Хуршид Нуруллаев. Зуккоевнинг янги меҳнат фаолияти (ҳажвия)

Зуккоев бир ой ичида деярли барча ходимларнинг эътиборини қозонди. Унинг иш жойи шаҳар марказидаги ўттиз қаватли  бинонинг етинчи қаватида жойлашган бўлиб,  қаватда уларнинг юқори ташкилотига бўйсунадиган яна учта   бошқарма фаолият кўрсатар, ходимларнинг умумий сони юзтадан ошмасди. Зуккоев бир ҳафта ичида қаватдагилар билан танишибгина қолмай,  улар орасида алоҳида ҳурматга  сазавор бўлишга ҳам улгурди.                             
Ишнинг биринчи куни  бўлим бошлиғи Зуккоевни  ўз ходимлари билан  таништираркан,  унга ҳамкасблари билан ҳамкорликда ишлашни,  фақат шундагина яхши натижаларга эришиш мумкинлигини  ўқтирди.
— Хўш, бошладикми? – хона тўридаги столни эгаллаган  семиз киши хонани бўлим бошлиғи тарк этиши билан  стол тортмасидан  газета чиқариб,  ҳаммага савол назари билан тикилди.
— Бошладик.
— Хориж ҳарбий самолёти.
Ҳамма ўйга толди. Зуккоев мажбурий хизматда бўлганида  ҳарбий техникага оид маълумотларни пухта эгаллаганди. Шунинг учун бир неча самолёт номини айтди.
— «Ягуар» тўғри келди. – Семиз киши газетага сўзни ёзаркан, хонадаги икки ҳамхонасига ўхшаб, таажжубланганини  яширмади.- Хўш, кейингиси сув ўти.
Зуккоевга ўсимлик дунёси беш қўлдек маълум эди. Шу сабабли ҳамкасбларининг  ўйлаб ўтиришига имкон қолдирмади. Унинг топқирлиги билан  газетанинг бир бетини эгаллаган кроссворд  ечими  бир соатда ҳал бўлди. Семиз киши газетани олиб чиқиб кетди.
Тушдан сўнг бўлим бошлиғи ходимларни чақириб,  кроссворд баҳсида ғалаба қозонилгани учун  уларга миннатдорчилик билдирди. Қолган бошқармалар эса  бошқотирманинг яримини ҳам ечиб улгуришмаган экан.
Эртаси куни Зуккоевни газета сотиб олиш рўйхатига киритишди. Қаватдаги тўртта бошқарма бошлиқлари томонидан  шахсан тасдиқланган ушбу рўйхат саҳифаларида кроссворд чоп этиладиган газеталар номи, уларнинг сотувга чиқиш вақти ва газетани сотиб олиши лозим бўлган ходимларнинг номлари битилган маълумотдан иборат эди.
Умуман, Зуккоев ишхонада ўрнатилган тартибга  қойил қолди.  Эрталаб, агар газета сотиб олиш учун кечикканларни истисно қилганда,  ҳамма ўз вақтида ишда бўлар,  раҳбарият  ечими умумжамоа ҳукмига  ҳавола этиладиган  кроссвордни танлагунча, бунга бир соатча вақт кетарди, ходимлар ўз вазифаларини тезлик билан бажаришар, сўнг ҳар кунлик асосий иш булган кроссворд саволларига жавоб топишга ўтиларди.  
Иш бошлангандан сўнг икки соатлар ўтиб, бошқармада иш шунчалар қизғин тус олардики, четдан қараган одам ходимларнинг ишга бўлган фидойилигидан ҳайратланмай қолмасди.
Зуккоев ишлайдиган хона худди чумоли уясини эслатарди. Эшик ҳар лаҳзада очилиб ёпилар, бошқарма ходимларининг кириб чиқиши канда бўлмасди. Албатта Зуккоев баъзи маълумотларни билмасди, лекин уларни қаердан олиш кераклигини бехато айтарди.
Телефонлар орқали сўровлар бир он тинмасди.  
— Алё, бу телевидениеми? Сизлар  қачон ташкил топгансизлар?
— Кечирасиз, тиббиёт институтими, бел оғриғининг лотинча номини айтиб юборинг.
— Фалсафа институтими, илтимос, худоларнинг номларини факсдан жўнатинг.
Шундай суровлар,  йўлаклардаги югур-югурлар давом этаётган бир вақтда котибанинг ҳаммани  биринчи кунлар ҳайрон қолдирган, энди эса қандайдир асабга тегадиган хитоби янграрди.
— Зуккоев топшириқни бажарибди-и-и.
Белгиланган ишларнинг бу қадар тез бажарилиши  қаватдаги муҳитга  таъсир этмай қолмади, албатта.  Ҳар куни битта бошқарманинг устун келаётгани, энг ёмони, иш вақти тугамай ходимларнинг ишсиз қолаётгани уларнинг ишга бўлган қизиқиши суссайишига олиб келганди. Зуккоевнинг ўта билимдонлиги вужудга келган салбий ҳолатнинг асосий сабаби эканини биринчи галда раҳбарлар англаб етишганди. Шунинг учун улар жамоаларидаги вазиятни олдинги ҳолатга келтириш борасида фикр алмашишни бошлаб юборишди. Шундай бир вақтда юқори ташкилотдан раҳбарлик лавозимига  номзод сўраб қолишгани уларга қўл келиб, бу ўринга Зуккоевнинг номзодини бир овоздан таклиф этишгани ҳеч кимни ҳайрон қолдирмади. Аксинча,  кузатиш маросимида сўзга чиққан барча Зуккоевни таърифлаб, унинг янги ишига омад тиладилар.  Бундай билимдон мутахассиснинг ораларида бўлмаслиги жамоага анча қийинчиликлар туғдиришини изҳор этарканлар,  юзларидаги  мамнунликни яширолмасдилар.
Афсуски собиқ ҳамкасбларнинг қувончи кўпга чўзилмади. Раҳбарликка кўтарилган Зуккоев илгариги ишига шунчалар ўрганиб қолгандики, ҳар куни эрталаб бошқарма бошлиқларини чақириб,  уларга кроссвордлар бўйича топшириқлар берар, кун охирида эса улардан жавоб талаб этаркан, қаршисида ўз вазифасини уддалай олмаган бечораларнинг хаёлидан бир хил ўй кечаётгани,  қўл остларида ишлаган ходимнинг юқори ташкилотга ўтганидан пушаймонликларини билмасди.