Маъсума Аҳмедова. Бегим кунлар (ҳикоя)

Бугун ҳавонинг заҳри кетди.
Кун илжайди.
Кампир ҳассасига таяниб, аста айвонга чиқди. Ҳовли бурчидаги қайрағоч шохларида қушлар чирқиллади. Кеча ёмғир илвиллатиб кетган боғлардан ҳовур кўтарилди. Қоп-қора лайча кучук у ёндан-бу ёнга ирғиди, шалпангқулоқ бола “маҳ-маҳ”, дея кучукни олқишлади.
Кампир зиналардан аста-аста туша бошлади. Лайча ликиллаб келиб, кампирнинг оёғини искади. Кампир ҳассасининг учи билан лайчани туртди. Лайча ингил-лаганича нари кетди.
— Тилаб олган ёмғир бошга бало. Буни қарагин-а, ўзинг бир ит, яна изингдан ит етаклаганингга ўлайми… — кампир болага қараб вайсади.
Бола итни нари олиб кетди.
— Ҳа-а… — кампир узун сўлиш олди, кун мўлроқ тушиб турган, ҳийла қуриган ёғоч харракка ўтирди.
Дарахт тагига тўкилган барглар турли тусда товланди. Гала чумчуқ чирқиллаб пешайвонга қўнди.
— Ҳа, қирғинда кетларинг-а! — ориққина сарғиш жувон пешайвонга ёйилган майиз томон чопди.
Чумчуқлар “гурр” этиб ҳавога кўтарилди. Рўпарадаги сербутоқ дарахтга қўнди.
— Ойи, қарасангиз бўлмайдими. Бунақада бор майизни еб битиради-ку, — жувон таънаомуз кампирга қаради.
— Ҳа, энди мен сенга шолипоядаги қўриқчи бўлдимми! — кампир иддао билан юзини терс бурди. — Мен сенга қайнона эмас, келинман, келин!
Жувон бир муддат оғиз жуфтлаганча жойида туриб қолди. Шундай оғзига келиб турган гапни зўрға қайтарди. Унинг нима демоқчи бўлганини қайнона тушунди. “Ҳа, сиз менга қайнона эмассиз!”
Кампир ҳассасини бошқатдан нам ерга ботирди. Аста вужуд-вужуди илиди. Кун кифтларини илитди, баданига хуш ёқди. Кўз олди живир-живир қилди. Хаёли йироқлаб кетди.

Кўк шишадай, ариқдаги зилол сувдай тиниқ. Боғни гир ўраган жийдазор гулга кирган, гул иси бошни гангитади.
 “Тўқ, тўқ, тўқ!”
Келидаста бир меъёрда уриб турибди.
Кўйлагини липпасига қистириб олганича келида жўхори туяётган Шаҳодатнинг қулоғига келинойиси шивирлаб кетди:
— Сизни ўша келганларга нон синдирди.
Шундан буён юрагига ваҳима оралади. Бунгача ҳеч бундай ҳолатга тушмаган эди.
Шаҳодат ҳозирга қадар товонларигача зирқиратиб юборган ўша кунни унутолмади.
Худойимдан айланай, кейин бир кунлар бўлдики, йили бир тутам бўлди. Кўп кунлари ёддан кўтарилди.
Умрида бир кунлар бўлдики, у аввало эсдан чиқарайин, деди, чиқаролмади. Кўз очиб кўргани ойдай ярқираган келинчакка қайрилиб қарамади, бир оғиз ширин сўзни раво кўрмади. Ёстиқ қучоқлаб уф тортди.
Келинчак кўча-кўйнинг гапига қулоқ тутмади. Тўғриси, қулоқ тутгиси келмади: Муҳиддиннинг бошқа суйгани бор эмиш, Шаҳодатга кўнгли йўқ эмиш…
Бу шивир-шивирлар қандай қилиб раҳматли дадасининг қулоғига етди, билмай қолди. Эрта салқинда кув пишаётиб, қўллари орқасида, боши эгик дадасини ҳовлида кўриб, нақ эси тескари бўлди.
— Юр, қизим, кетамиз. Кундошликка кун битмас, кун битса-да, бутун битмас.
Э-ҳа, ўтган умрини гапираверса… Бу дунёда нимаики бор — бари ўткинчи экан… Иккинчи эрнинг бети қурсин. Шаҳодат у билан кечирган ёруғ кунини эсламади. Ой келгунча кун санаб, умидвор бўлди — умидлари пучга чиқди. Фарзандталаб эрнинг, болага зор хотиннинг тилаклари ижобат бўлмади.
Бир кун тонгда сигир соққани бораётган хотинни эр тирсагидан тутди:
— Ишингни қўятур. Юр, ойингникига борамиз. Бир туш кўрдим, юрагим ғаш.
Шаҳодат шошилинчда: “Қандай туш кўрдингиз, гапиринг аввал”, дейиш хаёлига келмади. Тешик калишини алмаштириш хаёлида йўқ, тунд эр изидан югургилади. Эр йўл бўйи чурқ этмади, у бирор нима дермикин, дея оғиз пойлаб илҳақ борди.
Шу зайл олдинма-кетин ота уйига кириб келдилар. Чўлтоқ супурги билан ариқча балчиғини тозалаётган она уларни кўриб, жойида қотди.
— Ҳа, Худога шукур, эсон экансиз, — куёв ғудранди. — Бўпти, мен борай, бу сиз билан ўтирсин.
Эр ияги билан унга имо қилди. Бир муддат эсанкираб қолган она аста ўзига келиб, куёвга манзират қилди:
— Юринг, чой ичинг.
Куёв кўнмай, изига қайтди.
Бирдан Шаҳодатнинг эсига соғувсиз қолган, подага қўшилмаган сигири тушди.
— Ҳой, менга қаранг! Назирага тайинланг, сигирни соғиб қўйсин, соғмаса… — Шу пайт биқини ўйилди. — Вой…
Гап оғзида қолди.
—     Ҳа, пешонаси шўргина-я… Ҳа, шумбахт-а… сигир соғувсиз қолса ундан нарига бормайдими. Сенга нима! Уйинг бузилди-ку, бебахт! — дея онаизор зориллаб йиғлади.
Шаҳодат дабдурустдан нима гаплигини англамай анқайди. Соддалиги қурсин. Жувонмарг кетгур эри хотин қўйибди-ю, унинг ақли етмабди, нодон…
Ҳай, ўша кунлари қурсин…     
— Чиққан қиз ёвдан ёмон. Энди икки эрни эскитдинг. Бунисига йўқ дема, боласи бор, боланг бўлади, — раҳматли онасининг сўзлари қулоқлари остида жаранглади.
Вой тавба, вой тавба, қандай эскитибди? Худо охирини айтмаса, нима қилсин? Қайси тошга бош урсин?     
Шу Ғойибини топмагунича кўрган кунини кун демади. Бировникини асради, ўзимники деди, асради, авайлади, уйлади, жойлади. Онасининг айтгани шу учинчи эрнинг боласини ўзимники деди. Ўзимники дейишнинг эса ўзи бўлмади. Бир куни Ғойибжони касал бўлиб, нақ эсхонасини чиқараёзди. Ўша кеча у Ғойибжонини туғди. Худди тўлғоқ тутгандай, кўзи ёригандай, азоб еди.
— Ё, Худойим, болам апарайса бўлмасин-да ишқилиб!
Эрталаб тараша каби озғин дўхтир унга пешвоз илжайиб келди.
— Суюнчини чўзаверинг, она, ўғлингиз операция бўлмайдиган бўлди, касали кўричак эмас, колит экан, колит.
— Калит, қанақа калит? — У кўнгли жойига тушиб ёнидаги эрига саволомуз тикилди.
— Э, шуни ҳам билмайсанми, ичаклари шамоллаган-да, — ўзича шарҳлади чоли.
Ҳа, шундай кунлар ҳам ўтди. У ўтган кунларидан нолимади. Учинчи эрни ҳам охиригача пешонасига айтмаган экан, ёлғиз ўғилнинг тўйини ҳам кўрмай оламдан ўтди. Раҳматли чолининг гўри тўла нур бўлсин, бу дунёда уни ёлғиз ташлаб кетмади. Ғойибжони-чи, ўғил деса дегудай бўлди. Аммо-лекин бу келин деганлари нақ илон бўлди. Индамай чақиб олди.
Ҳа, у якка ўзи аёл боши билан рўзғорнинг неча жойидан тугиб, ўғил уйлади. Тўй қилди. Худонинг буюргани рост экан, тўй-томоша, орзу-ҳавас кўрди. Худога шукурки, тепкилаб-тепкилаб кўмадигани бор.
Эсида, қизчарларда ийманиб, нарироқдан жой олди.
— Жойингиздан адашманг, қуда хола. Ўғил тарбиялаб, эр етказган қайнонанинг жойи шу бўлади.
Шунда кўнгли тоғдай ўсди.
Кампир беихтиёр харракка сурилиб ўтирди.

Келиним деб тахт ясатган,
Тахт эмасу бахт ясатган
Қайнонасига бир салом…

Қулоғига келинсалом қилдирган янгаларнинг овози келди. Самбиттол новдасидай оқ-сариққа мойил келинчак саломга эгилди. Унинг оқиш, тиниқ юзлари ҳарир парда остида оловланди. Шунда унинг меҳри бир товланди, бир товланди… Ўша нозиккина келинчак мана шу келин эди.
Кампир кўзини олиб, йироқларга тикилди. Олис тоғлар тиниқлашди, яқинлашди.
— Ойи, кўйлагингизни ечиб беринг, кир юваяпман.
“Ҳа, қилиғи ўзига таъсир қилибди-да, — кампир енгил тортди. — Ҳай, инсон боласи-да, феъли бор, тили бор…”
Кампир келинига индамади. “Дарров ризолик билдирсанг, бошга чиқади”.
Кампир қайнона сукутидан саросималанди. Сўзга оғиз жуфтлади-ю, айтолмади. Кампир келиннинг ҳолатини тушунди.
— Ҳай, Худойимга шукур, — кампир харракдан қўзғалди.
Чумчуқлар яна “гурр” этиб, пешайвонга ёпирилди.
— Ҳай, кетларинг-а! — кампир айвон томон ҳассасини ўқталаркан, зимдан келин тарафга назар солди.
Келин кўринмади.

1989.