Луқмон Бўрихон. Тун қаъридаги шуъла (ҳикоя)

Ҳалим акага

Биз ўтирган поезд ўкириб, пишқириб зим-зиё зулмат қўйнига шиддат билан сингиб борарди. Чароғон, гавжум шаҳару қишлоқлар ҳаш-паш дегунча ортда қолди. Ҳурпайган, ўппайган қир-тепаликлардан иборат кимсасиз яйдоқ дала-дашт бошланди. Темир ғилдиракларнинг “тарақа-туруқ” товуши гоҳ кучайиб, гоҳ сусаяр, вагонлар бамисли бешикдек тебранар эди.
Купеда бор-йўғи икки кишимиз. Ҳамроҳим — ёш бўлишига қарамай, погонида қўш йирик юлдуз ярқираб турган зобит йигит ўта камгап, жиддий ва сипо экан. Енгил салом-аликдан сўнг, об-ҳаво, йўл азоби ҳақида уч-тўрт оғиз гаплашганимизни ҳисобламаганда, у купе деразасидан ташқарига хаёлчан термулган кўйи жим-жит келарди. Мен эса олди-қочдиларга лиммо-лим газетага термулганман.
Бир пайт зобит йигит илкис ўрнидан қўзғалди. Купе деразасига юз тирагудек даражада яқин бориб, қоронғулик қаърига жон-жаҳди билан тикилди. Шу алфозда бир лаҳза қотиб қолди. Мен ҳам қизиқсиниб купе деразаси ортидаги зулмат томон алангладим. Бироқ арзигулик ҳеч нарса кўролмадим. Илғаганим шу бўлдики, олис-олисларда, балки чўпон ўтовидадир, митти бир шуъла пирпираб турарди.
“Ҳамроҳим туғилиб-ўсган ерлар бўлса керак” — хаёлан шу хулосага келдим.
Бироздан сўнг зобит йигит ўрнига қайтиб ўтирди. Юз-кўзларида андак ҳаяжон, андак қувонч шарпалари кезиб юрарди.
— Ҳайрон бўлиб қолдингиз-а, — дея жилмайди у, мен томонга айбдорона кўз ташлаб қўяркан.
— Ҳа. Ҳарбийларни қизиқтирадиган нима бор экан деб мен ҳам алангладим. Лекин милтиллаб турган чироқдан бошқа нарсани кўрмадим.
— Мен милтиллаб турган ана ўша чироқни томоша қилдим.
— Йўғ-е?!–дедим чинакамига ажабланиб, — Унинг нимасини томоша қиласиз?
Зобит кулди.
— Қоп-қора кечада милтираб турган шундай чироққа кўзим тушса, беихтиёр ҳаяжонланиб кетаман. Худди сеҳрлангандай қараб қоламан. Чунки у ҳамиша ҳаётимда юз берган бир ғалати воқеани эсимга солади.
— Қанақа воқеа экан, билсак бўладими ё ҳарбий сирми? -дедим ҳазил аралаш.
— Бемалол. Истасангиз,айтиб бераман.
Зобит йигит жавобимни ҳам кутмасдан худди ўз-ўзига сўзлагандай гап бошлади.

***

Рост, бу воқеанинг ҳарбийлик билан боғлиқ жиҳатлари ҳам бор. Шу сабаб ортиқча тафсилотларга тўхталмайман. Буни тўғри тушунасиз, деган умиддаман.
Хуллас, таҳсилни битириб махсус қисмда ҳарбий хизматни бошлаган кезларим эди. Бир куни эрта тонг мени қўмондонликка чақириб қолишди. Вазият жуда жиддий экан. Мамлакатимизнинг баланд тоғлар билан ўралган шарқий чегара ҳудудларида қуролланган ёт унсурлар пайдо бўлишибди. Махсус отрядга бош бўлиб, қуролли тўдани топиш, хавфни бартараф қилиш вазифаси менга юклатилди. Биз зудлик билан белгиланган ҳудудга етиб бордик.
Чор-атроф баланд тоғлар, юксак чўққилар, тубсиз даралар билан ўралган. Тоғ ён бағирлари қуюқ,ям-яшил арчазор. Бутун борлиқда софлик, сукунат ҳукмрон. Қорли қоялар томондан муздек шамол эсади. Саратоннинг авж палласи бўлишига қорамай, бу ерларда, айниқса кечки пайтларда чинакамига совқотардик ҳам.
Отряд ўн беш кишидан иборат эди. Ҳаммалари ҳам машқ-машғулотларда обдон чиниққан, кўзларида ўт чақнаб турган ёш аскарлар. Тўғриси, чинакам жанговар топшириқ билан биринчи марта чиқишим бўлгани учунми, ҳарнечук, қаттиқҳаяжонланардим. Яна ҳам очиқироқ айтсам, юрагимда анча-мунча қўрқув, хавотир ўрмалаб юрарди. Йўқ, душмандан, қонли жангдан чўчиганимдан эмас, бошқа бир шубҳа-гумонлардан кўнглим хира эди. Биринчидан, тажрибасизлик, ғўрлик қилиб хатога йўл қўйишдан, аскарларни беҳуда фалокатга йўлиқтиришдан қўрқардим. Иккинчидан… иккинчидан, ҳали Ватан учун ёлчитиб хизмат қилмай туриб, аллақандай бир ҳовуч аламзаданинг ўқига дучор бўлишни сира истамаётгандим. Назаримда, шундай хавотирли хаёллар бошқа аскарларнинг ҳам кўнглидан кечмоқда эди. Лекин улар чинакам эр йигитларга, ўғлонларга хос матонат, ирода билан бундай ҳис-туйғуларини билдиришмас, ўзларини тетик ва нописанд тутишарди.
Белгиланган ҳудуднинг ярмини назоратдан ўтказиб бўлар-бўлмасимиздан кеч тушди. Тоғу тош ҳаш-паш дегунча қоп-қора чодирига бурканди. Отрядга дам олиш ва тамаддига рухсат бердим. Бунинг учун, албатта, қулайроқ жойга ўрнашиб олдик. Шу пайт биздан анча наридаги қоя ортини текширувдан ўтказишга юборилган икки аскар қайтиб келди.
— Дара томонда бир чироқ милтиллаб турганини кўрдик, — дея ахборот берди улардан бири ҳаяжонланиб.
Мен дарҳол улар билан қоя ортига бордим. Чиндан ҳам, анча олисда тор бир ялангликда қандайдир шуъла элас-элас кўзга ташланарди. У ерда қандайдир тирик жон борлиги шак-шубҳасиз.
Биз шоша-пиша қўналғага қайтдик. Сўнг отрядга зарур топшириқлар бериб, ўрнимга ёш бир зобитни бошлиқ этиб тайинлагач, ёнимга ўша икки аскарни олиб шуъла милтиллаган ёққа жўнадим.
Чор-атроф зим-зиё. Қоронғуликда тоғу тош янада ваҳимали ва сирли туюлади. Ҳурпайган арчалар, ғўдайган харсанглар юракда алланечук саросима уйғотади. Бошимиз узра сачраб кетган учқунлардек юлдузлар ловуллаб турибди. Гўё қўл узатсанг етадигандек туюлади. Ёнимдаги аскарлардан бири жуда ҳазилкаш экан. Қулайроқ бир жойда нафас ростлаш учун чўнқаярканмиз, у кўкка гўё интиқлик билан аланглаб шивирлади.
— Эҳ, бу юлдузлар қачон погонимизга қўнаркан-а.
Енгил кулишдик. Бироздан сўнг яна олға юрдик. Мен ўша милтиллаган шуълани бир зум ҳам кўздан қочирмай одимлардим. Назаримда, у икки-уч марта кўринмай қолгандай бўлди. Ё ўчиб қолди, ё кимдир уни гавдаси билан тўсди. Бу ҳол ўша жойда сўзсиз кимдир борлигини яна ҳам тасдиқларди.
Шу алфозда бир соатдан мўлроқ йўл босганимиздан сўнг ўша шуълага анча яқинлашдик. Мен махсус мосламали дурбинимдан кузатдим. Чоғроқ ялангликда пастқам бир кулба мунғайибгина турибди. Атроф жим-жит. Тирик жон кўринмайди. Милтиллаётган шуъла кулбанинг кичкинагина деразасидан тараларди. Демак, ичкарида кимдир бор.
— Менинг қарашимга ҳам рухсат этинг, — деб шивирлади ўша ҳазилкаш аскар.
Мен рози бўлдим.
— Адашмасам, бу ё чўпон отари ё … ё …. овчилар кулбаси, — деб минғирлади у дурбиндан анча пайт тикилгач.
Ҳа, аскарнинг гапларида жон бор. Бу яқин-атрофда бирорта ҳам қишлоқ, овул учрамайди, демак, кўриб турганимиз кимлардир қурган вақтинчалик бошпана бўлса, ажабмас.
Мен аскарларни бир-биридан анча олисда бўлган икки нуқтага жойлаштирдим. Зарур топшириқларни бердим. Сўнгра ўзим эҳтиёткорлик билан кулба томон юрдим. Назаримда биз қидириб юрган тўда айнан шу ерда жойлашган эди. Негадир кўнглимдан шундай шубҳалар кечарди. Лекин айни пайтда жанг бошлаш асло режамда йўқ эди. Мақсад душман марраларини ўрганиб, уларнинг сон-саноғини аниқлаб ортга қайтиш эди.
Кулбанинг нариги тарафи бўйлаб кичикроқ сой оқиб ўтаркан. Сувнинг тошдан-тошга урилиб, жилдираб оқиши бемалол қулоққа чалина бошлади. Лекин бошқа ҳеч қандай шубҳали сасларни илғай олмадим. Деразадан таралиб турган шуъла энди бемалол кўрина бошлади.
Мен қуролимни маҳкам сиққан кўйи кулбага яқин бордим. Ҳамма ёқни синчиклаб кузатдим. Бутун борлиқ жим-жит, соф, салқин ҳавога бурканиб ётибди.
Мен пусиб бориб деразадан ичкарига мўраладим. Ана! Соч-соқоли ўсиққандайдир нусха фонус-чироқ ёруғида ғимирлаб аллақандай тугунчани титкилар, ғалати бир жисмларни шуълага тутиб кўздан кечирарди.
“Аниқ, тўдага йўлиқдим, — лип этиб хаёлимдан ўтди, — булар чегарадан қора дори олиб ўтувчи унсурлар!”
Кулбанинг ғадир-будир деворига қапишган кўйи турарканман, юрагим гурс-гурс урарди. Нима қилмоқ керак? Ортга қайтиб отрядни бошлаб келсаммикан?
Шундай хаёллар билан турган пайтим кулба эшиги ғийқиллаб очилди. Девор бурчагидан секин мўраладим. Қандайдир қора кўланка эшик ёнида туриб, қўлларини, бош-бўйинларини у ён-бу ён тўлғаган кўйи енгил машққиларди. Дарҳол ортга қайтиб тағин деразадан ичкарига мўраладим. Чироқ ёғдулари ғира-шира ёритиб турган ҳужрада ҳеч ким йўқ эди.
“Демак бу ерда бир ўзи экан” — деб ўйладим қувониб.
Сўнг яна кулба бурчагига бориб эшик томон пусиб қарадим. Ҳалиги кўланка ҳануз машқ билан банд эди.
— Қимирлама, отаман! –дея автомат милини унинг биқинига тирадим.
Кўланка қўлларини баланд кўтарган куйи тахтадек қотиб қолди.
— Менга ўгирил! – дея галдаги буйруқни бердим.
Кўланка қўрқа-писа бутун гавдаси билан менга юзланди.
— Кимсан?!
— Мен… Турдиев Анвар… — деди кўланка ғудраниб. Унинг товушида қўрқувдан кўра ажабланиш, ҳайратланиш устиворроқ эди. Шу сабабми мен ҳам анча-мунча шаштимдан тушиб қолдим.
— Сендан бошқа бу ерда янаким бор?
— Тоғбеги бор эди. У эрталаб қишлоққа тушиб кетганди. Ҳали қайтмади.
— Ичкарида ҳеч ким йўқми?
—    Ҳеч ким йўқ. Марҳамат, бемалол кираверинг.
Мен автомат мили билан эшик томон ишора қилдим.
— Қани, йўл бошла.
Кимса арча ёғочидан қўполдан-қўпол ясалган эшикни ғижирлатиб очди. Унинг ортидан пастқам, тор кулбага бош суқарканман, димоғимга ҳар хил қовжироқўт-ўланларнинг иси гуп этиб урилди.
Тевараги кирланиб кетган фонус-чироқ ичкарини ғира-шира ёритарди. Кўп ўтмай, кўзим кўникиб, бу ердаги жиҳозларни аниқ-тиниқ ажрата бошлади.
Ҳужра бурчагига қозон-товоқ каби ошхона жиҳозлари уйиб қўйилган. Аллақандай қути устида уч-тўрт кўрпа-ёстиқ. Пастқам шипда йўнилмаган арча пўстлоқлари шокила-шокила осилиб турарди. Ўртада силлиқ бир харсанг тош худди хонтахтадай жойлашган. Унинг устида фонус-чироқ, чироқ теграсида ҳалиги шуҳбали нарсалар сочилиб ётарди.
— Сен кимсан ўзи?
— Мен шаҳарлик ўқитувчиман, — деди кимса аллақандай тошни нари-бери суриб менга жой ҳозирларкан, — ёзги таътил пайти режам бўйича тоққа чиққандим.
— Қанақа режа?
— Э-э, командир, нимасини сўрайсиз,-деб кулди у бош тўлғаб, — биз шаҳарлик ўқитувчилар анча сунъийлашиб қолаяпмиз. Масалан, мен ботаника-биологиядан дарс бераман, лекин ҳақиқий ўт-ўланни тузук-қуруққўлимга ушлаб кўрганим йўқ. Эмин-эркин юрган тоғ жониворларини ҳали ўз кўзим билан кузатган эмасман. Шунинг учун бу ёзги таътилни мана шу тоғлар қўйнида ўтказишга қарор қилдим.
Мен кимсани зимдан, синчковлик билан кузатарканман, унинг алдамаётганига ич-ичимдан иқрор бўлдим. Қолаверса, унинг хатти-ҳаракати, қўл ишоралари, илҳомланиб гапиришлари чинакам муаллимларга хос эди.
— Ўтган ёз Боёвут даштларини роса кездим, — дея гапида давом этди Анвар, — Бир дунё гербарий тўпладим. Ўзим ҳам ҳабашдан баттар қоп-қорайиб кетдим.
Муаллим болаларча беғуборлик билан кулди. Мен шундагина унинг ҳали жуда ёш йигитча эканини, кўзлариалланечук илҳом билан порлаб туришини пайқадим.
— Тоғбеги нега сизни ёлғиз ташлаб кетди? — дедим, муаллим ҳозирлаган тош устига чўнқайиб ўтирарканман.
— Овқатимиз қолмади. Муродилла акага раҳмат. У киши менга кўп ёрдам берди. Қаранг, икковимиз қанча гербарий йиғдик.
Муаллим бурчакда турган қопга ишора қилди. Сўнг чаққонгина интилиб қоп оғзини очиб кўрсатди.
— Буларнинг бари менга дарс пайти жуда зарил. Ўқувчиларга суратдан кўра, ҳақиқий ўсимликни кўрсатганга нима етсин. Тўғрими, ака?
Мен бош ирғаб маъқулладим. Қизиқ, ёш муаллимнинг гапларига қизиқиш билан қулоқ соларканман, бутун шууримга алланечук хотиржамлик, ҳузур сингиб бораётганини ҳис қилардим.

***

— Баланд тоғлар қўйнида кечган шу воқеа мени жуда қаттиқ таъсирлантирган, — дея зобит йигит ўз ҳикоясини якунлаган бўлди. — Шу-шу, қаерда милтиллаб турган шуълани кўрсам беихтиёр тикилиб қоламан. Олис, овлоқ жойда қай бир фидойи инсон тимирскиланиб юрибди экан, деган хаёлга бораман. Беихтиёр уни бориб кўргим келаверади.
Зобит йигит маъсум жилмайиб қўйди. Назаримда, унинг қорачиқларида алланечук шуъла порлаб кетгандай бўлди.