Мардикор бозоридан эрта қайтди. Гузардан иккита нон олди. Рандаланмаган, дағал тахта дарвозанинг осма қулфини очишга бироз қийналди – занглабди. Ҳалқаси шарақлади, ошиқ-мошиғи ғийтиллади…
Тор саҳнни ўт босган, олди айвонли икки хонали уйга элтувчи қадамлар изидан ҳосил бўлган майсасиз йўлак сўқмоққа ўхшайди. Ёғочлари қинғир-қийшиқ, қорайган сўртокка тирмашган икки туп ток занги-шохлари чирмашиб, сарғая бошлаган қуюқ япроқлари аро майда донали бир-икки шингил узум кўринади. Буталмаган мевали дарахтлар мўл томорқани ўт-ўлан босганидан чакалакзорни эслатади. Ўнг томонда пастак гувалак девор, сўлда мечал бостирма, теграси тунукада ўралган ҳожатхона, этак тараф шох-шабба – чавра билан тўсилган. Айвон устунлари қақшаб, ёрилган. Ўнгда ўчоқ, икки ёнида токча. Биридаги қўлбола плитанинг суқмали сими осилиб ётибди. Сўлда ихчам сўри. Қачонлардир оқланган уй девори сарғайиб, кўп жойи кўчган. Тўқ кўк рангга бўялган эшик ва деразаларнинг туси ўнгган.
У иш кийимлари солинган қопга ўхшаш халтасини сўрига ташлаб, устига нонларни қўйди. Уйга кирди, лекин нега – билмасди. Уйдан зах анқийди. Полда эски, ранги униққан тўқима шолча. Токчаларнинг ҳар бирида нимадир бор, аммо ҳеч нима йўқдай ҳувуллаб кўринади. Икки меҳроб орасида ҳам “новча” токча. Унинг “пешонаси”даги михга яғир чопон илинган. Меҳробдаги сандиқ билан жовон устида эски-туски увада кўрпа-тўшаклар… Печкага мосланган мўрининг ёнидаги токчада турган қопдаги ун бир хамирлик қолган. Қоп остига кўндалангига ярим метрча тахта қўйилган, тагида эса, бир ёнида ғишт билан шапалоқдай тараша, иккинчи томонидаги ғишт устида китоб. Энди эслади: қопни бўшатиши керак, чунки ун қуртлай бошлаганди. Унни пақирга ағдарди. Қопни чангидан эҳтиётланиб, ўрамоқлади. Ғишту тахталарни ташқарига олиб чиқиб ташлади. Уйга қайтиб пақирдаги унда яйраётган дўмбоқ оқиш қуртларга сарасоф солди. Ким ейди энди буни? Хотини бўлсайди, элаб-нетиб нон қиларди. Ҳеч йўқ сотилиб кетган товуқларига берарди… Китобга кўзи тушди: тутантириқ қиларман, деб қўлига олди. Пақирни кўтариб, айвонга чиқди. Китобни ўчоқ бошига ташлади. Пақирни уй биқинига қўйиб, устига бўш қопни ёпди-да, ғишт бостирди.
У хотини билан бериги хонада ётарди. Нариги хона хос хонами, меҳмонхонами эди. Ҳар ҳолда, бошқа одамларда бўлганидек алоҳида хонаси борлигидан қувонишарди. Қачондир унинг алламбало мебелу жиҳоз-пиҳоз, идиш-товоқларга тўлишидан умидланишарди. Буни меҳробга илинган гулли ҳарир энди кирлаб, туси ўзгарган, чанг босган кўзгудек пардалардан билса бўларди. Бу уйдан ҳам зах қоришиқ ҳид анқийди. Уч бўлак шолчанинг туси ўнгиган, кир-чир.
У хобжойини йиғмасди – битта ўзи бўлса, яғирлаган кўрпа-ёстиғини кечда тўшаб, эрталаб ўрамоқлаб юрадими? Бир уюм гўнгдай ғижимланиб ётган хобжойи ёнидаги чойнак билан ичи сарғайган иккита пиёлани олиб, айвонга чиқди. Энди кечки тановулга нимадир пишириши, ҳеч йўқ чой-пой ичиши кераклиги шуурига юк солди. Хотини борлигида ҳам уйда жуда унақа яйраб овқат емасди. Кўпинча қорни тўқ қайтарди…
Қайси хонадонга бормасин аввал-бошдан оппоқ дастурхон ёзишади. Уринган бўлса-да, покиза тўшаклар солишади. Энг ҳузурлиси – у иш қилишни билади, овқат қачон пишади, деб ўйлаб ўтирмайди. Чунки тушлик ҳам, кечки овқат ҳам ўз вақтида тайёр бўлади. Емак деганлари бир хилдай туюлади – қуймоқ, мастава ёки шўрва, ош, аммо мазали, уларда масаллиқдан бошқа яна нимадир бор. Эҳтимол меҳмонга, балки устага, деб пиширганликлари учундир. Уйига ҳамма масаллиқни, ҳатто қўй гўшти келтирса ҳам, ўзи ёқтирганидек узоқ қайнатса ёки қовурса ҳам уларникидек мазали туюлмайди. Бироқ у бу ҳақида ўйламайди, асли ўйлагулик қурби ҳам йўқ. Билгани – шу ҳолат унга ёқади.
Қўлбола плитага (яхшики ҳозир чироқ ёниқ) оғир қоп-қора чўян товани қўйди. Бир-икки сиқим ғўзапояни тиззалаб синдириб, ўчоққа қалади. Ўртасига сув тўлдирилган човгунни тиқди. Гугуртни чақишдан олдин тутантириқ қидирди. Ўчоқ бошидаги китобнинг туси ўнгиб, теграсидаги рангларга қоришиб улгурганди – ғариб-ғариб кўринади. Юпқа муқовасини қайириб, дастлабки бир нечта варағини юлқиб олди-да, ғўзапоя остига жойлади. Гугурт чақди, қоғоз ёнавермади – ё захлаб қолганди, ёки бирон марта очилмаган варақлар бирваракай ғижимланганидан туташи қийин бўлди. Учинчи гугурт чақишида қоғоз оловланди… Хийла қизиб қолган товага ёғ солди. Кўзлари ўчоқ атрофида паришон кезинди. Дарвоқе, нима пиширмоқчийди ўзи? Халтасидан тухумларни оларкан, нонларнинг бирини чимдиб оғзига солди. Ширин татиди: аччиқ чой билан юмшоққина нонни еб қўя қолса бўларкан. Тухумлар эртага асқотармиди?.. Тухум пиёз билан мазали, қолаверса, қизиган ёғда қовурилганда одамнинг димоғини очади, оғиз чучийди. Қанийди, ҳозир “юз грамм” бўлса! Афсуски, бунинг иложи йўқ. Балки эртага, Худо ярлақаб, бирон ёллагувчи топилса… Пиёзни арчиб, ярмини товага парраклаб тўғради-да, пичоқ билан у ён-бу ён селпиди: қошиқни қаёқдан топади шу тобда? Иккита тухумни това лабида чақиб, қўшди, пўчоғини оловга ташлади. Яна пичоқ иш берди. Айтгандай туз? Токчаларнинг қаеридадир қоғозга ўроғлиқ ётарди. Топди. Нондан яна бир тишлам узганда човгун шақирлади. Нонни ямларкан, пиёздан ҳилолдай тилим кесиб, оғзига отди. Нақадар хуштаъм!.. Хом чой қаерда эди-я? Униям топди. Чойнакка бир кафт солди. Сув човгуннинг бағрини ёргудай бўлиб ҳамон шақирларди. Шаштидан олам куйгулик. Чойнакка қуяётганда ўзини ҳар ён урди. Бу ҳам камдай, чойнакни чўғ четига тиқди. Тобига етди, дедими, бир-икки қайтариб, озгина тин олдирди. Пиёлани салкам тўлатиб қуйгач, чойнакни яна чўққа қўйди. Тўрғам нонни товадаги ёққа белаб, оғзини тўлатиб тишларкан, тухумнинг четидан чимдиб, пиёз қўшди-да, нонга ошно этди. Ортидан чой ҳўплади. Бунақа пайтда гоҳо “ҳалигиндан” ичиб тургувчи эди, не қилсинки, кейинги пайтда иши юришмаяпти: мардикорнинг бозори касоддай. Чўнтагидагини йўлкира-ю нонга сақлаб юрибди… Иккита нонни паққос туширганда това ит ялагандай бўлиб қолди. Чойнинг тагини маза қилиб хўриллатиб ичди. Орада гугурт чўпида тишларини ковлади. Пешона ва юзидаги резаларни енги билан артиб, айвон четига сурилди. Осмонга боқди. Олам бирам гўзал: ҳаёт деганлари шумикин ё? Шом тимрая бошлаганди. Ўт-ўлану дов-дарахт чирмашиб кетган ҳовлиси кўзига чиройли кўриниб кетди.
Биринчи хотини тузук эди: “Мен отанг туфайли шу аҳволга тушдим, – деди тўйидан кейин онаси. – Энди сен ёруғликка чиқ”. Онаси ёруғлик деганда нимани назарда тутганини тушунмади. Ҳамшира келинчакнинг бўйи басти, уст-боши, ахлоқи-ю эрининг бағрига кундек ботадиган жиҳатлари жойида эди. Ўшанда у оламни қайтадан кашф қилди. Ҳаёт кўзига ҳозиргидек чиройли кўринди. Ҳузурбахш тунларнинг бирида хотинидан сўради: “Нега менга тегдинг, ахир сен ўқиган қизсан-ку?” “Менга эмас, дадамга ёқиб қолгансиз”. “Бақувват бола экан, – дея хотини мушакдор елкасига кафти билан чарсиллатиб уриб қўйганди. – Ҳам десанг, уруш кўрган, одамнинг қадрига етади”. Шунақа қиб, мана, ёнингиздаман” Тавба, урушнинг бунга нима дахли бор? Кўплар қатори армияга – Афғонга бориб келганди. Аслида бориб келганини ҳам, урушни ҳам ҳис қилмаган. Йў-ўқ, бу хато, тўғрироғи, ҳамма борадиган армияга келдим ва қайтдим, деган. Онаси келинчакни жуда папаларди: “Эрга берган қизимнинг ўрнида қизимсиз”, дея суярди. Ишдан келгунича йўл пойлаб ўтирарди. Келгач, ялаб-юлқаб кетарди. Халатини кунда-кунора ўзи ювиб берарди. Отаси кирганда, атайлабми, сўрток ёғочига ёйиб қўярди. Оппоқ халат офтобда ялтираб, гўё ҳовлига нур таратарди. Келинчак ҳам масрур эди. Ишдан қайтиб ёки тонг саҳарда уйғонарди-да, супур-сидиру куйдир-пиширга уннарди. Отаси пайдо бўлганида, энди ўйласа, барчалари бир тўхталиб олишар, ҳатто атрофдаги товушлар қоришиб кетгандай туюларди. “Хотин, дея тўнғилларди отаси гапининг бошиданоқ, – нега қўйларнинг охурини тозалаб қўйдинг, нимага сигирнинг гўнгини тоза жойга ташладинг? Гўнгга қўшсанг бўлмайдими? Охурда ем юқи турса, молнинг бўқи туёғига илашса – барака бўлади!” Кейин обдон бурнини қоқиб, бармоқларини яғир тўнининг ёнбошига артарди…
Ўшанда ерга солинган тўшакларда ўтиришарди (ҳатто сўриси ҳам йўқ эди-да). Шомнинг илк нимтатир қаролиги ёйила бошлаганда отаси кириб келди. Салом-аликсиз томоқ қириб, тўшакнинг бир четига чўкди. Этигини ечиб, пайтаваларини ёнбошига ташлади. Қўлларини шимига ишқаганда келини косада овқат тутди. У битта нонни ушатди. Икки бармоғида картошкани тутиб, бир-икки пуфлади-да, оғзига солди. Онаси иккиси бир унга қарашади, бир келинга. Келин оғзини кафтида тўсиб ўтирибди. Ахийри чидамади шекилли, нари сапчиб, ўқчишга тушди. Онаси йиғламсираб, чийиллади, қўлидаги қошиқни синдиргудай чангаллади. У эса, хонада учаётган муаллақ пуфакка ўхшарди. Оғзига ҳар қошиқ солганида гоҳ отасига, гоҳ онасига, гоҳо хотинига қараб қўярди.
Балки хотинининг уйдан кетишига булар сабаб бўлмагандир. Бу ҳақда кўп ўйлайди. Ўйлагани сари фикри чигаллашаверади. Бир куни чироқ шуъласида соясига қараб, узун сочларини юлқиб-юлқиб тараётган хотинига кўзи тушди-ю кўйи эврилди. Унинг ҳатто ўзига нисбатан паканароқ кўланкаси ҳам гўзал эди. Сочлари соя тусида бўлса-да, толаланиб, товланарди. Ўзи эса, калта енгли гулли ғижим ичкўйлагида шу қадар чиройли кўринардики, беихтиёр тортмали тошойна (трюмо) олиб берсам бўларкан, дея ўйлади. Шунда онасининг гапларини эслади. Армиядан – урушдан қайтгандан сўнг анчагача тушунуксиз аҳволда юрди: гоҳ қўрадаги қўйлардек ювош тортгиси, гоҳо катакда димиққан товуқлардек бирон шарпани сезиши билан питирлагиси келса, онасини кўрганда дийдаси юмшар, ҳамма нарса ўз ўрнида, аммо фақатгина ўзи ўрнида эмасдек. Шом олдида тиниқлашган осмонга, яшил, зангори дарахтларга, юзи тусидаги ерга боққанида, ҳеч бир тамасиз, миннатсиз томоғидан ўтаётган ҳавони туйганида яшагиси келиб кетарди. Икки дунё орасида юрган ўша кунларида онаси бир гап айтди: “Отанг менинг тақдиримни бузди. Мен бошқача эдим, орзуларим оламни қучарди. Болаликдаги қўғирчоғим ҳалиям бор – гард юқмаган. Аммо кўринмас бир нарсани сезмай, алдандим. Отанг ҳар қандай қиз орзулаган гавдали, бақувват йигит эди. Икки юзлик михни бош бармоғига ўраганини кўрганман. Икки хонали уйга келин бўлиб тушганимдан ҳам афсус-надомат чекмаганман. Фақат илк бор қайнотамни кўрганимда, бутун вужудимда титроқ турган. Томоғимда нимадир ғилқиган. Қорамағиз юзидаги чуқурчаларга гўё минг йиллик кирлар ўрнаб қолган, қўл тирноқларининг ости кўкимтир қорайган. Шимининг ўнг ёнбоши яғирланганидан ялтираб кетганди. Ўшанда ичимда нимадир узилди. Уйга кираётиб бурнини қоққанида эса…
Ёшлигимизда отангнинг уст-бошини ювиб, ҳар куни эрталаб куёвлардек кийинтириб кўчага чиқарардим. Ҳатто кўйлагини шимининг ичига қандай тиқишни, мардикор эмасми, (мен бундан ор қилмасдим) иш жойида кийимларини алмаштирганда, тозаларини қандай тахлаш ёки илишгача ўргатардим. Дадангни ёшлик, хотинлик меҳри билан яхши кўрармидим, билмайман. Аммо уйга қайтганида кийим-боши кир, ғижим, тер ҳиди анқиган бўларди. Ҳар куни шу аҳвол эди. Олдинига бунга эътибор бермадим, бир фурсат ўтгач, унинг нуқси уйимга, ўзимга ураётганлигини фаҳмлаб, вужудимда яна нимадир узилди. Биламан, эркаклар, айниқса, жисмоний меҳнат қилганлари, ичади, кучли-кучли овқат ейди – бунинг айби йўқ. Хотинларнинг гапидан тушунганман, баъзиларининг эрлари ичиб келса, “ширин-ширин” бўлиб кетишаркан. Бироқ отангнинг оғзидан анқиган ҳид чидаб бўлмас даражага келарди. Буям майли, на муомалани, на ёнверига эътиборни биларди. Бутун умрим шундай ўтди. Умидим опанг иккингиздан эди. Тавбаки, тағин адашмадим, шекилли…”
Хотини ҳаммасига чидаётгандек эди. Эҳтимол эрининг бақувват билаклари билан мардона қучишлари, мижғилашлари унга сабр бергандир. Лекин тирноқ умиди ва унинг кўнгилларида иштибоҳга қовуша бошлагани иккисини икки ёнга итармоққа тушди. Саккиз йил тишларини тишига қўйиб, атрофидаги нарсаларга кўз юмиб, кун кўришди. Хотинининг халати негадир оқармай қолди, тусига шом осмонининг нуқси ургандек эди. Аммо барибир фарзандсизлик доғи енгди. Отаси кетсин, деди, онаси лабини тишлади, у эса, нима дейишини билмади. “Мендан рози бўлинг, – деди хотини кўч-кўронини олиб кета туриб. – Бу уйга келиб, на отангизнинг, на онангизнинг ва ҳатто сизнинг бирон марта таҳорат олганингизни кўрмадим. Бизнинг уйда ҳеч йўқ катталар саҳар туриб таҳорат олишади, шомда яна покланишади, намоз-памоз ўқишади, лекин сизникида… Балки Худо бизга шунинг учун ҳам фарзанд…” Ва кетди, жигар-жондошлари қуршовида нурдай бўлиб машинага ўтирди-да, кетди.
Кўп ўтмай, отаси қазо қилди. Онаси билан ёлғиз қолди. Хотини борида боласизлиги ҳам унга билинмаганди. Мана, энди дунё ҳувуллаб, ҳеч нарса татимайдиган бўлди. Ҳар кеч уйга келганида, ёзми-қишми, анов-манов ҳидлардан олдин димоғига дўхтирхонанинг бўйи урарди. Бу унга хуш ёқарди, уйида унга яқин ва ҳаловат бергувчи нимадир пайдо бўлганди. У ҳар кунини енгиб, ўшал ҳид, энди билса, хотини сари ошиқарди.
Онаси жон таслим қилар онида, “Туғмаса-туғмасин, хотинингни олиб кел, – деди, – сенга одамлигингни эслатиб туради!” У эса хотиним аллақачон эрга тегиб, болали бўлибди, деёлмади. Онасини аяди, ҳеч йўқ нариги дунёга умид билан кетсин-да…
Мана, энди ёлғиз: Худо ва тушуниксиз ҳувуллаган дунё. Ҳаёт деганлари ҳар куни бўғзини тимдалайди. Йўқ, оч қолганлигидан ёки ўзини боқолмаганлигидан эмас, яна бир куну тунни кимсасиз қаритишга маҳкумлигидан. Шундай пайтлари тўни билан шимининг ўнг ёнбоши яғир, вужудидан нос, тер ва яна неларнингдир ҳиди анқиган отасини, ундан безган, лекин бир умр у билан яшашга чидаган, аммо бировга тиш ёрмаган шўрликкина онасини эслайди. “Она”, дейди инграниб ёлғиз, “Ота”, дейди тўлғониб.
Уч йил ўтди: бир куни опаси кириб келди, “Мен сенга хотин топдим, – деди, – полвонгина, қишлоқигина. Анови сатангингга ўхшаб оқ халатини аяб юрмайди, кепатаси қурсин. Нима берсанг еб, нима буюрсанг қиб кетаверади. Бир айби – уч ёшли қизи бор. Шунисиям тузук, болам йўқ, деб куюнмайсан. Уй-жойингни эпақага солади, тағин сениям пўрим қиб қўяр”. У индамади. Нимаям десин? Хотинини, умуман, хотин зотини соғингани рост. Фақат унга ким ҳам тегарди. Элнинг, “биринчингдан қўймасин”, деган гапи бор, янгиси ҳамширасига ўхшармиди? Опасига тайинли гап айтмади. “Мен яна келаман, – деди опаси, – ота-онамнинг арваини чийиллатмай десанг, памингни ишлат”. Кўп ўтмай, опаси яна келди. Кенг, гули чаплашган кир кўйлагининг этагини сиқимлаб ўтирди-да, ғингший бошлади: “Поччанг сениям ашейга обориб қўяман, деб сўкади. Уйланмаганингга орият қилади-да! Бўлмаса, ош-нон берган хотинини… Билиб қўй, пинна, аши қизга уйланасан, тузукми!” Опасининг учинчи қистовидан кейин рози бўлди.
Уйига қизли келин тушди. Олдинги рўзғоридан қолган кўч-кўронини бериги уйга тиқишди. Нўхотдеккина қизалоғининг устида яп-янги кийим-бош. Туз-намак худойидан сўнг эл юқи бир-икки одам ҳам ҳовлини тарк этди. Опасининг етовида бериги уйга ошиқди. Бироқ димоғига дўхтирхонаникига ўхшамайдиган, хотинларнинг кир сандиғини эслатувчи ҳид ўрнади.
Ширинтатим бир неча ой давом этди. Сўнг хийла сўлжайиб бозорга чиқди. “Меҳнат биржаси” сўлжайишни хушламаганидан, иши юрмаса-да, кўнгли хуш юрди. Опасининг униям, қорасиям ўчди. Иккинчи ойдан қозон тақиллай, томоқ-қурсоқ вақиллай бошлади. Олтинчи ойга ўтиб, нўхатдеккина қизалоқ “дада” деди. У меровсираб, мундай айтганда, ёввойиларча яйради. Кимдир униям илк бор “дада” деди. Овунди, қизалоқни қучди.
Мардикор дегани ичади, кучли-кучли овқат ейди. Акс ҳолда, тез синади. Уни кўради, буни кўради, борни кўради, йўқни кўради. Имонсиз, ҳаёсиз мардикор “ов” қилади: қайсики хонадон пардасиз ёки ҳадсиз бўлса, ҳақда ҳам, ишда ҳам “отади”, ашаддийси аёлларни пойлайди. Шунинг-чун бегона кўз, деган гап бор. У ҳақда ҳам, ишда ҳам бировни “отмаган, отмайди”. Хонадонларнинг аёлларига-ку, ичида зир титраб, ютиниб-ютиниб қўйгани билан, ола қарамайди. Қарагиси келади, юраги дов бермайди, қўрқади. Бировдан эмас, ўз қилмишининг оқибатидан. Баъзи мардикорлар бўш қолишганида “меҳнат биржаси”да ўтирволиб, “Бир-икки кунда қизи илашди, хотини илашди, жон деб турган экан”, қабилида вайсаб қолишади – бири рост, бошқаси ёлғон. Уни “илашмаса-чи”, “жон деб” турмаган бўлса-чи, деган саволлар қўрқитади-да, жим юришни афзал билади. Бу имон “хуружи” эканлигини у қаёқданам билсин!.. Айрим соҳиблар ҳар куни кечки овқатдан олдин, бошқалари иш якунлангач, кетар жафосига арақ билан сийлашади. Умуман арақ қуймайдиганлари ҳам учраб туради. Унақаларга рўпара келса… Хуллас, ўша кеч ўз пулига ичди. Довдираб-совдираб, орада сассиқ кекириб, уйининг остонасини хушламайроқ ҳатлади. Шомнинг сўнгги узуқ-юмуқ нурлари айвондаги қизғиш-сарғиш чироққа буткул ён берган, ҳовлиси шугина ёруққа ҳасад қилгандай хўмраяди. Нотекис саҳн оёқларига ботаётгандай. Хотини кўринмайди. Унинг қаёқдандир отилиб чиқишини, “яхши келдингизми, дадаси?” дея бўйнига қўл солишини ва ундан хуш бўй уфуришини истади. Айвон бўсағасида бир муддат тинди. Аммо хотинининг шарпаси ҳам сезилмади. Хиёл бўшашиб, уйга кирди. Чироқнинг ёруғи кўзни қамаштиради, хотинининг юзи баттар захиллашгандай кўринади. Қизалоқ эса лаби учган чинни косадаги ёвғонни орқаси қорайган чўян қошиқда хўриллатиб ичарди. Ҳатто арақнинг шаштини кесиб, димоғига нохуш ҳид урилди. У тебраниб кетди, андармонлик илинжида хотинига умидвор тикилди. Ишлаган кунлари қорни тўйиб қайтарди, бу ҳолга кўниккан хотини унга овқат олиб қўймасди. Аслида-ку жирли овқатлардан сўнг уйидаги шилдираган, қозоннинг туби кўринган егуликлар кўпам томоғига хуш ёқавермасди. Хотинининг туссиз кўйлаги, ялпайиб турган чигал сочлари кўзига хунук кўринди.
– Овқат ичасизми, дада? – деди қизалоқ тоғдай одамга мўлтираб.
Хотини шунда ҳам бирон ҳаракат қилмади. Балки ҳеч йўқ бир сўз айтганида… “Мен сенинг даданг эмасман!” деди-ю шаҳд бурилиб, ташқарига чиқиб кетди. Хотини оғзидагини ютолмади, қизалоқ йиғламсиради… Негалигини билмади-ю, олдинги турмуши тез-тез эсига тушадиган бўлди. Биринчи эри уни “полпис, исқирт”, деб кўп сўкарди, ўтирганини кўрса, оёғи билан туртиб ўтарди, жеркиб қўйишни ҳам унутмасди. Унинг қилиқларини, “Ҳа, энди эр-хотин ўртасидаги иш-да”, деб аввалига унчалик эътибор бермади. Бу аҳвол мунтазамлик касб этгач, аразлайдиган одат чиқарди. Эри четин (покиза, озодаликка эътибор берадиган) одам эди. Келинлигида ҳар куни дастурхонга ўтираркан, пиёланинг лабини бош бармоғи билан артар, агар иложини топса, сочиқнинг тозалигига ишонса, ювгандай обдон ишқаларди. Энди-энди фаҳмлаяптики, эри сочиқларни ҳам танларди. Қўлини ювиб, ҳеч қачон ёғли сочиққа артмасди. Мабодо иккиланса, артгач, қўлларини ҳидлар, ёғ ҳиди келса, қайта юваркан, тоза мато қидириб қоларди, тополмагач, кийимларининг ўзига энг покиза билган қисмига уриб, ишқабми, қуритарди. Нега шундай одамга танмаҳрам бўлганига ҳалиям тушунмайди. Ўйласа, эрининг жуда унақа ортиқ жойи йўқ – институт-пинститутни битирмаган, ёзда фермерлардан ер сотиб олиб, деҳқончилик, қишда коллежда гўлахилик қилади. Гўлахи – ўт ёқувчи, дегани. Бундайроқ айтилса, энг “қора ишчи”, “ўзим калман, лекин кўнглим нозик”, деб шунга айтсалар керак-да. Шу одам сочиқ танларди. Кийим-бошигаям жуда қарарди. Кўрпа-ёстиғига-ку қўяверасиз. Шундай одамнинг пешонасига битгани қариндошчилик ришталаридан эди. Буни аввалига англамаган бўлса-да, кейинроқ тушунди. Ўзбекда холами, аммами айтади-ку, “шу қизга уйланасан, тамом!” деб. Бўй етган қизларнинг эса хунуги бўлмайди. Киши олдинига ҳамма нарсани “кўз очиб кўрганидан” топади: кечагина кўча чангитиб, чиройли қизларга ола қараб юрган, ҳар хил кино-пиноларни, ҳозир эса, клип-плипу телефон оҳангжамаларини кўриб, эти қизиган бўйдоқ йигит учун янги дунё очилади. Мабодо у қишлоқ йигити бўлса, “кашфиётлар”дан икки карра масрурликни ҳис этади. Навқиронликнинг, хоҳ у қизда ёки йигитдами, ўз таъми, ўз бўйи бўлади. Келин-куёвни шу нарсалар сархуш айлайди, келин тушган хонадаги турфа кийим-бошларнинг туси, ёқимли ҳиди эса, икки ёшга, айниқса, куёвга чандон шаҳду сурур бағишлайди, бу дунё, ҳаёт гўзалдан-гўзал кўринади. Бу ҳолатнинг давомийлиги уларнинг ақл-фаросати, қалбларидаги завқу орзиқишга боғлиқ. Агар улар ноқис бўлсалар, ҳаётнинг хуш онлари қисқаради. Биринчи эри буларни англаган, ҳис қилган, шекилли… Лекин эрининг четинлиги қизига ўтган, буям етмагандек, кўнглиям нозик.
Бу эрига теккач, ўзини ўз тақдирига тушгандек ҳис этди. Аммо у “ўхшатмаса учратмас”, деган ибораниям, маъносиниям билмасди. Эри тўпоригина, соддагина, янаки кирчимолгина эди, унга шуниси ёқиб тушди. Ортиқча сўзлар, таънали, зардали нигоҳлар, сочиқ танлашлар, қўл ҳидлашлар йўқ. Ишлайди, ичади, ейди, келади, кўнгли тортса, қучади, ухлайди ва яна ишлайверади. Шундай ўйлаб адашди, чоғи. Олдинига кеч келадиган, қуруқ қайтадиган одат чиқарди, ичиши зиёдалашди, гап-сўз камайди. У буларни англаб турса-да, ўзваккина эрини бунчаликка боради, деб ўйламовди. Бир кеча сархуш кириб келди-да, анчагача ёнбошлаб ётди. Нуқул қизалоққа тикилди, аммо кўзларидаги маънини уқиш мушкул эди. Сўнг индамай ўрнидан турди-да, кутилмаганда мустаҳаб қилиб, юз-қўлини ювиб қайтди. Артинди. Жилмайди-да, “эртага онангникига кетасизлар”, деди. Овози биринчи эриникига ўхшаб кетди. Кейинги гапларни ҳамма билади: у томон у деди, бу томон бу, бироқ эри ҳеч кимга қаттиқ гапирмади. Ахийри юк-тоқини уловга ортқилаб, ота уйига равона бўлди…
Носни туфлади. Ҳалигина кўзига чиройли кўринган ҳовлиси яна қорайиб, хўмрайди. Ёввойи ўтлардек тиканак мош-гуруч соқолининг остини тирнади. Хаёлан энди нима қилишини ўйлади. Кечки овқатни еди, хумор босдисига носни чекди. Идиш-товоқни эрталаб ёки эртага кечки пайт ювади. Ухлашга ҳали вақтли. Бу ёқда уй ютаман, дейди. Кўчага – гузарга чиқсинми? Шомга яқин у ерда одам қайнайди. Айниқса, эркаклар. Бир-икки тасқарароқ хотин-қиз ҳам. Бу пайтда кўчада нега одам мўл бўлишини ҳеч тушунолмайди. Биров нонга, бошқаси арақ-парақ ичгани, кимдир нимадир харид қилгани, бўй қизлар этини ўлдирганими, хотинининг овқати пишишини кутганлар вақт ўтказганими, чиқишади. Унинг нима иши бор? Нима, бекорчи ёки шу қишлоқнинг эгаси – тош-торозисиман, деган эрмакталабларнинг жавобсиз саволларига жавоб топиши керакми? Яхшиси бир кафт… Тилининг остига нос ташлади. Ўрнидан туриб, қўлларини белида қовуштира ҳовлини кезинди. Носни туфлаганидан сўнг ҳам нима қилиши ҳақида бир қарорга келолмади. Илк юлдузлар милтираб, осмон кўзгуланганда, плитага чой қўйиб, уйга кирди. Ёнбошлади. Кечаси чанқайди, кам деганда икки бор уйғониб, яхна симиради. Буни носдан, деб билади. Ичган кунлари эса, баттарроқ чўллайди… Чойни дамлаб, ёнига қўйди-да, хоб жойига ястанди…
Эрталаб халтасини саланглатиб, тағин мардикор бозори сари йўл олди. “Меҳнат биржаси”да одам гавжум эди. Бу ерга шоҳ ҳам, гадо ҳам келишини, эпласа тирикчилигини ўтказишини кўпчилик билмайди. Гадони-ку тушунса бўлар, мардикор бозорида шоҳ нима қилади, дегувчилар топилиши аниқ. Шоҳ дегани олий маълумотли, бир пайтлар ўқитувчими, умуман инжинер-пинжинерми бўлган одамлар… Бозор катта йўлнинг ёқасида, шаҳарнинг энг серодам, серқатнов ерида жойлашган. Давра қурган, яккам-дуккам ёки гала-гала мардикорларнинг турқи-таровати турфа эса-да, юзи қўнғир-қорамтир қизғиш, кўзлари бақрайган, соқол-мўйлови қиртишланмаганлари, хуллас, бир қарашда, тасқарароқ кўрингувчилари мўлроқ. Кўплари таваккалига тақдир ёзиғини кутишганидан хотиржам кўринишади. Бироқ бирон машина тўхташи ҳамоно атрофига ёпирилишади. Чунки харидор, яъни иш кам. Ёлловчилар ҳам анойи эмас, обдон савдолашишади, алланималарни сўраб-суриштиришади, кейин олиб кетишади… У латок ариқча четидаги қийшиқ дарахт остига халтасини ташлаб, устига ўтирди. Нос отиб, атрофга лоқайд назар солди. Насиб қилса, харидор топилар, акси бўлса, оч қоладиган бола-чақаси бормиди. Ана, бир “Кобальт” келиб тўхтади. Ишхўрлар “талашга” тушишди. Хийлагина гап улоғидан сўнг икки мардикорни олиб кетишди. Бошқалар яна ортга қайтишди. Сал ўтиб, ўша ҳол тағин такрорланди. Бир соатча вақт ўтди. Соат тўққиздан оғаётганда тепасида башанг кийинган йигит пайдо бўлди.
– Ака, сизам ишгами? – деди салом ҳам бермай.
Дингқулоқ мардикорлар шитоб уларга яқинлашишди. Йигит ёнверига норози қараш қилди-да, саволини қайтарди. У сапчиб, “ҳа-ҳа, иш пойлаб турибман”, деди.
– Шерик-перигингиз борми? – сўради йигит.
Девайлаганларнинг инсофлироқлари нари кетишди.
– Йўқ, ёлғиз ўзим ишлайман. Омма (аммо) уч кишининг ишини қиламан.
– Унда яхши, – йигит унинг бақувват жуссасига зимдан разм солди. – Опам икки қизи билан яшайди. Шунинг учун сизга ўхшаган ёши каттароқ устани қидириб юрувдим. – Энди синовчан тикилди. – Ҳамма ишни қилаверасизми ишқилиб?
– Менга барибир, – деди “қани, кетдикми”, дегандай халтасини қўлига олиб.
– Кетдик! – Йигит турфа маъноларда боқиб, айримлари нималарнидир ғўлдираб ҳам қўяётган иш талабларнинг ҳавасу ҳасадини қўзғаб, уни машинаси томон бошлади…
“Каптива”нинг эшигини очиб, ўрнига жойлашаркан, ёнига ўтиришга ишора қилди. “Минг йиллик мардикор” учун бу ўйланиб ўтирадиган ҳолат эмасди, егани нони, ёнида пули қолмаган одамнинг бунақа пайтда бирон нарсани ўйлаб-нетиши темирчининг иш устида ашула айтишидек гап. Машинага бамайлихотир жойлашиб, халтасини тиззасига қўйди. Манзилга тез етишди. Ялтироқ дарвоза эл қаторидагидан хашаматлироқ эди. Йигитнинг ортидан ичкари кирди.
– Опа! Ҳов, опа!..
Икки қаватли уйнинг юқорисида — зинапоя бошида калта гулли халат, белдан пастига танига чиппа ёпишган либос кийган, сочлари ёйиқ аёл кўринди.
– Ке, укажон, ке! – Аёл қуйи туша бошлади.
– Саломалайкум, опа. Уста обкелдим.
У ҳам салом берди, аммо беихтиёр аёлдан кўз узолмай қолди.
– Вой, бир ўзи ишлайдими? – деркан, аёл зинапоянинг ўртасида тўхтади. – Ё шериклари энди келишадими?
– Бу ёғини менга қўйиб беринг, опа. – Йигит ниманидир чамалагандай у ён-бу ён аланглади. – Мана шу асфальтни кўчириб, ўрнига брусчатка ётқизасиз. Ана, брусчатка, семун (цемент), шағал кўчада. – Сўнг опасига деди: – Сиз ишингизни қилаверинг, опа. Биз ўзимиз…
У тепага қайтаётган аёлнинг ортидан паришон боқаркан, ютинди, шунинг асносида йигит айтган гапларни шуурида бир қур қайтарди.
– Бирор машина шебен (чақиқ тош) ҳам обкелинг, иш яхши чиқади, – деди халтасини ёнбошдаги пастак, аммо бежирим уйнинг айвонига ташлаб. – Бугун ҳамма нарсани тайёрлаб оламан. Ишни эртага бошлайман. – Негадир унинг кайфияти чоғланиб, овози тиниқлашди.
– Хўп, ака!.. – Йигит ниманингдир андишасида каловланди. – Ҳаммасини чиройли қилиб берсангиз, кейин… Бу ерда аёллар… Назарни…
У тушунди.
– Агар… Хуллас, иш ҳақидан хавотир олманг. – Йигит сўнгги ҳукмини айтди: – Ҳаммаси кўнгилдагидек бўлса, икки ҳисса оласиз. Ишни бошлайверинг! – “Опа, мен кетдим”, дея овоз бериб, кўчага йўналди. Дарвозада тўхтаб, қайрилди. – Шебенни бугун обкеберишади.
– Сизга бир нарсани айтмоқчийдим, – дея у айб иш қилган боладай мўлтиради.
Йигит қайрилди.
– Эшитаман.
– Мен нос чекаман, шунга…
– Шуни айтмоқчимидингиз? Мен нимайкин, дебман-а. Нос чексангиз, бемалол, шуниям сўраб ўтирасизми?.. – Йигит, унинг соддалигидан завқи келдими, бошини сарак-сарак қилиб, кулганча чиқиб кетди.
Бир хонадонда ишлаганида, хотин эрига “ановингиз ҳамма ёқни тупук қилиб ташлади”, дегани қулоғига тушди. У шунчаки эмас, нос туфлайди-ку. Шу-шу бировникига борса, эҳтиёт бўлади… Айвондаги ихчам сўрининг бир четига омонатгина ўтириб, бармоқларини шимининг чўнтагига нуқиб, носшишасини олди. У ёқ-бу ёққа паришон боқиб, нос отди. Ўзича ишни чамалади. Чамаларкан, кўз ўнгида ҳалиги аёл намоён бўлди. Чиройли экан! Негадир акашак пойабзалига, шиму кўйлагига ирганиброқ назар ташлади. Айтгандай, кийимларини алмаштириши керак-ку. Аланглади. Зинапоядан аёл тушиб келарди.
– Чой-пой ичиб оларсиз? – деди ўнгга қайриларкан. Энди сочлари турмакланганди. Шунақаси унга кўпроқ ярашаркан. Сочлари тепага сидирилганидан бўйнининг орқаси бўлакча кўринди. Унинг бағри ачишди. Носни туфлаши, нимадир дейиши керак. Аёл ошхонада уймалаша бошлаганди. Шу унга қўл келди: асфальт топ-тоза, айвон ҳам. Нариги четга рангли брусчаткаларни тахлаб қўйишган экан, шитоб бориб, ортига туфлади.
– Ҳали иш-пиш қилмадиму!.. – Ошхона томонга таваккалига овоз берди. – Анови хонада кийим алмаштирсам бўладими?
– Сўрининг ёнидаги хонага кираверинг.
Аслида унинг устидаги кийими иш кийимидан унчалик фарқ қилмасди. Фақат иш кийимидан тер ҳиди бадбўйроқ анқирди. Кийимларини алмаштириб чиққанда, дастурхондаги егуликлар оппоқ сочиқ билан ёпиб қўйилганди. У энди бағоят афтодаҳол кўринар, қараган кишининг беихтиёр раҳми келиши ёки ундан ирганиши тайин эди.
– Қўл ювмоқчи бўлсангиз, сув ҳов, ана, – ишора қилди ошхонага кириб бораётган аёл.
Саҳн четидаги теграси кунгурадор безатилган, жўмраги остига нақшинкор ҳовузча қурилган сув қувури ёнига борди. Қўлини сувни шопириб-шопириб ювди, ҳатто юзу бўйнига, тиканак соқолларига ҳам сув урди. Танаси тетиклашиб, софлик туйди. Аммо артингулик нарсаси йўқ эди, юз-қўлининг қуришини кутиб, сўри томон секинроқ юрди. Эндигина ўтирганда соҳиба чойнак-пиёла кўтариб келди.
– Қизларим мактабдан келгунларича ҳамма иш ўзимга қолади, – деди қўлидагиларни дастурхон четига қўйиб, емишлар устидан сочиқни оларкан.
Аёлдан таралган хуш ифор димоғини сийпалаб, оҳорли кийим-боши кўзини яшнатди.
– Бирон нарса керак бўлса, айтарсиз. – Соҳиба жон олгувчи қадамлар билан тепага чиқиб кетди.
Дастурхондаги нарсалар – бир жуфт обинон, сарёғ, колбаса, шакар, айниқса, хуш уфурган тозалик унинг иштаҳасини қитиқлади. Мардикор зоти овқат билан тирик, ҳеч қачон ундан юз бурмайди. У эса кечадан бери туз тотмаганди. “Бисмиллоҳ”, деди-ю нонга қўл урди. Ҳеч қанча ўтмай, дастурхонда шакардан бошқа нарса қолмади, чойнакни гўё сиққандай чангаллаб, чойнинг тагини чулдиратиб пиёлага қуйди-да, шўриллатиб сипқорди. Лаблари четида, пешонасида тер ялтиради. Нафси ором олгани шу эди, энди бир кафт нос отса, тамом, ана ундан кейиш иш деганининг… Носни туфлаб, аввал брусчаткалар тахламини, қоплардаги цементни, кўчадаги шағални чамалади. Ниҳоят асфальтни кўчиришга тушди. Тездагина саҳнни ўйиб ташлади. Белини кўтариб, нос чекаркан, бирдан соҳибани эслади, беихтиёр юқори қаватга қаради. Нигоҳи бироз тентиради-да, кенг деразада тўхтади. Хиёл қайрилган парда ортидаги ўзига қадалган кўзларни пайқади. Улардаги маънони ёки соҳибанинг нега у ерда турганини аниқлаш учунми, ихтиёрсиз тикилиб қолди. Лаҳзалар ичида аёлнинг нигоҳини тутди. Ташқаридан тушган ёруғ ундаги маънони ошкор этди: “У ким, ростдан ҳам яхши ишлайдими?” янглиғ саволлар учарди соҳибанинг кўзларидан. Унинг эти жимирлаб, бўғзи куйди, кўнглида ўзи ҳали англамаган ҳис уйғонди: алланечук соғинч бағрини сим-сим эзарди. Носни туфлаганда, дарвозадан замонавий сумка кўтарган икки қизалоқ кириб келишди. Кичигининг сочлари иккита қилиб турмакланган, мактаб либоси эгнига ниҳоятда мос тушганидан, бир қучоқ гулдастага ўхшаб кўринади. Каттасининг кийими эса, бошқачароқ эди: ундан балоғат уфура бошлаганди, ёйиқ сочлари икки елкасига суйкалади.
– Ие, уста келибди-ю!.. – деди жарангдор овозда кичиги.
– Ҳорманг, амаки! – илтифот кўрсатди каттаси.
Ўйдим-чуқур саҳнда сакрай-сакрай, юқорида турган онасига рўпара бўлишди.
– Келдийларми? – Соҳибанинг кейинги сўзлари ҳукмдай эшитилди: – Дарров кийимингларни алмаштириб, тушликка тайёргарлик кўринглар!
У қаққайганча:
– Овора бўлманглар, мен кетаман, – деб юборди соҳибанинг гапларидан ўзича маъно чиқариб. – Ишни эртадан бошлайман, астойдил. Одатим шунақа.
Аёл унга совуқ, ҳам норози қараш қилди.
– Ўзимиздаям қорин бор! – деди ичкарига қайтаркан.
У ўзини изза бўлгандай ҳис этди. Нима қиларини билмай, асфальт бўлакларини ғалтакзамбилга юклай бошлади. Кўп ўтмай, улкан машинада чақиқ тош тўкиб кетишди… У ўз ҳолидан ҳайрон эди: қайга бормасин биринчи куни қарийб иш қилмасди. Бугун эса, уни-буни баҳона қилиб шу ерда уймалашяпти. Феъли тутди: “Ҳов, опа”, деди юқорига бўйлаб, аммо аёл унга опа бўлгулик эмасди. Икки-уч бор “опа”лади. Ниҳоят соҳиба кўрингач, “Ишни эртадан бошлайман”, деди-да, сувқувурда юз-қўлини ювиб, кийимларини алмаштиргани кириб кетди.
– Эртага эртароқ келарсиз? – сўради соҳиба дарвозага етганда.
– Хўп! – деди-ю ичида нимадир узилгандай бўлиб, кўчага чиқди…
Уй ютвораман, дейди. Қоронғи тушишига ҳали анча бор. Нимагаям эрта келди? Доимгидек ишлаб, кечки овқатни еб қайтса бўларди-ку! Не қилсин, одати шу, “ўзим калман, таъбим нозик-да”. Болалигидан шунақа – бирон ишга киришса, илк куни уни у ёққа, буни бу ёққа ташмалайди-ю, фақат нима бор, нима йўқлигини чамалаб, нимани қачон бажаришини режалаштиради. Қўли ишга боравермайди. Бугун ҳам шундай бўлди: лекин энди не қиларини билмай қолди. Кўчага чиқай деса, дарвозаси олди супурилмаганига анча бўлган. Қачонлардир ўзи ясаган ярим қулочли ёғоч “эшак” кўзига хунук кўринади. Ўчоқ бошига келди. Чироқ ўчиқ. Чойни ўчоқда қайнатгани тузук. Вақт ҳам ўтади. Ғўзапоя аралаш шох-шаббани қасир-қусур синдириб, ўчоққа босди. Аланглаб тутантириқ излади: дарвоқе, китоб бормиди? Тўқ жигарранг тусли юпқа муқоваси униққан китобни қўлига олди. Ҳарфларни уриштирмаганига анча бўлганмасми, ёзувини қийналиб ўқиди: “Абадият қонуни” – бу нима деганийкан-а? “Абадият”ни тушунмади. Қонун тўғрисида шекилли-да, дея ўйларкан, олов ёқишни ҳам унутиб, китобни варақлади. Кечки овқатга ҳали анча бор, қорниям жуда унақа очиққани йўқ. Савил, телевизорни ўлгудай ёмон кўради-да, бўлганида балки зерикмасмиди? Мундайроғидан сотиб олсамми, деб ўйлаб қўяди-ю, унга қараса, боши айланиши эсига тушиб, доим шаҳдидан қайтади. Китобни варақлади. Четлари сарғайиб, ҳамма ёғига чанг-ғубор ўтирганди. Аввалги саҳифаларини йиртиб, тутантириқ қилгани ёдида йўқ эди. Юлиб олинган варақларнинг сўйлоқ тишлардай қолдиқлари кўзига хунук кўринди. Илк сатрларни ўқиди: “Аёл ётоқхона томон…” сўзларига кўз югуртирди-ю, беихтиёр ҳалиги аёл эсига тушди. Унинг қадди-қомати, кўзлари қутқули эди. Яна китобга тикилди. Бу матоҳ уйига қаёқдан келувди ўзи? Хотинининг қизи қайсидир қўшниникидан кўтариб чиққанмиди? Ёки хотини тутантириққа яраб қолар, деб эгасидан сўраб олганмиди, билмайди. Кейин эса қопнинг тагидан жой топди. Китобни ёпиб, тағин номига қаради: “Абадият қонуни” – номи қизиқ экан. Тепароғида муаллифнинг исм-шарифи ёзилганди: ўқиш қийин, хиралашиб кетибди. Овоз чиқариб ўқиди: Нодар Думбадзе. Ёзувчисининг оти унданам қизиқ экан-ку. Кулди. Думбадзе, хих… Грузинларда шунақа исм бўлармиди?
Ҳарбийда бир шеригининг фамилиясими, отими Тутадзе эди – грузин. Ўша Тутадзе хийлагина қўрсми-ей, шафқатсизроқми-ей эди. Уни бу кўйга уруш солмаганлигини кўпчилик тушуниб қолганди… Иккови бир уйга киришди. Чодрали аёл бурчакка қисилиб турарди. Одатда афғонлар аёл-қизларини ёлғиз ташлаб кетишмас, зарур бўлса, жон бериб ҳимоя қилишарди. У одам беркиниши мумкин бўлган жойларни кўздан кечириб чиқди. Айни маҳал Тутадзе автоматининг учи билан аёлнинг юзини очишга уринар, шаҳвоний титраб, хирингларди. Ахийри аёлнинг бошидаги чодрасини юлиб олди. Ё Оллоҳ! Рўпарада ўн беш кунлик тўлин ойдек кўз қамаштирар чиройли бўй қиз турарди. Юзи пушти қоришиқ оқ, қош-кўзлари тим қора. Сочлар мастона тўлғонади. Нигоҳи!.. Нигоҳини тасвирлашга тил ожиз: бегона жонзотни кўрган жажжи шерваччанинг хиёл ҳуркиброқ ириллашига монанд қараш… Тутадзе ҳирс етовида пишилларди.
– Унақа қилма! – дея олди.
– Эй, тўнка! Шундай нарсани… Уларнинг эркаклари қанча йигитларимизни!.. – Ваҳшат ила ўлжасини ерга ағдарди.
Негадир қизнинг нигоҳида қўрқувдан асар йўқ эди. Эсласа, ҳалигача ҳайратга тушади. Балки ўшанда… Тутадзе қизни босиб олгач, бирдан ғалати инграб юборди. Қиз итариб юборгач, ёнбошга ағдарилди-ю, жон ҳалпида чинқирди. Қорнида ханжарнинг сопи кўринар, қизнинг либоси қонли эди. У нима бўлганини тушуниб, тутқунга қаради. Қиз “ўлимга тайёрман”, дегандай боқди. Тутадзенинг танаси тортишиб, ханжарга қаради, нолавор оҳ урди. Лаҳзалар ичида ҳуши оға бошлади. У бўлса, ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғини лабига босиб, қизга “индама”, сўнг “яширин”, дегандай ишора қилди-да, Тутадзени суяб турғазишга уринди. Шўрлик оғриқдан дод солди. Ханжарни суғургани қўрқди: ўлиб-нетиб қолса!.. Шеригини ташқарига судраркан, қизга сўнгги бор маъноли боқди.
Тутадзени тиббий қисмга олиб кетишди. Кўп ўтмай, ўлибди. Ханжар киндигига урилган экан. Аслида қорнидан яраланган одам камдан-кам омон қолади… Унга ҳеч ким ҳеч нарса демади: ё Тутадзе ҳушига келмаган, ёки сотмаган… Гоҳо ўшанда тўғри қилганмидим-йўқми, дея изтиробга тушгани рост. Лекин бир нарсани англади: уруш инсонни бешафқат жонзотга айлантираркан. Агар жазоланмаслигини билса, ҳар қандай ваҳшийликни қила оларкан. Уруш жазосизлик туйғусини яратаркан. Жасорат ҳам шунда туғиларкан. Бу гаплар унинг тўпори жўнликка кўниккан шуурида унганди. Кейин эса унутди… У бир умр аёлларнинг кўзига қарашдан ҳайиқиб яшади. Аммо бугун… Муқовани чапга сурди. Илк сўзларни қайта ўқиди: “Аёл ётоқхона томон юра бошлаган эди, эркак олдинроқ бориб, эшикка кўндаланг туриб олди.
– Бас қилинг! Тартиб-қоида деган нарса бор!
– Кираману чиқаман.
– Йўқ!
– Наҳотки на хотининг, на болаларинг бўлмаса?
– Йўқ, бўлмайди ҳам. Мен эркин одамман! – деб жилмайди эркак.
– Қулсан, эркин одаммассан! Бахти қаро қулсан, мунофиқсан, аблаҳсан, билдингми?! – аёл ўзини тутолмади.
– Қайси биримиз қул ё аблаҳлигимиз борган жойимизда маълум бўлади, ҳозир тез олдимга тушинг, бўлмаса… – деди ранги ўчиб эркак.
– Нима – бўлмаса?
– Ватан хоинларини нима қилишларини биласизми?
– Ҳали сен Ватан ҳақида гапиряпсанми?! Дайди!
– Гапларингиз эсингизда турсин!
– Эсимда туради…”
Яна бир неча саҳифа ўқиди. Оламдан ёруғлик қоча бошлаганда тўхтади. Бирон нарсани тузукроқ тушунмади, лекин ўқиш барибир қизиқ экан, деб ўйлади, ўзингни ақллироқ фаҳмлай бошларкансан. Бу ҳувуллаган дунёда, вайронани эслатувчи кимсасиз ҳовлида нимадир қилиши керак-ку ахир! Хаёллари бегоналигини, улар бугунги аёл туфайли пайдо бўлганини, тўғрироғи, ичида нимадир ўзгарганини тушунмасди-ю, бироқ айни кўйи хуш ёқарди… Энди кечки овқат ҳақида ўйлаши керак. Китобни ўчоқ бошига эмас, токчанинг юқорисига қўйди. Кечаги иккита тухум турибди. Хайрият, чироқ ёнди. Ўчоққа ўт ёқиши учун тутантириқ излаши (аммо негадир китоб варағини йиртиш ҳақида ўйламади) шарт эмас. Плита устига товани жойлаб, фикри ўзгарди: тухум дарров пишади, олдин чой қайнатиб олгани маъқул…
Эрта уйғонди. Кечадан буён соқол-мўйловини олишни, ювинишни ният қилганди. Сочини тўғрилатгани эҳтимол улгурмас. Қаердандир ярми синиқ ойнани топиб, сўри четига тиради. Кўзтиконни эслатувчи соқолини “муллавачча” қилиши керак. Яланди кирсовун токчаларнинг аллақайси бурчагида эканлиги эсида эди. Соқолини сувлагач, совунлаб, обдон ишқалади. Устараси “отам замондан қолган”. Соқолнинг бўйин эгиши қийин бўлса-да, амаллади. Қўл тирноқларига қаради: учи қорайиб ётибди. Шу қадар қалин, темир каби қаттиқ. Доим илиқ сувда ивитиб, юмшагач, эр пичоқда (қинли пичоқда) олади. Қайчи, писка ўтмайди. Лекин ҳозир ивитиб ўтирса, ишга кеч қолади. Гугурт чўпининг учини чимдиб, ярмини узиб олди-да, тирноқлари остини тозалади. Унгача плитадаги сув илиди. Уй ёнбошига ўтиб, иккита ғишт устида бошу танасига кирсовунни ишқаб, ювинди. Бўртиқ пайлари янада шишди. Артинди. Кечаги кийимларини кийди…
Дарвоза олдида соҳибанинг укаси қизалоқларни машинага ўтқазарди.
– Келдингизми, ака? – деди “ишингни билиб қилавер” қабилида. – Ҳамма нарса борми?
– Ҳамма нарса бор, – деди у ва омонатгина кўришдилар.
– Ишни тезлатасиз-да энди, ака. – Йигит машинага ўтирди. – Ҳали келаман.
Томоқ қириб, ичкари кирди. Ҳовлида ҳеч ким йўқ эди. Тепадаги ойнага умидвор қараб олгач, кийимларини алмаштиргани кирди. Хаёли эса соҳибада. Қайтиб чиққанида ҳам ҳеч ким кўринмади. Иш буюмларини тарақа-туруқ қилди. Хаёли мудом аёлда: кўринсайди! Иши унмаётгандай туюлди. Қанийди, бир кўринса!.. Асфальтни кўчиришга тушди. Ниҳоят ўша овоз:
– Саломалайкум!.. Келдингизми?
Иккиланиброқ, ҳатто қўрқиб, тепага қайрилди. “Келдингизми”, деган сўз эркалагандай бўлди. Лекин алик ололмади – бунга одатланмаганди. Бош ирғаркан, “ҳмм”, деди.
– Бирон нарса керак бўлса, айтарсиз, – деди-ю аёл кўздан ғойиб бўлди.
У жилмайди. Вужудида қувват кўпирди. Бир зарбда асфальтнинг катта қисмини ўпириб ташлади. Наздида, ютаётган ҳавоси бағоят тотли эди. Ҳатто оҳори тўкилиб, сузилиб қолган, ачимсиқ тер ҳиди анқиган кўйлаги ҳам танасини сийпалаётгандай туюлди. Ҳамма нарса кўзига чиройли кўринар, юраги орзиқарди. Оёқ-қўли тиним билмас, ора-сира юқоридаги ойнага қараб қўйишни ҳам канда қилмасди.
Асфальт бўлакларини кўчага таший бошлаганда, соҳиба ошхона томон ўтаркан, деди:
– Чой ичволинг.
Қаддини ростлади. Бурнидан чўзиб нафас оларкан, димоғига урилган хуш бўйни узоқроқ сақлаш учун хиёл нафас чиқармай турди. Соҳиба бугун бошқача кийинганди: танасининг ҳар бир қисмига хос бўртиб, қайрилиб тегинган юмшоқ пушти матодан кўйлак, тиззаларигача яланғоч оёғида нафис шиппак. Либоси ҳар ҳаракатидан булоқ сувидек тўлқинланар, гўё майин шабода эпкини сийпалаётган янглиғ ғижимлана жимирларди… Оппоқ дастурхонда иккита обинон, шакар, парракланган колбаса ва ликобчада иккита қовурилган тухум. У қўлларини сувни шопириб, тирсагигача ювди, ҳатто ғарғара қилди. Артинаркан, атрофга маъноли назар ташлади. Нигоҳи кеза-кеза дастурхонда тўхтади: ёқимли кўринишли егуликлар “ғилқ” этиб ютинишга мажбур қилди, беихтиёр бағри ҳаприқиб кетди. Дастурхоннинг туси оқ бўлишини шу пайтгача ҳечам хаёлига келтирмаганди. Унинг оламида кирчимол бўлсин, доғ-дуғ билинмасин, деб тўқ рангли ёки гулли матолардан фойдаланишарди. Димоғи, бурни бетакрор софликдан ачишгандай бўлиб, иштаҳаси очилди. Нон синдираётганда соҳиба чой кўтариб келди.
– Ўзи биронта хизматкор хотин ёлласам бўларкан, – деди унга киборона нигоҳ ташлаб. – Манавинақа ишлар осон эмас экан.
У бу гапни унчалик тушунмади, чунки аёлдан таралаётган хуш ифордан, чиройидан, гўзал қадди-бастидан ва иштаҳа очар емаклардан сархуш эди. Аёлнинг гапи ҳам, писандсиз нигоҳи ҳам унинг ширин кечмишларига таъсир қилмади. Танглайидаги ёқимли таъмга колбаса билан яхши пишган ноннинг мазаси қоришди. Икки лунжини тўлатиб овқат чайнаркан, нигоҳи аёлга қайрилди. Соҳиба ҳали кетмаган, ғалати тикилиб турар, қарашидан ундаги ўзгаришни сезган, йўғон бўйнидан сирпаниб, қуйи тушган кўзлари бақувват танасидан завқ олаётгандай бўлса-да, нохуш ҳидни туйган бурни жийирилиб, раҳми кела бошлаганини англатарди.
– Хўжайинингиз қайда? – сўради оғзида товуш учун бўш жой топиб.
Соҳиба ҳайвонот боғида улкан маймунни кўриб қолгандай, кетай демасди.
– Аварияда ўлган. – Аёл на ўксинди, на овозида афсус сезилди. – Яхши одам эди раҳматли. Мана шуларнинг, – у бошу кўзини ҳовли бўйлаб айлантирди, – ҳаммасини ўзи қиб берганди. Аммо, роҳатини кўрмади… Ўзингиз… – шу гапни айтди-ю “дардимни сенга достон қилдимми” ёки “эътиборимга арзийсанми ўзи”, дегандай боқди. У аёлнинг кўзидаги маънони уқмаган бўлса-да, ўзи ҳақида нимадир дейиши кераклигини тушунди. Тилидан эса бошқа сўзлар учди:
– Мен… Ёлғиз ўзим… Жа чиройли хотинакансиз… – деди-ю каттароқ луқма бўғзига урилдими, тиқилиб, ўқчиди.
Соҳиба ундаги ўзгаришни сезганди: танидан мудом ачимсиқ ҳид анқиса-да, соқол-мўйловини қиртишлаб, ювингани билинарди. “Ўткир” бурни кирсовуннинг “ифори”ни ҳам пайқади. Бироқ тўпори мардикорнинг кутилмаган, ўта самимий “хушомади” хуш ёқди, фақат ўзини тушунмаганга солди.
– Мабодо ашула-пашула эшитгингиз келса, айтарсиз, – деди зинапоя сари юриб.
У ўзини эркинроқ, аёлга яқинроқ ҳис қила бошлади.
– Кўпроқ яхни қиб қўйинг! – Оғзини тўлатиб чой ҳўплади. – Кўп чанқайман.
Соҳиба унга энди ҳам ҳайрат, ҳам “ким билан гаплашяпсан, биласанми” қабилида боқди. Сўнг йўғон бўйнида, кўйлаги остидан ҳам бўртиб турган мушакларига, ундан ҳам баттари, ҳайвонники каби маъносиз аммо чўғ кўзларига қараркан, ўзи истамаган ҳолда сўлиш олди.
– Майли, катта чойнакларда дамлаб бераман. – Жилмайишга уринди. – Яхнадан кўнглингиз тўқ бўлсин. Фонтанниям ёқиб қўяман.
Ўртада айлана ҳовузли фаввора бор экан – эътибор бермабди-я. Сув пуркагичлари гул шаклида. Яхши бўлди, ҳали кун тиккага келганда ҳамма ёқ ловуллаб кетади…
Соҳиба тушдан олдинроқ фавворани ёқиб, иккита катта чойнакдаги чойни бўғзига кирмайдиган қилиб сувга ботириб қўйди. Ҳовлида салқин тароват кезинди… Қизалоқлар мактабдан эрта қайтишди. “Салому ҳорманг” қилишиб, қувлашмачоқ ўйнашгандай тепага чопқиллашди. Чой-пойларга энди улар қарашди. У тамаддига киришганда кичиги ўтириб, каттаси тик туриб, қақиллашга тушишди.
– Нимага ёлғиз ишлайсиз?– сўради каттаси қизиқ нарсага қарагандай тикилиб.
Нима дейишини билмади, оғзидагини ютиб олгунича пича вақт ўтди.
– Менга бировнинг иши ёқмайди, – деди ростига кўчиб. Кейин ёш болалар билан гаплашаётгани ёдига тушдими, қўшиб қўйди: – Иннайкейин менда бешта одамнинг кучи бор.
“Во-ойй”, деб юборишди қизчалар.
– Айиққа ўхшаб кучингиз кўпми? – сўради кичиги кўзларини ола-кула қилиб.
– Ҳа, – дея у икки қўлини чиғаноғидан букиб, мушакларини кўрсатди.
– Ҳой, амакингни ўз ҳолига қўйинглар! – Юқоридан аёлнинг овози эшитилди. – Овқатланиб, тезроқ ишга тушсин. Сизлар ҳам овқатланволинглар.
Қизалоқлар тепага чиқиб кетишди. У емакка тобора сингиб борарди. Егани сари, жағи, тишлари, ҳатто уларга посангилик қилаётган, оғиз ичра ҳокими мутлақман, деган тили ҳам шунга муте эди. Ё Оллоҳ! Шунақасиям бўладими?!. Нафс қонди, таом ейилди, чой қайта-қайта сипқорилаверди… Соҳиба барибир гўзал, ўйлади у ва “гўзал” сўзини кашф қилганидан қувонди. Ҳа, гўзал!.. Мабодо уни қучоқласа (тавба, шундай ўйлаши ҳам мумкинми), жазирама иссиқда, яна терлаб-пишиб ишлагандан сўнг муздек сувга шўнғигандек бўлса керак. Ёки мана бу фавворага бошни тиқиб ўтиргандек маза қилар. Нима бўлганда ҳам, уни ўйлаш, ҳис қилиш печкаси лов-лов ёнаётган иссиқ уйдан ташқарига чиққанингда ҳамма ёқни қор қоплагандаги совуқдан-совуқ ҳаво оғзи-бурнингни ачиштирган, ой ёрқин-ёрқин кўринган тунга ўхшайди. Танинг ёнади, бўғзингда тоза ҳаво ўйнайди, кўзинг жимирлайди, атроф қоронғи, аммо сенга ойдин-ойдин кўринади… Яна ишга тушди, тез ва орзиқиб ишлади. Қуёш уй томининг сўлига оға бошлаганда, юқорида аёл кўринди. Унинг-чун кутилмаган дийдор: соҳиба ўнг қўлининг икки бармоғида эркакча кўйлакнинг ёқасидан тутганча турарди. Ишдан таққа тўхтади: нима қиларкин? Ювса керак-да? Зинапоя бошида деди:
– Раҳматли эримники, – ўзини ниҳоятда жиддий тутишга уринаётгани сезилди. – Бекор ётибди. Киярсиз. Тор келмас… – Шундай дея кўйлакни сўри устунига илди.
У эса анграйганча турарди, ҳатто раҳмат айтолмади…
Салдан кейин ука – йигит кириб келди.
– Ҳорманг, ака! Вой бў-ў, ишлар тезлашиб кетибди-ку. – Сўнг юқорига овоз берди: – Яхшимисиз, опа? Тинчликми ишқилиб?
Аёл тепадан салом-алик қилди.
– Камчиликлар йўқми, ака?
– Йўқ.
– Уйингизга қатнаб, ишласангиз, дегандим…
– Ўзим ҳам шунақа қиламан, деб турувдим…
– Яхши. Барибир уйингиздан ҳам хабар олишингиз керак-ку.
– Тўғри, – деди-ю, хаёлидан менинг гўристонга ўхшаган уйимни ит ермиди каби гап ўтди.
– Хўп, бўлмаса, – йигит дарвоза томон юрди. – Эртага хабар оламан. Бўпти, опа, мен кетдим, – деди юқорига бўйлаб.
У тараддудланди.
– Агар малол келмаса… Йўл кирага…
– Пулми? – деди йигит очиқ юз билан. – Тушундим. Ҳозир… – Пичадан сўнг қайтиб, бир тахлам пул узатди. – Юз минг етадими?
– Етади. – У иши осон битганидан ўнғайсизланди.
– Хўп, хайр! – Йигит ғойиб бўлди…
Унинг феъли шу – иш қилаётганида биров девайлаб (кузатиб) турса, овқат еётганида қаттиқ тикилганга ўхшайверади. Иши тезлашди. Аммо бот-бот тепага қарарди. Ниҳоят овоз берди:
– Фонтанни ўчириб қўяверинг!
– Нега? – деди аёл пайдо бўлиб. – Ҳаво энди димлайди-ку?.. – Сўл ёғида кичик қизи кўриниб, онасига суйкалди.
У қаддини тиклади. Аввал фавворага, сўнгра аёлга боқди. Ниманидир тушунгандай яна юмушига уннади. Тилидан эса ушбу сўзлар учди:
– Энди томчилар аниқ-тиниқ кўрина бошлайди. – Аммо нима деганини ўзи англамади.
Аёлнинг танасида нимадир ёқимли ўрмалади: тушунмади, нигоҳи фавворага қайрилди. Зарб билан отилган сув тепага бўйларкан, парчаланар, қайсидир дарахтми, деворми ортига чўка бошлаган қуёш нурида томчилар дона-дона бўлиб кўринарди. Бу аёлнинг бағрини оромбахш тимдалади-да, “тавба”, дегандай бўйни аралаш кўксини сийпалаб, ичкари йўналди. Қизалоқнинг, “Ғалати одам экан-а?” деган томчилардай шаффоф овози эшитилди. У ўзида эврилиш рўй берганини сезди, ҳадик ва ёвқараш билан фавворага ўгирилди. Кўзи билан томчиларни эндигина тутганда отилаётган сув ўз туйнугига қайтгандай таққа тўхтади. У ишни якунлаши кераклигини англади: уйга қайтаман!..
Чўнтагидаги пул қутқулади: ичгиси келди. Қорни тўқлиги истагига кушанда бўлди. Шом чақирган қоронғилик бўғзидан олмади, аксинча, ҳовлидаги дарахт шохларининг қуюқ уйғунлиги, саҳнда оёғига урилган майсалар, ҳозир-ҳозир дамлаб ичишни орзулагани аччиқ кўк чой хаёли хуш ёқди. Ҳов наридаги бўйчан тераклар шохида жўр бўлиб шанқиётган олақанотлар эътиборини тортди. Тўхтади. Аммо қушлар кўринмасди. Қаттиқ қарс урди. Шаллақиларнинг овози бир лаҳза тинди. Сўнг яна баландроқ овозда сайрай кетишди. Чироқ ёниқ эди: энг аввал плитага чой қўйди. Андармонлик истади. Шу пайт кўзига токчада мунғайибгина ётган китоб илинди. Беихтиёр кўнгли илиди. Китобни шошиб бағрига босди, чойнинг қайнашини кутди… Шопириб-шопириб қайтарди. Ёнбошига қўйиб, китобни очди. Лампочканинг ёруғи ҳарфларни илғашига монелик қилди. Хонтахта бурчагига бир оёғини тираб, пружинасимон эшилган симини текислаб, пастроқ туширди. Ўтирганча китобга қаради: ҳарфлар чаплашмади. Ўқиди, ўқийверди…
Яна эрта уйғонди. Ташқарига чиқиб, керишди. Атрофга аланглади: дов-дарахтлар, ўт босган ҳовли саҳни кўзига хунук кўринди. Тавба, одам ҳам шунақа яшайдими?! Ариқчада юз-қўлини ювиб, чала-чулпа артинди. Плитага чой қўйиб, белкуракни олди-да, саҳндаги ўтларни тупроқ қоришиқ қира кетди. Шуури ойдинлашиб, кайфияти чоғланди. Кўз олдига соҳиба келди: чиройли хотин! Қоматини айтинг, қараса, бўғзида олов туради – чанқаб кетади. Кийимлариям ўзига ярашган, хушбўй. Қизлари-чи, қизлари… Улар манавинақа уйда яшолмасаям керак. Ё ҳамма ёқни тозалаб, одам кепата қилишади, ёки “ҳаййо-ҳуйт”, дея тарк этишади. Нега одамлар бир-бирларидан бу қадар фарқ қилади? Жавоб топишга ақли ожизлик қилди. Кейин хаёлларидан уялди… Ишга узоқ кутган кишисини кўрадигандай орзиқиб борди. Яна йигит билан қизалоқларга рўпара бўлди. Сўнг ҳамма ёқ жимиб қолди. Хонага кириб, аёл инъом қилган, танини сирган юмшоқ қимматбаҳо кўйлакни ечди. Иш кийимларини кийиб, ташқарига чиқди. Кўзлари беихтиёр юқорига қарарди. Юрагидаги орзиқиш қўлларига шашт берди. Шағал устига чақиқтош ётқизишга киришди. Ишларкан, бағрини ўзи кўпам англаёлмаган соғинч ўртаётганини ҳис этди. Бугун қанақа кийимда чиқаркин? Сочлари ёйиқмикин ёки турмакланганмикин? Қайси бахтли инсон уни қучоқларкин? Тозаям ёқимли, хушбўй бўлса керак. Балки… Эҳтимол эркакни соғингандир?
– Ҳорманг! – Юқоридан овоз келди.
У чўчиб тушди. Юраги дукурлаб, қайрилди: соҳиба оқ футболка, танига чиппа ёпишган қора иштонда (бошқа ном тополмади) зинапоядан қуйиларди. Сочлари елкасида тўлғонади. Бир сўз айтолмади, ютоқиб ютинди-да, юмушини қилаверди.
– Юз-қўлингизни юварсиз, – деди сув қувури ёнига совун қўйиб.
Унинг хаёли совунда қолди: ахир мен учун! Ҳатто бошқача қаради ҳам. Аммо бошқача қараш қанақа бўлади, деб сўралса, айтиб беролмаслиги аниқ эди. Сув қувури томонга тез-тез қарар, совунни кўзи олмаса-да, фақат уни ўйларди: “Қанақайкин-а? Хушбўй бўлса керак?! Тезроқ чой-пойини берақолсайди”. Кўзларини яширишга уриниб, юқорига қаради. Кўринмади… Ниҳоят соҳиба дастурхон ёзди. У эса сув қувури сари ошиқди. Авваллари қўлини жуда унақа “эзғилаб” ювиб ўтирмасди. Гоҳо кафтини кўйлак ёки шимига ишқаб-нетиб тановулга киришаверарди. Совун тиниқ рангли, бағоят хушбўй эди. Идиши ҳам чиройли. Анча қиммат бўлса керак? Лекин буларга яъни бойларга билинармиди. Қўлларини обдон совунлади. Кафтларини ҳидлагиси келди: тотли ҳиддан аксириб юборай деди… Тамадди қилгач, юқорига бўйлай-бўйлай, ўзича яшириб нос отди… Қизчалар бугун ҳам эрта келишди. У билан тузуккина элакишиб қолишди. Лекин уларга мос гап тополмади.
Бу кеч уйига эрта қайтди. Йўлда муздек маъданли сув сотиб олди, емак тугул, ичмакка ҳам уннаб юрмади. Жойига ёнбошлади-ю китобни очди:
“Бачана довдираб қолди: рўпарасида Мария турарди. Бачана унга ўтиришни таклиф қилмоқчи бўлган эди, тили айланмади, турай деса, тизларида мажол йўқ, жилмайишга уринган эди, худди тош қотгандай, башарасида ҳеч қандай ифода сезилмади. У бир лаҳзага гунгу лол бўлиб қолган эди. Аёл эса таранг кўкси ва оппоқ юзларини кўз-кўз қилгандай қимир этмай турарди…” “Тавба, ёзувчилар бекорга ёзувчи бўлмас экан-да. Ўхшатишини қаранг. Бу, нимайди, – у китоб муқовасига бир қараб олди, – Думбадземиди, яхши ёзувчийкан. Аёлни боплабди. Жуда чиройли бўлса керак – худди ҳалиги хотинга ўхшаб. Уям жуда чиройли: кўкси, бош ирғаб, беўхшов жилмаяркан, хаёлидан уялгани сезилди, худди китобдагидек, юзининг тусиям ўшандай. Ёзувчилар бунақа гапларни қаёқдан топишаркин-а?” Соҳибани соғинаётганлигини ҳис қилди. Улар ё гўзал аёлни қаттиқ севиб қолишади ёки уларни узоқ-узоқ кузатишади – худди унга ўхшаб. Соҳибани ҳар сафар кўрганда тиззаларидан мажол кетади, кулай дейди, кулолмайди, гапиришини-ку қўйинг! Демак, китоб ўқиб туриш керак экан… Қизиқ, негадир уруш эсига тушди: у жангларда қўрқувни ҳис қилганини эслолмайди, энди билса, қўрқмаганман ҳам, деёлмайди. Урушга шунчаки кўниккан, яъни унда яшаган. Боши узилиб кетган аскарни кўрганда ҳам юраги шиғилламаган, лекин соҳибага йўлиқса, ҳар сафар шиғиллайди, оёқлари қалтирайди. Баъзи йигитлар жанг тинган пайтда, қоқтаом (сухойпаёк)ни еб олгач, тамаки тутатиб, автоматни битталаб отишга мослаб, мол, эшак, умуман, кўзига илинган жониворларни ўққа тутишарди ва бу ишларидан завқланишарди. Мабодо жанг пайти ёнидаги шериги ўқдан қуласа, ачинишлари, ҳатто фарёд уришлари турган гап. Тушунолмайди, ўша ҳайвон отарлар ҳозир оддийгина товуқни сўя олишармикин?.. Жазосизлик, мубталолик (бу сўзни ҳам кашф этди) одамни ҳар кўйга соларкан. Биров юрагида нимадир қилишга жазм топаркан, бошқаси эса, ўзи кўниккан ҳаёти туфайли беихтиёр кимларнидир ўзгача кўйларга соларкан ва ўзининг улардан бошқачалигини ҳис этиб, ҳузурланаркан. Шунча гап хаёлига қаёқдан келди-я?!. Соҳиба барибир гўзал, ёзувчиям жуда ўхшатибди:
“– Сизга қўнғироқ қилган эдим, – деди у (аёл) секин.
– Биламан! – Бачана сал ўзига келди. – Нафасингизни эшитдим.
– Уйда йўқ экансиз, шунинг учун бу ёққа қўнғироқ қилишга мажбур бўлдим.
– Келинг, хизмат? – деди Бачана беихтиёр.
– Юринг!
– Қаёққа? – сўради таажубланиб Бачана.
– Хоҳлаган ерингизга!..”
Мана шу жойи зўр экан – осонгина. Қанийди, мендан ҳам кимдир, “Нима истайсиз?” деб сўраса, мен айтсаму у, “Хоҳлаганингиз”, деса. Нега шу фикрни ўйлади? Лекин истагингни кимдир инобатга олса, барибир яхши-да!.. У ўқий-ўқий ухлаб қолди… Эрта уйғонди. Ташқарига чиқиб, тиканак соқолини қаширкан, бағри бурдаланган ерга мамнун боқди, сўнг нигоҳи чакалакзор янглиғ ҳовлига оғди. Бир нур – яхшилик қидирди. Ток япроқлари остида оппоқ капалак пайдо бўлди. Тавба, нима у? Унинг капалаклигини англаб турарди, аммо шуури инкор этарди, чунки ҳеч қачон эътибор бермаганди. Капалак шунақаям ёқимли учардики, гўё икки бўлак шуъла бир-бирини эркалаётгандек туюлди. Чақнаган кўзлари атрофни кезинди: наҳотки уйим шунчалар чиройли бўлса? Мева-ю ўтларнинг чирмашганини қаранг, буни атайлаб ҳам қилиб бўлмайди. Сўрток билан саҳн ёруғ (файзли деёлмади) кўринди. Девор, дарвоза – ҳаммаси ўзгаргандай, мунғайган уйининг қадди тиклангандай. Қора сувоқ ёнбоши бўлакча бўлиб қолгандай. Қопдаги қурт босган ун устидаги ғишт ҳам қадрдон туюлди. Унни эрта-пертага нимадир қилади, аммо ташлаб юбормайди. Увол-ку ахир!.. Ие, капалак иккита бўлиб қолибдими? Ҳов, наридаям биттаси ялтираябди. Берироқда яна бири. Яна, яна…
“Ишхонаси”га арчилган тухумдай ялтираб кириб келди: соқол-мўйлови қиртишланган, сочи таралган, юз-қўли озода. Қизалоқлар дарвозадан киришидаёқ унга тикилиб қолишди. Уч нигоҳ таъқиб этаётганлигини аввалига пайқамади, саломлашди ёки йўқ, кийим алмаштиргани кираётиб, таққа тўхтади. Ўзи англамаган куч етовида ёнбошига қайрилди: она-болаларнинг кўзлари ҳамон унга қадалган. Ўзини ўнғайсиз сезди, ювиниб-тарангани, ўзига оро бергани эсида йўқ эди…
“Қизчалар нега мактабга боришмабди?” Илк брусчаткани жойлаштираётганда хушига келди – бугун якшанба-ку! Қўлидаги резина болғачасини бошига уришига сал қолди.
Қизалоқларнинг кичиги атрофида айлана-айлана қақиллади:
– Нимага кўп овқат ейсиз, амаки?
Бу гап унга оғир ботмади, лекин нимадир деб жавоб бериши кераклигини ўйлаб, боши ғовлади. “Чунки мен полвонман”, деди кейин қўл ҳаракатлари тилига қовушмай. Шуурида эса, китобдаги сўзлар гўё тасвирларда тирилди:
“– Ҳозир эрим йўқ, – деди Мария.
– Нима учун? – сўради Бачана ва яна “қовун туширганини” сезиб қолди.
Аёл индамади.
– Яъни демоқчиманки, қизингизнинг отаси борми-йўқми? – бу ёғини силлиқлашга уринди Бачана.
– Отаси ҳам бор, эри ҳам бор! – жавоб берди Мария…”
Тавба, кап-катта, қизи эрга теккан хотин ҳам эркаклар билан… Анови Бачанаси шу хотинниям?.. Барибир тушунолмади.
“Ўзинг неча ёшдасан” – деди кимдир ва ўйлаб қолди – элликда. Ахир сен ҳам гўзал ва ёш аёл ҳақида хаёл қиляпсан-ку! Тушдан кейин ука қўлида қоғоз қути билан кириб келди. Қутида ботинка (туфли дейишадими) бор экан. “Бу сизга”, деди атрофга мамнун боқиб. Унинг серрайиб турганини кўриб, қутини ўзи очди. “Қирқ тўртинчи размер, бўладими?” У “размер-пазмерлар”ни кўпам тушунавермасди, пойабзални кийиб, кўриб оларди. Йигитнинг ишораси билан кийди. “Раҳмат”, деди тиржайиб. Йигит унга негадир ғалати боқди. Бу орада ёнида опаси билан қизалоқлар пайдо бўлишди. “Анча ўзгардингиз”, деди ўзига ҳам гапи қовушмагандай туюлиб. Энди опасига маъноли қараш қилди: “Тинчликми, опа?”. Аёл ёш боланинг қилиғидан завқлангандек жилмайди, сўнг қизалоқларини ўзига тортди-да, “иш тугаб қолай деди, чоғи” қабилида укасини чойга таклиф қилди. Бироқ у бу гап-сўзларнинг, қарашларнинг маънисини пайқамади. Пойабзални ечиб, ишга киришиб кетди.
Бу кеч ҳам ичмади. Чойнакни ёнбошига қўйиб, китобни очди. Энди ҳарфларни тез уриштирар, сўзларнинг маъноси осон англашилар, воқеаларни бир-бирига равон улаб борарди: у Бачана билан Марияни таниб қолганди. Соҳиба Марияга ўхшайди — жуда чиройли. Йўқ, энди гўзал деган сўзни билади: ҳа, гўзал! Балки раҳматли онаси ҳам унга ўхшашни истагандир? Ахир “Орзуларим кўп эди”, деганди-ку. “Фақат даданг…” Демак, у ҳам Мария ёки соҳибадек бўлишни истаган. Бунга дадасининг феъл-ҳўйи халақит берган. Акс ҳолда… Агар онаси орзусига етганида у ҳам бошқача одам бўларди. Ҳар куни қора терга ботиб юрмасди. Эҳтимол соҳибага бошқа бир вазиятда йўлиқарди ва у… Онаси биринчи хотинини шунинг учун ёқтирган, жисму жонини қамраган қароликни ўша туфайли даф қилишдан умидланган…
Охирги куни йигит кечгача бирга бўлди. Қойилмақом палов дамланди. Унгача иккиси қилинган ишларни биргалашиб кўздан кечиришди. Ҳаммаси жойида: теп-текис саҳн гулзордек товланади. Фавворани ёқдилар. Чор тарафга салқин тароват уфурди. Фаввора ёнига стол қўйилиб, дастурхон тузалди: бу устага ҳурматмиди, ўзбекона меҳмоннавозликми, янгиланган ҳовли шарафигами ёки шунчаки оилавий ҳордиқми — билмасди. Фақат аёл унга ўзгача боқмоқда, акси бўлса, бунчалик уриниб ўтирмасди… Ош шунақаям ширин бўлибдики!.. Бунақа паловни ҳатто зўр тўйларда ҳам емаган. Ҳойнаҳой соҳиба пиширган, балки унинг учундир!.. Қизалоқлар унга каттакон момиқ сочиқ совға қилишди. Бунақасини телевизорда кўрганмиди: сочиқ тахланганда ҳам бунчалар катта бўлишини ўшанда билди. Тағин шунақаям юмшоқки… Кейин йигит билан бирга қолишди. “Манови хизмат ҳақингиз”, деди бели синмаган икки ўрам пулни ташлаб. Унинг ҳайрати ошди: “Нега?”. “Манови эса яхши ишлаганингиз учун, — дея яна икки ўрам узатди, — ишингиздан хурсандмиз”. У буни ҳам ўзича тушунди: “Кераги йўқ эди, ишлаганимга яраша берсангиз бўларди”, деб ғўлдиради. Сўнг эса хайру хўш: халтасини олди, нарсаларини, асбоб-анжомларининг ярмини солди, қолганини қўлтиқлаганда йигит: “Ташлаб қўяман”, деди. Бу ҳам миясида ўзгача маъно касб этиб, жилмайди. Соҳиба билан қизалоқлар аллақачон юқорига чиқиб кетишганди. “Овора бўлиб нима қиласиз?” Бунақа гапни қачонлардир, кимлардандир эшитганди, ҳозир тоза қўл келди-да. “Йўқ, ака, уйингизга олиб бориб қўяман. Раҳмат сизга, яхши одам экансиз”, йигит дарвоза томон юрди. У эса дарвозага етар-етмас, ортига қайрилиб, ҳадиксираб юқорига боқди: не бахт, соҳиба унга қараб турарди. “Яхши боринг, раҳмат!” овози шунақаям ёқимли эшитилдики, қандай қилиб кўчага чиққанию, машинага ўтирганини ҳам эслолмади…
Бир неча кун “меҳнат биржаси”га чиқмади. Уй-жойини, томорқасини тартибга келтирди. Уй ёнбошидаги қурт босган унни қоп-попи билан қўшнисига бериб юборди: товуқлари ер. Ўзича ҳар хил емишлар пиширди. Чўнтаги қаппайган эмасми, бир пиёла-ярим пиёла арақ ҳам ичиб турди. Шундай пайтларда дунё кўзига бошқача кўриниб, жамики нарсаларнинг ранги аввалига яхлит тиниқлашиб, сўнгра уйғунлашиб жимирларди. Шу ҳолат ёқа бошлади: ўша онларда китобдаги аёл – соҳиба ёдига тушарди. Унинг қошу кўзлари, жонни қутқуловчи сочлари, юзи, либоси яширган қадду басти бир-бир нигоҳидан ўтар ва бағри ўзи англамаган, бироқ хуш ёққан соғинчга тўлаверарди. Юраги бу соғинчдан узоқ-узоқ симилларди. Қулоқларини “Яхши боринг, раҳмат”, деган сўзлар “сизни севиб қолдим” янглиғ сийпалайверарди. Бу уни китоб сари ундарди. Китоб эса охирларди. Айниқса, аввал тушунмаган, энди бўлса, маъноси англашилаётган, кимларгадир айтиб, ҳузур қилишни истагани янги сўзлар унинг вужудини тирилтирарди. Манови шеърни тепасидаги чироққа қараб, неча бор такрор-такрор ўқиганини ўзи ҳам билмайди:
“Сен – ишончим, суянган тоғим,
Дилимга нур, қалбимга ором.
Сен – кўкдаги ёнган юлдузим
Ҳам қуёшим дегайман мудом.
Адоғи йўқ тиниқ чашмасан,
Қанотлари парқу фариштам.
Яратгандан тилаганим шу –
Мен билан бўл, бирга бўл ҳар дам!”
Шеърни қандай ёд олди – эслолмайди. Умрида бирорта шеър ўқимаган одам… Балки боланикидай топ-тоза шуури ўз ишини қилдими?..
Китоб адоғларди. У энди Марияни ҳам, Бачанани ҳам танирди. Мана, соғая бошлаган ёзувчи – Бачана гапиряпти:
“… – Касалхонангизда ўтган икки ой мен учун ажойиб кашфиётлар палласи бўлди!
– Хўш, нималарни кашф қилдингиз?
– Абадият қонунини!”
Абадият нима эканини англагандай бўлди, ҳар ҳолда бу қонун у ўйлаган қонун эмас экан. Унда қандай қонун экан – у буни жуда-жуда билишни истади.
“… – Нимани?! – қайта сўради профессор ҳайрон бўлиб.
– Абадият қонунини! – такрорлади Бачана.
– Ҳмм… У ҳолда бу қонуннинг формуласи (бу сўзни тушунмади) бўлиши керак, шундай эмасми?
– Албатта!
– Балки мени ҳам таништирарсиз ўша формула билан? Кўнглингиз тўқ бўлсин, Бачана Акакиевич (исмлари барибир ғалати), кашфиётингизни ўзимники қилиб олиш ёки унга шерик бўлиш ниятим йўқ! – ҳазиллашди профессор.
– Бу қонуннинг моҳияти шундан иборатки, Нодар Григорьевич… Инсоннинг юраги унинг танасидан юз баробар оғирроқ… Шу даражада оғирки, уни бир киши кўтаролмайди…” Кейинги сўзлар кўзида уйқашиб кетди, шуурида ҳам шундай уйқаш хаёл: тўғри ёзибди. Мениям юрагим жуда оғир. Гоҳо чап томоним шунақаям пастга тортиб қоладики, букилиб кетаман. Кимдир келсаю, дейман, лекин ҳеч ким келмайди. Юрагим эса жуда-а оғир… “… Токи ўлим ҳаётда бизни ёлғизлик балосига гирифтор қилиб қўймасин…”
Китоб тугарди:
“… Кўприкка етганда Бачана ҳорғинлик сезди, аммо бу қўрқувга соладиган, вазмин ҳорғинлик эмас, балки енгил ва ёқимли ҳорғинлик эди. У такси тўхтатиб, орқа ўриндиққа ўтирди.
– Қаерга? – сўради ҳайдовчи счётчикни ёқиб…”
Қаёққа – уйлади у, ҳатто унинг исмини ҳам билмайди-ку!..
“… – Марияникига, – деди Бачана.
– Қаерга?! – ҳайдовчи таажжубланиб орқасига қаради.
– Марияникига!”
Китоб тугади. У йиғлаб юборди: афсус-надомат ила ҳўнграб йиғлади. Ингранаркан, “Ҳа, Марияникига!” деди чийиллаб…
Тиниқиб уйғонди. Хобжойини йиғиштираркан, китобга кўзи тушди. Авайлаб олиб, токчага қўйди. Соқолини қиртишлади. Хушбўй совунни кўпиртириб-кўпиртириб ювинди. Қизалоқларнинг совғасига артинди. Айвонни, саҳнини супурди. Чой дамлади. Нонушта қилди. Совға-кўйлакни, ботинка (туфли)ни кийди, сочини таради-да, қаёққа, деди ўзига ўзи. “Марияникига!” деган овоз эшитилди аллақаердан…
Кайфияти чоғ эди. Машинадан берироқда тушди. Сал ўзини ўнглаб олгиси келди. Дадиллик учун бирор пиёла ичволгани тузукмиди… Таниш дарвоза ҳали кўринмасди. Қадамни аста олди. Мана, ниҳоят ҳашаматли девор, ёнбошдан тик чизиққа ўхшаган дарвоза кўзларига урилди. Юрак уриши тезлашди, аммо бу ўзига хуш ёқди. Бундан кўра ҳар куни шу ерга мардикорчиликка келгани дуруст эди: томоқ қириб, дарвозадан бемалол кириб борарди, нима қилишини, кимга нима дейишини яхши биларди. Ҳозир эса… Дарвозадан ўн қадам берида тўхтади. Ортига қайтди. Яна тўхтади. Бу такрорланаверди. Нега келдим? Манови аёлни Бачанадай яхши кўриб қолдимми? Ахир у ёзувчи, китоб ўқийдиган одам-ку! Мен кимман?.. Мабодо ҳозир соҳиба кўринса ҳам, бир сўз айтолмаслигини сезиб турарди. Лекин нима қилсинки, юраги шу томонга етаклади. Беихтиёр мийиғида кулги унди: “Юракниям биладиган бўпманми?..” Дарвоза олдида пайдо бўлган икки қизалоқ унга ҳайрат ва савол назари ила боқиб туришарди. Кичиги ярим-ёрти салом берди. У эса тилини ямлаб, аянчли тиржайди холос. Қизалоқлар ўзларини ичкари уришди. Кўп ўтмай, каттасининг овози эшитилди: “Ая-ая, кўчада ҳалиги уста амаки турибди…” “Нимага туради?” деди унга нотанишдай туюлган соҳиба. Овозидан юқорида эканлигини англади. “Билмадик”, деди қизалоқларнинг каттаси. Шу билан гап тугагандай бўлди. “Ҳа, айтгандай, – соҳибанинг овози жаранглаб эшитилди: – Ҳалиги сассиқ кўйлагига келгандир-да. Уни ахлатга ташлавордим, айтиб қўйинглар”. Қизалоқлар бир-бирларига ҳайрон қарашди, каттасининг юзида уят балқди… У эса тошдек қотди. Соҳибанинг овози ҳузурли эди. Ҳузур орасида нимадир олдин қулоқларига, миясига, сўнгра кўксининг чап бурчига қаттиқ урилди: “…Сассиқ кўйлагига келгандир-да, уни ахлатга ташлавордим…” Бирдан тани бўшашиб, қуйига оқа бошлади. Юзидаги орзиқиш сўнди, ёш боланикидай кўзлари аянчли тус олди-да, эгнидаги кўйлакка, ботинкасига боқди, ниҳоят қадоқлардан тош қотган кенг кафтига қаради. Шуури ҳеч нарсани англамаётган бўлса-да, ортига қайрилди…
Қишлоқ гузарига қандай етиб келганини эслолмайди. Аммо нимадир қилиши кераклигини, ҳеч бўлмаганда, қақраб кетган бўғзига қандайдир “малҳам” зарурлигини бутун вужуди билан ҳис этди: муздек маъданли сув ичади. Оғир ютинди, томоғи ачишиб кетди. Бетонланган анҳорнинг бетон кўпригидан ўтаркан, ўнгдаги теграси доира шаклидаги оқланган, остида қовжироқ ўт-ўлан мунғайган пажмурда дарахт ёнида ётган итваччага кўзи тушди: шу қадар увада, мажолсиз ва нажотсиз эди. Унга ҳеч ким эътибор бермас, у ҳам бировга қайрилиб боқмасди. Касалмиди ёки оч?.. Унинг буткул мажоли қуриди: мана шу итваччадай ҳеч кимга эътибор бермай ёки эътибор талаб қилмай ётиб олгиси келди. Шунинг ортидан кимларнингдир раҳмли боқишини кўз олдига келтирди-да, “Ичаман”, деб юборди овоз чиқариб. Қаддини тиклаб, итга нафрат билан назар ташлади-да, дўкон ичкарисига кирди: “Ичаман!” Чиндан ҳам икки пиёла паққослади-да, бир шишани қора сувқоғозга ўратиб, шўр қуртобни сўрганча уйи томон юрди. Дарвоза ҳалқасини эски латтада боғлаб қўя қолганди. Ечиб ўтирмади, зарда билан узиб ташлади. Қўлидагини айвон сўрисида қолдириб, сўрток остига қайтди. Йилтираб сузилган кўзлари анча эпақага келиб қолган ҳовлисини бир сидра айланиб, ниҳоят аллақерда тўхтади. Қаттиқ тикилганидан кўзлари катта-катта очилди. Бағри эзилаётганини сезиб турардию, тан олгиси келмасди. Мияси қизиди: ҳозир тўйиб-тўйиб овқат егиси ёки болахонадор қилиб сўкингиси келди. Аммо гўшт ҳам, овқат ҳам йўқ эди. Сўкинди, лекин ичида. Бағрини тимдалаб, у ён-бу ён пишқиргандай бўлди. Кафти нотаниш нарсага урилди: кўйлакка тегиб турарди. Ечиб ташлагиси келиб, икки тарафга тортганди, тугмалари тирс-тирс узилиб, учди. Бир енгини осон ечдию, иккинчисини узиб олди. Алам билан ирғитганди, ток новдасига илиниб қолди. Қорни таталади: қаердадир қотган нон бор эди. Аччиқ чой дамласа, бўктириб-бўктириб ейди. Гўштми, колбасами олволса бўларкану… Кўнглига сиғмади-да. Энди эса қаттиқ нон эсига тушди. Кейин нос чекиш ҳузури ҳақидаги хаёли вужудига енгиллик бағишлади. Чироқ ўчиқ экан: оббо-о!.. Ўчоққа ўт ёқиш керак. Бир қучоқ қуриган шох-шабба аралаш ғўзапоя олиб келиб, ўчоққа босди. Ўнг токчадан гугуртни топди. Тутантириқ-чи?.. Китобга кўзи тушди. Кўксини ожиз ҳузур сийпалади, ёқимли хотиралар милтиради. Шу пайт бўғзида аччиқ куюкни ҳис этди: “Ёлғон ёзишаркан”, деди ичида, сўнг тилига кўчди. “Ёлғон ёзишаркан… Нимайди?… Мановиям!.. – Китоб муқовасига қаради, ҳарфларни базўр ўқиди: – Думбадзеям!.. Ҳа-ҳа, ўша ёзувчиям!”
Китобнинг бир неча варағини юлиб олиб, ғўзапоя остига тиқди: “Буларни… Буни фақат ёқиш керак! Булар фақат ёқиш учун ёзаркан!.. Қанийди, ҳозир онам ёнимда бўлса! Нимадир дерди…” Гугурт тилидан қоғоз аланга олиб, шох-шаббалар “чарс-чурс” ёна бошлади. У оловга – инсоният ҳаётини буткул ўзгартириб юборган нарсага ибтидоий одамдек боқди. Олов!.. Нега ундан қўрқишади?! Дўзах олови борлиги учунми? Ахир ҳамма қорилар, анови Думбадзеям олов билан қўрқитади-ку! Эҳтимол одам зоти ўз оловида (дўзахда) куйиб бўлгандир? Йўқ, одамнинг дўзахи одам!.. Кўз олдида соҳиба пайдо бўлди: вужуди эриб, мижжалари юмшади. Юраги ёнаётгандай туюлди. “Бари ёлғон: уям, китоб ҳам, олов ҳам!..” Олов бағрига сув тўла човгунни тиқди. “Ҳа, китоб ҳам!..” Китобни човгуннинг олдига қалади: “Ёнгани тузук! Ён!.. Ҳеч йўқ ёнишинг чин бўлар!..” Нигоҳи сўридаги араққа қайрилганда дарвозадан кириб келаётган шарпага урилди: у аёл эди!
– Яхшимисан? – деди опаси қўлидаги думалоқ тугунни бағирлаб.
– Ҳмм!.. – Унинг нигоҳи арақда қотди.
– Поччанг ҳайдаворди, – опаси пинак бузмай, айвонга кўтарилди. – Сассиқ эмишман. Неварали одамнинг гапини қара!.. Ие, нега майкачан ўтирибсан?.. Анови кўйлак кимники?..
У ёнаётган китобга бирпас маҳзун термилди-да, ўрнидан туриб, бақрайган опасига деди:
– Нариги уйда яшайверасан! Нима, биз бегонамидик?.. Фақат… Ҳалиги… Онамнинг қўғирчоғига тегмагин!..
22.07.2017 – 02.09.2017
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 8-сон