Назар Эшонқул. Ҳайкал (ҳикоя)

Мақолаларда тилга олинган одамларнинг ўзларига тақсимланса ҳам етмай қоладиган нусхада чоп этиладиган нашрларда ўзи каби унутишга маҳкум этилган тенгдошларидан биронтасининг қачонлардир кўрилган алоқ-чалоқ тушлари каби дориламон даврларни қўмсаб айтилган суҳбатида ёки бугунги олатасир даврнинг шиддати ичида йўл четида ўтирган тиланчичалик ҳам қадри қолмаган кекса ва ўзидек парти кетиб, шарти қолган, аллақачон майдонни ташлаб кетган, ақлу идрокнинг мағлубиятини ҳамон тан олмай келаётган ўжар санъатшуносларнинг даврга бўлган муносабати монанд ҳафсаласизлик билан ёзилган тақризларида номи кўриниб қолмаса, ўн-ўн беш йилдан бери дайди ит ҳам кўчасидан ўтмаган, ўзининг юлдузли палласини кутавериб ҳолдан тойган, зада ва озурда кўнглининг қирларида умидсизлик тутуни бурқсиб ётган, на санъатдан, на давралардан, на замондан топмаган ҳаётининг мазмунини излагандек кейинги йилларда кунларини тоғ-тошларда ўтказиб юрадиган ҳайкалтарош Н.нинг омади бирдан келиб қолди. Унинг гуруҳига биратўла учта ҳайкал, ҳайкал бўлганда ҳам эл-юртнинг ғурур ва фахрига айланадиган учта улкан ҳайкал ясашга буюртма тушди. Анча йиллардан бери иши чаппасига кетиб, бир пайтлардаги шон-шуҳрат довруғи сўна бошлаган, куни ўз оталарини сотиб, мартабаларини ошириб олган, энди эса виждон азобларидан қутулиш учун уйларини бир четига падари бузрукворларининг бюстларини ўрнатиб қўядиган қурумсоқ ва калондимоғ бойваччаю амалдорларнинг садақаларига кун кечираётган бир пайтда бундай муҳим буюртма топширилишининг ўзиёқ қашшоқнинг хазина топиб олиши билан баробар эди. Маҳкамада бўлиб ўтган, бир ҳафтага чўзилган турли даражадаги суҳбатлардан сўнг унга ишнинг кўлами ва аҳамияти ҳақида батафсил изоҳ беришди. Бу суҳбатларда буюртма шахсан раҳбарнинг назоратида экани, аслида, бу ҳайкалларни яратиш ғояси ҳам раҳбарнинг ўзидан чиққани, шу сабабли ишга масъулият билан ёндашиш, кўрсатилган муддатда улгуриш, ҳайкалнинг ҳар бир мисқолигача, ҳатто қаҳрамонлар тирноқларию қоши киприкларигача раҳбарнинг тасдиғидан ўтиши шартлиги ҳақда қайта-қайта уқтиришарди. Н. қўлига олган учта дастлабки чизмани – тарихий миллий қаҳрамон, буюк олим ва буюк шоирнинг мутахассислар тасдиқлаб берган ўлчамлари акс этган чизгиларини олгач, ҳаяжонланиб кетди. Ахир у бу сиймоларни илгари ҳам бир неча марта ўзи ясамоқчи бўлган, аммо унинг орзуси саҳро қумларига сингиб кетган ёз ёмғирлари каби умрининг сарҳадларида беиз, бенишон ғойиб бўлганди: бу улуғвор ва абадийликка муҳрланган қиёфаларни яратиш учун у умрининг ярмини сарфлаб бўлган, қолган ярмида ҳам бу орзуси турган чўққига чиқиши амримаҳол эди. У орзусидаги ҳайкалларни ясаш учун на маблағ, на рағбат тополди. Ўз халқининг тарих саҳнасида абадий муҳрланиб қолишига хизмат қилган миллий қаҳрамонлар ҳайкаллари ўзга элатларнинг катта-кичик шаҳарларида кўрк бериб турганини кўрган кезлари «Нега бизнинг шундай ҳайкалимиз йўқ, шундай ҳайкал ясаш менга насиб қилармикин?!» деган ўй унинг хаёлидан юзлаб марта ўтган бўлса ажаб эмас. Навқиронлик пайтида ғайрати ичига сиғмай бу гапни ҳатто ўзининг жуда мартабали ва бообрў кекса маслакдошига ҳам айтганди. Ўшанда устоз унга: «Қорним тўйиб юрсин десанг, бу фикрни миянгдан чиқар, ундан кўра, ана, қўллари қабарган пахтакор ҳайкалини ярат, ўша ҳам миллий қаҳрамон!» – деб танбеҳ берганди. У ҳаммасига қўл силтаб, отаси каби сангтарошлик қилиш учун тоғу тошлар кезиб юрганда Яратган унинг кўнгил оҳини эшитди – бирдан мўъжиза юз берди. Бу фақат ўзининг эмас, шахсан раҳбарнинг орзуси, раҳбарнинг топшириғи, давлат аҳамиятига молик буюртма эди! Н. ана шундагина ростдан ҳам давр ўзгарганини ва ўша – устози билан гаплашган замонлардан анча илгарилаб, ҳатто уларнинг тушига ҳам кирмайдиган эмин-эркинлик, имкониятлар даврига етиб келишганини ҳис қилди. Қолаверса, бутун дунё бир-бирини чув тушириб, ўзларининг рўзғор муаммоларию нафслари билан овора бўлиб ётганда бутун бир халқнинг ғурури ва фахри бўлган учта буюк сиймонинг ҳайкалига буюртма тушиши – бу жиддий воқеа, тарихий ҳодиса деб баҳоласа ҳам бўларди. Дарвоқе, Н. билан маҳкамада гаплашган жиккаккина бир тўрабачча бу буюртмани «тарихий воқеа» деб изоҳлади ҳам. Тўрабачча Н.га ҳайкалнинг ўзидан кўра буюртманинг қанчалар муҳим ва нозик вазифа экани ҳақида нақ ярим соат тушунтириш берди. «Раҳбарнинг ўзи бу уч сиймо ҳайкалини шаҳарларимизга ўрнатиш орқали бир пайтлар дунё ҳавас қилган миллий ғуруримиз ва фахримизни ўзимизга қайтариб бермоқчи. Бу ҳайкалларни кўрган ҳар бир фуқаро ва шаҳримизга келган меҳмон бизнинг қандай халққа мансублигимизни ҳис этиб турсин. Ҳайкал миллий қиёфамиз ва улуғворлигимиз тимсоли бўлиб асрлар оша бизнинг буюклик ва қудратимизни кўз-кўз қилиб туриши керак. Сиз ҳайкалларда ана шу жиҳатларни акс эттиринг. Ҳайкални кўрган ҳар бир одамнинг кўнглида ана шу ҳайкал орқали шаҳримизга ва ўзлигимизга бўлган эҳтиром пайдо бўлсин! Сиз ҳайкал орқали буюкликнинг ва абадийликнинг миллий қиёфасини яратинг! Раҳбар ана шундай кўрсатма берди. «Буюкликнинг миллий қиёфасини яратсин», – деди! Тушуняпсизми?! Буюкликнинг ва миллийликнинг!» – деди у бу сўзларга яна алоҳида урғу бериб. Жиккак тўра кўринишига ва бўйига ярашмаган тарзда гапдон ва нотиқ чиқиб қолди. У Н.га раҳбарнинг кўрсатмаси ва ҳайкал ясаш ҳақидаги ғоясининг моҳияти ҳақида яна узоқ тушунтириш бермоқчи эди, аммо шу пайт хонага тарошланган тарашадай озғин йигит кириб, афтидан, жиккакдан кўра ҳам юқорироқ лавозимдаги амалдор Н.ни хонасига чақираётганини айтгачгина гапини тўхтатди. Уни бошқа бир хонага олиб киришди. Бу «аркони давлат» ҳам худди жиккак каби ҳайкал ҳақида эмас, кўпроқ ҳайкал орқали акс эттирилиши керак бўлган хусусиятлар ҳақида гапирди. «Сиз фақат ҳайкал эмас, бу уч сиймо орқали тафаккуримиз, ижодий салоҳиятимиз ва қаҳрамонлигимизнинг қиёфасини яратиб беришингиз керак. Бу қиёфалар мангуликнинг қиёфасига айланиши керак! Бу раҳбарнинг буюртмаси эканлигини унутманг! Топшириқ шундай!» Маҳкамадаги барча суҳбатларда деярли бир хил гап такрорланди: булар шунчаки ҳайкаллар эмас, халқимиз қиёфаси, ўзимизнинг қиёфамиз, миллий қиёфамиз. Ҳайкал қандай бўлса, бизнинг асл қиёфамиз, буюклигимизнинг қиёфаси ҳам шундай бўлади. Бизни билмаганлар ҳайкалга қараб биз ҳақимизда тасаввурга эга бўлсин, ҳайкални кўриб қудратимизга тан берсин. Бу шахсан раҳбарнинг кўрсатмаси ва ҳоказо… Н. буюртманинг аҳмиятини ўзи билса ҳам ва ўта масъулият билан ишлаш талаб қилиниаётганини тушуниб турса ҳам, бир ҳафтача турли доирадаги амалдорларнинг бир хил ваъзларига чидашига тўғри келди. У бу гапларни ўзим ҳам биламан, бу ҳайкалларни худди сизлар айтгандай ясаш бир умрлик орзуим деб айтиб юборгиси келар, аммо ўн йиллардан бери ҳатто кўчасидан ҳам ўтмаган, бир пайтлар ўзи кўрган амалдорлардан тубдан фарқ қиладиган бошқа тоифадаги, янги, сергап, ҳушёр ва яна жуда кибрли, иззатталаб, нигоҳлари ва назарлари худди ўткир пичоқнинг тиғидай «Кесаман!» деб турган бу амалдорларнинг ғашини келтиргиси келмасди. Аслида, буюк олим ва буюк шоир, буюк саркарданинг ҳайкалини ясашни қайси ижодкор орзу қилмайди?! Омаднинг чопгани шуки, учаласи ҳам ўзига, унинг гуруҳига топшириляпти. Бўлмаса, ҳайкалтарош камми? Н. илгарилари ҳам, яширин бўлса-да, улуғ шоир, миллий қаҳрамон, даҳо олим яшаган даврни, уларнинг қиёфалари чизгиларини, ўзига хос белгиларини ўша давр миниатюралари ва тарихий китоблардан тасаввур қилиб, уларнинг кичкина бюстларини ясаб, қанча ошна-оғайнисига совға қилиб юбормаганди – шу сабабли уларнинг қиёфаларига қўли келишиб, кўзи ўрганиб қолган. Н. ўзида йўқ хурсанд эди. Мана, энди ўзининг кимлигини, доҳиёна истеъдод эгаси эканлигини кўрсатиб қўядиган пайт келди.
Бу хабар фақат Н.га эмас, барча санъат аҳли учун хушхабар бўлди. Раҳбарнинг буюртмасини унга расман топширишган куни анча йиллардан бери ўзининг на тириклигини, на ўликлигини билдирмаган, гўё узлатга яширингандек дараксиз кетган, бир пайтлар унинг рухсатисиз адабиётга пашша ҳам учиб киролмаган кекса шоир сим қоқиб қолди. Кекса шоир кейинги йиллардаги ўзгаришлардан, айниқса, ўзига бўлган ёш авлоднинг шартаки муносабатидан норозилигини шу йўл билан билдириш учун ҳам ҳеч ким билан гаплашмай ва ҳеч кимни қабул қилмай қўйганди. Ҳамма нарсага қўл силтаб, ижоддан ҳам, эски танишлардан ҳам, матбуоту мухбирлардан ҳам қўлини ювиб, қўлтиғига урган шоир қандай қилиб ўзига берилган буюртма ҳақида бунча тез эшитди, Н.нинг ақли етмади. Шунинг ўзиёқ ўзини узлатга чекинган қилиб кўрсатган шоирнинг санъат оламида бўлаётган ҳар бир хабар ва воқеани зимдан синчковлик билан кузатиб турганини билдирарди. Кекса шоир унга шундай масъулиятли вазифа топширилгани билан табриклади. Унинг товуши анча хириллаб, худди тобутдан чиқаётгандай узуқ-юлуқ ва хира эди.
– Мен бу хабардан хурсандман, – деди шоир. – Бу маданий ҳаётимиздаги катта воқеа. Анчадан бери миллат тарихига бунчалик катта эътибор берилмаганди.
Н. миннатдорлик билдирди, кейин бирдан шоирнинг бугунги кунда унутилиб кетиш арафасига келган тарихий асарлари эсига тушди.
– Айтгандай, менга сизнинг ёрдамингиз керак. Мен бу учала қиёфа ҳақида аниқ бир тўхтамга келишим учун сиз асарларингизда фойдаланган қўлёзмаларни ҳам бир кўздан кечирсам дегандим. – Н. шоирнинг рози бўлишига умид ҳам қилмай таваккал қилди. – Бир гаплашсак нима дейсиз? Менга маслаҳатингиз жуда зарур.
Шоир кутилмаганда рози бўлди. У анча йиллардан бери ҳатто энг яқин шогирдлари билан ҳам сим орқали гаплашарди.
– Келишдик. Индинга кечга яқин ўтиб келаверинг. Унгача тарихий асарлардан кўчирмалар ёзилган дафтаримни ҳам топиб қўяман.
Н. хурсанд бўлиб кетди. Шу куни ҳам, эртасига ҳам уни олимлар, шоирлар, ижодкорлар, ҳамкасблари, расссомлар бу шарафли вазифа ва катта ишонч билан муборакбод этишди. Гўё бутун мамлакатда бу ҳайкалларни ясашдан муҳимроқ вазифа қолмагандай барча зиёлилар фақат шу ҳақда гаплашишарди. Н.нинг олдига университет тарихчилари ҳам келиб кетишди. Улар Н.га турли хил таклифларни ва, табиийки, бу улуғ сиймоларнинг тарихий қиёфалари ҳақида ўз билганларини гапириб, турли маслаҳатлар беришди. Улар гарчи ўзлари ўқиган тарихий қўлёзмалару асарлардан келиб чиқиб турли қарашларни таклиф қилаётган бўлишса-да, уларнинг бу улуғ сиймолар қиёфаси ҳақидаги фикрлари бир-бирига яқин эди. Чунки тарихий асарларда уларнинг қиёфалари нисбатан кенгроқ тавсифланган, шу сабабли ҳайкаллар қиёфасини тарихий қиёфаларига яқин қилиб яратишда муаммо кам бўлиши тайин эди. Шундай бўлса-да, Н. уларнинг асл қиёфалари ҳақида кенгроқ маълумотга эга бўлишни истар, бу борада ҳар қандай маслаҳатга жон деб қулоқ тутарди.
Н. кекса шоирникига борганда уникида академик ва Н. билан доим рақобатлашиб юрадиган ҳайкалтарош Т. ҳам бор эди. Шоир Н.ни очиқ чеҳра билан кутиб олди. Академик ҳам унинг кафтини қалтираётган, худди ўзи каби мана тўкиламан, ана тўкиламан деб турган қалтироқ қўллари билан қисиб, куч-қувват тилаб қўйди.
– Бу ҳаётимиздаги катта воқеа, – деди у. – Сизга олим ва шоирнинг ҳайкалини топширишнинг ўзиёқ юз беражак катта ўзгаришлардан мужда. Мен бундан хурсандман.
– Мен ҳам шунга умид қиляпман. Миллий қаҳрамонни қўя турайлик, у ясалиши керак эди. Аммо раҳбар шоир ва олимнинг ҳайкалини шаҳар ўртасига ўрнатишни буюрдими, демак, яқин кунларда зиёлиларга катта имтиёзлар берилади, шу пайтгача бўлган эътиборсизлик ва лоқайдлик шу билан якун топса керак. Раҳбар ниҳоят ўз хатосини тушунган, ижодкорларсиз, олимларсиз тараққиёт бўлмайди, – деди кекса адиб ёшланган кўзларини кир рўмолчасига артар экан.
Т. бундай катта масъулиятли иш айнан Н.га топширилганидан ҳасади келаётганини яшириб ўтирмади.
– Шунинг учун ҳам сизларга ҳамма гап ҳайкалнинг қандай чиқишига боғлиқ деяпман-да. Агар Худо кўрсатмасин, иш пачава бўлса, унда ижодкорларга бўлган муносабат яна ёмонлашади.
– Н. буни эплайди. Бунга имоним комил. Айтгандай, гуруҳга кимларни таклиф қилдингиз? – сўради шоир.
Н. тузган ва ҳайкал ясашга жалб қилинган гуруҳ аъзоларини санаб берди.
Шоир бош ирғади.
– Яхши. Истеъдодли одамларни жалб қилибсиз.
Т. бирдан норозилик билдирди.
– Н.ни гуруҳга олмаслик керак эди. У истеъдодли бўлгани билан, масъулиятсиз. Ишни расво қилади. Унинг ичмаган кунини қўя турайлик, соати ҳам йўқ.
– Н.га катта вазифа юклатилмайди. У эскизлар билан ҳайкалнинг муқоясасига жавобгар. У бошқалар кўрмаган жиҳатларни тез илғагани учун ҳам гуруҳга таклиф қилдим, – деди Н.
– Энди бор умидимиз сиздан, – деди академик. – Агар буюртма кўнгилдагидай бажарилса, зиёлиларнинг ҳам елкасига офтоб тегиб қоларди. Эҳтимол, раҳбар маданият ва фанда бўладиган ислоҳотларни айнан шу ҳайкалларни тиклаш билан бошлаб бермоқчидир.
– Мен ҳам шунга умид қиляпман, – деди шоир. – Олим билан шоирнинг ҳайкали санъат ва илм-фаннинг қадрини яна бир карра кўтаради.
– Тўғри, – деди академик. – Мен кўпдан бери болаларимизга кўрсатадиган миллий қаҳрамонларимизнинг аниқ қиёфалари йўқлигидан ташвишга тушиб келардим. Ҳозирги замон болалари ўзимизнинг қаҳрамонларимизни тасаввур ҳам қилишолмайди.
– Улар қаердан билсин? Ахир қаҳрамонларимиз ҳақида на фильм бор, на сурат, на ҳайкал бор! Бундай ўқисанг, баҳри дилинг очиладиган китоб ҳам йўқ. – Т. шу гапи билан қовун туширганини сезиб қолди. Шоирнинг миллий қаҳрамон, унинг авлодлари ҳақида бир неча тарихий асарлари борлиги эсига тушдими, бирдан гапни бурди. – Борини ҳам босиб чиқаришмайди. Болаларга ўз қаҳрамонларимизни яратиб беришимиз керак.
Т.нинг гапидан оғриндими ёки унинг «Босиб чиқаришмаяпти» деган гапидан сўнг эсига тушдими, шоир имиллаб ўрнидан туриб, мадор кетган оёқларини зўрға судраб, жавондан қалин эски дафтар олиб келиб, Н.га узатди.
– Мана сизга айтган дафтарим. Бу ерда йигирмага яқин тарихий асарлардан айнан сиз ясамоқчи бўлган тарихий шахсларнинг қиёфалари ҳақида маълумотлар кўчирилган. Сизга ёрдам беради деб ўйлайман.
Н. дафтарни олар экан, адиб бир муддат дафтарни бергиси келмай ушлаб қолганини сезди. Адиб дафтарга қараб турар, қўллари қалтирарди. У шу туришида бу дафтарга ёзилган маълумотлар орқали ҳар бири адабиётда воқеа сифатида қарши олинган ўндан зиёд асар ёзгани, бу асарлар бугун унутилиш арафасига келганидан кўнгли тўлиб кетганини қандай яширишни билмай дафтарга қараб турарди.
– Ўқиб бўлгач, қайтарарсиз, – деди шоир ниҳоят ўзини тутиб олиб. Кейин жойига бориб ўтирди. Кўзларини яна ўша кир рўмолча билан артди.
Н. нега шоир айнан кир рўмолчага кўзларини артаётганини тушунмади. Янгисини олмаган тақдирда ҳам ювдириб олиши мумкин эди-ку. Шоирнинг айнан кир рўмолча билан ўтиришида бир маъно сезди. Бу билан «Мана, мени нимага айлантиришди, куним шунга қолди!» деган иддао ҳам бор эди.
– Айтгандай, бу учала ҳайкални қайси майдонларга ўрнатишар экан? – савол берди академик. – Шаҳримизда учта хиёбон бор. Балки, шу жойларга мўлжаллашаётгандир?
– Йўқ, менга тушунтиришларича, учала ҳайкал ҳам бир жойда, шаҳримизнинг бош майдонига ўрнатилади, – деди Н. – Учаласини бир яхлит асар сифатида, яъни худди суҳбатлашиб тургандек ишлаш топширилган. Шаҳардаги энг ҳайбатли ҳайкал бўлсин, узоқлардан кўриниб турсин, шаҳримизга келаётганлар даставвал ана шу ҳайкалларга кўзи тушсин дейишяпти.
– Ўҳҳў, – деди Т. ҳаваси келиб, ҳасад билан бош чайқаб қўйди.
– Унда яхши, – деди академик. Кейин шоирга юзланди. – Маъқул йўл танлашибди. Учаласи бир жойда бўлса, шунга яраша маҳобат бўлади. Миллатнинг уч устуни бир жойда туради. Бу доно ташаббус.
Бирдан шоир қиҳқиҳлаб, истеҳзо оҳангида кулиб юборди. Куларкан, ҳадеб кир рўмолчада кўзидаги ёшни артарди.
– Мана… ахири шу хулосага келишибди-да.
Ўтирганлардан ҳеч ким бу истеҳзоли қиҳқиҳнинг маъносини тушунмади.
– Жуда ажойиб бўлибди… – деди жиддийлашиб шоир. – Ақл, ижод ва куч бир жойга йиғилибди. Улар ниҳоят буни англашибди. Аслида, ҳар қандай тамаддуннинг асослари шулар. Мен уларга неча марта айтдим, шахсан раҳбарга ёзиб юбордим ҳам куч, ақл, ижод аҳли бирлашиб ишлайлик деб. Мен ҳатто ўша хатларим раҳбарга етиб борганига ҳам ишонмайман. – Кейин ёйилиб кулди. – Мана, энди англаб етишибди. Тўғри, бу учаласини бир жойга ўрнатиш керак: куч, ақл, ижод – бу бизнинг қудратимиз тимсоллари.
Т. бу гаплардан бесаранжом бўлиб, бармоқларини асабий қарсиллатиб ўтирарди. Шоир Н.га чой қуйиб узатди.
– Менга қаранг, сиз шоир қиёфасини кўпроқ «Таворихи ахлоқ» асарига таяниб яратинг. У ерда аниқроқ ёзилган.
– Хўп, – деди Н. – «Таворихи ахлоқ»ни кутубхонага буюртма бериб қўйдим. У ердан кўчириб оламан. Бундан ташқари, мен қўлидаги асо ҳақида ҳам маълумот тўплашим керак.
– Асо?! – ажабланди шоир. Академик ҳам, Т. ҳам ҳушёр тортишди. –Қанақа асо?!
– Шоирнинг пирлик асоси, – Н. буюртма ҳақида гап бўлганидан бери ўзи хаёлида пишитиб юрган гапларни шошиб айта бошлади. – Мен қўлида асо ушлаб турган ҳолатда тасаввур қиляпман. Асосининг бош қисми қуббали бўлади. Худди глобусга ўхшаб. Қубба устида ярим ой шакли берилади. Асонинг ўзи эса оқ билан сариқ ранг қоришмасида яратилади. Шоир гўё нурни, зиёни ушлаб турган, нур устида ер юзи ва коинот жамулжам бўлгандай манзара пайдо бўлади. Саркарданинг қўлида қалқон бўлади.
– Фақат қалқонми? – шошиб сўради Т. У Н.нинг ҳар бир гапидан айб излаётгандай ва бу айбни тўсатдан топгандай заҳарханалик билан гапирди. –У ахир умр бўйи қилич тақиб юрган. Зўр қиличбоз бўлган.
– Биламан, – деди Н.унинг гап оҳангига эътибор бермай – Қиличининг дастаси кўринади. Қалқон «Биз эл-юртни ҳимоя қиламиз, ким унга дахл қилса, қиличимиз ҳам бор» деган маънода бир қўли қилич сопида туради.
Шоир Н.га қараб жим қолди. У Н. ҳайкаллар орқали тасаввур қилаётган маънони англамоқчидай оғзини очди. Кейин бош ирғади.
– Яхши ўйлабсиз, – деди. – Агар маслаҳат керак бўлса, тортинмай келаверинг, жон деб ёрдам бераман.
– Албатта, – деди академик ҳам. – Бу энди фақат сизнинг ишингиз эмас. Бу барча зиёлиларнинг иши. Ҳайкалларнинг муввафиқиятли чиқиши зиёлиларнинг елкасига офтоб тегишини билдиради. Бу ишга ҳаммамиз масъулмиз. Олимлар ҳам сизга ёрдам беришга тайёр.
Н. эртасига кутубхонага борди. У ердан «Таворихи ахлоқ» билан бирга ўзи бир пайтлар ўқиган китобларни олиб, учта тарихий шахснинг қиёфаси ҳақидаги маълумотларни кўчириб олди. Кейин ҳайкалга улуғворлик бағишлаш учун бир неча кун дунёнинг машҳур ҳайкаллари суратларини, уларнинг яратилиш тарихини, шундай ҳайкаллар яратган ҳайкалтарошларнинг ижодий хотира ва лабораторияларини синчиклаб ўрганди. Гуруҳ рўйхатини яна қайтадан тузди, унга таниқли, ўз ишининг устаси бўлган энг истеъдодли ҳайкалтарошларни жалб қилди. Бу гуруҳ билан белгиланган муддатда ҳайкалларни яратиб улгуришига энди сира шубҳа қилмасди.
Аммо у олимлар ва китоблар орқали бир тўхтамга келган учала ҳайкал эскизи тасдиғи негадир чўзилиб борарди. У ҳайкал қиёфалари эскизини неча марта раҳбарга киритган бўлса, шунча марта қиёфалар устига қизил қалам тортилган жавоб келарди. Бу чизиқлар қиёфа раҳбарга ёқмаганини билдирарди. Н. ўз гуруҳини янаям кўпроқ маълумот тўплашга жалб қилди. Ўша олтин силсилали, миллий ғурур, тафаккур ва салоҳият уйғонган даврга оид барча хотиралар, хатлар, эсдаликлар, шунингдек, кийим, соқол қўйиш удумлари ўрганиб чиқилди. Ана шулар асосида яна эскиз тайёрланди. Бу гал у хотиржам эди. У бор имкониятни ишга солиб, маълумотларни энг майда тафсилотларигача ўрганиб чиққанди, уч қаҳрамоннинг тарихий қиёфаларини деярли тўлиқ тиклаб бўлганди. Н. эскизларни тарихчи олимларга, сўнг тарихий мавзуда ижод қиладиган рассомларга кўрсатиб олди: уларнинг маслаҳати билан баъзи тузатишларни амалга оширди. Кейин ҳам фотиҳа олиш, ҳам яна бир карра фикрлашиш учун кекса шоирга олиб борди. Орада ўтган икки ой ичида шоир ўзини анча олдириб қўйганди. У эскизлардаги қиёфаларга банди синиб тушган кўзойнаги билан узоқ разм солди.
– Буни қаранг-а, – деди у ниҳоят эскизларга тикилганига ҳам ҳолдан тойиб қолганини яширмай ҳансирар экан. – Менга ёқди. Ҳамма нарса ҳисобга олинган. Уларнинг қиёфаси айнан шундай бўлганига аминман. Сизни танлаб адашишмабди. Қиёфалар ҳам миллий, ҳам улуғвор. Фахрлансак арзийди.
Н.га мақтов ёқса ҳам, ўзини камтар тутди.
– Уч марта қайтаришди, – деди у нолиганнамо оҳангда. – Ҳеч қайси қиёфа раҳбарга ёқмабди. Нима истаётганини очиқ айтмайди, қизил чизиқ тортиб беради. Бу қиёфа маъқул эмас дегани экан…
Шоир унга далда берган бўлди:
– Энди раҳбарни ҳам тушуниш керак. Ахир, у миллий қаҳрамонлар қиёфаси яратилишини истаяпти. Бу осон эмас. Бу қиёфаларга бошқа миллатларнинг ҳам ҳаваси келиши керак. Шунинг учун қайтарган. Буниси аъло даражада. Ҳусн ҳам, виқор ҳам, қарашлару кийимлар ҳам жойида. Ҳаммаси жойида. Бунисини қайтаришмайди.
– Айтганингиз келсин! – деди Н. худди эскизи тасдиқдан аллақачон ўтгандек.
Эскизларни идорага Н.нинг ўзи олиб бориб берди. Ўз ишидан кўнгли тўқ қайтиб, шу куни буюртма олганидан бери биринчи марта майлларига эркинлик берди: лойлардан турли қиёфалар ясаб, хаёлига келган иш билан машғул бўлди. Оиласи билан боғ айланди, уларни буюртма ҳисобидан олган қарзлари эвазига шаҳар айлантирди, энг сара емакхоналарга олиб кирди. Унинг кайфияти чоғ, қушдай енгил, лойиҳани ўз муддатида бажаришга куч-қуввати етарли эди. Орадан икки кун ўтгач унга қўнғироқ қилишиб, маданият бўлимига тез етиб келишини айтишди. Телефондаги овоз совуқ ва андак норози оҳангда эди. Идорада Н.ни яна ўша жиккак тўрабачча кутиб турарди. Н. буюртма олаётганда анча қолиб кетган хонага кирганда жиккак амалдор столи атрофида асабий юрарди. Н.ни кўриб, бир нафас норози бўлиб тикилиб турди. Кўзларида «Нима қилиб қўйганингизни биласизми?» деган ифода акс этарди. Н. унинг қарашидан бу гал ҳам эскизи тасдиқланмаганини ҳис қилди. Бирдан ҳафсаласи пир бўлди. «Ўзи булар нима исташяпти? Ҳайкалми ёки бирон фариштанинг қиёфасиними?!» У охирги эскизнинг ҳеч бир эътирозсиз қабул қилинишига ишонганди. Шунинг учун амалдор ишора қилмаса ҳам, келиб, курсига ўтирди ва: «Қани, гапир-чи, нима каромат кўрсатасан?» – дегандай бошини эгиб олди. Амалдор зарда билан ўзини курсисига ташлади. Столга эскизларни «тарс» этиб қўйди. Эскизлар қизил билан қалин қилиб чизиб, кейин ундов белгиси қўйилганди.
– Мана… – деди амалдор худди хўрлиги келгандек товуши титраб. – Олинг бу лаш-лушларингизни…
Бу сафар Н. ўзини тутиб туролмади. У икки ой раҳбарларнинг раъйи ва қовоғига қараб, уларнинг кўнглини оламан деб тиришиб асаблари бўшашиб қолган эди.
– Бу лаш-лушлар эмас… Санъат асарининг эскизлари.
Амалдор унинг жиззакилигига эътибор бермади. У Н. билан гаплашишдан олдин унинг феъл-атворини яхшилаб ўрганиб чиққани кўриниб турарди. У Н.нинг ҳар қандай эътирози, ҳатто бақир-чақирига ҳам тайёр тураради.
– Биз сизга ишонгандик, – деди у худди айни вазиятда Н.нинг ўзини айбдор қилишни зиммасига олган терговчидек ўсмоқчилаб. – Аммо сиз уни суиистеъмол қилдингиз. Эскизингиз тасдиқланмади. Раҳбарнинг ҳатто ғазаби қўзиб кетди. «Нима, шуни ҳам мен чизиб беришим керакми?! Шу башараларни дунёга ибрат қилиб кўрсатамизми?! Ўн марта қайтардим бу эскизларни. Аммо ҳали ҳам мақсад ва моҳиятни англамади бу ҳайкалтарошларинг. Уларга ишониб бўладими?!» – деди. Жуда қаттиқ норози бўлди.
– Мен бу қиёфаларни тарихий хотиралар ва асарлар асосида яратганман, – деди Н. ўзига қилинаётган муомаладан жаҳли чиқиб. – Бу қиёфаларни тарихчи олимлар, рассомлар ҳам тасдиқлашган. Эскиз охирида уларнинг хулосалари илова қилинган.
– Кўрдик… улар ҳам масаланинг қанчалик муҳимлигини, ҳам халқаро миқёсда, ҳам миллий миқёсда… тасаввур қилишмаган, – амалдор ниманидир айтишга қийналаётгандай ёки гапни нимадан бошлашни билмаётгандай эди. – Раҳбар эса қандайдир шубҳали хотираларга эмас, масаланинг ана шу жиҳатларига эътибор беради.
– Хотиралар шубҳали эмас… – Н. ўзининг норозилигини билдирмоқчи бўлиб оғиз жуфтлади. Аммо бу гаплар беҳуда эканини тушунди. Амалдор унинг эътирозини эшитиши билан худди типратиканга ўхшаб бирдан ҳурпайиб олди. Раҳбар «шубҳали» дедими, демак, ҳар қандай тарихий асар, ҳатто ўша тарихнинг ўзи ҳам шубҳали эканига шубҳа қолмайди. Унинг бу эътирози амалдорни ҳушёр торттирди. Шу пайтгача иккиланиб, қийналиб турган ичидаги гапни айтишнинг пайти келганини, шу билан мабодо уни девордаги қулоқ орқали эшитиб туришган бўлса, раҳбарга бўлган ҳурматсизликка вақтида кескин жавоб қилган бўлишини тушунди. Энди чўзиб ўтирмади. Мақсадга кўчиб қўя қолди:
– Шунинг учун биз сизни гуруҳдан четлатдик. Раҳбарнинг сизга бўлган ишончи сўнди. Сиз ҳақингизда эшитишни ҳам истамаяпти. Шу сабабли лойиҳадан четлатилдингиз…
Н.нинг қаеридир оғриб кетди. Аммо ўзини тезда тутиб олди. У иродали, қатъиятли одам эди. Буюртмасиз ва лойиҳасиз ҳам ҳаёт ва санъат давом этишини яхши биларди. Истеҳзоли жилмайди, қўллари билан ўсиқ сочларини таради. У негадир ич-ичида бу лойиҳа менга янглишиб топширилди, қандайдир чалкашлик бор, бунақа давлат миқёсидаги юксак аҳамиятга молик лойиҳаларни менга ишонишмайди, бир куни барибир ҳушёр тортишиб қайтариб олишади деб ўзини ишонтириб юрарди. Мана, ўша вақт келди. У амалдорни ажаблантириб бу хабардан ажабланмади. Аслида ҳам у хонага кириб, стол устида қизил чизиқ тортилган эскизларни кўргандаёқ бу лойиҳадан четга чиқишни истаб қолганди. Ҳаммаси хамирдан қил суғургандек юз берди.
– Яхши, – деди Н. – Унда мен бўш бўлсам керак.
– Бошқа бирон лойиҳа чиқса, албатта, сизни таклиф қиламиз, – амалдор ҳам ундан қутулганига шукр қилгандек ва биратўла виждонини ҳам тозалаб олмоқчидек ҳамдардлик билдирган бўлди.
– Бунақа лойиҳалар ўзларига буюрсин! – деди Н. ҳар доимгидай уни машҳур қилган қўрс ва қўпол табиатига қайтиб. У шу лойиҳани деб феъл-атворига зид равишда жини суймаган қанчадан-қанча амалдору ҳайкалтарошлар, адибу рассомлар билан тилини тишлаб муомала қилиб юрганди. Энди унга бу қобиқдан чиқишга ҳеч нарса тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун қичиган тилини тийишни ҳам истмади.
– Мабодо ўзларига қабрусти бюстини буюртма беришни истасалар жон-жон дердим…
Амалдорнинг юзи гезариб кетди. Н. амалдор столнинг бир четида турган кулдонни ўзи томон тортганини эшик томон бурилаётиб кўрди. Эшик билан юзма-юз ҳолатда бирпас тик қотди. У кулдон қайси тарафдан учиб келади, ўнгданми, чапданми, қай тарафга қараб чап беради, ҳаммасини сонияларда ҳисоблаб, отилган жисмнинг шувиллаган овозини илғашга ўзини тайёрлади. Аммо у кутган шувиллаган товуш ўрнига гугуртнинг «чирқ» этган саси келди ва хонани тамаки ҳиди тутди. Амалдор кулдонни отганда Н. уни, эҳтимол, ҳурмат қилган бўларди. Ҳозир эса бор ҳурмати ҳам йўқолди. У: «Отолмади, отса, амалдор бўлмасди», – деб ўйлади. Бу пайтда эшик бутун бинони ларзага солиб изидан қарсиллаб ёпилди. Н. қабулхонадан чиқар экан, эшикда қўлтиғига бир ўрам қоғоз кўтариб олган пўрим кийинган Т. билан юзма-юз келди. Бир сония иккаласи бир-бирига худди иккита оч шердек тикилиб туриб қолишди. Н. ҳаммасини тушунди ва индамай ўтиб кетди
Н. аввалгидай ҳаммасига қўл силтаб тоққа чиқиб кетди. У елкасида асбоб-ускунаси солинган халтача билан худди сангтарош отаси каби мангу ва абадий қотган улкан тошлар оралаб юрар, улардан кўнглига ёққанини олиб, ҳафталаб йўнар, қиртишлар, шакл берар, кўнглининг айни пайтдаги ҳолатларини ва суратларини офтобда чирсиллаб ётган харсангларга ўярди. Бу шаклларга қараб туриб биронтасида ярқ этган тик одам шаклини кўриш қийин эди: йиқилган, сурилган, тойғанган, оғир ва беадад мусибатдан қаддини эгган, худди кўтаришга уялгандек бошини оёқлари орасига тиқиб олган, тиззалаб ўтирганча осмонга кўз тиккан, оғир гуноҳларига ажр истаб сажда қилаётган, қўллари кўкка чўзилган одамлар шаклини эслатадиган ҳайкал – тошларга тўла эди. Агар тун сокинлигида қулоқ тутилса, ингроқ ва уввослар келарди бу тошлардан: уларнинг ҳаммаси хаёлнинг, музтар ва мазлум кўнгилнинг зуҳуротига, тахайюлнинг учи-қуйруғи йўқ, шамойилини тутиб бўлмас манзараларига ўхшарди. Н. умрининг олти ойини мана шу дарага бағишлади, бу ерда ўзининг ҳовурини босиб олди, олти ойлик умри, кечинмалари, ҳиссиётлари тошларга кўчиб, абадий битиклар шаклини олди. Ҳар қалай, бу ерда у эркин ишлади, ўз билганини, тасаввур қилганини, англаганини, хаёлига келганини яратди. У эскизларидаги сиймоларни ана шу тошларнинг сийратига сингдириб юборди. Агар осмон кўзи билан қаралса, у бу тошларга ҳаёт, умр, жамият ва инсоният ҳақида бутун меҳрини, маҳоратини, билимини бериб ишлаган эскизларини худди юзини, ҳаётини, ишонч-эътиқодини тилимлагандек қизил қалам билан чизиб ташлаган замона ҳақида нималар ёзганини, нималар деганини билиб олган бўларди. Аммо бу англаш жараёни ҳам тоғлар каби мангуликка муҳрланди. Дарадан чиқиб кетар экан, изига, ўзининг олти ойлик хаёллари мозорига айланган тошларга сўнгги марта қаради. «Эҳтимол, бу харсанглар худди менга ўхшаган ва қачонлардир яшаган ёлғиз ҳайкалтарошнинг асарлари бўлгандир ва мен уни яна одатдагидай бузиб қўйдим» деган ғашлик ўтди хаёлидан. Қачонлардир абадийликнинг нариги чеккасидан худди ўзига ўхшаш яна бир ҳайкалтарош чиқиб, ишлов бермагунча бу харсанглар абадийлик элчилари бўлиб шу ерда ётаверади. Бу мангу тошларга битилган қисмат ва ҳикматни ҳеч ким ўқий олмайди, уни ўқийдиган шахс келганда эса бу дунёда унинг хокининг чанги ҳам қолмаган бўлади.
Н. шаҳарга кузнинг ўрталарида қайтди. Йўл уловида келар экан, узоқ масофадан шаҳардан ҳам олдин кўриниб турган учта баланд тоғдай улкан кўланкага кўзи тушди. Кўланкалар аста-секин шакл олиб, шаҳарга яқинлашган сайин баҳайбат одамлар шаклига кирди. Н. шаҳарга кирганда бу шакллар ҳайкал эканини англади. «Ахийри ўрнатишибди-да», – деб ўйлади у алам билан. Бу ҳайкаллар қиёфасида ўзига мағлубияти ва омадсизлиги тикилиб тургандек ҳис қилди. Уларга қарамасликка тиришди. Аммо салдан сўнг у ичидаги ғурур ва шахсиятини енгишга қурб, қудрат топди. Чуқур нафас олди. Нима бўлганда ҳам, у умр бўйи ўз она шаҳрида ўрнатилишини орзу қилган буюк миллатдошларининг ҳайкали ўрнатилган. Шунинг ўзи улуғ ҳодиса. У ўзини тутиб олди. Шаҳарнинг бир четидан ҳайкалларни томоша қила бошлади. «Ким ясаган бўлишидан қатъи назар, барибир ўрнатиб яхши қилишибди» деган мамнуният чироғи унинг олти ойлик хира кўнглини ёритди. «Ким яратганининг қизиғи йўқ. Муҳими ўрнатилгани!». Ҳайкаллар ростданам бутун шаҳарга кўрк ва маҳобат бериб турарди. Бир ҳисоби, шу ердан уйига жўнаб кетмоқчи бўлди. Аммо қизиқиши устун чиқди. Оёғи беихтиёр марказий кўчага қараб тортиб кетаётганини сезгач, ўзи ҳам ўша томонга йўл олди. Уни бу ҳайкалларда мен билмаган ва англамаган нима бор эдики, бу ишдан мени четлатишди деган қизиқиш ҳам бошлаб кетаётганди. Нима бор эдики, у ўша нарсани кўролмади ва ярата олмади? Нима эди ўша?! Умри бўйи ўзини барча замондош ҳайкалтарошлардан ҳам маҳорат, ҳам истеъдод, ҳам дид масаласида устун сезиб юрарди. Аммо ўша дид ва савия қаерда унга панд берди? Ҳозир ҳаммаси маълум бўлади, ўзининг ва умрининг янги хулосаси билан юзма-юз келади. Эҳтимол, унинг бутун умри ана шундай бесамар мағлубиятдан иборат бўлгандир ва у буни ҳалигача тан олмай яшаб келаётгандир. Аслида, у ҳайкалтарош эмас, тоғу дараларда дайдишни яхши кўрадиган оддий чўпон бўлиши керак бўлгандир-у, ҳаётининг ўзани адашиб, ҳайкалтарошлик томон бурилиб кетиб, шундан бери бу ўрадан чиқолмай, тирмашиб-тамшаниб, адашиб келаётгандир… Н. айни пайтда мағлубиятини ҳам, умрининг бесамар ўтганини ҳам, ўзининг арзимас ҳайкалтарош эканини ҳам тан олишга тайёр эди. У бораётган кўча ҳайкалларнинг орқа томонидан чиқиб қолди. Яқинлашган сайин ҳайкаллар янада улканлашди, тоғдай юксалди. Чўққидай қад кериб турган ҳайкалларнинг бош қисмига қарайман деб йиқилиб тушаёзди. Ҳайкаллар ростданам сирли ва улуғвор қиёфа касб этганди. Улар хирқа, совут ва узун ридо кийган ҳолда тасвирланганди. Ахир, бу унинг ғояси эди-ку… Бу кийимлар, гардишдаги нақшлар, ҳаммаси унинг эскизида қандай бўлса, ўша ҳолатда тасвирланганди. Ридо ва хирқанинг этак қисмини шамол бир оз кўтариб, ҳилпиратиб турибди. Бир-бирига елка тутиб туришлари, бутун миллатни балою офатдан асраётгандек тасвирланган қалқон ва қиличга узалган қўл. Ҳатто асо ҳам… Н.да ўзининг йўқлигида эскизини тасдиқлашгандек, ўша эскизлар асосида ҳайкал яратилгандек таассурот пайдо бўлиб, юраги ҳаяжондан гупиллаб кетди. Н. шошиб олд томонга айланиб ўтди. У адашмаганди. Бу ҳайкаллар Н. олти ой илгари энг майда икир-чикиригача чизиб чиққан эскиз асосида яратилганди. Бунга шубҳа йўқ эди. Олимнинг олис осмонга тикилган нигоҳи ва фалак сари чўзилган қўли, шоирнинг асосидаги глобус шаклидаги ярим ой туширилган гумбаз. Бугун унутилиб кетган, аммо Н.га кекса либос устаси айтган мовут тўнларнинг ва алломалар хирқасининг кўтарма ёқаси. Саркардани жанг майдонида учратиб, нафислиги ва пишиқлигидан ғоятда ҳайратга тушган ҳамда бунақа енгил ва қулай жанг анжомлари ҳали ўзларининг мамлакатида ишлаб чиқилмагани ҳақида катта рисола ёзган элчининг хотираси орқали қайта тикланган майда ҳалқали совут… Ҳа, совутнинг енгил ва мустаҳкам металдан олинганини, ўта майда ҳалқадан иборат бўлганини Н. ўша элчининг ҳали таржима қилинмаган хотирасидан атайин она тилига ўгиртириб, билиб олганди. Буни Н.дан бошқа биронтаси билиши мумкин эмасди. Улуғворлик ва салобат бериш учун қаҳрамонлар елкаларини атайин тик ҳолда бўрттириб тасвирлаган эди. Бу ҳолатларнинг ҳаммаси унинг эскизида қандай бўлса шундай ва учала ҳайкал ҳам эскизида қандай жойлашган бўлса шундай, яъни буюк кучни ақл ва ижод ўраб туради, буюк олим ва буюк шоир икки четда, буюк саркарда ўртада – ўзаро уйғун, якдил кўринишда эди. Наҳотки Т. унинг эскизини ўғирлаб олиб олган бўлса? Аммо бу эскизлар уники эканини раҳбар ҳам, бошқа ҳайкалтарошлар ҳам, амалдорлар ҳам билишарди-ку. Демак, йўқлигида унинг эскизлари тасдиқланиб, ўша асосида ҳайкаллар яратилибди-да. Н. худди онасини топиб олган ёш боладай атрофдагиларни ажаблантириб ҳайкалнинг ҳар қаричини синчиклаб текширар, у ердан ўзини изларди. Шубҳа йўқ эди, бу унинг эскизлари асосида яратилган ҳайкаллар! Унда нега ишлаш учун унинг ўзига рухсат беришмади? Нега буюртмани ундан олиб қўйишди? Н. худди саволига жавоб бордай ҳайкалларнинг юзига ва кўзларига тикилди. Тикилдию тошдай қотиб қолди. Улкан ёноғу қобоқларда ҳатто тошпичоқнинг изигача, қирилган жойларигача унга яққол кўриниб турарди. Юзни негадир ўта силлиқлаштириш учун роса ишлов беришганди. Бўяшган, кейин зарҳал ранг беришган. Худди олтиндай товланиб, кўзбўямачиликлари билинмаслиги учун. Лекин қириш ва йўниш ишларидаги кўзбўямачиликни Н. дарров англади. Бу Т.га хос услуб эди. Ўзининг кўзбўямачилигини ҳамиша ранглар ва зарҳал ҳил билан яширишга уринарди у. Н.ни бу кўзбўямачилик ҳайратга солгани йўқ эди. Уни учта қаҳрамоннинг қиёфаси ҳайратга солганди. Учта қиёфа бир-бирига жуда ўхшаш эди: миллий қаҳрамоннинг ҳам, улуғ шоир ва олимнинг ҳам юзи бир хил эди. Гўё улар худди эгизакдай, устларидаги кийимлари ва ташқи унсурларини ҳисобга олмаса, бир хил қиёфада тасвирланганди. Н. ҳеч нарсага тушунмай қиёфаларга қайта-қайта қарар, узоқлашиб, яқинлашиб тикилар, адашмадиммикин деб кўзларини очиб-юмарди. Йўқ. У адашмаётган эди. Учта ҳайкал бир хил қиёфада эди. Н. шу ерда ҳам ҳаммани лақиллатгани учун ичида Т.ни бўралаб сўкди. Наҳотки шуни бошқалар пайқашмаган бўлса?! Бу сўқирга ҳам кўриниб турибди-ку. У ён томондан қиёфаларга боқаркан, бирдан титраб кетди. Шу туришда қиёфаларга узоқ тикилиб қолди. Тикиларкан, бехосдан ниманидир англади. Кўнгли ниманидир сезди. Кўзларини яна очиб-юмди ва шубҳасини йўққа чиқариш учун йўлнинг нариги тарафидаги катта бинонинг олд тарафига осиб қўйилган, нақ икки қаватни эгаллаган, «Ҳали ҳам тирикмисизлар?!» дегандек кўзларини лўқ қилиб турган раҳбарнинг суратига қаради… кейин яна ҳайкаллар – буюк сиймоларга тикилди. Яна суратга. Қарадию ҳаммасини – эскизлари нега тасдиқланмаганини, нега ҳайкаллар бир хил қиёфада эканини, нега у эскизларини тасдиқлатолмай овораю сарсон бўлиб идорама-идора югурганини, раҳбарнинг нега норози бўлганини, эскизларни ўн марталаб бесабаб қайтарганининг сабабини тушунди. Ҳайкалларнинг қиёфаси ҳаммасини гапириб турарди. Ҳаммаси тушунарли эди. Ҳайкалдаги уч сиймода ҳам раҳбарнинг қиёфаси, қошу кўзи, ҳатто ҳар кўрганда, суратига қараганда Н.ни ҳайратга соладиган икки хил бурун тешиги ҳам аслидагидай эди. Учта ҳайкал қиёфасида унга раҳбар боқиб турарди…

2010 йил