Саъдулла Сиёев. Толсаватдан қўймасин (ҳикоя)

Қадамбой Жайронов тоғли Чош қишлоғида яшайди. Бу ерларда олти ой ёз бўлса, олти ой қиш. Қуёш тоғнинг ортига ёнбошлаганда чошликлар ҳам тўшакка киради, эрталаб тоғнинг ортидан мўралаганда ирғиб туришади. Чошда на телефон, на холодилник, на телевизор, на радио бор. Шунинг учун қишлоқдагилар баъзан тоғнинг тепасига чиқиб, шаҳар томонга қараб ўтиришади. Хўжалик маркази туман ё вилоятдан бирор гап етиб келса, оғиздан-оғизга ўтиб бутун қишлоққа тарқалади.
Яқинда ана шундай бир гап тарқалди. Уни биринчи бўлиб Қадамбойнинг тоғаси Эшқобил ака эшитди. У куёви Авлиёқулни эргаштириб, жиянининг уйига равона бўлди.
Қадамбой мактабда муаллим. Биологиядан дарс беради. Ёз келса, тоғма-тоғ юриб, доривор гиёҳлар теради. Кейин савоб бўлади деб қишлоқдагиларга тарқатиб чиқади. Жуда бекор қолса, қийшайиб сой бўйига тушади. Мажнунтолнинг майда, текис новдаларини кесиб олиб, сават тўқийди. Беш-ўнта бўлганда маҳалладаги хотин-халаж кириб талаб кетишади. Толсаватнинг даромади ҳам бир камига етиб турибди.
Ёзнинг чилласи. Қадамбой шундоққина сой лабида бақатеракнинг тагида ўтирибди. Олдида бир даста толчивиқ. “Буниси қуртсаватга, буниси қўлсаватга”, деб новдаларни саралай бошлади. Шу пайт узун-қисқа бўлиб, Эшқобил ака билан Авлиёқул етиб келишди.
— Омин,топганингга барака жиян! — деди тоға, эски бир тўнкага омонат чўкиб. Авлиёқул чўнқайиб фотиҳага қўшилди. Эшқобил ака ярқираб турган саватларни бир-бир қўлга олиб кўрди, баркашдан каттароқ биттасини танлади.
— Мана шунисини янгангга бера қол,— деди саватни салмоқлаб, — нон ёпса, доим дастурхонни куйдириб юборади.
Қадамбой ҳазиллашди:
— Ҳақи битта товуқ бўлади, тоға.
Эшқобил ака, қандай гап бошласам экан, деб йўл ахтариб ўтирган эди, дарров йўли топилди.
— Тоға—хўр, жиян — зўр экан-да, а! Товуқнинг ёнига хўрозини қўшиб бераман, жиян. Энди сенга ҳам бир маслаҳатли гап бор. Хўп, де.
Қадамбой бир тўп толчивиқни ғижимлаб бошини кўтарди.
— Нима гап экан?
— Ширкат раиси ишдан бўшабди. Акалари уни кўтар-кўтар қилиб,каттароқ ишга олиб кетганмиш. Биз, мана, поччанг билан маслаҳат қилдик. Агар хўп десанг, кўплашиб сени раисликка кўтармоқчимиз. Бизнинг уруғдан ҳам чиқсин-да! Қачонгача Қизилқишлоқдан чиқаверади? Нима дединг, жиян?
Қадамбой мириқиб кулди.
— Ажойиб тоғамсиз-да! Шунча ёшга борсангиз ҳам хаёлпарастлигингиз қолмабди. Қани, мана бу кобинетга киринг, Қадамбой, деб, менга бировнинг кўзи учиб турибдими? Раис бўламан, деб ўзини ўққа-чўққа уриб юрганлар бор, биласиз. Ярашмаган гапни қўйинг, тоға!
— Пулди биз ҳам топамиз, — деди Эшқобил ака,- икки гектар ерга зиғир экиб қўйибман. Бошоқлаб турибди. Худо хоҳласа, бир милёнга сотаман.
Қадамбойнинг шумлиги тутди. Илжайиб тоғасига қўл чўзди:
— Яна озгина қўшинг, тоға. Етмайроқ турибди…
— Етмаса, етказамиз. Мана, поччанг ёнимда! — Тоға куёвига қаради. — Ҳей сен ҳам сўйла-да, Авлиёқул! Йўлда не деб жавраб келиб эдинг?
Куёв томоқ қириб, тилга кирди:
— Бизда ҳам икки ҳўкизча бор. Иккови ўлганда ярим тоннага яқин юк қилиб қолар-ов. Сен учун сотаман. Раис бўлиб кетсанг, менга бирор пермер хўжалиги очиб берарсан, Қадамбой.
Қадамбой кўрдики, тоғалари астойдил бел боғлаган. У олдидаги хас-хашакни қучоқлаб, дарёга олиб бориб ташлади. Қўлларини қоқиб, изига қайтди.
— Э, бошимни оғритманглар! — деди хафа бўлиб,- ёвғон ошим — ғалвасиз бошим. Раислик осонми? Бугун борсан, эртага йўқсан. Осмондаги ойга қўл чўзиб нима қиласиз, тоға? Бекорга куйганларинг қолади.
Эшқобил ака оёғини тираб туриб олди:
— Куйсак, биз куямиз, жиян. Зато, бизнинг уруғдан ҳам раис чиққан, деб керилиб юрамиз. Худо, ол қулим, деб раис бўлсанг, қишлоққа свет обкелардинг, болаларга тузукроқ мактаб солиб берардинг.Биз ҳам одамга ўхшаб, дилвузур кўриб, радио эшитардик. Қачонгача дунё бехабар бўлиб ётамиз? Хўп, де, жиян!
Қадамбой уҳ тортди:
—Мен кўнгилчанман. Одамларга қаттиқ гапиролмайман.
— Ўрганиб кетасан. Яккахўжайин бўлганингдан кейин ортингдан келса — тепасан, олдингдан келса — тишлайсан.
— Тишлайсиз-а, тишлайсиз. Ҳозир одамларнинг кўзи очилган.Тишингизни қоқиб қўлингизга берар.
— Бекор айтибсан. Бир қўлингда нон ушлаб туриб, қанча уришсанг ҳам чидайди одамлар. Айтганингни қилади. Гап тамом. Сени раис қиламиз. Маълумотинг етарли, калланг ишлайди. Қанча йил завуч бўлиб мактабни бошқардинг…Йўқ, дема, жиян!
Қадамбой ирғиб турди.
— Йўқ, йўқ, йўқ! — деди бошини сарак-сарак қилиб. — Тоға, агар зўрлай берсангиз, ҳозир ҳов ана ерга чиқиб, ўзимни сойга ташлайман!
—Эсингни едингми, жиян? Олдин бир кун бўлса-да, раис бўлиб, айшингни сур, кейин сувга ташлайсанми, ўтга ташлайсанми, ўзинг биласан.
Қадамбойга аслида майда новда керак эди. У лип этиб томга чиқди. Ундан теракка ёпишди. Оқтеракдан бир сакраб мажнунтолга ўтаман, деганда ўрта шохга маймундай осилиб қолди. Эшқобил ака, ростдан ҳам бу тентак ўзини сувга ташламоқчими, деб чўчиди.
— Ҳов, аҳмоқ бўлма, жиян, — деди тепага қараб, — ўлиб кетсанг, беш болангни ким боқади?
Шу пайт Қадамбойнинг ошнаси Нарзи қора келиб қолди.
— Тоға, бизнинг мўккичи жўрамиз кўринмайдими? —деди. Эшқобил ака тол шохига ишора қилди:
— Жўранг, ҳўв ана, тепада осилиб ётибди. Ўзимни сувга ташлаб ўламан, дейди.
— Нима бўлди? Нега бугун ўлгиси келиб қолди экан?
Тоға ўзини оқлаган бўлди:
— Биз кўплашиб уни раис қилмоқчи эдик. Мен зиғиримни сотиб, пулини бермоқчи бўлдим. Мана, поччаси қўшалоқ ҳўкизни сотмоқчи. Жўранг бўлса, дод, раис бўлмайман, деб тихирлик қилаяпти.
Нарзи қора ҳамон тол шохида оёқларини ликиллатиб турган Қадамбойга қараб бақирди:
— Ҳўв мўкки полвон, қўрқмай пастга тушавер. Ҳозир тумандан хабар келди. Оқмачитлик Бойбўриев раис бўлибди. Қадамбойнинг тоғаси зиғирини сотиб, поччаси ҳўкизларини пуллаб келсин, деб кутгани вақтлари йўқ экан. Сенинг пешонангга ёзилгани мўкки билан толсават! Бу ёққа туш, сенга маслаҳат бор…
Қадамбой аста-аста дарахтдан туша бошлади. Эшқобил ака қулочини териб, икки сонига урди:
— Ҳа, энағар Бойбўриев! Тағин илиб кетдинг-а кўпкарини! Янги раиснинг тоғаси, мана, биз бўламиз, деб “Волга”нинг дарчасидан тирсакни чиқариб юрмоқчийдик, насиб этмади-я!..