Май ойининг бошлари. Айни қуёш забтига ола бошлаган, ҳали баҳор тугамаган бўлса-да, ёзнинг нафаси сезилиб қолган кунлар. Ишдан ҳориб-чарчаб қайтаётган Мазура ёпган нон харид қилиш учун бозор томон қайрилди. То ноннинг пулини тўлаб бўлгунича, нончиларнинг орқа тарафи қатор тизилган расталарнинг биридаги ошкўкилар орасида турган ток баргларига кўзи тушди. Бирдан коваток егиси келиб кетди. “Баҳор тугай деяпти, ҳалиям коваток қилганимиз йўқ-а!” деб ўйлади у беихтиёр.
Манзура кўкат сотувчи қиз билан узоқ савдолашиб, охири икки минг сўмга саккиз боғ ток барги олишга келишди. Ўҳ-ҳў, шунча баргдан нақ икки лаган коваток чиқади. Эри коватокни жуда яхши кўради, бир тўйсин…
Манзура ҳовлиққанча уйга келиб, коватокка ҳаракат бошлади. Гўшт тўғраб овора бўлмади, балки музлатгичда турган тайёр қиймадан кўпроқ қўшиб юбора қолди. Шу орада институтга киришга тайёрланаётгани учун тарихдан қўшимча дарс берувчи репетиторга кетган қизи Сарвиноз қайтиб келди-ю, ишлари ҳам тезлашиб, дарровгина бир қозон коватокни тугиб ташлашди.
Айни овқат пишар маҳали Сарвинознинг бир қават пастки хонадонда яшовчи дугонаси қўнғироқ қилиб қолди-ю, у “Ойижон, Дилфузанинг бир гапи бор экан. Бир зумга тушиб келай” деди-ю, онасининг хўп дейишини ҳам кутмасдан ғойиб бўлди-қолди. Дилфузаси тушмагур кийим-кечаклар ва ясан-тусанга ўта берилган қиз, янги нарса олдими, дарров Сарвинозни чақириб, унга мақтанишга уринади. Кошки, шаҳар марказида яшайдиган замонавий қиз бўлишига қарамай, айни шунақанги нарсаларга сираям қизиқмайдиган Сарвинознинг бундан ичи куйса ҳам майлийди…
Кечқурун Солижон ишдан қайтганида иштаҳаочар икки лаган коватокнинг буғи бурқираб, хонтахта устида кутиб турарди.
— Вой-бў, бизнинг уйимизга ҳам баҳор келибдими? — деди Солижон кафтларини бир-бирига ишқалаб, ошхонага кириб келаркан.
— Ие, эсингиздан чиқдими, февраль ойиданоқ кўк сомсалар пишириб берганимда уйимизга баҳор кириб келганди-ку? — дарров “чақиб” олишни унутмади Манзура.
Аммо биринчи коватокни оғзига солибоқ, Солижоннинг афти буришди. Юзини тириштирганча коватокни узоқ чайнади, кейин нима бўлганини тушунолмай, қўлидаги коватокни ейишини ҳам, емаслигини ҳам билолмай турган хотинига хўмрайиб қаради.
— Шунгаям пул кетказиб сотиб олдингми? — у иккинчи коватокни шаҳд билан силтаганди, қийма ўралган барг очилиб, ичидагилар лаганга сочилиб кетди. — Ток барги қариб кетибди-ку! Резинкага ўхшайди ўзиям, шуни еб бўладими?! Пул топиб ақл топмагансан-да, бозорчилар нарса деб қўлингга тутқазиб юборишса, индамай кўтариб келаверасан! Қариб кетган баргларни фалон пулга олгандирсан, ҳали?!
— Икки мингга саккиз боғ… — иккиланиброқ деди Манзура ва шошганидан қўлидаги коватокни оғзига солди.
Таомнинг таъми яхши, сираям нордон эмас… Резинкага ҳам сира ўхшамаяпти…. Қизиқ, бунинг нимаси ёқмади экан?
— Кўрдингми нордонлигини?! — хотинидан кўзини узмай турган эри ғолибона хитоб қилди. — Мундо-оқ бир нарсани очиб кўриб, текшириб, қараб олсанг бўлмайдими? Бозордаги ҳаммадан қолган-қутган нарсаларни олиб келиб, ошқозонимни ўлдиряпсан ўзи! Мен буни емайман!
Солижон кутилмаганда олдидаги лаганни нари сурди. Чарчаб келгани устига шунча овқат пишириб, ҳолдан тойган Манзуранинг бу аҳволдан жаҳли чиқиб, кўзлари жиққа ёшга тўлди.
— Мен сизни ўйлаб, мазза қилиб ейсизми, деб…
— Ҳа, жуда мазза қилдим, раҳмат! — эри жаҳл билан кафтини юзига тортиб, ўрнидан турди. — Бошқа овқат қилиб овора бўлма, тўйиб кетдим! Яхшиси нон-чой ичганим маъқул!
Солижон ўрнидан туриб, меҳмонхонага кириб кетди. Ошхонада икки лаган коватокка термулганча қолган Манзуранинг хаёлларини эшик қўнғироғининг жаранглаши бузди. Дугонасиникида соатлаб қолиб кетадиган қизи бунча вақтли қайтибди? Тинчликмикан ўзи?
Манзура ҳатто одатича “Ким-м?” деб сўрамаёқ, шошиб эшикни очди. Эшик олдида шипдек бир йигит илжайиб турарди. Йигит кўзига иссиқ кўринди-ю, аммо Манзура шошганидан уни даставвал танимади ҳам.
— Вой… — деди у ортига бир қадам тисарилиб, чўчиб кетганини яширолмай. — Сизга ким керак?!
— Шунақасан-да, ўзинг қариндош-уруғларингникига бориш йўлини унутиб қўясан-у, яна излаб келганларни танимайсан! — деган шаддод овоз янгради йигитнинг ортидан, кейин уни четга суриб, энг кичик холаси Сайёра пайдо бўлди. — Ўзи саноқли жиянларинг бор-у яна уйингга излаб келса, “Кимсиз?” дейсанми?
Холасининг иддаоларини эшитиб, Манзуранинг кулгиси қистади-ю, лекин ўлардек аразчи холасининг аччиқ-тизиқ гаплари фавворадек отилиб кетишидан чўчиб, ўзини босди. Саноқли жиянинг бор, дейди-я, яна! Ўзи саккизта холаси, иккита тоғаси бор Манзуранинг. Уларнинг ҳар бирини уч-тўрттадан фарзандлари бўлса… Жиянларининг саноғи юзнинг ярмидан ошади, тўй қилгудек бўлса, бегона одам чақиришга ҳожат йўқ.
Холаси ўғли билан меҳмонхонага кириб, уйнинг тўрини эгаллагач, Солижон улар билан бир оғиз ҳол-аҳвол сўрашган бўлди-ю, аммо ҳалиям аразидан қутулолмаётгани учунми, ётоқхонага кириб гум бўлиб кетди.
— Куёвингизга эътибор берманг, ўзи ишхонадан кайфияти бузилиб қайтди, гап-мап эшитганми, билмадим, — деб баҳона қилиб қўя қолди Манзура хижолатпазликдан чиқиш учун.
— Қўявер, ҳамма эркак ҳам шу! — шанғиллади холаси. — Бизникиям шу аҳвол, қачон қарама, кимдир арпасини хом ўриб қўйгандек қовоғидан қор ёққани-ёққан.
— Э, нимасини айтасиз, бугун озиб-ёзиб бозордан ток барги олиб келиб, коваток қилсам, “Барг қариб қолибди, емайман”, деб аразлаяптилар.
— Э-э, аввалроқ шунақа демайсанми? — шинавандароқ холанинг иштаҳаси очилиб, юзига табассум югурди. — Биласан-ку, коваток — жони-дилим. Қани, олиб кел-чи, ўзим бир баҳо берай!
Манзура елиб-югуриб, яна чойни янгилади, иккала лагандаги коватокни ҳам дастурхонга келтириб қўйди.
— Им-м, зўр-ку! — хитоб қилди Сайёра бир дона коватокни оғзига солиб, мазза қилганидан кўзларини юмиб, бошини чайқатаркан. — Жуда қўлинг ширин-да, ўзиям! Ўзи бировни мақташни ёқтирмайман-ку, аммо сени мақтамасам гуноҳ бўлади, буниси аниқ! Ишқилиб, қизинг ҳам ўзингга ўхшаб пазандагинами?
— Ҳа, энди… — Манзура гап тополмай, дастурхоннинг четини ҳимарди. — Ҳар ҳолда онасидан ўтиб қаёққаям борарди?
— Ҳа, буни ўзим ҳам биламан! — Сайёра ўғлига имо қилди. — Жаҳонгир, ол ўғлим, зўр бўпти ўзиям! Холангни жудаям қўли ширин-да!
Бўйи салкам икки метрга яқин, елкалари ҳам шундан қолишмайдиган полвонкелбат Жаҳонгир онасининг биргина ишорасини кутиб тургандек, дарров иштаҳа билан олдидаги лаганга қўл узатди.
— Энди-и, жиян, гапнинг индаллосини эшит…
Холаси иштаҳа билан коваток ейишда давом этаркан, бу машғулот орасида яна Манзурага катта ўғлини уйлантирмоқчи эканлигини, авжи саратонда тўй қилиш нияти борлигини, аммо Манзуранинг қизидан бошқасини келин қилмоқчи эмаслигини ижикилаб тушунтира кетди.
— Вой…
Манзура бошқа гап тополмай, жиянига мўлтираб қолди. Жаҳонгир эса бу вақтда коватокни мазза қилиб пок-покиза тушириш билан овора эди. Шу пайт Манзура тўсатдан қизини туғруқхонадан олиб келишган кунни эслади. Сайёра жиянининг қўлидан чақалоқни авайлаб оларкан, юзидан чўлпиллатиб ўпиб, баланд овозда “Бунча чиройли бу қиз?! Худо хоҳласа, шу қизни ўзим келин қиламан” деган, ўшанда беш ёшларда бўлган Жаҳонгир эса онасининг ёнида турганича Манзуранинг қўлидаги “катта қўғирчоқ”қа тикилиб қолганди…
— Вой, хола, қизим эндигина ўн олтига киряпти-ку?! — деди Манзура чўчиб. — Бу йил тўққизинчи синфни тугатаяпти, ҳали коллеждаям ўқиши керак ахир!
— Йўғ-э? — Сайёра бир жиянига, бир ўғлига қаради. — Ҳали мактабни битирмадими қизинг?
— Ўзингиз ҳисобланг, қизим Жаҳонгирдан беш ёш кичкина бўлса…
— Тўғри, Жаҳонгир энди йигирма бирга кирди-ку! — Сайёра тиззасига шаппатилаб кулиб юборди. — Вой, мен ўлай, тағин қизингни биронтаси илиб кетмасин, деб қўрқиб югуриб келибман-а! Майли, жиян, унда биз турайлик. Ишқилиб, гапингдан айниб, бошқа биронтасига қизингни бериб юбормайсанми?
— Йўқ, йўқ, — шошиб деди Манзура. — Ҳар ҳолда камида тўрт йилсиз қизимни узатмайман.
— Бўлди! — хола ўғлига имо қилди. — Қани, полвон, турдик. Тўйни қолдирамиз. Уч йилдан кейин келамиз. Жиян, гапингда турасан-а?
— Хўп, дедим-ку! — Манзура қўлини кўксига қўйди. — Уч йилдан кейин гаплашамиз.
Сайёра узоқ хайр-хўшдан кейин ўғли билан чиқиб кетгач, Манзура енгил нафас олди. Яхшиямки, бу ажабтовур совчилар борлигида қизи келиб қолмади. Бола бечора нима деб ўйларди, ким билсин…
— Ҳа-а, холанг нимага келибди?
Манзура ортига ўгирилди. Остонада турган Солижон “отдан тушгани, аммо эгардан тушолмаётгани”ни намойиш қилганча, хўмрайиб турарди. Уни кўриб негадир Манзуранинг кулгиси қистади.
— Совчиликка келишибди.
— Йўғ-э, ростданми? Сен нима дединг?
— Нимаям дердим, уч йилдан кейин келсангиз, гаплашамиз, дедим-да!
— Э, буни қара-я, қизим катта бўлиб қолганиниям сезмай қолибмиз-ку, — Солижон келиб хонтахтанинг нариги томонига, Манзуранинг қаршисига ўтирди. — Вой-бў… — У бир зум хотинига тикилиб турди-да, кейин чеҳраси очилиб, жилмайди. — Менга қара… қорин очиб кетди-ку, овқат-повқат олиб келсанг-чи?
— Қанақа овқат? — Манзура эрига анқайиб тикилди.
— Қанақа овқат бўларди, коватокни-да! Боя овқат емадим-ку!
— Коватокми?
Манзуранинг кўзи дастурхонда турган иккита бўш лаганга тушди. У кутилмаганда хандон отиб кулиб юборди. Кула-кула кўзидан чиққан ёшларни артаркан, эрига стол устидаги лаганларни кўрсатди:
— Дадаси… коватокдан шу қолди, холос. Майли, хафа бўлманг, эртага яна пишириб берарман… Совчилар еб кетишибди!
Солижон бир лаганга, бир хотинига қаради, кейин нима гаплигини тушунди ва хотинининг қаҳқаҳасига қўшилди. Шу орада дугонасиникидан қайтиб чиққан Сарвиноз хонага бош суқди:
— Вой, нега куляпсизлар? Айтинглар, мен ҳам кулай!