Мирзапўлат Тошпўлатов. Бозор (ҳикоя)

Тўрақул мактабни наридан бери битирди-ю, ўзини бозорга урди, бир амаллаб қассобга шогирд тушди, кўп ўтмай устозиданам ўтиб кетди, мустақил қассоб бўлиб олди. Бозордаги гўшт сотувчилар қаторидаги растадан устозининг жойига эга чиқди. Лаби-лабига тегмай: “Келинг, ака, гўштдан олинг, гўштни зўри, додаси бизда, келаверинг”, дея нархини сўраган одамни қўйиб юбормай, саломлаша туриб қўлига гўштни тутқазади. “Қанақасидан керак? Ошгами, кабобгами, хоҳлаганингиздан қилиб бераман, ўзимнинг мижозимсиз, ачинмайсиз”, дея ёнидаги Болтабой қассоб ҳам қолишмайди.
– Ака, буни кўринг, гўшт деса-дегулик, эрталаб ўзим сўйиб олиб келяпман.
Харидор Тўрақул қассобнинг ёнига боради.
– Бир кило қовурға, бир кило лаҳм гўшт.
Болтабой харидорга қараб бақирди.
– Ака, тарозига қўйиб турибман-ку, қовурғали жойини ҳам, лаҳмни ҳам кўнглингиздагидек қилиб бердим, қаранг, гўштмисан-гўшт.
Тўрақул Болтабойга ғазаб билан қаради.
– Бурнингни тиқаверма, ҳў-ўв Болта, бу киши азалдан “клиентим”, фақат мендан оладилар. Келинг, яхшимисиз, келинойим, укаларим яхшими, яшанг амаки, каеридан берай?
Харидор кўрсатган гўшт орасига катта суяк қўйиб тортиб, целлофан халтага соларкан: “Келиб туринг, пулни бегона қилманг-а”, деди.
Харидор хурсанд бўлиб кетди. Болтабой тиржайиб Тўрақулга қаради.
– Хумпар, бопладинг-ку. Устозингдан ҳам ўтдинг.
– Жа-а, унчаликмас. Сенга ўхшаб харидор талашмайман. Буни савдо дейдилар.
Иккаласи ҳам харидор чақира кетишди.
Гумбаз ичра яна бақир-чақир, харидор талашишлар, тортишувлар қулоқни қоматга келтирадиган даражада шовқин.
Бу гумбаз остида хиёнат, қаллоблик, учарлик, муттаҳамлик, юзсизлик, виждонсизлик… Ҳаммасидан бор. Ҳаммаси авжида. Ҳаммаси гумбаз ичидаги ҳаётнинг мазмуни.
Тўрақулнинг олдига кекса бир нуроний аёл келиб қўлидаги сумкани растага қўйди.
– Болам, инсофинг борми? Уч кило гўштдан ярим кило урасанми, – у сумкани очди, – бунинг устига мана бу суякка қара, буни ит ҳам емайди-ку, худодан қўрқмайсанми, виждонсиз!
Тўрақул сумкани олиб тарозига қўйди.
– Қаранг. Тарози уч килони кўрсатади, Тўрақул қўлини пахса қилиб кампирга қаради.
– Кўрдингизми, бу давлатнинг тарозиси. Нимага туҳмат қиласиз? 50 грамм оғири билан, кап-катта аёл бўлиб туҳмат қилишингизни қаранг.
Кампир тарозига тикилиб қаради, елка қисди.
– Ҳозир анави ердаги тарозига қўйганимда 2,5 кило чиқди-ку?!
Тўрақул кампирнинг бўшашганини кўриб овозини баландлатди: Бу электрон тарози, холажон, давлат чиқарган. аёл хижолат тортиб, елка қисди.
– Қайси тўғри, қайси нотўғри, ким билсин, гуноҳи ҳам, савоби ҳам ўзларингники, – гўштни олиб сумкага солди-да, “Кечиринг, болам”, деб, суякни қолдириб кетди.
Болтабой тиржайиб Тўрақулга қаради.
– Кампирни тузладинг, келганига пушаймон қилдирдинг, қассоб эмас, қаллобсан.
– Ўзинг-чи? Уччига чиққани ўзинг-ку, нафсингга ўт тушгур. Кеча беш кило деб тўрт килони бериб юбординг-ку..
Кулади.
– Виждони бор одам бозорда ўтирадими?
Кулишади. Уларнинг қаҳқаҳасини ҳам бозор шовқини ютиб юборади. Гумбаз ичра яна қассоб­лар ва қаллоблар, виждонли-виж­донсизларнинг харидор чақирувчи овозлари тинмайди.
– Гўшт эмас, шоколад оляпсиз…
– Гўштмисан-гўшт, оғзингизда эриб кетади…
– Тоза молнинг гўшти! Тозаси!..
Қайси бир жойда харидор билан қассоб ўртасидаги тортишув, қайси бир жойда бақир-чақир. Уларнинг қаршисидаги растада қассоб билан харидор ўртасида жанг бошланади. Харидорнинг ғазабидан лаблари титрайди, қўллари қалтирайди.
– Ҳой ноинсоф, виждонсиз, уялмайсанми ҳидланган гўштни сотишга?
– Бекор айтибсиз, бизда эски гўшт бўлмайди. Ҳар куни янги гўшт олиб келамиз. Туҳмат қилманг. Мана кўринг, – деб, гўштни кўрсатади.
– Қасам ичасанми “гўшт меники эмас” деб?
– Қасам ичаман, худо ҳаққи меники эмас бу эски гўшт. Буни мен сотмаганман.
Қассобнинг қўлида пичоқ.
– Мана, худо урсин бу гўшт меники эмас, – деб қўлини пахса қилади.
Харидор унга ачиниш ва ҳайрат билан қаради.
– Худодан ҳам қўрқмасдан қасам ичдинг-а, арзимаган пулни деб, ҳали ҳам кеч эмас, тавба де.
– Боринг, йўлингиздан қолманг, гўштни олган ерингизга боринг, савдога халақит берманг?!
Харидор “гўштинг бошшингдан қолсин”, деб, гўштни раста устига отиб, жаҳл билан бурилиб кетди.
Қассоб целлофан халтани очиб, гўштга қўшиб сотган суякларни ажратди, гўштни олиб ҳидлади, сўнгра суякларни ҳидлади. Бўйин суякни қўлига олди ва шеригига кўрсатиб кулди.
– Хумпар, содда одам экан, мана шу суякни олиб ташласа, бўлди эди. Эҳ содда одамлар-а, “ничево” эллик минг фойдага қолди.
Яна “кепқолинг, опқолинг, бизда бор додаси” деган бақир-чақирлар.
Улардан сал нарида Баҳром қассоб гўштларни сотиб бўлиб, растани артиб тозалаб, уйига кетишга шайланди.
– Баҳром ака, жаа “клиентингиз” кўпда, бизга ҳам беринг имкон, – деди Тўрақул.
– Харидорнинг хаққига хиёнат қилмай, халол ишласаларинг, тарозидан урмасдан, алдамасаларинг, харидор ўзи келаверади. Тош-тарозининг жавоби бор. Тўрақул башарасини тириштириб, Болтабойга қараб гапирди.
– Яна бошланди лекция. Ўзи Баҳром ака шунча йил ишлаб битта машина минолмайди, яна гапини қара, ўргилдим сиздақа виждонлидан!
Баҳром уларнинг гапини эшитса ҳам эшитмаганга олиб, бозордан чиқиб кетди.
Бозорда кутилмаган воқеалар кўп бўлади, харидорнинг пулини олиш учун кимдир дўсти билан тортишади, кимдир харидорнинг дилини оғритади, баъзида харидор сотувчининг дилини оғритади.
Хуллас, бу бозор. Бозорда хиёнат ҳам, жанжал ҳам бўлади. Инсоф, виждон, ўғрию қаллоб ҳам бор. Сўкишда, уруш чиқаришда эркаклардан қолишмайдиган аёллар хам бор. Ҳеч эшитганмисиз аёлларнинг сўкишганини. Эшитмаган бўлсангиз бозорга боринг. Янги-янгисидан эшитасиз. Эркаклар йўлда қолиб кетишади. Ана сўкинишу мана сўкиниш. Э-э, уларнинг сўкинишидан эркаклар ҳам уялиб кетишади.
Туш пайти эди. Тўрақулнинг тўғрисидаги растада шовқин-сурон, бақир-чақир бошланади. Бундай бақир-чақир, ёқавайрон жанжаллар одатга айланган. Одамлар не кўз билан кўрсинки, боягина Оллоҳнинг номи билан қасам ичган қассобнинг чап кўзига учли суяк қадалиб турарди. У болта билан майдалаётганда кичик бир бўлаги учиб бориб кўзига кадалиб қолганди. Қассоб оғриққа дош беролмай дод соларди. Атрофига одамлар йиғилди, ҳеч ким суякни тортиб олишга журъат этолмасди. Биров “эҳтиётсизлик қилибди” деса, яна биров “қасам урган, эрталаб қасам ичган экан, хиёнат ёмон, хиёнат ўз кучини кўрсатди” деди. Қон билан ишлаган қассобнинг бутун бадани қонга беланди ва ҳушсиз йиқилди. Гумбаз остидаги бозор бирозгина тўхтади, сотувчи ҳам, харидор хам томошабинга айланди. Шифокорлар қассобни олиб кетишди.
Гумбаз остида бозор гўё ҳеч нарса бўлмагандек яна жонланди. Бу воқеа Тўрақулга жудда қаттиқ таъсир қилди. Кўз ўнгида касалдан боши чиқмаётган қизалоғи гавдаланди. Қизининг кўзларида маъюслик гўё “Барига сиз сабаб­чисиз” деб таъна қилаётгандек эди.
– Гўшт неча пул?
– …
– Гўшт неча пул, сиздан сўраяпман?
Тўрақул уйқудан уйғонган одамдек алаҳсираб:
– А, нима? – деди.
Харидор унга хўмрайиб қаради.
– Эс-ҳушинг жойидами ўзи?
– Яхши, яхши, хизмат?
– Нархи қанча деяпман?
– Ҳа, гўштми? Йигирма беш минг.
– Йигирма уч мингга берасизми шўрвалик қилиб?
Тўрақул бир килога мўлжаллаб тарозига гўшт қўйди. Харидор олган молидан хурсанд бўлиб раҳмат айтганча кетди. Тўрақул этсиз суякларнинг ҳаммасини йиғиштириб, чиқинди идишига ташлаб келди.
Болта қассоб ҳайрон бўлиб Тўрақулга қаради.
– Бу, дейман, ташлаб юбор­япсан?
– Кўрмадингми рўпарадаги қассобга нима бўлди, қарғишга учради. Балки уйдаги касал қизим харидорлар ҳаққига хиёнат қилаётганим учун тузалмаётгандир? Балки бу кўзимизни очишимиз учун яратганнинг иродасидир?
Болта қассоб бироз ўйланиб қолди-да, раста тагидаги итемас суякларни целлофан халтага солиб, чиқинди идишига ташлаб келди.
– Худди елкамдан тоғ ағдарилгандай енгил тортдим, – деди Болта.
– Асти қўяверинг, шундай енгил нафас оляпман… Ҳалоллик… барибир…
Тўрақул мева-чева тўла бозор халта билан уйига кириб келди. Бақир-чақир ҳам қилмади. Бетоб ётган қизалоғининг ёнига борди. Қизи отасини кўриб ўрнидан турди. Чиройи очиқ, енгил нафас оларди. “Энди болаларимга фақат ҳалолидан едираман” хаёлидан ўтказди у.
У ҳақ эди. Бировнинг ҳаққи ёмон.

“Ижод олами” журнали, 2017 йил, 5-сон