Нормурод Норқобилов. Кураш (ҳикоя)

Бойғозининг тўйи эртаси қишлоққа ёйилган хабар тўй довруғини бутунлай босиб кетди. Эндигина оғиз кўпиртирмоққа тушган одамлар дабдабали ўтган тўйниям, обрўталаб Бойғозини ҳам унутишди. Барчанинг оғзида шу гап, эмишки, Ҳамида момонинг қўли синиб, тўшакда михланиб ётганмиш. Ҳай, қўл синса енг ичида, шунга шунчами дерсиз. Бироқ ҳамма гап шундаки, кампирнинг қўли тасодифан эмас, балки ўғли Шомурод полвон томонидан синдирилган.
Эшикдан кўнгил сўрагани кирганлар момони тўшакда эмас, чап қўли бўйнига осилган кўйи, томорқасида ғимирсиб юрган ҳолда учратардилар. Кейин ойдинлашадики, қўли синмаган, чиққан. Тўғрироғи, чиқарилган.
Кирганлар унинг томдек гавдасига, бўйнига осилган қўлига, соғ қўлидаги тешага бир-бир боқишаркан, момонинг юз-кўзидан эзгинлик аломатларини топмоққа тиришадилар. Негаки, момонинг чарс феъли биринчи бўлиб сўз қотмоққа изн бермайди. Омонлашдингми, бу ёғига андак сабр эт, унинг ўзи юрагини очади. Басир эмас, не важдан кирганингни билиб, кўриб турибди. Акс ҳолда, чивин чақсаям, не гап деб югуриб келаверасанларми, дея бобиллаб бериши мумкин.
Момо эса уларнинг кўзларида ҳамдардликдан ташқари, ғийбат истаги мавжудлигини илғагани боис, хушламайроқ қаршилайди. Сабаби, қишлоқ оралаган гап тонгдаёқ қулоғига етиб келган. Нима эмишки… Бу ёғини момонинг эслагиси келмайди. Биладики, гапни кеча оқшом кирганлар тарқатган. Ахир, момо не воқеа юз берганини жиддий тушунтирган. Йўқ, одамлар ўз билганларидан қолишмаган, момонинг гапидан кўра, ўз тасаввурларига кўпроқ ишонишган. Момонинг тик оёқда юрганидан кўра, кўрпа-тўшак қилиб ётгани маъқулроқ эди уларга. Ана шунда эзилишиб, ҳол-аҳвол сўраларди. Оқибатсиз фарзандлар обдон ғийбат қилиниб, қўлга уни суринг-буни суринг, деб ғамхўрлик кўрсатиларди. Бироқ, момо кирганларни бу лаззатдан маҳрум этиб, одатдагидек, кундалик юмуш билан банд эди. Бошда мезбон сифатида юмшаса-да, сўнг бирдан ўдағайлаб беради: «Нима, ҳеч мувадак* кўрмаганмисилар?! Айтдим-ку, олишаман деб қўлимни чиқариб олдим… деб…»
Ё тавба, бу хотинни жин чалганми? Қанақа кураш ҳақида гапираяпти у? Жин чалгани чинга ўхшайди. Эмасам, кимсан, Шомурод полвон билан ҳам кураш тушадими киши. Э, йўқ, олиб қочаяпти бу. Феъли туфайли дакки еган. Азалдан оғзи ботир, юзингда кўзинг борми демай, шартта бетингдан олади. Ўғлига тамизсизроқ гап қилган бўлса, бехос туртган чиқар. Жасадли одамнинг йиқилиши ёмон-да, бирон ери лат емасдан қолмайди. Аммо ажаб бўпти. Бунга ўғли бас келмаса, бошқанинг тенг бўлиши қийин.
Фақат момонинг яқин дугонаси Майрам чаққонгина бу фикрдан йироқ эди. У қийғир чангалига тушган полопонини қутқармоққа интилган она товуқдек потирлаб кириб келганида, Ҳамида момо навбатдаги «меҳмон»ларни эндигина кузатиб, қайта чопиққа тутинганди.
Дугонасини кўриб, момонинг этдор афти тиришди. Майрам чаққонни гап билан тинчитиш мушкул, воқеанинг туб-тубига етмай қўймайди у. Суриштиравериб жонини олади энди.
–Қани, у муштумзўр?! – Майрам чаққон эшикдан бақириб киради. Кейин ранги униққан желагини билагига солиб, тезгина ҳовли юзига кўз югуртираркан, баттар шанғиллайди: – Энани урадиган у зўр қани? Эркак бўсанг чиқ бу ёққа!
Ҳамида момо қўлидаги тешани уват ичида қолдириб, қоматини тиклашга мажбур бўлади.
Майрам чаққон пилдираганча у томон юради, югургилайди.
–Ўлдирибди-ку сени! – дея чакак отишда давом этади. – Ўлдирибгина қўйибди-ку сени. Қўлгинангни синдириб, мувадаккина қип қўйибди-ку сени у! Ўзи қани у зўр! Гаплашай ўзим! Гаплашибгина қўяй ўзим!
Ҳамида момо тоғ томонга ишора қилади.
–Кетди, товга кетди.
–Қочибди-да, – Майрам чаққон унинг қошига етаркан, турган ерида бир ирғишлаб олади. – Қилғиликни қип товга қочибди-да. Қўлимга тушар. Қўлимга тушсин, улинг экан деб турмайман. Бутгинасини йиртаман.
Момо эшикда ийманибгина турган келини олдида ҳижолат тортган бўлади.
–Ёқасини йиртаман де, бут йиртишинг нимаси, – дейди кулимсираб. – Уялмайсанми.
–Энани уриб у уялмаганда, нега мен уялишим керак.
Ҳамида момо ҳеч кимга раво кўрмаган илтифотини намойиш этиб, уват четига чиқаркан, унинг елкасидан қучганича ҳовлига бошлайди. Йўл-йўлакай келинига чой қўйишни буюради.
Майрам чаққон унинг қучоғидан юлқуниб чиқади.
–Ичмайман бунинг чойини.
–Нимага?
–Эрига сени урдириб, индамай қараб турган аёлнинг чойини ичмайман.
–Қай гўрдан топдинг бу гапни? – Момо эндигина унинг гап-сўзларига эътибор бера бошлайди. – Қулоғингни ким қиздирди?
–Катта улимникига кетувдим, – Майрам чаққон ўчоққа уннаётган келинга адоватли тикилади. – Уч-тўрт кунгина туриб келмоқчи эдим. Тонгда найнов неварам бориб қолди юмуш билан. Шу-шу, дугонангиз улидан калтак еб, қўлини синдирибди, деди. Чопдим кейин.
–Синмаган, чиққан, – Ҳамида момо бепарво ҳолатда аниқлик киритади.
–Ёмон урдима,а? – Майрам чаққон унинг майиб қўлига ачиниш-ла тикилади.
–Урмади, деяпман-ку.
–Унда нима бўлди?
–Айтгилиги йўқ…
–Айтақол энди, ичимни ит тирнатмай.
–Шу-шу… кураш тушувдим.
–Ким билан?
–Улим билан.
–Шу гапингга мени ишонади деб ўйлаяпсанми?
–Сени ишонтирай деб ўлиб ўтирганим йўқ.
–Кураш тушдим эмиш, – Майрам чаққон ўпкаланиб, супа четига чўкади. – Баҳонанинг тузукроғини топсанг ўлармидинг. Ахир, унинг сени таппи қип ташлайди-ку, яшамагур.
–Мени-я! – Момонинг қошлари керилиб, улкан кўкси бир қалқиб тушади. – Тўра полвоннинг қизини-я! Омон чўпонни ўхшатганим эсингдами. Чириллаб орага тушмаганингда, даштда гўрини қазирдим.
Момо эсга олган ҳодисага энди дуч келгандай, Майрам чаққоннинг нафаси ичига тушиб кетади. Воқеани тўлалигича кўз ўнгида гавдалантиришга тиришади. Бийдек даштда ёлғиз ўзи кўзи қизариб юрган давонгир чўпон аввал уларга ташландими, ё унинг ниятини кўзидан пайқаган дугонаси олдинроқ от қўйдими, бунисини эслаёлмади. Лекин даҳшатли олишув бўлганди ўшанда. Дугонаси келбатидан от ҳуркадиган омон чўпоннинг оёғини осмондан келтириб урганида, бетини янтоқтикан тилган ғаними бўғизланган буқадек бўкириб юборганди.
Бу воқеа ҳар учаласи ўртасида сир бўлиб қолганди. Ҳамида момо ғанимининг, ҳар ҳолда эркак киши, шаънини ўйлаган, Майрам чаққон дугонасининг юзидан ўтолмаган. Бугун эса у тўсатдан юзага қалқиб чиқди.
Майрам чаққон ушбу хотира таъсирида дугонасига ҳавасланиб боқаркан, бирдан ўзининг ҳам мақтангиси келиб кетади. Бироқ ҳаётида фахрланиб тилга олишга арзигулик фавқулодда ҳодиса тополмагач, момони узиб олгиси келади.
–Унда ёш эдингда, тинмагур, – дейди, нимангга мақтанасан, деган оҳангда.
–Нима, ҳозир қариманми?
Майрам чаққон унга синчков разм солади.
–Эби, чинданам қаримабсан, – дейди сўнг ҳайратини яширолмай. – «Момо-момо» деганларига кўзимга кексаргандай кўриниб қопсан-да. Чинданам, ёшсан ҳали. Эрга тексанг, ул тувғилиқ сиёғинг бор сени.
–Шукр, раҳматли чолимдан қолганлариям етиб ортади менга.
–Унда «момо» дегиздирма, – Майрам чаққон не ташвишда кирганини унутган кўйи, яна унга бошдан-оёқ тикилади. – Кўзга кексайтириб кўрсатаркан у сени.
–Анову Ўткир муаллимнинг иши бу, – Ҳамида дугонаси қаватига бамисоли хирмондай чўкади. – Мактабдаги бир йиғинда, энди сўз юртимизнинг полвон момоларига деди-ю, шундан «момо» бўлиб кетдим.
–Овзига бир урмабсан-да.
–Кимни?
–Ўткирни-да.
–Ҳамманинг олдида-я.
–Тиркаш қоранинг улларини ургансан-ку.
–Улар отани беҳурмат қип, бир-бирлари билан ёқалашганди-да. Эркак эмас уларинг, – Момо маъюс тортиб, дугонаси томон ўгириларкан, беихтиёр юрагини оча бошлади. – Билсанг, улимдан кўнглим қолиб, бовригинам ёниб ўтирибди. Бойғозининг тўйида Тўра полвоннинг арвоҳини ёмон чирқиратди у. Отам айтмишли, ғирром олишди. Бакавулниям худо уриб қўйибди экан… Бу қишлоқда ўзи эркак қолмабди…
–Сен гўр, бари балони биласан.
–Нега билмай, – Момо оғир хўрсинади. – Отам раҳматли олдимни қайтармагунча яйловда йигитларнинг курагини ерга ишқаб юрганман… Раҳматли қайнотам шунимга ҳаваси келиб, улига сўраттирганди-да. Эсингдами? Сени эса бир эчкига кучинг етмай юрарди.
–Ҳа-я, ёмон эдинг сен.
–Шу ёмонлигим учун туновгача юрагимда бир оврув яшарди, – Момо оғир тебранади. – Энди у йўқ…
–«Армон» де, – Майрам чаққон тузатиш киритади, унинг гапини бўлиб. – Сенда армон нима қилади, гум бўлгур?
–Шўрлик чолимга бир мартагина бўлса-да йиқилиб бермаганим манову еримда оврув… йўқ, армон бўп қоган-да, – Момо улкан кўксига нуқийди. – Бечора бекорга тиршанглаб кўп овора бўларди.
–Икковларинг ҳам тоза тентак эдинглар, – Майрам чаққоннинг овозига койиш оҳанги инади. – Бу ёқда болаларинг бўй чўзиб келаяпти, силар эса кигиз титиб олишиб ётардинглар.
–Чолим, биргина йиқитмасам, армонда кетаман, деб қўймасди-да.
–Ана, улидан йиқилибсан-ку, – дейди Майрам чаққон чақиб олувчи оҳангда. – Тағин олиш, бу қўлингни ҳам мувадак қилсин.
–Шу йиқилганим алам қилаяпти-да, – Ҳамида момо майиб қўлини чақалоқ қучгандай бағрига босади. – Яхши отасидан йиқилмай, ёмон улининг ҳимоясидан йиқилиб ўтирибман, мен тулуп.
–Тағин орқанг тутибди-да, сен яшамагурни.
–Орқам тутса, буйтиблар тутаб ўтирмасдим.
–Эмасам, нима? – Майрам чаққоннинг жазаваси қўзийди. – Нима бўлди, нима қўйди, айт-да бундай.
Момо айтмоқ истайди. Аммо ҳасрати тилига кўчмай дилида чарх ура бошлайди. Улим бел олишадиган бўлганидан бери давраларга яқин бормайман, дейди тили эмас, дили сўзлаб, кўзимдан қўрқаман, сўнг ғайратим қўзиб, юрагим ҳапқиради. Тунов куни фалокат босиб бориб қопман десанг. Қарасам, Шомурод соригина бир йигит билан беллашаяпти. Бирровгина томоша қилай-чи дебман, мен ўлгирам. Одамлар орасидан қараб турибман. Улим бовосининг қўлини қилиб, сори йигитнинг сонидан илди. Илган бўлиб, чотига бир тепди. Шундай бир ёмон қилиқ бор, киши кўзи илғамай қолади. Ғиррам қилиқ. Ёмон қилиқ. Эркакка ярашмаган қилиқ. Бундайларни отам раҳматли ёмон кўрарди, боласи бўлсаям кечирмасди. Бу қилиққа дуч келган полвоннинг нафаси ичига тушиб кетади. Шу-у, сори болаям ёмон азоб тортди. Мусофир-да, ҳақини айиролмади. Полвонидан тортиб бакавулигача ғиррам бўлган бу қишлоқда нимаям қила оларди у шўрлик. Желак ечиб, ўртага тушай дедим бир. Тағин ўзимни босдим. Ичим куйиб уйга қайтдим. Изимдан қўчқор етаклаб улим келди. Гапирсам, иршаяди дегин. Урсам – кам, сўксам, яна кам. Кел, болам, сенга олишни ўзим ўргатай, дедим. Тағин иршаяди. Белидан олдим. Улим полвон деб керилиб юрган эканману, бузилганидан бехабар қопман. Билсанг, кўзида қувлик, ҳаракатида айёрлик бор. Тикка келадиган полвон эмас экан у…
Бу хил сукутни ўзича англаган Майрам чаққоннинг баттар ичи пишади. Нима, ўлиб-пўлиб қолдингми, дея уни туртади. Ҳамида момо дугонасига ҳамдард истаб тикиларкан, беихтиёр дейди:
–Сигирдай бўмай ўлай мен. Жасадимни эплаёлмай ўзим йиқилиб тушдим. Белбоғи бўш экан, қўлим чиқиб кетди.
–Ҳозир юргандир тоза ичи ачишиб?
–Эна, сизга курашни ким қўйибди деб устимдан кулиб юрибди.
–Қўлимдан кемайди-да, эмасам, шу улингни ўзим…
–Қўлим тузалсин, ернинг кўзига ёпаман мен уни.
–Вой, ўлай, ҳали тағин олишмоқчимисан?
–Эмасам-чи! – Момо дугонасига баланддан боқади, – Ёмон полвоннинг энаси бўлгунча!.. Отамнинг арвоҳини чирқиллатиб қўймайман мен!..
Шу пайт кўчадан от тўёқларининг овози эшитилиб, Майрам чаққон унинг гапини бўлади.
–Улинг келди, шекилли.
Ҳақиқатан салдан сўнг дарвозада от етаклаган Шомурод полвон пайдо бўлади. Майрам чаққон унга ғазабли тикилади. Аммо йигитнинг хушҳол табассумидан ғазаби изсиз учади. Шомурод полвоннинг кулиб туришларидан, Ҳамида момонинг даъволари ноўриндек туюлади. Йўқ, бу йигит ғирромлик қилмайди.
Йигитнинг табассумидан кўнгли ийиган Майрам чаққон дугонасига илтижоли тикилади, кечирақол энди. Йўқ, дугонаси кечирадиган эмас, у ҳатто ўғлига боқмоқни лозим топмай, қўшни ҳовлидаги терак учларига тикилиб ўтирарди.
–Улинг келди, –Майрам чаққон дугонасини турткилайди.
–Кутиб оладиган хотини бор, – Ҳамида момо ҳолатини ўзгартирмайди.
–Бунча дийданг қаттиқ.
–Бўларим шу! – Ҳамида момонинг кўзлари энди кўкда оҳиста парвоз қилаётган бургутга қадалади. – Сенга ўхшаб иккибет эмасман, иршайганга иршайиб.
–Вой ўлай! – Майрам чаққон кичкина мушти билан унинг елкасига бир тушираркан, супага яқин келиб салом берган Шомурод полвонга шикоят қилади: – Бу қўлиниям синдир буни, Шомуроджон. Қара, одамни одам ўрнида кўрмаяпти. Э, полвонди қизи бўмай, товнинг тоши бўгир. Қовоғини қара бунинг. Э, кападай бўмай, ўл сен!
Ҳамида момо ўғлининг саломини жавобсиз қолдиргандек, дугонасининг чириллашларига ҳам эътибор бермади. Нигоҳи ҳануз бургутда эди. Қизиқ, қишлоқ устида бургут айланмасди, нечук бугун пайдо бўлиб қолди? Худди ўғлининг изидан келгандек. Тағин бу Тўраполвоннинг арвоҳи бўлмасин. Қўрқиб кетган момо беихтиёр кўксига туфларкан, ўғли ва дугонасига оғриниб назар ташлайди. Кейин тағин кўкка тикилади. Бироқ энди бургут кўринмас, терак шохларига тегай-тегай деб ўлаксахўр бир қуш қанот қоқарди. Бундан момонинг юраги баттар сиқилади. Сўнг нақ қаншарида ўғлининг эрмакловчи табассумини ҳис этиб, ялт этиб унга қарайди.
– Мен сиздан йиқилдим, эна, – дейди ўртадаги дилхираликни қувмоқ ниятида ўғли. – Истасангиз, умбалоқ ошиб яна йиқилиб берай.
У пича гапирмоқчи эди. Энасининг кўнглини овламоқ мақсадида эркаланиб, ҳазил-ҳузил қилмоқчи эди. Бироқ… Энанинг қарашида шундай бир истеҳзо мавжуд эдики, бу на ғазабга ўхшарди, на пичингга. Ботирнинг қўрқоққа, мард-нинг номардга қарашига ўхшаш нимадир эди бу. Бу хил қараш қаршисида киши ўзини майда ва арзимас ҳис этади.
Шомурод полвон беихтиёр кўзларини олиб қочаркан, яқиндагина худди шу хил қарашга яна қаердадир дуч келганини ўйлади. Қаерда ва ким эди у? Дарвоқе, Бойғозининг тўйида биринчи товоққа талабгор бўлиб чиққан маллатоб йигит мана шу тарзда қарамаганмиди? Ҳа, оғриқдан қизарган, бўзарган, тишлари орасидан ингранганди-ю, лекин, ғирром олишдинг-а, номард, демаган. Буни кўзларида билдирган. Билдирганда ҳам аламу ғазаб билан эмас, кўпни кўрган полвонларга хос босиқлик ила таассуф-ла ифода этган. Сўкишу ҳақоратдан кўра, бу қарашнинг ёмонлигини Шомурод полвон ўшанда билган ва сўнг унутиб юборганди. Энди шу ифодани энасининг кўзларида кўриб турарди. Йўқ, энаси- нинг нигоҳи залворлироқ, кишини янчиб юборай дейди. Бу залворни юмшатмай, нафас олмоқ мушкул.
Бу орада Ҳамида момо ўрнидан аста қўзғалиб, ҳовли этагидаги ҳужраси томон юради. Шомурод полвон гуноҳкорона илжайиб йўлини тўсади. Одатдагидек елкасидан қучиб, эркаланмоқчи бўлади. Шундай қилса, энаси ҳамиша тез кечирарди. Бироқ момо юмшамади. Юмшаёлмади. Ўғлига жиддий тикиларкан, ич-ичидан ғалати бир ҳис хуруж қилаётганини туйди. Бу таниш туйғуни у аллақачон ўтмиш қаърига кўмганди. Буни қарангки, у тўсатдан тағин бош кўтаряпти. Момо димоғида яйлов ҳидини туйгандай бўлади. Тунлари ўтов қаватида ёқиладиган гулхан алангаси кўз ўнгида акс этади. Гулхан теварагига умидвор йигитлар қадам қўйгувчи эди. «Мени ким йиқитса, ўшанга тегаман», деган ғаройиб қизни кимнинг ҳам кўргиси келмайди. Бу аҳдини қиз уйдагиларига эмас, дугоналаридан бирига билдирган. Дугонаси тушмагур бу гапни елга айтганди. Ел эса қанотига илиб, теваракка сочади. Ота бу гапни жуда кейин эшитади. Бу пайтда қиз анчагина йигитнинг курагини ерга ишқашга улгурганди. Узоқ-узоқларда тўйлаб, давраларни гуллаб қайтган ота қаршисида аждодлари тимсолини қўргандай бўлади. Ҳеч балодан тап тортмас момосининг қовоқ читишларини-ю, энасининг полвоннамо келбатини қизида кўради. Бир аммаси бўлгич эди, бир ҳимодаёқ ҳар қандай эркакнинг суягини шиқирлатиб юборарди. Назарида, қизи курашга туғилгандек, бунинг эса иложи йўқ эди. Ота бош чайқаб «уят» деди, «бас» деди. Оқибат, қиз табиий майл ва туғёнларини жиловлашга мажбур бўлади. Аниқроғи, ҳисларини кишанлаб, туғёнини қалбига қамайди…
Ушбу туғёнлар қайта бош кўтараркан, момо яна кураш истади. Бу истак кечагисига ўхшамасди. Кечагисида ғазаб бор эди. Бугунгиси унинг ихтиёридан ташқарида юз бермоқда. У беихтиёр ўғлининг белига қўл юборади. Ўғли аввалига белини бўш қўяди. Кулиб нимадир дейди. Чамаси, одатдаги ҳазилини қилди. Бироқ момо шу қадар кураш истардики, қулоғига гап кирмасди. Ўғлининг вужуди таранглашаётганини сезаркан, салдан сўнг жиддий қаршиликка ўтганини ҳис этади. Бу қарши ҳаракатдан момо роҳатланади. Истаги тийиқсиз бир куч олади. Майиб қўли ростланиб, ўнг яғринини «рақиб»и томон хиёл эгаркан, димоғида ўткир тер ҳиди, отаси Тўра полвоннинг давра айланишлари кўз ўнгида бир зумга акс этди-да, қизлигида сўнгги бор айтган ўша хитоб бўғзидан кўчди.
–Ё-ё, пирим!
Ўз хитобидан қулоғи очилиб, кўзи равшанланган Ҳамида момо ўғлини оёқлари остида кўради. Шомурод полвон, бу не синоат, дегандай кўкка термулиб ётар, нарида тик қотган келинининг оғзи очилиб қолган, Майрам чаққоннинг ҳайрати уникидан кам эмасди. Ана у кўмакка ошиққандай дик этиб ўрнидан туради-да, ҳануз лолу ҳайрон чўзилиб ётган Шомурод полвоннинг бошига келади. Сўнг кутилмаганда унинг атрофида ирғишлаб айлана бошлайди.
–Йўқитди! Йиқитди! Ҳамида полвон Шомурод полвонни йиқитди!
Қўлига қайта кучли оғриқ кирганини сезган момо ўғлидан узоқлашар экан, кўкда бояги бургутнинг пайдо бўлганини илғайди. Ўлаксахўр қушнинг изи учган, бургутнинг парвози эса осмонга жуда-жуда ярашиб тушган эди.
_____________________
* Мувадак – майиб