Кўҳна булоққаватидан, ерга ярим ботган қизғиш харсангтошбиқинидан янги булоқ кўз очганида, олатасир кўклам жаласи эндигина тинган, ёмғир ювган ям-яшил майсалар мисли увада пахтадек титилган булутлар орасидан чўчиброқ мўраламоққа тушган қуёш нуридан ял-ял товлана бошлаган, ҳув наридаги ёнбағирликка сочилган паст-баланд буталар эса намдан залвор тортган, эгилган нозик новдаларини тезроқ селгитиш умидида ҳар ёмғирдан сўнг кунботиш томондан қўзғаладиган эпкинни илҳақ кутиб, қўнишибгина турардилар. Улар эпкин эсиши билан жонланиб, роҳатланиб адоқсиз қўшиқлари — шитир-шитир ва шивир-шивирини бошлаб юбориш илинжида эдилар.
Кўп ўтмай бўлиқ майсалар бошини силаб-сийпалаб, эшилиб-эркаланиб енгил эпкин ҳам етиб келди. Ёнбағирликдаги яшил буталар шодланиб, кулранг япалоқ тош тагини макон тутган чумолилар ғимирлаб қолди. Бироқ инлари оғзидаги ёмғир сувидан ҳосил бўлган кафтдек кўлмакча уларга бамисоли уммондек кўринди шекилли, тараддудланганча туриб қолишди. Бу орада аввалига қаердандир оппоқ капалаклар пайдо бўлиб, сўнг визиллаганча арилар етиб келди. Улар майсалар оғушидаги турфа ранг митти чечакларни танлаб-танлаб «бўса» олмоққа тушиб кетдилар.
Қуёш қиздириб, ер селгигани сари теварак тобора жонлана бошлади.
Эндигина кўз очган булоқ учун буларнинг бари жуда қизиқ, жуда ҳайратланарли эди.
У оламнинг бу қадар фусункорлигидан ҳаяжони тошиб, ғайрати жўшиб, шўхчан-шўхчан шилдиради.
Овози тиниқ ва ўта нафис эди.
У ўз овозига ўзи маҳлиё бўлиб, янада қувноқроқ чулдирашга уринди. Бироқ унинг бу тахлит тўлғанишию тўлқинланишига эътибор берувчи бўлмади. Борлиқўз майлида тўлиб-тўлиқиб яшнарди, ялтирарди: яшил майсалар баҳорнинг бу илиқ-иссиқ кунлари муваққатлигини сезгандай, енгил эпкин измида беармон эркаланар, турфа хил мўъжаз чечаклар ўпич умидида бошлари узра тинмай визиллаётган ариларга нозукарашма қилишар, оппоқ капалаклар эса, умрлари атиги бир неча кунлик бўлишига қарамай, худди бу дунёда мангуга қоладигандек, оламга сиғмай майсадан гулга, гулдан майсага учиб қўнишарди. Дарвоқе, чумолилар офтобда қурий бошлаган кўлмакни ёқалаб ўтиб, аллақачон узун карвон ҳосил қилганди.
Янги булоқнинг сўраб-суриштирадиган нарсалари жуда сероб эди. Минг афсуски, шундоққина ёнгинасидан, бу дунёга бегонадек, сассиз-садосиз, ҳорғин ва толғин оқаётган кекса булоқ унинг барча саволларини жавобсиз қолдирмоқда эди. Бунга сари энди кўз очган булоқнинг қайнаб тошгиси ва ўзининг дилбар қўшиқлари билан бутун борлиқни шодликка кўмиб ташлагиси келарди.
Унинг кекса булоққа берган сўнгсиз саволларидан бири охири шу бўлди:
— Нечун бунча ғамгинсиз?
Кекса булоқбу сўроқни ҳам одатдагидек жавобсиз қолдириб, маҳзун оқишда давом этди.
— Қарибсиз жуда қарибсиз! — бу таъна янги булоқнинг тилидан бехос кўчди ва сўнг одобсизлик қилганини фаҳмлаб қолиб, хижолатомуз чулдираб қўйди.
Кекса булоқ эса унинг мавжудлигини пайқамагандай, лоақал қия боқишни лозим топмади. Бундан янги булоқнинг ёмон алами қўзиди. Кўҳна булоққа қасдма-қасд, тиришиб-тирмашиб ўзига янги ўзан оча бошлади. У йўлида учраган майсаларга салом бериб, уларнинг олқишидан роҳатланиб, тўлғаниб-тўлғаниб оқди. Табиатан шўх эмасми, рўбарў келган қурт-қумурсқаларни елкасига опичлаб қитмирланиб-қитмирланиб оқди. Ундаги бу тизгинсизлик соз тупроқли дўнгликкача давом этди. У йўлида учраган тўсиққа манглай уриб тўхтаркан, бу нимаси дегандай, бир зум анг-танг туриб қолди. Бир қарашда, энди унинг кекса булоқ оқимига қўшилмоқдан бўлак иложи йўқдай эди. Аммо у бўйберишни истамади. Шунинг учун зўр сабр-бардош билан дўнглик четини юмшатиб, аста «кемира» бошлади.
У ёш ва кучли эди.
Соз тупроқли дўнглик унинг тиришқоқлигига бардош беролмай, нурай-нурай, охири бағрини очди. Янги булоқўзининг дастлабки ғалабасидан беҳад шодланиб, теваракка ғолибона бир қур назар ташлади. Кўрдики, кекса булоқўзанидаги сувнинг мазаси йўқроқ. Бу туришида узоққа борадиган эмас. Бироқ у йўқ-бор нарсалар ҳақида бош қотириб ўтиришга ҳали одатланмагани боис, дўнгда ушланиб қолганлигини ҳиссасини чиқармоқчидай, шиддатла олға интилди. Ва тезда шуни англадики, ўзининг кўз очганидан майсалар хурсанд. Ана, чечаклар ҳам эпкинда чайқалиб-чайқалиб чапак чалмоқдалар. Оппоқ капалаклар эса, назарида, бошидан нари кетмай қолди. Бундан у ўзида йўқ масрурланиб, чулдираганча қўшиғини энг авж пардасига чиқарди. Наздида, қўшиғини бор жумлайи жаҳон жон қулоғи билан тинглаётгандек эди. Йўқ, унинг шўх ялласини ҳамма ҳам тингламаётган экан. У кутилмаганда ҳавони титратиб юборган қаҳрли овоздан чўчиб тушди. Атрофга аланглаб, ҳали умрида кўрмаган жонзодлар — икки нафар одам боласига нигоҳи тушди. Улар тизза бўйи кўтарилган тошдевор ёнида бир-бирига хезланиб туришарди.Боягидек қаҳрга тўла хитоб бу сафар янада баланд оҳангда такрорланди.
— Мен сенга девор эгирма деганман!
— Эгираман!
— Қўлингни уриб синдираман!
— Синдириб бўпсан!
— Этингни бурда-бурда қип ташлайман!
— Мен сенинг этингни сихга тортаман!
Бу пайтда энди кўз очган булоқ навбатдаги чоғроққина дўнгликка етганди. У теваракка тузукроқ разм солиб, ўзича не гаплигини англамоқчи бўлди. Бироқ, турган гап, ҳеч вақога ақли етмади. Ҳалиги иккисининг жанжали эса, борган сари баттар авжланарди. Уларнинг бақир-чақирига паррандалар дош беролмади, биринчи бўлиб улар нари учиб кетдилар. Сўнг булоқ бўйидан капалаклар узоқлашиб, кўп ўтмай ариларнинг ҳам уни учди. Чечаклар бўй таратишдан тийилиб, майсалар қўнишиб олди. Фақат кўпни кўрган кекса булоққина бепарво, одатдагидек, бамайлихотир оқишда давом этарди.
У жуда кекса эди. Кўп эмас, оз эмас, нақ минг ёшни уриб қўйганди. Шунинг учун ҳам бу дунё ишлари ҳақида кўп нарсаларни билар ва бир олам воқеа-ҳодисаларга гувоҳ бўлганди. Фақат ҳамма бало шундаки, унинг дарди ва хотираларини тингловчи йўқ эди.
Қаватида чулдираб оқаётган янги булоқни эса, бу ҳали гўдак, ниманиям тушунарди, деган ўйда ўзига тенгситмай турарди.
Янги булоқ йўлига кўндаланг бўлган бу дўнглик замини тошлоқ экан, шунча уринса-да, тўсиқни емиролмади. Оқибат, у сўлгақайрилишга мажбур бўлиб, кекса булоқўзанига янада яқин келиб қолди. Лекин ҳали ҳавоси жуда баланд эмасми, унга қўшилмади ва нишабликдан фойдаланиб, ортиқча азиятсиз илгарилайбошлади.
Бу орада ҳалиги кимсаларнинг бақир-чақириғи кучайгандан-кучайиб, улар қаторига икки аёл ҳам қўшилганди.
Энди кўз очган булоқ тўлғаниб, жаҳл билан чулдиради:
— Булар ким, нега бунча бақиришаяпти, а?
Кекса булоққаватида шилдираб оқаётган ҳамроҳига илк борназар соларкан, чуқур уҳ тортиб деди:
— Булар пастдаги қўшнилар, сен билан мени бўлишолмай хуноб бўлишмоқда.
Янги булоқнинг нигоҳи шундагина қуйидаги қишлоқни ваберироқда қўнқайган икки кулбани илғади.
— Нега энди бўлишаркан, нима, бизнинг уларга қарашли жойимиз борми? – деди у ичи ёниб.
— Йўқ, биз ҳеч кимга қарашли эмасмиз.
— Унда нега улар бизни талашишаяпти?
— Нодонликлари туфайли.
— Нима дегани у?
Кекса булоқ ортиқча изоҳга хоҳиш сезмади. Нимага деганда, «нодонлик»нинг нелиги сўзнинг ўзидан аён, уни ҳижжалаб тушунтирмоққа не ҳожат, деган хаёлда тағин сукутга толди.
Кекса булоқнинг ўйлайдиган, хотирлайдиган нарсалари мўл эди. Кўпи унутилиб, кўпини яхши эслаб қолганди. Эсида, юз йилнинг нарисида ҳозирги қишлоқўрни бийдек яйлов эди. Ёз олди яйловга чорвасини ҳайдаб чиқадиган чорвадорлар ҳамиша булоқ бўйини макон тутардилар. Ўтовлар тикиб, кузни шу ерда охирлатардилар. Кундузи молларини боқиб, тунлари олов атрофида алламаҳалгача ўйин-кулгу қилишарди. Кекса булоқ бу фароҳбаш дамларни, ўзидан сал наридаги тошлоқ сайҳонликда ёқиладиган катта гулханни ва гулхан билан шуъла талашган осмон тўла юлдузларни, тўлин ойли тунларни ҳеч унутолмайди, ҳали-ҳануз қўмсайди.
Кейинчалик яйлов ўрнига бирин-сирин томсувоқ уйлар туша бошлади. Қишлоқ кенгайгандан кенгайиб, ажабтовур замонлар бошланди. Учли қалпоқ кийганлар у ён-бу ён от қўйиб ўтдилар. Алп келбатли йигитлар улар билан аёвсиз олишдилар. Бу нотинч замонларда кекса булоқ суви кўплаб одамларни — яхшиниям, ёмонниям қонини ювди, ташналигини қондирди. Ўқ ва тиғдан яраланган не-не азаматлар бир қултум сув илинжида унга етолмай шаҳид бўлиб кетдилар. Унинг билгани шуки,у замон йигитлари манови иккиси каби қирриқ эмасди, «юрт», «озодлик» деганга ўхшаш сўзларни оғизларидан қўймай, ёв билан олишганлари-олишган эди.
Ундан наридаги замонлар ҳам ажабтовур ва ҳар бири ўзига хос бир тарихэди. Лекин шу пайтгача ҳали ҳеч ким бугунгидек булоқ талашиб жанжаллашмаганди. Бу ҳол кекса булоқҳаётида илк бор юз бермоқда эди.
Янги булоқўзининг кимгадир тегишли бўлишини ҳеч ҳазм қилолмади. Чулдираб савол деганларини қалаштириб ташлайверди. Унинг бу феъли, яъни бировга тегишли бўлишни истамаслиги кекса булоққа жуда ёқиб тушди. Меҳрини ийдириб, кўнглини юмшатди. Бу қишлоқ одамларининг барини танигани боис, кексаларга хос эзмаланиб, воқеани ўзи билганича ҳикоя қилишга тушди.
Кекса булоқнинг фикрича, ўрдаги-қирдаги нарсаларга девор эгиришни аввалига Рауф мўнди бошлаб берган. У тоғ бағридаги дўланазорни тошдевор билан ўрай бошлаганида, одамларгина эмас, қишлоқнинг бурга босган мушугию чўлоқ итигача ҳайрон қолган. Рауф мўнди деганлари тошдеворга жуда кўп куч сарфлади. Ҳадеб тош кўтараверганиданми, чурраси тушиб, мана энди яримжон бўлибўтирибди. Не машаққатлар билан кўтарилган тошдеворининг ярми ағнаб, ярми ўпирилиб ётибди.
Бир-бирига хезланган кўйи, ҳануз бақир-чақир қилаётган манову иккисига келсак, фикри бузуқлик аввал бошда Товқора чўтирдан чиққан. Ёнбағирликка туташ нишобтоб сайҳонликда жойлашган бу булоқ суви ҳар иккисининг томорқаси оралиғидан ўтиб, наридаги сойга бориб қуйилади. Фарқли жиҳати, булоқ кўзи Товқора чўтирнинг томорқасига хиёлгина яқинроқ эди. Шу бир куни тонгда у ювиқсиз бет билан ёнбағирликка чиқиб келади-да, ҳали уйқу тўла тарк этмаган мудроқ нигоҳини теваракка югуртириб, ўзича ниманидир қидиргандай бўлади. Бу унинг азалий одати, тонгдан вайсашга тушадиган аёлининг овозини эшитмаслик учун кўпинча ёнбағирликдан паноҳқидиради. Четдан қараганда, у табиат гўзаллигига маҳлиёдек туюлади. Аслида эса гўзаллик уни мутлақо қизиқтирмайди, бу каби нозик туйғулар унга етти ёт бегона. Кўзи очиғу, лекин ҳеч нарсани кўрмайди. Лекин бу сафар у Рауф мўнди эгирган тошдеворга негадир ўзга бир йўсинда назар ташлади. Тошдевор аллақачон заволга юз тутган эса-да, ундан қуйидаги ном қолган: «Рауфнинг жойи». Бу ном энди йўқолмайди, бир умр сақланиб қолади. Худди «Яшин урган қоя» ёхуд «Ит улиган дара» каби. Қай бир замонларда кунчиқишдаги қоя бошини яшин уриб, юқори тизмадаги дарада туни билан ит улиб чиққан экан. Шундан буён бу жойлар юқоридаги номлар билан атаб келинади.
Товқора чўтир шуларни хаёлидан ўтказаркан, аллақаердан бамисоли қовоқаридай ғунғиллаб етиб келган бир ўй миясига чиппа ёпишди қолди. Минг ҳайдаса-да нари кетмай, қайтамга тилида қуйидаги равишда эврилди: «Товқоранинг булоғи» У булоқ томонга ушшайиб тикиларкан, сув эгаси бўлишдек ҳавойи бир ҳисдан қувониб, руҳланиб кетди, зумда девор эгирилиши лозим бўлган ўринни белгилашга ҳам улгурди. Илгариям булоқни томорқасига қўшиб олишни бир-икки ўйлаганди-ю, лекин бугунгидек қатъий тўхтамга келмаганди. Бу ишидан қўшниси Тоҳир қоранинг ғазабга келишини билганди-ю, лекин жанжалнинг бу қадар жиддий тус олишини хаёлига келтирмаганди.
Мана ҳафтадирки, иккиси қирпичоқ. Тизза бўйи тошдеворнинг ҳар икки ёнида туриб олиб, бир-бирига айтмаган сўзи, отмаган тоши қолмади.Бугун эса Товқора чўтир йўқ ердаги даъвони илгари сурди, эмишки, қадимда бу ерлар бобосига тегишли бўлган экан. Бу ўринсиз даъводан Тоҳир қора қолиб, кекса булоқнинг ҳайрати ошди.
— Бу ерга унинг бобоси эмас, отаси кўчиб келганди-ку! —деди хуноби ошиб.
Бунга жавобан янги булоқ норози чулдираб қўйди. У кекса булоқнинг узундан-узун ҳикоясидан зериккан, одам боласининг бақир-чақириғидан ҳуркиб қочган қушларни, оппоқ капалаклар ва ариларни соғинганди. Шунинг учун жанжалкаш кимсаларни девор- певорига қўшиб оқизиб кетгиси келади. Бунга чоғи етмаслигини англаб, қаватида ҳануз сўзланиб оқаётган кекса булоққа умидвор тикилади. Бироқ кўрадики, ҳамроҳи хаста, унинг кучи хотиралар сўзламоққа етади, холос.
У ҳавога қалқиётган хитобларни эшитиб, баттар ташвишга тушади.
— Агар ниятингдан қайтмасанг, булоқ кўзини ёпаман! – деди Тоҳир қора.
— Тихирлик қилиб, ҳадеб жонимга тегаверсанг, мен уни бузаман! – деди униси.
Унинг бахтига яхшиям тун бор экан, одамзодни алаҳситувчи чеки-чегарасиз оқшом юмушлари бор экан. Дўнгда қишлоқ подаси кўриниши билан аввал аёллар кетди. Сўнг ишдан эмас, жанжалдан ҳориган эркакларнинг қораси ўчди.
Тун ором ўтди.
У кекса булоқнинг қуриб қолганини саҳарга яқин билди. Бундан қайғуришниям, қувонишниям билмай турганида, қушлар саломга етиб келишди. Тунги енгил шудринг остида ором олиб ётган турфа чечаклару майсалар қуёшдан олдин уйғонишиб, аввал унга, сўнг офтобга олқиш йўллашди. Кейин арилар кетидан оппоқ капалаклар пайдо бўлиб, олам дилкаш бир шовурга тўлди. Кечаги ғурбатли кун тушида кечганидек, у яна борлиққа маҳлиё бўлди. Гўдаклигига бордими, кекса булоқ фожиасини тўла ҳис этмаган ҳолда ундан қолган ўзанни тўлдириб, яйраб-яшнаб оқа бошлади. Агар тўсатдан қоқ белига калладай тош келиб тушмаганида, у бор овозда қўшиқҳам айтмоқчи эди.
У чўчиб қарасаки, Тоҳир қора деганлари тошқаламаларни бузаяпти, деворни тепиб-сепиб, қўлига учраган тошларни чор тарафга улоқтираяпти. Шу пайт қуйидан ҳайқирганча Товқора чўтир чиқиб келди. У бу сафар Тоҳир қора билан ади-бади айтишиб ўтирмади, девори нураганидан алами ва ғазаби тошиб, шартта қўшнисининг ёқасига ёпишди. Улар ола-тасир олишиб кетдилар. Бу ҳолдан янги булоқ жуда қўрқиб кетди. У замин қаъридан нажот қидирди. Заминнинг бағри кенг эди, уни ўз қучоғига олди, авайлаб эркалади. Сўнг уни ер ости дарёси ўзани томон буриб юборди.
Қош-қовоғи шишган, ёрилган қўшнилар манглай қонларини ювгани узун-қисқа бўлиб, булоқ бўйига эндилар. Булоқўрнида кичкина кўлмак кўрдилар. Бири кўлмак сувини қизартириб, ёрилган қаншарини юваркан, тепасида кафтини лунжига босиб турган шеригига ўшқирди.
— Булоқни… ебсан-ку, исқирт!
— Бу сенинг ишинг! – деди униси булоқдан сув қочганини энди пайқаб. – Тунда нимадир қилгансан сен!
Қуриган булоқҳудудини аввал капалаклар, сўнг арилар тарк этишди. Митти чечаклар эса паноҳқидириб, бўлиқ майсалар пинжига суқилишди. Бироқ майсаларнинг ўзи паноҳга муҳтож эдилар.
Бу ҳолга фақат кўкдаги қуёшгина бефарқ эди. У, олди ёз эмасми,заминни одатдагидан кўра кўпроққиздирмоқда эди.
Қоқ тушга бориб қуриган ўзан ёқасидаги майсалардан бири аста нидо таратди, сўнг унга бошқалари жўр бўлди.
— Су-ув!
Уларнинг ҳорғин овози қайноқҳавога сингиб, маъносиз бирифода касб этди-да, сўнг кенглик бағрига сочилиб кетди.