Назар Эшонқул. Оқ аланга (ҳикоя)

«…Сен мени балки эсдан чиқаргандирсан, — деб хат ёзарди йигит ўзи бир вақтлар кўнгил қўйган қизига, — мен хотирангдан балки буткул ўчиб кетгандирман. Лекин менинг ёдимда ҳамон ўша қиёфада — кўкиш гулли оқ кўйлакда ловуллаб ёниб турасан. Сен худди ҳилпираб турган оқ алангага ўхшайсан. Бу аланга тилларигача оқ. Фақат баъзи-баъзида, аланга ловуллаб кўтарилаганда унинг оппоқ ёғдуси узра кўкиш учқунлар порлаб кетади-ю, сўнг дарҳол сўнади. Шунда гўё оқ аланга менинг юрагимда ловуллаб кетгандай бўлади. Орадан тўрт йил ўтса ҳам сен бирон сония кўз олдимдан кетмадинг. Ҳар лаҳза, ҳар дақиқа кўз ўнгимда оқ алангани кўриб турдим… Аланга ҳамон менинг совуқ хонамни чўғдай иситиб турибди… Мен бу алангани ўчириб ташлашга ожизман…
Йигит кўп йиллардан бери шу хонада яшар, хона улкан атиргулнинг ҳовучига ўхшарди. Хонада йигит гулнинг ширасига қўнган кичкина асаларидек бўлиб кўринарди. Йигитга ўзининг хонаси жуда ҳам ёқарди..
Ёзиб бўлгач, йигит хатдан гуллола ясаб, деразадаги бўш тувакларга солиб қўярди. «…Ўша пайтлари менинг гапларим сенга қанчалик ҳавойи ва кулгули бўлиб туюлган бўлса, энди сенга шунчалик табиий бўлиб туюлади, деб ёзади йигит қизга. — Сен баъзида мени эслаб йиғлайсан ҳам. Сенинг кулгингни қистатган менинг туйғуларим энди сенга ҳеч ором бермайди. Бу туйғулар сенинг ҳозирги ҳаётингдан кўра мазмунлироқ бўлиб кўринади. Сен мазах қилган, менсимаган, ғашингни келтирган ўша туйғулар энди сени изтиробга солади. Энди бу туйғулар сен учун умрингнинг энг ширин лаҳзалари бўлиб қолади…»
Йигит ҳар куни хат ёзар ва хатни тувакларга жойлаб, хонасига териб қўярди. «Муҳаббат — инсон қалбида очилган лоладир. Агар у сўлса, умрнинг ўзи ҳам сўлади… Тўрт йилдан бери кўнглимдаги лолалар чаман-чаман бўлиб очилиб кетди.»…
Дераза тўлгач, йигит қоғоз гуллар солинган тувакларни ёзув столига, курсига китоб жавонига, ерга, кейин эса диванга териб қўя бошлади. Хонанинг бурчаклари ҳам қоғоз гулли тувакларга тўлиб кетди. Хонада ногаҳон, барча гуллари чаман бўлиб очилган гулзор пайдо бўлди. Йигит хона бурчаклари тўлгач, тувакларни хона деворларига осиб қўя бошлади. «Балким мен адашгандирман, — деб ёзди йигит. — Балким, мен ҳаётга сенинг нигоҳинг билан қарамаслигим керакдир. Ҳаёт менга қучоғини очиб тургану, мен сезмай келаётгандирман. Балким, менинг қалбимдаги муҳаббат эмасдир, муҳаббатдан ҳам кучлироқ туйғудир… Мен ҳар куни тушимда сени кўраман. Негадир ҳамиша тушимга илк марта кўрган қиёфада кирасан: юзларинг ловуллаб қизарган, сочинг бургут қанотидай ёйилган, лабларинг титраб турган бўлади. Гоҳо юзинг гулу, сочларинг бу оппоқ гулни ховучлаб турган қат-қат гулбаргларга ўҳшаб кетади; гулбарглар бунчалик нафис гулни тебратганидан баъзан тўлғониб-тўлғониб қўяди. Тўлғонар экан гулбарг қатлари, ора гулнинг нозик банди кўриниб кетади. Бу гўё тун қўйнида ловуллаб ёниб, яна дарҳол сўнган гуханга ўхшайди. Тўрт йилдан бери мен сени ловуллаб ёнган оқ аланга орасида кўраман. Оқ аланга гуриллаб осмонга кўтарилар экан, ҳовучдаги гул чўғдай қизариб кетади…»
Йигит сўнгги тувакни бўсағага жойлаштиргач, хонани хўрсиниб кўздан кечирди. Гултувакдаги лолалар сокин солланиб турар, чироқдан нур гулларга худди қизил ёмғирдай ва гулдондаги гуллар қизғиш рангда порлар эди. Гуллар чаман-чаман бўлиб очилиб ётган бу хонада энди йигитнинг ўзи ортиқча эди.
Йигит хонани ташлаб чиқиб кетди. Уйни айланиб ўтаркан, хона деразасига кўз ташлади. Хонани ловуллаган аланга буркаган эди…