бир тарзда узун-қисқа қоялар ва дўнгликлар оралаб, нарига чўзилиб кетганди. Агар ўй-хаёлини қоятошлар банд этиб қўймаганида, тенгдошларидан фарқли ўлароқ, дала-дашт ва жарликларда тентишнинг обдон ҳадисини олган болакай дара ўзани бўйлаб улоғиб кетишдан ҳам тоймасди. Аммо шу тобда у ним ҳадик аралаш масрурлик, олға ундовчи қутқули туйғу оғушида бўлиб, тезроққина қуйига эниб, қоятошлар оралаганча, мудроқ филтошнинг узун хартумига тирмашишдан ўзгасини ўйламасди.
У ушбу туйғу измига бўйсиниб, ўтган даврлар мобайнида қоя бағридан узилиб, дара тубидаги сайҳонликка қияланиб тушган тошлоқ бетда қалашиб, сочилиб ётган харсанглар ора­лаб, иссиқ-совуқ таъсиридан юзага келган чағир тошларга тийғана-тийғана қуйига эна бошлади. Юраги ҳаприқиб, оёғи остига қарамас, икки кўзи сайҳонликда эди. Ахир, бу хилдаги қоятошларга ҳеч дуч келмаган эди-да. Қани энди, илдамлашига жиддий халақит бераётган манови харсанглардан сакраб-сакраб ўтиб, биринчи галда филтошнинг хартумига тирмашса, овульга қайтганида эса, копток тепишдан бошқасини билмайдиган бақироқ жўраларининг ичини ёндириб, роса мақтанса.
Болакай хаёлан жўраларининг ичига ўт ёқиб бораркан, этакдаги ўнгир тепасига етганда, юраги ниманидир сезгандай, беихтиёр секинлаб, қуйига назар ташлади. Шунда кўзи ўнгирнинг чоғроқ ўтов ўрнидан хиёл кичикроқ тубида бир-бирларини тишлаб, тортқилаб, шўх-шодон ғимирлаб юрган митти жониворларга тушди. Ха­ёли бўлиниб, диққати пастга оғди. Турган гапки, уларни бўри болалари эканини ўйига ҳам келтир­мади. Боиси, унинг бахти шунда эдики, чолга ўхшаб кечки йиғинларда бўриларнинг ақл бовар қилмас ёвузликлари тўғрисидаги даҳшатли гурунг­ларга тўйинмаган; билакс, айни дамда бахтсизлиги шунда эдики – гар тўйинганида не балога дуч келганини зумда фаҳмлаб, шу ондаёқ жуфтакни ростлаб қолган бўларди. Бу камдек, бунгача урғочилиги туфайли кўчага ҳайдалган ва оқибатда, дала-даштдаги ҳаром қотган жониворлар лоши ва шу хилдаги бошқа емишлар билан қаноатла­ниб, жардаги овлоқ ўнқир-чўнқирларда болалашга кўниккан саёқ ит болаларига бир неча марта дуч келган эмасми, тубдаги митти жонзотларни кучукваччалар деб ўйлади.
Бу яқин атрофда қанжиқнинг қорасини илғамагач, ўнгир тўрида қорайиб турган ин оғзига пича ҳадиксираб қараб турди-да, сўнг қуйилаб, сайҳонликка туташ энишдан сирпаниб пастга тушди.
Ушоқ жониворлар кутилмаган ташрифдан чўчиб, аниқроғи, чўчинқираб, нари-бери чекинган бўлишди-да, салдан кейин думчаларини ликиллатганча, кўзлари кўнгилни ийдирадиган даражада жайноқлаб, чўккалаган кўйи бармоқ ўйнатиб, лабларини чўлпиллатиб, уларни ўзи сари чорлаётган болакайни тевараклаб келишди – бири тиззасига суйкалиб, бошқа бирлари чоти орасига суқилиб, ўйнаша бошладилар. Болакай ғўрлигига бориб, қорин ва қулоқлари ичидаги туклари оқиш, тана туклари оч қўнғир, қорамтирга мойил бўлган бу миттивойлар нечун бир тусдалигини, одатда, ит болалари турли кўринишда бўлишини ўйлаб ҳам кўрмади.
Қилиқлари хуш ёқиб, уларни санаган бўлди.
Тўртта, йўқ, бешта… ия, кунжакда яна биттаси бор экан… олтита.
Болакай бўри болаларининг ҳали униси, ҳали бунисини қўлига олиб, бағрига босиб, силаб-сий­палаб, эркалашда давом этаркан, уларни ўтган йили қиш адоғида жардаги ковакларидан бирида болалаган ювош, қўнғир итнинг болалари деб гумон қилди. Бундан кўнгли янада хотиржам тортиб, бу дафъа қанжиқ нечун жарда эмас, тоғда болалаганидан ажабланган бўлди. Кейин қўлидаги жониворни бағрига босганча, ўнгир девори тагидаги япалоқ тош устига бориб чўкди. Қолган жониворлар пилдиллаганча ортидан эргашишди. Болакай биладики, қўнғир ит тўсатдан келиб қолган тақдирида ҳам аксарият итлар каби гидикларини қизғанмайди, ириллаб-сириллаб, акилламайди, қачон даф бўласан, дегандай сабр-тоқат-ла бир чеккада мунғайиб тураверади. Ўтган кўкламда гидикларидан бирини ўзи билан олиб кетганида монелик қилмаган, кетидан ғингшиб қолган, холос. Лекин кучукчани асрашга отаси изн бермаган, ҳозироқ кўзимдан йўқот, деган.
Бу орада чол хавотир оғушида тоққа яқинлашиб қолган эди. Бунга қадар болакайнинг тезроқ қайтишини кутиб, ора-сира у кетган томонга қаранганча, хотиржам ўтирган эди. Бироқ қизғиш қоя пойида бир лаҳзага кўланкаланиб, сўнг тўсатдан ғойиб бўлган қорани тасодифан илғаб қолгач, тинчи бузилиб, пайтавасига қурт тушган, боласи тушмагур ёмон ҳаддидан ошиб кетди, дея говрон учини зарда билан ерга дўқ-дўқ урганча, тоққа йўл тортган, эгасиз қолаётган сурувини ўйлаб, яқинда бевақт ажал топган итига ачиниб қўйишни ҳам унутмаганди.
Чол болакай ёнлаб ўтган тепаликка етганди ҳамки, кунчиқишдаги дўнгликлар орасидан собиқ ўқувчиларидан бири, ўрта бўйли, кенг яғринли Ўрол чавандоз кулимсираб чиқиб келди. Салом-аликдан кейин унинг: “Буйтиб юрибсиз, нима, қўзи-пўзи йўқотдингизми, малим?” деган сўровига жавобан, чол, вақтимни олма, деган оҳангда: “Ҳамсоянинг ули шу тарафга ўрлагандай бўлувди”, дея гапни қисқа қилди. Ўрол чавандоз: “Ҳа-а энди, бола-да, улар ёшида бизам гўр эмасдик, ғирт куйдирги эдик”, дегач, чол, йўлдан қолдирма, деган маънода манглай тириштириб, шундай-шундай, дея олға жилди. Аммо Ўрол чавандоз кетмоғига қўймади, уловдан ирғиб тушиб, деди: “Сиз овора бўманг, малим, ўзим қарайман. Ўзи қаён кетди у, тирмизак?” Чол қошидаги қизғиш қояга имо қилишга қилди-ю, лекин болакай қоянинг қайси тарафига йўналганини айтолмади. Ўрол чавандоз этиги пошнаси билан темир қозиқни ерга қоқаркан, ўзича тусмол қилди: “Аниқ дарага кетган. Бизам доим шу томонга чопардик”. Ўрол чавандоз, сиз қолинг, дея ҳарчанд қистамасин, чол кўнмади: “Ҳали оёқдан қолганимча йўқ…” дея ўзи олдинга тушиб, йўл бошлади.
Ҳалигача қўрқув нелигини англаб етмаган, митти жониворлар билан овора бўлиб ўтирган болакай ўнгир лабига шарпа янглиғ келиб босган она бўрини пайқамади. Қачонки, қўрқинчли сас қулоғига чалингачгина бошини кўта­риб, эниш тепасида сўйлоқ тишларини иржайтириб даҳшатли тарзда ириллаб турган йиртқични кўрди. У не гаплигини идрок этгунча бўлмай, бўри бир сакраб, унинг нақ қошида пайдо бўлди.
Агар чол болалигида обдон тўйинган гап-сўзлар ҳақиқат эрса, қанжиқ шу заҳотиёқ болакайни тилка-пора қилиб ташлаши лозим эди.
Бироқ бундай бўлмади.
Нечун?
Нечунлиги шундаки, худди она табиатдек, ёввойи жониворларнинг ҳам ўзига хос сир-синоатлари, ақл бовар қилмас амаллари бисёр бўлиб, ҳар доим ҳам одам боласи тасаввуридаги аянчли воқеа-ҳодисалар юз беравермайди. Ўнгир четига панжа қўйиши биланоқ жигаргўшалари билан ўйнашиб, уларни эркалаб ўтирган болакайнинг яланғоч новдада зўр-базўр илиниб турган кузги япроқдек заифлиги-ю, ҳамиша осон ўлжа бўлмиш узун қулоқ товушқондек безиён, беозорлигини туйишга улгурган, шунга кўра, қаҳр аралаш рашкдан оловланган ҳолда унга рўбарў бўлган бўри қўрқувдан тарашадай қотиб қолган болакайга ташланиш ўрнига, ушоқ­қина вужудидан ўз болаларининг, болаларидан эса болакайнинг ҳиди бурқиб турганидан ҳайратга тушгандай, ириллашдан тийилиб, чўнқайганча тек туриб қолган эди. У йиртқич сифатида нечоғли тажовузкор бўлмасин, қаршисидаги ожиз жонга нисбатан нафрат ҳисини сезмади, уни ғаним деб билмади. Бўрилар йўриғи шу – дейликки, худди ўта даражада қопағон ит ербағирлаб қимир этмай ётиб олган кимсага қопинмаганидек, йиртқичлар ҳам заиф жонга ғаним, нафси қониқ пайтда эса, ўлжа йўсинида қарайвермайди. Боз устига, шу пайт ҳавода ўткир пешоб ҳиди анқиб, бу ҳидга чалғиган қанжиқда даҳшатдан иштонини ҳўллаб қўйган одам боласини искаб кўриш истаги пайдо бўлди. Аммо намчил тумшуғини у томон чўзган ерида, нечундир ниятидан қайтиб, кесакдан фарқсиз болакайга, нима қилсам экан сени, дегандай тикилиб қолди.
Қанжиқнинг боши қотганди.
У ёш – бу йил биринчи болалаши эди.
Бу ҳам етмагандек, ҳар қандай мушкул ҳолатда доимо унга ақл бўладиган арлони ёнида йўқ эди.
Бироқ ғимир-ғимир қилиб, дам у, дам болакай атрофида ўралашаётган тиниб-тинчимас миттивойлар тезда унинг ҳушини жойига келтириб, оналик бурчини эслатиб қўйишди. Бўри ўзига ёпишаётган болаларидан нарироқ кетишни истагандай, илкис ўрнидан қўзғалди-да, улар учун қўрсоғида олиб келган хўракни – чала чайналган бир талай этни ўнгир ўртасига қайд қилиб ташлади. Бу юмушдан сўнг диққати болаларига бўлинган қанжиқнинг қарашлари бирмунча юмшаб, жуфтини кутаётгандек, гоҳ ўнгир четига, гоҳ тагидаги тошидан фарқсиз ҳолда қотиб ўтирган болакайга ўқтин-ўқтин кўз ташлаб қўйишини демаса, анча хотиржам тортган эди.
Аммо, афсуски, даҳшатдан адойи тамом бўлган болакай бўридаги бу ўзгаришни пайқай­диган аҳволда эмасди. Боланинг назарида, вақт аллақачон тақа-тақ тўхтаб қолгандек эди. Йўқ, вақт тўхтамаган – ана, сира кутилмаганда оёқ остида тошлар шиқирлаб, гангир-гунгур овозлар эласлана бошлади.
Болакайга дарров жон кириб, бор овозда додлаб, ўзидан дарак бермоқчи бўлди. Бироқ кўзлари қайтадан лахча чўққа айланиб, зумда ҳушёр тортган қанжиқнинг ёвуз, даҳшатли важоҳати бунга монелик қилди – гар хиёл қилт этар бўлса, тўғри бўғзига чанг соладигандек, тили танглайига чиппа ёпишиб, нафаси чиқмай қолди. Бу орада йиртқич хўрак билан андармон болаларини тумшуғи ва оёғи билан турткилаб, ини томон ошиғич ҳайдашга тушди. Бироқ емакни кўзлари қиймаган нодон миттивойлар итоат этишни хаёлларига ҳам келтиришмади – бирини ҳайдаса, иккинчиси, иккинчисини ҳайдаса, бошқаси хўракка келиб ёпишишда давом этди. Бу эса босиб келаётган балога тезроқ юзла­ниши лозим бўлган бўрининг сабри тугашига сабаб бўлди. У тишга сапчиди, сапчиш асносида теваракдаги воқеа-ҳодисаларга бутунлай бефарқ “қулоқсиз” болаларига, гўё уларни сўнгги марта кўраётганидек, шундай бир мунгли қараш қилдики, ўзи не ҳолатдалигига қарамай, болакай буни сезмай қолмади.
Бўри эниш тепасига сакраб чиқиши билан қадам товушлари – чағир тошларнинг шақур-шуқури тиниб, ҳавода ҳаяжонли хитоблар қанотланди:
– Э! Жондорми?!
– Шунга ўхшайди!
– Қайси гўрдан пайдо бўлди?!
– Ўнгирдан чиққандай бўлди!
– Ини борга ўхшайди!
– Шунга ўхшайди!
– Энди нима қиламиз?!
Энди нима қилишни на тошлоқ бетда ҳайкалдай қотиб қолган кимсалар, на ириллаганча, кети билан энишга яқин қоятошлардан бири ёнига андак чекинган ҳолда, шу тобда қайси гўрлардадир санғиб юрган арлонининг қора беришидан умидвор қанжиқ биларди.
Бу танг, карахт вазиятга тўсатдан ўнгирдан ўқдай отилиб чиққан болакай чек қўйди. У ранги-қўти бир аҳволда, бўғиқ овозда узуқ-юлуқ додлаб, ҳар икки одимда қоқилиб-суқилиб, жонҳолатда овулдошлари сари интилди. Бир қарашдаёқ шўрликнинг не ҳол, не аҳволдалигини фаҳмлаган Ўрол чавандоз уни даст кўтариб, маҳкам бағрига босар экан, қўрқма жиян, қўрқма, дея далда берган бўлди. Чол эса ти­ним билмас саёқни соғ-омон кўрганидан ўзида йўқ қувониб, дайди ит, суманг ит, дея кафти сирти билан нам кетига кетма-кет тарсиллатиб туширди. Ўрол чавандоз терс ўгирилиб, қу­чоғидаги болакайни чолдан ҳимоялар экан, унинг ўнгирдан, йиртқич ортидан отилиб чиққанини назарда тутиб, бундан чандон ҳайрати ортиб, деди:
– Жондор сенга қотинмадими-эй?
Ўрол чавандознинг бўйнидан қучиб олган болакай дағ-дағ титраганча, йўқ, деган маънода бош чайқади-да, сўнг томоғига йиғи тиқилиб, ҳиқиллаб деди:
– Болалари билан ўйнаб ўтирувдим, кеп қолди! Лекин тегмади…
Бу гапни эшитган катталар аввал бир-бирларига, кейин ўша-ўша кўзлари чўғланиб, ваҳшат-ла ириллаб турган бўрига, ишонгилари келмагандай, ажабсиниб қараб қўйишди-да, сўнг ими-жимида изларига қайрилишди.
Бир муддатдан кейин Ўрол чавандоз хийла ўзига келган болакайни ерга қўйиб, кифтига енгилгина қоқиб-суқиб, олға юришга ундар­кан, таажжубини яширолмай деди:
– Қизиқ… бировга айтсанг, ишонмайди.
– Йўқ, ишонмайди, – дея уни қувватлади чол.
– Яхшиям арлони йўқ экан…
– Буям бўлса, манову санғининг бахти, эмасам…
– Ҳа-а, бахти…
– Тағин бу воқеани овоза қип юрманг, – деди қуйида қолган она бўрига чолнинг эҳтироми жўшиб. – Норқўзига ўхшаган эси кемтиклар болаларига зиён келтириб юришмасин.
Ўрол чавандоз, буни элга овоза қилмай бўларканми, деган маънода елка учирган бўлди-да, сўнг таскин оҳангида деди:
– Сиз сира хавотир олманг, устоз. Ярим тунга қолмай болаларини бўлак жойга кўчириб кетишади.
– Шундайми?
– Буни биздан кўра, ўзингиз яхши била­сиз-ку, устоз.
– Эсиз, иссиқ ўринларини совутишаркан-да, – чол ачинган бўлди.
– Бўлак чоралариям йўқ-да…
– Ҳа-а, бўлак чоралариям йўқ.
Қоя пойидаги силлиқ йўлакка етишгач, энди эс-ҳушини бутунлай ўнглаб олган болакай ортига ўгирилиб, пастга назар ташлади. Қорасини ўчирган она бўрини кўриш истагида, уни қидириб эмас, хартумини чўзиб турган мудроқ филтошга боқди, ҳориган отдай боши солиниб турган қоятошга боқди.
Кейин худди катталардай чуқур хўрсиниб қўйди.

* * *

Эртаси тонгда чол номига дарвоза қоқ­қан бўлиб, тўғри қўшни ҳовлига кириб борди. Ойнабанд айвонга ёзилган дастурхон четига чордана қурганча, чойнакдаги чойни энди қайтаришга тушган ҳамсоясига, худди томдан тараша тушгандай қилиб, деди:
– Абдивой, шу бугундан улингни менга чўлиқликка берсанг.
Бу гапдан қўшни эркак анг-танг туриб қолди.
Чол эса боши билан қўраси томонга ишора қилиб, тағин деди:
– Меҳнати ҳақига, ана, қўйларимдан истаганингча санаб олавер.
– Нима деганингиз бу? – деди уй эгаси пиёладаги чой чойнакка эмас, дастурхонга тўкилаётганини сезмаган ҳолда. – Энди тов-у тошга чиқсанг, нақ оёғингни уриб синдираман деганман! Синдираман ҳам!
– Йўқ, оёғини эмас, шаштини синдирасан, хароб қиласан болани!
– Унда нима қил дейсиз?
– Айтдим шекилли.
– Чўлиқликка ёшлик қилмасмикан?
– Йўқ, юради қаватимда менга эш бўлиб, қанот бўлиб…
Бу пайтда кеча оқшом отасидан тузуккина калтак еган болакай бу гап-сўзлардан бехабар ҳолда қўшни хонада донг қотиб ухлаб ётарди.

«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 9-10-сон