устоз шарофати билан
Навбатдаги ишхонамда ярим йилча ишлаб, бир жойда мана олти ойдирки муқим ишлаётганимдан мақтанишни бошлаб юборган кезларимда бир йигитни ишга олишди. Албатта, кимни ишга олиш ёки паттасини қўлига тутқазишни биров мендан сўрармиди. Дастлаб бу йигит менга ёқмади. Сап-сариқ, бўйи қамишдай, немисми-ей, инглизми-ей, ишқилиб ўшоқлардаги одамларга ўхшаб кетади. Ўзига ўта ишонган. Гапирганда берилиб, мудом баҳслашишга тайёр турадими-ей… Гап-гап билан икки-уч кундан сўнг билсак, бу йигит — Абдулла Шернинг ўғли Анвар Шер экан!.. Оббо, буёғи қанчадан тушди. Абдулла Шер менинг ғойибона устозларимдан бири. У кишининг ҳам Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва Рауф Парфи каби биз — етмишинчи, саксонинчи йиллар ўсмирларининг онгини шакллантиришда катта хизматлари бор. Бизга улар ёлғон гапирмасликни, соддагина ёзишни ўргатишган, ким бўлмайлик ўзбеклигимизча қолишга даъват қилишган. Демак, бу бола шундай буюк шоирнинг ўғли бўлса, у анойи тарбияланмаган бўлиши керак. Отасининг ғойибона устозлиги эвазига бу йигит билан тез орада опоқ-чапоқ бўлиб кетдик. Кейин билсам, эндигина ўттиз бешга кирган йигит ҳаётда анча-бунча ишларга улгурган экан. Аммо бу ҳикояда гап бу ижодкор ота-болаларда эмас. Улар мана бу ҳажвиямнинг ёзилишига сабабчи бўлдилар. Бунинг учун улардан миннатдорман.
Икки минг ўн учинчи йилнинг ёз кунларининг бирида устозни зиёрат қилгани Тўйтепага бордик. Устознинг ҳалол одамларга хос, ҳали таъмир қилишга маблағ топилмаган ҳовлиси жуда файзли экан. Ҳовлининг адоғида — кун юрар томонда анчагина кенг ва чуқур ариқ устига чорпоя ўрнатилган. Ариқ бўйига қатор экилган, ҳали бирор марта «соқоли»га болта тегмаган дарахтларнинг фараҳбахш кайф қилиб, тебраниб туриши ижодкор кишининг табиатига мос келиб турарди. Устозни йўқлаб қудалари ҳам келган экан. Хизматда бўлиб турган ва отасининг олдида ўзини ичмайдиган қилиб кўрсатиши зарур бўлган Анваржонни ҳисобга олмаганда улфати-чор ҳозир бўлдик-да.
Биласиз, тўртта ўзбек бир жойга тўпланса гап албатта ижоддан кетади. Тил беихтиёр мезбоннинг нақадар талантли эканидан гапира бошлайди. Ахир бундай тўкин дастурхонни меҳмонлар оқлаши керак-да! Гап-гап билан Анваржон отасига мени алоҳида таништирди:
— Бу киши ғиждувонлик… Ҳажвчи ёзувчи…
Табиийки, зум ўтмай шундай таклиф бўлди.
— Ҳамонки, қизиқчи ёзувчи бўлсалар, қани бирор нарсаларини ўқиб берсинлар.
Шоир бўлсамки, ёддан бирон нима ўқиб берсам. Мен бўлсам насрда ижод қиламан. Насрий асарни фақат ўқиб бериш мумкин. Аксига на бир китобим ва на қўл ёзмамни олиб келмабман. Шунинг учун ҳам узр сўраб кейинги галга қолдирмоқчи бўлувдим.
Абдулла ака:
— Энди ёзмоқчи бўлиб турган бирон нимангизни борича айтиб бера қолинг, — деб қолдилар.
Эслай бошладим. Бир пайтлар муҳаррирлик машмашалари ҳақида бир ҳажвия ёзмоқчи бўлганман-у, аммо ёзишнинг ҳеч мавриди бўлмаган, шуни айтиб бера қолай.
Ҳамма жим бўлиб диққат билан менга тикилиб ўтиришарди. Бошлай қолдим.
* * *
Бир минг тўққиз юз саксон саккизинчи йили мен Бухорода — ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлимида адабий маслаҳатчи бўлиб ишлар эдим. Вазифамиз ёшларга тўғри йўл-йўриқ ва маслаҳатлар бериш, жойларда ижодий учрашувлар ўтказиб юрт манфаатларига фақат мустақиллик йўли билангина эришиш мумкинлигини тушунтириш. Ўша пайтларда одамлар орасида ёзув-чизувга қизиқиш шунақа ортиб кетган эдики, ҳеч сўраманг. Ёшлар, қарилар, таракторчи ва ошпазлар, эксваторчи ва камазчилар, энди ўқитувчиларни қўяверинг, ишқилиб ҳамма — қўлига қалам ушлай оладиган ким борки ниманидир ёки кимнидир устидан ёзарди… Бизга ўхшаган адабиёт маслаҳатчиларининг иши бошидан ошиб-тошиб ётарди. Кимнинг устидан қаерга, қандай ёзиш кераклигини ўргатиб турардик…
Қўл ёзмалар шунақа кўпайиб кетардики. Бир варакайи тўрт «аллома» — Тошпўлат Аҳмад, Исроил Субҳон, Дилмурод Жаббор ва каминаи маҳмадана тиним билмай ишлардик. Қўл ёзмалар, даҳанаки ташрифлар… ҳаммаси жонга тегиб кетган эди. Ошкоралик-ошкоралик деб очиб кўрсатмаган жойимиз қолмаган, меҳнатдан манглайи қора бўлганларнинг аксарияти қамоқхоналарда ётишарди. Биз янада катта иштиёқ билан ёш қаламкашларга қандай ёзиш кераклигини ўргатиб… ўтирардик. Айниқса, менга худо берганди. Бирорта ишкалроқ, чап қўл билан ёзадигани бўлса, албатта менга жўнатиларди.
Бир куни ишлаб ўтирсам, хонамга бир баҳайбат ижодкор кириб келди. Дераза томонга ўтганди хона қоронғи бўлиб қолди. Мушаклари туртиб чиққан қирқ беш ёшлардаги бу киши ёзувчидан кўра кўпроқ штанга кўтарувчи спортчига ёхуд даҳшатли фильмлардаги монстрларга ўхшаб кетарди. Катта юзи бутунлай қуюқ соқол-мўйловнинг тагида қолган, катта-катта кўзлари ёниб турар ва унинг нақадар ички қудрат соҳиби эканини кўрсатиб турарди. Миллатини аниқлай олмадиму, у рус тилида гапираркан. Ўзича прозаик эмиш. Қўлидаги катта сўмкасини столим устига «гурс» эткизиб қўйди-да, унинг оғзини очди. Ундан иккита ёстиқдай-ёстиқдай жилдли китобларни олди. Очиб кўрсам митти шрифтда ярим интервалда ёзилган қўлёзма. Роппа-роса етти юзу эллик бет! Ҳар бирида! Агар бу қўлёзмани бизлар ёзадиган икки интервалга кўчирсак ва ўзбекчага таржима қилсак Лев Толстойнинг «Уруш ва Тинчлик» асаридан тўрт баравар катта бўлади ва мана шунақа саккизта жилдга жо бўлади. Буни ўқиган, таҳрир қилган муҳаррир онасини учқўрғондан кўради! Қўл ёзмани варақлаган сари ваҳимага тушаман. Бир пайт бу соддадил каллам Ғиждувончасига ишга тушиб кетди. Ўрнимдан отариб турдим. Суҳбатимиз русчада бўлсада мен уни сиз учун ўзбек тилида келтираман.
— Ассалом «Устоз!» Ва ниҳоят мен сизни топдим. Мана қандай ёзиш керак! Сиз даҳосиз! Мен қаршимда Лев Николаевич каби, бироқ ниҳоятда тирик, «улуғ устоз»ни кўриб турибман. Эй худо, марҳаматинг бунча кенг! Шундай улуғ инсонларни яратасанки, бунёдкорлигинг олдида оддий қаламкашинг лол–ҳайрон қоламан.
«Устоз!» дейилган одам мароқли ҳайрат билан менга ишонқирамай термулади. Мен бўлсам, бор ғиждувон кучини ишга солиб уни ишонтиришим керак, акс ҳолда нима иш қилаётганимни билиб қолса, бир уриб абжағимни чиқариши мумкин…
«Буюк»ни ўтқазиб қўйиб эпопеяни ўқишга тушаман. Чамаси бу асар иккинчи жаҳон уруши воқеаларига бағишланган. Мана ундан сиз ҳам баҳраманд бўлинг.
«… бизнинг танкларимиз пандавақи, уйинг куйгур немисларнинг орқасидан қувиб солиб полянга чиқишди. Битта танкада ўтирган танкачимиз бир отди! Гум! Пақ! Та-та-та-та-а… Немис танклари думини кўтариб қоча… Ҳа, онагинангни! Қалай экан!? Онангникига кирдингми! Ҳали Гитлерингниям ушлаб ўтига қалампир тиқаман…”
Бирваракайига эллик бетини ағдариб ўқийман. «… Ялонғоч урғочи эчки нозу карашмалар қилиб ўрмонга қараб кета бошлади. Ванка танкадан тушди-да, унинг ортидан меҳр билан йўрғалади. Ўрмон томонларда сигир сути йўғиди-да…».
Ҳаммаси тушунарли. Бунақа тоифадаги қаламкашларни олдин ҳам кўрганман. Лекин бунисига гап йўқ. Меҳнаткашликни қаранг, бир ярим минг бет ярим интервалда тепа қатор ҳарфларининг этаги паст қатордаги ҳарфнинг бошига тегай дейди. Ҳафсала билан муқова қилинган. Яна холисона ва қойилона фикр билдира бошладим:
— Сиз, ўртоқ ёзувчи, Толстой, Бальзак ва Ялангтўш Сандиқовлар эришган марраларни аллақачон ортда қолдириб кетибсиз.
— Кечирасиз, ўртоқ консультант сиз шу гапларни чини билан айтяпсизми? Толстой, Бальзак тушунарли, аммо… бу Ялангтўш Сандиқов деганини эшитмаган эканман.
— Э, ноҳотки, ул зот ҳақда эшитмагансиз?! У киши сизга ўхшаган эпик ёзувчиларнинг пирику! Ул зот бизлардан чиқиб, ер юзининг ярмини ухлатиб қўйганлар! Асарингиз зўр! Бўлмасамчи! Ким айтди сизга асарингиз бир тийинга қиммат, уни тўғридан-тўғри аёққа обориб ишлатса бўлади деб! Бу шоҳ асар! Аммо уни жиддий проза шаклида ёзганингиз чатоқ бўпти-да. Ким нима деса десин, мен гапнинг пўст калласини айтаман. Одамлар тошини терсин! Сиз бундан кейинги давлат прозасининг отасисиз! Мен бу асарни жон деб ўзбек тилига таржима қиламан, агар сиз қарши бўлмасангиз. Сиз уни жиддий трагик эпопея кўринишда ёзгансиз. Мен бўлсам уни ижозатингиз билан эпик комедия намунаси сифатида таржима қилсам. Аммо-лекин, бироқ, иккимиз ҳам нақ Нобель мукофотини қўлга киритган бўлардик-да!..
— Мана дўстим, сиз шундай деяпсиз. Раҳмат сизга! Аммо жамиятимизда чин талантларни кўролмайдиган, газета-журналлар, ёзувчилар уюшмаларини эгаллаб олган собиқ истеъдодлар ростданам асаринг бир пулга қиммат, обориб аёққа ишлат дейишмоқда.
— Сиз парво қилманг. Нима Шолоховга осон бўлганми? Булгаковни биласиз, қандай азоблар чекмаган! Солженицинчи!? Ҳақиқий истеъдод топташлар йўли билан одам қилинади. Тушундингизми!?
— Раҳмат. Қулоқларимга ишонмайман. Наҳотки, бизнинг шароитимизда ёзувчини тушунадиган, асарининг қадрига етадиган муҳаррирни топиш мумкин бўлса?! Мени Зарафшонда, Навоийда мазҳара қилдилар. Тошкентда асарим устида юмалаб-юмалаб кулдилар. Ўқимаган молбоқарнинг тилидан ёзганмишман. Одам ўлдириш манзаралари ниҳоятида кулгили ва маза қиладиган даражада эмиш.
— Мен ҳам шуни айтяпман-да. Илья Ильф, Евгений Петровларни чангингизда қолдириб кетибсиз! Ва-ха-ха! Одамни кулдириб ўлдирасиз-э!
Хуллас, бу ижодкорни асарининг ниҳоятда оригинал эканига чиппа-чин ишонтирдим. Ва қўлига қайтариб бердим. Бўлмаса мен унинг ғаройиб асарини эшшакдай азоб чекиб икки ойча ўқишим ва унинг таҳлилига оид ярим соатлик маъруза тайёрлашим, ёш ёзувчиларнинг тўгарагида сўзлашим керак бўларди. У ерда менинг ғиждувонча усулим иш бермасди-да…
Мен уни ташқарига кузатиб қўяр эканман, шундай топшириқ бердим.
— Асар ниҳоятда вақтида ёзилган. Уни баъзи бир жузъий хатолардан тозалаб қайта — икки интервалда ёзиб чиқинг. Немисларни янада қаттиқроқ ва ялонғочроқ қилиб, қирқ инидан олиб сўкаверинг. Кейинги пайтларда ошкорасига, бемалол ҳатто онадан олишга ҳам изн бор! Амалдорлардан ўрнак олинг! Онасини эмсин немислар! Агар шундай қилсангиз китобингиз янада салмоқли бўлиб, саккизта шундай жилдга жо бўлади. Агар уни мен ўзбек тилига ўгирсам, камида ёстиқда-ёстиқдай ўн икки томли эпопея дунёга келади. Майли, таржима учун пул сўрамайман, Нобель мукофотига шерик қилсангиз бўлди…
— Мен бу ҳақда ўйлаб кўришим керак. Бирданига катта ваъда беролмайман…
— Майли, майли, жа бўлмаса таржима ҳақини берарсиз. Дарвоқе, айтингчи, бу асарни сиз неча йилда шу ҳолга келтирдингиз?
— Роса ўн икки йил бу асар устида ишладим. Беш марта сиёҳли ручка билан, икки марта машинкада кўчириб чиққанман.
— Яхши. Агар яна беш йилча бу асарни мухтасар қилиб менга олиб келсангиз, нари борса элликларга кираркансиз, одамлар саксон ёшида мукофот оляпти-ю…
Эҳҳе, беш йилдан кейин бу мени тутиб олсин!.. Шундай қилиб «буюк»ни жўнатиб қутилдим. Ўзиям мендан роса хурсанд бўлиб кетди.
Албатта, менинг бу оғзаки ҳажвиям ўтирганларга жуда маъқул келди ва гурра кулгилар билан бўлиниб турди. Орадан бир мунча вақт ўтди, овқат олиб келинди ва у «оқ чой» билан зўр кетди. Нимадир бўлиб мен Абдулла Шерга қараб, мулозамат қила бошладим:
— Абдулла ака, мен ҳамма қатори оригинал ва буюк ижодингизнинг мухлисиман. Сизнинг олдингизда мен учун Пушкин, Лермонтовларингиз ким бўлибди…
Абдулла ака бир юзи билан кулиб гапимни бўлди:
— Маҳмуджон, илтимос, шу ғиждувонча усулингизни менга ишлатманг!..
На фақат ҳамтовоқлар, кулгандан ўзимнинг ҳам ўлиб қолишимга сал қолди.