Эски ўтиндан сассиқ тутун чиқади… Одам қариганидан кейин ўтин-да.
Сапо сирп шу ҳақда ўйладию хаёллари остин-устун бўлиб кетди. Эски ўтин… Эҳ, қандай забардаст йигит эди-я, бугун бўлса уй гумроси, битта гап кўп, яримтаси ортиқча, сал нарсага севинади, сал нарсага қаҳр қилади, бу феълидан баъзан ўзига ўзи ёмон кўриниб кетади. Қўни-қўшниларнинг атрофида ивирсиб юришлари ғашини келтиради, кампирининг беўрин тўнғиллашлари энсасини қотиради. Тўнғич невараси бўлса, ё парвардигор, ҳозирги болаларга ҳам тушуниб бўлмай қолди, шунақа қилиқлар қиладики…
Сапо сирп ўзини чалғитмоқчи бўлади. Неваралар янги замоннинг ёшлари, улардан нега энди хафа бўлиши керак? Ўзи ёшлигида қандай эди? Эртаю кеч шаталоқ отиб, кунни кеч қилиб юрарди-ку! Ёдидан чиқдими? Аммо, шўх, қайсар бўлгани билан раҳматли бобосини бир марта бўлсин, ранжитган эмас. Катталар бир нима дейишса, тўғрими, нотўғрими, хўб дейишган. Энди-чи?
Хаёлига бир воқеа келди-ю, юзига табассум югурди. Мана, Шокир мулкдан тўпиқни сўрамаганига ҳам ярим аср бўлаяпти. Не воқеалар бўлмади, гап-сўзлар ўтмади ораларидан, лекин шу тўпиқ боис то ҳануз бир-бирларидан кўнгил узишмайди. Бир кун кўришмаса соғиниб қолишади. Дарвозасини тақиллатиб, ҳол-аҳвол сўрагани келишади. Ёшликдан бирга катта бўлишган-да. Шу хаёллари биланми, бир куни неварасига насиҳат қилмоқчи бўлди:
— Бизларнинг вақтимиз бошқача эди, болам, сизларники бошқача. Майли, Худо омадингизни берсин. Аммо сенларнинг баъзи ишларингга ҳечам қойил эмасман-да. Сал нарсага ораларингдан ола мушук ўтади, бир-бирларингга аччиқ қиласизлар. Минғиллаб, бўлар-бўлмас нарсаларни гапириб, беҳуда тортишиб, вақтингизни ўтказиб юрасизлар. Хотинчалиш бўлиб кетаётганларингдан ўксинаман. Гурсиллатиб юрадиган замонлар келди-я, оёқларингиз тагидан ўт чақнаб туриши керак-ку. Бунақа имкониятлар бизда бўлганида борми, қанот боғлаб учардик…
Сапо сирп қараса, невараси гапларини берилиб тинглаяпти. Илҳоми жўшиб, насиҳатда давом этди:
— Ҳўв куни беш-олтита ўртоқларинг меҳмонга келишди. Бир-бирларингга қилган сохта мулозаматларингдан уялиб кетдим. Дастурхонга эллик киши бир ҳафта ётиб еса, қорни ёриладиган даражада мўл таом қўйилган. Ярмидан кўпи исроф бўлди. Кимга керак бундай сохта обрў? Бизнинг пайтимизда бор — борича, йўқ — ҳолича эди, кимўзарга чиранмасдик, битта зоғора нон, бир пиёла сув билан ҳам меҳмоннинг кўнглини олар эдик. Беш-олтита нон, бир қозон обиёвғон билан йигирма киши тонггача ҳангомалашиб, бир-биримизни хурсанд қилардик. Тўйсак бир тепада, оч қолсак бир чуқурда эдик. Ҳозир ейиладими-йўқми, тўрт-беш хил таом пиширасизлар, мен сендан ўтаман, деб мақтанчоқлик қиласизлар. Ахир, улфатчилик дегани топган-тутганни кулдек совуриш, озроқ қизиб олиб, оғизга келганни алжираш дегани эмас-ку.
Невара бобосининг маънодор сўзларига жавоб қилди:
— Тўғри, бобожон, меҳмондорчиликда кўп таом пиширилади. Дастурхонни ноз-неъматга тўлдириш керак. Бу ҳам бир маданият-да!
Бобонинг кўзлари чақнаб кетди.
— Ҳе, ўргилдим маданиятларингдан, сенлар аввал ёшуллиларга салом беришни ўрган, ана маданият, қўш-қўллаб сўрашишни ўрган, мана маданият. Бировни гапини бўлмасдан эшитишни ўрган, ана уни маданият деса бўлади…
Невара тобора қизишиб бораётган бобосининг тафтини босмоқчи бўлди:
— Энди, бобожон, ҳаёт ўзи шунақа. Бундан минг йил аввал ҳам катталар ёшлардан хафа бўлишган, “қўлларидан дурустроқ иш келмайди, тарбиялари чатоқ”, дея зорланишган. Ҳозир, бундан кейин ҳам, менимча, шундай дейишади. Аммо ташвишланадиган жойи йўқ, мана кўрасиз, ҳаммаси жойида бўлади. Ёшлар ҳали шунақа ишларни қилишсин-ки…
— Хаҳ! Гапирасан-да, сенларга қуруқ гап бўлса бўлди, — деди бобо энсаси қотиб. Шу тобда неварасини бир гап билан мот қилмоқчи бўлди-ю, ўша қуриб кетгур гапни топа олмади. Унут бўлиб бораётган, дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган бир антиқа ўйин ҳақида неварасига гапириб бермоқчи эди, унинг қаёққадир шошиб турганини сезди-ю, аста кўзини юмди. Ўзини ухлаганга солди.
Невара пайтдан фойдаланиб, жўнаб қолди. Сапо сирп ўриндиққа ўрнашиброқ ўтириб, қани энди ҳозирги болалар шу ўйинни билишса, бир умрга ораларидан қил ҳам ўтмайдиган қадрдон бўлиб кетишар эди-я, дея орзуланди. Бу — «Тўпиқ» ўйини эди.
Тўпиқ — қўйнинг тўпиқ суяги. Икки киши, зиёфат чоғида, ёр-биродарларнинг ҳай-ҳайи билан бу ўйинни ўйнашга рози бўлишади. Бир қараганда, маъноси жўнгина ўйин — бир киши тўпиқни олиб, чўнтагигами, белбоғигами яширади, иккинчиси вақт-бемаҳал унга бехосдан: “Тўпиқни кўрсат”, деб қолади. Кўрсатса — яхши, кўрсата олмаса — ютқазади. Хуллас, икки томонга ҳам осон эмас, ютқазган одам саруполи зиёфатга тушади, ёр-дўстлар ичида изза бўлади. Ўйин икки киши ўртасида бир неча йил, баъзан беш-ўн йиллаб давом этиши мумкин.
Шокир мулк билан Сапо сирп тўпиқ олишиб, баҳс бойлаганларида туғилган болаларининг фарзандлари ҳам вояга етди, уйланишди. Тўпиқ Шокир мулкда. Ҳар вақт-ҳар вақт ҳарифлар Сапо сирпни тўпиқни сўрагин, деб қистовга олишади, лекин у ён бермайди. Вақти-соати бор, дейди. Иккалалари бир-бирларини кўриб қолишса, эҳтиёт бўлиб гаплашишади.
Шокир мулк кўпинча «тўпиқ ўйини» ёдидан бутунлай чиқиб кетгандай тутади ўзини, аммо Сапо сирп унинг пихини ёрган айёрлигини, осонликча жон бермаслигини яхши билганидан ҳам тўпиқни сўрамайди. Бир сафар улфатлар ўйин шаштини пасайтириб юборганлари учун ҳар икковини қистоққа олишди, аммо ўйин қоидасида сусткашлик учун бирон-бир жазо кўзда тутилмаган экан. Шунга қарамай Сапо сирпга:
— Ҳозир Шокир сувга тушади, сен нарироқда овқат пишириш билан машғул бўласан. Шокир сузиб кетганида сен ҳам чўмила бошлайсан. Бир-икки шўнғигач, бепарволик билан ундан тўпиқни сўрайсан, тамом-вассалом, бир зиёфат ҳаст. Бугун унинг ёнида тўпиқ йўқ, — дейишди.
Дўстлар айтганидай, Шокир мулк ечиниб, сувга тушди, бироқ Сапо сирп Шокирдан тўпиқни сўрашга юраги бетламади. Чунки у анойилардан эмас, тўпиқни иштони ичига боғламай сувга тушмайди, маҳкам одам. Улфатларга ким ютилди-ю, ким ютқизди — фарқи йўқ, зиёфат бўлса бўлди.
Шокир мулк сувдан чиққач, улфатлар Сапо сирпнинг устидан мазах қилиб кулишди. Сапо сирп одати бўйича парво қилмади. Шокир мулк эса гўёки ҳеч нима бўлмагандай, ўзини бепарво тутиб кийина бошлади. Улфатлар хуноб бўлиб кетишди. Бунақада ҳали-вери оғизлари зиёфат кўрмайди. Ўйлаб-ўйлаб, охири Сапо сирп билан Шокир мулкнинг ўртасини бузиш пайига тушишди.
Ўтган асрнинг эллигинчи йиллари. Қишлоқда битта юк машинаси бор, уни Сапо сирп ҳайдайди. Раис улфатлари бўлганидан, машина билан битадиган нима иш бўлса, ҳаммасини Сапонинг зиммасига юклаб, ўзи уч ғилдиракли мотоциклда юради. Жўралар раисни ўртага олишди:
— Тўпиқ расво бўлди, раис! Бир ёнли қилиш керак. Ҳойнаҳой, иккаласи биздан яширинча келишиб олишганга ўхшайди. Бировининг жаҳлини қўзғаб, ораларини вақтинча бузсак-чи?
— Қандай қилиб? — раис ҳайрон бўлиб улфатларига қаради.
— Сиз, ахир раиссиз, каллангиз бизникидан яхши ишлагани учун ҳам раиссиз-да! Бир чорасини топинг, ахир.
— Э, улар синашта жўра, ораларидан қил ўтмайди, бекорга овора бўласизлар, — луқма ташлади кимдир. “Каллангиз бизникидан яхши ишлайди”, деган гап, тўғриси, раисга мойдай ёқиб кетди. У бироз ўйланиб турди-да, кутилмаганда:
— Йўли бор, – деб қолди.
Йўли тезда топила қолди. “Сапо сирпни раис бир иш билан Хивага жўнатади. Эрининг Хивага боришини эшитган хотини “мен ҳам бориб келай, болаларга у-бу олмоқчиман”, деб унга эргашади. Раис Сапо сирп Хивага хотини билан кетганини эшитиб, аввалига жаҳлланади. Далада иш қизиб турган бир пайтда Хивада хотинига бало борми, дея фиғони чиқади. Сапо сирп ҳа деганда Хивадан қайтиб келавермайди.
Раиснинг тоқати тоқ бўлади, мотоциклини тириллатиб катта йўлга чиқади. Кун пешиндан оққанда Сапо сирпнинг лапанглаган юк машинаси кўринади. Раис мотоциклдан тушиб, машинани тўхтат, дегандай ишора қилади. Машина тўхтайди. Сапо сирп кабинада хотинини қолдириб, пастга тушади. Раис кутилмаганда қулочкашлаб, Сапо сирпнинг юзига тарсаки тортиб юборади. Сапо сирп нима бўлганига тушунмай юзини бир қўли билан ушлаганча бир раисга, бир хотинига қарайди.
— Қаерларда юрибсан? Қуёш нера галди? — қаҳр билан сўрайди раис. Сўнг сирпнинг хотини эшитсин деб, атай овозини баландлатади:
— Кабинадаги хотин ким?
— Хотиним, — дейди Сапо сирп ранги қув ўчиб.
— Нима, хотиним дейсанми, унда… кечаги хотин ким эди? Кеча кабинангда ялпайиб ўтирган хотинни сўраяпман сендан, гапир?
Сапо сирпнинг хотини раиснинг бу гапидан кейин сакраб пастга тушади-да, эрининг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамай, уйига жўнаб қолади. Сапо сирпнинг хотини Шокир мулкнинг узоқроқ қариндоши. Ана ҳангомаю мана ҳангома…”.
Режа пухта ишланганига қарамай, натижасиз тугади. Сапо сирпнинг хотини эрига ишонганидан, раиснинг илмоқли гапига парво ҳам қилмади. Аксинча, “Ўзингиз-чи, ҳўв куни гужумнинг ёнида бағрингизга боси-иб турганингиз ким эди?”, деб қолса бўладими. Раис бечора мулзам бўлиб қолди…
Йиллар ўтди. Сапо сирп ҳам, Шокир мулк ҳам қаришди. Тўпиқ ҳалиям Шокир мулкда, Сапо сирп сўрамайди.
Яқинда Шокир мулк дўстига бирдан ёрилиб қолди:
— Тўпиқни неварамга бердим, Сапо, сен неварангга шартимизни яхшилаб тушунтириб қўй, ўйинни давом эттиришсин. Шу тўпиқ баҳона дўстликларига бир умр раҳна тушмайди. Мен неварамга тушунтирдим. Улар бирга зиёфатда эканлар.
Сапо сирпнинг кўнгли ёришиб кетди.
— Тушунтираман, Шокирбой, тушунтираман! Худо хоҳласа, кейинимиз бутун, энди у ёна орқайин кетаверсак ҳам бўлади. Нима дединг?
— Эй жўра, шунисига шукур, битта тўпиқ деб ҳаётнинг қанча имтиҳонидан ўтдик.
— Невараларимиз ҳам ўтишармикин бу имтиҳондан? Замон жуда тезоб бўлиб кетди. Сен нима деб ўйлайсан, Шокирбой?
— Ўтишади, сен билан менинг неварам бўлганидан кейин, ўтишади-да. Замон бўлса ҳамиша тезоб бўлган, жўра. Сен хавотир олма.
Икки дўст кўзларига ёш олиб, бир-бирларини бағриларига босишди…