Маҳмуд Бўрон. Садоқат (ҳажвия)

Қишлоқнинг кун чиқар томонидаги ҳовлининг лойсувоқ, пастқам иморатлари уни ўраб олган ўриклар орасидан кўзга ташланиб туради. Бу ер ҳамиша сокин. Қишлоқнинг асосий тўпари бу ердан бир чақиримча нарида, сон-саноқсиз дов-дарахт ичра кўркам бўлиб кўзга ташланади.
Зоир амаки узоқдан қараганда кимсасиздек, жим-житдек кўринадиган ҳовлида ўз таъбири билан айтганда биринчи севгиси ва асосий душмани Мастон буви ва неваралари билан яшайди. Зарафшон, Навоий ва Бухоро шаҳарларида яшаб-ўқийдиган етти невара навбати билан чол-кампирнинг ёнига қочиб келишади. Бундай қараганда одам боласининг бундан-да фароғатли бахти бўлмаса керак. Аммо… инсонларга хос жиҳатлар нафақат гавжум шаҳарларда, балки ана шундай сокин гўшаларда ҳам содир бўлиб туради.
Мана бугун кампиршо тонгданоқ чолининг ғашига тега бошлади.
— Бобой! Бугуноқ анави мерцингизни кўзимдан бадарға қилинг! Жонга тегди. Текин нишхўрдни қачонгача куртиллатмоқчи бу қари эшагингиз!? Худо кўрсатмасин, мабодо жони чиқиб қолса, ҳаммага салма бўлади. Аравани қўш, ўлигини орт, жарликка обориб ташла. Ундан кўра, ўлмасидан жарликка обориб ташланг!
Зоир бува ичида бир тутақди. Аммо ўзини босди. Эртаминандан оиласида жанжал кўтаргиси келмади. Яна эсига ўзининг эски армони тушди…
Бу кампир шафқатсиз, бераҳм. Ҳамма нарсадан фойда излайди. Фақат ўзини ўйлайди. Мана шу эшаги ёш, кучга тўлган пайтларда роса рўзғорларига яраганди. Ўша пайтларда хотини шахсан ўзи супа пастидаги бедадан ўриб унинг олдига ташларди.
—    Эшагимизнинг олдида от бекор, узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қиляпти, — дерди.
Энди бўлса, йўқотингмиш…
Бечора мерседец!.. Қариб энди керагинг бўлмай қолдими. Чолнинг ёдига лоп этиб ўзининг эртаклари тушиб кетди… Унинг икки эртаги бор эди. Бири — «Зумрад ва Қиммат», яна бири «Олтин балиқча» эди. Чол бу эртаклардаги чолларни ўзига, кампирларни эса кампирига менгзарди. Баъзан кампири унга шунақа куракда турмайдиган, инсоф доирасига сиғмайдиган ишлар буюрар эдики, бу Зоир буванинг диёнатига тўғри келмас, шу сабабдан кўпинча иккиси ғижиллашиб қолишарди. Мана, бугунги топшириқни қаранг. Шунча йиллар жонига оро кирган, оилага катта хизматлари сингган эшагини жарликка ағдариб келиши керак эмиш. Эҳ, ноинсоф, ноинсоф…  Ўзинг қариб, кучдан қолганингда биров шундай қилса нима дердинг!..
Зоир бува елкасини қисиб бемақсад гоҳ товуқхона томонга, гоҳ моллар боғланган хасайвон томонга ўтарди. Ниҳоят, фикрини бир жойга жамлаб, кечагина ўрилган бедадан бир сиқим олиб офтобрўя жойга — ҳовлининг кун ботаридаги кекса тутга боғлаб қўйилган эшагининг олдига борди-да, ҳасратли бир оҳангда:
—    Эҳ, Мерседец, бу кампирнинг кимлигини биласан-у. Калтабин кимсадан ўпкалаб бўлмайди. Нима дейсан, сочи узун бир жонзот-да. Мен сени хафа қилдириб қўймайман, — деган кўйи қўлидаги ўтни эшакнинг олдига ташлади.
Мана, ҳафтаки, эшакнинг иштаҳаси йўқ. На беда, на томарқадан терилган сархил ўтларга оғиз урадиган аҳволда эмасди. Уни бетоб ҳам деб бўлмасди. Мажолсиз, гуё ҳаётдан умидини узиб, ўлимини кутаётган, тўқсонларни ортда қолдирган кампиршога ўхшаб қолганди. Турганда зўрға турар, юрганда ҳолсиз жойидан силжир эди. Зоир бува ҳам раҳми келиб, ҳам ҳафсаласи пир бўлиб эшагига қараб турарди. Чол табиатан раҳмдил эди, бир кичик мушукчами, бир кичик кучукчами йўлидан чиқиб қолса, ҳовлига кўтариб келар, уларни набиралари билан авайлаб боқиб, «одам» қилиб юборгиси келар, аммо кампир биринчи лаҳзаданоқ унинг рўпарасидан қовоқларини уюб чиқиб келар ва бошларди:
—    Йўқотинг бу ҳаромхўрларингизни! Ўзи шундоқ ҳам икки ит, икки мушугимиз ўзидан кўпайиб ётибди-ю…
Ва шу кўйи чолу кампирнинг нимаси биландир буюк драматургларнинг кескин ғоя ва зиддиятларга бой пьесаларига ўхшаш саҳна кўринишлари ҳовли саҳнида ўйнала бошларди:
—    Эй, кампир, сен савоб деган нарса ҳақида эшитганмисан? Яратганнинг ўзи жониворларга меҳрибонликни бизга вазифа қилиб қўйган. Етим-есир, уй-жойсиз, боқувчисини йўқотган жониворларга меҳр берганга ўзи меҳр ваъда қилган! — дерди бобой телевизорда кўрган бирор қаҳрамонга ўхшатиб. Шу топда унинг овози ҳам машҳур актёрнинг овозига ўхшаб кетарди.
—    Нима, ман, жониворларга меҳрибон бўлмай қолдимми? Ман-а!? — дерди кампир ҳам телевизор сериалидаги аллақандай актрисага ўхшатиб. — Мана бу — қўйларнинг қўзичоқлари, эчкиларнинг улоқчаларига сел келган паллада ким сут беряпти? Сигирларимизнинг бузоқчаларини ким бағрига олиб, она сути билан сўскада эмириб келяпти? Бу меҳрибонлик намунаси эмасми, бобой!? Сўзингизда адолат қани!?
—    Бу гапингда жон бор. Ҳа, сан, улоқча, баррача ва бузоқчаларга меҳрибонсан! Бироқ, бу меҳрибонлигинг орқасида манфаат ётибди. Сан ўз манфаатинг йўлида уларга меҳрибонсан. Агар улардан ҳам кучукчалар ва мушукчалар каби фойда бўлмаганда шу ишларни қилармидинг?!
—    Жа, зарил кеганакан-да!.. Бир ками ҳаромхўрларнинг тегирмонига сув қуймаганим қолувди.
—    Мерц санга нима ёмонлиқ қилди? Бир умр уни худди эркакни мингандек миндинг! Санга олти қорин бола туғиб берди. Унинг болалари вояга етгач, сотиб, ўғил-қизларингнинг тўйларига ишлатиб юбординг. Энди бечора қариб, кучдан қолганда жарликка обориб ташланг, дейсан! Санда диёнат борми ўзи!?
—    Нима, бобой, сиз уни пенсияга чиқармоқчимисиз!?
—    Неча кунлик умри қолган бўлса, тингчгина ризқини есин. Ўлиб қолса, мана, ман кафил, ўзим иззатини жойига қўйиб, лалмидаги тепаликка кўмиб келаман.
Худди ана шундай манзара кейинги кунларда бот-бот қайтарилар, ниҳоят, бобой бир гапдан қолиб, нарилаб кетарди.
Охири бўлмади. Ҳамиша бўлганидек кампир ғалаба қилди. Бобой бошқа бир пухтароқ фикрга келди. Яхшиси, у Мерседецни Денов қишлоқлик жўраси — Барака чўпоннинг қўрасига обориб қўяди. Шугинага бошпана бериб тур, оғайни, дейди. Бу беш кунлик дунёда, қолган бўлса, бир кун-ярим кунлик умри қолгандир, дейди.
Зоир бува эртаси куни азонда туриб, дўпписини бошига қўндириб, енгилроқ яктагини кийди-да, оёғига ўғли шаҳардан келтириб ташлаб кетган эски саллоти бошмоқни кийиб олди. Қари эшагини тўқимламади. Энди унга тўқим керак эмас. Чол мажолсиз эшагини етаклаб юқорига — чўл томонга ўрмалаган кўйи чиқиб кетди. Агар тўғрига юриб, лалми ерлардан ўтиб, рўпарадан келадиган қизил тепаликлардан айланиб, йўлни чапга солиб, ўн чақиримча ёнтоқ аралаш явшанзорлар оралаб кетилса, Барака чўпоннинг отаридан чиқиш мумкин эди. Бобой ёнида мажолсиз оёқларини босиб, зўрға силжиб келаётган қари урғочи эшакка дардини айтиб келарди:
—    Мерц, бу кампирнинг кимлигини ўзинг биласан. Жуда қайсар, гап тингламас хилидан. Айтганини қилмасанг, қиёмат қойим бўлади. У қизлигида, хотинлигида қанақа эди! Жуда меҳрибон, меҳнаткаш эди. Кўрдингми, ҳаёт уни қанақа қилиб қўйди!? Лекин мен сиз эшакларга қойилман. Ёшликда ўйноқи бўласиз, вояга етиб меҳнаткаш, мушфиқ бўлиб оласиз. Қаригач ҳам ўша-ўша эшшакларсиз. Ҳеч ўзингиздан кетмайсиз. Мудом камтарона бош эгиб, хўжайинларнинг хизматида бўласиз. Ҳеч кимнинг ҳақини емайсиз. Сизларни эшшакдек ишлатиб, қулнинг ҳақини беришади. Еганингиз ажриқ, нишхўрд. Ётган жойингиз ҳатто сайисхона ҳам эмас.
Зоир бува жониворларга худди одамга меҳр қўйгандек меҳр қўяр ва бир умр бунинг азобини тортиб келарди. Агар боқиб катта қилган бирор қўчқорими, ҳўкизини бозорга оп тушиш керак бўлса. Йўл-йўлакай худди ҳаммасига кампири айбдордек, ундан хафа бўлиб кетаверар ва жониворга аслида бунга ким сабабчи эканини эслатиб, миз-миз йиғлаганча кетаверарди.
Зоир бува то жўрасининг қўрасига боргунча меҳнати ҳалол-у, ўзи ҳаром, ҳақ-ҳуқуқи топталган жониворга ачинганча ҳасратли ўйларга тўлиб борди. Барака чўпон жўрасининг илтимосини ерда қолдирмади:
—    Майли, юраверсин. Ана, хашак, янтоқни ғарамлаб ташлаганман. Агар ем еса, болаларга айтаман. Бир сиқим ем ҳам бериб туради. Фақат, тулпорингни тушовлаб кет, жўра…
Зоир бува жўрасидан мамнун бўлиб ортга қайтди. Руҳи кўтарилди.  Хайрият, дунёда яхши одамлар ҳам бор! Бироқ эшакни тушовлагани қўли бормади. Нима, тўполон қилармиди… Эшаги охирги кунларини маломатда ўтказмайдиган бўлди… Ким билсин, балки ем еса, кучга тўлиб, батамом тузалиб кетар…
Чўлдан жуда ҳориб қайтган экан, чолнинг кўзи кампирнинг сериали бошланмай илди. У донг қотиб ухлаб қолди.
Эрталаб кампирининг одатий шанғиллашидан уйғониб кетди.
—    Э, ҳаром қотгур-а. Яна келибди-я! Ҳой, бобой, туринг! Ўргатилган маликаи-ҳусниободингиз яна қадам ранжида қилибдилар! Ўн чақирим нарига, ишончли одамларга топшириб қайтганмишлар! Ана, чиқинг! Қадамларига ҳасанот деб кутиб олинг!
Зоир бува қўл-оёқларининг пайлари оғриб, суяклари зирқираб, ноилож ўрнидан туриб, деразадан ҳовлига кўз ташлади. Наҳотки!.. Кечагина «курорт»га обориб қўйилган мерц чолнинг деразасига термилиб турар, чамаси кулимсираб турганга ўхшарди. Хўжайиннинг кўзлари катта-катта очилиб кетди. Мерц! Шунча жойдан-а! Шунча хашак, таролло емхонани ташлаб-а!..
Зоир бува деразани ланг очиб юборди. Думоғи чоғ бўлди. Ишшайиб, содиқ қули, қари эшагига суюниб қараб тураркан гап ташлади:
— Мана!.. Эшшак, эшшак дейишади! Қани энди баъзиларда манави мерцимнинг садоқати бўлса!