Назар Эшонқул. Ажр (ҳикоя)

«…Сен қўшиқ айт, Зубайда, ёниб-ёниб қўшиқ айт – ўзинг кўрмаган бу дунёнинг ранглари ҳақида, офтоб нури, булоқ суви, дарахт гуллари, чечаклар ва қизғалдоқлар ҳақида қўшиқ айт; сен йиғлаб-йиғлаб хиргойи қил-у, бу қўшиқ мени мана шу тўқайдаги қоқи гулига, ҳечқурса ёвшонлардан бирига айлантирсин, мен сени кўриш ва мудом бирга бўлиш учун токи шу юлғунзорда қолиб кетай, сенинг оёқларинг тагига қовжираб тўкилай, майли, ғуборга айланиб сочларингга қўнай, фақат сенинг бўйнингдан уфураётган гул ҳидини ҳидлаб турсам бўлди, сенинг бахту муҳаббат истаб титрат турган кўкракларингга боқиб турсам бўлди…
Мен сени овута олмайман, Зубайда. Сени қушлар чуғури, қандай очилишини сен ҳали кўрмаган гуллар, сенинг шивирларинг каби ер юзига бодраб чиққан майсалар, сочларингни соғинган шабадалар, жимир-жимир ёғаётган ёмғир, тонгги шафақ овутсин…
О, нафақат сен, назаримда яратган ҳам унутиб қўйган бу тўқайга қуёшнинг бир парчаси синиб тушган, йўқ, йўқ, сени парвардигор юлдузлар ичидан топиб олган. Сенинг оғушинг офтобнинг ётоғига ўхшайди, баданингдан беҳишт ялпизининг бўйи келади, кўкрагингдан олма ҳиди анқиб туради…
Мен сенинг кўзларингга термулиб-термулиб ўтиргим келади, сенинг кўзларингдаги кўлга чўкким келади. Сен бу зулмат дунёда сакраб-сакраб ўйнаб юрган нурсан, бу тубанлик шоми чўккан дунёнинг бағрига тушиб турган ёғдусан. Ҳали бу мудҳиш дунёга қувилмасдан олдин, чечаклар гул-гул очилган ва дарахту кўкатларга, ҳашароту ҳайвонларга ҳали исм қўйилмасдан бурун, ҳали ўлим ва ҳаётни касб қилиб олмасларидан олдин одамзотнинг фаришта бўлгани тўғрисида фалакнинг бир туйқус иқрорисан сен… Сен жамики тириклик ўлатдан қирилиб кетган, жамики ўсимлик қувраб-қовжираб қолган, қип-қизил бўлиб жизғанаги чиқиб ётган саҳрода, қарғиш теккан бу биёбонда очилган бир тўп нафармон гулсан.
Кўзларингда фаришталар чўмилган қора туннинг бир парчаси қолиб кетган, йўқ-йўқ, сенга шайдо бўлганларни ҳибс этиш учун фалак сенинг кўзларингда зиндон қурган. Лаънатга йўоиққан биёбондагиларни огоҳ этиш учун эса сенинг кўкракларингда бу дунёга бир жуфт машҳар қўнғироғини жўнатган, неларга қодирлигингни кўрсинлар деб, сени – беҳишт гулини қабр устига қўйгандек бу олам остонасига ташлаб қўйган, йўқ,йўқ. борлиқ сенинг қаршингда чала туғилган гўдакдай хунук бўлиб қолишини билган фалак бу аянч дунёни кўрмасин дея сенинг кўзларингни боғлаб қўйган…»
…Атрофга сиёҳранг тук чўккан эди. Йўл дала узра олтин калавадек чўзилган – ҳаво дим ва теварак жизғанак бўлиб куйиб ётарди, юлдузлар липиллай-липиллай сўнардилар – ҳаводан куйинди ҳиди келар ва қоқ ўртасидан ёлғизоёқ йўл кесиб ўтган дала тутаб ётарди. Йўлда ялангоёқ кетаётган барваста гавдали одам тутуннинг аччиғидан ўпкаси узилаётгандек тез-тез ва пўк-пўк йўталарди. Унинг эгнида жуда оҳорли камзул осилиб турар, кўйлагининг зарҳал тугмалари сўнаётган юлдуз шуъласида ярқиллаб кетарди. Унинг елкасида патак соқолли, беқасам чопон кийган, жиккаккина чол оёқларини осилтириб ўтирарди.
Кеч тушганига анча бўлганига қарамай, тупроқ иссиқ эди, барваста одам ҳансираб-ҳансираб, зўрға кетиб борарди.
– Эсингдами, – дерди чол ўғлининг ҳарсиллаб қолганига юраги ачишаётгандек ва атрофдаги мудҳиш сукунатдан чўчиётгандек шивирлаб, – ўн йилча олдин шу йўлни туш кўрган эдинг. Айнан шу йўлни. Ўша тушни сен билан бир кечада мен ҳам кўрган эдим – ахир қонимиз бир-да! Ўшандаёқ сенга раҳмим келган эди, ҳам бағрим манави даладай тутаб кетганди! Анави тепалик ҳам кирган эди, эсингдами, ўзинг ҳам бир ҳафтагача ўша тушни эслаб, хуфтон бўлиб юргандинг. Ҳар қалай шу тушингни сотиб емагандирсан? Ё, уни ҳам бирон нарсага алмаштириб юбордингми? Йўл, дала, тутун, ўкириклар, йиғи-сиғи – эсингдами?
– Эсимда, – хириллади ўғил, – ҳаммаси эсимда.- Ўшанда мен ҳам бир неча кун ухлай олмаган эдим, бу йўлган қандай ўтаркансан, деб. У туш эмас, ёсдиғ эди. Ўша кечасиёқ сенинг пешонангга ёзиб қўйилганди. Мен шундан қўрққан эдим. Сен ахир у пайтлари пешонангга ёзилгани шу деса кулар эдинг-да. Сизлар бу дунёдаги ҳамма нарсанинг оёғини осмондан қилиб ташладиларинг. Ҳамма нарса муаллақ бўлиб қолди. Қаёққа қарама, ёвуз ниятни кўрасан. Сизлар қилган ва қилаётган ишларни кўриб, одамзод ҳамон яшаб келаётганига ишонмай қоламан. Ахир сизларнинг кўнгилларингизда тирноқча эзгулик қолмаган бўлса, бошқа қандай хаёлга бориш мумкин. Олдинлари одамлар ишонишарди, яхши кунлар келишига, болаларига, қўшнисига, бир-бирига. Сизлар мана шу ишончни ўғирлаб қўйдиларинг. Энди одамлар ҳеч нарсага ишонмайди, ё тавба, ҳатто боласига ҳам. Орият, номус қолмади одамларда. Сизлар уларни иштон кийган ҳайвонга айлантирдиларинг. Қандай иснод! Тўрт кишига бошлиқ бўлиш учун хотинини қўшиб қўйишдан ҳам тоймайди булар. Ҳаммаси сенга ўхшаганларнинг касофати. Ё гапим ёлғонми, а?!
Ўғил индамади – икки-уч марта ич-ичида инграб қўйди. Қаеридир чидаб бўлмас даражада оғриётгандек кўзларини юмиб очди. Пешонасидан оқиб тушгкан тердан кўзи ачишарди. Дармони қуриган, йиқилай-йиқилай деб кетиб борарди. Теварак-атрофга қулоқ битиб қоладиган даражада бир неча сонияга сукунат чўкди, гўё тун ҳам, тутаб ётган дала ҳам, гоҳ-гоҳида қайдандир эшитилиб қоладиган бўриникига ўхшаш увиллашлар ҳам ўғилнинг иқрорини эшитиш учун бир зум тин олгандай эди. Ҳар қандай савол ҳам жавобсиз қолмаслигини, эртами-кечми, барибир жавоб топилишини, фақат саволга жавоб бергани, уни ошкора тан олгани одамнинг юзи чидамаслигини, бироқ кўнгилнинг бир чеккасида бу саволдан алангаланган жавоб бутун юракни куйдириб туришини чол ҳам, ўғил ҳам сезар, шундай бўлса ҳам ўғил миқ этмас, гўё гапирса йиқилиб тушадигандай ҳансирар ва шип-шип этган товушдан бошқа сас чиқмасди ундан.
Сукунатни яна отанинг товуши бузди.
– Ҳеч нарса деёлмайсан! Қайси юз билан гапирасан?! Сендайлардан туғилмасларингдан олдин воз кечиш керак эди. Лекин, афсус, сизлар туғилдиларинг, униб-ўсдиларинг, сўнг униб-ўсган ерларингга тупурдиларинг, униб-ўстирган одамларни ….диларинг. Яна кўкракларингга муштлаб «халқпарвармиз, … парвармиз» деб даъво қилдиларинг.
– Бўлди…- ингради ўғил. – Бўлди, бас… қирқ йилдан бери шу бир гапни такрорлайсиз… Чарчаб кетдим. Бас!
– Мен-чи, мен чарчамадимми? – Чолнинг товуши зорланиб чиқди. – Менга осонми?!
– Ахир қирқ йил бўлди! Қирқ йилдан бери шу саволни такрорлайсиз…
Қирқ йилдан бери шу гап, шу таъна! Адоғи борми бу йўлнинг?! Мен ҳам одамман ахир…
– Оз қолди. Жуда оз қолди. Елкангдан тушаману мен ўз йўлимга кетаман, сен ўл йўлингга… Бошқа қайтиб кўришмаймиз… Кўришмаганимиз ҳам тузук. Мен ўзим ўстирган теракнинг қандай ёнаётганини кўришни истамайман. Мен ўша, сен билан охирги марта юрган қоя остидаги ғорга кетаман, менинг у ерлардан бош олиб кетишим мумкин эмас, менинг қоним тўкилган у ерларга. Ўша қоя эсингдами? Сен мени Бухородаги табибга кўрсатиш учун олиб чиққан эдинг, эсингдами?
– Эсимда! – хириллади ўғил. – Ҳаммаси эсимда! Нега бунча эгзасиз?
– Хайрият, – деди чол, – ақалли шунга ҳам шукр. Ҳар қалай ўша кунни сотмабсан, шунга ҳам шукр. Ёи бу хотиранинг – ислиқи бир чолнинг ўлими тўғрисидаги хотиранинг ҳеч кимга кераги бўлмадими? Ёки сотишга, ўзигни ошкор этишга қўрқдингми?! Майли, шунга ҳам шукр, баъзан қўрқоқлик ҳам имонни асраб қолади. Майли, шукр…
Сиёҳранг тун қуюқлашиб борар эди. Тутун кўзни ачиштирар, димоғни куйдирар, ўғил тинмай йўталарди, теваракка пала-партиш ташланган яланг оёқларнинг бесаранжом саслари тараларди. Ҳаво дим ва бўғиқ, йўл эса бениҳоя эди.
– Сизларнинг катта хатоларинг шуки, Уни таъқиб қилдиларинг. Унга қўшиб, ҳамма нарсани таъқиб қилдиларинг. Аслида ҳамма нарсанинг бошланғичи У эди. Чунки У дунёнинг исми эди, У бу азалий дунёга исм берган, зеб берган уста эди. Дунёни Ундан ажратиб олиб бўлмасди… Сизлар буни тан олмадиларинг…
– Чарчадим, – деди ўғил астагина. – Бунчалик оғир бўлмасангиз? Елкам эзилиб кетди. Оёғимда дармон қолмади.
– Буни мен эмас, сенинг ўзинг истагансан… Ўзинг мени шунга ундадинг. Ўша куни бу менинг хаёлимда ҳам йўқ эди. Сендан ҳатто миннатдор эдим – касал отасини кузатиб бораётган шундай ўғлим бор деб… Бу йўлни сенинг ўзинг танлагансан.
Ўғил ихраб-ихраб кетарди. Унинг пишнаши демаса ҳамон ваҳимали сукунат ҳукм сурарди, фақат атрофда қандайдир сассиз шарпалар айланиб юрар, улар жуда кўп эди, афтидан. Бутун дала бўйлаб югуриб юришар, лекин қадам товушлари эшитилмас, баъзан йўлга яқинроқ бостириб келишар, сўнг ҳансираш ва пишнашни эшитиб орқага чекинишарди.
– Ўшанда мен харсанглар орасидаги ташландиқ ғорга кириб кетдим, – давом этди чол, – кун совуқ эди, ундан кейин биров менинг шарпасни сезиб қолишидан қўрқардим. Биринчи кунлари жуда зерикдим, атрофда гаплашадиган ҳеч ким йўқ эди; кундазлари тоғма-тоғ сакраб тоғ эчкиларини қувиб юрардим. Токи онанг хабар топгунча, мен шу ҳолатда ёлғиз яшадим. Бир куни кечқурун ғорга онанг кириб келди – худо раҳмат қилсин, у жуда яшариб кетган эди, у ҳаммасини кимдандир эшитибди, шу сабабли мендан ҳеч нарса сўрамади, фақат «Қоядан нарироқ юрсангиз бўларди-ку, ахир унинг бир куни шундай қилишини билардингизку?» деди. Шўрлик, қанччалик қилмишингдан эзилмасин, сени ногаҳон қарғаб юборишдан қўрқарди; иккаламиз ҳам тилимизни тиярдик, ўша кунни эсламасликка ҳаракат қилардик, агар озгина қарғасак ҳам у дунёю бу дунё куйиб кетарди. Онанг ўша кезлари ҳар куни келиб турарди, у ёқларда қаёқдан келяпсан деб сўралмайди, бунга ҳожат йўқ, ҳамма марҳумларнинг борар ва келар жойи битта. Биз ғорда тошга бош қўйганча сенинг қандай туғилганингни, қандай той-той бўлганингни, чўғга қўлингни қандай босиб олганингни эслаб ўтираодик: у ёқларда фақат хотирагина кишига ҳузур беради, бошқа ҳеч нарсанинг мазмуни қолмайди; мен сенга ачинаман, сен ахир бу дунёдаги қилган ишларингни қандай қилиб эслайсан – эслашинг билан арвоҳлар қузғуни бошингга балодай ёпирилади. Сенга ачинаман… сени ҳеч ким аямайди… бир неча кундан сўнг кечаси ғорга қилич-қалқон таққан отлиқ кишилар кириб келишди; улар уч кунгача ғорда қолиб кетишди, негадир ғорда мени кўриб ажабланишмади; улар бу ғорда ҳар хил қўноқларни учратишга одатланиб қолгандилар чоғи, бизнинг тилимизда, сал бураб гапиришарди, дубулғачиларнинг бири оқсоқ эди; менинг ғорга келиб қолиш саргузаштимни эшитишгач, сендан жуда ғазабланишди, ҳатто оқсоқроғи ҳозир бориб чопиб ташлайман деб ирғиб турди, лекин мен кўнмадим, ўғлим айбдор эмас, ўзим йиқилиб тушдим деб алдадим. Дубулға кийганлар мен билан уч кунча яшашди. Улар ҳам менга ўхшаб ўз ажали билан ўлмаган эдилар, гапларига қараганда бири жангда, бири суиқасдда, бири касал бўлиб ўлганди. Отлиқлар юз йиллардан бери бир вақтлар ўзлари забт этган мамлакатларни айланиб юришаркан ва ҳар йили қиш тушиши олдидан Чинмочинга юриш уюштиришар ва ҳар доим мағлубиятга учрашаркан. Кейин улар мени ўзлари билан олиб кетмоқчи ҳам бўлишди, бироқ оқсоғи кўнмади, афтидан, у менга ишонмади. Бир қанча вақт ўтгач, яна юриш уюштириш учун ўзларининг ўликлардан иборат лашкарларини йиғишга жўнаб кетишди. Мен ғорда яна ёлғиз қолдим. Фақат кунора хабар олгани онанг келиб турар, менга сен ҳақингда ва шотирларинг ҳақида ҳикоя қилиб берарди; мен унинг гапларига ҳеч бир ажабланмасдим, шусиз ҳам сенинг қилмишингдан хабардор эдим; ўҳў, сен қанчадан-қанча одамларга жабр қилмадинг, қанчадан-қанча бегуноҳларни қамаб ёки отдириб ташламадинг. Сен қилган ҳар бир иш учун мени уларнинг ота-боболари қистовга олишарди, мен эса ўша ёқда энди ёвуз ниятингнинг навбатдаги қурбони ким бўларкан, унинг марҳум қариндошлари кўпмикан деб, юрак ҳовучлаб турардим. Сени қанчадан-қанча арвоҳлар қарғамади. Сен одамларнинг ўзингдан қўрқишини, зор титраб туришини орзу қилардинг, уларнинг ожизлиги ва ночорлиги сенга ҳузур бағишларди. Улар ҳаётда ўз ташвишларидан ҳам муҳим нарсалар борлигини хаёлларига ҳам келтирмасди, сен буни билардинг, билиб туриб қилардинг барча ярамасликларни. Сендан ёвуз одамни бу тоғлар ҳали кўрмаган… туф… Энди ҳам кўрмасин… Сен охиргиси бўл! Сенинг қилаётган ишларингга Караб туриб ҳар доим ўлик сенми ёки менми деб ўйлардим, тани ўлгандан сўнггина одамнинг ўлик ёки тириклиги маълум бўлади. Хомтама бўлма, лекин сен фанода бирормарта ҳам тирикларга хос иш қилганинг йўқ, сен нимаики қилган бўлсанг, ўзим учун қилдинг. Шундай! Ўлим – ман тириклик! Сен ўликлар орасида қайта тирилар экансан, ҳатто оддийгина, «нима учун яшадим? Деган саволга ҳам жавоб беролмайсан. Сени ҳатто оддий ўликлар ҳам ўз сафларига қўшмайди, сен қум қуюни қоплаб олган саҳрода ёлғиз ўзинг абадий кезиб юрасан, абадий! Бу саҳро ҳеч қачон тугамайди; ойлар, йиллар, авлодлар тугайди, лекин бу саҳро ҳеч қачон тугамайди; ана шунақа. Ҳу, ана, қорайиб кўринаётган ғор – ўша саҳронинг эшиги… Йўлинг сени тўғри ўша ёққа олиб боради. Яқинлашиб ҳам қолдик. Мен сени ўша ергача кузатиб қўяман. Дадил бўл. Ҳечқурса ғордан ўтаётиб мени уялтирма, шусиз ҳам менинг юзим шукут бўлиб қолган…
– … Анави қз ким? Нега тўқайзорда ёлғиз ўзи юрибди? Қадам ташлашлари ҳам бежо.
– Неъмат калнинг тнғич қизи. Ҳар доим шу тўқайда қўзи боқиб юради.
– Нега қўлини олдинга чўзиб юради?! Кўриниши абгор, нима, эси пастроқми?
– Эси-ку жойида, унда балоннинг эси бор. Лекин у бахтиқаро бўлиб туғилган. Ҳамма бало шунда. Бўлмаса бундай сулув қиз бу ўртада топилмайди. Унинг кўзлари басир. Чиппа кўрмайди. Она қорнидан шундай бўлиб тушган. Шунинг учун ҳам қўлларини олдинга чўзиб юради…
– У ҳеч кимнинг кузатувисиз юрадими?! Шу ҳолида-я?!
– Э-е, уни ким ҳам кузатиб юрарди. Отасининг бундан бошқа олти қизи бор, ташвиши шусиз ҳам етарли… Бу эса отасига қўзи боқиб беради. У қўзиларни исидан танийди. Қўзилар уни ҳеч қачон ташлаб кетишмайди, шу атрофда ўтлаб юришади. Кеч бўлгач, уйга ўзлари айтади. Ана шундай у қиз…
Eшикни ямоқ тўн кийган ўрта яшар одам очди. У ичкарига қўрқа-писа назар ташлаб, ўзига қаттиқ тикилиб турган кўзларни ҳис этгач, секин ичкарига кирди. Изидан эшик секин ғичирлаб ёпилди.
– Хўш, нима гап? – деди ичкаридаги овоз.
Тирқишдан сирғалиб кираётган хирагина ой нурида унинг чарм камзули ялтираб кетди. Кирган одам остонадаёқ тиззалаб ўтириб олди. Гап бошлашдан олдин камзулли одамнинг авзоини билмоқчидек, унга зингил солиб қаради. Бироқ шилпиқ кўзлари барваста шарпа устида қалқиб турган хумдай қорадан бошқа ҳеч нарсани кўрмади; унинг назарида ичкаридаги одамнинг на юзи, на кўзи, на лаби бор эди, фақат чуур ғорда ёқиб қўйилган бир жуфт шамдай иккита кўз ўзига қадалиб турганини ҳис этар ва ўнғайсизланарди.
– Нима гап? – деди яна ичкаридаги овоз.
– Мен… мен… – Келган одам қоронғулик қаърига тикилди, лекин бояги шайтоннинг соясидай шарпадан бошқа ҳеч нарсани илғамади, – мен пастки чорбоғда ўт ўраётгандим… бу йил беда эрта қувраб кетди.
– Хўш, гапир…
– Шундай йўлнинг бўйида. Ой ёруғида ҳам ўрақолай деб ҳали уйга кетмагандим.
– Бу ерда нега келдинг? – ўшқирди ичкаридаги овоз. – Сенга бу ерга келма дегандим-ку?!
Остонадаги одам чўчиб тушиб, гапини йўқотиб қўйди, тили оғзига косовдай тиқилиб қолди, уни ҳаракатга келтириш учун хийла қийин кечди, бир неча бор қизариш ва қалтирашдан сўнг бўғзидан дафъатан отилиб чиққан товуш ҳеч қандай маъно ифодаламади.
– Шу… шу… ўраётандим… Кейин бирдан…- Ўзини тутиб олди у охири. – Кейин бирдан ов… овозидан танидим. Йўлда Бегмат полвон билан Ҳасан чўлоқ ўтиб боришаётган экан. Улар эрталаб Кўчабулоққа – Сори Ҳайдарникига таъзияга ўтиб кетишганди, ўз кўзим билан кўргандим. Улар бир-бирига шивирлаб гаплашиб боряпти экан…
– Нимани? Эшитдингми?…
– Ҳа, сизни… сизни, отасини ўлдирган, падаркушлик қилган дейишяпти…
Ичкаридаги одам шуъла тушиб турган деразани айланиб ўтиб, бурчакка бориб келди. Яна аввалги жойига келиб деразага орқа ўгириб туриб олди.
Ўртага бир зум сукунат чўкди.
– Туҳмат қилма! Занғар!!!
– Туҳмат бўлса тош боссин. Ичкаридаги одам бошини қуйи эгиб олди. Орага яна жимлик чўкди. Унинг нафас олиши оғир ва хирилдоқ эди. Бу сукунат нақадар хатарли эканини сезган остонадаги одам безовта бўлиб, қимирлаб қўйди. Ичкаридаги одам унга эътибор бермади, тиззаларига тикилганча узоқ туриб қолди.
– Мулла Хидирникида нима гап? – деди у сўнг мутлақо бошқа оҳангда.
– Пойлаб юрибман. – Остонадаги одам бирдан енгил тортиб жавоб берди.
– Сайфул эшон билан Шукур қизил келиб кетди. Лекин нима олиб келганини кўролмадим, ичкарига кириб кетишди.
– Майли, сен энди боравер, лекин бундан буён кела кўрма, керак бўлсанг ўзим олдингга бораман. Мулланикини яхшилаб кузат. Ким, қачон, нима олиб келди, ҳаммасини билиб ол. Агар бирон кори хол бўлса, ўзинг қулоғингни ушлаб кетасан.
Остонадаги одам итоаткорона бош ирғади. Эшикни очар экан, қайрилиб яна ичкарига қаради, яна барваста шарпадан бошқа ҳеч нарсани кўрмади. Бу ўзи қандайдир шарпага ўхшайди, – ўйлади ичида у. – Чироқ ёқибўтирса нима қиларкин? Ё ёруғликдан қўрқармикин.
– Самад ўзинггуноҳингни бўйнингга ол, шундай қилсанг, жазонг ҳам енгил бўлади.
– Менинг ҳеч қандай гуноҳим йўқ. Ахир буни сенга неча марта айтдим.
– Ўйлаб кўр. Балки эсларсан.
– Ахир ўн кундан бери жслолмадим. Мени бу ерга нима учун олиб келишди, ҳеч билолмаяпман.
– Гуноҳсиз кишини бу ерга олиб келишмайди. Яхшилаб эслаб кўр.
– Йўқ эслолмайман, каллам шишиб кетди. Ё мени отиб ташла, ё қўйиб
юбор. Ортиқ бу азобга чидай олмайман. Мени шарманда қилма.
– Буни жиноят қилмасдан олдин ўйлаб кўриш керак эди. Энди кеч.
Яхшиси, ўзинг бўйнингга ол. Тавба қилиб келди, деб ёзиб қўямиз
– Айбм бўлса, шартта айту жазоимни бер. Нега менга азоб берасан! Ҳар нарса тўғрисида ўйлайвериб адойи тамом бўлдим.
– Шукур қизилникида қўшиқ айтганмидинг? Нима деб айтганинг эсингдадир?
– Айтгандим. Нима, қўшиқ айтиш мумкин эмасми?!
– Мумкин, мумкин. Сизларга мумкин.
Барваста одам бир уюм қоғозлар ичидан бир варақ қоғоз олиб, Самад бахшига узатди.
– Мана бу қўшиқ сеникими?!
Бахши қоғозга кўз югуртирирди
– Мен ўқишни билмайман.
– Ўқиш шарт эмас. Дарров эсингга тушди. Ўзинг муғомбирлик қиляпсан. Отасини ўлдирган, ғам-андуҳга тўлдирган ким экан?! Биз эмасми?! Сен бу ерда бизни назарда тутмаяпсанми?!
Ўчиб хамроҳига тикилиб қолди.
– Бу қўшиқни бизнинг ота-боболаримиз тўқиган.
– Лекин сен айтгансан…
– Мен бундай демоқчи эмаслигимни сенинг ўзинг биласанку?!
– Нега?! Масалан мен худди шундай деб ўйлайман. Кейин буни мен эмас, ўша тўйда бўлган ҳушёр одамлар етказишган.
– Ёлғон! Ҳеч ким бундай демаган.
– Ўкирма, бу ер отангнинг уйи эмас. Тўйда қатнашганларнинг ҳаммасини бир-бир чақирдик. Ўн етти киши буни тасдиқлади. Мана, кўр. Улар айнан шундай тушунишган. Хўш, энди тан оларсан кимга сотилганингни?!
– Мен ҳеч кимга сотилмаганман.
– Унда ўзинг бузғунчи экансанда- Майли шундай деб ёзиб қўямиз.
– Нега энди билиб туриб зуғум қилаётганингни мен тушуна олмаяпман.
– Тезда тушуниб оласан. Сен кўп ақлли бўлиб кетдинг. Ҳар қўшиғингда қандайдир отасини ўлдирганлар тўғрисида жаврайдиган бўлиб қолдинг. Энди ақлингни пешлаб кел. Сен қўрқма, Сибирга жўнатмайман, сен чўлга борасан, чўлни ўзлаштирасан. Агар онгли равишда ўз хатоингни ювсанг, қайтиб келишга рухсат беришади.
– Мени шарманда қилма. Тўртта болам бор, уларнинг қарғишига қолма!
– Болаларинг тўғрисида қайғурмай қўяқол.. Ўзимиз ғамхўрлик қиламиз. Агар сенинг ёнингда бўлса, уларни ҳам душман қилиб тарбиялайсан.
– Кўзингни оч! Бу туришда яқинда бутун аҳар ҳувиллаб қолади.
У яна нимадир демоқчи эди лекин хонага кирган икки киши уни олиб чиқиб кетди.
– Биз йўлимизга ким тўсиқ бўлса, ҳаммасини йўқотамиз, ҳеч кимни аямаймиз, – бақирди унинг изидан ичкаридаги одам. – Қишлоқ бўшаб қолса, бошқа одамларни кўчириб келамиз…
«Бу қўллар эмас, сени ногирон қилиб яратган дунёнинг бағрига санчилган ханжарлардир, Зубайда. Киприкларинг у осмон шоҳининг тасбеҳидир, о, йўқ, бу кўнгил қушларига қўйилган тузоқдир…
Мени сендан тортиб олишадигандек бўйнимдан қучоқлаб йиғлаганингда, бу овлоқ тўқайни пичир-пичирларингга тўлдирганингда, лабингда тушуниксиз саволлар қотганидаЮ бу сирли оламга ёриб чиқиб ва ўчдида ва мени ўзингга ҳам ишонмай ўз кўзлари билан кўриш учун жажжигина юрагинг кўксингнинг қафасларига гурс-гурс урганида, бу дунёдан бахт излаб чўзилган қўлингнинг қон ҳиди тутган сочларингни силаганида сен уни топдингми, Зубайда?!
…Кел, мени қучоғингга ол, офтобни кўмгандай мени оғушингга кўм. Майли, кўзларинг қўрғонига қамаб қўй, майли, киприкларингга боғлаб қўй, фақат бу дунёнинг қарғишларидан мени сочларинг қатига, лабларинг қаърига яширсанг бўлди.
Мен сени излаб бу ерга ҳар кун келгим, бу тўқайга умр ўтовини тикким келади, сенинг босган изларингга ўзимни кўмгим келади. Кел, панжаларингни кўзларимга санчиб қўй, тошлар тилган оёқларингни кўкрагимга экибю қўй, шивирларингни қулоғимга қок. Сен менинг излай-излай топиб олган бахтимсан, сен менинг тўқайзорга қадаб қўйган туғимсан. Майли, ҳамма юз ўгирсин, майли, ҳамма ташлаб кетсин, фақат сен мени ташлаб кетма, сен ташлаб кетма… ташлаб кетма…»
«…Сенинг зилол сувларинни ичганимда, кўрпа бўлиб тўшалган кўкатларинг устида яйраб ётганимда ҳаётга қайтадан келгандек бўламан. Мен сенинг тупроқларингдан яралганман, бу улуғвор қоялар ҳам, ундаги харсанг тошлар ҳам, илон изи ёлғизоёқ сўқмоқлар ҳам менинг таним. Мен улар билан бирга нафас оламан. Кўрагон тоғидан майин шабада эсяпти, кўкатларнинг ҳиди димоқни қитиқлайди. Қандайдир қушлар сайраяпти. Ҳойнаҳой, мода какликлар бўлса керак…»
«Афтидан кўклам келганга ўхшайди. Димоғимга олма гулининг ҳиди келяпти. Пастдаги тўқайда болалар шовқини эшитилмоқда. Улар чиллак ўйнаётган бўлса керак, ҳар-ҳар дамда қайсисидир ғувиллаб югуради. Унинг оёқларининг шитири менинг суякларимни яйратади, мен бу товушдан ҳузур қиламан, мен унинг майсалар ялаган, шабнам ювиб қўйган жажжигина товонларидан ўпсам дейман, ётган жойимдан тепага – уларга мўралаб қарагим келади. Улар оёқлари тагида одам суяклари қақшаб ётганини, захда чирсиллаб синаётганини, чириётганини, энг қизиғи, менинг уйғоқлигимни, уларни кузатиб турганимни, товушларини эшитаётганимни билишармикан? Агар менга у дунёдагидай овоз ато этишганда мана шу гўримда туриб, уларга қарата: «Сизлар ғафлатда қолманглар, ҳушёр бўлинглар! Боболаринг руҳи уйғоқ, уйғон!» дея қичқирган бўлардим…»
«Нариги қабрнинг атрофини кимдир супуриб-сидираяпти, супурги шитири эшитилаяпти. Менинг ёнимда ётган болакай уйқу аралаш ҳиринглаб кулиб қўйди; кимдир туш кўрди, шекилли, балким тушига онасининг маммалари киргандир; юқоридагилар унинг кулгусини эшитишдимикин?!.. Ер ости дунёси нақадар бепоён! Бу ерга одам қайта ўлмаслик учун келади. Бу ерда у дунёдаги умр кўз очиб юмишдай гап. Яшайверасан, яшайверасан, бу яшашнинг, қани, охир-ниҳояси бўлса. Фақат сен шу зим-зиё қўрғондагина ер билан абадий бирга эканингни англайсан…
…Менинг ён томонимдаги қиз яна хўрсиниб-хўрсиниб йиғлади. Ошиқ йигити билан топиб олишган акалари уни нақ қоядан улоқтиришган. У дунё нақадар мудҳиш. Одамлар устида ҳамиша ёвузлик ҳукмрон бўлади…
…Уҳ яна қандай шовқин?! Нақ устимда қиёмат қойим бошлади чоғи. Ниманинг товуши бу?! Мунча ваҳимали?! Э-е, булар мозористонни бузишяпти-ку! Ақлдан озишибди у дунёдагилар… Ҳа, аниқ, бузишяпти, яна, ўша мудҳиш қиёмат товуши тобора яқинлашиб келяпти. О, сен, она ерим, момо ерим, мана энди улар мени сендан жудо қиладилар, суякларимни абгор қиладилар. О, ярамаслар, ҳаромилар, падаркушлар!..»
– Ўртоқ бошлиқ биз Неъмат кални олиб келдик.
– У нима гуноҳ қилибди? Нега уни боғлаб ташладиларинг?
– У катта қизини мана бу болта билан чопиб ўлдирибди. Қизи кимдандир бола орттирган экан. Боласини ҳам чопиб ташлабди. Бу ўша – биз тўқайда кўрган қиз. Унинг қоқ пешонасидан болта урибди. Тили бир қарич чиқиб ётибди…
Ўғилнинг силласи қурий бошлаган эди: унинг пешонасидан реза-реза тер оқар, юзи тобора бўғриқиб, кўкариб борарди, оёқлари чалишиб кетарди. Лекин йўлнинг адоғи ҳали бери кўринмасди – бутун борлиқни тун шоҳи тимқора чодири тагига яшириб олган эди.
Йўл нақ жаҳаннамга олиб бораётгандай ҳарорат тобора кўтариларди.
– Биз ҳеч кимга ҳеч нарса қилмаган эдик, – дерди чол ўғлининг жимиб қолганидан ва бу кимсасиз саҳрода ёлғиз кетаётганидан бир оз чўчиб. – Биз ҳеч кимнинг ерига бостириб бормадик, биз ҳеч кимга зуғум қилмадик. Тинчгина яшаб юрган эдик: қўш ҳайдардик, буғдой янчардик, тириклик тошини секин тортиб юрувдик. Биз эмас, улар бостириб келишди, тинч ҳаётимизни улар бузишди. Сизлардай ақлимиз ўткир эмас эди, ҳар нарсани ҳам дарров тушунмас эдик. Биз фақат эски осойишта ҳаётимизни қуролли кишилардан қурол билан қайтариб олмоқчи эдик. Бор гуноҳимиз шу эди, бошқа ҳеч нарса! Эшитяпсанми, бошқа ҳеч нарса.
– Биламан, – деди ўғил. У ғилт этиб ютинди. Юзи кўм-кўк ганч ҳайкал рангига кирганди, товуши бўғизидан эмас, гўё ер остидан, нақ жаҳаннамдан гулдираб чиқаётгандай эшитилди.
– Биласан? А? Демак, отангни билиб туриб ўлдирган экансан. Қойил. Сизлар кимдан таълим олдиларинг, билмадим. Отасининг гуноҳи йўқлигини билиб туриб, атайлаб ўлдирган эмиш? Отам тирик турса, ўша шалоқ курсимга ўтиролмайман, бошлиқ бўлолмайман деб қўрқдингми, а? Шундан қўрқдингми?
– Бўлди, – инграб юборди ўғил отасини силкиб, ўнгариб кўтарар экан, – бўлди деяпман…
– Тўғри, шундан қўрқдинг. Отанг тирик турса, сенга нозик жойларни ишониб топширмасди, парвозинг баланд бўлмасди, ҳар икки дақиқада отанг учун сўроқ бериб туришингга тўғри келарди. Сен буни жуда яхши англардинг. Отангни деб, сенга ғанимларинг тинчлик бермасди. Ўлиб кетса ҳеч ким нотайин одамни суриштирмасди ҳам. Сен шундай деб ўйлагандинг. Афсус ўша куни – деди қоя орқали олиб ўтаётганингда буни сезмаган эдим. Сен ҳаммасини осонгина ҳал қилиб қўяқолдинг. Қоя устига келганимизда менинг остимдаги отга қамчи босдинг. От ҳуркиб, олдинга ташланди, мен ҳатто нима бўлганини билолмай қолдим, фақат қоядан тошдан-тошга урилиб учиб тушаётганим эсимда. Сўнг мен бир зум зулмат ичида қолдим, қайта тирилганимда сен менинг жасадим устида йиғлаб ўтирардинг ва нарироқдаги иккита чўпонга нималардир деб тушунтирардинг. Сен жуда қўрқоқ эдинг, қилган падаркушлигингни биров билиб қолмаслик, шубҳаланмаслик учун оғзингни саситиб сўкинганингда, гўё аламдан ақлингни йўқотгандай, оғзидан қон келиб, ихраб ётган отни ҳам отиб ташладинг. Сен отдан ҳам қўрқдинг, отаркансан, унинг жавдираган кўзларига қарай олмадинг… Мен эса ҳаммасини кузатиб турардим – шундоқ олдингда, ёнингда кузатиб турардим. Ҳатто икки марта маузерингни олиб, нишон қадалган кўкрагингдан отиб ташлагим келди. Лекин бизга бундай ҳуқуқ беришмаган. Мен жасадим ортилган аравани Кўкқиягача кузатиб бордим-да, сўнг ғорга қайтдим. Лекин, сен менинг жасадимни қандай кўмганингни кўриб, сезиб турардим. Сен бошлиқларинг олдида бир томчи қузёш тўкмадинг. «Отам ёт одам эди, ўз ўлимини ўзи топди» дединг. Сенинг аҳволингни кўриб улар ҳам ич-ичидан кулди – ахир уларни ҳам ота яратган-да. Агар йиғлаганингда ҳам ҳеч ким ҳеч нарса демасди. Фақат сен устаси фаранг одам эдинг. Унсур отасининг устида йиғлаганди деган гапни кўтаргинг, келажагингни ҳавф остига қўйгинг келмади. Сен йиғламадинг, йиғлармикансан, тавба қилармикансан, деб мен уч кунгача уйинг атрофида айланиб юрдим. Йўқ, йиғламадинг. Сендайлар асли йиғлашмайди. Одамларнинг ўлимидан роҳатланишади. Қандай уят?! Ҳали бизнинг аждодимизда ожизага зуғум қилиш ҳодисаси бўлмаган. Сен эса ҳеч нарсадан тап тортмадинг. Мана, оқибати… Ана кўряпсанми, изингдан қанчадан-қанча арвоҳлар бўридай эргашиб юрибди, ёлғиз қолсанг, таппа босишаи. Улар жуда қутурган… Ўша совуқ юртлардан сени деб айтиб келишган. Энди ҳар кеча йўлингни тўда-тўда бўлиб пойлаб ётишади. Ҳар бирининг сен билан ўз ҳисоб-китоби бор… Сенга ачинаман, бироқ начора бу йўлни сен ўзинг танлагансан…
– Ота, эсингдами мен ҳали жуда-жуда ёш эдим, мишиқиси аримаган қизча эдим, ҳаммаси қўрқинчли тушдек элас-елас эсимда, сен ғоз қотиб турардинг, йўлдан эса арава-арава одамлар ўтарди, йўллар тиқилиб кетарди, худди чумолилар инига шошаётгандек аравалар қайларгадир имиллаб борарди, одамларнинг эса ранги қочган, сенга гоҳ сездирмай, гоҳ ошкора адоват билан тикилиб-тикилиб қўярди, сен эса пинак қоқмай тураверардинг, аравалар ҳес тугамасди, турна-қатор бўлиб тонгдан шомгача, шомдан тонггача ўтаверарди,ҳатто ярим кечалари ҳам йўлдан араванинг ғийқиллаган товуши, зорланиши эшитилиб турарди, уларни қандайдир аскарлар қўриқлаб боришарди, сен эса ўша ерда қотиб тураверардинг, икки кунми, уч кунми вақт ўтиб, аравалар яна кунчиқар тарафга қараб йўл олишарди, йўлдан бирин-кетин ўтишарди, аравачилар ҳам бошларини эгиб олган, атрофига қарашдан қўрққандай, уялгандай отларини қичаб ҳайдаб боришарди, аравалар ғийқилларди, аскарлар сўкинарди, тўда-тўда аравалар кунчиқарга йўл олишарди, лекин бўм-бўш бўларди, бу аравалар, ота, худди кераксиз тошларни қайгадир, хилватроқ жойга тўкиб қайтишаётгандай, аравалар бўм-бўш бўларди, яна бир неча кундан сўнг арава-арава одамларни олиб қайларгадир жўнарди, сен эса, ўша баҳайбат харсанг олдида ғоз қотиб тураверардинг, ўша одамларни қайга олиб кетишарди, ота? Нега уларнинг кўзлари сенга бунчалик кин билан тикиларди, нега сени бунчалар ёмон кўришарди улар?! Эсингдами, ота? Ё тушмиди бу? Мен, ўша мишиқи қизалоқ буларнинг барини туш кўрганмидим?! Ўша аравалар тушмиди, ота?!
– Билмадим, қизим, булар менинг эсимда йўқ… Ҳойнаҳой сен туш кўрган бўлсанг керак…
– Ўша пайтлари одамлар гўё бу ерларда ёвуз бир шарпа оралаб юргандай ҳамиша нимадандир қўрқиб , ҳадиксираб юришарди. Бир-бирига шубҳа билан тикилишарди, ҳатто болаларни ҳам бир-бири билан ўйнатгани қўймасди, болалар уйларидан чиқмай қўйган эди. Ҳамма худди ёвуз шарпа сенинг танангга яширингандай, сенга қўрқиб-писиб қарашар, сен билан дуч келиб қолса кўзларидаги ғазабни яшириб, гўё жони сенинг қўлингда тургандай ялтоқланиб, эгизиб-букилиб ўтарди, беллар эса… аёллар сенинг номингни қўшиб қарғашарди, сени кўрганда этакларини кўтариб, орқаларини кўрсатишар ва энди бу еримни ҳам ол деб шанғиллашарди. Нега шундай дейишарди, ота? Нега кечалари қишлоқлар мозористондек жимиб қоларди, ота; нега одамлар бир-бирига еб қўйгудай тикилишарди, бир-биридан нега қўрқарди, ота?!
– Билмадим, қизим. Ҳойнаҳой сен адаштиряпсан. Буларнинг ҳаммаси туш бўлса керак. Ҳаммамиз туш кўрганмиз, қизим, шу сабабли у замонларни яхши эслолмаймиз… эслаганимиз ҳам тузук.
– Мен эса кечалари уйғониб кетаман, назаримда, ҳали ҳам йўлдан аравалар ғийқиллаб ўтаётганга ўхшайди, гоҳида куппа-кундузи ҳам йўлга тикилиб қарасам, аравалар ҳамон ўтиб бораётганини кўраман, улар аввал кун ботишга қараб ўтади, сўнг кун чқарга… Баъзан бу умр бўйи тугамайдигандек, охири йўқдек туюлади менга. Гўё энди бир умр қулоғимиздан аравалар ғийқиллаши аримайдигандек, кўзларимиз олдида энди фақат аравалар ўтиб турадигандек туюлади менга. Ярим кечалари уйғониб кетаман…..
– Билмайман, қизим. Мен кексайиб қолдим. Менга бундай саволлар берма! Ҳеч нарса эсимда йўқ! Эсимда бўлмагани ҳам тузук.
– Кимдир шу тарафга келаётганга ўхшайди, ота.
– Улар афтидан икки киши бўлса керак, яхшилаб қара-чи.
– Икки киши экан, бири сал орқароқда келяпти. Сен аердан билдинг?
– Кеча хабар беришган эди. Уларни мен эртароқ келса керак деб ўйлагандим.
– Қиз бир зум анграйиб қараб қолди.
– Ким экан улар?
– Чўлга кетганлар. Бегмат полвон билан Ҳасан чўлоқ
– Ахир уларни ўлди деб хабар келганди-ку.
– Улар аллақачон ўлиб кетишган, ўлмаганларида бу ерларга қайтиб келмасди…
…Йўлнинг интиҳоси кўринмасди. Шип-шип этган қадам товушлари эшитилар, улар кетаётган йўлга юлдузлар учиб тушарди. Ўғил юриб борар, ота эса унинг елкасида ялпайиб ўтирганча йўлнинг адоғига тез-тез кўз ташларди. Афтидан, у ҳам ўғлининг елкасида ўтиравериб чарчагандек эди. Йўл кесиб ўтган дала эса ҳувиллаб ётарди, атроф уларнинг шарпасидан кукундай тўзғиб кетаётган куйинди суяклар билан тўлганди; тонг гўё бу ерларга ташриф буюришни унутиб қўйгандай уларнинг устида бесарҳад тун сим-сими тўшалиб ётарди.
Йўл эса бениҳоя эди…