Абдуқаюм Йўлдош. Осмон оғуши (қисса)

Адирда ўтлаб юрган молларга Аваз қараб турадиган бўлгач, болалар чувиллаб тепаликка кўтарилишди.
Собир белига боғланган арқонни ечиб, сарғайган майсалар устига узун қилиб ташлади. Қолганлар мана шу ўзига хос старт чизиғига юмалатиб келинган трактор балонлари ичига Усмон билан Эралининг жойлашиб олишига кўмаклашишди.
Собир бир қўлини юқорига кўтариб буйруқ берди:
– Диққат! Кўзни юмиш йўқ. Бир, икки, уч… етти… Кетди!
Балонлар куч билан қуйига юмалатиб юборилгач, болалар бақир-чақир билан уларнинг ортидан чопишди.
Йўлидаги дўнгчаларга, тошларга урилиб, сакраётган балонларнинг тезлиги тобора ошиб борарди. Уларнинг ичида ғужанак бўлиб кетаётган, кўз олдиларида еру осмон шиддат билан айланаётган Усмон билан Эралига ҳавас қилиб бўлмасди.
Ниҳоят балонлар ялангликка тушиб келгач, тезлиги пасайди, чайқалиб, майсалар устига қулади. Уларнинг ичидан Усмон билан Эрали гандираклаб чиқиб келишди. Бироқ ҳали синов тугамаган эди. Собир арқонни яна ерга ташлади:
– Етти қадам. Тўғри ўтган ютади. Бошладик!
Турган ўрнида чайқалиб кетаётган Усмон арқонни босиб юра бош­лади, Эрали унга эргашди. Болалар ғала-ғовур билан далда беришарди:
– Бўл!.. Оз қолди, Усмон!.. Олдинга қара, Эрали!..
Арқоннинг ярмига етганда Усмон гандирак­лаб, бир томонга сурилиб кетди, оёғи чалишиб, ерга ўтириб қолди. Болалар афсусланиб ғувранишди:
– Эҳ-ҳ… Етай дегандинг-а!..
Эрали қийналиб бўлса ҳам тўғри юришда давом этди. Нафаси ичига тушиб кетган болалар энди унга диққат билан қараб туришарди. Ахийри Эрали арқоннинг охирига етиб келди, ҳансираб, чуқур нафас олгач, энгашиб, қўлларини тиззасига тиради. Болаларнинг шодон ҳайқириқлари янгради:
– Қойил!.. Дорбоз бўлиб кет-э!
Жаҳлдан ранги кўкариб кетган Усмон жўрабошига им қоққанди, буни тушунган Собир дарҳол қўлини кўтарди:
– Жим! Ҳали ўйин тугамади! Бу биринчи тур эди.
– Қанақасига? – ҳайрон бўлиб сўради Турсун.
– Шунақасига! Иккинчи тур Ажинакўприкда!
Буни эшитган Эралининг сесканиб кетганини зимдан кузатиб турган Усмон мамнун бўлиб, ўрнидан турди.
– Майли, кетдик эмаса.
Эрали довдираб қолди:
– Йўқ… мен бормайман. Биз… биз бунга келишмагандик.
Собир ўз билганида туриб олди:
– Келишгандик. Қулоқни тозалаб юриш керак, жўра!
Эрали атрофга ночор аланглади:
– Мен… молга қарашим керак.
Усмон адирда таёққа суяниб ўтирган болакайга қараб қичқирди:
– Аваз!
Аваз кафтини соябон қилиб шу тарафга ўгирилди:
– Нима дейсиз?
– Яна бир соат қараб турсанг, “кола”га қўшиб иккита морожний ҳам обераман.
Аваз хурсанд бўлиб жойида ирғишлади:
– Қоғозга ўралганиданми?
– Ўралганидан.
– Бўпти!
Собир Эралига қаради:
– Мана, масала ҳал бўлди. Энди борасан-а?
Эсанкираб қолган Эрали зўр бериб жўялироқ сабаб қидирарди:
– Э, йўқ… мен… ҳалиги…
– Сўқишда қочиш бўлмайди, жўра, мард бўлсанг охиригача туриб бер, – насиҳатомуз оҳангга ўтган жўрабоши тўсатдан болаларга кес­кин буйруқ берди: – Олдик!
Навбатдаги мусобақа завқини ўйлаб ҳаяжонга тушган болалар жон-жаҳди билан қаршилик кўрсатишга уринаётган Эралини тоғ томонга судрак­лаб олиб кетишди.
Бир замонлар, аниқроғи бундан ярим асрча муқаддам ҳашар йўли билан тоғ ёнбағридаги кенг ва чуқур жарлик устига ёғоч-тахталардан омонат осма кўприк қурилган. Вақт ўтиши билан ёғочлари чириб, арқонлари қуруқшаб-мўртлаша бош­лаган кўприк ҳар Йилбошида оқсоқоллар раҳбарлигида амал-тақал таъмирлаб қўйиларди. Бироқ ўн беш йилча бўлиб қолди, беш-олти чақирим пастга замонавий темир-бетон кўприк қурилдию, бунисига эҳтиёж қолмади. Тубсиз жар устида лопиллаб қолган, тахта-ёғочларини ўт-ўсимлик босган, шамол эсган маҳаллари ожизона ғийқиллаб қўядиган кўприк катталарга болаларни қўрқитиш воситаси бўлиб қолди: “У томонга борма, ажиналар бор… Ажина йиғлаб чақиради-да, кейин сени алдаб олиб кетиб қолади…” ва ҳоказо. Алалоқибат унут кўприк шу ваҳимали гап-сўзларга мутаносиб тарзда “Ажинакўприк” деб атала бошланди.
Мана шу кўприк ёнида гердайган Усмон билан ранги қув ўчган Эралини қолдирган болалар икки-уч қадам ортга чекинишди.
– Диққат! – эълон қилди Собир. – У бошига биринчи бўлиб бориб келган ютади! Бир, икки, уч… етди… Кетди!
Усмон биринчи қадамини қўйган палладаёқ кўп­рик ваҳимали лопиллаб кетди. У эҳтиёткорлик билан юришда давом этаркан, ортига ўгирилиб, Эралига мазахомуз қаради:
– Марҳамат, ўртоқ!
Кўзлари олайиб, пешонасига совуқ тер тошган Эралининг ноилож кўприкка қадам қўйганини кўрган Усмон атай чайқалиб кетгандай бўлиб, кўприкни қаттиқроқ лопиллатди. Қўрқаётганини сездирмасликка уринган кўйи иккинчи, кейин учинчи қадамини босган Эрали беихтиёр қуйига қарадию, тубсиз жарни кўриб, боши айланиб кетди.
Турсунали қўлларини кўвача қилиб бақирди:
– Жўра, пастга қарама! Қарама пастга…
Эрали шошиб бошини кўтариб ўзига ҳамон мазахомуз тикилиб турган рақибини кўргач, омонат кўприк четидаги арқондан маҳкам ушлаганча юришда давом этди.
Қадамини тезлаштирган Усмон Эрали масофанинг ярмига етганида кўприкни янада қаттиқроқ лопиллатиб юборди. Йиқилиб тушишига бир баҳя қолган Эрали жон ҳолатда чўккалаб ўтириб қолди, арқонга ёпишиб, даҳшат оғушида қуйига қаради.
Болалар чувиллашди:
– Ютқазди!.. Ютқазди!.. Тур!.. Пастга қарама…
Эрали ўрнидан туришга уринди, аммо оёқлари қалтираб, буни эплолмади. Бу орада жарнинг нариги лабига бориб қайтаётган Усмон унинг ёнида тўхтаб, энгашди-да, нафрат ва ғазаб билан, тишлари орасидан шивирлади:
– Агар яна бир марта Нафисанинг олдида кўрсам, ўлигинг шу ерда қолади! – Шу таҳдиддан кейин у жилмайиб, қўлини узатди, баланд овозда сўради: – Ёрдамлашворайми, ўртоқ?
Эрали қўлини чўзган маҳал Усмоннинг кес­кин ҳаракати боис кўприк яна лопиллади. Усмон дарҳол қўлини тортиб олиб, атрофга аланглади ва ваҳима билан деди:
– Ёғочлари чириб кетибди. Икки кишини кўтаролмайди-ёв.
Усмон чаққонлик билан Эралининг ёнидан сирғалиб ўтди ва болаларнинг шовқинли далдалари остида илдам юриб кўприк бошига, жойларида сакраб “Ура!” деб бақираётган болалар ёнига келди.
Собир Усмоннинг қўлини баланд кўтарди:
– Усмон ютди!
Болалар жўр бўлишди:
– Усмон ютди!.. Ютди!.. – Кимлардир мағлуб томонни мазахлашга ўтди: – Эрали – қиз бола! Қиз бола!..
Собир қўлини кўтариб, ҳаммани жим қилди:
– Қизларни ҳақорат қилманглар! Мен аниқ биламан, бу кўприкдан қизларам бемалол ўтади! Иккита отни кўтаради бу…
Турсунали жаҳл билан жўрабошининг гапини бўлди:
– Бўлдида-эй энди! – Сўнг Эралига ўгирилди: – Эрали, қайт энди.
Собир мағлубнинг устидан кулишда давом этди:
– Ё ёрдамлашворайликми, жўра?
Эрали аранг жавоб қайтара олди:
– Йўқ… ўзим…
Усмон кўзойнагини тўғрилаб олиб, баланд овозда эълон қилди:
– Мендан ҳаммага морожний! Иккитадан!
– Уре-е-е!.. Кетдик!
Болалар Усмон бошчилигида пастга чопишди. Ёлғиз ўзи кўприк ўртасида қолган Эрали шунча қарамайман деса ҳам барибир тубсиз жардан нигоҳини узолмас, нимадир, иродасидан, онг-шууридан ҳам кучлироқ бир куч уни пастга чорлаётгандек, авраб-имлаётгандек, мудҳиш хотирани кўз ўнгида намоён қилаётгандек эди.
Ўшанда куз эди. Намозшом палла ота-бола тўйдан қайтишди. Тоғ ёнбағрига яқинлашганлари маҳал изғирин шамол эсиб, кўкда момоқалдироқ гумбурлади. Қашқа ҳуркиб кетди. Ғани ака жиловни тортиб, уни тинчлантиришга уринди:
– Ҳа, жонивор-а… Ўзи шу тўйга оёғим тортмаганди-я…
Тўсатдан жала қуйиб берди. Ота-бола бирпасда ивиб кетишди. Тишлари такиллаётган Эрали базўр гапира олди:
– Оз қолди, ота.
Ғани ака тоққа томонга ташвишланиб қараб қўйди:
– Ишқилиб, кўчки-пўчки кеп қолмасин-да… Йўлни кесиб чиқмасак бўлмайдиганга ўхшайди, улим.
Чақмоқ чақдию, унинг бир лаҳзалик ёруғида тоғдан шиддат билан тушиб келаётган қора кўчки кўринди. Ғани ака ваҳимага тушиб:
– Эрали, маҳкам ушла! – дея бақирганча отига қамчи босди: – Чу! Чу, жонивор!..
Эрали отасининг белидан қучоқлаб олди. Қашқа сирпанчиқ йўлда елиб кетди. Навбатдаги чақмоқ ёруғида кўчки анча яқинлашиб қолгани кўринди. То бетон кўприкка қадар етиб боролмасликлари равшан эди.
– Ажинакўприкдан ўтамиз! – деган қарорга келди Ғани ака. – Мени маҳкам ушла!
Эрали: “Ота!” – дейишга улгурди, холос. Ғани ака Қашқани кўприк томон қайириб, қамчи урди.
От Ажинакўприкка етиб келган маҳал бирдан тўхтаб, аянчли кишнади, иккала оёғини юқорига кўтарди. Ғани ака Қашқани бош-кўзи аралаш аёвсиз қамчилайверди:
– Чу! Чу дейман!
Бу зарбаларга чидай олмаган от ўзини Ажинакўприкка отдию, лопиллаётган осма кўприкдан тойиб-суриниб ўтаётиб, нариги қирғоққа етай деган маҳал мункиб кетди. Ғани ака Қашқадан учиб кетгудай бўлган Эралини жон-жаҳди билан ушлаб қолди. От гавдасининг бир қисми пастга, тубсиз жарга осилди.
Эрали чинқириб юборди:
– Ота!
– Ҳозир, болам, ҳозир. Қўрқма! Фақат сен қўрқма!..
Ғани ака Қашқанинг гавдаси тобора жар томон силжиб бораётганини кўриб-сезиб турарди. Шу боис ота жон алпозда Эралининг билагидан чангаллаб, улоқни рақибидан тортиб олгандай ўрнидан юлқиб олди ва қирғоққа қараб отди:
– Ё пирим!..
Эрали лой қирғоққа учиб келиб тушди. Бироқ бу ҳаракат отнинг гавдаси янада кўпроқ жар томонга осилишига сабаб бўлди. Ғани ака оёғини узангидан чиқармоқчи бўлди, аммо иккинчи оёғини Қашқанинг гавдаси босиб қолганини кўриб уриниши бенаф эканини сезди.
Ғани ака момоқалдироғу чақмоқ овозларини босгудай бўлиб бақирди:
– Қоч, болам! Қирғоқ ўпирилиб кетади! Қоч…
Қашқа гавдасини тутиб туролмади: тубсиз жарга қулади. Отга қўшилиб Ғани ака ҳам пастга учди.
Отанинг тобора сусайиб бораётган овози эшитилди:
– Қоч, болам…
Ногоҳ чақмоқ чақди ва Эрали даҳшат ичида кўзлари олайиб қуйига шиддат билан учиб бораётган, аммо ҳамон зўр бериб ўғлини хавфдан қутқаришга уриниб бақираётган отасини аниқ-тиниқ кўрди.
– Ота-а-а!..
Ҳамон осма кўприк ўртасида, қалт-қалт тит­раганча чўккалаб ўтирган, баайни қандайдир афсун измида тубсиз жардан кўз узолмаётган Эралининг қулоқлари тагида “Ота-а-а!..” деган садо янгради. Ҳатто мана шу садода ҳам ўсмирни жарликнинг тубсиз қаърига, падари ҳузурига чорловчи маккорона оҳанглар бордек эди. Бу истак, бу хоҳиш аста-секинлик билан унинг бутун қалбини, онгини ўргимчак тўридек эгаллаб кела бошлаган сайин ўзни қуйига отмоқ, ҳаммасидан бир йўла қутулмоқ, ҳаммасига бир йўла қўл силтаб кетмоқ, ҳаммасидан бир йўла мосуво бўлмоқ ва айни пайтда барисига бирданига эришмоқликдек ғайритабиий, эҳтимолки, қалбнинг қай бир олис пучмоғида, онг остида ғимирлаб қолган, қўрқув-ваҳимага асос­ланган аҳд серҳосил заминга тушган уруғдек ниш уриб, барг чиқарди, оний сонияларнинг ўзида ҳосил ҳам бера бошлади. Бир қадам ва ҳаттоки қадам ҳам эмас, ўзи жон-жаҳди билан чангаллаб олган чирик арқонни қўйиб юбориб, салгина сурилса бас, жар узра бор-йўғи бир неча лаҳзалик парвоз ва сўнг ҳаммасидан қутулади… Ҳаммасидан! Ў, бу балким қанчалар манфур истак бўлиб кўринар, аммо унинг макрига, жилосига дош бермоқликнинг ўзи бўладими?.. Ўсмирнинг арқонни маҳкам чангаллаган қўллари ўз-ўзидан бўшаша бош­лади ва айни шу лаҳзада қайдандир бошқа бир, хавотирга тўла таниш овоз эшитилгандай бўлди: “Қўрқма! Фақат сен қўрқма!..” Ҳа, бу Ғани чавандознинг – отасининг овози эди. Ўзининг жонини бериб, унинг жонини қутқарган отасининг овози эди. Овоз тобора кучаярди. “Фақат сен қўрқма!” Бу тирикликка чорлов эди. Баайни қуёш нурлари қуюқ туманни тарқатиб юборгандай, акашак бўлиб қотиб қолган қўл-оёқларига аста-секин жон бахш этганча жумлаи жаҳонда фақат шу хавотирли чорловгина қолди. Овоз қулоқ пардаларни тешиб юборгудай даражага етганида Эрали ортиқ чидай олмади: ҳўнграб йиғлаганча нажоткор қирғоқ томон эмак­ларкан, кўз ёшларига ғарқ бўлган кўйи тинмай нола қиларди:
– Ота… отажон…

* * *

Бўйнига дурбин осиб, қўлтиғига альбомини қистириб олган Эрали қишлоқ йўлида тонгги шабадада эти жунжикибгина хаёл суриб кетаётганди, кутилмаганда қаршисидан ўроқ тутган синф­доши Нафиса чиқиб қолди. Салом-аликдан сўнг қиз одатдаги:
– Йўл бўлсин? – саволини берди.
– Бир жойга борётгандим. Хоҳласанг, сениям обораман, – шошиб жавоб қайтарди Эрали.
– Қаерга, билсак бўладими?
Эрали аниқ жавобдан ўзини олиб қочди:
– Айтсам, қизиғи қолмайди-да.
Қиз қўлидаги ўроққа ишора қилди:
– Ўт ўриб келишим керак.
– Кейин ўзим ёрдамлашвораман.
– Ҳм-м… – Нафиса бир зум ўйланиб қолди, ке­йин Эрали қўлтиғида тутиб турган альбомга ишора қилди: – Хотира дафтарими?
– Шунга ўхшашроқ, – мужмал жавоб берди Эрали.
– Кўрсатсанг, бораман.
– Кўрсатаман, – ваъда берди Эрали. – Фақат борган еримизда. Юр, Нафис.
– Майли…
Кунботар тарафда, қишлоқ ҳудудидан нарида кичикроқ аэродром жойлашганди. Эрали қизни ўша ёққа бошлади.
Икковлон аэродром чеккасида, тизза бўйи ўт-ўланлар орасига ётиб олиб кичик самолёт билан вертолётларни роса томоша қилишди. Эрали альбомига самолёт расмини чиза бошлади. Қизнинг қўлидан дурбин тушмасди:
– Вуй, зўр экан!
Эрали маъқуллади:
– Зўр, зўр…
Нафиса альбомга қаради:
– Ҳаммасини ўзинг чизганмисан?
– Йўқ, журналлардан олинганлариям бор.
Эрали альбомни варақлаб кўрсатди. Унинг саҳифаларига газета-журналлардан қирқиб олин­ган самолётлар, вертолётлар фотосуратлари ёпиш­тирилган. Кўплаб саҳифаларда эса ранг­ли қаламлар, бўёқларда чизилган расмлар. Эрали шавқ билан самолётлар ҳақида билганларини гапира бошлади.
Тўсатдан альбом саҳифасига соя тушди. Эрали ажабланиб бошини кўтарди. Эллик ёшлардаги, қорни тўнтарилган қозондай семиз, юзи офтобда қорайиб кетган, сочи тақир олинган, кенг шляпа кийган шопмўйлов Фармон фермер ўз кўзларига ишонмаётгандай болаларга очган оғзини ёполмасдан, ажабланиб қараб турарди.
– Ҳой, бу нима қилганларинг, а? – ниҳоят забон битди фермерга. – Куппа-кундузи-я!
Эрали билан Нафиса илкис ўринларидан туришди.
– Уят-пуят борми ўзи сенларда? – Фармон фермер қизнинг ғижим кўйлагига шубҳаланиб қаради. – Роса, а…бир-бирларингни, а…
Эрали тушунтиришга уринди:
– Фармон ака, биз…
– Гапирма-е, бадбахт! – ўшқириб берди фермер. – Ҳаммаси кўриниб турибди-ку. Сен болани танидим, раҳматли Ғани чавандознинг улисан! Бу қилиғинг­ни кўриб, отанг гўрида тик тургандир ўзиям…
– Фармон ака…
– Гапирма, дедим! Гапирма-е! Башарангга совораман! – Эралига мушт ўқталиб қўйган фермер энди Нафиса диққат билан тикилди. – Сен… сен келбатингдан Солиҳа момонинг неварасига ўхшаб турибсан. Ҳозир тўппа-тўғри момомнинг олдига бораман-да, устларингдан чиқиб қолганимни айтиб бераман… Ўзиям терингга сомон тиқар, уятсиз! Шу ёшингда эрсираб қолдингма, а?
Бу гапни эшитиб, юзи ловуллаб кетган Нафиса бир лаҳза каловланиб-анграйиб қолди, кейин ҳўнг­раб йиғлаб, кафтларини юзига босганча қиш­лоқ томон чопиб кетди.
Қиз ортидан қараб қолган Фармон фермер мамнун ишшайди:
– Қўрқиб кетди. Айби бор-да, айби. – У Эралига ўгирилди. – Қани, Ғани жўрамнинг ули, гапир-чи, пана-панада шуйтиб юрибсан экан-да, а?
– Фармон ака…
– Гапирма, дедим! Гапирма-е! Оғзингни очсанг совораман! Ҳозир туври милисага бораман-да, барисини айтиб бераман. Кейин нима бўлади? – Фермер бармоқларини панжара қилиб кўрсатди. – Туври мана бу ерга опкетишади! У ерда сенга ўхшаганларни нима қилишларини эшитганмиз, ҳа, эшитганмиз.
– Биз ахир…
Аммо фермер Эралини оғиз очгани қўймасди:
– Ўчир овозингни-е! – У майсалар устида ётган дурбинни қўлига олди. – Бу нима, видеога оладиганми?
– Йўқ. Бинокль. Дурбин.
– Ҳа. Биламиз, биламиз. – Фармон фермер дурбинни кўзига яқин олиб бориб, қишлоқ томонга қаради. – Ҳали чопиб кетяпти бу энағар. Ёмон абжир эканда бунинг, а? Момомнинг олдига ўзим бормасам бўлмайди барибир. Билиб қўйсин, қўйнида илон асраётганини.
– Фармон ака. Илтимос…
Фермер дурбинни бўйнига осиб олди:
– Буни жиянларинг ўйнар.
– Олаверинг…
Фармон фермер яна ўшқирди:
– Шу билан қутулмоқчимисан ҳали? Сен бола бу ёққа юр-чи…
Фармон фермер шоша-пиша альбом, ўроқни қўлига олган Эралини ғалла даласига бошлаб кетди. Дарвоқе, Эрали эслади: аэродромга туташ дала шу кишига қарашли эди.
Икки томонида дарахтлар бўй чўзган бетон нов бўйида дала шийпони жойлашган. Шийпон ёнида чала қурилиш: афтидан, алоҳида ошхона қурилмоқда.
Фармон фермер Эралини тупроқ уюлган хандақ ёнига бошлаб келиб, аввал бўш пақирларга, сўнг бетон новга ишора қилди:
– Сувни анов ердан ташийсан. Лойни шундай қориб ташлаки, хамирдай юмшоқ бўлсин. Ушлаган пайтинг, ҳи-ҳи-ҳи, қиз боланинг чочидай майин бўлсин. Тушундинг, а? Ўзим текшириб кўраман.
Эрали тупроқ уюмига қаради. Эҳ-ҳе… Аммо на илож.
– Бўпти, – деди у шимининг почасини қайириб, кўйлагини ечаркан.
Фермер писанда қилиб қўйди:
– Ҳалиям отангнинг ҳурматига индамадим, бола… Бу яхшилигимни унутмассан…

* * *

Шу билан Эрали ярим кечаси уйга бурнидан тортса йиқилгудай аҳволда, қотиб қолган белини ушлаганча букчайиб кириб келди.
Она-бола кўрпа қавиб ўтиришган экан. “Тиқ” этса эшикка қараётган Ойгул хола сал енгил нафас олди:
– Вой, бормисан, болам? Куни билан қаёқда эдинг?
Эрали аранг гапира олди:
– Фармон ака… ҳашарга чақирганди. Гувала қуйишдим. Шунга…
Бармоғига игна санчиб олиб, аламини кимдан олишни билмай турган Гулзода тутаб кетди:
– Калланг ишлайдими сенинг? Ҳашар эмиш! Бу ёқда шунча иш турган пайти-я?! Сигирам оч қолиб, куни билан мўъради…
Ойгул хола қизининг гапини бўлди:
– Қорнинг очми, болам?
Гулзода баттар тутақди:
– Ойи, ўйлаб гапиряпсизми? Ҳашарга борган одам қанақасига оч бўлади? Заказ сомса билан ошни кўргандан кейин уйниям эсдан чиқарган-да бунингиз. Далада юрган мой ютади, уйда юрган қон ютади ўзи… – Ҳовли четидаги молхонага туташ усти ёпиқ айвонга боғланган ориқ ола сигир аянчли мўъради, унга бузоқчаси жўр бўлди. Гулзода шу тарафга ишора қилди: – Кўрдингми? Шуларнинг уволи тутади сени…
Опасининг ҳали узоқ жаврашини тушуниб турган Эрали шошиб орага гап қўшди:
– Мен ҳозир, опа. Икки боғ ўриб қўйгандим. Эсимдан чиқибди. Югуриб бориб олиб келаман.
Эрали қўлидаги Нафисанинг ўроғи билан қайтиб кетаркан, дераза рахида турган нон бўлагини сездирмасдан олиб, чўнтагига солди. Ҳарна-да.
Ойгул хола ўғлига ачиниб қаради:
– Бир кун минг кун бўлмас, болам. Эртан боқиб келарсан.
Асабий Гулзода ойисини гап билан қайириб ташлади:
– Сиз ҳадеб эркатойингизнинг ёнини олаверманг! Оч сигир сутдан қолади… Бор, Эрали, орқанг­га қайрилмасдан кетавер. Овқатинг ҳам бироз ҳазм бўлади…

* * *

Барибир бу “темир қанот”ларнинг бошқача меҳригиёси бор-да. Уларни кузатмаслик, улардан ҳайратланмаслик мумкин эмас. Ҳаётда битта игнани сувга ташласанг, чўкади-кетади. Бу ерда эса тонна-тонна темир ҳеч зўриқмасдан, укпар мисоли ҳавога кўтарилади, булутлар бағрида сайр этади. Мўъжиза эмасми бу? Инсон ақл-заковати чўпчакни ҳақиқатга айлантиришининг исботи эмасми бу?.. Шуларни бошқараётган одамларнинг ҳам армони бормикан?..
Эрали аэродром чеккасида, тизза бўйи ўт-ўланлар орасида ётиб олганча самолёт-вертолётларни ҳавас билан томоша қиларкан, альбомига уларнинг расмини чизишга уринади.
Аэродром биқинидаги ғалла даласига яқин жойда яланг ўтлоққа арқонлаб қўйилган сигири бир силтанганида қозиқ ердан суғурилганинию, сигир ғалла даласига шошганини машғулотига берилиб кетган Эрали кўрмай-сезмай қолди. Аммо тасодифлар занжири бугун ўсмирга қарши ишлаётганди. Кун иссиқлигига қарамасдан қора костюм-шим кийган, энли бўйинбоғ таққан вакил қора хизмат машинасининг орт ўриндиғида чанг ва терга ботиб келаётган маҳали буғдойга тушган сигирни кўриб қолди-ку! Вакилнинг кўзлари косасидан чиқиб кетгудай бўлди. Бу нима деган гап ахир?
– Тўхтат-чи.
Машина тўхтади. Вакил шошмасдан машинадан тушиб, чўнтагидан ёндафтарча билан ручкасини чиқарди. Бу иссиқда дала бошига вакилдан бошқа ким ҳам келарди? Машҳур машинани кўрган заҳоти Фармон фермер дала шийпонидан оёғини қўлига олиб чопиб келди. Юзидан дувиллаб тер қуйилаётган, ҳарсиллаб нафас олаётган фермер иккала қўлини кўксига қўйганча, ним эгилди:
– Асса…
Вакил далага ишора қилди:
– Сеникими?
Фермер вакил кўрсатган томонга қаради ва буғдой ичида бемалол юрган сигирни кўриб, жиноят устида қўлга тушгандай типирчилаб қолди:
– Йўқ-йўқ, ўлипманми энди, уполномочен акажон. Бу…
Вакил яна фермернинг гапини бўлди:
– Қайси валломатники бўлсаям гўштга топшириб юбор! Кечқурун лично ўзимга доложить қиласан!
Фармон фермер янаям эгилди:
– Хўп бўлади, уполномочен акажон!.. Келинг, бир пиёла…
Фермернинг гапи учинчи марта кескин бўлинди:
– Бу қайси контур?
– Етмиш иккинчи, уполномочен акажон…
Вакил дафтарчасига ниманидир қайд этиб қўйгач, машинага ўтирди, қудратини намойиш қилмоқчидай эшикни қарсиллатиб ёпди. Машина қуюқ чанг кўтарганча юриб кетди.
Машина анча узоқлашгандан сўнггина эгик қаддини ростлаган Фармон фермер тишлари ғижирлаб, атрофга аланглади. Шундоққина тупроқ йўл ёнида худди буюртма қилингандай каттагина сўйил ётарди. Фермер сўйилни азот кўтарганча сигирга отилди.
– Ҳа, ҳаром қотгур!
Самолёт-вертолётларни кўзлари ёниб томоша қилаётган Эралининг қулоғига ногоҳ сигирнинг аянчли мўърагани эшитилгандай бўлди. У учиб ўрнидан туриб, шу тарафга ўгирилди.
Дала бошида сўйил билан унинг сигирининг биқинига қарсиллатиб уриб, шийпон томон ҳайдаб кетаётган Фармон фермер кўринди. Гап нимадалигини тушуниб, юраги орқасига тортиб кетган Эрали шу томонга отилди.
Эрали қулочини кенг ёйганча Фармон фермернинг йўлини тўсиб, ялиниб-ёлворишга тушди:
– Жон ака! Фармон ака! Билмай қопман! Хаёлим кетиб қопти. Жон ака, қайтариб беринг сигиримизни. Ўла-ўлгунимча хизматингизни қиламан!
Фармон фермер оғзидан тупук сачратиб бўкирди:
– Сен аҳмоқни деб Тошкентдан келган текширувчининг хатига тушдим! Ўтга тушдим, бола, ўтга тушдим! Еримни оп қўйса нима қиламан?! Ҳўкимат у, оғзининг бир ели: олади-қўяди! Еримга кўз олайтириб, менга тиш қайраб юрган қанча!? Атаганини кимга берарини билмай юрган қанча!? Шуни тушунасанми, сен эсипаст?! Мен мисқоллаб йиққан обрўни ботмонлаб сочдинг-ку, тентак!..
– Жон ака! Мени тириклай ўлдирманг! Беринг қайтариб… Жон ака! Айтган ишингизни қиламан… Қайтаринг сигиримни…
Фармон фермер бош бармоғини иккала бармоғи орасига тиқиб кўрсатди:
– Мана сенга сигир! Нима, кечқурунги нарядда ўзимни топшираманми гўштга?..
Фармон фермер сигирни ҳайдаб кетаётганини кўрган Эрали жон алпозда арқонига ёпишди. Ғазаби қўзиб турган фермер сўйил билан унинг елкасига туширади. Эрали “вой” деганча елкасини чангаллаб букчайдию, тупроқ йўлга “гурс” этиб ўтириб қолди. У жон алпозда ўрнидан туришга уринди, аммо оёқлари унга бўйсунмасди.
Эрали тиззалаб бўлса ҳам фермерга етиб олишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилди:
– Жон ака… жон ака… Ундан кўра мени ўлдириб кетинг, жон ака… жон ака…
Фермер тезликда узоқлашиб борарди. Эрали ногоҳ тизза бўйи тупроққа “гуп” этиб қулади ва алам билан бошига муштлаганча ҳўнграб йиғлаб юборди:
– Ота… отажон…

Қоронғулик тушган маҳал ариқда оқаётган лойқа сувга юз-қўлини чайиб олган Эрали уйга суд­ралиб кириб келди. Ҳовлидаги супада ёнига сут челакни қўйиб ўтирган Ойгул хола ўрнидан туриб, челакни қўлига олди. Эралини таниди чоғи, ҳовли четидаги бузоқча шодон маъради.
– Чарчамадингми, болам? – меҳрибонлик билан сўради Ойгул хола.
– …
Ойгул хола бир ўғлига, бир дарвозага қаради, сигир негадир кўринавермасди.
– Говмиш қани, болам?
Эрали бош эгди. Ичкаридан чиқиб келган Гулзода укасини гап билан ўйиб олди:
– Гапир, тилингни ичингга ютганмисан?
Чекинишга бошқа йўл қўймаган эди. Эрали очиғини тан олди:
– Буғдойига… тушган экан… Фармон ака… Фармон ака гўштга… топширди…
Ойгул холанинг қўлидан пақир тушиб кетди, даранглаган овозни Гулзоданинг чинқириғи босди:
– А?
Бу ёмон зарба эди. Телбавор аҳволга тушган, гапиролмасдан, негадир тинмай бош чайқаётган Гулзода пақирни ердан олиб укасининг устига ақлдан озган калхатдай бостириб келди-да, пақир билан Эралининг бошига туширди. Пақир яна даранглаб кетди. Шундан кейингина энтикиб нафас олган, ранги кўкариб кетган опага забон битди:
– Фармон биттаю битта сигиримизни гўштга топширса, сен индамай туравердингми, гўрсўхта? Ҳеч бўлмаса ош-қатиғимизга шу яраб турибди, демадингми?
Эрали индамай бош эгиб турарди. Ваҳимадан адойи тамом бўлган Гулзоданинг бутун вужуди титрарди.
– Индамагансан! Чунки айб ўзингдан ўтган. Молга қарамагансан! Ўйнаб юргансан! Чўмилгансан! Тўғрими? Тўғрими деяпман сенга?
Эрали яна индамади.
– Гапир, гапир деяпман сенга! Сигир қани? Қани сигир?
Гулзода бу сафар жон аччиғида пақир билан Эралининг бошига урди. Қаттиқ урди. Ўғлига жони ачиган Ойгул хола изиллаб йиғлаб келиб қизининг қўлига ёпишди, уни маҳкам қучоқлаб олди:
– Қўй! Ўлдириб қўясан укангни!
Гулзода жунунваш қиёфада фарёд чекди:
– Ўлдираман! У аввал бошлаб бизни ўлдирди. Энди уни ўлдираман!
Гулзода шу ҳолида онасининг қучоғидан чиқди ва бўш пақирни даранглатиб укасининг дуч келган жойига ура кетди.
Эрали чидаб туролмади – ҳўнграб йиғлаганча тиз чўкиб, бош эгди:
– Уринг! Ўлдиринг мени, опа! Мен айбдорман! Мен… мен… фақат мен… уринг мени, опа… уринг… ўлдиринг…
Туйқус Гулзода пақирни отиб юборганча, бўзлаб йиғлаётган укасини маҳкам қучиб олди. Опанинг кўзларидан ҳам шашқатор ёш оқарди. Болаларининг бошида карахт аҳволда туриб қолган Ойгул хола, ожизона мўъраётган бузоқча бу манзарага янада алам, умидсизлик ва чорасизлик бағишлаётгандай эди…

Тун бўйи мижжа қоқмай чиққан Эрали тонг саҳарда Ажинакўприкка ёлғиз келди. У кўприкка шахт билан қадам қўйгач, беихтиёр пастга, тубсиз жарга қаради. Кўз ўнгида ёмғирли тун, момоқалдироқ ва чақмоқлар, жар тубига оти билан қулаётган отаси пайдо бўлган Эрали яна бир қадам босганди, кўприк қаттиқ лопиллаб кетди. Йигитча жойида туриб қолди, сўнг аста пастга энгашди. Бир лаҳзадан сўнг у жар тубига учадигандек эди гўё…
Ногоҳ тепада ниманингдир овози эшитилгандай бўлди. Эрали бошини кўтариб кўкка қаради. Мовий осмондан самолётлар карвони ўтмоқда эди. Улар ортида эса пастлаб учаётган вертолётлар.
Эрали бу манзарага лол қараб қолди. Бу недан дарак? Бу ненинг аломати? Наҳот…

* * *

Ҳаёт давом этарди. Яшаш керак эди.
Киши баъзан тасаллига муҳтож бўларкан. Ҳеч бўлмаса ўзинг ўзингга айтадиган тасаллига. Эрали мана шундай йўл тутди: “Сигир гўштга топширилиб кетди, аммо бу охирзамон бўлди, ҳаммаси тугади, деган гап эмас-ку. Яшаш керак…”
Буғдой ўрилди. Режасини ортиғи билан бажарганидан хурсанд бўлиб кетганиданми ёки Ғани чавандоз билан эски жўрачилиги ёдига тушдими, балки гўштга топширилган сигирни эслаб хижолат бўлгандир, ҳайтовур, ҳеч кутилмаганда Фармон фермер “капсан ҳақи” дея қўярда-қўймай уйга тўрт қоп буғдой ташлаб кетди. Унгача Гулзода билан Эрали буғдойи ўрилган даладан уч қанор машоқ териб келишганди. Бунча буғдой билан қишдан чиқиб олса бўлади.
Ишқилиб, ҳаёт давом этарди. Фурсат шу тарзда ўтиб борарди.
Коллежда ўқиш бошланган ҳафтанинг охирида Эрали туман марказига йўл олди. Албатта, опаси билан онасининг қишлоқдошларга кўрпа қавиб, кийим-кечак тикиб бериши эвазига топаётган уч-тўрт сўмини йўлга харжлаш ўзига ўтакетган ноинсофлик бўлиб туюлди. Аммо бормаса ҳам бўлмасди. Ички бир даъват, тушунтириш қийин бўлган ҳавас туйғуси уни сира тинч қўймаётганди.
Муаллимлар тўғри айтишган экан: туман марказидаги болалар ижодиёти саройида бошқа тўгараклар қатори авиамоделчилар тўгараги ҳам ишларкан. Эрали мана шу тўгаракка ёзилиб келди. Машғулотлар ҳафтасига икки марта экан. Эрали чамалаб кўрди: қишлоқдан туман марказигача нари борса ўн беш чақирим келади. Агар қичаб юрса, бемалол икки соатда пиёда босиб ўтса бўлади. Демак, йўлга пул сарфлаш ҳам шарт эмас.
Шу билан Эралининг тўгаракка қатнаши бош­ланди. Кузда-ку, унчалик билинмаганди, аммо қишга келиб туман марказига пиёда қатнаш анча оғир кечди. Айниқса, қаҳратон совуқ бўлганида у бир-икки машғулотга боролмай ҳам қолди.
Ниҳоят кўкламнинг илиқ нафаси келганида Эрали анча енгил тортди. Ҳарқалай, энди бу ёғига чўчимаса ҳам бўлади.
Шундай кунларнинг бирида ўтган тўгарак машғулотида Баҳриддин ака топшириқни бергач, деразага суянганча ташқарига ўйчан тикилиб қолди. Столдаги турли қийқимлардан самолёт моделини йиғиш вазифасини биринчи бўлиб Эрали бажарди. У ўрнидан туриб:
– Бўлди, устоз, – деди.
Деразадан нигоҳини узган Баҳриддин ака яқин келиб самолёт моделини синчиклаб кўздан кечиргач, мамнун бўлиб Эралининг елкасига қоқиб қўйди:
– Баракалла, Ғаниев! – Сўнг моделни қайтариб берди. – Энди буни бир учириб келинг.
Эрали ҳайрон бўлди:
– Қаёққа?
Устоз кулимсиради:
– Ҳозирча шу атрофга.
Эрали моделни бир қўлда баланд кўтарганча самолётни ҳавода учираётгандек ҳаракатлар билан шошиб хонадан чиқди, йўлак орқали ҳовлига ўтаётган маҳал қарши тарафдаги “Инглиз тили тўгараги” деб ёзилган эшикдан папка қўлтиқлаган Усмон устози билан чиқиб келди.
– Good bye, my teacher! – дея хайрлашди Усмон.
Устоз:
– Good bye, – деди.
Чиқиш эшиги томон юрган Усмон Эралини кўриб қолди.
– Ия, ўртоқ, ўзингмисан?
– Ўзимман, – деди бунақа учрашувни кутмаган Эрали ёқтирмасдан.
– Бу ерда нима қилиб адашиб юрибсан? – Усмон аввал ўртоғининг қўлидаги самолёт моделига, кейин эшикка қаради, яқин келиб тахтачадаги лавҳани ўқиди: – “Авиамоделчилар тўгараги”. – У ҳуштак чалиб юборди. – Ўҳ-ҳў! Гап бу ёқда дегин… Авиация… самолёт… осмон… Туя ҳаммомни орзу қилибди-да.
Эрали ўзини синфдошининг пичингини эшитмагандай тутишга ҳаракат қилди:
– Ўзинг нима қилиб юрибсан?
Усмон ҳар бир сўзни таъкидлаб жавоб қайтарди:
– Биз ўз имкониятимизни тўғри ҳисоблаган ҳолда тил ўрганаяпмиз, репетиторга қатнаяпмиз, айримларга ўхшаб осмонга сакрамаяпмиз.
Қовоғи уйилган Эрали йўлакдан ҳовлига чиқди, Усмон унга эргашди.
– Жўра, дарсинг тугаган бўлса юр, кетдик, қиш­лоққа олиб кетаман. – Усмон ҳовлида ўзини кутиб турган “Нексия”га ишора қилди. – Юрдикми? Ё кутиб турайми?
Эрали бош чайқади:
– Мен… ўзим қайтаман.
Усмон кулимсиради:
– Ҳарна автобус пули эконом-ку, жўра.
– Ўзим қайтаман дедим-ку.
– Ихтиёринг. – Усмон машинага яқин борган маҳал ортига ўгирилиб, кўзойнагини тўғрилаб олди: – Сенга бир ақлли гап айтайми? Эмаклаб юрадиганлар ҳеч қачон учолмайдилар. Шуни эсингдан чиқарма!
Усмон орқа ўриндиққа ўтирди, ҳайдовчи моторни ўт олдирди, машина оҳиста юриб кетди. Кайфияти бузилган Эрали машина ортидан термулиб тураркан, кабинет деразасидан устози ўзига қараётганини илғади. Эрали шиддат билан ҳовлини айланиб чопди, ҳолдан тойгунга қадар қўлидаги самолётни гоҳ кўтариб, гоҳ тушириб ўзича уни учирди…

Кейинги машғулотга келаётгани маҳал Эрали узоқдан истироҳат боғида айланаётган улкан чархпалакни кўриб қолди. Кабиналарда ўтирган болаларнинг шўх қийқириқлари ҳатто шу ергаям эшитиларди. Бироз иккиланиб қолгач, Эрали боғ дарвозаси томон юрди.
Ҳа, бу ўша боғ эди. Бундан тўрт йил муққаддам бутун синф болалари Наврўз байрамида туман марказига айлангани келишганида кимнингдир таклифи билан ҳамма чархпалакка чиқадиган бўлди. Баландликдан қўрқишини ҳаммадан яшириб юрадиган Эрали сирим ошкор бўлиб қолмасин деган хавотирда баҳона устига баҳона тўқиб ташлаётганини кўрган, бундан шубҳаланган Усмон уни мажбурлаб ёнига ўтқазиб олганди. Кейин… нима бўларди, чархпалак тепага кўтарилган сайин пастдан кўз узолмаётган, тутқичга тобора маҳкамроқ ёпишиб олаётган Эралининг пешонасига совуқ тер тошиб, кўзлари олая бошлади, оёқ-қўллари қалтиради. Усмонга эса шу керак эди. Ўшандан буён у Эралининг кўзини очирмайди, ҳеч гап тополмай қолса атай Эралига эшиттириб аллақандай “фобия”лар мавзусида валақлай бошлайди…
Ўша боғ, ўша чархпалак. Фикридан қайтиб қолишдан чўчиётган Эрали илдам бориб оҳиста айланиб турган чархпалакнинг дуч келган биринчи кабинасига ўтирди. Унинг қаршисидан ўн яшарлар чамаси иккита болакай жой олишди. Кабина юқорига кўтарилаётган маҳал Эрали ҳар эҳтимолга қарши ўртадаги тутқични маҳкам ушлаб олди. Болакайлар эса хурсанд бўлиб ён-атрофга, пастга аланглашади. Жойида қотиб ўтирган Эрали секин қуйига қарай бошлагандаёқ боши айланиб кетди, пешонасига совуқ тер тошди. У кўзларини маҳкам юмиб олди. Болакайлар бир-бирига Эралини кўрсатишиб, пиқирлаб кулишди ҳамки у кўзларини очмади.
– Кап-катта бўлиб баландликдан қўрқаркан, – ўртоғининг қулоғига қаттиқ шивирлади биттаси.
Иккинчиси ҳам шундай жавоб қайтарди:
– Биринчи чиқиши бўлса керак-да…
Изза бўлган Эрали кўзларини очди, ўзини мажбурлаб баланд дарахтларга, осмонга қарамоқчи бўлади, аммо барибир нигоҳи яна пастга қадалди. Юраги орқасига тортиб кетган Эрали кўзларини яна маҳкам юмиб олди, тутқичга жон-жаҳди билан ёпишиб олди. Унинг ранги ўчганини кўрган болалар яна пиқирлаб кулишди. Ниҳоят улардан бири сўради:
– Мазангиз қочяптими? Дўхтир чақирайликми, ака?
Эрали кўзларини очмасдан бош чайқади:
– Керакмас, мен яхшиман.
Алоҳа Эралини баттар ваҳимага солган кўйи баланд нуқтада мангуликка қотиб қолгандай туюлган кабина аста-секин пастга тушди. Ранги бўздай оқариб кетган Эрали кабинадан чиқасола ўзини кўчага урди.

* * *

Умидсизликка тушган Эралини ваҳима босди: наҳотки бир умр бу лаънати қўрқувдан қутулолмайди. Унда орзулари нима бўлади?..
Дарсдан кейин йигитча ўз-ўзидан Ажинакўп­рикка келиб қолди. Ҳайтовур, яқин-атрофда ҳеч ким йўқ, демак, унинг шармандагарчилигига ҳам ҳеч ким гувоҳ бўлмайди.
Эрали бу сафар эҳтиёткорлик билан бўлса ҳам кўприкда бир неча қадам ташлагач, қандайдир куч измида барибир пастга қаради: одамнинг бошини айлантириб юборадиган тубсиз жар… У шошиб нигоҳини олиб қочди, ўзини мажбурлаб нариги қирғоқдан кўз узмаган кўйи олдинга юрди ва шу алфозда кўприк ўртасига етиб келди.
Тўсатдан кўприк даҳшатли даражада қаттиқ лопиллади. Чўчиб кетган Эрали салқи арқонга ёпишганча ортига ўгирилди. Кўприк бошида қўлларини белига тираб олган Усмон турарди.
– Мен сенга Нафисанинг ёнига яқинлашма, деганмидим? Дегандим! Агар яна бир марта олдига борсанг, ўлигинг шу ерда қолади, деганмидим? Дегандим. Шунча гапдан кейинам бугун ликиллаб ёнида юрибсан. Ваъда вафоси билан, жўра. Сен бу қисматни ўзинг ўзингга сотиб олдинг. Кўзингни қузғунлар чўқийди энди!
Усмон жаҳл билан кўприкни тепиб, осма арқонларини торта бошлади. Кўприк баттар лопиллади, нари бориб-бери келди. Эрали жон аччиғида ёпишган омонат тутқич синиб кетиб, йигитча йиқилиб тушди, оёқлари ҳавода осилиб қолди.
– Қўрқасан, а? Қўрқасан!.. – бўғилиб бақирарди Усмон. – Сенинг бу ерга келиб, машқ қилиб юрганингни кўрганлар бор. Ўзингча ботир бўлмоқчи бўлгансан-да. Лекин мана, кунлардан бир куни тап этиб қулаб тушдинг-у, жарга учдинг… Палакат-да, палакат… Нимаям қилардик…
Усмон пастга эниб кетди.
Гавдасини тубсиз жар ўзига тортаётган Эралининг тахталарга чангакдай ёпишган қўллари тобора бўшашмоқда эди. Шу пайт осмонда таниш овоз эшитилди. Эрали кўкка қаради. Мовий осмонда ёлғиз самолёт.
Эрали бир муддат эмин-эркин учаётган самол­ётни кузатди. Сўнг тиришиб-тирмашиб гавдасини ўнглагач, ҳансираб нафас олганча бир муддат узала тушиб ётди. Шундан кейин қирғоқ томон эмак­лай бошлади…
Тинка-мадори қуриган Эрали кўчасига қайрилган маҳал йўл бошида турган таниш машинани кўрди. Рулда Усмоннинг ўзи эди.
Усмон ўшшайиб унга қараб турди-турди, сўнг жаҳл билан калитни буради ва машинасини Эралининг ёнидан катта тезликда, ҳаммаёқни чангга кўмиб ўтди-кетди.

Эрали кейинги машғулот учун баланд чўққини танлади. Аввалига чўққининг тик ёнбағридан қу­йига каттароқ бир тошни ташлади. Тош узоқ учди, ахийри унинг пастда бошқа тошга бориб урилгани эшитилди. Эрали ўзи ясаган самолёт моделини қўлига олди ва учаётгандек ҳаракатлар қилиб чўққида у ёқдан-бу ёққа чопаверди, чопаверди.

* * *

Эрали туман марказидаги беш қаватли уй ёнидан ўтиб бораётган маҳал томдан қора тутун кўтарилаётганини кўрди. Ишчилар сақич тўшашмоқда экан.
Ана, кексароқ ишчи том лабига келиб хотиржам ўтирди. У қоп-қора пақирни ёнига қўйиб, телефонида ким биландир гаплашаётган маҳал қўли тегиб кетди, шекилли, пақир пастга тушиб кетди.
Бир ўт-ўланлар орасига “поп” этиб тушган пақирга, бир ишчига қараган Эралининг хаёлига бир ўй келди. У пачақ бўлган пақирни олиб подъезддан юқорига кўтарилди, охирги қаватдаги нарвондан томга чиқди-да, тўғри кекса ишчининг ёнига борди.
– Ҳорманг.
– Бор бўл, болам, – деди телефонини ички чўнтагига жойлаётган ишчи.
Эрали пақирни тутди:
– Бу сизникими?
– Э, бу сабилни ташлаб юборсанг ҳам бўларди. Овора бўпсан-да. Лекин барибир раҳмат.
Эрали пақирни бергач, оҳиста юриб том четига келди, эҳтиёткорлик билан пастга қаради. Уни зимдан кузатиб турган кекса ишчи сарғайган мўйловини силаганча мийиғида илжайиб қўйди. Йигитчанинг ногоҳ чўчиб ўзини четга олганини кўрган ишчи унинг ёнига келди.
– Қўрқинчлими?
Эралининг тан олгиси келмади:
– Сал-пал.
Ишчи худди ҳовлидаги супага ўтиргандай хотиржамлик билан том лабига ўтирди.
– Эр йигит қўрқувини енгиши керак. Айниқса, – у юрагига ишора қилди, – мана бу ердагини эмас, – ишчи пешонасига ишора қилди, – мана бу ердагисини.
Эралининг ўзига ҳайрон бўлиб тикилиб қолганини кўрган кекса ишчи мулойим жилмайиб, дўс­тона кўз қисиб қўйди.

Эрали саҳар палла уйғониб кетди. Уфқ энди ёришиб келмоқда эди.
У спорт кийимларини кийиб кўчага чиқди-да, тоғ томонга бир маромда чопиб кетди. Бирпасда шудрингдан уст-боши ҳўл бўлган Эрали соф ҳаводан тўйиб нафас олганча тепаликка югуриб кўтарилгач, аввал тош отиб машқ қилди, кейин чўққи лабига келиб қуйига, тубсизликка қадалиб тикилиб тураверди.

* * *

Коллеж битирувчиларига тантанали диплом топширилган куни кечқурун уйда андаккина дилхиралик бўлди.
Гапни Ойгул хола бошлади:
– Энди қайси фермердан илтимос қилиб кўрамиз, ўғлим? Қайси бири сени ишга олар экан?
Эрали ўйлай-ўйлай, охири кўнглидагини айтди:
– Ойи… мен аввал бир ўқишга уриниб кўрсам дегандим.
Она-ку, индамади, аммо Гулзоданинг жаҳли чиқиб кетди:
– Ўқишга? Уйда шунча иш турганда сен ўқиш баҳона қочвормоқчимисан? Айтиб қўяй, ҳозир иссиғида ишга кирсанг кирдинг, кейин сени бирон фермер олмайди.
Ойгул хола ҳам бу фикрга қўшилди:
– Августда далада иш ҳам қолмайди-да, ўғлим.
Укасининг мунғайиб бош эгиб қолганини кўрган Гулзода сал ҳовуридан тушди:
– Қўй, Эрали. Ўқиш бойнинг боласига ярашади. Биз икки аёл сенинг коллежни битиришингга кўз тикиб ўтирибмиз. Энди оғзимиз ошга етди деганда ўйинбузуқлик қилма.
Эрали ялинди:
– Ойи… опа… бир уриниб кўрай.
Гулзода азалдан жаҳли тез қиз. Ҳозир ҳам ўзини тутиб туролмай, бақириб берди:
– Ҳов, бола, бўлмайдиган ишга вақтингни кетказиб нима қиласан? Шаҳарга бориб келишнинг ўзи бўладими?! Қадаминг пул.
Ойгул хола орага тушди:
– Ўзи қайсинисига бормоқчисан, болам?
Эрали оғир тин олди:
– Учувчиликка… Узоқ эмас… Жиззахда ўқитишаркан.
Гулзода яна тутади:
– Эсинг кетиб қолибди ўзи сен боланинг! Сен қаёқда-ю, учувчилик қаёқда?!
Эрали ўзини оқлашга уринди:
– Нима қипти? Учувчи бўлсам, бир кун келиб сизларни самолётимда олиб юрсам ёмонми?
Гулзода бўш келмади:
– Ўпкангни босиб ол, бола. Осмонга сакрашдан бурун, йиқиладиган жойингга ҳам бир қараб қўй.
Ҳовлига сукут чўкди. Ҳамма ўз хаёли билан банд эди.
– Опа… – илтижо қилди Эрали.
– Бормайсан! Сенинг шаҳарда ўйнаб келишинг­га берадиган бир сўмимиз ҳам йўқ.
Яна сукунат. Ойгул хола аста ўрнидан турди, хонага кириб, тахланган кўрпалар орасидан ниманидир олиб келди.
– Ма, болам. – Онанинг кафтида бир дона энли тилла сирға бор эди. – Биттасини… отанг­нинг қирқига ишлатгандим. Бунисини сенинг тўйингга деб асраб юргандим… Майли, ўқиш кўнг­лингда армон бўлиб қолмасин. Буни сот-да…
Гулзода чинқириб юборди:
– Ойи! Барибир киролмайди-ку. Осилган дорини қаранг.
Ойгул хола ўғлига ғурур билан боқиб, жилма­йиб қўйди:
– Отасининг боласи-да… Бир уриниб кўрсин, кейин биздан домангир бўлиб юрмайди.
Гулзода барибир ўзини босиб ололмай, тўнғиллади:
– Бунинг пулига тўртта қўзи олсак…
Ойгул хола қўлларини дуога очди:
– Омин, отангнинг руҳи қўлласин сени, болам.
Учовлон кафтларини юзларига сийпашди.

Улар намозшом палла, йўл бўйидаги кекса дарахт тагида, ҳар тарафга олазарак қараганлари кўйи бир неча дақиқага учрашишди. Қиз Тошкентга бораяпти экан. Эралининг ҳам уриниб кўриш ниятида эканлигини эшитган қиз хурсанд бўлди:
– Ишқилиб, ўтиб кетинг.
– Яхши бўларди. – Эрали кўнглидигани айтиб қолишга шошди: – Ўтиб кетсам… биласанми нима қилардим?
– Нима қилардингиз?
Йигит чуқур нафас олди ва сўзларни дона-дона қилиб, худди тантанали ваъда бераётгандай деди:
– Сени ЗАГСга самолётда оборардим.
Хижолатдан иссиғи чиқиб кетган қиз қўл силтади:
– Қўйинг-э…
Чорраҳа томондан шу тарафга яқинлашаётган одам қораси кўринган заҳоти қиз илдам йўлга тушди:
– Майли, мен кетдим. – Кейинги гапини Нафис йўл-йўлакай, аммо йигитга эшиттириб айтди: – Илойим ўтиб кетинг…
Юраги гупиллаб уриб кетган Эрали беихтиёр қиз ортидан талпинди, аммо дарахтга яқинлашиб қолган шарпани илғаб, шу томонда иши бордай қизга тескари тарафга юрди.

* * *

Ҳолва деган билан оғиз чучиб қолмайди, деганларидай, бу билим юртига ўқишга киришнинг ўзи бўлмас экан. Аввал туман ҳарбий комиссариатида жанговар учувчи бўлишни истаган йигитларни тиббий кўрикда элаб ташлашди. Гоҳ у шифокор текширади, гоҳ буниси. Униси “ўтир” деса, буниси “тур” дейди; униси “гапир” деса, буниси “жим тур” дейди…
Хуллас, силласи қуриган Эрали барокамерадан чиқиб, кейинги кабинетга ўтганида кекса шифокор бир йигитчани айланма стулда чирпирак айлантирарди. Ниҳоят стулни тўхтатган шифокор йигитчага полга бўр билан чизилган оқ чизиқни кўрсатди:
– Шундан юринг.
Жойида гандираклаб кетаётган йигитча бир қадам босар-босмас чайқалиб, бошқа томонга оғиб кетди.
– Уф-ф… Бўлмади… Бораверинг. – Шифокор норози тарзда қоғозга белги қўйди. – Навбатдаги.
Шифокор Эралини ўтқазган айланма стулни бир неча дақиқа айлантиргач, тўхтатиб, оқ чизиққа ишора қилди:
– Шу линиядан иложи борича узоқлашмай юринг-чи.
Эрали чизиқни тўппа-тўғри, ҳеч бир қийналмасдан, совуққонлик билан босиб ўтганди, шифокор анграйиб қолди.
– Ё тавба… Қани, болам, бери кел-чи. Яна бир синаб кўрсам бўладими?
Эрали елка қисиб қўйди:
– Бўлади.
Шифокор бу гал стулни тезроқ ва узоқроқ айлантирди. Бироқ Эрали яна чизиқни хотиржам босиб ўтди. Талабгорни гоҳ “сиз”лаб, гоҳ “сен”лаётган шифокор ҳовлиқиб уни ҳовлига олиб чиқди. Бу ерда оддий арғамчи бор эди, холос. Шифокорнинг ишораси билан икки бақувват йигит Эралини арғамчига чиқариб, унинг кўзини боғлашди-да, жуда тез учиришди. Сўнг арғамчини тўхтатиб, Эралини пастга туширишганди, боғични ўзи ечган йигит шифокор кўрсатиб турган чизиқни ҳеч нарса бўлмагандай бир текис босиб ўтди: балонда юмалайвериб, пишиб кетган йигит учун бу синов нима деган гап, ахир…
– Яшавор! – қичқириб юборди шифокор. – Ажойиб! Фамилиянг… фамилиянгиз нимайди?..
Тиббий текширувлар шу билан тугаб қолмади: билим юртида ҳаммаси бошидан бошланди. Нав­батдаги машаққатли чиғириқдан ўтганларгина тест имтиҳонлари топширишга киритилди.

Каттагина жомадонини кўтарган Эрали уйга жиддий тарзда, қовоғи уйилган ҳолда кириб келди. Деразадан бўйлаган Ойгул хола ҳовлига чопиб чиқди.
– Келдингми, болам!
Ойгул хола ўғлини қучоқлаб кўришди.
– Озиб кетибсан. Роса қийналибсан-ов.
– Йўғ-э… Опам қани?
– Даладайди. – Она ўғлига ачиниб қаради. – Болам, сен хафа бўлма, ҳамма ўқийверса, подани ким боқади. Ўн икки йил ўқидинг, етади…
Ниҳоят Эрали чидай олмасдан, баралла кулиб юборди:
– Ойи, мен ўқишга кирдим! Кирдим!
– А?.. – Ойгул хола аввал эсанкираб-довдиради, сўнг қуйилиб келган қувонч ёшларини тиёлмасдан Эралини маҳкам қучоқлаб олди, тит­раб-қақшаб шивирлади: – Минг шукр… минг шукр… Ўзингга шукр…

* * *

Омад бир келса қўшалоқлаб келавераркан: Нафисанинг ўқишга кириб кетганини эшитиб, боши осмонга етгудай қувонган Эрали дарслар бошлангунга қадар Тошкентга бирров бориб келишга улгурди.
Улар Талабалар шаҳарчасида айланиб юришганлари маҳал Нафиса кўп қаватли бинога ишора қилди:
– Ётоқхонамиз. Шу ердан жой беришди.
– Яхши бўпти… – Эрали айтсамми-айтмасамми дегандай бироз иккиланиб тургач, очиғига кўчди: – Нафиса. Бизда интизом сал қаттиқроқ.
Нафиса тушунгандай бош ирғади:
– Армия қаторими?
– Шунга яқинроқ, дейишяпти… Шунга… ҳар ҳафта олдингизга келолмасман…
Нафиса тўсатдан пиқирлаб кулиб юборди. Эрали гапидан адашиб, унга ажабланиб қаради.
– Биринчи марта… – ҳамон куларди қиз, – биринчи марта мени “сиз”лаяпсиз. Ғалати эшитиларкан-у, лекин шунинг ўзиёқ талаба бўлишга арзиркан.
Эрали қизариб кетди:
– Ҳа, энди, катта бўлиб қолдик.
– Майли, майли… Дарров ўзингизга олаверманг-да. Ўқишми, ўқиш! Телефон бор-ку.
– Бор, бор… Энди сизни ётоқхонангизгача кузатиб қўйсам.
– Йўқ, шу ерда хайрлашамиз. Тағин кечикиб юрманг. – Атрофга аланглаб қўйган қиз худди муҳим сирни айтаёгандай Эрали томон сал энгашиб, паст овозда маълум қилди: – Суриштириб билдим, анави тарафда аэродром бор экан, шундай шаҳардан чиққан жойда.
– Аэродром? – гарангсиб сўради ҳеч нарсани тушунмаган Эрали.
Энди қиз дув қизарди. Афтидан, у йигит бир пайтлар берган ваъдасини аллақачон унутган деган ўйга борди, шу сабаб, ноқулай аҳволга тушганини яширишга уринган кўйи шоша-пиша:
– Шунчаки… Ҳар эҳтимолга қарши айтиб қўйгандим-да. Мабодо… мабодо бирон кун самолётда келиб қолсангиз… Хайр. Яхши боринг, – деди-да, ётоқхона томон чопиб кетди.
Шундагина ҳаммасини тушунган, аламдан пешонасига шапатилай деган Эрали қўлларини оғзига кўвача қилиб қиз ортидан бақирди:
– Келаман, албатта самолётда келаман! Самолётда!..
Йигитнинг назарида ётоқхона эшигидан кираётган маҳал Нафиса ўгирилиб қарагандай, ҳаттоки жилмайиб ҳам қўйгандай туюлди.

* * *

Жиззах Олий ҳарбий авиация билим юртида дарслар бошланди. Ўқув машғулотлари билан жисмоний машқлар узлуксиз алмашиб туради, орада амалиёт: компьютерда самолёт-вертолёт бошқарувини таъминлаш; сал вақт қолса кутубхонага чоп. Булар-ку, майли, чидаса бўлади, аммо ўқув йилининг уч ойи ўтар-ўтмас баланд тепаликка олиб чиқиб, пастга ўқув парашютида сакратишлари ёмон экан.
Мактабдаги аччиқ тажриба ёдидан чиқмаган Эрали жон-жаҳди билан бировга сир бериб қўймасликка уринарди. Шу боис баъзан шошқалоқликка йўл қўярди: у тепаликка чиққан заҳоти қуйига қараб қўймаслик учун дарҳол ўзини пастга отар, натижада майор Жўрабоевнинг даккисини эшитарди.
Мана шундай кунларнинг бирида ётоқдаги икки кишилик хонада дарс қилиб ўтирган Эралини навбатчи-посбон чақириб қолди: .
– Ғаниев! Сенга келишибди.
Эрали ҳайрон бўлди:
– Менга?.. – У учиб ўрнидан туриб, шоша-пиша кийимларини текисларкан, ҳаяжон билан шивирлади: – Ойижон! Опа…
Эрали кириш дарвозаси ёнига учиб борди. Бу ерда одам гавжум эди: якшанба, курсантларни кўргани келишган. Ичкаридан чиқиб келаётган курсантларни яқинлари қучоқлаб олишган, сал нарида, дарахтлар тагига тўшалган дастурхонлар томон бошлашган.
Кўзлари чақнаб турган Эрали атрофга аланг­лади, аммо дарвозага кўз тикиб турганлар орасида онаси ҳам, опаси ҳам кўринмасди. Шу пайт йўлак ёнига қўйилган қора рангли “Мерседес” машинасидан олифта кийинган, қора кўзойнак таққан Усмон тушиб келди.
– Қалайсан, бўлғуси генерал!
Эрали қучоқ очиб турган собиқ синфдоши, гуруҳдошига ноилож қўл узатди. Бироқ Усмон барибир уни қучоқлаб олди.
– Унақа эмас-да энди, ўртоқ. Ҳар қалай, бегона эмасмиз-ку. Ё ҳарбийлар шунақа дийдаси қаттиқ бўлиб кетишадими?
Эрали аниқ жавобдан ўзини олиб қочди:
– Нега энди?!.
Усмон қўлидаги бошқарув калити тугмачасини “чиқ” этказиб босганди, машинанинг юкхонаси оҳиста очилди.
– Қисқаси, тандир-пандир, шашлик. Командирларингга тозасидан ҳам бор. Ҳаммаси сенга, ўртоқ.
Бунақа сахийликни кутмаган Эрали баттар ҳайрон қолди:
– Раҳмат-у, лекин бу ерда мумкин эмас.
Усмон бепарво қўл силтади:
– Иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқ, ўртоқ. Агар ҳозир анави ғўдайиб турган соқчига тўрт сўм қис­тирсам, нарсаларни ўзи хонангга обориб қўяди…
Эрали қатъий туриб олди:
– Ростданам мумкин эмас. Тартиб-қоида шунақа.
Усмон ён берди:
– Бўпти, бўпти. Тартиб-қоида сенга ўхшаган лохларга чиқарилган ўзи. Қисқаси, оғайни, бир маслаҳатли иш чиқиб қолди. – У Эралини қўлтиқлаб чеккароққа олиб ўтаркан, одатига кўра йўл-йўлакай кўзойнагини тўғрилаб қўйди. – Энди гапни аччиқ ичакдай чўзиб ўтирмайман… Битта ақлли гап айтайми? Мен эркин тадбиркорман. Қўлида пул ўйнайдиган ишбилармонман. Мен бировнинг буйруғи билан тонг саҳарда ўрнимдан туришни, чопишни, машқ қилишни, ғўдайиб қоровулликда туришни, ҳожатхона тозалашни ўзимга раво кўрмайман…
Гап ўзани қаёққа кетаётганини тусмол қилган Эрали унга эътироз билдиришга уринди:
– Менга қара…
Усмон дарров шахдидан тушди:
– Бўпти, бўпти, фақат ватанпарварликдан маъруза ўқимай қўя қол. Ўзи шароитингни кўриб турибман. Ҳар якшанба тўрт соатга шаҳарга чиқишга рухсат, шунақами?
– Нима эди?
– Шунақа! Аллақачон сўраб-суриштирганман. Демак, беш йил умринг шу режимда ўтади. Бу ёқда эса гулдай бир қиз сени кутиб сўлиб ўтириши инсофданми? Хоҳлаган пайтинг олдига боролмасанг, хоҳлаганча бирга юролмасанг. Шуям ҳаётми? Қўлингдан келгани “алё… салом… хайр…” Шу, холос. Бир кун келиб генерал бўлганингда эса, ҳаёт аллақачон ўтиб бўлган бўлади.
Жаҳли чиқиб бораётган Эрали ўзини оғирликка солди:
– Тушунмадим.
– Ҳозир тушунасан. Қисқаси, – Усмон кўзойнагини олиб, Эралига тик боқди: – мен Нафисаникига одам юборяпман.
Титраб кетган Эралининг кўзлари қисилди:
– У сенга тегмайди!
Усмон хотиржам эди:
– Тегади. Бу ерга келганимнинг сабаби, мабодо, телефон қилиб қолса, яна минғирлаб ўтирма демоқчиман. Эркакчасига келишиб олайлик. Яна кўзингнинг сувини оқизиб “Сенга ўзим уйланмоқчийдим…” деб ўтирма-я. Биласан, қиз боланинг кўнгли бўш бўлади. Бунинг устига “Йўқолган пичоқнинг сопи олтин” деган гапларам бор…
– У сенга тегмайди дедим! – тишлари орасидан такрорлади Эрали.
Усмон очиқдан-очиқ мазахга ўтди:
– Нима, ваъдасини олиб қўйганмисан? Ё ихтиёри сендами?
Нимадир демоқчи бўлган, лекин лаблари тит­раб, гапиролмаган Эрали жаҳл билан қўл силтаганча, дарвоза томон юрди. Усмон унинг ортидан бақириб қолди:
– Ҳой жинни! Тандир-чи? “Тентак сув”-чи?
Эрали бу гапларни эшитмагандай ичкарига кириб кетди.

Йигит хонасига чопиб борган заҳоти телефонида қайта-қайта ўзига ёд бўлиб кетган рақамларни терди. Аксига олиб телефондан “Абонент хизмат кўрсатиш доирасидан ташқарида”, деган жавоб келаверди. Эралининг бўлари бўлиб, фиғони фалакка чиқиб турганида хонага иккита катта-катта сумка кўтарган навбатчи терлаб-пишиб кириб келди.
– Ғаниев, сенга берворишди. Ўртоғинг экан. Ҳидини қара, ҳидини… Сўлак безларим ишлаб кетди-я…
Навбатчи гапини тугатиб улгурмасидан бурун Эрали шартта сумкаларни унинг қўлидан юлқиб олди-ю, очиқ деразадан пастга отиб юборди. Сумкалар асфальт йўлакка гурсиллаб тушди, шишаларнинг жаранглаб сингани эшитилди. Ётоқхона ёнидан ўтиб бораётган майор Жўрабоев тўхтаб, жаҳл билан тепага, иккинчи қават деразасига қаради.
– Ким бу? Қайси хона? Қирқ иккими?
Энди барибир яшириниб бўлмасди. Тажрибали майор хоналарнинг жойлашишини ёддан биларди. Эрали деразадан бўйлади.
– Курсант Ғаниев! Ўзимам сиз бўлсангиз керак деб ўйловдим. Қани, тез бу ёққа тушинг-чи.
Эрали оёғини қўлига олиб югурганча бир дақиқада майорнинг қаршисида ҳозир бўлди:
– Ўртоқ майор. Биринчи босқич курсанти Ғаниев буйруғингизга биноан…
Майор унинг гапини бўлиб, сумкаларга ишора қилди:
– Аввал мана бу ерни ёғ тушса ялагудай қилиб тозалайсиз, тушунтириш хати ёзиб, менга топширасиз, кейин эса уч суткага гауптвахтага равона бўласиз. Тушунарлими?
– Худди шундай, тушунарли, ўртоқ майор.
– Тушунарли бўлса, бажаринг.
Майор ҳавони ҳидлаб-ҳидлаб қўйгач, афсус­лан­гандай бош чайқади-да, йўлида давом этди. Эрали энгашган маҳал бунинг сабабини билгандай бўлди: сумкалардан биридан ароқ сизиб оқмоқда эди.

* * *

Сармоядорроқ оилада эркатой бўлиб ўсган, ўзи истаган нарсани доимо қўлга киритиб ўрганган Усмон совчиларнинг иккинчи гал ҳам қуруқ қайтишганини эшитиб, ўзини қўярга жой тополмай қолди. Қанақасига? Биринчи сафарни-ку, онаси айтганидай, қизи борнинг нози бор, қабилидаги ҳикматга йўйганди, аммо иккинчиси-чи? Ҳатто “Ёшлар бир учрашиб кўрсин” ҳам дейишмабди. Уялмай-нетмай “Қизимиз кўнмади” де­йишибди. Бу… бу унга нисбатан ҳақорат эмасми? Ким бўлибсанки… Ҳе ўша сенга тарбия берганларнинг…
Ҳа, айнан шундай: ким бўлибдики… Бир кўнг­ли шартта қўл силтаю, кет, дейди; ана, ҳаммаёқ сулувлару барнолар, дарахтни тепсанг камида тўртта маликаи Ҳуснобод ёғилади. Лекин, иккинчи томондан қараса, бу қилиғи билан қиз Усмонни писанд қилмаслигини кўрсатмаяптими? Агар шунақа манманлик қилаётган экан, бу ўзига зарар: Усмон жимгина бўйин эгиб кетаверадиганлардан эмас. Илло, қайси бир муаллим айтганидай, қаршилик қаршилик туғдиради. Мана энди сен билан бошқача гаплашамиз, яхши қиз!..
Азалдан аён ҳақиқат бу: қасдлашган кўнгилда бадбин режалар патос бойлай бошлайди…
Усмон вилоят марказидаги шоҳбекатга бориб турди. Тошкентдан келиб тўхтаган автобусдан йўловчилар гуриллаб тушишди. Машинасини чеккароқда қолдирган Усмон сумка кўтарган Нафисанинг ёнига борди.
– Яхшимисиз, Нафисахон.
Нафиса йигитни кўриб хижолат чекди:
– Вой, Усмон, ассалому алайкум.
– Ваалайкум. Уйгами?
– Ҳа.
– Опкетай. Менам қишлоққа.
– Раҳмат. – Қиз бўйнини чўзиб, катта йўлга қаради: – Мен маршруткада…
Усмон илжайди:
– Майли, жуда қўймасангиз маршрутка пулини оларман. Ўзи бу ерга синглимни опкетишга келгандим, бир дугонасиникида экан, йўлга чиқиб тураман деди.
– Роҳилами?
– Ҳа. Кетдикми?
Нафиса иккиланиб туриб қолди.
– Ишонмасангиз Роҳила билан гаплашинг, у мени қайрилишда кутиб турибди. – Усмон телефонини узатди: – Номерини терайми?
– Йўғ-э, – хижолат чекди Нафиса. – Роҳила бўлса… майли. Бирга…
– Ҳа-да. Юринг. Манави ёқда аравам…
Нафиса орт ўриндиққа ўтирди. Катта йўлга чиқишгач, Усмон ўриндиқ ёнидаги термосдан чашкага шарбат қуйиб узатди.
– Марҳамат. Онам ўз қўли билан тайёрлаган. Самарқанд гилосидан.
– Раҳмат.
– Аввал ичиб кўринг, раҳматни кейин айтасиз. Чет элликларга бергандим, жинни бўлиб қолишди ўзлариям. “Бунақа ширин сокни умримизда ичмаганмиз”, дейишди. Табиий-да.
Нафиса чашкани олиб, шарбатдан ҳўплади.
– Бемалол “оқ” қилиб ташлайверинг. Қўрқманг, спирти йўқ.
Нафиса кулимсираб қўйгач, шарбатни ичди.
– Ростданам ширин экан.
Усмон кўтаринки оҳангда қизнинг гапини маъқуллади:
– Ширин ҳам гапми, асал, асал!
Нафиса минг истиҳола билан, узр сўраётгандай оҳангда деди:
– Усмон. Роҳила йўқлигида айтиб олай. Мендан хафа бўлгандирсиз. Лекин…
Усмон қизни гапиргани қўймади:
– Асли ўзим нотўғри иш қилдим. Аввал олдингиздан бир ўтишим керак эди. Бекорга шунча одамни овора қилиб… Қайтанга ўзим уялиб қолдим… Лекин, эшитишимча, уйдагиларингиз “Шундай одамлардан совчи келди”, деб роса хурсанд бўлишган экан.
Нафиса кулимсиради:
– Сиз уларга эмас, менга одам қўйгансиз шекилли…
– Бу гапингизам тўғри. – Кўзойнагини тўғрилаб қўйган Усмон тезликни пасайтириб, ортига ўгирилди: – Бир ақлли гап айтайми?
– Айтинг. – Жилмайиб турган Нафиса беихтиёр эснади, бундан хижолат тортди. – Вой узр.
– Ҳечқиси йўқ.
Йигитнинг яна ўгирилиб йўлга қараб олганини кўрган қиз сўради:
– Ақлли гап… айтмоқчи эдингиз.
– Айтаманам! – мамнун илжайди Усмон. – Қўлга келиб қўнган қушни учириб юбориш ё бош­қа бировга қўшқўллаб тутиш – ғирт нодоннинг иши.
Ҳеч нарсани тушунмаган Нафиса бўшашиб:
– Яъни… – деди, афтидан, ниманидир аниқ­лаштирмоқчи бўлди, аммо бошқа гапиролмади. Бунинг ўрнига кўзлари сузилиб, боши “шилқ” этиб тушди: қиз ухлаб қолганди.
Усмон машинани орқага қайириб олиб, бирдан тезликни оширди:
– Мана шунақа!

* * *

Бир ҳафтача бўлиб қолди, Нафисанинг телефони ўчган. Кўнгил – душман; хаёлга нималар келмайди.
Эрали кечки овқатдан кейин кийим-бош ювиладиган хонага қамалиб олиб, рақамларни тераверди, тераверди. Аммо бундан нима наф?..
Эрали шу ҳолатда юраги сиқилиб ўтирганида хонага икки курсант кириб келди. Озғин, нимжонроқ Тоҳир билан хирсдай бақувват Носир деярли ҳамиша бирга юришади. Носирдай танқўриқчисига ишонса керакки, Тоҳир унча-бунча курсантни писанд қилмайди, бемалол осмондан келиб муомала қилаверади. Шунгами кўпчилик уни орқаворатдан “Чиранчиқ” деб атайди. Аммо Тоҳирнинг калласи балодай ишлайди, айниқса, чет тилидан олгани “аъло”. Тоҳир билганларини ҳимоячисига ўргатса керакки, ҳозир ҳам улар ўзаро инглизча ғужурлашишарди. Тоҳир кўйлак-ёқаларни ичкарига ташлаб, махсус жойга кир ювиш кукунидан солгач, тугмачани босган эди, машина автомат ғириллаб ишлаб кетади.
Носир тумтайиб ўтирган Эралидан ҳол сўраган бўлди:
– Тинчликми?
Эрали хушламайгина жавоб қайтарди:
– Тинчлик.
Носир тирғалишини қўймади:
– Ҳозир биз нима деганимизни тушундингми?
– Йўқ.
– Эртага учиш амалиёти дедик.
Тоҳир истеҳзоли илжайди:
– Шу оддийгина гапларниям тушунмадингми, нодон?
Эрали асабийлашди:
– Сенам менга ўхшаб мактабда тўрт йил немис тили, беш йил француз тили, коллежда уч йил инг­лиз тили ўқиганингда кўрардим аҳволингни.
Тоҳир мақтанди:
– Мен махсус мактабда ўқиганман.
– Шунга чулдираяпсан-да, – бўш келмади Эрали ҳам.
Тоҳирнинг авзойи бузилди:
– Менга қара, тушунмадим, сен менга дўқ уряпсанми?
Эралига барибир эди:
– Тушунганинг.
– Ҳов бола, – Тоҳир Эралига яқин келди, сал энгашиб, унинг иягидан тутди: – мен билан ўйнашма, бир урсам нақ қишлоғингга бориб тушасан-а!
Бу чиранчиқнинг ўзини қандай уришини тасаввур этиб, кулгиси қистаган Эрали ўрнидан турди:
– Ўзинг бирга бир чиқасанми, – дея у Носирга ишора қилди, – ё телехингни ўртага соласанми?
– Сени ўзим эзиб ташлайман!
Тоҳир ҳезланиб, Эралининг юзига мушт туширмоқчи бўлди, аммо у ўзини чаққонлик билан четга олганди, мушти бўш ҳавога йўлланган чиранчиқнинг ўзи мункиб кетди. Бундан фойдаланган Эрали чап қўлда унинг иягига мушт солди. Тоҳир бўш қопдай орқага учиб кетди. Ниҳоят аралашмаса бўлмаслигини тушунган Носир осонлик билан Эралини ўзи томон қайириб олиб, бир уришда уни эшикка қапиштириб ташлади.
Шовқинга навбатчи чопиб келди.
– Нима гап?
Носир кир ювиш машинасига диққат билан қараб турган ҳолда жавоб қайтарди:
– Негадир яхши ишламаяпти. Курсант Ғаниев шуни сизга айтишга бораётиб, тойиб кетди. Шу.
Навбатчи аввал Эралига, сўнг иягини чангаллаб турган Тоҳирга қаради:
– Курсант Исомиддиновга нима қилди унда?
Носир Тоҳирга бир қаради, икки қаради, аммо нима дейишни билмасдан пешонасини қашлади.
– Ҳали ёлғон тўқиб улгурмадингизми?
Навбатчининг бу гапига жавобан Носир очиқкўнгиллик билан кулиб юборди:
– Тўғриси, улгурмадим. Жуда тез етиб келдингиз-да. – У навбатчининг ёнига борди: – Ўртоқ навбатчи. Эртага ҳақиқий самолётда биринчи учишимиз. Шунга болалар ҳаяжонланишяпти-да. Бўлиб туради. Бошингиздан ўтган-ку…
Носир навбатчини қўлтиқлаганча яна нималарнидир гапирган кўйи хонадан олиб чиқиб кетди.
Тоҳир Эралига ўқрайиб қараб, дўқ урди:
– Ҳали кунингни кўрсатаман! Менга қўл кўтарганингга минг пушаймон бўласан!
Аллақачон ўзининг ташвиш-хавотирли ўйларига ғарқ бўлган Эрали лоқайд жавоб қайтарди:
– Қўлингдан келганини қилмайсанми?!
Дарҳақиқат, бу кун курсантлар учун ўзгача ҳаяжонларга тўла кун эди. Улар эрталабдан ҳарбий машқлар аэродромида йўриқчи-учувчи бошчилигида самолётларда учишга тайёргарлик кўра бош­лашди.
Сафни охирги марта кўздан кечириб чиқаётган майор Жўрабоев Эралининг бир томони кўкарган юзини кўриб қолди.
– Курсант Ғаниев! Бу яна нимаси?
Эрали дарҳол жавоб қайтарди:
– Йиқилиб тушдим, ўртоқ майор!
Майор унга шубҳаланиб қаради, аммо гумонини айтиб ўтирмасдан, таъкидлаб сўради:
– Учоласизми ишқилиб?
– Худди шундай, ўртоқ майор, учоламан.
Майор ишонқирамасдан бош чайқаб қўйгач, сафни кўрикдан ўтказишда давом этди.
“Эркин!” буйруғи янграганидан кейин курсантлар ҳаяжон билан самолётда учиш навбати келишини кутиб, уймалашиб туришди. Шу маҳал Эралининг телефони жиринглаб қолди. У шошиб чўнтагидан аппаратни олдию, экранчадаги “Нафиса” ёзувини кўриб, ҳаяжон билан чеккароққа чопиб ўтди. Эрали шовқинни босиш учун бақириб гапира бошлади:
– Яхшимисиз, Нафиса… Нега телефонни кўтармайсиз? Юз марта қўнғироқ қилдим ўзиям… Алё, эшитяпсизми? Алё… Нафиса…
Самога кўтарилган самолёт узоқлашди. Бирдан атрофга жимлик чўкди. Ва мана шу сукунат ичида Нафисанинг пичирлагани аниқ-тиниқ эшитилди:
– Бугун… бугун тўйим…
– А?
Қисқа гудоклар. Кўз олди қоронғилашиб, қалт-қалт титраётган Эрали қайта қўнғироқ тугмачасини босди. Телефон ўчган…
Аллақаёқдан, узоқ-узоқдан майорнинг овоз кучайтиргичда айтаётгани эълони эшитиларди:
– Курсант Ғаниев!.. Ғаниев! Кармисиз, нима бало? Сизнинг навбатингиз! Ғаниев деяпман!
Эрали бирдан оғирлашиб қолган оёқларини базўр судраб, маст одамдай чайқалган кўйи ҳарбий самолёт ёнига борди, судралиб кабинага чиқди, учувчи жойига ўтирди. Унинг ҳаракатларини энсаси қотиб кузатиб турган майор норози тарзда бош чайқади ва рўйхатга ниманидир белгилаб қўйди.
Қулоғи шанғиллаётган Эрали минглаб бўлак­ларга бўлиб ташланган, парча-парча бўлиб кетгандай туюлаётган танасини, энг муҳими, пароканда ўйларини бир жойга йиғиб олишга уринаркан, қаршисида ўзига мулойим жилмайиб турган йўриқчи-учувчи Қўлдош акани кўрди. Эллик ёшлардаги, қўй кўзлари кулиб турадиган Қўлдош ака, курсантларнинг меҳрибон устози.
– Ҳаммаси жойидами? – деб сўради йўриқчи-­учувчи.
Эрали бир амаллаб жавоб қайтарди:
– Жойида.
– Унда кетдик.
Парраклар ишга тушди, улар тобора тезроқ айлана бошлади. Ниҳоят йўриқчи самолётни ўрнидан қўзғатиш рухсатини берди. Самолёт аэродром четига қадар шиддатли тезликда борди ва юқорига кўтарилди.
– Яхши. Биринчи парвоз муборак бўлсин, Ғаниев!
– Раҳмат.
– Давом этамиз…
Парвоз бир маромда кечмоқда. Эрали неча йиллар интиқиб кутган парвоз қувончига қўшилган ногаҳоний айрилиқ алами унинг қалбини остин-устун қилиб ташлаган эди. Наҳот орзулари саробга айланган бўлса. Наҳотки…
Йўриқчи-учувчининг луқмаси Эралини ўзига келтирди:
– Хаёлинг жойида эмасга ўхшайдими, Ғаниев?
Эрали хўрсинди, беихтиёр тан олди:
– Юрагим куйяпти, Қўлдош ака.
Қўлдош ака жилмайди:
– Ерда дўхтирлар кутиб туришсинми?
– Шарт эмас… – Эрали чуқур нафас олди, пастга, қуйида қолган булутлар қатламига қаради. – Қизиқ, тепадан қаралса, булутлар… шудгорланган ерга ёққан қорга ўхшаркан, а.
Қўлдош ака бош ирғаб, бу ўхшатишни маъқуллади:
– Шундай.
– Ўртоқ йўриқчи-учувчи, бошқаришни тўла зиммамга олишга рухсат беринг.
Қўлдош ака бир зум ўйланиб қолди, сўнг, йигитнинг овозидаги ҳазинлик, ғусса таъсир қилдими, бош ирғаб, ёнидаги тугмачани босди:
– Рухсат.
Нимагадир аҳд қилган Эрали булутлар орасини ёриб ўтдию, курсни қишлоғи томон олди.
Қўлдош ака беозор тўнғиллаб қўйди:
– Оббо, сенинг юрагингни деб бошимиз балога қолмасайди ҳали.
Эрали бу гапни эшитмагандай самолётни пастлатаверди.
Қишлоқдан чиқиб келган тўй машиналари сафидаги қора “Мерседес”да келин-куёв ўтирарди. Олдинги ўриндиқда, ҳайдовчининг ёнида аллақачон кайф бўлиб қолган куёвжўра Собир.
Тўсатдан тиниқ осмонда пайдо бўлиб, шиддат билан шу тарафга учиб келган самолёт пастлаб, машиналар карвони устидан ўтди. Машинадагилар бақир-чақир қилиб ўз қувончларини изҳор қилишга шошишди. Аммо келинчакнинг ранги оқариб кетди, шошиб орқага ўгирилиб, самолёт изидан қараб қолди.
Собир ойнадан бошини чиқариб, шодон қўл силкиди:
– Эҳ-ҳе-ҳей!.. – У бошини ичкарига олиб, ортга ўгирилди, куёв йигитга ҳасад аралаш ҳавас билан қаради. – Самолётни ўзинг заказ қилдингми, оғайни? Соққаси қанча бўлди? Ё Эрали қарашвордими? Бира тўла бир эскадрилясини чақирмабсан-да. Осмонда “Усмон плюс Нафиса” деган ёзув­ни ёзишарди. Даҳшат бўларди ўзиям!
Усмон бу мақтовларнинг ўзига дахли йўқдек йўлдан кўз узмай, миқ этмасдан кетаверди.
Самолёт айланиб, иккинчи бор келганида ваҳимали даражада пастлаб учди. Видеочи камерасида, куёвжўралар эса қўл телефонларида жон-жаҳдлари билан самолёт томошасини суратга олишарди.
Самолёт машина қаршисидан учиб ўтаётганида Нафиса кабинада ўтирган Эралини кўрди. Аниқ кўрди. Йигит ҳам қизга кўз ташлашга улгурди.
Самолёт шиддат билан тепага кўтарилди. Келинчак орт ойнада оппоқ доғ мисоли кўкка термулиб қолаверди.
Усмон кўзойнагини тўғрилаб олиб, Нафисага ўгирилди:
– Бир ақлли гап айтайми?
Аммо келинчак уни эшитмаётгандек ҳамон мовий кўкдан, узоқлаб, нуқтага айланаётган самолёт­дан кўз узмасди…

Эралининг кўзлари жиққа ёш эди.
– Сал босилдими, ўғлим? – меҳрибонлик билан сўради Қўлдош ака.
Эрали бош чайқади.
– Ҳечқиси йўқ, ўзи шунақа бўлади, – уни юпатишга уринди Қўлдош ака. – Яра бир ловуллаб оғриб, кейин тузалади. Ҳар қалай, у энди бировнинг хасми. Бахтли бўлсин… Хўш, энди реал ҳаётга қайтайлик.
Йўриқчи-учувчи алоқани ишга туширди. Шу заҳоти майор Жўрабоевнинг фиғони фалакка чиқиб бақираётгани эшитилди:
– Йўриқчи-учувчи Жалилов! Жалилов! Жалилов!
– Ўртоқ майор, – айбдорона оҳангда изоҳ берди Қўлдош ака. – Кутилмаганда алоқа узилиб қолди денг. Мана, ҳозиргина тикланди.
– Шунинг учун курсни ўзгартирдингизми? Бу нима ўзбошимчалик? Тез базага қайтинг!
– Хўп бўлади, ўртоқ майор! Алоқа тугади. – Қўлдош ака Эралига қараб жилмайиб қўйди. – Рухсатингиз билан бошқарувни ўз зиммамга оламан, жигит.
Эрали унсиз бош ирғади. Самолёт кескин бурилиш ясаб, аэродром томон учди.

Бир муддат алоқа йўқолган самолётни курсантлар аэродромда шовқин-сурон билан қарши олишиб, экипажни саволларга кўмиб ташлашди: “Нима бўлди?.. Айб қаерда экан?.. Қўрқмадиларингми?..” Фақат қовоғидан қор ёғаётган майорнинг:
– Бу нима шовқин? Бозорми бу ер сенларга? – деган бақириғидан сўнггина ҳамма жимиб қолди.
Ҳатто телефонига қараб, бирдан ҳовлиқиб қолган, энди майорга мурожаат қилмоқчи бўлган Тоҳир ҳам тилини тишлади. Ҳамма ўз жойини эгаллади ва машғулот давом эттирилди.

Албатта, бу масала шундай қолиб кетиши мумкин эмас эди. Майор Жўрабоев ҳам амалдаги тартиб-қоидаларга бўйсунган ҳолда машғулотлар тугаб, билим юртига қайтишган заҳоти муассаса раҳбари полковник Расуловга мурожаат қилди.
– Ўртоқ полковник. Буларга нисбатан қатъий интизомий чора кўрмасак бўлмайди.
Йўриқчи-учувчини неча йиллардан бери яхши биладиган полковникнинг бу гапга ишонгиси келмади.
– Қўлдош ака тажрибали йўриқчи. Жуда таж­рибали. Балки чиндан ҳам алоқа узилиб қолгандир.
Майор истеҳзоли илжайди:
– Шу арзимаган баландликда-я. Бўлиши мумкин эмас.
– Техника бу, ўртоқ майор. Ҳар нарса бўлиши мумкин.
– Унда бунга нима дейсиз? – Майор қандайдир қониқиш билан қўл телефонидаги видеоёзув­ни кўрсатди. Унда келин-куёвнинг машиналар карвони устидан шиддат билан, жуда пастликда учиб ўтаётган ҳарбий самолёт кўринди. – Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади, деганлари шу-да. Алоқа узилган эмиш. Бизни аҳмоқ деб ўйлаганми булар… – Полковникнинг қошлари чимирилаётганини кўрган Жўрабоев бирдан жиддий тортди: – Бу уставни, барча йўриқномаларни ҳамда техника хавфсизлиги меъёрларини атай ҳамда қасддан бузиш ҳисобланади, ўртоқ полковник.
Полковник кумуш сочларини силаганча ўйланиб қолди. Сўнг қизиқиб сўради:
– Айтгандай, сиз бу видео ёзувни қаердан олдингиз, ўртоқ майор?
– Интернетдан, прямой репортаж қилиб киритиб юборишибди азаматлар.
– Ҳм-м… Нима, ўзингиз интернетга кириб турасизми? Иш пайтида.
– Йўғ-э, вақт қайда. Курсантларимиздан бири тасодифан кўриб қопти… Хуллас, мана менинг рапортим. Мен курсантни билим юртидан ҳайдашни, йўриқчини эса уч ойлик синов муддати билан механикликка ўтказишни талаб қиламан.
Полковник рапортни олди.
– Мен бир ўйлаб кўрай.
Майор ўрнидан турди:
– Кетишга рухсат беринг.
Полковник хўрсинди:
– Рухсат.
Полковник рапортга тезгина кўз югуртириб чиққач, дераза ёнига бориб, ташқарига қаради, курсантларнинг машғулотини бироз кузатган бўлди, сўнг қайтиб жойига келиб ўтирди-да, столдаги тугмачани босди.
– Жалилов келган бўлса, айтинг, кирсин.
Эшик оҳиста очилиб, Қўлдош ака кирди.
– Чақиртирганмидингиз, ўртоқ полковник.
Расулов шошиб ўрнидан турди:
– Келинг, Қўлдош ака, келинг. Сиз билан бир гаплашиб олай деб чақирдим-да… Марҳамат, ўтиринг.

* * *

Ҳаммаси тамом бўлди…
Эрали хонасида тушкун кайфиятда, ҳукмни кутиб ўтирарди. Низомга кўра билим юртидан ҳайдашлари тайин. Ишқилиб, Қўлдош акага гап тегмаса бўлди эди. “Менинг касримга…”
Эшикдан бўйлаган Тоҳир ёш боладай тилини чиқариб, майна қилаётгандай бошини чайқади:
– Бай-бай, курсант Ғаниев… Ие, нега ҳалигача нарсаларингни йиғиштирмадинг?
Мушт бўлиб тугилган бармоқлари қисирлаб кетган Эрали аста ўрнидан тура бошлади:
– Кир, ёрдамлашворасан.
Тоҳир ҳушёр эди – қочиб қолишга ўнғай бўлсин учун гавдасини сал орқароққа олди, аммо гап­дан қолмади:
– Ўзлари баҳузур.
Энди мазах қилиш навбати Эралига ўтди:
– Ёнингда телехинг бўлса кирардинг-а.
Бунақа пичингларни эшитавериб, бети қотиб кетган Тоҳир пинагини бузмади:
– Сен яхшиси ўзингнинг келажагингни ўйла, нодон.
– Сенам мен ҳақимда қайғурмай қўя қол.
Тоҳир билағонлик қилди:
– Ўлибманми қайғуриб! Ҳаммаси кафтдагидай кўриниб турган бўлса. Сени мардикорлик, қора иш қучоқ очиб кутиб турибди, тўнка. Энди бундан кейин кимга сакрамаслик кераклигини билиб оларсан. Лекин кеч!
Кўзи қонга тўлган Эрали ичкарига таклиф қилди:
– Бу ёққа кириб гапир-чи?!
Унинг важоҳатини кўрган Тоҳир жон алпозда жуфтакни ростлаб қолди. Эрали эшикни маҳкам бекитди-да, нарсаларини йиғиштира бошлади.
Бу сафар эшикни навбатчи очди:
– Курсант Ғаниев. Сизни сўраб келишибди.
Бу хабарни эшитган Эрали гарангсиб қолди. Ким экан? Наҳотки яна ўша аблаҳ… Нега келади?

Назорат-ўтказиш постидан не хаёлларда чиқиб келган Эрали дарахт баҳайбат эман дарахти ёнидаги ўриндиқда ўтирган онаси билан опасини кўрди.
– Вой, ўргилай болам…
– Укажон!..
Улар қучоқлашиб кўришди.
– Баттар озибсан-ку, болам.
– Қорайибсан. Энди ҳақиқий йигитга ўхшабсан.
Ҳаяжонли ҳол-аҳвол сўрашишлар, пича кўз ёши ҳам тўкиб олишлардан сўнг Ойгул хола ўғлига диққат билан қараб туриб сўради:
– Кайфиятинг йўқми, болам?
– Йўғ-э, – шошиб жавоб қайтарди Эрали, – сал чарчаган бўлсам керак-да.
Ойгул хола енгил тин олди:
– Унда майли… Камандирларингга раҳмат айтиб қўй, бугун бозор бўлмасаям сени чақириб беришди. Биз ўзи Жиззах бозорига келгандик. Йўл-йўлакай сениям бир кўриб ўтайлик дедик.
Эрали ҳайрон бўлди:
– Бозорга. Тинчликми, ойи?
Ойгул хола мағрур тарзда, ҳаттоки қаддини сал ростлаброқ дедики:
– Опангга нон синдирдик. Худо хоҳласа, – она уялиб, ўзни четга олган қизига қараб, кулимсираб қўйди, – Худо хоҳласа кўклам тўй. Шунга мато-чўбарак дегандай…
Эрали ҳам яйраб кетди:
– Почча ким?
– Яхши одамларнинг боласи. Олмалидаги Тиркаш муаллимнинг кенжаси. Сен танимасанг кераг-ов. Улар асли найман уруғидан…
КППдан чиқиб, атрофга аланглаган навбатчи шошиб Эралининг ёнига келди:
– Курсант Ғаниев. Зудликда полковник Расуловнинг кабинетига кираркансиз.
Жазоланиш фурсати етиб келганини англаган Эрали бўшашиб ўрнидан турди:
– Хўп бўлади.
– Майли, болам, борақол. Бизни деб гап эшитиб юрма тағин. – Ойгул хола имлаб қизини чақиргач, ўриндиқ ёнидаги рўзғор сумкаларини ўғлининг қўлига тутқазди: – Бу ерда озроқ туршак, майиз, чакки… Мумкин-ку, а?
Эралининг иккиланиб турганини кўрган нав­батчи жавоб қайтарди:
– Мумкин, холажон, мумкин.
Эрали нарсаларни олди, ҳамон яқин келмасдан, нарироқда турган опасига қўл силкиб қўйди:
– Бахтли бўлинг, опа.
Гулзода ҳам бунга жавобан қўл силкиди.
Навбатчи билан маъмурий бино томон бораётган Эрали йўл-йўлакай сўради:
– Ҳаммасидан хабаринг бордир?
Навбатчи боши ҳам курсантга ачиниб қаради:
– Бунақа гаплар тез ёйилади.
– Демак, ҳозир паттамни қўлимга тутқазишади, шундайми?
– Буйруқни де.
– Нима фарқи бор… – Эрали сумкаларни нав­батчига берди. – Ол. Эслаб юрарсан. Олавер…

Кенг-мўл кабинетда Расуловдан ташқари ма­йор Жўрабоев, фуқаро кийимидаги йўриқчи-учув­чи Жалилов ҳам бор экан.
Полковник ҳеч қандай савол-жавоб ўтказмади, воқеа тафсилотларини ижикилаб сўраб ўтирмади, гапни ҳам қисқа қилди:
– Юз берган ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилди. Йўриқчи-учувчи Жалилов ёзиб берган тушунтириш хатида ҳамма айбни ўз зиммасига олган.
Тумшайиб ўтирган Жўрабоев ажабланиб, ўрнидан туриб кетди:
– Лекин…
Полковник майорнинг гапини бўлди:
– Жалилов ўз хоҳиши билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган. Биз бу илтимосни қаноатлантирдик. Курсант Ғаниевнинг ҳали тажрибасизлигини ҳисобга олган ҳолда унга огоҳлантириш эълон қилинади.
Майор яна:
– Лекин… – дейишга улгурди, холос.
Полковник кескин оҳангда машваратга якун ясади:
– Ҳаммага жавоб!

Воқеа бунақа якун топиши мумкинлиги етти ухлаб тушига кирмаган Эрали маъмурий бинодан гарангсиб чиққач, машқ майдони ёнида анча туриб қолди. Ниҳоят эшикда Қўлдош ака кўринди. Эрали чопиб унинг ёнига борди.
– Қўлдош ака! Нега бундай қилдингиз?
Собиқ йўриқчи-учувчи маъюс кулимсиради:
– Ўзи… ўзи пенсияга чиқсам деб тургандим.
– Қўлдош ака, – дея титраб-қақшаб ёлворди Эрали. – Сиз кетманг. Мен ўртоқ бошлиқнинг олдига кираман, ҳаммасини тушунтираман.
– Бу энди ҳеч нарсани ўзгартирмайди, чунки буйруқ муҳокама қилинмайди, – дея Эралининг елкасига қоқиб қўйди Қўлдош ака. – Поезд кетиб бўлди, жигит. Энди бу ёғига ҳушёр бўл! Хайр!
Қўлдош аканинг ортидан анграйиб қараб қолган Эралини кимдир туртгандай бўлди. У шошиб ортига ўгирилди ва қаршисида ўзига қадалиб тикилиб турган майорни кўрди. Жўрабоев надомат билан пичирлади:
– Қўлдош ака… осмон жинниси эди… Сен шу қурбонликка арзийсанми, курсант?
Овози титраб кетган майор жавоб ҳам кутмасдан ўқув биносига қараб тез юриб кетди. Оёқларидан мадор қочган Эрали деворга суяниб қолди.

* * *

Биринчи имконият туғилиши биланоқ Эрали шаҳарга чиқиб, Қўлдош акани излади. Беш қаватли уйнинг энг юқори қаватида яшаркан. Аммо эшик кўнғироғига ҳеч ким жавоб бермади. Эрали қўни-қўшнилардан суриштириб билди: уй эгаси аёли билан қишлоққа кетибди. Бунақа пайтлари табиий равишда айтиладиган “Бола-чақаси-чи?” деган савол ҳар сафар муаллақ қолаверди. Ахийри, узоқ суриштиришлардан сўнггина Қўлдош ака ёши қирққа яқинлашганда укасининг қизчасини асраб олганлигини, қиз бўй етиб, тўрт-беш йил бурун ўша қишлоққа турмушга чиқиб кетганлигини аниқлади. Хуллас, ҳозир Қўлдош аканинг иккита суюкли невараси бор экан: бир ўғил, бир қиз.
Билим юртида эса машғулотлар давом этмоқда эди. Энди Эрали янада астойдил ўқиши, жони борича машқ қилиши, спорт залида, тренажёрда терлаб-пишиб шуғулланиши шарт эди. У чарчаб-ҳориган маҳаллари ўзига майор Жўрабоевнинг изтиробли саволини берарди: “Сен шу қурбонликка арзийсанми, курсант?” Жавоб… жавоб қандай ҳам бўларди! Бунақа маҳаллари Эрали сакраб ўрнидан туриб кетар ва дарсни қайта бошдан ўқишга ўзини мажбур қиларди.
Аммо ўзлаштириш осон кечмасди. Айниқса, ёзма ишда саводи ҳаминқадарлиги яққол сезиларди-қоларди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Майор Жўрабоев синов натижаларини эълон қиларкан, фақат курсант Тоҳир Исомиддиновнинг иши “аъло” баҳога арзишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
– Курсант Ғаниев.
Эрали учиб ўрнидан турди:
– Мен.
– “Уч”. Минуси билан.
Курсантлар кулиб юборишди, ҳатто ҳазил аралаш чапак чалганлар ҳам бўлди. Эрали қизариб-бўзариб майорнинг қўлидан ёзма ишини олди, жойига ўтириб, варақлаб кўрди. Деярли ҳар бир жумлага қизил ручка теккан эди.
Шу тун Эрали мижжа қоқмади ҳисоб. У хонада кўзлари қизарганча ёзма иши матнидаги ҳар бир сўзни китобга қайта-қайта солиштириб чиқди. Ҳатто ҳамхонасининг ўрнида ағдарилиб:
– Сен ухлайсанми ўзи, бойқуш? – деб тўнғиллаганига ҳам эътибор бермади.
Ҳа, тан олади: хатолари мўл эди. Ҳалиям ма­йор аябди: бемалол “икки”, ҳатто “бир” қўйса ҳам бўларкан. Уят…
Баайни Эралининг эзилиб юрганини сезгандай эртаси куни курсантлар ясаган самолёт моделларини синчиклаб текшириб чиқаётган катта лейтенант Довуров кутилмаганда:
– Курсант Ғаниев. Баҳойингиз “аъло”, – деб қолса бўладими!
Эрали қувончдан ўзини еттинчи осмонда ҳис қилди. Бўларкан-ку…

* * *

Тез орада ҳарбий ўқув аэродромида амалий машғулотлар бошланиб кетди. Юраги така-пука бўлиб турган бўлса-да, Эрали қаттиққўл йўриқчилар кўмагида самолёт-вертолётларни хотиржам, совуққонлик билан бошқаришни ўрганди.
Навбатдаги амалиётдан кейин машғулот спорт залида давом этди. Кимоно кийган курсантлар мураббий раҳбарлигида шарқ яккакураши билан шуғулланишаётган пайт тасодифан Эрали спарингга Носир билан тушиб қолди.
Пайтдан фойдаланиб қолишни истаган Тоҳир зипиллаб келиб, Носирнинг қулоғига шивирлаб кетди:
– Бир таъзирини бериб қўй, бу жўжахўрознинг!
Мураббий иккала рақибга қараб, ўзича уларнинг кучини чамалаб кўрдими, Эралидан сўради:
– Вазн категорияларинг тўғри келмаяпти. Алмаштирайми?
Ҳамманинг қулоғи динг бўлиб, унинг жавобини кутаётганини сезган Эрали қатъий бош чайқади:
– Йўқ. Ҳаммаси жойида, сэнсэй.
“Ўзинг биласан” дегандай елка қисиб қўйган мураббийнинг рухсатидан сўнг татамида “жанг” бошланди. Носир бақувват, тажрибали спортчи. Бу унинг хотиржам, ўзига ишонч уфуриб турган ҳаракатларидан ҳам яққол сезилиб турарди. Эрали жон-жаҳди билан унга бўш келмасликка тиришди, ҳатто икки-уч марта аниқ зарба ҳам берди. Буни кутмаган курсантлар иккига бўлиниб, ишқибозликка, бақир-чақир қилиб далда беришга ўтишди:
– Урсанг-чи тузукроқ!.. Жонинг борми ўзи?.. Сол…
Рақибини саноқли сонияларда бир ёқли қиламан деб ўйлаган Носир жаҳл билан ҳужумни кучайтирди, Эрали ҳимояни. Олишув янада қизиди.
Носирнинг кескин оёқ зарбаларидан бири кутилмаганда пешонасига қарсиллаб тегган Эрали татамига “гуп” этиб қулади. Тоҳир бадхоҳлик билан эълон қилди:
– Тамом!
Бу машъум ҳукмдан сўнг залга бирдан ўлик сукунат чўкди. Ҳатто ранги қордай оқариб кетган мураббий ҳам бир оғиз сўз айтишга ожиз эди. Эрали нафас олмасди. Ҳамма лол-ҳайрон.
Туйқус қоғоз устида қалам юрган каби нимадир қитирлагандай бўлди. Ер билан битта бўлиб ётган курсантга жон битмоқда эди. Ана, аввал у қўлларини йиғиштириб олди, кейин уларга таянганча қаддини ростлади. Сўнг оёқларида маҳкам турди-да, мушт қилиб тугилган қўлларини ёрилган лаблари ёнига олиб боргач, мураббийга қаради, сўзларни дона-дона қилиб деди:
– Тайёрман. Давом эттирамиз, сэнсэй.
Лаблари пир-пир учаётган мураббий Эралини аста елкасидан қучиб олиб, шивирлади:
– Сен ютиб бўлдинг, курсант…

* * *

Ўқишнинг қолган даври шувиллаб ўтди-кетди. Битирувчиларга тантанали равишда диплом топшириш маросимига курсантлар ўзларига ярашиб турган лейтенант формаларида келишди.
Байрамга ота-оналар, қариндош-уруғлар йиғилишди. Улар орасида кўзёшларини яшириб йиғлаётган Ойгул хола, эрининг ёнида катта гулдаста билан қаппайган қорнини яшириб турган Гулзода ҳам бор эди.
Жанговар ҳарбий учувчиларга қисмларга йўлланмалар берилди. Бу тасодифми, Тоҳир Исомиддинов, Носир Тошбоев, Эрали Ғаниевлар бир қисмга тушиб қолишди.
Улар белгиланган пайтда қисмга етиб келишди, подполковник Раҳимов томонидан қисм жангчиларига таништирилди. Шундан сўнг ҳарбий хизмат бошланди.
Кеч кузнинг бадқовоқ кунларидан бири эди. Кутилмаганда ҳарбий учувчилар қисмида тревога янграб қолди. Учувчилар, экипажнинг бошқа аъзолари чопиб келишиб самолёт ва вертолётлар қаршисида саф тортишди.
Қисм командири подполковник Раҳимов буйруқ берди:
– Жанговар топшириқ! Зудликда десантчи аскарларни вертолётларимизда тоғли ҳудудга етказиб боришимиз шарт! Зудликда!.. Экипажлар, ҳарбий машиналарга!
Экипаж аъзолари вертолётлар томон чопишди. Усти ёпиқ машиналарда етиб келган десантчи аскарлар командирлар буйруғига кўра гуруҳларга бўлиниб, аллақачон парраклари айлана бошлаган вертолётларга чопиб чиқишди.
Десантчилар ошиғич жойлашиб бўлишгач, самога учта ҳарбий вертолёт кўтарилиб, ёнма-ён учиб кета бошлашди.
Орадан чорак соат ўтар-ўтмас ҳаво кескин айниди. Қора булутлар ҳамма томонни қоплаб олди, момоқалдироқ гумбурлади, чақмоқлар чақди. Булар ҳам камдай кучли бўрон кўтарилди. Қудратли шамол забтида худди ўйинчоқдай гоҳ пастга тушиб, гоҳ тепага кўтарилаётган вертолётни бошқариш тобора қийинлашиб борарди.
Чап тарафдаги яшил чироқча пирпираганини кўрган Тоҳир радиоалоқага чиқди:
– База, биринчи эшитади! Қабул.
Учишни бошқариш марказидан навбатчининг ташвишли овози эшитилди:
– Биринчи! Ҳозиргина метеорология хизматидан шошилинч хабар олдик. Сизлар учаётган ҳудудда кескин ҳаво ўзгариши кутилмоқда. Жала, чақмоқ. Зудликда базага қайтинг!
– Тушундим. – Тоҳир қаршисидаги тугмачалардан бирини босди. – Иккинчи! Эшитяпсанми мени?
Қайдандир узоқдан Носирнинг таниш овози келди:
– Эшитяпман.
– База билан боғландингми?
– Ҳа.
– Орқага қайтиш керак!
Ташқарида шиддат билан жала қуя бошлади.
– Бошқа илож йўқ, – хўрсинди Носир. – Бўлмаса қулашимиз аниқ.
Қора булутлар бағрида чақмоқ, момоқалдироқ гумбурлади. Жала дўлга айланди.
Учинчи вертолётни бошқариб кетаётган Эралининг ёнига келган десантчилар гуруҳи бош­лиғи, ёшгина лейтенант бақириб сўради:
– Нима гап, командир?
– Қайтишга буйруқ берилди. – Эрали ташқарига ишора қилди: – Хавф максимал даражада. Чақмоқ урса, бир ҳовуч кулга айланамиз.
– Чақмоқ урмаса-чи?
Эрали тушунтирди:
– Унда бўрон вертолётимизни суриб бориб тоққа уради.
Лейтенант афсусланиб бош чайқади:
– Эҳ, аттанг… Ҳеч иложи йўқми, командир?
– Озгина иложи бўлса ҳам жоним билан эди. Йўриқномага кўра ҳам ҳозироқ ортга қайтишимиз шарт! Шунча одамнинг ҳаётини хавф остига қўёлмаймиз!
Лейтенант ҳаммасини тушунгандай бош ирғади-ю, бирдан ёлвориб илтимос қилишга тушди:
– Бир йўлини қилинг, ака. Биз етиб бормасак, у ёқда дўстларимиз ҳалок бўлишади.
Эрали ҳайрон бўлди:
– Нима гап ўзи, тушунтириб гапиринг.
Лейтенант оғир уф тортди:
– Тоғдан бир гуруҳ жангарилар ошиб ўтишга уринишмоқда. Уларнинг ҳужумини чегарачиларимиз қайтариб туришибди. Лекин агар улгурмасак… Эҳ, етиб борсак эди…
Эрали қаршисидаги тубсиз зулматга, ора-сира чақнаётган чақмоқларга, дўл-жалага бир муддат тикилиб қолди, сўнг икки ёнига қаради. Иккала вертолёт чироқларидан уларнинг орқага қайрилаётгани равшан эди.
Радиоалоқа ишга тушди:
– Учинчи! Учинчи!
Эрали яшил тугмачани босди:
– Учинчи эшитади.
– Қайтишда ҳам эҳтиёт бўлинг. Бўрон кучаймоқда.
– Тушундим, база.
Вертолёт янада қаттиқроқ силкина бошлади. Дастакни бир амаллаб ушлаб турган Эрали ортида бошини чангаллаб ўтирган десантчига ўгирилди.
– Ўртоқ лейтенант!
У бирдан жонланиб қолди:
– Нима гап, командир? Буйруқ ўзгардими?
– Йўқ, буйруқ ўз кучида қолди… – Эрали икки ёнга қараб, тобора узоқлашаётган қизил чироқларни кўрди. – Етиб борсак, қанча одамни асраб қоламиз?
– Бир рота аскарни!
Негадир айни лаҳзада Эралининг кўз ўнгидан мудом мулойим жилмайиб турадиган йўриқчи-­учувчи Қўлдош ака ўтдию, у шахт билан радио­алоқани ўчирди.
– Ўртоқ лейтенант, негадир алоқа ишламай қолди-я…
Лейтенант унга ҳайрон бўлиб қаради. Эрали давом этди:
– Шунга буйруқни яхши эшитолмай қолдим. Эшитсам ҳам англолмадим. Қайта сўрай десам, аҳвол бунақа.
Шундагина лейтенант ниманидир англагандай бўлди:
– Айтмоқчисизки…
Эрали ўзи ўзига буйруқ берди:
– Олға!
Лейтенант ҳаяжонланиб Эралининг елкасига қоқиб қўйди. Митти вертолёт жунбушга келган чексиз осмон бағрида ожиз хас мисоли учиб кетди.
Шу сонияларда ҳарбий учувчилар қисмининг бошқарув пультида вазият таранг эди. Зеро, пульт ёнида ўтирган Раҳимовга навбатчи:
– Учинчи билан алоқа узилди, – дея рапорт берганди.
Подполковник ўрнидан илкис турди:
– Қанақасига узилади?
– Билмадим, аниқ бир нарса деёлмайман, – чайналди навбатчи. – Балки… балки ҳалокатга учрагандир…
– Ёмон нафас қилма! – жеркиб берди уни Раҳимов. – Нима қилиб бўлсаям алоқани тикла. Ҳозироқ!
– Хўп бўлади, – деган навбатчи овози хириллаб қолгунча микрофонга бақираверди: – Учинчи! Учинчи! База гапиряпти! Қабул! Қабул…
Охири тоқати тоқ бўлган подполковник буюрди:
– Биринчи билан иккинчига хабар қилинг.
Навбатчи энди:
– Биринчи! Биринчи! – дейишга ўтди.
Тоҳир дарҳол алоқага чиқди:
– Биринчи эшитади.
– Учинчи билан алоқа узилди. Вазият ҳақида хабар беринг.
Тоҳир атрофга аланглаб, ўнг тарафида ўзига параллел равишда келаётган чироқни кўрди. Орқада эса узоқлашиб кетаётган митти ёруғ нуқта. Тоҳир жаҳл билан елка қисиб қўйди.
– База. Иккинчи ўнг ёнимда учиб кетяпти. Учинчи кўринмаяпти. Вазият: хавф максимал.
Раҳимов микрофонга эгилиб, ҳорғин овозда буйруқ берди:
– Биринчи, базага қайтинг… Нима қилиб бўлса ҳам эсон-омон етиб келинг!
– Ҳаракат қиламан, ўртоқ подполковник! – бийрон жавоб қилди Тоҳир.
– Ҳаракат қиламан эмас, бажараман денг, Исомиддинов!
– Худди шундай, ўртоқ подполковник, бажараман!
Навбатчи энди иккинчини алоқага чақириб, учинчи билан алоқа узилганини хабар қилди ва вазият борасида ҳисобот сўради.
Носир ён-атрофга, орқага қараб олгач, рапорт берди:
– База. Биринчи чап ёнимда учиб кетяпти. Учинчи… ҳозир… учинчи ортимда, узоқда кўрингандай бўлди. Менимча у курсни ўзгартирмаган…
Подполковник микрофонни навбатчининг қўлидан деярли юлқиб олди, ҳовлиқиб сўради:
– Нима дедингиз, иккинчи? Учинчи омонми?
Носирнинг шовқин-сурон ичидаги овози аранг эшитилди:
– Узоқда кўрингандай бўлганди. Қани, яна бир қарай-чи… Йўқ, ўртоқ подполковник, ҳеч нарса кўринмаяпти. Ҳеч нарса.
Умид шами бир ёниб ўчган Раҳимов ноилож буйруқ берди:
– Иккинчи. Зудликда базага қайтинг!
– Хўп бўлади.
Пешонасига совуқ тер тошган подполковник стулга беҳол ўтириб қолди.
Яна бир муддат микрофонга:
– Учинчи!..Учинчи!.. Қабул!.. – деб қичқириб турган навбатчи ўзига ўзи гапираётгандай аста деди: – Менимча биз учинчини йўқотдик…
Бошқарув пульти марказига оғир сукут чўкди.

Қалтираб-титраётган вертолётни аранг бошқараётган, ортига шунча тикилиб ҳам бирон ёруғ нуқтани кўрмаётган Носир ахийри биринчи билан алоқага чиқди.
– Эшитдингми, учинчи билан алоқа узилибди.
– Айтишди.
– Бир қараганимда курс бўйича кетаётгандай кўринганди. Энди ҳеч нарса кўринмаяпти.
Тоҳир гапни калта қилди:
– Демак етиб келган.
Носирнинг юраги шувиллаб кетди:
– Унақа дема, Тоҳир.
– Бу машқ эмас, Носир, нега тушунмайсан? – куйиниб гапирди Тоҳир. – Бу ҳақиқий жанг. Уруш эса қурбонсиз бўлмайди.
Носир иккиланган оҳангда сўради:
– Ё орқага қайтиб, хабар олайми?
– Тентакмисан? – бақириб берди Тоҳир. – Шунча одамнинг ҳаётини хавф остига қўясанми? Бунинг учун сени трибуналга беришади! Агар тирик қолсанг, албатта!
Носир очиғига кўчди:
– Барибир кўнглим ғаш.
– Кўнглингга эмас, буйруққа қулоқ сол! Қайт дейишдими, қайтиш керак! Тушундингми, иккинчи!
– Тушундим, биринчи!
Тоҳир тез ҳовуридан тушди:
– Бу бошқа гап…
Тим қора осмонда бўрону жала қўйнида ёнма-ён учиб кетаётган иккита миттигина вертолёт учувчилари то не машаққатлар билан, бир амаллаб базага етиб келгунларига қадар бошқа бир оғиз ҳам гаплашишмади.

* * *

Тим қора осмон бағрида, бўрону жала забтида қолган вертолёт учувчисига йўналишни аниқ олиш осон эмас. Эрали ҳам десант гуруҳи бош­лиғининг харитасига қараб кўр-кўрона йўл танларди.
– Бўш келма, командир, – деб қўярди уям харитага дамо-дам қараб. – Яна бир соатча чидаб берсанг, объектда бўламиз.
Кутилмаганда бирдан мотор ўчиб, парраклар айланиши тўхтадию, вертолёт бўрон измида номаълум томонга учиб кетди. Эрали жаҳл билан дастакни урди:
– Лаънати!
– Нима бўлди, командир? – хавотирланиб сўради лейтенант.
Эрали очиғига кўчди:
– Мотор ишдан чиқди.
– Энди нима қиламиз? Созлаб бўлмайдими?
– Ҳавода-я. Йўқ… Иккинчи моторни ишга туширишга уриниб кўраман.
Эрали калитни буради. Бир неча уринишдан сўнг ниҳоят захира мотор ишлаб кетди, варраклар айланди. Вертолёт чайқалиб-қалтираб йўналиш бўйича учишда давом этди. Лейтенант хурсанд бўлиб кетди:
– Яшавор, командир!
Эрали бақириб тушунтирди:
– Бу мотор тинч ҳавода бир соат учишга чидаб беради. Бунақа бўронда эса… билмадим…
– Бир амалла, командир. Ахир, у ёқда…
Эрали унинг гапини бўлди:
– Ортиқча юкларни ташлаш керак.
– Ҳозир.
Лейтенант бошчилигидаги аскарлар вертолёт эшигини очиб, зарур эмас буюмларни, юкларни пастга ирғита бошладилар. Бир пасдан сўнг ёмғир-дўл ичкарига ҳам ура бошлади: вертолётни енгиллаштириш учун аскарлар оғир эшикни ҳам қўпориб олиб, ташлаб юборишганди.
Ғарқ терга ботган Эрали ёнига чопиб келган лейтенантга қарамасдан ҳам гапирди:
– Ҳеч нарса кўринмаяпти. Бу аҳволда тоққа бориб урилишимиз мумкин.
– Чироқларни нега ёқмаяпсиз?
Эрали изоҳ берди:
– Моторга ортиқча зўриқиш керак эмас. Чироқларни қўниш олдидан ёқамиз. Харитани кўринг-чи, агар ростданам сиз айтган жойда бўлсак, қўнишга текисроқ жой бормикан?
Десантчи харитага қаради.
– Мана, мана бу ер яланглик экан.
– Етиб борармиканмиз…
Эрали шу сўзларни айтган маҳал вертолёт лапанглаб кетиб, мотор яна ўчди. Вертолёт пастга, зулмат қаърига қулай бошлади. Шунча уриниб ҳам захира моторни юрғаза олмаган Эрали жон аччиғида чироқларни ёқиб юборди. Уларнинг хира ёруғида қуйида тоғ чўққиси кўринди.
Вазият ўта қалтислигини, омон қолишга умид қолмаганини англаб турган бўлса-да, Эрали десантчиларга иложи борича хотиржамлик билан кўрсатма берди:
– Сакрашга тайёрланинглар!
Бўрон вертолётни ёнламасига суриб кетаркан, кутилмаганда ялангликда гулхан шуъласи кўзга ташланди. Лейтенант қичқириб юборди:
– Бизникилар!
Эрали бор кучи билан вертолётни шу яланг­ликка қўндиришга уринар, аммо бўрон вертолётни жарлик томон суриб кетаверарди. Вертолёт я­ланг­ликка, тахминан, олти-етти метр яқинлашганида Эрали аскарларга ишора қилди:
– Сакранглар!
Бошлиқнинг буйруғидан сўнг десантчилар бирин-кетин ўзларини қуйига ота бошлашди. Вертол­ёт пастлаб бориб, яланглик чеккасига ғичирлаб қўнди. Бир қадам нарида тубсиз жар. Вертолёт яна озгина сурилди ва жар чеккасида лапанг­лаб туриб қолди.
Лейтенант Эралига:
– Сакра, командир! – деб бақирганча ўзини пастга отди.
Вертолёт жар лабида бир сония лапанглаб турди, сўнг қуйига қулади. У чуқур жар тубига шиддат билан учиб бориб, тошларга урилдию, ёниб кетди.
Жар лабига чопиб келган лейтенанат хирқироқ овозда пастга қараб бақирарди:
– Командир! Командир!
Вертолёт портлашидан ҳосил бўлган шуъла десант гуруҳи бошлиғининг юзини ёритди. У йиғларди…
Шу пайт жар лабига пастдан бир қўл ёпишди. Кейин иккинчиси. Буни кўриб десантчилар бош­лиғи аввал қотиб қолди, сўнг шошиб тиз чўкди. Қўллар ортидан Эралининг боши кўринди.
Лейтенант жон алпозда учувчини тортиб олди.
– Омонмисан, командир!
Эрали ҳансираб, аранг жавоб қайтарди:
– Шунақага ўхшайди, лейтенант.
– Худога шукр-э! – Юзини енгига артган лейтенант шошиб ўрнидан турди. – Сен ўзингга келиб тур. Биз анави ярамасларнинг таъзирини бериб келайлик. Кейин бир отамлашамиз.
Гуруҳ бошлиғи аскарлари томон чопиб кетди.
Эрали эмаклаб жар лабига келди ва ёнаётган вертолётига узоқ тикилиб қолди…

* * *

Ҳарбий учувчилар қисми майдонида байрам либосидаги ҳарбийлар саф тортишди. Одатдагидек, Тоҳир билан Носир ёнма-ён туришди.
Ҳалидан буён асабийлашаётган Тоҳир ғижиниб вишиллади:
– Нима, яп-янги вертолётни портлатиб юборгани учун мукофотлашяптими?
Бу гапни эшитиб сесканиб кетган Носир биринчи марта Тоҳирга қаттиқ, синчков тикилди.
– Ҳа, нима бўлди? – энсаси қотиб сўради Тоҳир.
– Ўшанда… ўшанда Эралининг орқасидан боришим керак эди, – деди Носир дабдурустдан.
Тоҳир баттар тутақди:
– Хўш, борганингда нима бўларди? Ўлардинг-кетардинг. Ҳалиям менга раҳмат де.
Носир бош чайқади:
– Эрали ўлмади-ку. Менам эплардим. Бу… қўрқоқлигим учун ҳеч қачон ўзимни кечирмасам керак.
Тоҳир майнавозчиликка ўтди:
– Ҳай-ҳай, ўзингни бос. Ювош, ўртоқ, ювош.
Носирнинг ранги ўзгарди, кўзлари нафратдан қисилди:
– Мен сенга ўртоқ эмасман. Сенинг ёнингда туришниям истамайман!
Носир жаҳл билан нари кетди. Тоҳир ўнғайсизланиб атрофга аланглади, ўзига тикилиб турганларга қараб ночор кулимсиради.
Минбарга қисм командири подполковник Раҳимов кўтарилди.
– Азиз ҳамкасблар! Муҳтарам ҳарбийлар! Бугун бизнинг қисмимиз учун, ҳаммамиз учун жуда қувончли кун. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра ҳарбий операцияни амалга ошириш пайтида кўрсатган алоҳида жасорати учун жанговар учувчимиз, лейтенант Эрали Ғаниев “Жасорат” медали билан тақдирланди!
Эрали шахдам қадам ташлаб майдонга чиқиб келди. Подполковник унинг кўкрагига “Жасорат” медалини тақиб қўйди. Эрали ҳарбийлар томон ўгирилиб, честь берди:
– Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан!
Гулдурос қарсакка ҳарбий оркестр ижро этаётган танатанали мусиқа садолари қўшилиб кетди.
Тантанали маросимдан сўнг ҳарбийлар трибуна қаршисидан саф-саф бўлиб ўта бошлашди. Кўкрагига “Жасорат” медали тақилган лейтенант Эрали Ғаниев уларнинг олдинги қаторида эди.
Шу куни Эрали бир эркалик қилди: қисм командирининг рухсати билан онаси, опаси, поччаси, жиянчаси ва устози, ўзи атай чақиртирган Қўлдош акани самолётга олиб чиқиб, уларни осмон бағрида роса сайр қилдирди.

«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 8-сон