Шоирга айланган сузувчи
Дарё ўртаси, тоғлардан келаётган кўм-кўк тоза сув шарқираб оқаяпти. Шаҳардан келган бир неча дам олувчилар шу ерда чўмилишаяпти. Чўмилувчилардан бири тўлқинланиб келаётган сувга ўзини ташларкан: “Отдим ўзимни сенинг бағрингга!”− деб юборди.
Ҳа, табиат гўзаллиги оддий одамни ҳам шоирга айлантириб қўяди.
Нишонга теккан гап
Дарё бўйида чўмилаётган эдим, бир гуруҳ дам олувчилар пайдо бўлишди. Улар орасида ўрта ёшли эркаклар, аёллар ҳам бор. Битта думалоқдан келган қоп-қора ҳабашнамо одам ҳам бўлиб, у афтидан чет эллик эди. Келганларнинг ёш-яланглари дарёда бақириқ-чақириқ билан чўмила бошлашди. Дам олувчиларнинг бошлиғи эса новча, озғинлигидан суяклари этига ёпишиб кетган бир киши эди. У чўмилишни хаёлига ҳам келтирмай ҳалиги чет эллик меҳмонга озиқ-овқату, ичимлик етказиб бериш билан овора эди. Ўша одам мен билан саломлашгандек бўлди. “Бу шовқинли жамоа қаердан?” − деб сўрадим мен ундан. Ҳалиги одам Тошкентдан келишганини, бир фирманинг ходимлари эканликларини айтди. Бу фирма дори-дармон чиқарар экан.
− “Тақ-тақ”дан “хо-хо”гача, − деб эслатди ҳамсуҳбатим.
− Ҳа, эсладим, − дедим мен.
− Яна беозор оздирадиган, семиртирадиган дориларни ҳам чиқарамиз… − деб қўшиб қўйди ҳалиги одам.
Мен эти терисига ёпишиб кетган бу одамга ва оролчада ўтириб олиб ичкилигу газакка зўр бераётган ҳалиги хомсемиз ажнабийга қарадим.
− Чиқарган дориларингизни олдин ўзларингизда синаб кўрсаларинг керак, а?
Ҳамсуҳбатим нима демоқчи бўлганимни тушунди шекилли, кулиб юборди.
Ука зарурроқми, пойафзал?
Чўмилаётган жойимизга шу ерлик битта найновроқ бола беш-олти ёшдаги чикалдакдек укаси билан келиб қолишди. Улар иккига бўлиниб оқаётган дарёнинг кечувидан ўтишаётганда бирдан укасининг енгил пойафзали сувга оқиб кетди. Ака укани ташлаб пойафзални ушлагани дам чопиб, дам сузиб кетди. Энди эса сувнинг оқими укасини оқизиб кета бошлади ва бола дод солди. Найнов ака икки ўт орасида қолди: бир томонда укаси, ҳув нарида эса унинг пойафзали оқиб кетаяпти.
− Қўрқма, маҳкам бўл! − деб бақирди ака ва пойафзал томонга отилди. Аммо сувнинг оқими беш-олти яшар боладан кучли келиб, уни йиқитиб оқизиб кетай дерди, шу сабабли бола фақир бор овози билан дод соларди:
− Ака! Ака!..
− Укамга қаранглар, мен унинг пойафзалини ушлаб келай! − деб бизга қараб бақирди найнов ака. Биз сувдаги болага қараб чопдик, аммо кучли оқим уни ағдариб кета бошлади. Унга етиб олгунча оқим болани яна бир ағдарса − тамом.
− Орқангга қайт, укангнинг йўлини тўс! − деб бақирдик биз.
Аҳволни кўрган ака шартта орқасига қайтди ва укасини тутиб олиб сўкиб-сўкиб қирғоққа чиқариб қўйди. Кейин пойафзални тутиб келгани югуриб кетди.
Ўз дарёларини соғинган қопалликлар
Хумсон тарафдан келадиган Угам дарёси Чирчиққа қуйилиш жойида кенгайиброқ оқади, шу сабабли бу ерда, дарё кўприги ёнида кўпчилик чўмилади, ҳордиқ олади. Мен ҳам шу ерда ўсган бир дарахт тагида салқинлаб ўтирган эдим, икки қозоқ йигит тушиб келишди. Уларнинг қўлларида юклари хийлагина, ўзлари ҳам офтобда терлаб-пишиб кетишган эди. Йигитлар тапир-тупур келишди-да, менга салом беришди ва: “Хайрият, етиб келдиг-а!” – деб қўйишди.
– Ҳа, узоқдан келяпсизларми? – деб сўрадим мен.
– Ҳа, Қозоғистоннинг чўлларидан келаяпмиз, дарёмизни жуда соғиндик, – дейишди улар ва юкларини шу ерга қўйишиб, апил-тапил ечинишиб, ўзларини дарёга отишди.
– Э, боракансан-ку, дарёгинам! – деб юборди йигитларнинг ёшроғи ва завқ билан тўлқинларда сузаркан: – Ана ҳаёт! Мана ҳаёт! – деб қийқирарди.
Ёши ундан каттароқ бўлган шериги ҳам ундан қолишмасди. Бироздан сўнг улар қирғоққа чиқишди ва бир ойдан бери Қозоғистоннинг Еттисойида ишлаб юришганини, ўзлари шу ерга яқин – Қопал қишлоғидан эканликларини айтишди.
– У ёқдаям дарё, каналлар кўп эди-ку, чўмилмадингларми? – деб сўрадим мен.
– Чўмилдик, улар бизнинг дарёмизга ўхшармиди? – дейишди улар. – Ҳали уйимизга борганимиз йўқ, келишимиз билан дарёда чўмиламиз деганмиз.
Йигитлар ўзларини яна дарёга отишди. Бироздан сўнг чиқишиб, қўл телефонларида уйларига қўнғироқ қилишиб:
– Биз келдик, ҳозир Угамда чўмилаяпмиз, келсанглар-чи, – деб уйларига хабар беришди.
Кўп ўтмасдан уларнинг оталари ва болалари етиб келишди ва шу ерда, дарё бўйида кўришишиб не жойлардан ўз дарёларини соғиниб келган йигитларнинг қувончларига шерик бўлишди.
Ҳа, ўз юртингнинг ҳавосию, дарё-тоғига нима етсин!
“Думалаб-думалаб…”
Бу дарё бўйига қанақа одамлар келмайди, ундан баҳра олмайди дейсиз? Мана, бир гуруҳ дам олувчилар дарёнинг саёз, аммо тез оқар жойида чўмилишяпти. Думалоқдан келган бир аёл эгнидаги кўйлаги билан сувда оққани-оққан эди. У нарироққача думалаб-думалаб оқиб борар, кейин қирғоққа чиқиб яна сувнинг юқорироғига бориб, яна думаларди. Ёнимдаги ҳамроҳим − хоразмлик ҳофиз йигит буни кўриб бир ашулани эслаб қолди:
Думалаб-думалаб айтоман,
Думалаб кетса − қайтоман…
Думалоқ аёл эса сувда тинмасдан думаларди.
Сузоғич дада ва унинг қизи
Шаҳарнинг иссиқ ва дим ҳавосидан қочиб келганлар учун бу сўлим жойлар, ғир-ғир эсиб турган шаббода ва энг муҳими − тоғ дарёсининг муздек суви жаннатнинг ўзгинаси эмасми, кела солибоқ ўзларини сувга отишади. Мана бир йигит ҳам машинасидан туша солиб чўмилишни бошлаб юборди. Дарё бу ерда иккига бўлиниб оққанидан у гоҳ ўнг, гоҳ чап томондаги сувга шўнғир, чиқа солиб, яна янги жой қидиришга тушарди. Унинг ўн икки-ўн уч ёшлардаги дўмбоққина қизи эса дадасига эргашиб нуқул:
− Ада, бу ер чуқур эканми? Ада, бу ернинг суви илиқроқ эканми? − деб савол берарди.
Сузоғич ада эса унинг саволларига жавоб беришдан кўра сувга шўнғишни афзал кўрар, қизи эса унинг ортидан қолмасдан югурганича саволларини ёғдираверарди:
− Ада, бу ер яхшироқ эканми? Ада…
Аваз тошотар
Дарё қирғоғидаги тош устида қуёшга тобланиб ётибман. Ёнимга бир ўсмир ҳам келиб қўшилди. Сувнинг ғир-ғир эсаётган эпкини бирам ёқимли. Кўзим сал юмилган экан, “чўлп-чўлп” тушаётган тошлардан сачраётган сувдан сесканиб кетдим. Қарасам, ёнимдаги бола чалқанча ётганча дарёга тош отаяпти. Отса отар, ахир дарё бўйига келган ўғил бола борки, тош отиб ўйнайди. Аммо болалар кўпинча ким узоққа отиш, ё бўлмаса япалоқ тошни сувга юзалаб отиб қанча марта сирғалишини санашади. Бу йигитча бўлса чалқанча ётганича қўлига илашган тошни шапиллатиб сувга отар, унинг тошлари узоққа бормай шу яқинга тушар, бирортаси қўлидан чиқиб кетса устимизга тушиши ҳам мумкин эди. Мен унга танбеҳ беришни ўзимга эп кўрмадиму, шунчаки:
− Роса Муқбил тошотар экансан-ку? − дедим.
− Менинг исмим Аваз, − деди бола.
− Шунақами, − дедим мен. − Бўлмаса, узоқроққа от, бошимизга тушмасин…
− Хўп, − деди бола ва тош отишда давом этди.
Кейин зерикди шекилли, ўрнидан туриб жўнаб қолди.
− Ҳа, қаёққа, ҳали тош кўп-ку? − дедим мен.
− Қорин очди, овқатланиб келай, − деди бола бемалол.
Аваз тошотар дарё бўйидаги ҳамма тошни ростдан ҳам отиб чиқмоқчи бўлди шекилли…
Дарёдаги мастлар
Бир гуруҳ турли ёшдаги одамлар дарёнинг шундай қирғоғидаги уй-дачадан чиқиб келиб дарёга ўзларини отишиб чўмилишяпти. Уларнинг ҳаммаси маст, баъзилари оёқда зўрға туради, кўзлари ҳам ичкиликдан бемаъно ялтирайди. Ана ўшалардан биттаси гандираклаганича сув лабига келди, ҳамма ёқни шалпиллатиб сувга тушди, бир томонга қийшайганича икки-уч оғма қадам босиб бориб дарёга йиқилди, сув кўп бўлганида-ку, ҳалиги бадмастни оқизиб кетиши турган гап эди, аммо у саёз ерга думалаб бориб ўзини зўрға ўнглаб олди. Шерикларининг эса у билан ишлари йўқ, ўзларича оғизга келганини айтиб қийқириш билан овора. Мана, улардан биттаси сувга шўнғиб чиқиб бироз ўзига келди шекилли:
− О, бу сув ҳушёрхона-ку! − деб қичқирди.
Қолганлари унга қўшилиб:
− Ҳа, ҳа, ҳушёрхона, ҳушёрхона! − деб қийқиришиб маъқуллашган бўлишди.
Кейин ўша ҳушёрхонада бироз ариган мастликларининг ўрнини тўлдириш учун бир-бирларини бўкириб чақиришиб, дарёнинг саёз жойига чордана қуриб ўтириб олиб яна ароқ ичишди, кейин ичкилик шишасини шу ерда тошларга уриб синдиришди ва ҳоказо ва ҳоказо.
Хайриятки, бадмастларнинг чўмилиши бирор кор-ҳол билан тугамади, аммо ўша куни дарё ҳам бу бемаъни қийқириқлардан безор бўлиб оққандай эди.
Соҳилдаги тошлар
Ҳар куни чўмилиб чиққач, соҳилда, оёқ остида сочилиб ётган тошларга кўзим тушади. Улар турли шаклда – думалоқ, чўзинчоқ, катта-кичик, ранглари ҳам ҳар хил: оқ-қора, қизғиш, кўкимтир ва ҳоказо. Баъзи тошлар сип-силлиқ, баъзилари ғадир-будур… Тошлар орасида айрим бошқачароқ – ола-була рангдагилари, турли чизиғу чизиқчалар тушгани ҳам учрайди. Мен бундай тошларни қўлимга олиб томоша қиламан, баъзиларининг нимасидир ёқиб олиб кетмоқчи ҳам бўламан, аммо орқа-ўнгини кўздан ўтказиб яна ташлаб юбораман – барибир жўн, оддий тош-да… Аммо кўзим яна тошлар орасидан бошқачароқ, ажойиброғини излайверади, лекин бундайлар топилмайди, оддий тошлар эса тўлиб ётибди…
Ҳа, ҳаётда ҳам шунақа, одам дегани худди тошлар сингари кўп, аммо улар орасида бошқачаси, арзийдигани, мукаммали кам учрайди. Аммо мен излайвераман, излайвераман…
Кимга – нима…
Дам олувчилар, ёш-яланг, айниқса, болалар қийқиришиб чўмилаётган Угам дарёсининг шундай лабида, сувга тушиладиган жойга буриб қўйилган енгил машина олдида бир йигит билан қиз туришар, қиз йигитнинг кўксига бош қўйиб олган эди. Мен чўмилиш учун тушаётиб улардан истиҳола қилиб бироз тўхтаб қолдим. Аммо йигит билан қизнинг биров билан иши йўқ эди, шу сабабли мен уларнинг олдидан ўтиб сувга тушдим, чамамда, улар менга қараб ҳам қўйишмади. Бироз вақт ўтгандан кейин мен сувдан чиқиб тепага кўтарилдим ҳамки улар ҳамон ўша ҳолатда – бир-бирларини бағирларига босганча туришарди. Бу икки ёш учун табиат, дарё эмас, висол муҳимроқ эди.
Ҳа, кимга – нима…
“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 4-сон