Яқинда бир танишим бир тўда қўлёзма кўтариб келди.
— Шу қўлёзмалардан яроқлисини танлаб, бир тўплам қилсангиз. Муаллифи икки ой бурун қазо қилди. Жуда ёш эди, тўплам қилишга ҳам улгурмаган экан. Нимадан ўлганини ҳали аниқлашганича йўқ. Ҳа, айтгандай, бу йигитнинг ҳикоясини ўқиган эдингиз, сизга жуда ёққанди. Бўлимда иш қалашиб ётган бўлса ҳам, марҳумнинг ҳурмати учун қўлёзмаларни олиб қолдим. Икки ойлардан сўнг унга тартиб бериш ва танлаш учун саралаб, ўқий бошладим. Ростдан ҳам марҳумнинг икки-уч ҳикоясини ўқиган эканман: қўлёзмаларни саралаётганимда эсимга тушди. У мен тасаввур қилгандан ҳам ёш, ҳали кўп ишлар қилиши мумкин бўлган нозиктаъб ва фавқулодда қобилият эгаси эди. Тўғрисини айтишим керак, журналда ишлаганимга ўн йилдан ошган бўлса-да, бундай ҳикояларни камдан-кам ўқигандим. Ҳикояларда инсон табиатида мавжуд бўлган зиддиятларнинг ҳаммаси потирдаб юзага чиққан, муаллиф тушкунлик умидсизлик, иккиланиш, журъатсизлик, хижолат, чўчиш ва мавҳумликлараро ўзига шундай йўл очиб олганди-ки, уни энди бу йўлдан суриб чиқариш мумкин эмасдай туюлганди менга. Қўлёзмалар мени қанчалар ҳаяжонга солганини ҳозир тушунтириб беролмайман. Мен гўё бийдай бепоён ва туганмас саҳрода узоқ адашиб юриб, тўсатдан кўклам чўмилиб ётган, қизғалдоғу лолалар пориллаб очилган, майсалар қоматларини кўз-кўз қилиш учун сайлга чиқан қизлар каби дуркунлашган, ҳавосидан ҳаёт иси анқиб ётган, узоқ-яқиндан ҳайвонлар ўкириги эшитилиб турган ям-яшил ўрмондан чиқиб қолгандай эдим. Ким билади, турли хил чучмал қўлёзма ўқийвериб, чарчаганим учун шундай таъсир қилгандир, лекин узоқ давом этган тунни уфқдан отилиб чиққан қуёш тўсатдан чарағон қилиб юборгани каби унинг севган қизингизнинг табассуми янглиғ дилингизни нурафшон қиладиган сўзлари, мажозлари, манзаралари ва рамзлари менинг кўнглимни ловллатиб ёриттиб юборгандир? Ҳикоялари халқалари мустаҳкам ва ҳеч қачон узиб бўлмас занжир, кўчаларда ўлжа излаб, увиллаб юрган ўлим, қабрларга бошлаб борадиган йўл, қайгадир шошиб кетишаётган бошсиз одмлар, кўзлари чиппа кўр боболари изидан оқ қасрни излаб боришаётган болалар, фақат қўзичоқ туғадиган аёл, эгасиз ва қоровсиз дайдиб юрган отлар, умр бўйи ҳеч ким сотиб олмайдиган ханжар ясаб ўтирган телба уста, донишманднинг бошини копток қилиб тепишаётган оломон ҳақида эди ва барча ҳикоялари одамнинг кўнглида аччиқ хўрсиниқ уйғотарди. Аммо мени тўплам ичидаги ҳикоя ҳам, кундалик ҳам деб бўлмайдиган, худди тассуротлар қайдномасига ўхшаш қўлёзма кўпроқ ҳайратга солди. Бу қўлёзма ҳали тугалланмаган, олдинги ҳикояларга ҳеч бир ўхшамайдиган тарзда пойинтор-сойинтор, у ҳикоядан кўра бирон китобдан олинган фикрлар умумлашмасига ўхшарди-аммо бу ерда на китобнинг номи, на уни ёзган ёзувчининг исми тилга олинган, туш каби алмойи-алжойи лавҳалар эди.
Бу қўлёзмадан алаҳсираш, васваса анқиб турар, сўзлар ишланмаган, варақлар ювиқсиз юз каби кир-чирга беланган, сўнг ғазаб ва нафрат билан саҳифалар токи йиртилиб кетгунча чизиб ташланган, бу манзаралардан бирон нарсани аниқлаб олиш қийин эди. Шошиб кетётганингизда олдингиздан лоп этиб бир йиртқич чиқиб қолгандек, бу қўлёзмада воқеалар ҳам тўсатдан, изоҳсиз, тафсилотсиз бошланганди. Мен қўлёзманинг биринчи варақлари тушиб қолган бўлса керак деб ўйлагандим, дарвоқе, саҳифаларга тартиб рақами ҳам қўйилмаган, воқеаларнинг ривожига қараб дуч келган бетдан ўқий бошладим.
«Бугун ёзувчи А. билан учрашув бўлди. Зал одамларга тўлиб кетди. Таниқли ёзувчиларнинг ҳаммаси А.ни «устоз» деб мақтади. А . менга янги чиққан китобини совға қилди…»
«… Касаллигим учун бугун мени ишдан бўшатишди. Миямда шиш бор экан. Яхши бўлди: энди уйда китоб ўқиб ётаман. Қўлимга китоб олмаганимга ҳам кўп бўлди. Бугун «Қалб садоси»да босилган ҳикоямнинг қалам ҳақини суриштириб қўйишим керак. Балки, у менинг бир-икки ой кун кечиришимга етар?..»
«Бу китобни деярли ҳар куни ўқийман. Унинг сўзларигина эмас, тиниш белгиларигача ширага ёпишган пашшадай хотирамга ўрнашиб қолган. Кўзларимга туганмас қўшиндай бостириб кираётган жумлалар назаримда, тўсатдан ёрила бошлаган суяк каби қарсиллаб кетаётганга ўхшарди, ҳар сафар қайта ўқиганда бўшаб ётган кимсасиз далага ёпирилиб келадиган кузги қарғалар мисоли қалбимга янги-янги ваҳималар ёпирилар, баайни, ароққа рўжу қўйган, фақат майгина хулё офтобини ёритадиган, хуморини босадиган бодапараст каби менда ҳам китобдаги манзараларнинг хумори пайдо бўлган, воқеа мени маст қилиб қўйган, унга рўбарў бўлган кундан бошлаб, бирон кеча ҳам ўқимасдан ухламас, ҳаётим шоми ҳам, тонги ҳам шу китоб бўлиб қолган эди. Ҳар куни кўчадан чарчаб қайтгач, номигагина нонушта қилар, бироз мизғиб олишга қанчалик ҳаракат қилмай, ёстиғим тагида ётган китоб мени оҳанрабодай ўзига торта бошларди: вужудингга худди майдалаб ёғаётган қор каби бир мискин ташналик, бир мискин қумсов эзилиб-эзилиб ёғади. Мен эса қорга қараб туриб, ширин ҳаёллар суриш, хотираларга берилиш ўрнига, охири йўқ ботқоқни кечиб юргандек, китоб варақлари аро журъатсиз кезиб юрардим. Китобда айтарли ҳеч бир воқеа йўқ, тил ҳам занглаган касов каби қуруқ, жозиба ва нафосатдан холи, дағдаға ва ваҳм тўла манзаралар жой олган кўримсиз, айтиш мумкинки, ғоятда дағаллик билан ёзилган оғир занжирдай жумлалар тўпламидан иборат эди. Аммо мана шу сарғайиб кетган саҳифалар, қулаб тушай деб турган устунга ўхшаш зўраки жумлалар ва атайлаб бўрттирилган тасвирлар аро бир тожовузкорана руҳ кезиб юрарди. Ва балким мени ҳам мана шу руҳ ошуфта этган, тушимнинг, ҳаётимнинг осайишта ва сокин қўрғонларига шу руҳ бостириб кирган, телба хаёлини банд этган осмонсиз қуёшсиз каби менинг ҳам ўй-у хаёлимни банд этиб олгандир?!
Тунлари чўчиб ўйғониб кетар эканман, ҳозиргана мени уйқу осмонидан ҳайдаб туширган туш калхатининг чақчайган кўзларини эслашга беҳуда ҳаракат қилардим. Ҳозиргана юрагингни юлиб олган, кўзларингга тирноқларини тиққан, томирингда оқаётган ҳаётни ялаб битирган йиртқичнинг асл қиёфасини эслаб бўлармикан? У йиртқичнинг асл қиёфаси борми? У тушим ухлаб ётган кулбага гоҳ уч бошли аждар, гоҳ осмону-фалакни қаноти билан тўсиб қўйган калхат, гоҳ ер юзига ўзидек махлуқларни урчитиб юрувчи ўлаксахўр махлуқ бўлиб кирарди. Ўйғониб кетгач, хонамга пардалар орасидан зўрға сирғалиб кираётган тонгнинг мовий ёғдуларига тикилганча, унинг қиёфасини эслашга харакат қилардим, шуълалар эса гўзал малакнинг мовий рангдаги соч толаларидек, менинг бўйнимни ва юзимни қитиқларди. Китобдаги руҳ аста-секин менинг ойларимни, ҳафталар, кунлар, дақиқаларимни истило қилиб олган, ҳар лаҳза, ҳар сония жисму жонимни қатилкор қадамлари остига олар, сўнг чекиб бўлинган тамаки каби эзғилаб ўтарди — бу ҳолат деярли ҳар куни такрорланар, тонглар шафақдан энди бош кўтараётган қуёш, тунлари тўлин ой бўлиб умрим кўчаларида пайдо бўлар, гоҳида эса бесаноқ қўшинлар йиғилиб турган улкан қалъа устида ҳилпираётган ялов каби хаёлим, шуурим деворларида ҳилпирар, тоғдан шиддат билан тўкилаётган жилға мисоли қон томирларимда гупириб айланарди, о, бу руҳ мени қачон тарк этар экан, о, бу тақдир китоби қачон мени кишанлардан озод қилар экан? Бундайин мудҳиш манзара, будайин очкўз махлуқ, будайин хўрлик акс этган китоб яна қайда бор? Қайда бор бундайин жоду ғарқ қилган мустабид суҳуфлар? Қайда бор бундайин мутелик илми? Бу хўрлик санъатидан қачон қутуламан? Бу ҳақорат уйқусидан қачон ўйғонаман? Мен ваҳим ва қўрқинч тўла кўнглимни нимта-нимта қилиб, саҳифаларда хўрак излаб изғиб юрадиган руҳнинг саёқ итларга бўлиб берган, энди менда жисму, тўртта суякдан бошқа ҳеч нарса қолмаган эди. У китобни на йиртиб ташлардим, на бировга бериб юбора олардим. У идиш тагига чўккан ғубор каби онгимга, шууримга ўтиришиб қолганди: ўқиб чиққандан сўнг ҳар сафар йиртиб, варақларини қийма-қийма қилишга ўзимни чоғлар, бироқ пистирмадан чиқиб қолган, саноқсиз қўшин олдида лолу-ҳайрон бўлиб турган ботир янглиғ қўлимга олишим биланоқ, бу таҳлика, тожовуз ва ваҳим тўла варақлар олдида ўзимнинг забун ва ожиз эканлигимни англаб қолардим. Ваҳолаки, мен ҳам бу олам ишқининг меваси бўлган, хўрлик ва ҳақоратларга дош беришга ўзимда куч, тўқсон ботмонни бир силкишда кўтарган Алпомиш каби ўзимнинг изимдан ўттиз йил умр ботмонини кўтариб юрган, бир замонлар бу дунёга эзгулик ва заминни гуллатиш учун экилган ўша наслнинг навқирон авлоди эдим. Китоб қаршисидаги менинг ҳолатим яратган гуноҳларимга авф сўраб, сажда қилаётган тақвадорнинг холатига ўхшарди, зеро, менга китоб ростдан ҳам беҳад қудрат ва зўрликнинг тимсоли бўлиб туюларди. Балким, менинг саҳифалар олдида ожиз ва маҳкум бўлиб қолишимнинг ҳам сабаби шудир?? Менинг ўша пайтдаги кечинмаларим кема ҳалокатидан сўнг бепоён денгизда ёлғиз ёғочга осилганича турган одамнинг кечинмалари каби тушкун ва умидсиз эди, зотан, бу саҳифалар кўнгил боғларидан умид яловларини учириб кетгувчи қоп-қора қуюнга ўхшарди. Шундай бўлса-да ўз ярасини ўзи тишлаб ётган бўри мисоли мен ҳам бу афюнга ўхшаш манзараларни худди телба каби қайта-қайта ўқийверар ва бундан махлуқ кўз олдимда яна ҳам улканлашиб, ваҳшийлашиб борар, энди мияхўр эртадан кечгача мия ер, лекин ҳеч тўйдим демасди: балким ростдан ҳам телба бўлиб қолгандирман, йўқса, менга бу наҳс ва зўрлик ғарқ қилинган китобнинг фосиҳу фотиҳ кўчаларида кезишга не ҳожат, йўқса, шифти алам, девори хиёнат бўлган китоб билан яшашга не ҳожат, йўқса, ҳар қадамига дорлар қурилган йўлларда юришга не ҳожат?!
Мен энди ундан ҳеч қачон қутулолмайман. У мендаги ҳамма нарсага ягона хўжайин бўлиб олди. Унинг қиёфасни ҳам, юз ифодасини ҳам тасвирлашга ожизман, Унинг бош қисми мушукка, тана қисми маймунникига ўхшайди, аммо маймунга қараганда уч-тўрт баробар улкан, тирноқлари ўсиқ, афти эса исқирт, тумшуғи мия ёғидан қорайиб қолган. У яқинда бутун шаҳардаги мияларни еб битирса керак. Ахир китобни ҳам шундайин ваҳшиёна руҳда ёзадими, деган фикр дамо-дам хаёлимга келарди: ахир махлуқнинг мияни қандай ейиши-ю мияси ейилаётган одамннинг кўзлари қандай чақчайиши, ажинлари қандай титрашиши, юзини, кўзини тириклик қушлари қандай тарк этиши, ҳаёт завқи қандай сўниши, махлуқнинг мия ейиш усуллари-ю, уни хил-хилига ажратиб, чаноқнинг ўзидаёқ эзғилаб, сўнг иштиёқ билан ялаши, ялар экан, кўзлари ҳузур ва ҳаловатдан сўзилиб кетиши, ўршиқ ва қалин лаблари орасидан кўкимтир, бадбўй сўлакнинг бўйинлари аро кўкрагига оқиб тушиши, исқирт тишлари орасида қолган мияни роҳат қилиб, кўзларини юмиб сўриши, сўнг яна мия излаб кўчаларда изғиб юриши, тирик жон пойлаб, муюлишларда, қоронғу хилватларда, даҳлиз ва ер ости йўлакларида соатлаб пайт пойлаб ўтириши, бош чаноғи ёрилаётган одамнинг фақат кўчани эмас, бутун дунёни фиғонга тўлдириши, лекин махлуқ исканжасида типирчилай-типирчилай, охири жон таслим қилиши ҳақида бунчалар ҳафсала билан ёзилиши шартмиди, ўқиган кишининг дарду-дунёсини, шуури онгини бунчалар зулматга буркаш унинг қалбини, кўнглини ўрташ, махлуқ қўлида жон таслим қилаётган одамга қўшилиб, ҳар бир ўқиган одамни ҳам қатл этиш шартмиди?! Ўқувчини аввал мафтун этиб, сўнг уни ваҳималар ила ғовғога солиши, унинг кўнгил қасрларига қўрқув ва васваса яловларини илиш, шусиз ҳам сўқмоқларини чакалак босган умрининг далаларига тушкунлик ва умидсизлик уруғини экиш, шусиз ҳам қовурдоқ бўлган юракни саҳифалар товасида қовуриш шартмиди? Китоб ҳам шундай ваҳимкор бўладими, китобни ҳам шундай шафқатсиз ёзадими?! Ундан кўра жаллод бўлиб, суякларини нимта-нимта қилган афзал-ку!!”… Мен китобга ва қалби ваҳимга лиммо-лим бўлиб турган қаҳрамонимга шунчалик мубтало бўлган кетдим-ки, энди ундан худди қулнинг бўйнидаги занжирдай сира ажрала олмас эдим ва тунлари китоб кўчаларида саргашта кезиб юрардим. Китобда мияхўрнинг узун тафсилоти, феъли, тишлари, қорачиғи чўғдай ёниб турадиган кўзлари, қанча мия егани, уй бошчаноқ билан тўлгани, шаҳарни кундан-кун ваҳима қамраб олётгани ҳақида узун тафсилот берилганди. Кейинги саҳифаларида воқеа кескинлашарди.
«Оҳ, тангрим, — деб оҳ тортарди қаҳрамон, — нажот борми бу махлуқдан?! Кеча ёшгина қизчанинг миясини паққос туширди. Сўнг кун бўйи ётиб ухлади. Ухлаганда танасидан бадбўй ҳид чиқарди-хонада туриб бўлмай қолади — ундан қочиб чиқиб кетгим келади, бироқ тақдир мени унинг қўлларига экиб қўйган, унинг оёқларига кишанлаб қўйган! Қочиб қайга бораман? Қайга борай?! Бутун шаҳар унинг нафси билан тўлган бўлса, бутун дунё унинг оёғи остида ётган бўлса?! Қани нажот?! Агар у бор бўлса келтиринг, мен унинг кундасига бошимни қўяй, кўлларила ўзимни ғарқ қилай, ажал оловига юзимни босай… Мен шуни англаб қолгандимки, жумлалар, сўзлар, саҳифалар кўз олдимда улкан ва еб тўймас махлуқни яратиб берар ва китобнинг ўзи ҳам кундан-кун, назаримда, мия ейдиган очкўз махлуққа айланиб борар, мен эса уни йиртиб, пора-пора қилиш ўрнига турли саҳифалардан иқтибослар кўчирар ва бу кўчирмаларни қайта-қайта ўқирдим. «…Мияхўр энди юзлаб мияни бир ўтиришда еб битирар, қанча еса шунча иштаҳаси очилиб борарди. Уни на тўхтатиб, на бу йўлдан қайтариб бўларди: умуман, уни тўхтатадиган куч бормикин? У қоронғу жойларда пойлаб турар, кўчадан бирон йўловчи ўтиши билан таппа босиб, бурчагига судираб кетар, шўрлик эсини йиғиб, бақиришга улгурмай бош чаноғини бир уришда очиб, ҳаш-паш дегунча мияни ялаб битирарди: мияни еб бўгач, жасадга қайрилиб ҳам қарамас, бошқа бирон жойига ҳам зиён етказмас, миясиз жасад ётган жойида тўлғана-тўлғана типирчилаб қоларди. Кейинги кунларда у ҳатто кўчаларда ошкора тентираб юрарди, қўлига тушган одам қочиб қутулолмасди, у бир пайтнинг ўзида оёқларининг тагига ўнлаб одамни босиб қўйиб, бирин-кетин бош чаноқни очиб, мияни ялар, сўнг яна ўлжа излаб, гавжум жойга йўл оларди. У кундан-кун семириб, шишиб кетаётган, юзи товоқдай лорсиллаб қолганди. Мия ялар экан, қип-қизил тили шундайин тез ҳаракат қиларди-ки, чаноқда бир чимдим ҳам мия қолмасди. Унга қарши қўйилган барча пистирма-ю тузоқлар бекор кетди: у ўлгудай айёр эди-пистирмалардан сакраб ўтар, қопқонларни синдириб, тузоқларнинг тўрларини узиб ташлар, ҳирсдай кучли, йўлбарсдай чаққон ва оҳудай хушёр эди».
«…У бир соат ичида бутун бошли бинодаги барча одамнинг миясини еб бўлиб чиқиб кетибди, деб эшитганимизда ҳеч бир ажбланганимиз йўқ. Ваҳоланки, бундай бинолар шаҳарда кундан-кун кўпайиб борарди. У уйларга сездирмасдан кирарди: қулфларини бир тортишда очар, китоб ўқиб ўтирган ёки ошхонада куйманётган кишининг бўйнидан хиппа буғар, унга унчалар азоб ҳам бериб ўтирмас, бош чаноқни тирноқлари билан қўпориб, мияни оғзига тиқарди — бир-икки дақиқадан сўнг яна билинтирмай чиқиб кетар, сиз унинг чангини ҳам сезмай қолардингиз. Бу ерда ваҳший одамхўрлар ҳақидаги ривоятлар ҳам шунчаки чўпчакка айланиб қоларди: бу ёвузликни кўз кўриб қулоқ эшитмаганди… ҳаммасидан даҳшати-мияхўрнинг кундан-кун нафси очилиб борар, унинг кўзлари қон тўла косадай улкалашганди…»
Қўлёзманинг шу жойидан бир неча варақ чизиб ташланганди-ҳар қанча уринсам ҳам, бир-икки узуқ-юлуқ жумла-ю, бирикмалардан бошқа ҳеч нарса ўқий олмадим, балким ёш йигит саҳифаларда бир оддий уфринди китоб туфайли пайдо бўлган оҳ-воҳлардан уялиб кетгандир, балким бу саҳифаларда китоб қаршисидаги ожизлик ҳаддан ошгану, унга қарши қўлидан бирон чора келмаслиги ўзига нашъа қилиб, ожиз ва маҳкум этганлигини тан олгиси келмай, алам ва азоб билан чизиб ташлагандир-саҳифаларнинг йиртилиб кетганига қараганда бу тахмин ҳақиқатга яқинроқ эди — балким, тошиб, кўпириб келадиган ботиний ва ўжар туйғулар таъсирида шунчаки, бесабаб йиртиб ташлангандир: нима бўлганда ҳам бу чизиш одамнинг юзига қараб туриб, сурбетларча ва фаросатсизларча туфлаш билан баробар эди. Мен нафас росллаб олгач, бошқа саҳифани шошиб ўқий бошладим — зеро, бу қўлёзма пўлат шарикчанинг ичида нима борлигини билмоқчи бўлиб, беҳуда уринаётган боланинг қилиғи каби, мени ғқизиқтириб қўйган эди.
«О, мен бу саҳифага қачон мубтало бўлдим, бу китоб қачон жой олди қалбимдан? Бу хулёнинг чеку чегараси борми? Мени адои тамом қилади бу китоб. Наҳотки, умрим тариқдай шу китоб саҳифаларига сочилиб кетган бўлса? Китобдан қанчалик ўзимни олиб қочсам, унга шунчалик яқинлашаяпман, кўнглимда мубталолик бўронлари шунчалик кучаяяпти.» «…Қабулига кирганимда бўлим мудиримиз ниманидир ковшаб ўтирарди,-мени кўриб, хўрагини дарров стол остига яширди. Унинг лабларида оқиш доғлар бор эди-худди ёллиғи сўнган чироқдай кўзлари чақчайиб турарди, одатда кишини жиноят устида қўлга туширсанг, шундай ҳолатга тушади. Мен шунда еётган нарсаси миядан бошқа нарса эмаслигини бир ички сезги билан ҳис этдим…»
«Қанча иқтибос олмай, қанча қайта-қайта ўқимай, китобга бўлган ихлосим сўнмас, аксинча, бу ихлосда қандайдир ҳирсий ёввойилик пайдо бўлаётганди: энг ҳиссиётли ошиқ ҳам ўз маъшуқасини мен китоб варақларидаги манзараларни кутган каби муштоқлик билан кутмаса керак. Бир куни бу мубтололик мени адо қилишига шубҳа қилмасдим. Кечалари хонамда кимдир гапиргандай бўлади, мен хириллаган нафасни аниқ эшитаман — юрагим орқага тортиб, тура солиб, чироқ ёққанимда ҳеч зоғ кўринмайди: фақат варақларни деразадан кираётган шамол ўйноқлаётган китобгина очиқ турарди. Шунда минг йиллик занжирга ўхшаб салобат билан очилиб ётган китобга қараб туриб, мен барибир тақдирдан қочиб қутулолмаслигимни англайман. Шундай бўлса-да иқтибослар оламидан сира толиқмасдим. Кўчирганларим нақ китоб даражасида улканлашганда ҳам бу мени қониқтирмади, зеро, хонамда китоб пайдо бўлгандан бери на кундалик ёзишга, на қоғоз қоралашга ҳолим қолмаганди-китоб энди менинг бутун умримни ишғол қилиб олган, ётсам ҳам , турсам ҳам аста секин унга тақлид қила бошлаган, унинг олдида ўзимни мустабид шоҳнинг қаршисида қалтираб турган фуқорадек ҳис этар, охирги пайтлар эса фъели атворим мияхўрнинг хунук ва очкўз башарасига ўхшаб кетаётганини сезиб қалтираб кетардим, асли бу қиёфа махлуқнинг башарасими ёки менинг қалбимми? Наҳотки махлуқ қалбимни ҳам ишғол қилган бўлса?!
Наҳотки, қалбим ҳам унинг асирига айланган бўлса?! Қайда қолди менинг ёстиқдошим-осудалик?! Қайда қолди, йўлдошим ва рафиғим-хаёл?! Қайда қолди, камарим-эрким?! Ким мени бунчалик дағаллаштирди?! Ким менга бу тутқунлик тўнини кийдирди?! Ким менинг хазинамни-суруримни ўғирлади? Ким менинг осмонимни махлуқнинг тезаги ила бўяди? Ким менинг ҳужрамга ёлғизлик тегирмонини қурди? Ким менинг остонамга ваҳим йўлбарсини боғлаб қўйди?? Саволлар ўлик устида айланаётган қузғундай бошимда тинимсиз айланарди. Унга на жавоб бор, на садо. Ўрнига фақат китоб-қўрқув ва ваҳимга тўла китоб бор. Мени саҳифалар ўрмони толиқтирди: бу ўрмонда қайга қараб юрмай қаршимда фақат махлуқни кўраман-қани энди ётиб ухласаму, эрталаб, мени бу қўрқув салтанатидан олиб чиқадиган халоскор билан бирга уйғонсам: кўзларимда уйқу тулпорлари чопоаяпти. Тун ҳам алламаҳал бўлгандир? Эшик тақирлаяпдими? Ҳозир туриб очаман, балки мени йўқлаб келишгандир?!.. йўқ, у келгандир…” Қўлёзма шу ерда тўсатдан тўхтаганди: гўё таъқиб ва ваҳм ҳукмрон чангалзорни кезиб юриб, бирдан бўм-бўш кимсасиз далага чиқиб қолгандай, бу ёғи бўшлиқ ва йўқлик зарб этилган бўм-бўш варақлардан иборат эди: шунда ёш ёзувчи қўлёзмани давом эттиришни мўлжаллагану, бироқ қандайдир ҳодиса унга бу ёғини давом эттиришга қўймаган деган шубҳали, ҳам доғули фикр ўрмалаб кирганди. Қўлёзманинг маъноси ҳам ҳали давоми ёзилмаганидан дарак бериб турарди. Балким, бу ёш ёзувчининг сўнги қўлёзмасидир, балким, бу қўлёзмани тугатмай туриб, уни ажал элчилари мангу рихлатга етаклаб кетгандир?! Худди сокин ёз осмонини бирдан тўзон қоплагандек кўнглимда тўсатдан қуюндай ғулғула пайдо бўлди. Бу шубҳа қанчалар ишончсиз бўлса-да, менга шунчалар ҳақиқатга яқин бўлиб туюларди. Мусибатли хабар эшитганингизда ёхуд бир умр сиғиниб келган эътиқодингиз бир лаҳзада бир сўз ила пучга айланганда ёки хонангизда сизга ташланмоқчи бўлиб турган ҳаёлнинг қудрати етмас даражада улкан ва ваҳмкор чаёнини кўриб қолганингизда шуурингизда шундай ҳолат пайдо бўлади ва тасоввурингиз шифтлари қўпорилиб, сиз ҳам хаёлдан тўкилувчи ва жазаванинг кундасига секин бош қўясиз. Мен ниманидир ғира-шира англадим ва англаган нарсаларим ёзувлар ичидан бир махлуқ каби бош кўтариб чиққан ва менинг чангимни ҳам қолдирмай бир ҳаплашда ютиб юборган эди, зеро, қўлёзмадаги ёзувлар тўзиган қалбнинг тўзонлари эканлигига мен энди амин бўлган эдим.
Ўз шубҳамни исботлаш учун мен эртасига танишимга сим қоқдим ва жасад қай ҳолатда топилганини сўрадим. — Биз ҳам ҳайронмиз, — деди у.
— Бош чаноқ очилиб ётарди, у ерда умуман мия қолмаганини айтмаса, тананинг бошқа ҳеч жойида ташқи зарбанинг аломати йўқ эди. Мен ўзим текшириб чиқдим, уйдан ҳеч нарса ўғирланмаган…