Шоҳида мактабдан қайтиб, кийимларини алмаштирди-да, эндигина кечаги овқатдан қолганини исита бошлаганди ҳамки, девор оша қўшни ҳовлидан Диёранинг овози эшитилди:
— Шоҳи, ҳов Шоҳи!
Бир неча сониядан сўнг икки ҳовлини ажратиб турган девор узра Диёранинг қўҳликкина чеҳраси кўринди. Диёра қўшнисининг ҳовлисига алангларкан, ошхона томонда қўлида капгир ушлаб турган Шоҳидага кўзи тушиб, башарасини бужмайтирди.
— Ўл-а, мундоқ бир овозингни ҳам чиқармайсан-а? “Шоҳи, Шоҳи” деявериб-ку, томоғим қирилиб кетди!
— Ҳамма ҳам сенга ўхшаб дакан хўроздек қичқириб, оламни бузавермайди-ку? — деди Шоҳиданинг энсаси қотиб. — Менда эса бақириш қобилияти йўқ.
— Вой-бў, мижғов бўлма, — Диёра бурнини жийирса-да, аслида ичида кири йўқ, қувноқ қиз бўлгани учун ҳам узоқ аразлашга чидаёлмай, беихтиёр кулимсиради. — Бўпти, минғирлашни бас қил. Биз қизлар билан олма тергани бормоқчимиз. Сен ҳам биз билан бирга борасанми-йўқми, шундан гапир.
— Қайдам, ойим уйда йўқлар, — деди Шоҳида иккиланиб. — Сўрамай кетаверсам…
— Э-э, ёш боламидинг, шуниям сўраб ўтирадиган? — деди Диёра дугонасини кўндиришга астойдил уриниб. — Сенга пул тўлашса бўлди-да, тўғрими? Юрақол, Шоҳи, неча қути терганингга қараб пулини нақд беришаркан!
Энди Шоҳиданинг иккиланишига асос қолмаганди. Бу йил ёзда ойисининг тоби қочиб, анча вақт уйда ётди, шунинг учун ҳам мактаб бошланиши олдидан Шоҳида билан Шоирага янги форма олиб беролмади. Оғирчиликларни кўравериб, кўникиб кетган қизлар онаси ўқув анжомларини олиб беролганига ҳам шукр қилиб, бултурги кийимларини кийиб юришибди. Индаганларида ҳам нима бўларди, ахир топиб-тутиб, таъминлаб қўядиган дадаси бўлмаса…
Дадасининг оламдан ўтганига ҳам олти йил бўлди. Энг кичкина укаси Боситжон ўшанда олти ойлик эди, бечора ҳатто дадасини эслолмайди ҳам. Ўшандан бери ойиси уч фарзандини боқиш учун ўзини ўтга-чўққа уради-ю, бироқ аёл боши билан топгани урвоқ ҳам бўлмайди: бирига етса, бошқасига албатта етмайди.
Диёранинг таклифи Шоҳидани ўйлантириб қўйганлигини боиси ҳам шу эди. Агар қизлар билан бирга олма теришга чиқиб, бир оз пул ишлаб топса, ойисига ҳарна ёрдам бўлармиди…
— Бўлақол, Шоҳи, намунча кўп ўйлайверасан? — норози оҳангда минғирлади Диёра. — Ўйчи ўйини ўйлагунча, таваккалчининг иши битади! Нима дейсан?
— Бўпти, ҳозир кийиниб чиқаман.
Шошқалоқ Диёра Шоҳиданинг охирги сўзларини эшитмаёқ пастга туша бошлаганди. Зум ўтмай қўшни ҳовлидан итнинг акиллагани, кейин Диёра овозининг борича қарғангани эшитилди. Диёра нарвондан тушаётиб, девор тагида ухлаб ётадиган ити Момиқнинг думиними ёки панжалариними босиб олган бўлса керак.
Шоҳида челак кўтариб чиққанида, уларнинг дарвозаси ёнида тарвақайлаб ўсган балхитут тагида Малоҳат, Зулфия, Камола, Ҳалима ва Барно йиғилиб, кутиб туришарди. Қизлар гангир-гунгур суҳбатлашганча олмазор томон йўл олишди.
Улар етиб келишганида, олмазорнинг ичи одамга тўлиб кетганди. Челак ёки ёғоч қутига тўлатилган олмаларни кўтарган аёллар, ўқувчи болалар, нарвон ушлаган ишчи эркаклар бир-бирига гап отишар, ҳазиллашишарди. Олмазорнинг бир тарафида юқори синфда ўқийдиган йигитчалар тўпланиб олишган бўлиб, магнитофонда ашулани варанглатиб қўйганча, олма тераётган қизларга зимдан қараб-қараб бир нарсаларни сирлашишар, кейин диққатни ўзларига тортиш учун овозининг борича дўриллаб кулишарди. Қаёққа қараманг, ёғоч қутиларга тўлатиб қўйилган қирмизи олмаларни кўрасиз, улардан таралаётган хушбўй ислар димоқни қитиқлаб хаёлни олиб қочади.
Олмаларнинг хуш ифорига маст бўлиб, ишга киришиб кетган Шоҳида кеч бўлганини ҳам пайқамай қолди. Ва, ниҳоят, иш вақти тугаб, олмачилик бригадасининг бошлиғи Неъмат ака ёрдамга келган ўқувчиларга иш ҳақларини улаша бошлади.
Навбати келиб, бригадирнинг ёнига яқинлашган Шоҳида ҳайратдан қотиб қолди: у ўқувчиларнинг орасида энг кўп — йигирма беш қути олма терибди ва ишлаган иш ҳақи уч сўм-у йигирма беш тийин бўлибди. Неъмат акадан пулини оларкан, ҳаяжондан Шоҳиданинг юраги қинидан чиққудек бўлиб урарди. Айтишга осон, ахир бу қанчалик катта пул-а? Мактабга киядиган форма кўйлак олти сўм-у саксон тийин туради, Шоҳида эса бир кунгина ишлаб, унинг ярим пулини ишлаб топибди. “Эртага ҳам олма тергани келаман, — деб ўйлади қиз ичида. — Балки олма териш мавсуми тугагунича Шоира икковимизга форма кўйлак олишга етадиган пул ишларман…”
— Баракалла, жудаям чаққон қиз экансизлар, — деди Неъмат ака уларни мақтаб. — Эртагаям ёрдамга келинглар, хўпми, қизларим?
Пулларни тарқатиб бўлган бригадир кажавали мотоциклига миниб, идорага ҳисобот топширгани кетди, ишчи аёллар ҳам аста-секин уйларига тарқала бошлашди. Шоҳида билан бирга келган қизлар ҳам бирпас олма тагида дам олган бўлиб, у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришди.
— Бўлди, қизлар, турайлик, — деди ниҳоят қизларнинг ичида энг каттаси бўлган Барно. — Ҳадемай, Собир қоровул ҳам келиб қолади.
— Вой турқи қурсин ўшанинг, отини ҳам эслама, тағин қулоғи кўриниб қолмасин, — хандон ташлаб кулди Зулфия. — Туринглар, кетдик!
Қизлар дарахт тагида турган челакларини қўлга олишди. Шоҳиданинг ҳайратдан оғзи очилиб қолди: қизларнинг челаклари йирик-йирик қирмизи олмалар билан лиқ тўла эди.
— Олмани нима қиласанлар? — сўради у ажабланиб Диёрадан.
— Вой, қизиқсан-а, нима қилардик, еймиз-да! — Диёранинг ўрнига гап қотди шақилдоққина Камола.
— Намунча гап сотасанлар-а?! — энсаси қотиб деди Малоҳати қадамини тезлатаркан. — Бировники ширин бўлади! Агар билмасанг, энди билиб олдинг! Бўл, қадамингни тезлат, агар Собир қоровулнинг қўлига тушиб қолсанг, ўлдим, деявер…
Худди Малоҳат исмини айтишини кутиб тургандек олмазорнинг нариги чеккасида доимо маст-аласт юрадиган Собир қоровулнинг қораси кўринди. Алпанг-талпанг юриб келишидан унинг ҳозир ҳам кайфи тарақлиги сезилиб турарди.
— Қочинглар, қизлар! — чинқирди Барно ва шамолдек елганча югуриб кетди.
Шоҳида нима гаплигини англаб етгунича, дугоналари анча нарига бориб қолишди. Гарчи ҳеч нарсага ақли етмаган бўлса-да, у ҳам челагини кўтарганча дугоналарининг ортидан югура кетди.
Кун бўйи ишлаб, қаттиқ чарчаган Шоҳида шамолдек елиб кетаётган қизларга етиб олишга интилиб, кучининг борича югураркан, ялангоёқларига урилиб, тиканларини санчаётган янтоқлар ва читирларни ҳатто сезмасди ҳам, хаёлида эса фақат “Ишқилиб, Собир қоровул менга етиб олмасин-да!” деган ўй чирпирак бўлиб айланарди, холос.
Кутилмаганда оёғи ўтларга илашди-ю, Шоҳида ўзини ўнглаб ололмай, ерга юзтубан йиқилди. Қизнинг кўз олди қоронғилашиб, боши гир-гир айланиб кетди. У бир амаллаб қаддини ростлаганида, ширакайф Собир қоровул аллақачон ёнида турар ва кўзларини мастона сузиб тикилганча, қизни таниб олишга уринарди.
— Кимнинг қизисан? — деб сўради ниҳоят Собир манқаланиб, қаршисида дир-дир титраётган қизчадан кўзини узмай.
Шоҳида қўрқувдан дудуқлана-дудуқлана онасининг исмини айтди.
— Ҳа-а, Салиманинг қизиман, дегин?
Собир қоровул оёғи остида думалаб ётган челакни бир тепди. Челак даранглаганча бир неча қадам нарига учиб кетди.
Шоҳида қўрққанидан дир-дир титраганча, пиқиллаб йиғлаб юборди. Унинг қулоқлари тагида Малоҳатнинг “Собир қоровулнинг қўлига тушсанг, ўлдим деявер” деган гаплари жаранглаб турарди.
— Э-э, йиғлама-ей! Нима, сени еб қўйяпманми? — тўнғиллади Собир қоровул бир зум ўйланиб тургач. — Бор йўқол, уйингга жўна!
Шоҳида бир неча қадам нарида думалаб ётган челагини олишни ҳам унутганча уйи томон югура кетди. Собир қоровулдан осонгина қутулганига ҳамон ишонгиси келмай, уйи томон қушдек учиб кетаётган қизалоқ ортига ўгирилишни хаёлига ҳам келтирмасди. Агар ўгирилганида борми, Собир қоровулнинг ҳамон ўша жойда бир нарсаларни ўйлаб, бир муддат қаққайиб турганини, кейин эса Шоҳиданинг челагини олиб, олмазорга кириб кетганини кўрган бўларди…
Кечқурун Шоҳида ишлаган пулларини худди улкан бойликни ҳадя этаётгандек бир ғурур билан онасига топширди. Гап орасида яна бир неча кун олма теришга чиқишини, ўшанда ўзи билан синглисига форма кўйлак олишга етадиган пул ишлаб олишини, балки Боситжонга ҳам ул-бул олишга ортиб қолиши мумкинлигини айтиб ўтишни унутмади.
Салима опа ўзи пул топа олганидан кўкси тоғдек кўтарилган қизалоғининг бир олам режаларини индамай эшитаркан, мижжаларига қалққан қайноқ ёш томчиларини билдирмай артиб олди. Ичида “Даданг тирик бўлганида, шу ёшингдан пул ишлаб топишга орзуманда бўлармидинг-а?” деган ўй ўтди-ю, дард-дунёси қоронғи бўлиб кетди. Бироқ қизини хафа қилишни истамай, ичидан қиринди ўтса-да, аста жилмайди.
Эртаси куни Шоҳида дарслар тугагунича зўрға чидаб ўтирди. Қанийди, дарслар тезроқ тугаса-ю, яна олмазорга боришса эди! Бугун кечагидан ҳам кўпроқ ғайрат билан ишлайди, қизлар билан камроқ гаплашади. Ишқилиб, вақт тезроқ ўтсайди-ей…
Синф эшигининг қаттиқ-қаттиқ тақиллаши Шоҳиданинг хаёлини бўлди. Эшикни очиб қараган адабиёт муаллимаси Шоҳидага ўгирилиб қаради-да, уни чақириб келишганини айтди ва дарсини ўтишда давом этди. “Ойим келгандир” деб ўйлаган Шоҳида эшик олдида хўжалик директорининг котибаси турганини кўриб, ҳайрон бўлди.
— Юр, — деди котиба буйруқ оҳангида.
— Нега? Қаёққа? — юрак ютиб, аста сўради Шоҳида.
— Ёш бола кўп гапирмайди, ўзига айтилган ишни бажаради, — жеркиб берди котиба аёл.
Шоҳида котиба аёл билан бирга мактабдан ярим бекатча нарида жойлашган хўжалик идорасига етиб бориб, директорнинг хонасига кирганида, у ерда ўзининг онаси, Собир қоровул, олмачилик бригадасининг бошлиғи Неъмат ака, хўжалик директори ва хотин-қизлар қўмитасининг раисаси бўлиб ишловчи Муҳаррам опа ўтиришганини кўрди. Бир бурчакда ранги қув ўчиб ўтирган онасининг авзойидан қандайдир кўнгилсизлик юз берганини дарров сезган қизчанинг юраги така-пука бўлиб, кўзларига ёш тўла бошлади.
— Қизим, қўрқма, берироқ кел, — деди Муҳаррам опа мулойимлик билан. Аёлнинг майин овозидан сал кўнгли тинчиган қиз яқинроқ келгач, оҳиста сўради — Шоҳидахон, қизим, манави сенинг челагингми?
Шундагина Шоҳида директорнинг столи устида турган челакни кўрди. У ўзининг челагини дарров таниди. Челак йирик-йирик, қип-қизил олмаларга тўла эди.
— Ҳа, — аста бош ирғади қиз. — Менинг челагим.
— Яхши, — Муҳаррам опа директорга қараб, аста бош ирғади. — Хўш, қизим, кеча олмазорда ҳаммадан кўп ишлабсан, иш ҳақингни ҳам олибсан, фақат… нега яна олма ўғирладинг?
— Олма ўғирладим-м? — Шоҳида ҳайронлигидан Муҳаррам опага анқайиб қараб қолди. Кейин ўзига тиржайиб қараб турган Собир қоровулга кўзи тушди-ю, қўрққанидан юраги дук-дук ура бошлади. — Йўқ… йўқ, мен олма ўғирлаганим йўқ!
— Бўлмаса, манави олмаларни мен ўғирлабман-да? — манқа овозда ўшқирди Собир қоровул қизчага ўқрайиб. — Кеча кечқурун қизлар билан бирга қочиб кетаётганингда ўзим тутиб олдим-ку! Қани, гапир, шерикларинг ким эди?!
— Бас қилинг! — Муҳаррам опа кескин овозда унинг гапини бўлди. Кейин сал ўзини қўлга олиб, буюрди. — Бўпти, сиз ишингизга бораверинг. Жазолашни эса ўзимизга қўйиб беринг!
— Хўп, хўп, опажон, — Собир икки қўли кўксида, эгилганча тисарилиб, эшик томон юрди. — Мен фақат жамиятимизга зиён келтираётган ўғриларнинг пайи қирқилишини хоҳлайман-да…
Собир қоровул вайсаганча эшикдан чиқиб кетгунига қадар, хонадагилар унсизгина унинг изидан тикилиб туришди.
— Жамиятнинг посбони сен бўлсанг… — энсасини қотирди Муҳаррам опа ҳамон бир сўз айтмай ўтирган директор билан Неъмат акага ўгирилди. — Хўш, энди нима қиламиз?
Неъмат ака елка қисди, директор эса ранглари докадек оқариб, тилсиз-жағсиз қотиб ўтирган Салима опага, кейин дир-дир титраганча ҳамон кўз ёшлари юзини юваётган Шоҳидага қаради.
Ўртага оғир сукунат чўкди. Ниҳоят, директор ўрнидан туриб, Шоҳидага яқинлашди.
— Қизим, қўрқма, сени уришмаймиз, — деди мулойим оҳангда, кейин аста сўради. — Шоҳида, қизим, айт-чи… олмани кимга олувдинг? Нима, уйингизда олма йўқми?
— Мен… олма… олганим йўқ, — тутила-тутила зўрға гапирди Шоҳида. У эндигина бўлиб ўтган воқеани англай бошлаган эди. — Амакижон, мен биттаям олма олганим йўқ!
Қиз бошқа гапира олмади, овозининг борича баралла йиғлаб юборди. Йиғлайверди, йиғлайверди, сира ўпкасини босиб ололмади. Унинг ёнидаги катталар эса бошлари қотганча, гап-сўзсиз қотиб туришарди.
— Бўпти, ҳаммаси тушунарли, — охири сукунатни бузди Муҳаррам опа. — Қизим, ўзингни бос, олмани сен олмаганингга ишондик. — Кейин у ҳамон ерга қараганча чурқ этмай ўтирган Салима опага қаради. — Салима, қизингни олиб кетавер. Бирор англашилмовчилик бўлган, шекилли, буни ўзимиз ҳал қиламиз.
Салима опа индамай қизининг қўлидан тутди-ю, хонадан чиқиб кетди.
— Анваржон, сиз бу ерда янги келган одамсиз, ким нима деса, қулоқ қоқмай ишонаверманг, — деди Муҳаррам опа хўжалик директорига қараб. — Энди гапни эшитинг, бу воқеанинг тагида ётган “ним коса”ни сизга айтиб берай. Мана шу Салима менинг кенжа укам билан бир синфда ўқиган. Жуда гўзал қиз эди, ортидан қишлоқнинг манаман деган йигитлари эргашиб юришарди. Шу жумладан, мана шу Собир пиёниста ҳам. Тўғри, у пайтда пиёниста эмасди-ю, майли-да… Собир очиқдан-очиқ Салиманинг изидан эргашиб юрарди, кетма-кет совчи жўнатавериб, қизнинг ота-онасини безорижон қилганди. Аммо қанча йигитлар йўлига кўз тиккан Салима кутилмаганда қишлоғимизга йўлланма билан ишга келган зоотехник йигитга турмушга чиқиб кетди, ошиқларининг бари чапак чалиб қолаверишди. Шаҳардан келган зоотехник йигитга хўжаликдан уй берилганидан сўнг у Салимага уйланди. Бироқ бечора Салиманинг пешонаси шўр экан-да, эри айни қирчиллаган йигит ёшида саратон туфайли оламдан ўтди-кетди. Шунинг учун ҳам Салима ёлғиз боши билан уч боласини боқиб, оёққа турғизяпти. Энди манави “ўғирлик” масаласига келсак, бир вақтлари Салима унга тегмагани учун Собир ўч олмаяптимикан, деб ўйлаб қолдим. Қизчанинг аҳволини кўрдингиз-ку, ўғирлик қилганга ўхшайдими, ахир?
Ўйчан нигоҳи кўп нарсаларни хаёлидан ўтказаётганини билдираётган директор индамайгина бош ирғади…
Салима опа қизини етаклаб ташқарига чиққанида, идора дарвозаси олдида сигаретини бурқситиб турган Собир қоровулни кўрди. У индамай ўтиб кетмоқчи эди, аммо Собир унинг йўлини тўсди.
— Ҳа-а, синфдош, қизинг ўғирлик қилган бўлса, айб биздами? — деди у тиржайиб. — Агар ўз вақтида шаҳарлик мирқуруқни афзал билмай, менга турмушга чиққанингда, ўтирардинг бойвучча бўлиб, боланг ҳам олма ўғирлаб, қорнини тўйдирмасди…
Собир қоровулнинг гапи оғзида қолди. Салиманинг зарб билан урилган муштидан кўзидан ўт чақнаб кетгандек бўлди. Гандираклаб кетган Собир ўзига келганида, Салима қизини етаклаб, анча нарида кетиб борарди.
— Манжалақи-ей, ҳалиям ўзгармабсан-а?! — деб қичқирди Собир ва эски одатича болахонадор қилиб сўка кетди. — Шошмай тур, ҳали қизинг ўғирлик қилгани учун бир қамалиб кетармиди? Ўзинг келарсан олдимга кўзингни сувини оқизиб…
Орадан йиллар ўтди. Олма воқеаси ҳам унут бўлди. Салима опанинг фарзандлари улғайиб, эл кўзига кўриниб қолишди. Шоҳида уч йил урингач, охири тиббиёт олийгоҳига ўқишга кирди, кейин аспирантурада ўқиб, илм йўлидан кетди. Маҳалланинг ғийбатчи хотинлари “Салиманинг тўнғичи қариқиз бўлиб қолади-ёв…” деб фол оча бошлаганларида, кутилмаганда ўзи билан бирга ўқиган ва тиббиёт фанлари номзоди бўлишга улгурган йигитга турмушга чиқиб кетди. Синглиси Шоира муҳандисликни танлади, катта корхонага ишга жойлашди, охири бошлиқ муовини даражасигача етишди. Ҳозир унинг тагида қўша-қўша машина, айтгани-айтган, дегани-деган. Боситжон эса катта опасининг изидан бориб, шифокорликни танлади, кейин эса ўзининг хусусий шифохонасини очиб, онасини шаҳарга кўчириб олиб кетди.
Агар бир воқеа юз бермаганида эди, бу ҳикоя ҳам ёзилмаган бўлармиди…
Хуллас, кунларнинг бирида, кечга томон Боситжоннинг уйига қишлоқдан меҳмон келди.
— Холажон, мен Собир аканинг кенжасиман, — деди машинада келган йигит Салима хола ўзини танимаганини дарров сезиб.
— Ҳа-а…
Салима опа нима деярини билмай, бир зум тек қотди. Дарров кўз олдига Собир қоровулнинг ичкилик ичаверганидан салқиб кетган башараси, қизини олма ўғирлаганликда айблаб туҳмат қилгани, челак тўла қизил олмалар келди. Юраги тубига кўмиб юборилган хотиралар бош кўтарди, кайфияти бузилди.
Салима опа юрагида санчиқ пайдо бўлганини сезди, аммо тинчланишга ва ўзини босишга уриниб, ҳамон қаршисида сукут сақлаб турган йигитчага қаради:
— Қани, меҳмон, уйга киринг.
— Йўғ-э, меҳмонга келганим йўқ, — деди йигит хижолатомуз кўзини четга олиб. — Биласизми… дадам оғир ётибдилар, тилдан қолганлар, бир ҳафтадан бери жон беролмаяптилар. Қишлоғимиздаги Муҳаррам буви дадам сизни жуда қаттиқ хафа қилганларини, то сиздан кечирим сўрамагунича жонлари узилмаслигини айтяпти. Шунга…
Салима опа ўйланиб қолди. Ўтмиш хотиралари харсанг тошдек бўлиб юракни эза бошлади, хаёлидан “Холинг шу экан-ку!” деган ўй ҳам ўтди. Аммо у ўзини тутди. Ахир бу дунё — кечиримли дунё. Агар ёмонликка фақат ёмонлик билан жавоб қайтарилаверса, дунё дунё бўлармиди… Ахир Аллоҳ ўз бандаларига кечиримли бўлишни иноят этган-ку…
Салима хола шу хаёллар билан келинига тезгина қишлоғига бориб-қайтишини тайинлади-да, йигитнинг машинасига ўтирди.