Сийрак, тилларанг сочлари пешонасига тушириб калта қирқилган, пучуқ бурун, ёқимтойгина болакай гуруч доналаридек олд тишларини кўз-кўз қилганча ширин жилмайиб турарди…
Ҳулкар кўзини суратдан узиб, дарпардалар оралиғидаги пуштиранг осмон парчасига нохуш тикилиб қолди. Кўнглининг тубида оғир ғашлик чўкиб ётарди… Паришон нигоҳи деворнинг бежирим гулқоғозлари бўйлаб кезина-кезина, қайтиб яна тошойна устидаги суратга қадалди… Сурат… дунёга келиб, бор-йўғи икки йилгина яшаган гўдакнинг ягона сурати… Ўта эҳтиётлаб сақланган – йигирма йилдан зиёд вақт кечса-да, гўё яқингинада ишлангандек яп-янги… Болагина – унинг укаси, сурат у бир яшарлик пайти, шамоллаб шифохонага тушган чоғида олинган; бола асли дўмбоққина, юзлари кулчадай қизғиш, лўппи-лўппи эди. Расмдагининг эса юзи бир бурда, кўзлари киртайган, жилмайиши ҳам одамнинг раҳмини келтирарди ҳатто… (Укасини дифтерия олиб кетганида Ҳулкар ҳали учга тўлмаганди.) Чапги қуйи бурчакда болани тутиб турган қўл – онасининг қўли ва яна ола-була халатнинг енгидан ҳам бироз кўриниб қолган. Бу халат ёдида – у доим ваннахонадаги қозиқда илиғлиқ турар, онасининг ўлимидан сўнг ҳам анчагача ўша қозиқда илиғлиқ қолганди… Гўдакнинг ҳафсала билан таралган сочларига термиларкан, Ҳулкар онасининг ўша вақтдаги – ёпишқоқ сураткашлардан бири тирикчилик кўйида ниҳоят касалхона бўлмасига ҳам бош суқиб, авраб-авраб сурат олишга кўндиргандан сўнг, боласини артиб-суртиб, ёқаларини тўғрилаб, юзида фақат оналарнинг ўз фарзандларигагина аталувчи алланечук табассум билан шу бир тутамгина сочни ҳам авайлаб тараб қўяётган ҳолатини тасаввур қилдию… юраги ситилиб кетгудай бўлди…
Суратни кеча оқшом пайти, жомадондаги майда-чуйдаларни жавонга олаётиб, ҳужжатлар сақланадиган чарм жилд ичидан, туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома орасидан топиб олганди. Хаёл билан тошойна қаршисига қўйган бўлса, шу бўйи унутган. Бироқ кўнглидаги ғашлик марҳумларни хотирлаганидан эмасди чоғи – кўзларини юмганча соатнинг чиқиллашига қулоқ тутиб ётаркан, у қандайдир туш кўрганини эслай бошлади. Қандайдир туш… Бу безовта ғашлик айни ўша – ҳозир сира хотирига келмаётган туш боис эканини ҳис қилган кўйи бирмунча вақт қимирламай ётаверди ва туйқус қалбида айни дам янги сокин бир севинч ҳам борлигини илғади. Кейин шу кунларда ҳаётида қандайдир улкан қувончли воқеа юз бергани ва бир неча тонгдан бери ўша улкан қувонч ҳарорати ичра уйғонаётгани ёдига қайтди. Кўзини очиб шифтда ажабтовур шокилдали ёғоч қандилни кўрди, бошини кўтариб ойнадаги ўз аксига боқди, сўнг ёнига ўгирилиб, нигоҳи ваннахонанинг қия очиқ эшигига тушдию бутун борлиғи ёришиб кетди. Эҳ, ахир, улар ниҳоят уйлик бўлишди-ку! Ҳулкар ирғиб ўрнидан турди, атрофга энтикиб кўз югуртирди. Кўнгли тўлиб, керишганча оёғига яп-янги, юмшоқ, келинларники каби укпар қадалган чиройли шиппакларини илди, атайин шошилмай, сархуш, битта-битта қадам босиб ваннахона томон юрди. Ҳозиргина нимадандир ғаш бўлаётгани хаёлидан буткул кўтарилди…
Ваннахонада, ойна остидаги токчада Фахриддиннинг соқол оладиган буюмлари, бир неча хил одекалон, тиш пастаси ва чўткалар солинган идиш, ласон ва ёғупали ранг-баранг елим қутичалар тартиб билан териб қўйилганди. Иккала жўмракни баравар бураб ваннани тўлдираркан, Ҳулкар сартарошхонада ишлаган йилларини хотирлади – Фахриддин билан ўша ерда тасодифан танишиб қолганди (Тўйларидан анча аввал Фахриддин уни сартарошликдан кетишга мажбур қилган, Ҳулкар кейинроқ тарбиячилик курсини битириб, боғчада ишлай бошлаганди). Йигитнинг уйидагилар, ўғилларининг ота-онасиз, сепи ҳам бир нави, тағин сартарош қизга уйланишига аввал қарши эдилар. Аммо кўп ўтмай, кутилмаганда ўзлари совчи бўлиб келишди. Ҳулкар буни Фахриддиннинг ўжарлигидан кўрганди, кейин билса, бошқа томони ҳам бор экан. Эрининг ота-онаси – азалдан ўртаҳол, ишчи одамлар ўша пайтга келиб бирин-кетин бўйи етган фарзандларининг орзу-ҳавасларига янада қўликалталиги сезилиб қолган, бунинг устига, энг катта муаммо – уй-жой бош оғриғи ҳам кўндаланг – қайнона-қайнота, Фахриддиннинг уйланган, икки болали акаси, яқинда ҳарбийдан қайтган эгизак укалари – жами тўққиз жон уч хонали уйда туришар; Фахриддин кичкина тўйча билан кифояланиши, тўйдан кейин тезда ижарага уй олиб чиқиб кетиши ва шу билан у ёғига аравасини ўзи тортишини аниқ қилгач, биттасининг ташвишидан қутилаётганларига суюнибми, тўйга розилик беришган. Ҳулкар қайнона-қайнотаси билан икки ой ҳам бирга яшагани йўқ – келин-куёв тўрвахалталарини орқалашиб, пешоналарига битилган биринчи ижара уйи сари равона бўлишди. Ана ўша кунларнинг заҳри ҳеч қачон юрагидан кетмаса керак – Д.га жўнагунларига қадар уч бор ижара алмаштирилди, айниқса, охиргиси энг расвоси эди – эски, каталакдек ҳовлининг бир бурчидаги, шувоқлари кўчган, поли чирик, ёқимсиз ҳидли битта даҳлиз, бир хона… Кеч куз, совуқ тушиб қолган, уйнинг эса печкаси ҳам йўқ. Кўчиб келган кунлари “кошона”ни кўриб Ҳулкарнинг асаби дош беролмай қолди – аввал ўтирволиб роса йиғлади, сўнг тарс-турс қилганча холасиникига жўнаворди; эртасига кунни кеч қилиб қайтиб келса, Фахриддин даҳлиз остонасида папирос тутатиб ўтирибди, эшик-деразалар ланг очиқ. Ҳулкар бирдан бўшашиб, аразига пушаймонлар еб кетди. Бечора эри… у кетгач бир ўзи бинонинг ич-ташини супуриб-сидирибди, у-бу ерларини суваб, яхшилаб оқлаб чиқибди. Ҳулкар дарров чой-нон қилди, кейин эр-хотин қайта иноқ бўлишиб, енг шимариб ишга тушиб кетишди – ерга аввал похол, кигиз, устидан палос ёзишди, деразага парда илиб, кўч-кўронларини жойлашди. “Кошона” яшаса бўладиган эпақага келди, ишқилиб. Бир неча кундан сўнг Фахриддин “голланд печкаси”ни келтириб ўрнатди, баҳоргача етадиган ўтин-кўмир туширди. Бир амаллаб қишни ўтказишди. Бой оиладан бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда барча зарур қулайликлари бор уйда ўсган эмасми, Ҳулкар ҳаммаёқни қоракуя қилиб кўмир ёқишу уйни ису чангга тўлдириб кул олишлардан, устига-устак ҳаммомнинг йўқлигидан қаттиқ қийналди. Уй эгаси – ёшлигида ёмон ном чиқарган, лекин бировга гап бермайдиган шаллақи сўққабош кампир еса, ҳар ой йигирма беш сўмни қуртдай санаб олса-да, ҳеч инсофга келай демасди – “ошхонага ҳадеб кириб чиқаверма”, “кирингни ҳовлига ёйма”, “уззукун чироқни ёниқ қолдирасан, электрга мунча пул келибди, ярмини сен тўла…” каби вайсашлари билан қулоқ-мияни егани етмагандек, гоҳ ошхонадаги газ баллони қулоғини яшириб қўяр, гоҳ музлаткич кичиклигини баҳона қилиб, Ҳулкарга тегишли бир бўлак гўшт, яримта сарёғни олиб ташлар… асабини эговларди. (Фахриддин у пайтлар кичкина сабзавот дўконида сотувчи эди, ойлиги тўқсон сўм, яна топганининг бир қисми тўй арафаси таниш-билишлардан кўтарилган қарзни тўлашга кетарди). Кампирнинг турқини кўрмаслик учун Ҳулкар овқатни анча аввал пишириб олиб ошхонадан чиқиб кетар, чойнакни доим ўз хонасида, “голланд печи” устида қайнатарди; идиш-товоқларни ҳам, кир-чирларни ҳам даҳлиз бурчагида ювиб, ўша ернинг ўзида қуритар; чўмилгани эса ҳафтада бир эри билан Ҳулкар – холасиникига бориб келишарди. Лекин у уйда Ҳулкар учун энг ёмони ҳар қор-ёмғир ёғганида томдан ўтадиган чакка эди. Фахриддин илма-тешик томни қўлидан келганча ямаб-ясар, аммо келаси сафар барибир қаердандир яна чакка ўтаверарди. Эсида, бир кеча шундоқ юзига чакка томчилашидан уйғонди, жойларини бошқа ерга суришди, лекин чорак соат ўтар-ўтмас у ердан ҳам сув чакиллай бошлади. Қисқаси, эр-хотин у бурчакдан бу бурчакка ўрин-кўрпа ташиб тонг оттиришди, хона уйдаги бор товоқ, коса-пиёлаларга тўлиб битди.
Тун сукунатини чакканинг так-пуки бузган ўша кечаларни эсласа, ҳали-ҳали юрагини зах босади.
Қишнинг охири кўринай деганида кампир ижара ҳақини бирдан қирқ беш сўмга кўтариб, “чидасаларинг – шу, бўлмаса – катта кўча”, дея тўнғиллади. Айни ўша кезлар Фахриддин Д.дан ҳарбийда бирга бўлган қадрдон дўстидан хат олган – дўсти корхона очганини маълум қилиб, уни ўз ёнига чақирарди. Анчадан бери даромадлироқ иш тополмай боши қотиб юрган Фахриддин бу хатдан сўнг тараддудланиб қолганди, кампирнинг сўнгги қарори туртки бўлди – дўстига сим қоқиб гапни аниқ қилгач, Ҳулкарни кўч-кўрони билан вақтинча бир бева аммасининг уйига қўйдию Д.га жўнади-кетди.
Амманинг ёлғиз ўғли ҳарбий хизматда, тўрт хонали уйда келини икковлон туришарди. Ошхонаю ваннасида доим иссиқ-совуқ суви тайёр эди. Бошида ҳаммаси бинойидек – амма жуда содда, икки гапнинг бирида “айланай-ўргилай” деб турадиган юмшоқтабиат аёл, келин ҳам ҳалимдеккина кўринувди. Бир ҳафталар ўтиб, келиннинг қўшни шаҳарда яшайдиган онаси келди-ю “об-ҳаво”да кескин ўзгариш юз берди. Баркашдай юзида ўсиқ тукли қоп-қора холи бор аёл келган заҳотиёқ Ҳулкарга қошларини чимириб, энсаси қотиб қараганди; кечқурун келиннинг ётоғи ёнидан ўтаётиб, Ҳулкар унинг атайин баланд овозда: “Индамасанг, ўғлим кетди – ёлғиз қолдим деб ҳамма уйсиз уруғ-аймоғини бошига йиғади”, – дея шанғиллаётганини эшитди.
Эртасига эрталаб айвонга чиққанида, чақчақлашиб ўтирган аёллар уни кўриб бирдан жимиб қолишди. Саломига ҳам ҳеч ким алик олмади, нонушта чоғи келин ҳам одатича чой қуйиб узатмади. Ўзини сир бой бермагандек тутса-да, Ҳулкарнинг ичида ёмон зил кетди. Она-бола майли-я, лекин шу кунгача “айланиб-ўргилиб” юрган аммани нима жин урдийкан? Ҳулкар шунда ҳам бадгумонликка берилмай, “ҳар кимда бўлгани каби бунинг ҳам ўзига яраша ғам-ташвиши бордир, ўшаларни ўйлабми ё шунчаки ўғлидан хавотир олибми, кайфияти йўқолгандир”, деб қўя қолганди. Бироқ кейинчалик ҳам амма унга ошкора рўйхушлик бермай юраверди. Вазият кундан-кунга ёмонлашарди. Бора-бора, уни дастурхонга ҳам чақирмай қўйишди – ўзи келса келди, йўқса, биров номига ҳам “келинг” демайди… Ошхонани-ку, қуда хола бутунлай қўлга олганди, Ҳулкар бирор ишга ёрдамлашай деса, “йўқ, қўйинг, сиз билмайсиз”, деб ҳатто картошка-пиёз арчиш, идиш ювишга ҳам йўлатмасди. Қарашмагандан кейин таппа-тайёр овқатга бориб ўтириш ноқулай… яна охирги кунлар дастурхон устида тез-тез кўз уриштириб оладиган одат чиқаришган… Ошхонага бош суқишдан безиллай бошлади – шкаф ёки музлаткич очилиб-ёпилди дегунча, албатта, кимдир бўйнини чўзиб қоларди. Булар ҳам кам экан…
Бир куни қуда хола: “Келинпошша, сиззи уйизда қандоғ бўлганини билмадим-у, лекин биза чўмилгандан кейин ваннани тозалаб, тўкилган соч-почларимиззи йиғиштириб чиқамиз”, – деб пичинг қилди. Ўша куни Ҳулкар ваннага тушган, ўзидан сўнг ҳар галгидек ҳаммаёқни ювиб-тозалаб қўйганди. Худо уриб бир-иккита соч толасини кўриб қолган бўлса, “узиб” олишга баҳона топилган. Ҳулкар индамади, аммо ўша кундан бошлаб хонасидан ташқарига чиқишга юраги қолмади. Кетворай деса, Фахриддиннинг феъли маълум…
Ғирт текинхўр бўлмай деб эри ташлаб кетган ўттиз сўмча пулга баъзан ёнларидаги дўкондан нон, сарёғ, шакар каби майда-чуйдалар олиб келарди. (Кейин билса, Фахриддин амманинг қўлига ҳам алоҳида эллик сўм берган экан, амма эса бу ҳақда “миқ” этмади-я.) Она-бола сурбетликни авжига миндириб, уйда нон қолмаса – нонсиз, сабзавот тугаса – овқатсиз, Ҳулкарнинг қўлига қараб ўтирадиган бўлишган, агар Ҳулкар дўкондан, масалан, сут ёки тухум келтирса, келин дарров бирор пишириқ пиширишга тушиб кетар ва уч куннинг ўзидаёқ бор масаллиқни тугатиб қўйиб, безрайиб тураверишарди. Ҳаммалари тил бириктириб олиб сиёсат юргизишаётгани энди кундек равшан эди – ё анави писмиқ келин унинг бу ердалигини ёқтирмай онасини кўмакка чақирган, ё меҳрибон онанинг ўзи Ҳулкар узоқ қолиб кетиб қизига дардисар бўлишидан қўрққанми, ташаббус кўрсатиб етиб келган сўнг нима деб авраганларини Худо билади-ю, ишқилиб, содда аммани ҳам ўз томонларига оғдириб, Ҳулкарни бу уйдан ўз ихтиёри билан, яъни “дод” дегудек безор бўлиб чиқиб кетишга мажбурлайдиган режа тузишган. Ҳулкар ҳаммасини тушунди, аччиқланган бўлса фақат ўзидан аччиқланди…
Икки ойдан бери хат-хабарсиз йўқ бўлиб кетган Фахриддин ўша воқеанинг индинига, қоқ саҳар пайти эшикдан кириб келди. Д. дан бир иш чиқишига кўзи етган шекилли, руҳи тетик, димоғи чоғ. Эртасигаёқ жомадонларини кўтаришиб, у ғурбатхонани тарк этишди. Бироқ сиғиндилик алами аллақачон суяк-суягига сингиб, тоабад ўчмайдиган асорат қолдириб улгурганди.
Худога минг-минг марта шукр – энди ўз уйлари бор. Қандай яхши-я! Билганингни қил, хоҳла, кунига меҳмон чақир, хоҳла, мусиқа қўй, телевизор овозини истаганингча баландлат, биров “ғиринг” демайди… Ҳулкар ич-ичидан ҳузур қилиб кўзларини юмди… Одамзоднинг кападек бўлса-да, ўз уйига эга бўлиши ҳеч нарсага қиёслаб бўлмас бахт эканини, амманинг ғурбатхонасидан чиқиб кетаётиб ҳис қилганди, лекин бундай бахт ўзига ҳам насиб этажак кунни у пайтлар сира-сира тасаввур қилолмасди…
Ҳулкар Д.га, очиғи, у қадар оёғи тортмай жўнади. Йўл бўйи ҳам, эрининг оғайниси тайёрлаб қўйган уйга келиб тушганларида ҳам кўнгли ёришмай, беҳаловат бўлаверганди. Энди эса… Юраги бир орзиқди – мана уйлик ҳам бўлишди, бирин-кетин бошқа ниятлари ҳам рўёбга чиқар, аммо Д.дагидек ҳаёт нафасини қайтиб ҳеч қачон туймаса керак. Ҳулкар Д.ни, ўша дамлар файзи, шукуҳини жуда кўп қўмсарди. Ўзи асли киришимли, серғайрат йигит эмасми, дўстининг йўл-йўриғи билан Фахриддиннинг ишлари бошиданоқ юришиб кетди, уч-тўрт ой ўтмай қўлларида мўмайгина пул йиғилди, турмушлари ўзгарди. Оғироёқлиги боис Ҳулкар охирги кунлар пиёздоғ ҳидини кўтаролмай қолган, тез-тез толиқарди; уни уринтирмаслик учун Фахриддин ҳар куни ҳам тушлик, ҳам кечки овқатга ташқаридан бирор тансиқроқ егулик келтирар ё Ҳулкарнинг ўзини энг яхши ресторанларга олиб борарди. Музлаткич доим сархил неъматларга тўла, истагани дарров муҳайё бўлар, эри ҳар қадамида унинг кўнглига қарарди… Якшанба кунлари улар кўпинча шаҳар айланишарди, дўконларга киришарди, кўзига ёққан нарсани Фахриддин қўярда-қўймай олиб берарди – Ҳулкар ёқтирдими, тамом, нархи билан иши йўқ. Ўғли Сардор туғилгач эса Фахриддин уни бутунлай бошига кўтариб олди. Хуллас, ўша йиллар Ҳулкар “емаганини еди, киймаганини кийди, кўрмаганини кўрди”.
Доим шундай бўлиб қолади деб ўйлаганди…
Бир бодраб чиқиб, икки-уч йил ичида роса гуриллаб кетган хусусий корхоналар аста-секин “чиғириқ”дан ўта бошлаган пайт Фахриддиннинг дўсти ҳам корхонасини тарқатди – узоқни кўзлашга одатланган уддабурон бундан кейин Д.даги ишлар фақат орқага кетаверишига амин эди; эндиги омадини синаб кўриш учун Украинанинг қайсидир шаҳрига отланаркан, Фахриддинга ҳам топган-тутганини маҳкам тишлаб уйга қайтишни, ўша ерда бирор ишнинг бошини тутишни маслаҳат берди… Келибоқ уй сотиб олмаганларига Ҳулкар ҳали-ҳали ачинади – уч хонали ғиштли уйни жиҳоз-пиҳози билан олишга бемалол қурблари етарди ўшанда. Фахриддин “бирор ишнинг бошини тутиш” учун яхшигина сармоя кераклиги, озроқ сабр қилса, кейин бир йўла ҳовли олиб беришини айтиб, ишни пайсалга солаверди. Бироқ икки йиллик чоп-чопнинг натижаси ўлароқ, сармоянинг ярмидан кўпи олатасир замон қуюнида совурилиб кетди – Фахриддин қадамини катта оладиган даврлар ортда қолганини, ниҳоят, тушуниб, баландпарвоз режаларни хаёлидан чиқариб ташлаган вақт қўлларидаги пул бир хонали энг арзон бетон уйга ҳам кифоя қилмасди. Фахриддин ўйлай-ўйлай, шу пул билан яқин хорижга қатнаб савдо қилмоқчилигини билдирганида дастлаб Ҳулкарнинг кўнгли озиб қолай деди. Кейинроқ тушунди, кўнмай иложи йўқ – барибир пуллари уй олишга етмайди ҳозир, етган тақдирда ҳам, бўм-бўш уйни кейин қайси пулга тўлдиришади, у ёғига тирикчиликлари қандай кечади – аввалгидек қуруқ ойликка кун кўриб бўладиган пайт эмас.
Фахриддин уч-тўртта таниши билан бир бўлиб чет элга қатнай бошлади. Эр-хотин тақдирга тан беришиб, белларини сиқиб боғлашди… Яна ижарама-ижара санғишлар, уй соҳибларининг минғир-минғири… Баъзан Ҳулкарни бири-биридан нохуш ўйлар қамраб оларди – гўё нимадир бўлиб, эри қўлидаги пулидан ҳам айриладию кейин қолган умрлари ҳам шу тарзда – ижараларда ўтиб кетадигандек туюлиб ваҳима босарди…
Ҳўл сочларини момиқ сочиқ билан танғиётиб охирги марта ижарада турган жойларини эслади – бир татар аёлнинг уч хонали уйидан икки хонани олишганди; аёл ўзи ёмон эмасди-ю, лекин сал инжиқроқ, масалан, ваннахонага совун, тиш чўткаси, сочиқ кабиларни қўйишни қатъий тақиқлаган – ўзлари билан олиб кириб, яна ўзлари билан олиб чиқиб кетишлари шарт, бир гал Фахриддин шошганидан сочиғини унутиб қолдирганида аёл жуда ифлос бир нарсадан ижирғанган мисоли юзини бужмайтирганча сочиқни учидан зўрға кўтариб келиб хоналарига ирғитиб юборганди… Ҳулкар илгичларда қатор осиғлиқ , чеккаларида қулупнай, ағанаган қўзиқорин, елканли кема тасвирлари бор сочиқларга хуш нигоҳ ташлаб, руҳи тетиклашиб ваннахонадан чиқди. Ошхонага кириб чой қўйди, ундан меҳмонхонага ўтди… Кўчиб келганларидан бери шундай – ҳали айвонга, ҳали ётоққа, ҳали меҳмонхонага қайта-қайта кириб-чиқаверди, уйнинг ҳар бурчагига кўзи тўймай тикилади…
Меҳмонхонадаги стол устида чойнак, чой юқи пиёлалар, ўрик мураббосидан бўшаган ликопча турарди. Фахриддин бугун ҳам, уни безовта қилмай, Сардорни ўзи уйғотиб, ювинтириб-кийинтириб, чой ҳам ичириб, боғчасига олиб кетибди. Ҳулкар эрини эслаб жилмайди – пахмоқ қизнинг бахтини берсин деганлари шу бўлса керак.
Дастурхонни йиғиштираркан, тезроқ ошхонага жиҳоз олишлари кераклигини ўйлади. Кейин ош-овқатни ташиб юрмай ,ўша ернинг ўзида еб қўя қолишарди, меҳмонхона ҳам озода турарди. Агар газ плитаси айвонга кўчирилса, ошхонани кейинчалик Сардорга хона қилиб беришлари мумкин. Айвон каттагина эди; Ҳулкар ҳануз парда илинмаган дераза ёнига келиб, ташқарига назар солди. Рўпарада уларники каби тўққиз қаватли уй. Чапда қатор-қатор ҳали қуриб битказилмаган уйлар, эндигина кўтарилаётган бетон пойдеворлар, хандақлар, ҳаммаёқ қазиб ташланган. Ҳув анави трамвай йўли, иморатлар тушгач, кўринмай ҳам кетар. Ўнгда, уч-тўртта темир гараж, сўлида бир қаватли оқ бино, эҳтимол, озиқ-овқат дўкони, яна нарироқда, зич тераклар ортидаги пастликда тўкилай деб турган яккам-дуккам эски ҳовлилар…
Ҳулкар маъюс тортди – дераза қаршисига келиш азалдан кўнглига тушуниксиз ғусса соларди. Болалигида, тўрт ярим-беш ёшлар бўлса керак, улар бувисиникида туришарди (ота-онаси, укаси ёшига тўлиб-тўлмай ажралиб кетишган, холасининг айтишича, бунга отасининг бошқа аёлга илакишиб қолгани сабаб бўлган экан. Ҳулкар отасини эслолмасди, шу пайтгача унинг суратини ҳам кўрмаган), бувисининг уйи ҳам еттинчи қаватда эди – кўп қаватли уйларни, айниқса, уларнинг деразаларини Ҳулкар ўшандан ёмон кўриб қолган. Фақат баландликдан қўрққани учунгина эмас…
Бир ярим сменада ишлагани боис онаси жуда кеч қайтар, боғчадан уни ҳар куни бувиси олиб келарди. Сўнг кекса аёл ошхонада ғимирлаб юрар, Ҳулкар эса бир ўзи дераза ёнида туриб онасини кутарди. Она ҳадеганда келавермас, ғира-шира тушгани сари қизчанинг юраги сиқилар, ҳатто “онам энди келмайди” деб қўрқа бошларди. Одамлар уй-уйига қайтиб, кўп қаватли бинолар чумолининг инидек ғувиллаб қолар, улардан учиб чиққан ҳар хил бақир-чақир товушлар, телевизорларнинг даранг-дурунглари, кўча машиналарининг ғиз-ғизию трамвайларнинг тарақ-туруғи бир бўлиб, оқшомнинг, онасини кутаётган қизча учун ўта нафратланарли “симфония”сини ҳосил қиларди… Кейин оқшом шовқинидан ҳам хунукроқ сукунат чўкар, қизчанинг ваҳимаси орта бориб, баъзан онасидан бошқа ҳаммани, ҳатто бувисини ҳам ёмон кўриб кетарди. Лекин бир пайтнинг ўзида, онаси қайтиши биланоқ ҳаммаси ўзгариши дарров кўнгли тинчиб, ўйинчоқларию телевизорга чалғиб кетиши, овқатдан сўнг айвондаги сўрида, чой устида узундан-узоқ гурунглашиб ўтирадиган она-боланинг ўртасига тушиб, катталар суҳбатини ўзича тинглаб ётиши – уларнинг уйлари ҳам чироқ ёниб турган бахтли деразаларнинг бирига айланишини қизалоқ билар, “мана, онам келсин…” дея ўзини юпатганча кўчага тикилаверарди. Ниҳоят, узоқдан – уйлар орасидаги торгина йўлдан каттакон сумка кўтарган онаси кўриниб қолар, бўйнини чўзиб қизига қўл силкир, қизча ирғишлаганча эшикка югурарди.
Бир куни қўрққани юз берди. Онаси қайтмади… Эртасига ҳам… Индинига ҳам… Ҳеч қачон…
Учинчи синфдалигида бувиси қазо қилди, Ҳулкар бир неча ой ўша уйда, тоғаси ва янгаси қўлида яшади, кейин уни холаси олиб кетди. Холаси юрист бўлгани учинми, ё асли табиати шунақамиди – жуда қаттиққўл, унинг уйида ҳамма нарса тартиб-интизомга бўйсунарди – аниқ белгиланган вақтда ётиб-турилади, овқат ейилади, дарс тайёрланади, ҳатто телевизор кўришнинг ҳам маълум, чегараланган соатлари бор. Йўқ, қанчалар қаттиққўл бўлмасин, холаси уни ҳеч нимадан зориқтирмасди, ўз болалари қатори парваришлаб катта қилди. Лекин, барибир, Ҳулкар бу хонадан ўз уйи эмаслигини ҳис қиларди – холаваччалари каби у ёқдан-бу ёққа бемалол чопқиллаб югуролмас, ўзича телевизор қулоғини буролмас, ҳадди сиғиб музлаткични очолмасди. Унинг ўз каравоти, жавонда ўз бўлмаси бор эди, холос.
“Мактабни битирсам, ишлаб пул топсам, ҳаммаси бошқача бўлади, ҳаммаси ўзгаради…” – деб ўйларди Ҳулкар.
Мактабни битирди, ишга кирди – холаси минг “йўқ” деса ҳам – сартарошхонага. Шу касбга қизиқарди, шунга уқуви борлигини билар, эплаб кетишига ишонарди. Ишлади, ҳамма аёллар сартарошхонасида бўлгани каби дурустгина пул топишни бошлади, кийим-боши шунга яраша ўзгариб, уйдагиларга ҳам ул-бул олиб берадиган, баҳоли-қудрат рўзғорга қарашадиган бўлди. Илгарги қисилиб-қимтиниб юришлари йўқолди. Лекин одамовилиги, баъзан гап-сўзсиз, чет-четларда ғамгин ўйга ботиб ўтиришлари… йўқолмади. Уни кузатаркан, холаси кўпинча оғир “уҳ” тортиб қўяр, кейин Ҳулкардан кўра ўзини кўпроқ ишонтирмоқчи бўлгандай шивирларди: “Турмушга чиқсанг, бола-чақа қилсанг, ҳаммаси яхши бўлиб кетади, ҳаммаси ўзгаради…”
Турмушга ҳам чиқди. Лекин ҳатто Д.да, ўша бахтли, беармон кунларда ҳам, оқшом чоғи баъзан дераза қаршисига бориб қолса, юраги яна ёқимсиз увиша бошлар, истар-истамас яна оғир ўй-хаёллар гирдобига тушиб қолаверарди… Шунда у ҳаётида ҳамон ниманингдир йўқлиги, жуда-жуда муҳим ниманингдир етишмаслигини, гўё қизалоқлигида онасини кутгани каби ҳамон нималигини ўзи ҳам билмаган, лекин бир кунмас-бир кун келиши, келиб кўнглининг кемтикларини тўлдириши, мана бунақанги изтиробларига чек қўйиши мумкин бўлган ўша ниманингдир йўлини интизор бўлиб пойлаётганини сезарди…
Ижарада яшаган сўнгги кезлари эса, оқшомлар Ҳулкар учун чидаб бўлмас уқубатга айланди. Оқшом тушиши билан юраги сиқилиб, дарду дунёсини зулмат қоплар, қўшни хонадаги уй эгаларининг ғўнғир-ғўнғири, қадам товушлари, кечки овқат пиёздоғининг ҳиди вужудини пармалаб ташлаётгандай бўларди гўё…
Ва яна минг азоб, минг бир умид ичра ўйлаб кетарди: “Бир кун келиб уй оламиз, ўшанда ҳаммаси яхши бўлади, ҳаммаси ўзгаради”.
Човгум “ҳуштак” чала бошлади. Ҳулкар газни ўчирди, негадир чой ичгиси келмай қолди. Музлаткичдан бир бош узум олиб чайдида, йўл-йўлакай чўқилаганча меҳмонхонага йўналди. Фахриддин уй олиш ҳаракатига тушганидан бери, Ҳулкар бўлажак уйларини қандай жиҳозлашни хаёлан роса машқ қилиб кўрган, буюмлар ўрнини неча бор “алмаштириб” чиққанди. Аслида-ку, жиҳозларнинг ўзи ҳам ҳали йўқ нарса эди, биргина “стенка”ни айтмаганда. Унга ҳам не-не ҳангомалар билан эришганди… Ўшанда Д.дан қайтганларига икки-уч ойча бўлган; Сардорни боғчадан олиб келаётиб, Ҳулкар гоҳо йўл устидаги жиҳоз дўконига кириб ўтарди, бир гал қарасаки, нархи одатдагидан анча арзон чет эл жиҳозлари сотиляпти. Пишиқ ёғочдан ишланиб, устига қизғиш қора лак қопланган, деворнинг у бошидан бу бошигача бемалол эгаллайдиган “стенка”ни кўриб юраги жизиллаб кетди. Сотувчи қиз ўтган куни чиқарилган тўртта шунақа “стенка”дан бугун фақат шуниси қолганини айтгач, юрагига ғулғула тушиб, ҳовлиққанча такси кира қилиб келган Ҳулкар эрининг “аввал уй олайлик, кейин бир гап бўлар…”идан эси оғиб қолаёзди. Фахриддин ҳозирча фақат музлаткич билан газ плитаси олиб беришга кўнарди. Феълини билгани учун ортиқ ялиниб ўтирмади, бироқ “стенка”ни ҳам қўлдан чиқаргиси йўқ, кейин негадир, агар шу жиҳоз олинса, уйли бўлишлари ҳам тезлашадигандек эди.
Бир иш қилди – Сардор туғилганида эри ҳадя этган бриллиант кўзли узугини заргарлик дўконида ишлайдиган синфдош дугонасига хиёл арзонроққа пуллади-да, эртасигаёқ “стенка”ни уйига туширди. Пулдан пича ортаётганди, маққи-саққиларга ишлатиб юборгандан кўра деб чоғроқ палос ҳам қўшиб олди. Эрининг жаҳли чиқиб кетишидан бироз қўрққанди, йўқ, Фахриддин бошини сарак-сарак қилганча: “Иккинчи тақинчоқларингни сота кўрма”, – деди, холос. Охири бахайр бўлди, ишқилиб. Яхшиям, ўшанда шундай қилгани, ҳозир бунақа нарсанинг яқинига йўлаб бўлмайди…
Таъмирга муҳтожлиги бўлмаса-да, ҳар қалай, “биров турган уй” деб, енгилгина оқлаб-кўклаб чиққач, “бисмиллоҳ” билан остона ҳатлаганларига ҳам мана бир ҳафтадан ошди. Бир ҳафта ичида Ҳулкар ўзи ҳам тинмади, Фахриддинни ҳам тиндирмади – уста чақириб “стенка”ни қурдиришди, ётоқни жойлаштиришди, палос-гиламларни тўшаб, пардаларни илишди… Айниқса, “стенка” битиб, шифтга қандил осилгач, меҳмонхонага қараб Ҳулкарнинг кўзи яшнаб кетди. Ўша куни овқат қилиш ҳам Фахриддиннинг зиммасига тушди – Ҳулкар ярим кечагача қўшиқ хиргойи қилиб “майда безак ишлари” билан машғул бўлди – “стенка”га ҳафсала билан чинниларни терди, диван – оромкурсиларга ёпқичлар ташлади, Д.далигида харид қилган, яхши ният билан “уй олганда тутаман” деб асраб келаётган хитойи дастурхонни ёзиб, биллур гулдонга икки дона сунъий атиргул солиб қўйди… Ярим тунда бахтиёр эр-хотин меҳмонхонада ўтириб ширинликлар билан чой ичишаркан, Ҳулкар эртагаёқ уйларига кимнингдир меҳмон бўлиб келишини ё қўшнилардан бирортаси “мўралаб”қолишини жуда-жуда истарди…
Эндигина телевизор тугмасини босишга чоғланганида, бугун душанба экани эсига тушиб, қўлини тортди – ҳамма кўрсатувлар кечки олтидан сўнг бошланарди. Нима қиларини билмай туриб қолди. Бунақа кун бошқа қайтарилмаса керак – қилай деса, арзигулик иш йўқ, ҳаммаёқ саранжом-саришта, қўлга илинадиган кир-чир, дазмол ҳам тушмаган. Фақат кечга овқат пиширса бўлгани. Ҳали жуда эрта эди, вужудида енгил ҳорғинлик туйиб, яна бироз мизғиб олиш ниятида ётоққа кирди. Кирдию кўзи тошойна қаршисидаги суратга тушди ва эрталаб қандайдир туш кўрган, кўнгли ғаш тортганини хотирлади. Пешонасини тириштириб нима туш кўрганини эслашга уринди. Умуман, бу энди бефойда – эрталаб эслолмаганини ҳозир эслаши даргумон. Бориб суратни қўлига олди. Бу суратни турмушга чиқиши арафасида, холаси шу пайтгача ундан яшириб сақланган, онасига тегишли сурат ва бошқа баъзи буюмлар солинган қутини қўлига тутқазган куни кўрганди. Унга қадар болакай Ҳулкарнинг хотирасида нуқул… эгнида кўкишми… ё ним яшил тунги кўйлак, панжарали ёғоч каравотча ичида, ярми сариқ-ярми қизил жажжигина коптокчани тишлашга уринаётган ҳолида ғира-шира суратланарди. Укасидан сўнг ўша коптокча ҳам уйда кўринмай қолди… Баъзан укаси эсига тушиб, унинг қаердалигини сўраганида, онаси: “Уканг узо-оқ шаҳардаги боғчада, сен катта бўлсанг, қайтиб келади”, – дерди. Кейин онасининг ўзи ҳақида ҳам худди шундай дейдиган бўлишди – “Онанг узо-оқ шаҳардаги заводда ишлаяпти, катта бўлганингда қайтиб келади…”
Сўнг бувиси ҳам “узо-оқ шаҳар”га йўл олди. Бор гапни, онаси заводдаги бахтсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлганини ҳам ўн ёшлардан ошганида, холаси бир куни ёнига ўтқазиб олиб, ётиғи билан “тушунтириб” берганди. Ҳулкар аҳён-аҳёнда суратларни қутидан олар, кўнгли зириллаб кетаётганига қарамай, узоқ термулиб қоларди. Марҳумлар гўё қоқ юрагига дафн этилгандай – бу юракни кўтариб юришга мадори етмасди баъзан… Кўнгли яна ғашланди. Ҳар ҳолда, нима экан-а тушида кўргани?..
Болалигидан туш кўришни ёқтирмасди. Тўғри, буни хўб орзу қилган дамлари ҳам бўлган – жуда кичиклик пайти. Катталар бир-бирларига “тушимда уни кўрдим, буни кўрдим” деяётганларини эшитса, туш кўриш нималигини ҳатто тасаввур қилолмаса-да, унинг ҳам бирор нимани туш кўргиси, онаси, ўртоқларига айтиб бериб мақтангиси келиб қоларди. Катта бўлгани сари Ҳулкар туш ҳаётда энди қайтиб топилмайдиган, такрорланмайдиганларни ақалли унутишингга ҳам қўймайдиган, азобли, бешафқат ҳамроҳ кўпроқ ишонч ҳосил қилади. Холасининг уйида яшаган кезлари тушига нуқул онаси кирар, айниқса, бир ғалати манзара тез-тез такрорланарди – ҳар доимгидек еттинчи қават ойнасидан мўралаб турган бўлар, ўша тор йўлда баҳайбат бир дарахт кўндаланг ағанаб ётарди, катта сумка кўтарган онаси бу томонга ўтолмай ҳайрон, дарахтнинг устида эса кичкина-кичкина айиқчалар ўрмалаб юришарди…
Ҳатто улғайиб, оилали бўлган кезлари ҳам шундай тушлар кўриб уйғонгач ва яна нечанчидир бор онасининг энди ҳеч қачон қайтиб келмаслигини эслагач… одамзодда туш кўриш қобилияти борлигидан афсусланиб кетарди. Ҳулкар томоғига бир нима тиқилаётганини сезди. Агар ҳозироқ туриб бирор ишга чалғимаса, йиғлаб юбориши тайин эди. Барвақт бўлса ҳам кечки овқатга уннаш ниятида тез-тез юриб ошхонага чиқиб кетди.
Бирор тансиқроқ таомни мўлжаллаб музлаткични кўздан кечираркан, ишхонадагиларни ўйлади – кўчганини эшитишган, эртами-индин қўнғироқлашиб, “муборак бўлсин”га келиб қолишар, балки. Ҳар эҳтимолга қарши бозор-ўчар қилдириб қўйиши керак. Бозорни эслагани ҳануз қишга қовурма-тузламалар ёпиб олмагани, таътил эса тугаб бораётгани ёдига келади. Худо хоҳласа, эртадан шунинг ҳаракатига тушади… Фахриддин уч-тўрт кун бурун карам дўлма егиси келаётганини айтганди. Карам йўқлиги учун дўлма ўрнига чучвара қила қолмоқчи бўлди – охирги марта чучвара еганлари ҳам қачон эди… Хамир қориб бўлувди ҳамки, йўлакда телефон жиринглади. Ҳулкар бир қалқиб тушди. Бу кўчиб келганларидан бери биринчи қўнғироқ эди. Қўлини фартугига арта-арта, шошилиб телефон томон юрди ва худди шу пайт… Эҳтимол, бу сал кейин, дастакни кўтараётган чоғи ё янглишиб тушган аллакимгадир жавоб қилаётиб, ва балки, дастакдан қисқа-қисқа “ту-ту”лаш эшитила бошлаганида юз бергандир… бироқ айнан йўлда, аниқроғи, йўлакдаги олча ранг телефон аппаратига кўзи тушганидаёқ юраги алланечук уриб кетган ва у ғайришуурий бир тарзда ҳозир ниманидир эслаши… аллақачон эслай бошлаганини ҳам сезганди… Ҳулкар дастакни кўксига босганча бўшашиб курсига чўкди… Гўё кимдир олис ўтмиш манзараси акс этган сувратни майдалаб юзига сочиб юборгандай кўнгли ҳапқирди… Троллейбус бекати ёнидаги эски сартарошхона, пешбанд таққан касбдошлари, доимий мижозларнинг ғира-шира чеҳралари кўз олдидан “лип-лип” этиб ўтди. Димоғида сартарошхонанинг кўпдан унут, қадрдон исини туйгандай, ҳатто деразадан таралаётган тангадай-тангадай офтоб нурларини юзида ҳис қилгандай бўлди. Сартарошхона директори – доим у билан жиқиллашиб юрадиган яҳудий Розана, дарз кетган ерига елимбоғич ёпиштирилган телефон дастагини узатганча тагдор кулимсираган пайт дилида чақнаган умид, гўшакдаги таниш овоз… Яқинда поезддан тушгани, ҳозир тўғри ишхонасига келишини айтганида севинчдан қичқириб юбораёзгани ва ўша – тушдаги севинч қолдиқлари уйғонганида ҳам қалбининг бурчак-бурчакларида акс-садо бериб тургани… Ё Раббий, бир вақтлар ҳаётида шундай овоз, шундай кечинмаларнинг бўлгани ҳозир унга шу қадар ғалати туюлдики, беихтиёр, буларнинг бари бўлганмиди ё улар ҳам қачонлардир кўрган тушларимнинг хотирасимикан деб ўйланиб қолди. Ўша пайтдаги Ҳулкарнинг ўтмишига ҳам, келажагига ҳам ёпишмасди у кунлар. Ҳулкар то бугунга қадар уни бирор марта эсламаганига астойдил ажабланди. Фахриддинни учратганидан сўнг унинг хатларига жавоб ёзмай қўйганди. Холасининг айтишича, Ҳулкар турмушга чиқиб кетганидан кейин ҳам анча вақт уйларига ҳар ой беш-олтиталаб мактуб келиб турган экан. Балки ҳарбийдан қайтган заҳоти чиндан ҳам тўғри ўша сартарошхонага боргандир. Вақтнинг темир чангалидан бир неча дақиқагина қутулиб чиқишнинг иложи бўлганидами… Эрталаб кўнгли недан бунчалар ғаш тортганини тушунганди энди.
Гўшт қиймалагич дастагини айлантираркан, у ҳарбийга кетаётиб совға қилган атиргулларнинг сўлиб қолишидан қўрқиб кечқурун яширинча ҳовлига кўмиб қўйганини эслади. Руҳи тушиб кетди. Бошидан сочиқни сидириб олди, юраги сиқилиб атрофга аланглади – ўзини яна бировнинг уйида ўтиргандек сезаётганди. Пешонаси қизий бошлади. Айвонга чиқди, дераза ёнига бориб қўштавақани бирваракайига очиб юбордида, юзини шамолга тутди – шу заҳоти димоғига “гуп” этиб қандайдир қовурманинг ўткир ҳиди урилди.
Пастдан аралаш-қуралаш овозлар қулоғига чалинарди – гаражлар ёнида уч-тўртта аёл тик турганча гап сотишар, кичкинагина болакай уч оёқли велосипедни улар атрофида гир айлантириб ҳайдаб юрарди, аёллардан бири қизил ёмғирпўшли қизчанинг қўлидан маҳкам ушлаб олган, қизча эса велосипедга қараб талпинар, чираниб аёлнинг қўлидан қутулиб чиқишга уринарди…
“Ҳеч нима ўзгармайди…” Ҳулкар бинолар орасидаги торгина йўлга тикилди. Йўл бўм-бўш эди…
Орқада яна телефон жиринглади, пастдан кўтарилаётган лифтнинг гувиллаши эшитилди. Агар ҳозир эшик қўнғироғи чалиниб қолса ҳам, жойидан жилолмай тураверадигандек эди гўё…
“Ҳеч нима ўзгармайди…” – бу гал овоз чиқариб пичирлади у ва бирдан, ўзини бутунлай янги, бутунлай нотаниш бир йўлнинг бошида кўрди…
Қай манзилга элтарди бу йўл ва қачон – буни фақат Худо билар, аммо йўлнинг залвори ҳозирданоқ елкаларини босиб тушганди.
Сўнг нигоҳи рўпарадаги бино деразаларидан сирғалиб пастга қадалди…
Умрида илк бор баландликдан қўрқмади, боши ҳам айланмади…
«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 11-сон