Мирзапўлат Тошпўлатов. Тақдир (ҳикоя)

Райҳон опа ёлғиз яшайди, асраб олган боласи ҳам узоқ шаҳарга кетиб қолган. Райҳон опа кунини бозорга қатнаб ўтказади, оз-оздан харид қилади. Чунки… бир ўзи… битта картошка, битта пиёз, ярим пиёла гуруч ёки макарондан овқат қилади. Ундан ташқари яна бир одати бор, сўлиган сабзавотлардан овқат қилмайди. Бугун у “Фарҳод” бозорига борди, чунки бир кило-ярим кило оладиган харидор сотувчига ёқмайди, шунинг учун ҳар сафар ҳар хил бозорга боради. Бозор оралаб нарх-навони суриштириб юрди-да, картошка расталарида тўхтади. Картошкани ушлаб кўрди. Қўлига тўртта картошкани олди-да, тарозига қўйди.
– Синглим, шуни тортиб юборинг”.
Кўҳликкина аёл Райҳон опага:
– Қанча оласиз?
– Шу етади.
Сотувчи шарт картошкани олиб жойига ташлади-да:
– Доналаб сотилмайди, – деди жаҳл билан.
– Унда бир кило қилиб бера қолинг, синглим.
– Эрталабдан бир кило, ярим кило сотсам, савдо яхши бўлмайди. Кечгача доналаб ўтираман кейин.
Райҳон опа унинг ёнидаги сотувчига қаради.
– Сиз берақолинг бир кило картошка.
– Бошқа жойдан олақолинг, холажон, биринчи савдо қанақа сотилса, кечгача шунақа кетади.
– Мен ҳам бир пайтлар сизларга ўхшаб бозорда тирикчилик қилганман, бир киломи-ярим киломи, сотаверганман, аввало баракасини берсин. Озгина тарозига хиёнат қилганман.
Райҳон опа хомуш тортиб турганда, уч-тўрт сотувчидан наридаги эркак сотувчи опани чақириб қолди.
– Опажон, келинг буёққа.
Райҳон опа ўша томонга борди. Сотувчи беш-олти дона картошкани целлофан халтага солиб, тарозида тортмасдан узатди.
– Олинг, хола.
– Тортмайсизми, ука?!
– Тортиб нима қилдим хола, дуо қиласиз.
– Албатта дуо қиламан, лекин текинга олмайман. Худога шукр, ўзимга тўқман, фақат ёлғизман, бир ўзимга кўплик қилади. Туриб қолса эскириб қолади, ортиқча олиб нима қиламан?
– Айбга буюрмайсиз, бу… фарзандларингиз йўқми?
– Бир ўғлим бор, узоқ шаҳарда туради. Бир йилда бир келади. Келади-ю тезда қайтиб кетади. Келинимга қайнона, ўғлимга она, набираларимнинг бувижониси бўлиб яшашни орзу қилганман. Сизларга ўхшаб мен ҳам савдо қилганим ўша пайтлар харидорларни ранжитганим, уларни норози қилганим, рози-ризосиз топган пулим билан ўғлимни боқиб катта қилганим учун Яратганнинг жазоси шекилли, фарзанд меҳрига зорман. Сотувчи бир он жимгина Райҳон холага тикилиб қолди.
– Шошманг-шошманг, сиз Райҳон опа эмасмисиз, мабодо.
Райҳон опа ялт этиб сотувчига қаради.
– Ие, Cадиржонмисиз? Э буни қаранг, халиям шу ерда тирикчилик қиласизми?
– Ҳа, шу жойга ўрганиб қолганман, – у ўнг томонни кўрсатди, – мана шу жойда сиз ўтирарди­нгиз. Эсингиздами?
– Ҳа, эсимда. Шунча пайтдан бери бозорга келиб, сизни кўрмаб­ман-а.
Шу пайт харидор келди, Садир харидор билан андармон бўлиб қолди. Ҳалиям ўша-ўша ширинсўз, оғир-босиқ муомала қилади. Бир зум Райҳон опанинг бозордаги ўтган кунлари кўз олдига келди, у хаёлан харидор билан савдолашарди. Олдида тўкилган картошка, сабзи, пиёз…
– Саралаб олманг, кимга сотаман қолганини… хоҳласангиз шу… Бир кило… Йўқ, сотмайман, ялинманг…, Э-э, нега бақирасан? Хоҳласанг, ол, хоҳламасанг, катта кўча… Виждон дейсан, виждон йўқ. Виждон сенда бўлса бўлди. Таққан бўйинбоғингга қара, олифта… Бир сўм устида тортишади, ўргилдим сендақа эркакдан…
– Нима? Ярим кило? Сотилмайди. Ярим килоям дейдими киши?
– Пулим ярим килога етади.
– Унда картошка емай қўяқолинг.
– Илтимос, опа!
– Қўйинг, ялинманг, раҳмимни келтириб. Ярим кило сотмайман… Ҳой, қарғаманг, картошка меники, хоҳласам сотаман…
– Райҳон опа, Райҳон опа…
Садир опанинг хаёлини бўлди.
Райҳон хола бир сесканиб ўзига келди, ўша кунларни эслаб ўзидан нафратланиб кетди. Гўё ҳозир бўлиб ўтгандек хижолат тортди, мунгли кўзларида ёш милтиради.
– Ҳа, Садиржон ука.
Садир картошка солинган халтани узатди.
– Қанча бўлади?
– Пули керакмас, дедим-ку, дуо қилсангиз бўлди.
– Тиланчи эмасман-ку.
– Сизни ҳеч ким тиланчи дегани йўқ. Кўп йиллик қадрдонмиз, бирга савдо қилганмиз, ҳамма нарса пул билан ўлчанмайди-ку, опа, – кулади Садир ниманидир эслаб, – тилингиз ҳам, ўзингиз ҳам ботир эдингиз-да, арзон сотганим учун, эсингиздами, тарозининг палласи билан туширгандингиз.
Райҳон опа хўрсинди. Садир узатган картошкани олиб, уч минг сўм пулни раста устига қўйди. Садир икки мингини олиб, мингини қайтариб берди.
– Опажон, кўп бердингиз, картошкани нархи икки минг.
– Ўша-ўша арзончисан, лекин сенинг ишинг Яратганга маъқул. Харидорнинг пулини рози қилиб оласан. Виждонинг пок. Тинч ухлайсан. Мен-чи? Азобдаман, кўзларимдан уйқу қочади. Ўша пайтлар кўз олдимга келаверади. Ўз-ўзимдан жирканиб кетаман. Қанчалар тубанлашганимни эслаб, ўзимни лаънатлайман. На кечаси, на кундузи ҳаловат бор. Ҳалоллик билан яшаганга етмас экан. Одамлардан раҳмат эшитиб яшашга нима етсин! Хайр, омон бўл, ука!
Унинг гапини эшитганлар ачиниш билан орқасидан қараб ўзлари ҳам ўйга ботишди…

“Ижод олами” журнали, 2017 йил, 5-сон