Уни кўрдиму юрагим орқага тортиб кетди. У тобутдек тебраниб бораётган вагон тамбурининг бир бурчида чўнқайиб ўтирар, ҳар бир ўтиб қайтувчини қон нуқси урган кўзлари билан қизиқсиниб-қизиқсиниб, бош-оёқ кузатиб қоларди.
Мен тамбурга чекиш учун чиққандим. Унга кўзим тушди-ю, сесканиб кетдим, бу ҳам етмагандай, беихтиёр саломига бош ирғаб юборибман. Бизни шу аҳволда четдан кўрган киши эски танишлар экан, деган ўйга бориши аниқ эди.
Балки у чиндан ҳам кўзимга иссиқ кўрингандир? Яўғ-э, бу нусхани биринчи марта учратишим. Балки қўрқув аралаш бош ирғаб юборгандирман?
Мен ўз қилмишимдан уялиб кетдим. Кўнглимга ҳижиллик чўкди. Одатда, таъбим тортмайдиган, иззатим кўтармайдиган иш қилганимда кўнглим шундай ғашлик уяси бўлиб қоларди.
Мен ўзимни ғирт бепарволикка олиб, лабларимга аъло нав булғор сигаретидан қистирдим. Сўнг, гугурт чақа туриб, киши билмас, ер остидан унга бир қараб олдим. У ҳамишагидек, мени ҳамон синчиклаб кўздан кечирар, зўр бир қаҳ-қаҳа отишга чоғланаётгандай лаблари аҳён-аҳёнда ёноқлари томон ёйилиб-ёйилиб кетарди.
Мен тамбурнинг қўш ойнали деразаси томон юзланиб, ўзимча ташқарини кузатаётган киши бўлдим. Афсуски, ташқари аллақачонлар қуюқ қоронғулик қаърида қолган эди. Шу боис, ойнада ўзимнинг ажабланган, ғашланган турқи-тароватимдан бошқа ҳеч нени кўра олмадим.
Қизиқ, у ростакамига қаҳ-қаҳ урмоқчимикан? Шунчалар хурсандмикан занғар? Ундай бўлса, бу сассиқ танбурда нима қилиб ўтирибди, наҳотки, шундай шодмон одамнинг купеда жойи йўқ?! Э… э, балки у телба-девонадир? Ўз-ўзидан илжаяверадиган ақли пастдир? Рос у тентак!
Менинг худди шу хулосамни тасдиқлагандай поезднинг олд томонидан паровознинг узун ўкириги эшитилди. Темир ғилдиракларнинг тарақа-туруқ овози кучайди. Вагонлар зардали-зардали тебрана бошлади. Афтидан, поезд бошқа йўлга ўтмоқда эди.
— Ака, чекишингиздан беринг.
Шундоқ ёнгинамда эшитилган товушдан чўчиб тушаёздим. Қарасам, ҳалиги нусха қимтинибгина қўл қовуштириб турибди. Унинг «ака», дейиши ёғдек ёқиб дарров, сигарет қутимни унга узатдим.
Бу нусханинг ёши, нари борса, йигирма иккиларда эди. Унинг кўпдан бери сув кўрмай ҳурпайиб кетган сочларига, кир-чир қўлларию уст-бошига қараб, дарҳол, лўли бўлса керак, деган хаёлга бордим.
У қутичамдан суғуриб олган сигаретни анча вақт эзғилаб туриб қолди; ҳойнаҳой, у ҳам, барча тилаб чекувчилардек, сигарет изидан гугурт сўрамоққа иймандётган бўлса керак. Унинг одоб сақлаб туриши менга ёқди.
Олифталарча гугурт узатдим. У шошиб гугуртни оларкан, раҳмат, деди. Жилмайди. Тамбурдаги кирланиб кетган чироқнинг хира ёруғида унинг қорамағиз юзи баттар қорайиб кўринарди. Юз-қовоқларида, бурнида бир вақтлар орттирган жароҳат излари яққол кўзга ташланиб турар эди. Назаримда, у ҳар куни дўппослашадиган урушқоқ кўчабезориларга ўхшарди.
Мен ўзимни яна бепарволикка солдим. Аммо, қанча уринмайин, қизиқишим тобора ортаётганидан унга тез-тез кўз ташлаб олардим.
Кутилмаган шеригим сўраб чекса ҳам, чакана кашанда эмас экан: уч тортишда сигаретни яримлатди. Қурмағур ҳар пуфлаганида оғиз-бурнидан бурқситиб тутун чиқарар эди. Унинг бу қилмиши мени кўп ажаблантираётган бўлса-да, негадир, андек ёқинқирамай ҳам турарди. Ахир, зиёли одамнинг олдида… яхши эмас.
Шеригим ўқтин-ўқтин лабини ялаб, кетма-кет ютиниб катта тайёргарлик кўрувига қараганда, гурунглашмоқ истарди. Лекин у сўз бошловга ботинолмасди чоғи, мен томон умидвор-умидвор кўз ташлаб қўярди. Мен эса ўзимни ҳамон лоқайдликка, совуққонликка олардим. Ниҳоят, унинг тоқати тоқ бўлди. Бир томоқ қириб олиб:
— Саёҳатга кетаяпсизларми? — деб сўради у. Мен вазмин бош ирғаб, «ҳа» ишорасини қилар эканман, ажабланганимдан шерикни беихтиёр бош-оёқ кузатиб чиқдим. Қизиқ, ёлғиз эмаслигимни қаёқдан билди у?
— Қирқ киши бир вагонда келаяпсизларми? Унинг иккинчи сўрови мени тамом довдиратди. Ахир ҳақиқатан биз қирқ киши эдик. Узоқ бир шаҳарни мўлжаллаб саёҳатга чиққандик. Тамбурдан сал наридаги купеда мен уч ўртоғим билан жойлашганман. Қизиқ, биз ҳақимизда қаердан билади у?!
Билағон шеригим хунукдан-хунук ҳомуза тортиб, яна алланимадир деди. Шу пайт чап томондан узун бир эшелон шиддат билан ўтди-ю, қулоқни қоматга келтирувчи шовқин-суронда унинг гапини тушунмай қолдим. Шундай бўлса-да, «ҳа» деб бош силкитдим.
Эшелон ваҳшат солиб ўтиб кетгач, тамбурга жиндек осойишталик инди. Бу орада кутилмаган шерик қулоқ-чаккасини кўмиб кетган сочини зўр бериб, аммо ҳузур билан қаршилади.
— Эртага эрталаб фалон шаҳарга етсак керак-а?— деб сўради у, негадир кулимсираётган кўзларини менга тикиб.
Мен елка учирдим. Тўғрисини айтсам, бу нусха мени хийла қизиқтириб қўйди. Ажаб, уст-боши бир аҳволда-ю, яна тинмай илжайишига, бошқа киши олдида ўзини эркин тутиб, нақ қучоқлаб олгудай бўлишига бало борми?
Унинг афт-ангорига энди ошкора ҳайрат билан қараб турарканман, бир пайт юрагим «шув» этди. Негалигини билмадим-у, миямда нохуш фикрлар ялт-юлт эта бошлади. Балки, бу нусха ўғридир?! Тавба, нега шу ўй эртароқ бошимга келмади-я? Оббо, қип-қизил ўғри эканлиги шундоққина кўриниб турибди-ку?! Мени гапга тутишлари бежиз эмас. Занғарнинг бошқа ерда шериклари ҳам бор-ов? Бу нусхани биз ҳақимизда маълумот тўплашга юборган улар! А-ҳа, манови, афтидан, бизникилардан ким биландир гаплашган ҳам…
Гўё шубҳаларимни тасдиқлагандай, бир маҳал, кутилмаган шерик яна сўроқ қилиб қолди:
— Биринчи купеда бошлиқларингиз борми, дейман? Назоратчи нуқул ўша ерга чой ташийди.
Мен билинар-билинмас бош ирғар эканман, баттар хавфсирардим. Аммо, тан олиш керак, тафтишчининг гап оҳангида ҳеч бир қароқчилик аломатлари сезилмасди. У ҳаддан ташқари илиқ муносабатда бўлар, тамакидан сарғайиб кетган тишларини кўрсатиб, тинмай табассумлар ҳадя этар эди. Кўрган киши, хоҳласа-хоҳламаса, икки оғайни узоқ айрилиқлардан кейин учрашиб қолганлар, деб ўйларди.
Бироқ, унинг бари соф — самимий муомалаларини мен ўз шубҳаларимга ем қилар, манов нусхага ишонмасликка ўзимни-ўзим даъватлар эдим. Тўғри-да, ўғри ҳеч қачон, «мен — ўғри» демайди-ку? Илжаяди, хўмраяди, ишқилиб, ўзини кўнгли тоза, самимий кўрсатмоққа тиришади. Иш пишгач, шартта бўйнингга пичоқ тирайди. Ана, кейин кўраверасан ҳар икки гапида «ака» дегувчи мулойим супургининг ҳунарларини!
Поезд шитоб билан елиб бормоқда. Вагон ва темир «туёқ»ларнинг шарақа-шуруқ, тарақа-туруқ қилиши асаб торларини ғоят таранглаштирарди. Бу томонларга аввал йўлим тушмаганлиги сабаб қай бир манзилда кетиб бораётганимизни билмасдим. Боз устига, вақт кеч — ҳуфтон маҳалига яқин бўлиб, тамбур деразаси ортида қоп-қора қоронғиликдан бошқа ҳеч нарса кўзга ташланмайди.
Кутилмаган шерик тамбурни обдон қараб чиқаркан, бир пайт:
— Бу ерни нимага ўхшатасиз, ака? — деб сўради. Мен одатдагидай елка қисдим. Лекин номига бўлса-да атрофимга кўз югуртирдим.
Ҳамма матоҳи темир-терсакдан бўлган оддий вагон тамбури. Тепада хира чироқ. Оёқ остида сигарет қолдиқлари, қоғоз, латта бўлаклари сочилиб ётибди. Кўкиш рангга бўялган темир «девор» — тамбурнинг нақ ҳурмат китоби деб ўйлайсиз. Унга кимлардир ўз исмини, шаҳрининг номини ҳафсала билан ўйиб ёзган. Ҳатто яна аллаким нўноқларча юрак ва найза тасвирини ҳам туширибди, анъанага хилоф равишда найзанинг икки учига катта-катта ҳарфлар ёзишни унутибди. Ким билади, балки шошиб тургандир?
Ҳалиги нусха ҳануз ишшайиб, мендан кўз узмай жавоб кутарди. Мен лабимни чўччайтириб яна елка учирдим. У эса чекиб тугатган сигарети қолдиғини оёқлари остига ташлаб эзғилади-да, чопиб бориб, ўша жойига боягидай чўнқайиб ўтирди. Тиззаларига икки тирсагини қўйиб, рапидадек қўлларига иягини тираб, менга кулимсираб қараркан:
— Энди-чи? Энди нимага ўхшатаяпсиз? — деб сўради у. Гўё бу лаънати тамбур нимага ўхшашини билмоғим шартдай.
Мен бепарво сигарет тортдим. Унинг ўзини талабчан отадек тутиши менга ёқмаётган эди. Оғиз-бурнимдан чиқаётган қуюқ дуд ачиштирган кўзларимни ярим юма туриб яна бош чайқадим.
— Турма. Бир кишилик камерага ўхшайди, — деди у ўрнидан туриб, — ё нотўғрими?
Мен унинг сўровларига жавоб бермоқни ўзимга эп билмасдим. Аммо кўнглимнинг қай бир бурчида эзмавойга нисбатан илиқлик силқиб чиқмоқда, бояги гумонларим табиатимга бўйсунмай, асов айғирдек орқага тисарилмоқда эди.
— Уч кун олдин қамоқдан чиқдим, — деди у ботинмайгина.
Мен нима деяримни билмай қолдим. Ахир, қамокдан қутулган одамни биринчи марта учратиб турибман. Нима қилай, табриклайми, «балли, сизга» дейми, ё «об-бо-о, чатоқ бўпти-ку», деб ачинган бўлайми?
Бўғзимдан маънисиз «э» деган қисқа ва заиф товуш чиқди. Жабрдийда бу маҳал хира чироққа термулиб турарди.
— Турмани одам боласи кўрмасин экан, ака, — деди у қулт этиб ютиниб. — Одам боласи кўрмасин…
Шу лаҳзадаёқ кутилмаган шерикнинг кўзларига хаёлчан маъюслик бостириб кирганини пайқаб қолдим. У устма-уст хўрсинди-да, менга яна жилмайиб қаради:
— Энди ҳаммаси орқада. Ана энди… — жабрдийда шундай деди-ю, бақувват қўлларини негадир мушт қилди. Билмадим, нега, балки бирортасини «ана энди» дўппослар, балки «ана энди» мустаҳкам бўлганини кўрсатмоқчидир?
Мен чекиб бўлинган сигарет қолдиғини оёқларим остига ташлаб, шошилмай эзғиладим. Кутилмаган шерик кетмоққа шайланаётганимни кўриб бир чўчиб тушгандай бўлди, йўқ, ростдан ҳам чўчиб тушди у!
— Боя, — деди ажаб нусха шошилинч томоқ қириб оларкан, — чўнқайиб ўтирганимни кўриб ҳайрон қолгандирсиз. Тентак бўлса керак, деб ўйлагандирсиз, тўғрими?
Мен зўраки илжайдим. Тентаквой эса яна чопқиллаб бориб ўша жойига чўнқайиб олди. Илжайди.
— Қамоқда, — деди у яна кўзларини хира чироққа қадаб, — тонггача шундай ўтирардим. Мени кўпинча бир кишилик камерага қамашарди. Камеранинг бир бурчагида шундай ўтириб тонгни кутардим. Эҳ…
У шундай деди-ю, сиқиб, сўнг қўйиб юборилган пружинадай сапчиб ўрнидан туриб кетди.
— Эҳ, — деди у эҳтирос билан қўл силтаб, — энди ҳаммаси орқада. Энди елкамнинг чуқури кўрсин у камера-памерасини. Мен энди… мен энди…
Ажаб нусха роҳатланиб керишди. Кўзларини сузиб жилмайди. У айни чоғда қорни тўйган гўдакка ўхшаб кетган эди.
Мен ҳам вазмин бош ирғаб илжайиб кутилмаган шерикка ҳамқувончлик кўрсатган бўлдим. Аммо, кўнглим нимадандир ғаш эди. Мен кетиш ниятида, вагон эшиги томон бир қадам ташлаб хайрлашув учун энди қўл чўзмоққа шайланганимда у яна шоша-пиша гап бошлаб қолди.
— Ҳалиги, — деди у, мени суҳбатга қизиқтирмоққа жон-жаҳди билан ҳаракат қилиб. — Ҳалиги… мен камерада шунчаки чўнқайиб ўтирмасдим. Қаранг…
У шундай дедию чўнтагидан газетага ўроғлик оҳак бўлагини чиқарди. Ажаб, у чўнтагида доим оҳак бўлаги олиб юрарканми? Ё вагон назоратчисининг челагидан топганми? Балки бирор станциядан, поезд тўхтаган чоғи териб олгандир, ким билади дейсиз?
— Ҳозир, ҳозир… — лўливой шундай деди-ю, ҳалиги ҳурмат китобига айланиб кетган тамбур деворини шошиб, ютоқиб бўяшга тушди.
Мен унинг ҳар бир хатти-ҳаракатини кузатарканман, ҳайронлигим тағин кучайди. Қизиқ, намунча менга ёпишиб олди бу нусха? Негадир тамбурдан кетишимни ҳеч истамаяпти? Унинг «кетма» дегандек ёлвориб қарашлари, бошимни айлантирмоққа ўлиб-тирилишлари, негадир ботқоққа чўкаётган одамнинг дуч келган хас-хашакка ёпишишини эслатиб юборарди. Об-бо, ғоят антиқа чиқиб қолди-ку бу оғайним.
У ҳаш-паш дегунча ишини тугатди. Афтидан, у бундай майнавозларча бўёқчилик билан жуда кўп шуғулланган кўринади.
— Қаранг, — деди майнавоз, оҳак юқи бўлган қўлларини пуфлаб тозаларкан. — Қаранг, ака, жуда зўр бўлди бу гал, кутмагандим.
Мен икки қадам олға юриб у ишора қилган жойга қарадим. Кўрдимки, ўша — ўйиб-чизиб ташланган тамбурнинг «девори» оппоқ тусга кирибди. Темир девор оқ — оппоқ эди.
Мен ҳеч вақога тушунолмай ажиб нусхага ўгирилдим, У худди мушкулимни осон қилиб қўйгандай, оғзи қулоғида, талтайиб турарди. Сўнг, менинг ҳайрон қотганимни кўрди-ю, шошилинч тилга кирди:
— Қаранг, яхшилаб қаранг, ака. Нимани чиздим мен. Унинг ҳаддан ташқари эзмалиги нақ ҳиқилдоғимга келган бўлса ҳам яна бир карра қизиқиш билан оппоқ гемир деворни кўздан кечириб чиқдим. Аммо, бу лаънати бўёқчиликдан ҳеч қандай маъно уқа олмадим. Менинг жуда қийналиб кетганимни, сабр косам тўлиб-тошаётганини эзма дарров пайқаб олди. У кетиб қолишимдан чўчиди шекилли, ҳовлиқа-ҳовлиқа илтифот қила бошлади:
— Чўнқайиб қаранг, ака, чўнқайиб. Анови — мен утирган жой қулайроқ, тортинманг, чўнқаяверинг.
Шу чоғ тамбурда башанг кийинган қандайдир кимса лайдо бўлди. У беш-олти вагондан ўтиб келаётган бўлса керак, билинар-билинмас ҳансирар, юзига қизиллик тепганди.
Ўткинчи бизнинг вагон томонга зипиллаб ўтаркан, ҳаяжонда тинмай типирчилаётган ажаб нусхага, оппоқ девор ёнида гангиб турган — менга қизиқувчан нигоҳини бир-бир қадаб олди. Ҳатто кинояли ишшайгандек ҳам бўлди. У бизни тамбурга амал-тақал қилиб, илашиб олган дайдилар, деб ўйлади чоғи.
Ажаб нусха, гўё қадрдон ошнасини кўриб қолгандек, ҳеч бир тап тортмай, ўткинчига устма-уст кўз қисди. Бу ҳам етмагандек, изидан «даврамизга марҳамат», деди қўлини кўксига қўйиб.
Мен бошим қотган бир аҳволда турган бўлсам-да, унинг таклифидаги самимий лутфни илғаб қолдим! У етти ёт бегонанинг олдида ҳам ўзини элга ош бераётган, қўли очиқ, кўнгли кенг бойвачча мисол тутиши мени қандайдир завқлантириб юборди ва беихтиёр пиқ-пиқ кула бошладим.
Эзманинг лутфи карами, менинг ҳиринглашим бир сония бизга анграйиб қолган ўткинчининг кўнглига ғулу солди, ҳойнаҳой, у зинғиллаб вагон ичкарисига уриб кетди. Афтидан, у қимматбаҳо кийимию сўлкавой лиқ тўла ҳамёнини биздан қизғанди. У олий зот энди тонг отгунча бу тамбурдан қайтиб ўтишга ботинолмас-ов.
Ўткинчи кўздан йўқолиб, вагон эшиги қарс этиб ёпилди-ю, мен дарҳол ўзимга келдим. Бемаъни бир жумбоққа бемаъниларча бош қотириб ўтирганимдан уялиб кетдим. Устига устак, ҳалиги ўткинчининг масхараомуз ишшайгани кўз олдимга келиб кетди-да, иззат-нафсим кўзғолиб, ажаб нусхага аччиқланганнамо ўқрайиб қарадим. У ҳам портлашим яқинлигини сезди шекилли, эгардан тушмаса ҳам ҳар қалай отдан тушиб гап бошлади:
— Майли, ака, овора бўлманг. — Унинг овози энди бироз ҳорғин ва руҳсиз эшитиларди. — Майли, ўзим тушунтираман. Бу сизга қандай билмадим-у, лекин менга жуда оддий.
Эзма ўз бурчагига бориб яна чўнқайди-да, бир-икки ютиниб олгач гапида давом этди:
— Камера деворини ҳам шундай оққа бўярдим-да, тонг отгунча термулиб ўтирардим. Ҳеч чарчамасдим. Мумкин, сизга кулгилидир, мумкин, мени тентакка чиқарарсиз, лекин барибир гапиравераман.
Ажаб нусха шартта ўрнидан турди-да, ўша бўялган жойига яқинлашди.
— Шу оқликка термулсам ўзимни кўм-кўк осмонда, оппоқ булутларнинг орасида озод учиб юргандай ҳис қиламан. Термулганим сайин шу оқликка сингиб кетаётгандай бўлавераман. Эҳ, нимасини айтай, ўша бетон деворларнинг оққа бўялган бир қулочча жойи мени уч йил омон сақлади, уч йил!..
Жабрдийда ҳар бир сўзини сарғайган тишлари орасидан суғириб-суғириб гапираркан, менга бир марта ҳам қарамади. У фақат ўша — бўялган жойга тикилиб турарди. У, гўё мени унутган, мутлақо унутган эди!
— Эҳ, — деди жабрдийда, ниҳоят, менга ўгирилиб. — Бекорчи нарсаларни гапириб ўтиришимга қаранг. Бунинг ҳаммаси бемаънилик, ўз-ўзини алдаш. Худога шукур, энди ҳаммаси орқада, ҳаммаси ўтди. Мен энди озодман! Мен озод! Менга энди ҳеч бир оқлик — поклик керак эмас. Мен энди одамлар орасидаман! Ҳа-ҳа-ҳа…
Ажаб нусха қувонч ва эҳтирос билан елкамдан қучди. Унинг танидан анқиётган қўланса ҳиддан жирканибми, ё шунчаки чўчибми — беихтиёр орқага тисарилдим.
Ажаб нусха ҳамон тинимсиз алжирарди:
— Камера-памерасини ҳам, оқ деворини ҳам елкамнинг чуқури кўрсин. Энди жиннига ўхшаб чўнқайиб ўтириш йўқ, энди фақат шахдам қадамлар…
У шундай дедию тамбурни гумбурлатиб, икки-уч қадам ташлади. Мен унга шоша-пиша йўл бера туриб вагон эшигини қия очдим. Охири, елимдек ёпишиб олган бу нусханинг олдидан тезроқ кетишга узил-кесил қарор қилгандим.
— Ака, йўл бўлсин? — деб сўради у писмиқланаётганимни сезиб.
Мен зўраки илжайдим:
— У ёқда… дўстлар кутиб қолишди.
— Мени купенгизга таклиф қилмайсизми? — деб сўради ёпишқоқ аллақандай нозланган, эркаланган оҳангда.
Унинг жиддий ё ҳазил гап қилганини билолмай саросимада қолдим. Наҳотки жиддий — сурбетлик қилаяпти? Йўғ-э, ҳазиллашаётгандир? Жиғимга тегмоқчидир, ярамас?!
Негадир унинг таънали сўровлари менга ҳазилдай туюлди-ю, у барибир бормайди, деган умидда шер бўлиб:
— Марҳамат, — дедим олифталарча қучоқ кериб. Аммо кароматим чиппакка чиқди. Ёпишқоқ ташаккурона бош ирғаб изимдан эргашди. Мен сипогарчилигимдан қаттиқ пушаймон бўлдим. Начора, энди кеч эди.
Поезд пишқириб, ҳаллослаб елгани-элган. Вагон асабий-асабий чайқалмоқда.
Биз купега кириб борганда ўртоқларим ҳали ухлашмаган экан. Юқоридаги икки жойда Бой билан Жон чўзилиб олишган. Бой аллақандай расмли журнални суқланиб томоша қилмоқда. Жон эса олифтагарчиликка кўтариб юрадиган қалин китобни варақлагани-варақлаган. Пастки икки жойдан бирининг эгаси менинг қўшним Бек одатдагидай алмисоқдан қолган магнитофонини титкилаб ўтирибди.
Улар менинг жуфт бўлиб қолганимни кўриб, бир зум анграйиб қолишди. Мен айбдорона илжайдим. Сўнг шеригимни ўтирмоққа ундай туриб, кескин масхараомуз оҳангда:
— Танишинглар, бу киши бизнинг ошно, — дедим. Шу билан гўё келган меҳмон ҳеч бир эътиборга лойиқ эмаслигини дўстларимга ошкор қилган бўлдим.
Меҳмон ўзини тантанали учрашувда деб ҳис қилди чоғи, қўйиб берса ўтирганларнинг ҳар бири билан қучоқлашадаган даражада ҳаяжонланиб, саломлашувга тутинди.
Бой билан Жон ётган жойларидан эринибгина қўл чўзишди. Бек эса кўриша туриб, ўрнидан хиёл қўзғалиб қўйди ва яна ўз юмушига шўнғиб кетди.
— Бу киши — Бек, буниси — Бой, буниси — Жон, — дедим ҳар бир дўстимни қўноққа кўрсатиб. Аммо шу пайт танишимнинг исмини ҳалигача билмаслигим, у ҳам меникидан бехабарлиги лоп этиб ёдимга келди-ю, оз-моз мулзам тортиб қолдим. Лекин гапимнинг охирини усталик билан ҳазилга буриб юбордим:
— Мен эса — ўша-ўша Қулман.
Афтидан, шу орада қўноғимиз ҳам ўзини таништирмаганини эслаб қолди шекилли, дарров ўз исмини тилга олди.
Биз ҳалигача бир-биримизни билмаслигимизни пайқаб қолган Бой билан Жон пиқ-пиқ кулишдилар. Ишга астойдил берилиб кетган Бек эса гап нимадалигини билолмай ҳаммамизга бир-бир анграйиб чиқди.
Ажаб нусха кулгиларга кўп ҳам эътибор бермай, гўё ўзининг юз йиллик уйига киргандек бемалол жойлашиб оларкан, яғир курткасининг занжирини шиғиллатиб пастга тортиб қўйди. Одатдагидай, тинимсиз илжайишда давом этди.
Орага жимлик чўкди.
Дўстларим ўзларини ғирт лоқайдликка солишаётган бўлса-да, аммо меҳмон билан ғоят қизиқиб туришганини пайқаш қийин эмас эди. Хусусан, Бекнинг аҳён-аҳёнда бир менга, бир меҳмонга кўзини лўқ қилиши, тепада ётганларнинг хийла бесаранжомлашиб қолуви уларнинг мақсадини ойдинлаштириб турарди.
— Бу киши, — дедим мен сўйламоққа қандайдир эҳтиёж сезиб, — кўп қийинчилик кўрибди. Уч кун олдин қамоқдан чиқибдилар.
Шундай дейишим биланоқ юқоридаги иккала калла бараварига эгилиб бош-оёқ синчиклаб кузатиб чиқди.
Қўноғимиз уларнинг жунбушга келиб қолганини ўзи-ча тушунди шекилли, худди, кўп катта юмушни тиндириб келгандай, камтарона илжайиб, мисоли саҳнадаги артистлардек, бошини уч-тўрт силкитди.
— Биз жуда иноқ бўлиб олдик, — деб гапда давом этдим мен. Бироқ шу лаҳзадаёқ қаршимдаги юқори жойда ётган Бойнинг ғазаб билан уюлаётган қовоқ-тумшуғига ногоҳ кўзим тушди-ю, дамим ичимга тушиб кетди. Уники камдай, Бек ҳам чақчайган кўзлари билан меҳмонга таҳдидли ишоралар қилди. Бу — унинг «йўқот мановини!» дегани эди.
Тепамда ётган Жон ҳам умумий безовталикдан четда қолмай, устма-уст маъноли томоқ қирди.
Мен анча шошиб қолгандим. Аллақачонлар тумандек тарқаб кетган шубҳаларим қора булутларга айланиб, ваҳима билан яна бостириб кела бошлади. Ахир, манови учови ахмоқ эмасдир? Шулар ҳам бир нарсани сезишганки, тинчини йўқотишди? Об-бо, нега ҳам бошлаб келдим-а, бу шилқимни?
Шилқим эса купедаги нохуш ола-тасирдан бехабар Бекнинг магнитофон тузатишини иштиёқ билан кузатиб ўтирарди.
— Роса қийнабди-ку, — деди у астойдил ҳамдардлик билан. — Янгимиди?
Бек унга шубҳали бир қараб оларкан:
— Кўрмаяпсизми титилиб кетганини, — деди истамайгина.
Меҳмон Бекка таънали бир тикилиб олгач, менга ўгирилди. Унинг қаттиқ хафа бўлгани юз-кўзидан шундоқ билиниб турарди.
Мен ҳамон ўз ёғимга ўзим қоврилиб, шубҳаю гумонларнинг аёвсиз ҳужумларидан гарангсиб турардим, Устига-устак, дўстларимнинг совуқ қарашлари танаффус билмас эди.
Мен ахийри меҳмондан тезроқ қутулиш пайига тушиб қолдим. Бунинг бирдан-бир йўли тўмтайиб олиш, у билан гаплашмаслик деган фикрга бордим ва ўзимни қаттиқ ҳориганга сола бошладим.
Шу орада Бек магнитафонини асабий йиғиштирди-да, емак столчасининг устига тарақлатиб қўйди. Сўнг ўз жойига ётмоққа ҳозирлик кўра бошлади. Унга тегишли ўриндиқнинг бир чеккасида ўтирган меҳмон шоша-пиша мен томонга кўчди.
Бой билан Жон ҳам аллақачон ўзларини ухлаганга солиб олишди.
Вагон бир маромда тебранмоқда. Темир ғилдиракларнинг шовқини авж пардасига кўтарилган. Купенинг кенг деразасидан қоронғулик ваҳима солиб турибди,
Ним ёруғ купеда фақат икковлон ҳурпайишиб қолган мушуклардек сукут сақлаб ўтирибмиз. Гўё гурунгбозликка ҳеч бир гап-сўз йўқдай. Аслида-ку, ичим тўла саволлар. Хусусан, унинг қачон қамалгани, нима учун қамалгани, қамоқхона ҳаёти мени жуда-жуда қизиқтирарди. Лекин бу нусханинг тезроқ даф бўлишини истаб турганимдан, бирор нарса сўрамоққа ҳеч ботинолмас эдим. Ахир, бу қурмағур лўлибашаранинг бир гапдони очилиб кетса қутулиб бўладими ундан?!
Қўноқ бир маҳал қаршимиздаги юқори ўриндиққа кўз ташлаб:
— Ака, тилла соатингиз неча бўлди?— деб сўради Бойдан. Афтидан, у Бойни ухламай ётганини сезиб, дўстона суҳбатга тортган, ҳатто суҳбат завқли бўлсин дея «тилла» сўзини атай ҳазил учун қўшган эди.
Бой эса гумонларга лиммо-лим кўзини унга эмас, негадир менга қадаб қўполдан-қўпол тўнғиллади:
— Тилла соат бузуқ.
Қўноқ ҳорғин ва хафаҳол илжайиб менга қаради. Мен ўзимча вазиятни юмшатган бўлиб:
— Бечоралар чарчашган, — деб минғилладим. Аммо қоп-қора деразага маъюс тикилиб турган меҳмон гапимни мутлақо эшитмади.
— Қарта ўйнаймизми? — деб сўради у бир-икки дақиқадан сўнг қўлини курткасининг чўнтагига суқиб. Мен шоша-пиша бош чайқадим:
— Йўқ, йўқ, ўйнашни билмайман.
У қўлини чўнтагидан олмай, бир зум ўйланиб турди-да:
— Сизга зўр-зўр фокус кўрсатаман, хўп? — деди. Мен гап тополмай елка қисдим.
Қўноқ чўнтагидан ҳали кам ўйналгани билиниб турган бир тўп қарта чиқарди-да, устамонлик билан чийлай бошлади. Унинг тарашадек қўллари шундай тез айланардики, нақ машина моторининг парраги дейсиз. У мисоли гармон чалаётгандек ҳар қулоч керганда қарталар пружинадек эшилиб-эшилиб, чўзилиб кетар, ҳатто шиғ-шиғ этган ёқимли овоз ҳам чиқарар эди.
Мен шунчалар қалтис ҳаракат чоғи ҳам қарталарнинг сочилиб кетмаётганини кўриб ҳайратга тушардим.
Ниҳоят, у тилга кирди:
— Манави, — деди у эркак туширилган бир дона қартани нақ тумшуғимга тиқиб, — «Приступник № 1». Сиз яхшилаб кўриб олинг, лекин мен кўрганим йўқ, тўғрими?
Мен тасдиқладим. Қўноқ «приступник»ни яна қарталарга аралаштириб ташлади-да, яна бир қартани қўлимга кўндаланг қилиб:
— Манови, — деди, — унинг севгилиси. Яхшилаб кўриб олинг, ака.
Мен ярим-яланғоч аёл тасвирланган қартани эслаб олганимга, фокусчининг ўзи бу қартани ҳам кўрмаганига яна бир карра ишонч ҳосил қилганимдан сўнг у «маҳбуба»ни ҳам тўпга қўшди. Кейин боягидан-да чапдастлик билан қарталарни чийлаб, пружинадек чўза бошлади.
— Ҳозир, — деди у чўғдек порлаётган кўзларини ёнга қадаб, — «Приступник № 1» соқчини гум қилиб, қоровул бошлиқларини отиб ташлаб, қамоқхонадан қочиб кетади ва ўз севгилисининг бағрига эсон-омон етиб олади. У бахтли бўлади, у бахтли бўлади!
У охирги сўзларини оғзидан тупук сачратиб такрорлар экан, кўзларини купенинг қоп-қора деразасига бурди. Афтидан, у бизни буткул унутган эди!
Қўноқ эҳтирос билан гапириб, қарталарни яшин тезлигида аралаштираркан, назаримда, у гоҳ афсун ўқиётган жодугарга, гоҳ киноларда кўрганим — сим тўсиқлараро судралиб бораётган, кўзларида қатъий ишонч балқиб турган маҳбусга жуда-жуда ўхшаб кетарди.
Охири қартабоз чарх уриб айланаётган қарталарнинг ичидан бир жуфтини олдимга ташлади-да, тинчиди-қолди.
Мен жуфтларни қизиқиш билан ағдариб кўрдим-у, ажабланганимданми ё завқим жўшиб кетганиданми ҳе-элаб кулиб юбордим. Булар — ўша «ошиқ-маъшуқ» қарталар эди.
Шу орада ғужанак бўлиб ётган Бек уёндан-буёнга маъноли ағдарилди. Мен дарҳол ўзимга келиб, сал бўлмаса «вазифам»ни унутаёзганимни сезиб қолдим.
Яна кўнглим безовталана бошлади. Қўноғимиз эса қарталарни ўз ҳолича чийлаб маъюс ўтирар, бизга кўп ҳам эътибор бермас, чамаси ниманидир кутмоқда эди!
Мен энди пайти етганини пайқаб, ёстиғимни уён-буёнга сурдим. Хайрият, имо-ишораларим зое кетмади.
— Узалмоқчимисиз?—деб кескин сўради меҳмон тўсатдан ва жилмайди. Бироқ унинг бу галги табассуми ҳийла синиқ ва ширасиз эди.
Мен уқувсизлик билан ишшайиб пешона қашладим. Қўноқ мени бир қур кўздан ўтказди-да, чаққонлик билан ўрнидан қўзғалди.
— Бўпти, бизга рухсат энди, — деди у хайрлашувга қўл узатиб. — Раҳмат, ака, ҳангомалашиб келганингиз учун.
Меҳмон кетишга шайлана туриб, дўстларимга қарата:
— Кечирасизлар… — деди қуруққина қилиб.
Зум ўтмай купе эшиги шиғиллаб очилдию ёпилди. Мен турган жойимда серрайиб қолдим. Эшик ёпилиши билан Бек жойидан сакраб турди. Бой билан Жон ҳам оёқларини осилтириб олдилар.
— Уфф, кимни эргаштириб келдинг, а? — деб сўради Бек кўзини лўқ қилиб.
— Инсонпарвар, — деб тўнғиллади Жон юқоридан иҳраб тушар экан.
Мен шундай таъналар тошбўрони остида яна бир карра айбдорона илжайиб жойимга чўкдим.
— Ювуқсизнинг қип-қизил ўғрилиги башарасидан билиниб турибди-ку?! — деди аллақачондан бери тепамда қоққан қозиқдай бўлиб турган Бой.
Мен ўзимни оқламоққа бир-икки ҳаракат қилгандим, улар аёвсиз қайириб ташлашди. Ноилож, дамим ичимда, миқ этмай туравердим.
— У ёлғиз эмас, — деди жиддий таҳликага туша бошлаган Бой. — Уни атай, разведкага юборишган.
Бек унга илова қилди:
— Ярамаслар, доим саёҳатчиларни пойлаб юришади-да.
— Купега бегонани киргизманглар, деб Палончаев қанча тайинлаган эди-я… — деди Жон ҳам ўйчан бир қиёфада.
Бўлиб ўтган кўнгилсиз воқеа муҳокамаси тўртовлон ўртасида гуруллаб ёна кетди.
— Магнитафонга еб қўйгудай қаради-эй…
— Купени зимдан кузатишини кўрдингми?
— Сенинг соатинг тилла кўриниб кетдими дейман, ҳе-ҳе-ҳе…
— Уккағар, жуда қув кўринади-я?
— Қарта чийлашига беш кетдим-да…
— Бу ҳам бир айёрлик-да…
— У ҳам ҳозир шериклари билан маслаҳат қилиб ётгандир?
— Палончаевга айтсакмикан?
— Э, қизиқмисан, бир камимиз ўша жирраки бошлиғингдан сўкиш эшитишми?
— Энди нима қилсак-а?
— Энди нима қилсак-а? Шубҳалар-гумонлар, ташвишли шивир-шивирлар, жиддий маслаҳатлар ярим соатча чўзилди.
Мен ҳам уч-қуйруғи йўқ хавотирлар чангалида, миқ этмай, игна устида ўтиргандай ўтирар, дўстларимга умидвор тикилар эдим.
Ниҳоят, маслаҳатлар пишди. Биз шу тунда муқаррар ҳужум қиладиган босқинчилар билан беомон олишувга қарор қилдик.
Вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолганди.
Биз ёстиқларимиз тагига ичимликлардан бўшаган тўрт-беш шишани бостириб, жой-жойимизга омонат-омонат чўзилдик. Аммо уйқу қаёқда, дейсиз. Хийла пайтгача ўғрилар, талончилар, қотилликлар ҳақида гурунглашиб ётдик.
Поезд вишиллаб, халлослаб елгани-элган. Темир «туёқларнинг тарақа-туруқи ҳориган вужудларни баттар ҳоритиб, асабларни раҳмсиз эговлайди. Дераза орти зим-зиё зулмат. Поезд ҳойнаҳой улкан бир даштлик бўйлаб кетиб борар эди.
Менинг ниҳоятда чекким келарди. Шерикларим таҳликали тўлғона-тўлғона жимиб қолишди. Афтидан, сал-пал мизғиётган бўлишса керак.
Мен охири чидаёлмай ўрнимдан турдим. Сигарет қутимни, гугуртимни пайпаслаб топдим-да, ташқарига чиқмоққа шайландим. Кўнглим алланечук хижилликка тўлиб турарди.
Купе эшигини шиғиллатиб очганимда дўстларим дарҳол бирин-кетин бош кўтаришди. Мен кулгу билан уларни тинчлантирган бўлдим.
Вагон йўлагида ҳеч ким кўринмасди.
Мен тамбур томон йўналдим…
Ногоҳ унга кўзим тушдию, қаттиқ сесканиб кетдим.
У яна ўша ўзининг иприсқи бурчагида чўнқайиб ўтирар, кўзлари бир нуқтага — ўз қўли билан оққа бўяган ўша тамбур «девори»га маъюс қадалганди.
Ажаб нусха мени кўрмади. Ё кўрса ҳам заррача эътибор бермаган эди…
Мен тамбурда бир зум каловланиб тургач, бу ерда чекиш хийла ўнғайсизлигини англаб, секин изимга қайтдим.
Унга яна беихтиёр кўзим тушди. У ҳамон чўнқайиб ўтирар, ўша бўялган жойга толиқмай тикилар эди. Ажаб нусха худди шу ўтиришида қушга ўхшарди. Ҳа, баҳайбат, мағрур қушга ўхшар эди! У, назаримда, ўзининг бепоён оқлик ўлкаси томон мангу парвозга шайланаётгандай туюлди.
Поезд ўкириб шиддат билан елиб борар эди.