Маъсума Аҳмедова. Ёмғирда… (ҳикоя)

Ҳаводан ёмғир иси келди. Осмон бирдан шарақлаб кетди: тепаликлар ортида чақин чақди. Телба шамол дорда ёйиғлиқ кирларни олиб бориб токлар устига ёпди. Дераза-эшиклар тарақлаб очилиб ёпилди. Куни кечагина туғилган улоқлар зорланиб маъради.
Ёмғир шовуллаб кетди.
Кўчаларни тўлдириб сув оқди.
— Вой, ўлай, ноним оқиб кетади-я, — кампир югурганича қўлида кепчик, уйдан чиқди.
Тандир ичи лоларанг тус олди. Чолининг чопони елкасида шалаббо бўлди, у ошхона томи остида тўлган пақирдан чўмични тўлдириб сув олди, оловга сепди. Тандирдан буғ кўтарилди. Кампир қўлига илинган янгигина ясалган нонни рапидага қўйиб, тандирга ёпиштира кетди. Нон шакли қолармиди. Бир амаллаб ёпиштирди-да. Тандирдан оловга жаз-жаз қилиб хамир чўзилиб оқиб туша бошлади.
— Хаҳ, ўлсин-а, қандоқ қилдим… тандирда нонинг турмаса, кун ўлгур бу бўлса… — кампир ўқрайиб осмонга қаради. — Келин келин бўлмади, бало бўлди. Шу кундаям юрадими. Ишингни битир-да, юравер!
Ёмғир қуйгандан-қуйди.
Кампир ўзича сўзланиб уйга кирди, яна нон олиб чиқди. Ёмғир еру кўкни савалай кетди. Эшик ғийтиллаб очилди. Кампир “ялт” этиб эшикка қаради. Остонада биргина юпқа кўйлаги шилта-шалаббо бўлиб эгнига ёпишган қизи турарди.
Кампир рапидага қўйган нонни тандирга ёпиштиришни унутди, жойида қотди.
Шундоқ тепасида осмон гумбурлаб кетди. Яна шовуллаб ёмғир қуйди. Қизи индамай ошхона кесакисига суянди.
— Тур-э, ёмғирда қолдинг, — кампир ўзини босиб олди. — Уйга кир, нонни ёпиб олай, ҳозир бораман. Қиз узатиб, ўғил уйлантириб, тиндим, энди роҳатини кўраман деган одам ит бўлсин-эй. Вой, бу қандоқ кун бўлди, қандоқ кун бўлди… — кампир ўзига-ўзи гапирганча уйга кирди.
Қизи бир нимани фикр қилдими ё онасининг вайсашига тоби бўлмадими, эгилганича уйга кириб кетди.
 “Дарди оғир. Ҳойнаҳой аразлаб келган. Ҳай, куним қурсин-а, куним қурсин!”
Кампир беихтиёр:”Эй, Худо!” — деб юборди. “Ҳа, алам ўтмаса, Худо демас экансан”, деди у ичида. Момогулдурак товуши аста-аста пасайиб, ёмғир сустлашди, майда шивалади. Кампир кетма-кет, устма-уст тандирга нон ёпа бошлади. “Шундай ҳавода нон ёпдим-а”.
Шундай ҳавода нон қилганига, келинсиздай иш бажарганига алами келди, кўкрагини ботмон тош келиб босди.
— Ҳу, зулукдай сузилмай жонинг чиқсин. Шу нон сенга иш бўлса агар.
— Ойи! — кампирнинг ёнгинасида зорланган овоз эшитилди.
Кампир орқасига ўгирилди, оғиз жуфтлаб турган гапини айтолмади. Қаршисида юпқа кўйлагида титранганича қизи турарди.
— Нега қарғайсиз, уям бировнинг боласи…
— Даллол бўлмай қўя қол, мен ҳеч кимни қарғамайман, Худо ўзимга қувват берсин. Куёвингни қарғама, ўғлинг бор, келинингни қарғама, қизинг бор, деганлар.
— Шундай бўлса қарғаманг-да! — қизи иддао билан онасига қаради.
Кампир жавоб тополмай қолди. Ҳой, қарғаган билан чин кўнгилдан қарғабдими, чиндан келинини қарғабдими?
Нон куйди, куюк иси ҳовлини тутди. Кампир шоша-пиша тандир ичига эгилди. Енгча қолиб, қўли билан нон уза кетди. Қани энди қўли оловни сезган бўлса…
 “Бу кишим қандай гапни бошлаб келди экан? Тинчлик бўлсин илойим…”
У нонни узиб, саватга ташлай бошлади. Ёқимли нон иси гупиллаб димоққа урилди.
— Ҳа-я, нондан олмайсанми. Ма, ол. — Қизи онасининг қўлидан нонни олди. Онасининг оқиш соч толалари халта-халта бўлиб қолган бўйнига ёпишиб қолибди.
“Бечора онам… қариб қолибди”. Қизининг кўнглидан беихтиёр шундай хаёл кечди.
У онаси узатган нондан оғзига солиб, тишлади.
Кампир косовни олиб, оловни титди. Қип-қизил чўғ ловуллаб юзга санчилди Тандирдаги ёпилган нонларга қаради, эски кастрюлька қопқоғини тандир оғзига ёпди.
Момогулдурак дағдағаси тинди.
У қизининг оғзига нон солганини кўрди, кўнгли тинчланди.
 “Ҳартугул нон тишлади, тинчликдир, унчалик ёмон гап эмасдир…”
Кампир тандир оғзидан қопқоқни олди, кўпчиб турган нонларни кўриб, енгчани кийди, бир-бир нонларни уза бошлади. Сават нонга тўлди. Қиз саватни олиб, уйга қараб юрди. Кампир қизининг ортидан қараб қолди. Сўнг ўзига келиб шоша-пиша челакдан чойдишга сув қуйди, тандирдаги оловни титкилаб чойдишни қўйди.
Бирдан теварак ёришиб кетди, кампир осмонга қаради. Шамол булутларни пастга ҳайдаб кетди.
Кампир боягина ёмғирда ивиган рўмолини бошидан олиб, қоқди, қайта ўради. Тандир оғзини қопқоқ билан зичлаб ёпди-да, уйга йўналди.
Қизи нонларни саватдан олиб, дастурхонга ёйди. Кампир бориб, ўзини кўрпачага ташлади.
— Ўлдим-а! Бир нон қилишлик ҳолим йўқ экан-а. Бирёқда ёмғирни кўрмайсанми.
Қиз онасига қаради, кулимсиради:
— Об-ҳавони эшитиб, кейин қилади-да юмушни.
— Ҳа, болам-а, минг эшитсанг-эшитмасанг кўкламнинг ҳавоси-да. Ишониб бўларканми, — кампир тин олди.
Орага сукут чўкди. Ахири бўлмади, тилида боятдан бери айланаётган гапни айтишга чоғланди:
— Ҳа, Адол?..
Юраги зирқ-зирқ этди. Кўчадан ўғил-қизинг пориллаб кулиб келса, хунук гапни кўтариб келмаса…
Қиз дастурхонга нон териб бўлди.
Нон санаган алфоз туриб қолди.
Нима десин? Боягина кўкрагини тўлдирган аламларни айтсинми? Қандай айтади, нима деб айтади? Онасини кўрди, маслаҳат олгандай бўлди. Кўксини босиб турган юк енгиллашди, кўнгли ёришди.
— Ҳеч нима, ўзим келдим… Сизни кўргани, — қиз бошини кўтариб, онасига қаради.
— Ҳм-м…
“Шўрлик қизим мени алдаяпти. Ҳа, умр савдоси қурсин-а. Бу савдо кимларнинг бошидан ўтмаган…” Кампирнинг хаёлидан шундай гаплар кечди.
Кампир туриб ўтирди, оёқларини қўллари билан уқалади. Қачон ёмғир ёғадиган бўлса, оёқлари зирқираб оғрийди. Қизини чақириб, ке, оёқларимни уқалаб қўй, дейин деди, кейин ичида яна, нимасини чақираман, рангини қара, пича дамини олсин, деди.
Кун чарақлади. Токнинг янги чиқарган ям-яшил баргчалари боягина ёққан ёмғир томчилари қуёшда биллур бўлиб ялтиради, товланди. Ҳовлида халқоб бўлиб қолган кўлмакчаларда осмон аксланди.
— Шукур-э, — деди кампир.
Қизи онасининг нимага шукур қилганини тушунолмади. Момогул-дуракнинг ўтиб кетганигами ё ёмғирнинг тинганигами, ё шундай ҳавода эсон-омон нон ёпиб олганигами? Ёки бўлмасам…

1989