Ҳамрохон Мусурмонова. Шабнам соясидаги муҳаббат (ҳикоя)

Тоҳирнинг ғалати одати бор. Баҳордан кеч кузгача ҳар куни эрталаб қуёш чиқмасидан аввал туриб, ҳовлидаги майсалар устида ялангоёқ юради. Муздек шудрингдан танаси яйрайди. Ҳовлисидагиям-яшил майсаларни кунда-кунора суғоради. Димоғига ўт-ўлан ҳиди урилиб, ҳузур қилади.
Бугун ҳам ўрнидан турдию юз-қўлини ювиб, майсаларга кўз ташлади: “Анча ўсибди. Уч кундан бери уларга қарашга ҳеч кимнинг қўли тегмагандир. Болаларим ёш, хотиним ишидан, уйдаги юмушларидан ортмайди”, деган ўйда шимининг этагини қайириб, майсалар устига қадам қўйди. Оёғига муздек шудринг нафаси урилди. Шу пайт беихтиёр хаёлига Мунисанинг куни кеча айтган гаплари келдию “Қизиқ, — деб ўйлади у, — шабнамнинг ҳам сояси бўларканми?”.
Муниса билан танишганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Лекин бу нотаниш аёл унга шунчалик таъсир ўтказганидан ҳайратга тушди.

* * *

Ўшанда у эрталаб ишга кетаётганди. Тонгда шаҳар кўчаларининг файзи бўлакча бўлади. Тоҳир навбатдаги чорраҳага етганда, ёнидаги машинага кўз қирини ташлади. Қаймоқранг “Нексия” рулида ўттиз беш ёшлардаги жувон ўтирарди. Одатда у аёлларга синчиклаб қарайвермасди. Лекин жувон нимаси биландир унинг эътиборини тортди. “Истараси иссиқ экан, ўзиям орастага ўхшайди”, деб ўйлади у. Сариқ чироқ ёниши билан жувон машинани ўрнидан жилдирди. “Чаққонгина экан”, деган ўйда Тоҳир ҳам газни босди. Кейинги светофорда негадиржувоннинг эътиборини тортгиси келди ва машинасини у билан ёнма-ён тўхтатди. Аммо жувон қайрилиб ҳам қарамади.
Яна икки-уч чорраҳагача кетма-кет боришгач, Мустақиллик майдонига яқинлашганда аёлнинг машинаси чапга бурилиб кетди. Тоҳир ишхонасига етиб келгунча, жувоннинг мағрур қиёфасиниикки-уч марта кўз олдига келтирди. Кейин ишга шўнғиб, ундан чалғиди.

* * *

Тоҳирнинг шуурида нимадир ўзгаргандек эди. Ҳар куни ўша нотаниш жувон билан ёнма-ён босиб ўтилган йўлга етганда атрофга аланглаб, қаймоқранг “Нексия”ни қидира бошларди. Баъзида бу иши ўзига эриш туюлиб, “Менга нима бўлди ўзи? Бировнинг хотини бўлса…”, деган ўйда ўзига дакки берарди. Лекин, барибир, жувон ҳақида ўйламасликнинг иложини қилолмасди.
Бир куни эрталаб кийимларини алмаштираётиб: “Ажабмас, бугун уни учратиб қолсам”, деган умид кўнглидан ўтди. Нияти холис экан, йўлдаги супермаркет яқинида тўхтаб турган қаймоқранг “Нексия”ни кўриб, тушуниксиз истак етовида машинасини четга олиб тўхтатди. Кўнглида эса ўша жувоннинг машинасимикан ўзи, деган шубҳа ҳам йўқ эмасди. Айни чоғда “Ўртоқларимдан бирортаси бу аҳволимни кўрса, умрининг охиригача ҳангома қилиб ўтади”, деган андиша кўнглига келди. Рост-да, ахир, ошна-оғайнилари орасида энг жиддийси шу — Тоҳир бўлса… Ўзаро йиғинларда аёллар мавзусида гап очилса, ўтлаб кетадиганларни тартибга чақириб турса-да, ўзи бугунги кунда ўн беш яшар ўсмирдек…
Ўзидан ўзи хижолат тортиб, машинасини энди юргизмоқчи бўлиб турганди, жувоннинг қораси кўринди. Тоҳир ундан кўз узолмай туриб қолди. Жувоннинг қадди-басти келишган, юришлари оддий ва чиройли эди. “Худди гимнастикачиларга ўхшаркан”, деган ўй ўтди Тоҳирнинг кўнглидан.
Жувон машинасини юргизди. Тоҳир унинг ортидан йўлга тушди. Тағин чорраҳада ёнма-ён тўхташди. Жувоннинг юз-кўзларини эслаб қолишга урингандек, Тоҳир унга синчковлик билан тикилди. Жувон ҳам у тарафга ўгирилди. Қарашларидан ақлли ва қатъиятли экани кўриниб турарди. Жувон майин жилмайди. Во ажаб… Мана шу бир лаҳзалик табассум Тоҳирнинг назарида, дунёни ёритиб юборгандек бўлди…
У ўзига келганда жувон аллақачон жўнаб кетган, орқада турнақатор тизилиб турган машиналар тинимсиз сигнал чаларди…

* * *

— Адаси, нега бунча паришонсиз? — деди кечқурун хотини.
— Чарчаганга ўхшайман.
— Бўлмасам-чи, ахир, икки-уч йилдан буён дам олиш нималигини билмайсиз. Фирмангизни ишлариям бор бўлсин, сира ўзингизни ўйламайсиз.
— Ишлаш керак, аяси, ишлаш керак.
— Бирор ҳафта дам олсангиз, ишларингиз тўхтаб қолмас. Ёрдамчиларингиз бор, ахир… Нима сизсиз уддалашолмайдими? Беш-олти кун бирорта санаторийга боринг, одам ўзиниям ўйлаши керак-ку…
— Хўп, сен нима десанг, шу…
Латифа кўзларини катта-катта очиб, эрига бирпас қараб турди-да, шарақлаб кулиб юборди.
— Тавба, шунча йил бирга яшаган бўлсак, биринчи марта, гапимга эътироз билдирмадингиз…
— Шунақами? — кулимсиради Тоҳир. — Қарияпмиз-да, аяси. Сен эса пайтдан фойдаланиб, жиловни қўлингга оляпсан.
Латифанинг юзидаги кулгичи янада чуқурлашиб, мириқиб кулди. Сўнг Тоҳирнинг елкасига аста туртиб:
— Қўйинг-э, жиловингиз ўзингизга буюрсин, — деди эрка товушда.
Тоҳир хотинининг мана шу кулгисини ёқтирар, у шарақлаб кула бошлаганда, ич-ичидан завқланиб кетарди. Аммо бу сафар ундай бўлмади.Латифанинг кулгидан ёришган юзига термилиб туриб, ўша, нотаниш жувоннинг табассумини эслади…

* * *

Ишхонасига бораётиб яна қаймоқранг “Нексия”ни эслади. Шунда ўз-ўзидан жаҳли чиқиб, тутақди: “Менга нима бўляпти ўзи? Кап-катта одам ёш боланинг қилиғини қилиб юрсам. Ўзиким, у? Нега унга ёпишиб олдим? Ўйлашга тузукроқўй йўқми?Чарчаганман, ҳамма гап шунда. Бўлмаса, ҳали бир оғиз гаплашмай, кимлигини ҳам билмай туриб… Латифа тўғри айтди, дам олишим керак”.
Унинг муддаосини сезгандек, тушга яқин ўртоғи Мирсаид қўнғироққилди:
— Тадбиркорлар анжуманига кетяпман, тоғда янги дам олиш масканининг очилиш маросими бўларкан. Истасанг, сен ҳам юр, балки янги шериклар топарсан, жуда бўлмаса, икки-уч кун дам олиб келасан, — деди у.
— Қачон жўнайсан?
Гўшакнинг у ёғидаги овоз жонланди:
— Борасанми?
— Сен таклиф қиласан-у, йўқ дейманми?
— Хайрият-эй, сениям ишхонангдан олиб чиқса бўларкан-у, жўра. Эртага эрталаб йўлга чиқамиз, жуда сўлим жойлар… Мана кўрасан, афсусланмайсан.
— Келишдик.
Тоҳир енгил тин олди. “Яхши бўлди, — деган ўй ўтди унинг кўнглидан. — Ажабмас, шу баҳонада анави бемаъни хаёллардан қутилсам”.
Эрталаб йўлга тушишди.
Мирсаид таърифлаганича бор экан. Табиат гўзал, тоза ҳаво, ўзиям мириқибдам олишди. Эртасига эрталаб, одатдагидек, барвақт уйғонган Тоҳир оромгоҳҳовлисида айланиб юраркан, йўлак охиридаги ўриндиқда хаёл суриб ўтирган бир жувонга кўзи тушиб, “Дам олувчилардан бирортаси бўлса керак-да, у ҳам вақтли туришни ёқтираркан”, деган ўйда йўлида давом этди. Аммо жувоннинг ёнидан бепарво ўтиб кета олмади. Аллақандай савқитабиий қизиқиш измида унга қаради… Қаради-ю, юраги қинидан чиққудек гупиллаб уриб кетди: бу ўша — қаймоқранг “Нексия” соҳибаси эди. Майсаларга ўйчан тикилиб ўтирган жувон юзида ним табассум билан унга салом берди.
Тоҳир бош ирғаб алик оларкан, бир сонияда кўнглидан минг хил хаёл ўтди: “Олдига бориб ўтирайми, гапга солайми?.. Нима деб ўйларкан? Ёнига яқинлашганимда, ўрнидан туриб кетса-чи… Нима деган одам бўламан?”
— Ҳавонинг зўрлигини қаранг, — деди жувон минг йиллик танишига гап қотгандек бепарво оҳангда.
“Манави бошқа гап, энди бемалол у билан гаплашсам бўлади”, деган хаёл Тоҳирнинг кўнглини ёритди.
— Жойниям боплашибдими? Дам олишга келадиганлар ҳам маза қилади.
— Нимасини айтасиз, шароитлариям чаккимас.
— Чет элдаги оромгоҳлардан қолишмайди.
— Ҳа…
Гап гапга уланди. Тоҳир жувоннинг исми Муниса эканини, хусусий тадбиркорлик билан шуғулланишини билиб олди.
— Бизнинг ишимиз латта-путта билан, — деди Муниса кулимсираб. — Бир қарич латта топсак ҳам, хотин-халажнинг устини бутлайлик, деб ҳаракат қилиб ётибмиз…
— Одамларни кийинтириш яхшику-я, — жилмайиб суҳбатдошига тикилди Тоҳир, — фақат ҳамма кийим бир қаричдан бўп кетмаса бўлгани…
Бу гап жувонга ўзгача наша қилди шекилли, қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди ва мана шу кулги улар ўртасидаги бегоналикка барҳам берди.

* * *

Тоҳир ўзи сезмаган ҳолда Мунисага боғланиб қолганди. Кечки пайт оромгоҳҳовлисида жувонни яна ёлғиз учратди. Бироз гаплашиб ўтиришгач, жувон уни ўзининг хонасига таклиф қилди. “Шунчалик дадиллик билан мени хонасига олиб кетяптими, демак, бошида эри йўқ”, деб ўйлади Тоҳир. Суҳбат асносида бу ҳақда жувондан икки-уч бор сўрамоқчи бўлди-ю,уни хафа қилиб қўйишдан чўчиди.
Тоҳир бир гапириб, ўн кулиб ўтирган жувонга зимдан тикилди. “Наҳотки у ҳам енгилтак аёллардан бўлса?..” Шу ўй кўнглидан ўтиши билан жувонга бўлган қизиқиши сўнди. Лекин нима қилиб бўлса-да, унинг оиласи ҳақида билгиси келди.
— Турмуш ўртоғингиз бу ёқларга сизни ёлғиз жўнатавердими? — деган савол учди унинг тилидан.
Жувоннинг юзидаги кулги бир зумда ғойиб бўлди.
— Хўжайиним вафот этганлар, — деди жувон шарбатдан стаканга қуяркан ўйчанлик билан.
— Мени кечиринг… Узр… — деди Тоҳир ўнғайсизланиб.
Жувон унга жовдираб қараб олди-да, юзини тескари бурди.
— Ҳечқиси йўқ.
— Бу дунёда ёлғиз яшаётган бир сизми, Муниса?.. Ҳар ким пешонасида борини кўради-да, — деди нима деярини билмай қолган Тоҳир.
— Тўғри айтасиз, менинг ҳам пешонам шундай экан. Бўлмаса, шунақа ҳаётни орзу қилибмидим?..
“Бечора, — деб ўйлади Тоҳир, — қувноқ кўринса-да, ичи тўла ҳасратга ўхшайди…”
Орага ноқулай жимлик чўкди. Неча кундан буён тушуниксиз истаклар етовида мана шу жувонга талпинаётган Тоҳир шу тобда ўзини қопқонга тушган шердек ҳис этар ва тезроқ хонани тарк этиб, юрагини қоплаб олган ғашликдан халос бўлишга ошиқарди. Лекин айни пайтда, Муниса ҳақида яна кўпроқ нарсаларни билгиси ҳам келаётганди.
— Биламан, мен ҳақимда билгингиз келяпти, — деди Муниса дабдурустдан.
— Йўғ-э… Ҳа, энди… — чайналди Тоҳир.
— Мен ҳам ҳамма қизлардек орзу-ҳавасли келинчак бўлганман, — деб бир нуқтага тикилиб гап бошлади Муниса. — Ўзим ёқтирган йигитга турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғим Воҳид ака ҳарбий эди. Чегара қўшинларида хизмат қиларди. Биз шу қадар бахтиёр эдикки, кўрганлар Тоҳир Зуҳроми булар, деб ўйлашарди. Воҳид акам алп қомат, зардали ва мард йигит эди. Шундай бўлса-да негадир майсалар ва шудрингларни жуда яхши кўрарди.
— Хизматдалик пайтим, кечаси навбатчиликда турсам, баъзан, осмондаги юлдузларга тикилиб ўйланиб қоламан,— дерди у киши. — Назаримда ўша юлдузларнинг муҳаббати ерга, биз қўриқлаётган ватан бағридаги майсалар қучоғига шабнам бўлиб тўкилаётгандек туюлади.
— Агар ҳарбий бўлмаганингизда, сиздан зўр шоир чиқарди, — дердим завқланиб.
Воҳид акам кулиб:
— Сен шабнамдек тозасан, — дерди эркалаб. — Осмонингдан менинг бағримга тўкилгансан…
Мен эса:
— Ҳар кеча осмонидан майсалар бағрига ўзини ташлаётган шабнамдек, сизнинг кўксингизга бош уришга тайёрман, — деб кулардим.
У ҳам мириқиб куларди.
Тўйимиздан олти ойлар ўтгач, Воҳид акам хизматга кетди-ю, қайтиб келмади. Айтишларича, у хизмат қилаётган қисмга қарашли ерларда ёвуз ниятли ёт унсурлар уя қурган экан. Воҳид акам уларни пайқаб қолиб, қисмга зудлик билан хабар юборибди. Лекин вазият қалтис бўлгани учун, тезкор гуруҳ етиб келгунча, бир ўзи бутун бошли тўдага қарши курашишига тўғри келибди. Қисмдан махсус гуруҳ етиб борганда тўдадагиларни қўлга олган Воҳид акам оғир яраланиб,оёқда зўрға турган экан. Гуруҳдаги йигитларни кўриши билан ерга йиқилибди.
— Воҳид, ҳолдан тойган бўлса ҳам, душман олдида мағрур туриб берди. Бундай жасорат ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди,— деганди ўшанда командири.
Биз касалхонага етиб борганимизда Воҳид акам зўрға нафас олаётганди.
— Кел, Мунис, менинг шабнамим, — деди у базўр шивирлаб.
Кўзимда ёш билан эримнинг қўлидан ушладим. Ўша тобда майсалар бағрига тўкилган шабнамдек Воҳид акамнинг кўксига сингиб кетгим келарди. Бироқ сўнгги бор мен уларнинг кўксига сингиб кетолмадим. Қайнота-қайнонамдан, шифокорлардан уялдим… Воҳид акам оламдан ўтиб, уч ойлик ҳомилам билан чирқиллаб қолавердим…
Бир нуқтадан кўз узмай гапираётган Муниса бошини кўтариб, Тоҳирга қаради:
— Сизниям зериктирвордимми?..
Тоҳир жувонга ҳайрат билан тикилиб қолганди. Мунисанинг дилини оғритмаслик учун бош чайқаб:
— Йўқ, гапираверинг… Мен ҳам майса-ю, шудрингларни яхши кўраман. Лекин шабнам бир майсанинг муҳаббатини деб ўзини осмондан ерга отишини сира ўйлаб кўрмаган эканман… — деди.
Муниса синиқ жилмайди.
— Ўша майса Воҳид акам эди. Мен эса олти ойгина шабнам бўлиб яшадим, холос…
— Кейин, турмуш қурмадингизми?
— Йўқ, ўғлим бўлмаганда, балки, бу жудоликка чидай олмаган бўлардим. Лекин мен Воҳид акамнинг зурриёди учун яшашим керак, деб ўзимни ишонтирдим. Аста-секин ишларимни йўлга қўйдим. Бизнесимни ривожлантиришда қайнота-қайнонам қўш қанотим бўлишди. Суянчиғим ўғлим ҳам бугун отасининг изидан бориб, ҳарбийликка ўқияпти.Мен мард бир йигитнинг севгисига эришгандим. Бу жуда катта бахт эди. Бундан ортиғини тилаш ношукрлик бўларди.Бошқа ҳеч ким мени Воҳид акамдек сева олмайди. Мен ҳам, — деди жувон ерга тикилиб, — ўша куни сизни чорраҳада учратган пайтим, қаерингиздир Воҳид акамга ўхшаб кетди. Балки, шу боис бугун сизга кўнглимдаги гапларимни айтаётгандирман…
— Ҳали ёшсиз, эҳтимол, бахтингизни топарсиз… Ёлғизлик…
— Мен ёлғиз эмасман. Яхши кўрган ишим бор. Меҳрибонларим ёнимда. Воҳид акамдек мард ўғлон учун менга ўхшаган юзта аёлнинг умри фидо бўлса арзирди… Муниса тағин ўйчанлик билан ерга тикилиб қолди. — Ҳар куни эрта тонгда қуёш нурида минг бир рангда жилоланаётган шудрингларга термиламан.Ана шу шабнамлар соясида бизнинг муҳаббатимиз бор, деб ўзимни овутаман.
Жувон билан бутунлай бошқача суҳбатни кутган Тохир унга ҳайрат билан тикилиб қолганди. Унинг кўнглида Мунисага нисбатан чексиз ҳурмат уйғонган, ич-ичидан аёл қалбидаги садоқатга таҳсин ўқирди. У билан хайрлашгач Мунисанинг чеҳраси кўз олдида муҳрланиб қолди.

* * *

Майсалардан бирининг япроғида илиниб турган шудрингга тикилиб, ўйланиб қолган Тоҳир хотини Латифанинг товушини эшитиб, сергак тортди.
— Ассалому алайкум, адаси, яхши дам олдингизми? Қаранг, уч кунда ҳовли сизсиз ҳувиллаб қолди. Манави ўт-ўланларгаям қарайдиган меҳрибон керак экан.
— Бўлмасам-чи, ҳамма нарса эътиборга муҳтож, майсалар ҳам, шабнамлар ҳам, — деди Тоҳир жилмайиб.
— Шоир бўп кетибсизми, адаси? — шарақлаб кулди Муниса.
— Мана шу кулишингга борман-да, аяси, сен кулсанг, уйимизни офтоб ёритгандек бўлади.
Шу пайт ётоқхонадан чиқиб келган икки ўғли ялангоёқ бўлиб, майсалар узра югура кетишди.
— Ҳай-ҳай, секинроқ, — деб болаларига қараб завқланиб кулди Тоҳир.
Майса япроғида омонатгина илиниб, қуёш нурида билинар-билинмас жилваланиб турган шабнамлар эса дувиллаб ерга тўкила бошлади.