Миркарим Осим. Cинган сетор (қисса)

1. ЎТМИШ БИЛАН УЧРАШУВ

— Наманган шаҳридин кетганимга ўн саккиз йил бўлибдур-а. Тавба, вақт ҳам тоғдин айқириб тушаётган сойдек тез оқиб ўтар экан. Яқингинада шу кўчаларни чангитиб юрар эдик-ку — деди Машраб жоме ёнидаги тор кўчада эшагидан тушиб.— Мана, уйимга ҳам етиб келдим. Назаримда жумъа масжид ҳам, маҳалламиздаги уйлар ҳам кичрайиб қолғондек.
— Болаликда ҳар нарса кўзга катта кўринадур. Эсингиздами, ёшлигимизда ёғоч от миниб, мозор айланиб келар эдик. Кейин шу мачит ичидин оқиб ўтган сувда «отлари» мизни суғориб, аларни қантарар эдик-да, ўзимизни ҳавзага ташлар эдик, — деб жавоб қилди, юз-кўзини ажин босган Шодавлат илжайиб.— Баъзи вақтларда нега отимға ем бермадинг, деб мени койирдингиз.
— Хўб вақтлар эди-да! Болалигимиз шу кўчаларда қолиб кетди.
Юзини оқ дока рўмол билан беркитган бир аёл ўтиб кетаётиб уларнинг гапларига қулоқ солиб турди-да, кейин тезгина жўнаб қолди.
— Сен Қитмирни ўзинг билан олиб кет. Бувим итни ёмон кўрадилар,— деди Машраб ўймакор қилиб ишланган пастгина кўҳна дарвоза олдида тўхтаб.
— Хавотир олманг, уни оч қўймайман, парваришлайман. Бир бурда нон топсам, ярми уники,— дсди Шодавлат, тумшуғини кўтариб унга тикилаётган қора итни силаб.
Торгина ташқари ҳовлини супураётган новчагина аёл кўчада гаплашиб турган икки кишининг сўзларига қулоқ солиб турди-да, юзи ёришиб кетди, бир оздан сўнг, дарвозани ланг очиб, эшагини етаклаганича кириб келаётган Бобораҳимнинг олдига югуриб келди, унинг елкасини қоқиб кўришди-да:
— Вой, ака, эсон-омон… келдингизми? — деди ҳовлиқиб.— Тан-жонингиз соғми? Сизни ҳам кўрар кун бор экан, кутавериб ўлиб бўлдик-ку!— Машрабнинг синглиси ўз оғасини кўпдан буён кўрмаган бўлса ҳам, бошқалардан ажралаб турадиган шакли-шамойилиданми, ишқилиб уни дарҳол таниган эди.
— Мана, кўриб турибсан, соғ-саломатмсн. Ўзларингиз бардаммисизлар? Бувим соғ-саломатмилар?
— Эгамга шукр, ҳаммамиз соғ-саломатмиз, эсон-омонмиз.
— Буни қара-я! Сени зўрга танибман. Бўйинг етиб, уй-жойли бўлибсан, эшитдим.
— Ҳа, икки болам бор, ўйнаб-кулиб юришибдур, аммо бувимлар кўрпа-тўшак қилиб олғонлар, кўзлари хира… Бизни ташлаб кетганингиздан сўнг фироқингизда юрак-бағирлари ўртаниб, тоблари қочиб қолғон. «Э жоним ўғлим, вой кўрар кўзим», деб ётадурлар…
— Андоғ бўлса, қўққисдин олдиларига бостириб кирмай. Шодликдин юраклари ёрилиб кетмасин тағин. Мен эшагимни оғилхонага боғлаб, ташқарида айланиб юрай. Сен ичкари кириб, мендин гап оч: «Туш кўрибмен, фалон-пистовон», деб дийдор кўришмакка бувимни тайёрлаб тур.
Сочлари ҳам, ажин босган юзи ҳам қордек оқариб кетган кампир деворга тираб қўйилган ёстиққа суяниб, ўзи билан ўзи гаплашиб ўтирар эди. Баланд бўйли қизи унинг олдига кириб, қийшайиб қолган ёстиқни, бошидаги дока рўмолини тўғрилади-да, секин гап бошлади:
— Буви, мен тонготарда қизиқ бир туш кўрибмен. Оғам кўчадан эшакларини етаклаб ўтиб кетаётган эканлар, бориб елкаларидин қучай десам, оёғим юрмайдур, аламимга чидай олмай, йиғлаб юборибман.
— Яхши туш кўрибсан, қизим. Худо хоҳласа, Бобораҳим билан дийдор кўришамиз. Кимки тушида йиғласа, ўнгида шод бўлгай. Кўришмаганинг яхши бўлибдур.
Ичкари ҳовлига кириб панада турган Машраб онасининг овозини эшитиб ҳаяжонга келди. Югуриб кириб у билан кўришгиси келди-ю, ўзини аранг тўхтатиб қолди. Нафасини ростлагандан кейин майин овоз билан куйлай бошлади:

Саҳарлар тўлғониб, тўлғонимда топган бир боланг келди,
Юзи оқу қизил гулдек, шаҳиди карбалонг келди.

Анодек меҳрибон қайда, атодек ғамгусор қайда,
Алардек ичкуяр қайда, ғариб ўлғон боланг келди.

— Вой, ўғлимнинг овозини… эшитгандек бўлдим,— деди кампир ҳарсиллаб.— Ташқари чиқиб қара… зора келгани рост бўлса!
Юзи ёришиб кетган қизи ҳовлига чиқиб, оғасини етаклаб келди Бобораҳим оҳиеталик билан онаси олдига тиз чўкиб, унинг қўлини юзига сурта бошлади. Кампир унинг боши, юз-кўзини пайпаслаб энтикиб турди-да, бирдан йиғлаб юборди.
— Эгамга шукр, ўчган чироғим қайтадан ёнди,— деди у ўпкасини босиб.— Чилтонлар назар қилди, хонадоним қайта бошдин обод бўлди… Балам, бир вақтлар, ошиқларнинг ота-онаси бўлмас, деб бизни ташлаб котган эдинг, ўртаниб қолавергандик. Майли, тақдирда бори шул экан. Аммо сендин хафа эмасмен. Ўзинг дайди бўлиб туғилган эдинг.
— Рост, мен бир ерда узоқ туролмаймен. Чўлу биёбонлар, тоғу тошлар, нотаниш элларда козиб юришни яхши кўрамен. Аммо мен бўлган шаҳар ва қишлоқларда тиғи ситамдин юраги пора бўлғон халқни кўрдим, ўзим фалокатга йўлиқдим. Қошқар бориб, ихлос тузоғига илиндим, ёшлигим хазон бўлди…
— Сен айтма, мен эшитмай. Ул томондин келган девоналар бошингга тушган офатдин бизни хабардор қилғон эдилар,— деди кампир кўз ёшларини рўмолининг учи билан артиб. — Жабру жафолар кўрибсан, эшитиб кўнглим вайрон бўлди. Балам, сенда айб йўқ, тақдири азал шул экан.
Бобораҳим суҳбатни бошқа ёққа буриш учун қўни-қўшни, қариндош-уруғларни сўрай бошлади. Уларнинг баъзилари ўлганини, кўплари тирик экаилигини эшитиб, мулло Бозор охунддан гап очди.
— Бултур жон баҳақ таслим этганлар,— деди кампир хўрсиниб. — Таомдин сўнг бориб, қабрларини зиёрат қилиб келарсан.
Бобораҳим онаси билан гаплашиб ўтирганида синглиси ўчоққа олов ёқиб, қозон осди. Орадан кўп ўтмай, дастурхон ёзиб, товоқларда устига бир қошиқдан қийма солинган серкашнич таом келтириб қўйди.
— Ҳай, ҳай, мунча ширин! — деди Бобораҳим ошни хўриллатиб ичар экан.— Қўлинг дард кўрмасин, синглим.
— Ҳа, қўли ширии, пазанда, бичиш-тикишни ҳам биладур, хати ҳам чиройли,— деб қизини мақтай кетди кампир жонланиб. — Ёзган ғазалларингни анга бер, кўчириб бергай.
— Яхши, шеърларимни парча-пурот қоғозларга ёзиб ташлаганмен, китобларим ичида,— деди Машраб. — Қоғозга тушмаган ғазалларим ҳам бор, алар ёдимда, айтиб туриб ёздирармен.
— Хўп, жоним билан,— деди синглиси хурсанд бўлиб.— Кўрган-кечирганларингизни ҳам айтиб берурсиз. Сиз тўғрингизда бир достон ёзмоқни ният қилиб қўйғонман.
Кечга яқин Машраб кўчага чиқиб, Наманган сойи бўйидаги хонақо томон йўл олди. Йўлда эски таниш-билишлари билан учрашиб, улар билан ҳол-аҳвол сўрашиб, сой бўйига етиб борганини ҳам сезмай қолди. Хонақонинг катта дарвозаси ланг очиқ, у остона тепасидан тортиб қўйилган йўгон занжир устидан ҳатлаб ўтиб, ичкарига кирди-ю, ўнг томонда қад кўтарган баланд сағанани кўрди. Шу он биринчи устоди, қуюқ қошлари қоп-қора бўлса ҳам пахмоқ соқоли қордек оқариб кетган мулло Бозор охунд кўз олдида гавдаланди.
Бобораҳим етти ёшга қадам қўйганда онаси уни шу хонақо ичидаги мактабга бошлаб келгани, болаларни ўқитиб ўтирган мулло Бозор олдига бир чопонлик бўз билан еттита нон қўйиб: «Ўғлимни сизга топширдим, ўқитинг, эти сизники, суяги меники» дегани эсига тушди.

Қиссанинг тўлиқ матнини PDF форматда сақлаб олинг