Матлуба Юсуф Охун. Хосиятли ҳовли (ҳикоя)

Қишлоқнинг энг чеккасида, пахтазорнинг шундоққина биқинида жойлашган бу ҳовлининг девори ҳам, дарвозаси ҳам йўқ. Чунки хонадон соҳиби Раҳимжон отанинг ўз эътиқоди бор. Дунё ҳаммага омонат. Ўзини тўрт девор ичига қамагани билан, Оллоҳ асрамаса бекор. Отанинг фарзандлари ҳарчанд уриниб, туғилиб ўсган ҳовлиларини рисоладагидек қилиб қўймоқчи бўлишди, лекин ота рухсат бермади.
— Ҳаммангизнинг ўз уйингиз бор, ўшани хоҳлаганча тузаб-безаб олаверинглар, бу бизнинг ватан, — деди Раҳимжон ота. — Шу пайтгача очиқ–сочиқ яшадик, бундан кейин ҳам яшайверамиз. Биздан кейин нима қилсанглар, ихтиёр ўзингларда. Аммо, лекин адир томонга девор урманглар, ҳовлига шабадаям, баракаям кирмай қўяди.
Энг ажабланарлиси, ҳовлининг қай ерига шунчаки уруғ тушиб қолсаям униб чиқади, астойдил деҳқончилик қилинса, сабзавот ҳам, мева-чева ҳам мўл-кўл бўлади. Шу боис қишлоқдагилар Раҳимжон отанинг ҳовлисини хосиятли дейишади.
Антиқа воқеалар ҳам шу деворсиз ҳовлида рўй беради.
Бир йили қишлоқдаги ҳеч бир ҳовлида узум битмади. Отаникида бўлса ишкомдан ошиб, томга чиқиб кетган новдалардаям ҳосил мўл бўлди. Келаси йили кўпчилик отанинг токларидан қаламча олди. Яна бир йили адир томондан адашиб кириб қолган совлиқ роса бир ҳафта эгасини кутиб, қўрада турди. Ота болаларини ҳар тарафга жўнатиб, қўйнинг эгасини қидиртирди. Меники деган одам чиқмади. Бу орада қўй қўзилади. Саккизинчи кунга борганда бир аёл боласини етаклаб кеп қолди. Раҳимжон ота олдин обдон суриштирди. Ниҳоят, совлиқнинг эгаси шу аёл эканига ишонч ҳосил қилиб, қўрага етаклаб борди.
Уч қўзичоқ ўртасида ётган қўйини кўриб, аёл шўрликнинг эси оғиб қолай деди. Уч бола билан бева қолган аёл рўзғорини зўрға ўтказаётганига қарамай суюнганидан қўзичоқлардан биттасини Раҳимжон отага қолдирмоқчи бўлди.
— Сағирларнинг ҳақини емайман. Омонатни эгасига қачон топшираман, деб неча кундан бери ҳаловатим йўғу, сизни қаранг! — дея койиб берди.
Бояқиш аёл битта қўйини тўртта қилиб берган отага қайта-қайта раҳмат айтиб, чиқиб кетди.
Раҳимжон ота бу тун кечаси билан мижжа қоқмай чиқди. Бобосини, онасини туш кўрди, улар безовта. Ўрнидан туриб таҳорат олди, жойнамоз тўшаб, нафл намозларини ўқиди, ўтганларни бир-бир ёд олиб, узундан-узоқ дуолар қилди. Бомдод вақти кирмагани учун саловат айтиб, тасбеҳ ўгириб ўтирган эди, адир томондан инграган овоз келди. Астойдил тинглади. Ингроқ яна такрорланди. Шошиб ўрнидан туриб, ҳовли саҳнига тушди. Ота анча-мунча нарсадан чўчимайдиган, тун қоронғусида ҳам далага чиқиб кетаверадиган инсон. Бироқ бу сафар нимагадир юраги увишди, қўл-оёғига титроқ кирди. Ингроқ овози қайта-қайта эшитилавергач, ўзини қўлга олиб дала томон юрди. Йўл-йўлакай ҳар эҳтимолга қарши қўлига кетмон олволди.
Ўт-ўланларни шудринг қоплаган эди. Отанинг яктаги жиққа ҳўл бўлди. Аммо бунга эътибор бермай ғўза оралаб овоз келган томон бораверди. Ингроқ тобора яқинроқдан эшитилди. Ғира-ширада нарсалар яққол кўринмасди, шу боис аста энкайди. Бир-икки қадам нарида шарпа кўзга ташланди.
— Кимсан? — деди ота ўзини дадил тутиб.
Эҳтиётланиб яқин борди, қараса барваста бир эркак қонга беланиб ётарди. Ота шошиб қолди, кетмонни ташлаб ёрдамга шошилди.
— Уҳ, уҳ, ҳозир болам, ҳозир, — дерди нуқул бошқа гапга тили айланмай.
Ерда ётган одам ҳам оқсоқолни кўриб хийла тетиклашди, туришга уринди, бироқ тура олмади. Раҳимжон ота уни елкасидан тутиб, судрай бошлаган маҳал, нотаниш киши ҳушини йўқотди. Ота шошиб қолди. Шунча уринса ҳам уни бир қадам силжитолмасди.
— Эҳ баччағар, қарилигим панд берди-я, — дея ўзидан ёзғирди. Жароҳат ўрнидан тинимсиз силқиётган қондан ваҳимага тушди, овозининг борича ёрдамга чақира бошлади:
— Ким бор, ёрдам беринглар!
Бомдод намозига турган қўни-қўшни Раҳимжон отанинг овозини эшитиб, шу ёққа югуришди. Чолини излаб ҳовлига чиққан Фароғат хола ҳам кичик ўғли Рафиқжонни уйғотиб ёрдамга шошилтирди.
Жабрланган нотаниш кишини отанинг ҳовлисига олиб келиб, ишком тагидаги сўрига ётқизишди. Рафиқжон дўхтирга югурди. Бир зумда бу гап тарқалиб ҳамма Раҳимжон отанинг ҳовлиси томон ошиқди. Айримлар бирор мужда аниқлаш илинжида дала томонга кетишди. Бу орада қишлоқнинг нариги чеккасида яшайдиган Турсунбой дўхтир етиб келди. Аҳвол жиддийлигини сезиб, дарров ишга киришди, Раҳимжон ота худди ўзининг жигари кулфатда қолгандай типирчилар, тинмай савол берарди.
— Айтинг, ўғлим тирик қоладими?
— Худо хоҳласа яшайди. Кўп қон йўқотган. Қаранг, мана билак томирлари узилиб кетибди, биқиниям эзилган. Боши қаттиқ лат еган.
— “Тез ёрдам” чақиришсинми?
— Рафиқжон кетди чақиргани, унгача мен зарур ёрдамни кўрсатиб тураман, — дўхтир беморга кетма-кет укол қиларкан, отага далда берди, — ташвиш чекманг, яхши бўп кетади. Яхшики, кўриб қолибсиз, бир-икки соат шу аҳволда ётганида ёмон бўларди.
Дарвоза тагига “Тез ёрдам” машинаси келиб тўхтади. Рафиқжон навбатчи дўхтир билан замбил кўтариб кириб келди:
— Қани кўтаринглар, машинага олайлик!
Ҳамма ёрдамга ошиқди. Раҳимжон ота машинанинг олдига чиқиб ўтириб олди:
— Дада, сиз қолаверинг, мен бораман! — Рафиқжон уни тушишга ундади. — Уст-бошингиз ҳўл, шамоллаб қоласиз!
— Йўқ, бораман! Кўзини очганида тепасида бўлай, кимлигини билай! — ота бошқа гапга ҳожат қолдирмасдан шарт кесди.
Машина туман марказига қараб елди.
Ота касалхонага етиб келиши билан шифокорларни шоширди.
Аммо шу куни бемор ҳушига келмади. Бу орада дала оралаганлар адир пастидаги катта йўлда пачоқ бўлиб ётган чет эл русумидаги машинани топишибди. Дарров милиция чақиришибди, машинадан топилган ҳайдовчининг ҳужжатларидан унинг самарқандлик Шуҳратбек Ғафуров экани аниқланиб, уйига хабар жўнатишибди.
Машина қаттиқ шикастланганига қараганда, у юк машинаси билан тўқнашган. Бироқ иккинчи машина йўқ, афтидан қочиб кетган. Милиция бу ҳолат бўйича қидирув эълон қилди.
Эртаси тушга яқин Шуҳратбек кўзини очди ва тепасида оппоқ соқолли чолни кўрди.
— Ота! — унинг биринчи айтган гапи шу бўлди.
— Худога шукур, ўзингизга келдингиз! — Раҳимжон ота дарров унинг пешонасини ушлаб, юзини силади.
Шуҳратбек ғалати жилмайди, зўрға:
— Раҳмат, — деди.
Отанинг кўзи ёшланди.
— Ҳаммаси яхши, ўғлим. Тирик қолганингиз учун Яратганга шукур қилинг! Энди мен уйга бориб, эҳсон қилиб юборай. Арвоҳлар безовта бўлаяпти, — деди оталарча меҳрибонлик билан.
Шуҳратбек ҳолсиз қўлларини хиёл кўтарди, кўзларини юмиб:
— Раҳмат ота, раҳмат, — деди бемажол.
Раҳимжон ота уйига йўл олди. Кела солиб кампири билан келинини шоширди:
— Ҳеч бўлмаса асрга улгуринглар, ош қилиб мачитга чиқарайлик. Бобом билан онам бекорга тушимга кирмаган, қаранг-а, улар мени уйғотиб, бечора Шуҳратжонга ёрдам беришга ундаган. Шунга айтадилар-да, ўлган ўликмас деб.
— Вой чол тушмагур-эй, ҳали у боланинг кимлиги аниқмас. Олдин қариндош-уруғларидан бирортаси келсин, нима гап-сўзлигини билайлик, кейин бир иш қилайлик, — деди Фароғат ая чолининг ҳаракатидан ажабланиб.
— Қанақа хотинсан-а, — деди отанинг жаҳли чиқиб, — уларнинг келиш-келмаслиги билан нима ишинг бор? Битта одам тирик қолди, у танишми-бегонами, нима фарқи бор, тез қимирла!
Бошқа гапга ўрин қолмади.
Аёллар дарров ишга тушиб кетишди.
Ҳали атрофга оқшом чўкиб улгурмасдан Раҳимжон отанинг ҳовлиси ёнига кетма-кет иккита машина келиб тўхтаб, ундан уч эркак, бир аёл ва икки ўспирин тушиб келишди. Улар қўллари кўксида ҳаммага салом бераркан, аёл тўғри келиб Раҳимжон отанинг бўйнига осилиб, йиғлаб юборди:
— Отажон, минг раҳмат, укамнинг ҳаётини сақлаб қолибсиз. Энди бизга ҳам ота бўлдингиз!
Қолган меҳмонлар ҳам бирин-кетин келиб ота билан қучоқлашиб кўришишди. Келганлар Шуҳратбекнинг опаси Хадичахон, укалари, ўғиллари экан. Уларнинг айтишича, Шуҳратбек Самарқанддаги бир хусусий корхона бошлиғи экан. Андижонга курсдош ўртоғиникига тўйга келаётган экан.
— Отамиз оламдан ўтиб кетганлар, — деди Хадичахон ҳаяжон билан. — Энди отам ўрнидасиз. Андижонда дўстларимиз кўп, мана қариндошларимиз ҳам топилди.
— Минг раҳмат, болам, Яратган эгам мени бир воситачи қип қўйди, холос. Умрини зиёда қилган экан, Шуҳратбек ўғлим тирик қолди, шунисига шукур, — деди ота вазминлик билан.
Меҳмонлар кўзларига ёш олиб, қайта-қайта миннатдорлик билдиришди.
Шуҳратбек тузалиб чиққунича отанинг ҳовлиси гавжум бўлди. Беморнинг Андижондаги дўстлари меҳмонларни олиб кетмоқчи бўлишди, аммо улар мана шу деворсиз ҳовлида қолишни афзал билишди. Айниқса, Хадича опа отанинг ёнидан бир қадам силжимас, суҳбатлашиб тўймасди.
Бир ҳафталар ўтиб, Шуҳратбек анча ўзига келиб, шифокорларнинг рухсати билан Тошкентга кўчириладиган бўлиб қолди. Кетар маҳал Раҳимжон отанинг қўлини тутиб, раҳмат айтди:
— Ота, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, машинам “КамАЗ”га урилиб, мен ташқарига отилиб чиқиб кетаётганимда кўз олдимга оппоқ соқолли чол келди! Даланинг ичига судралиб киришимга ҳам ўша чол сабаб, тобора ҳолим қуригани сари қаёқдандир “олдинга силжи” деган овоз келаверди. Ҳушимни йўқотмаслик учун судралавердим, судралавердим. Салгина бошимни кўтарсам кўзимга фақат девор кўринади. Нафасимни ростламоқчи бўлиб, бошимни ерга қўювдим, тепамда шарпа сезилгандай бўлди. Қарасам, оппоқ соқолли чол. Қўли билан сизнинг ҳовлингиз томонни кўрсатди. Ундан ёрдам сўрадим, бироқ у дарров кўздан йўқолди. Эслаб қолганим бир қўлининг бармоқлари тўмтоқ экан.
Раҳимжон ота сесканиб кетди. Кўзларини катта-катта очиб, шошиб:
— Бу — бобом! — деди.
Шуҳратбекнинг ҳам ранги оқарди:
— Демак, мен руҳни кўрибман-да!
— Ҳа, аммо бу дунёдан ўтганлар ўликмас, болам. Қолаверса, бобом катта домла бўлган, нафаси жуда ўткир эди. Ҳозир яшаётган ҳовлим шу бобомдан мерос. Болаларим ҳадеб “девор билан ўрайлик” дейди. Бобом раҳматли васият қилган. “Асло девор урмагин, мен шу ерда ўтириб, ҳовли поёнидаги адирликда жаннатни кўраман. Бу дунё билан у дунёнинг ўртасида девор йўқ, вақт бор, холос”, дерди. Шу бобомни кўргансиз, болам. Сизнинг келишингизни эса менга белги қилди. Хуллас, икки дунё оралиғида бир-биримизни топдик-да, — ҳаяжонга тўлиб гапираркан, отанинг юраги ҳаприқди.
— Отажон, умрим охиригача хизматингиздаман, — деди тўлиб-тошиб Шуҳратбек.
— Агар ростдан ҳам менга ўғил бўлган бўлсангиз, бир илтимосим бор, — деди ота сокинлик билан.
— Қулоғим сизда, ота.
— Сизни уриб юборган “КаМАЗ” ҳайдовчиси ёш бола экан. Қочиб кетиб нотўғри қилган. Аммо қўрқиб кетган, ўшандан бери иситмада алаҳлаб ётган экан, мелисахонага опкетишибди, ота-онаси қақшаяпти.
— Ота, сиз бирданига икки инсоннинг ҳаётига жон фидо қилдингиз. Илойим, сиздай инсонлар кўпайсин. У йигитга даъвом йўқ. Мени ўлимдан сақлаб қолиб, оилам қучоғига қайтардингиз.