Муҳаммад Шариф. Сомон йўли (учинчи ҳикоя)

Сомон йўли

Учинчи ҳикоя

Одамлар бир неча кундан буён интиқ, муҳим бир янгилик юз беришини кутиб тараддудда эди.  Вақт ўтгани сайин ҳаяжон таранглашиб борарди.  Турли уйдирмаю миш-мишларга қулоғи динг,  бирор кун чанқовбости хабар топилмаса, қирғоққа чиқиб қолган балиқдек нафаси қистайдиган одамлар сўфи азон айтмасидан аввал катта йўл бўйига чиқиб олиб, чўнқайиб олганча уйқули кўзларини тинимсиз ишқалаб, гоҳо хомуза тортиб, бир нималарни эринчоқ муҳокама қилишарди. Тонг қоронғусида гунгур-гунгур қилиб бомдод намозига кетаётганлар эса буларга қараб “Каллаи саҳарлаб отти пўқидек тўпланиб қопти булар? Анжон носи жума саҳар келарди шекилли..?” деб бир-бирларига имлаб қўяди.  
Кун бўйи ҳеч бир хабар келмади. Олди-қочди гаплардан ўзини узоқ тутадиган қишлоқнинг сипороқ кишилари ҳам шомга яқин катта йўл бўйидаги дўкон атрофида уймалашиб қолди.  Қишлоқда норасмий майхона вазифасини ўтайдиган бу дўконда ҳамиша уч-тўрт чоғли улфат ичиб ўтиради. Одатда ароқдан ҳазар қиладиганлар бу улфатларга юзини терс қилиб ўтади, лекин бир гап бўлса бехабар қолиб кетмайин деган илинждами,  бугун улар анча юмшаб қолган. Улфатларга яқин келмаса-да, ҳазил-ҳузул гапларига узоқдан енгил кулиб, босиқлик билан жавоб қайтариб қўяди. Дўкон атрофида одамлар сони кўпайган сари, қувламачоқ ўйнаган, велосипед минган болалар ҳам шу атрофда йиғила бошлайди. Қош қорайиб, осмонда кўршапалаклар ғиз-ғиз учади, пастда эса ғала-ғовур, оломонга келиб қўшилаётган кўнгиллилар сони ортиб боради. Об-ҳаво, экин-тикин, мол-қўй, сабзи-пиёз нархидан бошланган суҳбат айланиб-айланиб яна Ботир дўхтирга келиб тақалади. Ботир ўзи фелдшер бўлса ҳам уқуви ва меҳнаткашлиги туфайли халқ орасида дўхтир деган ном олганди. Дўхтир қандоқ улов миниб келар экан, рангию русуми қанақа бўлади, деган мавзуда баҳс кетади. Ўзи дўхтирнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси бормиди, деб кимдир сўрайди. Чуст дўппи кийса қўзиқоринга ўхшаб қоладиган бўйи бир қарич дўхтир “Ласетти”ми ёки “Нексия” миниб келса, тепкига оёғи, йўлни кўришга бўйи етармикин, дея бош қашийди бошқаси бироз ғашланиб. Тагига ёстиқ қўйиб олади-да, дейди кимдир ва гуррос кулги кўтарилади. Одамлар турли тусмоллар ва тахминлардан чарчаганда, ўзи эр кишига омад етти марта кулиб боқади, шулардан биттасини ушлаб қолсанг қолдинг, бўлмаса пиёзни аччиқ чайнаб қолаверсан каби пурмаъно “ҳикмат”ларга навбат келади.
– Омад келса шу-да, ҳеч кутилмаган жойда, кутилмаган пайтда ишинг ўнгланиб кетади, мана-ман деган дўхтирлар етолмаган мартабага битта фелдшер етишиб турибди-ку!
– Омад ҳар кимга ҳам келавермайди, омади борга келади-да!
– Энг муҳими, берар жойидан қисмаса бўлди, шунда ҳар кимнинг ҳам омади чопаверади, –  дўкон ичидан кимдир ширакайф овозда ташқарида турганларга хитоб қилади, ортидан “Ҳа, отангга балли!” деган тасаннолар ва пишанглар эшитилади.   
Оломон орасида гоҳ ёшларга хос ҳавасмандлик кайфияти ҳукмронлик қилса, гоҳо ҳасад аралаш айтилган гап-сўзлар, гоҳида эса мўйсафидларга хос доно ўгитлар эшитилади. Шунда ҳовлиққанроқ бировнинг “Эҳ, ҳаёт худди кинога ўхшайди-я!” деган ҳаяжонли овози янграйди.
Ўзи воқеанинг бошланиши етти кун аввал, Ботир дўхтир тонг қоронғусида туриб, бир тоғора сомон ювиб турган пайт юз берди.  Бир новвос ва учта қўйнинг қаровини дўхтир кўпам болаларига ишонмайди, ишга кетишидан аввал охурларини емга тўлдириб қўяди. Ҳозир ҳам сомонни ювиб, кепак сепиб, яхшилаб терт қорди, қўлига илашган майда тош-кесакми, шиша синиқларими, ҳафсала билан териб ташлади. Шу пайт дарвоза тарақлаб, кимдир безовта чақириб қолди. Бемаҳалда келган ким бўлди экан? Дўхтир сомон ва кепак юқи қўлларини кўйлаги этагига нари-бери артиб эшикка йўналди.  Оппоқ сутга чайилгандек қимматбаҳо улов дарвозага тақалиб турарди.  Бетоқат турган пўрим йигит дўхтир билан қўшқўллаб сўрашди.
– Ассалому алайкум, дўхтир ака! Танидингизми..? Ҳа, ҳа, ўша кишининг ўғиллариман. Узр, тонг саҳарлаб беҳузур қилдим. Дадамлар  сизни сўраяптилар. Кеча кечқурун касалхонада ётмайман деб инжиқлик қилдилар. Уйга олиб келдик. Бугун азондан сизни йўқлаб қолдилар, тез етказиб келинглар, деб мани жўнатдилар. Ҳовлингизни сўраб-сўраб зўрға топиб келдим. Бормасангиз бўлмайди энди, дўхтир ака.
Дўхтир ўйлаб ҳам ўтирмай “ҳозир, ўн минутда чиқаман” деб уйига кириб кетади.     
Ўша куни эрталаб бор-йўқ бўлган воқеа шу эди. Лекин қишлоққа кирган “Малибу” русумли бу уловни кўрганлар кўп эди. Улов кимнинг уйига келгани, кимни олиб кетгани тайин гап. Бироқ…
Шаҳарга тушганлар тушдан кейин янги-янги гап топиб келди. Улов тумандаги энг бой киши ҳисобланмиш Абдураҳимбойга тегишли экан. Қўша-қўша иморатлари, қават-қават дўконлари, турнақатор уловлари бор бу эски савдогар кишини танимаган одам деярли йўқ эди.  Абдураҳимбой анчадан буён хасталикка чалинган, фарзандлари Тошкентда бир неча марта даволатиб келса-да нафи тегмаганидан ёши етмишдан ошган чол энди ҳеч қаерга боришни истамасди. Шу ҳафта бошида оғирлаб қолганда, қўярда-қўймай уни туман  касалхонасига, реанимацияга ётқизишибди. Ботир дўхтир навбатчиликда турган кунлари Абдураҳимбойга қараган экан. Тунги навбатчилигида касал тепасида мижжа қоқмай чиқадиган, ўзиям қўли енгил, сўзи малҳам бўлган дўхтирга чолнинг меҳри тушиб қопти. Кеча касалхонада бошқа турмайман, Ботир дўхтирни уйимга олиб келинглар, менга ўша қарасин, дебди. Одамлар топиб келган гап шу эди.  
Дўхтирнинг уйига келган улов таърифи бир кун ўзаро суҳбатларга мавзу бўлди.  Никелли ялтироқ қуйма ғилдираги, ён кўзгуларининг автомат тарзда буралиши, томидаги қорайтирилган ойнасининг ўзи очилиб-ёпилиши, газ босганда ёқимли гувиллаши, юрганда шувиллаши роса гап бўлди. Шу тариқа дўхтир ва Абдураҳимбой мавзуси бир ҳафта одамлар оғзида чайналди. Ахийри кимдир “Кимсан Абдураҳимбой дунёнинг ярмини сўраб келган одам, қолган ярмини фарзандлари сўраб ётибди, энди бу дўхтирга шунчалик меҳри тушган экан, хизматини ўз обрўсига яраша тақдирласа керак,” деган тусмолли гап чиқарди.  “Кексайганда одам кўнгли юмшаб сермеҳр бўлиб қолади, Абдураҳимбой меҳри товланиб турган бўлса, дўхтирнинг ҳаётини обод қилиб юбориши ҳеч гап эмас,”  деди биров. “Ниҳоят, дўхтирнинг тўрига тилла балиқ тушди,” деганлар ҳам бўлди.
Одамзотга ўзи нима керак!? Бугун “тилла балиқ”дан ким нима сўраган бўларди? Қишлоқнинг кўплаб хонадонларида ҳар кеч дастурхон атрофида шу мавзуда баҳс бошланди. Ёшлар ўз йўлига, кўча-кўйда кўришиб қолган чоллар, қатиққа оқлиқ сўраб чиққан хотинлар ҳам бундан четда қолмади. Кўпчиликнинг назарида бугунги замон одамининг энг катта орзуси ҳамманинг кўзини оловдек куйдирадиган пўрим, ярақлаган улов миниб юриш эди.    

*    *    *
Дўхтир Абдураҳмонбой ҳақида кўп эшитган, лекин унинг ўзини илк бор касалхонада, бемажол, ранги рўйи сомондек сарғайган ҳолда кўрди. Бугун унинг ҳовлисига тонг саҳарда кириб келар экан, улкан нақшинкор темир дарвозаю  йўлакда қатор терилиб турган уловлар, гирд айланасига иморат солинган ҳайҳотдек катта ҳовлини кўриб сир босди. Ўртада фавворали мармар ҳовуз, атрофида кўзни тиндирадиган ям-яшил майсазор, уч-тўрт туп дуркун арча ва шамшод кўчатлари яшнаб турибди. Ҳовлининг айланасига баланд қилиб темир қувурдан ишком солинган. Қувурлар оққа бўялган, ишком устунларидаги қуйма нақшларга  зарҳал ранги беҳол югуртирилган. Узумтоклар яхши кузалган, кўринишидан яқинда яйратиб хомток қилинган, узум ғужумлари сарғайишга бошлабди. Ҳовлига тўқ жигарранг тош бир текис ётқизилган, гўё юрганда кишининг оёғи қолиб, туфлиси маза қилаётгандек. Дўхтир Абдураҳимбойнинг кенжа ўғли ортидан эргашиб каҳрабо мармар ётқизилган зинапоядан кўтарилиб, кенг ва ёруғ хонага кирди. Деразага яқин жойга каравот қўйилиб, унда Абдураҳимбой оппоқ чойшаб-тўшакка чўкиб ётарди. Хонанинг тўрида серҳашам, уч табақали ойнаванд жавон қад ростлаб турибди. Бир томонда чарм қопланган юмшоқ оромкурсилар. Абдураҳимбой дўхтирни кўриб, синиқ жилмайди.  
– Дўхтир болам, келдингизми!? Катталик қилди деманг, касалхонада битта менга эмас, бошқаларга ҳам қилган муомалангизни кўриб сизга меҳрим тушди. Малол келмаса, уч-тўрт кун ёнимда ўзингиз турсангиз дегандим.
– Сираям малоли йўқ, отахон. Сиздек оқсоқолларга хизмат қилиш биз учун ҳам фарз, ҳам қарз, – деди дўхтир бироз сўзамоллик қилиб.      
Абдураҳимбойнинг яна икки ўғли ҳам шу ерда экан, бирин-кетин хонага кириб келишди, дўхтир билан қўшқўллаб сўрашгач, каттаси оғиз очди:
– Дўхтир, касалхонани главрачига айтилган, сизда прогул бўмайди. Бу ердаги хизматингиз ҳам иш ҳисобига ўтади, сиз хавотир олманг, ўзингиз билан яна алоҳида раччўт қиламиз, отага яхши қарасангиз бўлди, – деди.  
Ўғиллари чиқиб кетаётганда Абдураҳимбой кенжасини қайта чорлади:
– Дўхтир боламнинг уйига бир қоп картишка, бир қоп пиёз, бир халта гуруч, ўн кило завўдёғ, уч кило гўшт элтиб бергин, – деди.  
Абдураҳимбой ётган хонанинг ёнбошидаги кичик меҳмонхона дўхтирнинг ётоғига айланди. Тушдан кейин касалхонанинг бош шифокори келиб чолнинг қон босимини ўлчаб кўрди, дўхтирга кўрсатмалар берди. Томчи уколга қўшиладиган суюқликларни ёзиб қўлига тутқазди. Дўхтирнинг қиладиган иши кўпроқ чол билан суҳбатлашиб ўтириш бўлди. Осма уколдан кейин баъзан чолнинг оёқ-қўлларини уқалайди, кейин аста ёнбошлатиб, бир муштини курагига қўйиб, иккинчи мушти билан  оҳиста уради. Чол силкиниб-силкиниб кетади.
– Отахон, сал чидайсизда энди. Шундай қилмасам, қон айланмай қолади, – дейди.
– Балли, дўхтир болам, балли, – деб қўяди чол.
Кечқурунлари қизлару неваралар йиғилиб келиб, ҳовли тўйхонага ўхшаб кетади. Қўша-қўша тилла узук таққан, икки бетлари қип-қизил, ялтир-юлтур либос кийган қизлар отаси тепасида бир-бир кўз ёши қилиб чиқиб кетгандан сўнг, деразалари ланг очиқ ёнбош хоналарда дунёнинг ишлари, тилла нархи, янги чиққан газмоллар, охирги русумдаги уловлару “Айфон” деган қўл телефонлари ҳақида баралла ва қизғин суҳбатлар бошланади. Бу дабдабаю асъасалардан дўхтир ҳангу манг эди.
– Болам, айбга буюрмасангиз бир нарса сўрасам, – деб қолди чол бир куни. – Уч-тўрт марта шифер ҳақида телефонда куйиниб гапирганингизни эшитиб қолдим. Нима гап, дўхтир болам?
Дўхтир хижолат бўлди. Кейин ўтган йили отасидан қолган эски уй ёнидан янги иморат солгани, бу йил қиш кирмай шу чала иморатнинг томини ёпиб қўйиш режаси борлигини айтди. “Бир дўкончига ўттизта шифер айтиб қуйувдим, ҳар гал синиқ шиферларни рўпара қилади”, деди хафа бўлиб. Чол, ҳа шунақами, деб қўйди. Кечқурун кенжа ўғли келганида дўхтирнинг уйига ўттизта шифер элтиб беришни буюрди. Дўхтир кўп хижолат чекди. Кейин менга энди бошқа ҳеч нарса керак эмас, хизматим охирида ҳам рози қиламан деб юрманглар, қаттиқ хафа бўламан, деди.
Отахонни кўргани келиб-кетувчи кўп. Баъзан кун бўйи одам узилмайди. Бундай кезларда дўхтир чолнинг фарзандларини чақириб, овозига залвор қўшиб, “Ота чарчаб қоляптилар, бугунга бўлди, келганларни меҳмонхонадан кузатиб қўяверинглар,” деб уқтиради. Учовлон фарзанд қўллари кўксида, “Бир оғиз гапингиз-да, дўхтир,” деб чиқиб кетишади.  Дўхтир эса томчи уколни улаб қўйиб, ўз ўй-хаёлларига чўмганча ўтиради.
– Дўхтир болам, бир гап сўрасам кўнглингизга оғир олмайсизми? – деди чол бир куни хокисор овозда. Дўхтир “бош устига, хафа бўлган ўрис”, деди кулиб.  
– Қишлоғингизда бир қушни кўрганингиз ҳақида ҳалигача гап айланармиш, касалхонада ётганимда ҳам шу гап қулоғимга чалингандек бўлувди. Нима бўлганди, қандай қуш эди у?
– Ҳа, уми… – дўхтир ишшайиб кулиб юборди. Пешонасида доим таранг йиғилиб тургувчи бўртиқ ажинлари  ёйилиб, яйраб кетди. –  Хўжанинг феъли тушдан кейин айнийди, дейишарди, пақирники эрталабданоқ айнир эканми…  шуни орқасидан бир тасодиф ҳодиса болаликда бўлган воқеаларга уланди, кейин бунга ҳазил-ҳузул гаплар аралашди. Лекин айтишга арзимайдиган бир гап.
– Нега арзимайди, дўхтир болам? Бу дунёда ҳар бир нарса, ҳатто анови деворга қоқиб қўйилган мих ҳам бежиз эмас. Унинг ҳам ўзига яраша, арзирли тарихи бор. Ким, нега қоқди уни? Ҳа, бир мақсадни кўзлаб қоққан бўлса, нега эплаб болға урмади. Эви бўлганида деворга дарз туширмаган бўларди. Демак эви йўқ одам мих урган, эҳтимол болға ушлашни ҳам тузук-қуруқ билмас. Суриштирсангиз, нега уста одам эмас, эвсиз бир киши мих ургани сабабини ҳам топасиз. Шунақа, гапирсангиз гапдан гап чиқади. Айтинг болам, айтинг!
– Ўзингиздан қолар гап йўқ, тирикчилик деб одамнинг кети ер искашга вақт тополмай қоладиган дамлар бўлади, – дўхтир салмоқлаб сўз бошлади. – Бу ёқда касалхонадаги иш,  у ёқда рўзғор, бир томонда далага пиёз экиб қўйганман, дорилатиш керак, томорқадан ўрилган буғдойни янчиш керак. Шунақа кунлар эди. Кечаси буғдой чиқариб, тонг саҳар адирга отландим. Заҳарчи билан шира босиб ётган пиёзни дорилатишга бир кун олдин келишиб қўйган эдим. Қишлоқдан чиқишда чакалакзор бор, шуни оралаб кетиб борардим. Тонг энди оқариб келаётган, ҳаво назаримда ёғи олинмаган қуюқ сутдек, дўхтирлар тили билан айтганда  кислородга роса тўйинган эди. Шу пайт бир қуш овоз бериб қолди. Унинг ҳар сайроғи гўё қуюқ ҳавода из қолдириб кетарди. Мен таққа тўхтадим. Дастлаб миямга биров йигирматалик игна санчди-ю кейин бутун дунё ўзгариб кетди. Йигирма йилдан ҳам кўпроқ бўлган экан шу қушнинг сайроғини эшитмаганимга – дўхтир завқ-шавққа тўлиб сўзлай бошлади. Бу қушни ўзини кўриш учун чакалак оралаб тентирагани, бироқ қушни ҳуркитиб, кўролмай қолганидан аламга ботгани ҳақида гапирди.
– Қуш лоп этиб учдию кетди. Аммо юрагимни ўртаб кетди. Бир кафт носни тил тагига ташладим-да, ўтиравердим. Болалигим, мактаб, мен кезган кўчалар, мен чўмилган ариқлар, сойлар, синфдошларим, илк марта кўнгил берган пайтларим, бари-бари кўз олдимдан кино лентасидек ғизиллаб ўта бошлади. Лоф бўлмаса, отахон, носни кучими ёки бошқа нарсами, баъзи жойларини худди кино лентасидек орқага қайтариб, қайта-қайта кўраман,  секинлатиб ҳам кўраман. Хотирам ҳеч бунақа тиниқ ишламаган эди ўзиям. Биров кулмаса, хотира ҳам баъзан қўлда ушлаб кўрса, бир четда ғижимланиб ётган қоғоз парчасини олиб текислагандек, кафтга қўйиб томоша қилса бўладиган бир нарса деган бўлардим, – дўхтир гапида давом этар экан, эшитяптими-йўқми, чолга бирров назар ташлаб оларди. Орада бироз сукут сақлаб қолса чол “гапираверинг, эшитяпман, дўхтир” деб қўярди. Дўхтир ўша куни, ундан кейин ҳам пиёзга дори септира олмагани ўзига, айниқса хотинига қаттиқ алам қилгани, эрта баҳордан бошлаган меҳнатию қарз-қавола қилиб сарфлаган сармоясининг тақдири ҳал бўлар паллада битта қушни деб ҳамма иши чаппа айланганини айтди. Оқибатда пиёзнинг зарари билан фойдаси учма-уч бўлиб, дўхтир қарзлардан зўрға қутулиб олгани, устига-устак дори сепадиган йигит ўша куни адирда узоқ маҳтал бўлганию эртасига қаердадир дори сепаётиб заҳарланиб ўлганини эшитган чол, аттанг, дегандек бошини сарак-сарак чайқамоқчи эди, мажоли келмади. Қишлоқда бу қуш билан боғлиқ воқеа тўқилиб-бичилиб, биров дўхтирни авлиёга, биров жин чалиб кетган овсарга чиқарганини эшитиб кулмоқчи ҳам бўлди, лекин куч топа олмай енгил хириллаб қўйди.    
Чол бу қадар ғамгин, айни пайтда қувноқ ва беғубор ҳикояни сира эшитмаган эди. Бир қуш, нари борса чумчуқдан катта, каптардан кичкина бир жонзот киши ҳаётида бу қадар ўрин тутади деб ким ҳам ўйлабди ахир. Чол шу хаёллар билан уйқуга кетди. Эртасига муолажалардан кейин дўхтирдан ёнига ўтиришни сўради.
– Биласизми? Болалигимдан нима ёдимда қолган… бир сўмлик, уч сўмлик, ўн сўмлик эзилган, букланган, ёғ босган пуллар. Отам кечқурун дўкондан қайтганидан сўнг танга-сўм аралаш бир сумка пулни уйнинг ўртасига  тўкарди. Кейин онам келтирган қайноқ маставага босим мурч сепиб, устидан қатиқ қўшиб, ёғоч қошиқда яхшилаб экалаб олгандан сўнг пешонасидан маржон-маржон тер оқизиб ичарди. Онам икковимиз эса пулларни саралар эдик. Отам маставани ичиб бўлгач, юқига чой қуйиб, косани ҳафсала билан уч-тўрт марта  айлантириб чайгач, бир кўтаришда сипқорарди. Кейин пешонасидаги терларни белбоғи билан артиб, ўнг ёнбошига болиш қистирганча бир сўз демай бизни кузатиб ўтирарди. Ўн сўмлик қизил пуллар камдан-кам чиқар, чиқиб қолса, онам дазмол босиб, букилган белини тўғрилар, сўнг токчадаги чинни чойнак ичига солиб қўярди. Ўн сўмликдан кейинги энг қадрлиси кўкимтир беш сўмлик эди.  Уч сўмлик ва бир сўмлик дасталанган пулларни отам кассага топшириш учун эртасига олиб кетарди. Ҳовуч-ҳовуч тангалар уйда қоларди. Ўша пайтлар ўн беш тийинга битта пиражка билан шакарли чой берарди. Йигирма тийинга яримта лағмон еса бўларди. Тангалар мен ва сингилларим учун катта бойлик эди. Онам йирик пулларни бодринг тузланадиган бонкага солиб, оғзини маҳкамлагач, омборхонага кўмиб, устидан шолча ташлаб қўярди. Шу тариқа мен пул санаб катта бўлдим. Кейинчалик мен топган пулларни бу депарада унча-мунча одам тополган эмас…  
Чол бироз тўхтаб нафас ростлади. Дўхтир ярим пиёла сув тутди. Чол ичмади, лабларини ҳўллаб олди холос.
– …Биласизми, дўхтир болам? Отам раҳматли юрак хуружидан вафот этган. Дўконниям, уйниям ревизор босавериб юрагини  олдириб бўлган эди. Охирги текширувларни кўтара олмади. У киши ўтганларидан кейин онам бор пулларни тиллага айлантирди. Албатта, мени ўқишиму иш бошлашим учун ажратилган сармоя алоҳида эди. Сингилларимга ҳам бир сидра тилла тақинчоқлар ҳадя қилди. Бироқ кексайганларида вос-вос бўлиб, бир халта тиллани ҳали ёстиқ тагига, ҳали тахмондаги кўрпа орасига яшириб кун ўтказди. Қўша-қўша занжирлар, билагузугу сирғалар, ёқут кўзли узуклар тўла халтанинг жаранг-журунги ҳалигача қулоғим остида туради. Шу тариқа онамнинг эси кирди-чиқди бўлиб оламдан ўтди, худо раҳмат қилсин. Мен ота-онамдан фарқли, кўп ва катта давра кўрдим, чет элларга чиқдим, энди замон ҳам ўзгарган эди. Шундан хулоса чиқариб, қариганимда бойликка вос-вос бўлиб қолмайин деб мол-мулкимни эрта кунда фарзандларимга тенг тақсимлаб бердим, қўлимда мол қолдирмадим. Болаларим мен каби отаси пулнинг дастидан бевақт ўлиб кетишини кўрмасин дедим. Кексайганимда неваралар билан овуниб, хотиржам ҳаёт кечирмоқчи бўлдим. Бу осон бўлмади. Ҳозир қўядими, йўқми, билмадим, бир пайтлар “Қирол Лир” деган кино  бўларди. Мулкини қизларига бўлиб бериб, ўзи кўчада қолади қирол бечора. Ўшанга ўхшаб қолмайманми, деган гап ҳам ўтди кўнгилдан. Кейин ҳартугул, бизда мусулмончилик, эл-юрт истиҳоласи бор деб ўйладим. Ўйлаганим тўғри чиқди, фарзандлардан нолимайман, гарчанд онаси эрта ўтиб кетган бўлса ҳам, болаларимга яхши тарбия бера олдим назаримда. Бир қарашда ниятим ҳам амалга ошгандай бўлди…
Чолнинг гапи бўлинди. Узун-қисқа бўлиб ҳовлига тўрт нафар кекса киши кириб келди. Барчаси бирдек оҳорли оқ яктак-иштон кийган, фақат айримларининг бошида чуст дўппи бўлса, баъзиларида оқ “ҳожи дўппи”. Бири патак  соқол, бошқаси мошкичири, қолган иккиси кўса. Чолларнинг ягона ўхшаш жиҳати  юз териларининг бирдек тиниқлиги, ҳатто энди пишиб келаётган қирмизак олма каби жиндек қизиллиги ҳам борлигида эди. Дўхтирнинг ёдига раҳматли отасининг заҳил юзи ёдига тушиб, юраги бир ачишиб олди. Чоллар беморнинг атрофида ўтириб, узоқ суҳбат қилишди, ўтган-кетган, яқин-йироқ гаплардан гапиришди. Сўнгида отахонга далда бериб, қуръондан бир пора туширгач, узундан-узун дуолар қилишди. Тиловатимиз “хатми қуръон” ўрнида ўтсин, деб илтижо қилинди. Меҳмонлар кетгандан сўнг чол мижжалари нам, узоқ жим қолди.      
– Эски қадрдон оғайнилар, – деди у дўхтир эшитяптими, йўқми, эътибор бермай. – Навқиронлик пайтларимиз ким кўп пул қиляпти, ким зўр иморат соляпти, ким энг зўр улов сотиб олди деб рақобат қилардик. Баъзида дўст, баъзида ҳамкор, кези келса рақиб эдик. Энди бўлса ҳар йили қурбонлик ойида бозорга тушиб, халқ кўзида танлаб-танлаб, семиз-семиз қўй олиб, кимўзарга сўямиз. Охир дунёда Пулсиротдан миниб ўтаман деб умид қилган қўйимиз қанча гўшт, қанча ёғ берганини киши билмас овоза қилдирамиз. Сизларни бу ҳашамларингизга охир дунёда Пулсирот эмас, темир-бетон кўприк керак, дейдиган мард йўқ. Ҳозир ҳам остона ҳатлаб улгурмай булар мен кетиб, ўзлари қолаётганидан енгил тортишди. Ўзларининг тетиклиги, мендан узоқроқ яшашларини ўйлаб қувониб кетишди. Буни улар хонада ўтиришганида кўзлари айтиб турганди.  
Бу гапдан кейин чол жим қолди, чуқур хўрсиниб, нурсизланиб бораётган кўзларини деразадан ташқари қадади. Ҳашаматли ҳовли сув қуйгандек жимиб қолган, ҳар замон мусичанинг “му-ку-ку-ку” деб сайрагани эшитилади. Ишкомдаги узумнинг иссиқдан шалпайган япроқлари ногоҳ келган эпкинда бир елпиниб қўяди, шунда ранги кўкимтирдан сарғишга тортиб, шира бойлаб келаётган узум доналарида қуёш нурлари жилва қилиб қолади. Чол бу манзарани кўра оляптими йўқми, билиб бўлмасди. Чол яна гапирмоққа чоғланди, лекин лаблари қуруқшаб қолган эди. Дўхтир ҳўл дока билан унинг лабларини артиб чиқди, докани сиқиб, оғзига бир-икки томчи сув томизиб қўйди.  
– Дўхтир болам, ҳали ташқарида бир қуш сайрагандек бўлдими..?
– Кукулаган мусича эди, отахон.
– Малол келмаса, жойимни деразага яқинроқ суриб берсангиз, – деди чол пичирлаб. Дўхтир чаққонлик билан  кроватнинг аввал бош томони, кейин оёқ томонини енгил кўтариб сурди. Кроват шундоқ дераза тагига келиб қолди.  
– Ҳаҳ, мусича… Отам мусичани энг ношуд жонзот деб ёмон кўрарди. Ҳали йўлакда, ҳали айвонда тухуми тушиб синиб ётарди. Жуда омонат уй қуради ўзиям. – Чол ташқарига суқланиб қаради. Лекин  мусича қорасини кўрсатай демасди. – Кулмасангиз, кўнглимга бир тилак келди, дўхтир болам… Сизга кўриниш бериб турадиган ўша ажабтовур қушга ўхшамасаям, отам ёмон кўрган бўлсаям, ўзи  бир ношуд жонивор бўлсаям, қани энди шу мусича ҳозир пирр этиб учиб келиб, мана шу дераза рахига қўнса… мунчоқдек ҳайрон кўзларига боқсам…
Чол қуруқ суякка айланган бармоқларини қалтиратиб қўлини  дераза рахига узатди. Юпқа ва қуруқшоқ териси остидан бўртиб турган томирлари дир-дир титраб кетди. Сўнг ҳилвираб қолган бўйин териларини осилтириб ташқарига талпинди. Чолнинг гавдасидан бир ҳовуч шақиллаган суяк қолган, бироқ бўртиқ елка суяклари, ўткир қиррали жағи, қирра бурни ва кўзининг устига тушиб турган қалин, ўсиқ оқиш қошлари бир пайтлари унинг кўркам ва келбатли киши бўлганини айтиб турарди.
Чол узумтоклар орасидан  кўм-кўк осмонга туйнук топиб, узоқ термулди. Туйнук қариянинг нурсиз кўзларига дурбиндек қўл келдими, нигоҳи ўткирлашгандек бўлди. Осмону фалакда қанот қоқмай сокин чарх ураётган бир қуш ногаҳон ана шу мовий туйнукдан лип этиб ўтиб қолди. Чол бир сесканди-ю қушнинг қорасини илғаб қолди ва афтидан ана шу оний лаҳзаларда унинг нигоҳи қушнинг қанотлари устига қўнгандек бўлди:
Пастда гугурт қутиси янглиғ гоҳ тартиб билан терилган, гоҳ бетартиб қалашиб, бир-бирига суяниб қолган паст-баланд  уйлар қалашиб ётарди. Уйлар тугагач, далалар бошланади, қўнғир тоғ этагидаги сарғиш яйдоқ адирлар қадар чўзилган экинзорлар ястаниб ётибди. Бозорлар, дўконларда ғиж-ғиж оломон, одам дегани  далаларга ҳам сочилиб, тинимсиз ғимирлаб ётибди. Шаҳардан қишлоққа, қишлоқдан шаҳарга уловлар бетўхтов қатнайди. Адоқсиз йўллар бир-бирига уланиб кетаверади. Бир қишлоқ тугаб-тугамай иккинчиси бошланади, буғдойзордан кейин пахта даласи, пахтадан кейин пиёз пайкали келади. Бир парча бўш ер йўқ. Фақат ҳар бир қишлоқ четида девор ёки панжара билан ўралган ҳайҳотдек, тақир ва қўнғир очиқ майдонлар бор холос. Жажжи тупроқ тепаликларга тўла шу жойдагина ҳаракатсизлик, сукунат бор. Янги пайдо бўлган, нам тупроғи ҳали қуриб улгурмаган тепалик устига югуриб чиқиб, атрофга шошилинч назар солгач, қуриб сарғайган ўт-ўлан ва шувоқларни шитирлатиб қочиб қолган юмронқозиққина бу сукунатни бузиб туради холос. Янги тепаликни кетмоннинг орқа юзи билан тапиллатиб уриб мустаҳкамлаб кетган одамлар эски темир панжарали дарвозадан ташқари ҳатлашлари ҳамон енгил тортиб, бу сокин гўшанинг мавжудлигини-да унутишга улгуришади.
Чол энди чимирилган, тунд, истеҳзоли, шодон ва ғамгин, ғазабнок ва қувноқ чеҳраларни ҳам илғай бошлайди. Ҳаёт гўё бир улкан мусобақа, илдамлаб кетганлар шодон, ортда қолганлар ташвишда, тўхтаб, чорасиз қолганлар ғуссага ботган. Умр шундоқ мусобақа билан ўтади ва марра ўша – митти дўнгликларга тўла тақир майдон. Кимдир маррага етиб келганда яна бир тупроқ тепалик пайдо бўлади.
Чол ўзининг ҳамманикидан баланд оқ тунукали томини илғаб қолади. Атрофга аланглаб, ҳайратга тушади – манови жажжи тупроқ тепаликларга тўла яйдоқ макон уйига бу қадар яқинлигини шу пайтгача сезмаган экан. Манзил шунчалик яқинмиди, деб ўйлайди чол юксакда туриб.  Ерда ғимирлаётган қора-қуралар орасида фақат бир кичик жуссагина  бошқалардан фарқли, баъзан ғимирлашдан тўхтаб, осмонга, сокин парвоз қилаётган қушга тикилганча, узоқ ўйга чўмиб қолади, гўё шу одамгина чолни тушуниб тургандек. Чол бу кимсани танигандек бўлади, пастлайди, ва яна пастлайди. Ахир бу одамни мен танийманку, деб ўйлайди…  
– Дўхтир болам, бу сизмисиз!? – Чолнинг юзига мамнуният ифодаси балқиб чиқди.  
Қариянинг гапидан дўхтир бехос чўчиб тушди, алаҳсиради деган ўйга борди, бироқ унинг чувак юзидаги бахтиёрликни кўриб ҳайрон қолди.      

*    *    *
Дўхтир хотинига телефон қилиб, бу кеч уйга қайтяпман деб айтган экан,  қишлоқ ўша соатдаёқ бундан хабар топган эди. Катта йўл бўйидаги паккага айланган дўкон атрофидан кетолмай қолган одамлар баҳси тобора қизиб борарди. Ҳа, бугунги кун одамининг энг катта орзуси – улов. Ҳамманинг кўзини оловдек куйдирадиган, ярақлаган, мойи артилмаган улов. Абдураҳимбойдек дунёнинг бир четини еб ётган одам учун битта улов “карнайчидан бир пуф” дегандек гап.   
Бир маҳал сутга чайилгандек оппоқ машина тиғдек ўткир чироқлари билан тун қоронғусини чок-чокидан сўкиб келиб, дўкон ёнида тўхтади. Уловдан  Ботир дўхтир ҳеч нарса бўлмагандек иршайиб тушиб келди. Кўзлари нурдан қамашган одамлар ҳангу манг эди. Оппоқ улов моторини ёқимли визиллатганча ортига қайтиб кетганда, дўхтир эса дўконга кириб, бир кило шакар, икки кило макарон харид қилиб, буни насия дафтарига ёздириб қўйганида уларнинг ҳайрати ўн, эҳтимол юз чандон ошган эди.
– Ким айтди ҳаёт кинога ўхшайди деб? – кимдир зарда аралаш тўнғиллади.

2012.