Одатда, “Ота-онангиз ҳаётми?” деб сўрашганда, “Ҳа”, десангиз, “Давлатманд одам экансиз” дейишади ҳавас билан.
Оллоҳга шукр, онажоним 84 ёшга кирдилар. Назаримда, менинг онам дунёдаги энг меҳрибон, энг кечиримли ва энг сулув аёл.
Оиламиз катта оила эди. Бобом, момом, амаким, етти фарзанд, қарияси бор хонадонларда бўладиган узлуксиз келди-кетдилар. Ана шу катта хонадондаги ягона хизматкор онам эди. Шунча иш кўп бўлиши билан ҳам бирон марта “қийналиб кетдим“ деб, нолиганини ёки баъзи оналарга ўхшаб, “Тўйиб кетдим сенлардан ҳам, ҳаётдан ҳам”, деб, зарда билан бизни қарғаб-нетиб уришганини эслай олмайман. Нон ёпса, кичкинтойлар учун албатта кулчалар ёпилар эди, қиш кунлари эрталаб турсак, уч офтоба илиққина сувга тўлдирилган, мактабга киядиган пойафзалларимиз ғиштин печнинг гирдида ювилган, тумшуқларига юмшоқ латталар тиқилган ҳолда иссиққина бўлиб турарди. Орадан қанча йиллар ўтиб кетган бўлса ҳам ана шу пойафзалларни эсласам, оёқларимда ажабтовур ёқимли ҳароратни ҳис қиламан.
Сал улғайиб, ёнига кириб у-бу юмушларга ёрдамим тегадиган бўлгач, укаларимнинг бир амаллаб йиғиштирган жойларимни бирпасда тўзғитиб ташлайверишидан нолисам, онам: “Қизижоним, сен буларнинг юмушларини суюниб-суйиб қилгин, эрта-индин беш оғанг беш қўрғонинг, синглинг меҳри дарё ғамгусоринг бўлади”, дерди.
Энди ўйлаб қарасам, онагинамнинг зиммасида не юмушимиз бўлса, барини мажбурлигидан, оғриниб эмас, ўзи айтгандек, ўзимизни суйгандек ишимизни ҳам суйиб қилган экан.
* * *
Онам ҳеч қачон оилада “Бу иш эркакнинг вазифаси, бу иш аёлнинг вазифаси” деб юмуш ажратган аёл эмас. Ўзи чевар аёл, бир умр элнинг кийимини тикиб, гиламини тўқиган. Зарур бўлганда эса ғишт териб, бетон ҳам қориб кетаверарди. Қўшниларимиз махсус печ терувчи уста чақириб, фалон пулга тердирган ғишт печ бизнинг уйда онам томонидан ҳар йил бузилиб, ҳар йил қайта терилар эди: “Катта бўлиб кетибди, анча жойни эгаллаяпти”, “Баланд бўлиб кетибди, ўтин кўп сарф бўлади“, деган сабаблар билан.
Бир жойларга меҳмонга бориб келишса, отам раҳматли кулиб-кулиб, момомга гурунг берарди: “Эна, ошхўрга ош, ишхўрга иш йўлиқар, деганлари рост экан. Бунингиз ўлиб, тандирга қолип қазди (ёки кийим тикди), мен ош едим”, дер эди. Энди ўйлаб қарасам, иш билганга ҳам қийин-да, онагинамни кўрганда одамларнинг биткиза олмай турган ишлари эсига тушиб қолаверган: “Яхшиям келиб қолдингиз, тандирим тўкилиб қолган, бир қолип қаздирадиган одам топмай юрган эдим, сиз бошлаб беринг, мен овқатга уннай”, деган. Шу билан онагинам меҳмонга киядиган “ҳай-ҳай” кўйлагининг этакларини липпага уриб, қолип қазишга тушиб кетган. Ўзи танти аёл, куч-ғайрат бор, бошлаган ишини чала қолдирмай деб, ош пишгунча терлаб-пишиб қолипни охиригача қазиб берган. Ёки дейлик борган жойида: “Вой, сизни Худо етказди, дўсим, эртага тўйим бор эди, кўйлагимни кимга тиктирсам, деб турган эдим. Бир кўкрагини қўшиб берсангиз бўлди, у ёғини ўзим тикаман”, дейди-да, тикув машинасининг бошига ўтқизади. Кийим тикиб юрган кишилар яхши билишади, кўкракни қўшиш учун кўйлакни аввал бичиш керак, елкани, ённи тикасиз, ҳоказо, ҳоказолар ва кўкрак қўшилди, деган сўз, кийим битди, дегани бўлади. Кўкракни қўшган онамиз енгни ҳам тикиб, этакларини қайтариб, тайёр қилиб, мезбонга топшириб қўя қолади. Кейин отамиз ҳалигидай кулиб юради, “Ошхўрга ош, ишхўрга иш йўлиқар” деб…
* * *
Онам ҳеч қачон одам ажратмаган. Ҳамиша эшикдан келган одамни тўрга чиқариб, дастурхон ёзиб, ишини битказиб берган. “Қозонинг қайнаб турган пайти эшигингдан тиланчи кириб келса, ўша таомда тиланчининг ҳам ризқи бор”, дейди доим. Онамга бир марта кийим тиктирган одам қариндошдек қадрдонга айланиб қолар, бора-бора кўпларига анчайин ишларни текинга ҳам тикиб бериб юбораверарди. Фақат бир сафар…
Тикувчилигининг орқасидан опа-сингил бўлиб қолган бир аёлнинг эри келди. Маълум бўлишича, эркак аёлининг эгри юра бошлаганини сезиб қолган. Шу куни ҳам “Опамникига кўйлак тиктиргани кетяпман” деб чиққан экан, эр унинг изидан қорама-қора келса, аёл бизникига кирмай, кўчамизнинг нариги бошидан чиқиб, тутнинг панасида турган машинага ўтириб кетиб қолибди…
Орадан бир неча кун ўтиб, ҳалиги аёл бир неча кийимлик қимматбаҳо газмол кўтариб онамнинг ёнига келди. Онам бизни чиқариб юбориб, аёл билан гаплашди. Ҳовлида юрган эдим, бир пайт аёл газмолларини кўтариб чиқиб кетди. Унинг қошлари қаҳр билан чимирилган, кўзлари йиғидан қизариб кетган эди. Онамдан бу ҳақда сўрасам, гапни қисқа қилди: “Мен бундай аёлларнинг кўйлагини тикмайман”.
* * *
Оиламиз ўртаҳол эди. Отам оддий ишчи, онам мактабда фаррош бўлиб ишларди. Тиктиришга олиб келишган чиройли газмоллардан баъзан парча-пурча лахтаклар ортиб қолса, синглим иккаламиз диқиллар эдик: “Она, шуни олиб қолайлик, эгаси билиб ўтирибдими?” Онам ҳалиги лахтакларни шартта қўлимиздан юлиб оларди: “Кишининг ҳақи – Тангрининг ўти. Қиёматда мен бунинг жавобини беришим керак. Агар эгасига қайтармасам, бу қийқимлар у дунёда илонга айланиб мени қувиб юраркан”.
* * *
Онам эҳсон қилишни жуда яхши кўради. Бинойидек кийимларини ҳам бировларга бериб юбораверади. “Нега ундай қилдингиз, сизда ҳам бирор нарса бундо-оқ тахланиб турса бўлмайдими?” десак, “Тирикликда қил хайр, жонингни дўзахдан айир”, дейди доим.
Бир сафар касалхонага тушиб қолганида: “Хонангизда чой қайнатиб ичаверасиз”, деб электр чойнагимни бердим. Қайтаётиб, чойнакни ҳамхоналарига ташлаб келибди: “Уларнинг сеникидай чойнаклари йўқ эди, қийналиб қолишмасин, савоб бўлади, дедим”. Тутаб кетдим: “Вой она-ей, савобга чой қайнатиб бўлмайди-ку”. Онам норози чимирилди: “Одам хайрли бўлиши керак, сен ўз уйингда ўтирибсан, улар касалхонада ётишибди”.
* * *
Онамга ҳамма ҳавас қилади: “Ҳамма фарзандлари ўқимишли, меҳр-оқибатли. Ўзи саксондан ошган бўлса ҳам, на гапидан, на йўлидан адашмаган. Қайтага тикиш қилиб, ҳамманинг хожатини чиқариб ўтирибди, бизга ҳам шу кишининг йўлини берсин”, деб, биров бошига рўмол, биров елкасига бир кийимлик сарпо ташласа, “дод” деб, берганларини қайтариб ташлайди: “Йў-йўқ, менинг тўримдан гўрим яқин, мени қарздор қилманглар”.
Онамга: “Бу қарз эмас, буларга ҳовуч дуо берсангиз бўлди. Ўзлари рози бўлиб беришган нарса қарзга ўтмайди”, деган гапни ҳеч тушунтира олмадим.
* * *
Онамнинг уйи қўшни аёллар учун доимий кўнгил бекати. Биров тўрт оғиз суҳбатини олиш учун, яна биров бир оғиз маслаҳат сўраб, биров ўзи эплай олмаган тикиш-бичишини кўтариб бораверади. Баҳонада қанча гурунг!.. Бир ўзимдан ортиб борганимда олдида ўтирган қўшни аёлларни кўриб, тўғриси, ҳафсалам пир бўлиб кетади. Қанийди, улар ҳам: “Ҳой, манави кампирнинг қизи келибди, она ва қизнинг бир-бирига айтадиган гаплари бордир, бемалол ўтириб суҳбатлашишсин”, деб қўзғала қолишса. Йўқ, ўтираверишади.
Бир сафар онамдан йигирма ёшлар кичик бир қўшни аёл узилиб кетган маржонини кўтариб чиқибди: “Опа, шуни тизиб бермасангиз, ҳеч кўзим ўтмаяпти”.
Ўзи ошга тушган пашшадек бўлиб, бемаврид кириб келганига ғашим келиб ўтирганди, чақиб ола қолдим: “Боласи тенги бўлиб сизнинг кўзингиз ўтмаганда, саксондан ошган онамнинг кўзи ўтадими?”
Аёл заррача ҳам хижолат бўлмади, мендан кўпроқ кириб-чиқиб юрган эшиги-да, онамнинг феълини билади, худди ўз онасига эркалик қилаётгандек нозланиб, маржонни онамнинг олдига ташлади: “Опам йўлини билади”. Онам ҳам маржонни олиб, у қилди, бу қилди, ипларни хомитди, бир-бирига улаб пишитди, ишқилиб бирпасда беш қатор дурни тизиб, қўшнининг олдига ташлади-да, ўз-ўзидан мамнун жилмайиб, менга қаради: “Ишнинг ўзини эмас, кўзини билиш керак”.
Ҳалиги аёл маржонни тақиб олгач, халтасидан бир шим чиқарди: “Укангиз бир шим олган экан, пича узун келди, тўрт энлилар кесиб, шуниям ғириллатиб бир юргизиб беринг, опажон. Ўзим қиламан десам, қуриб кетгур чол, қўймади, бузиб қўясан, шу опага олиб бор, дейди. Мен ҳам вақтида не бир тикишлар қилганман, бир ўтиришда тўрт қизимга тўрт кўйлакни тикиб, сўнг турган пайтларим бўлган. Бу кишим бўлса, менинг ишимдан ҳеч кўнгли тўлмайди”.
Онам “ғириллатиб” бергандан сўнг ҳам оламжаҳон вақт ўтириб, ниҳоят, менинг қовоғим уйилавергач, эрка қўшни ўрнидан турди. Кун шомга қараб йўл олган, менинг ҳам вақтим соб бўлган эди: “Она-ей, шу хотин бир ўтиришда тўртта кўйлакни тиккан бўлса, мен осмондаги ойни олиб айвонимга фонус қилиб, осиб қўйганман. Бир умр савдода ишлаб, тангани тангага уриб, пул қилишдан бошқа ишга вақт ажратмаган хотин-ку бу. Индамай, ёлғон мақтанишларини эшитиб ўтирасиз-ей”. Онам қўл силтайди: “Киши айбин кўрмоқ бор-у, демоқ йўқ, қизим. Эшигимдан етмиш икки томири эгилиб келиб ўтирибди, қандай юзидан оламан?”
* * *
Тўнғич неварам ўн бирга кирди, кейингиси тўққиз ёшда. Онагинам уларга чилласи чиққунча биринчи чопонни қавиб кийгизган эди. Шундан бери ҳар икки йилда ҳар бирига битта пахталик нимча, битта тўн қавиб беради.
“Қўйинг, онажон! Бозор тўла чопон, кўзингизнинг нурини аясангиз-чи”, дейман ичим ачиб. “Ай, болам-а, қўлимдан келаркан, қилаяпман. Бозорнинг чопони мен қавиган чопондек бўлармиди? Орасига ватин солган, мен юмшоққина пахта солдим, бу пахталарга қанча қуёш нури сингган, дўхтирлар уни давойи, дейди. Буларни невараларинг кийиб, ёнимга келганда қанча қувонишимни сен тасаввур ҳам қила олмайсан. Шундай аёллар бор, на эрига, на болаларига умрида бир тўн қавиб, кийгиза олмайди. Худога шукр, отангга неча тўн қавиб кийгиздим, болаларимга, невараларимга, энди чевараларимга ҳам тўн қавиб кийгизиш насиб қилди. Бекор ётгандан кимга наф? Кимгадир фойданг тегиб турганига нима етсин”. Ҳар доимгидек, онам ҳақ.
* * *
Дунёда онамдек соғлигини, жонини авайлайдиган, ҳаётга ташна инсонни кам учратганман. Тўй-ҳашам, меҳмондорчиликларни жуда яхши кўради, маърака-таъзиялардан ҳеч қолмайди. Ёки саломатлик борасида. Масалан, менинг бир жойим оғриса, дардни бергувчи ҳам, олгувчи ҳам Оллоҳ, дейман-у, индамай ётиб оламан. Онам эса, жон ҳам, тан ҳам Оллоҳнинг омонати, уни асрамоқ керак, Оллоҳ ҳам асраганни асрайди, бир кун ёти-иб қолсанг, ҳам ўзингга, ҳам бола-чақангга жабр қилиб, кимга фойда, кимга зиён, дейди. У кишим шу ёшида ҳам не бир келинларнинг сепига қуроқ кўрпа-ёстиқ дейсизми, елпиғичу, қопчиқ дейсизми, буюртма олиб, нафақасига қўшимча пул ишлайди. Касалхоналарда ётиб даволанишдан ташқари телевизордан бир нарсани эшитиб қоладими, қўни-қўшнилар маъни бериб кетган бўладими, шу нарсаларни ҳам албатта қўллаб кўради. “Ойдин ҳаёт”, “Ўзингни англа” кўрсатувларининг бирор сонини ҳам қолдирмасдан кўриб боради. Бир борсам, наҳорда тузсиз қайнатилган гуручга парҳез қилиб ўтирган бўлса, бошқа сафар овқатдан ярим соат олдин лимон суви ичаяпман, дейди. Иккита лимондан бошлаб, йигирматага чиқариши керак экан. “Онажон-ей, сизга нима зарил, бетаъм гуруч-у, талхўр лимон сувини ичиб?” дейман. Лимон таъмини оғзимда ҳис қилиб афтим буришади. “Керак! Худо хоҳласа, оёқларим оғримай қолса, машина чақириб ўтирмай уйларингга боравераман”, дейди онам. “Э-э, онажон, кимнинг оёғи оғримайди? Оёқ бўлгандан кейин пича-пича оғриб, ўзининг борлигини билдириб, қадрини ошириб туради-да”. “Болам, ётиб қолиб, сизларга ташвиш бўлмайин, дейман-да”, гарчи бировимиздан бир сўм олмаса ҳам ўзини оқлаган бўлади.
* * *
Йиллар ўтган сайин онамизнинг биз фарзандлар учун нечоғлиқ катта давлат ва ғанимат бахт эканлигини тобора чуқурроқ ҳис қилиб бораётган бўлсам-да, мени шиддат билан илгари олиб кетаётган ҳаёт ташвишларидан узилиб, ҳадеганда иззатига етавермайман. Ҳар кун эрталаб аҳвол сўраб, бир қўнғироқ қиламан: “Соғ-саломатмисиз, онажон?” Онамнинг овози ҳамиша ўктам ва шодон жаранглаб туради: “Раҳмат, болажоним. Ўзинг яхшимисан?..” Ке-етади шу билан… Бир бошдан ҳамманинг аҳволини сўраб чиқади, кеча уйига кимлар келди, қандай ахборотлар берди… Менинг эса вақтим!..
Ҳар қандай ҳолатда ҳам сени кечиришини билган одаминг қаршисида ҳар доим ҳам андиша қилиб ўтирмайсан. Кўпинча иложим етганча: “Ҳа, хўп” деб тураман-у, баъзан гапларини шартта бўлиб: “Онажон, шошиб турган эдим”, деб шу кунги фарзандлик вазифамни ниҳоялаб қўя қоламан. Ва онам менинг бу беадаблигимдан сира хафа бўлмайди, аксинча хижолат тортади: “Майли, болам. Ўзингга қара, жонинг соғ бўлсин”.
Кейин эса кундалик ташвишларимга андармон бўлиб кетаман ва шу ташвишлар ичра юриб онамнинг хижолат инган нурафшон юзини ҳеч кўз олдимдан кеткиза олмайман. Ўзимни оқлаган бўламан: “Ўзлариям… Ҳеч гаплари тугамайди-да, ахир телефон гурунг учун чиқарилмаган-ку”, дейман. Аммо барибир ўзимни ўзим юпата олмайман. Аллақаердан онанинг кўзларидаги қувончга харидор бўлган Ҳожи ҳақидаги ривоят ёдимга тушади.
Эмишки, ҳаж ниятида сафарга чиққан бир кишига бир оқшом тунаш учун жой берган Ҳожи унинг нима мақсадда йўлга чиққанини эшитиб, кутилмаганда: “Онанг борми?” деб сўрайди ва онасининг ҳаётлигини эшитгач: “Мен эллик марта ҳаж қилдим, ҳар сафар ялангоёқ, ялангбош, ёлғиз ҳаж қилдим. Эллик ҳажимнинг ҳам савобини сенга бераман, сен менга онанг кўзларидаги қувончни бер”, дейди.
Мен эса вақтимни қизғаниб ўтирибман…
* * *
Нафақага чиққанимдан буён тез-тез ёнига бориб, узоқ-узоқ суҳбат қилиб қайтаман. Онагинамнинг юзи бирам нурли, меҳр тўла нигоҳлари сокин, суҳбатлари шундайлар ширин… Кўнглингизнинг гадоси. Дилингизни оғритиб қўймайин, авайлабгина гапиради. Лекин ҳар гапига бир мақол қўшиб гапирмаса, ҳисобмас. Ҳеч ёнидан кетгим келмайди. Бир кун сўрадим: “Онажон, армонларингиз кўпми?” Онам бироз ўйланиб турди-да, хотиржам жавоб қилди: “Йўқ, болам. Нимага интилсам, аввало Оллоҳ, қолаверса, ўзимнинг ҳаракатим билан эришдим, нимага уринсам, ақлу заковатим билан уддаладим. Ҳеч қачон бугунги ишни эртага қўймадим. Худойим ўғил берди, қиз берди, барингизни ризқингиз билан, бахтингиз, мартабангиз билан берди. Бир армоним – ота-онам яшайдиган жойдан мактаб жуда узоқ эди, савод чиқара олмадим. Оқ қоғознинг бетидаги ёзувни ўқий олмадим. Турмушга чиққанимдан кейин ҳам мустақил ўргансам бўлар эди, оила, бола-чақа ташвишидан орта олмадим. Сизларнинг китоб қучоқлаб юрганларингизни кўрсам, ҳавасим келади. Агар китоб ўқишни билганимда тикув машинасидан ташқари китоблар ҳам менинг қадрдон дугоналарим бўлиб қолар эди”.
* * *
Бола эдим. Онам укамни кўтариб, акам билан мени етаклаб олис қишлоқда яшайдиган холамникига меҳмонга олиб борди. Қўшни қишлоқда яшайдиган кичкина холам ҳам келди. Кечки овқатдан сўнг катта гужум остидаги лой супага қатор қилиб жой ташланди. Йўлда толиққанмидик, биз болалар аввал оқшомдан ухлаб қолдик. Тонг пайти шитирлаган овоздан уйғониб кетдим. Секин кўзимни очиб, ёнбошимдаги тўшакни шоша-пиша йиғиб, жойнамоз ёзаётган онамни кўрдим. Унинг қиблага тикилган кўзлари хавотир ва қўрқувга тўла эди.
Намозини ўқиб бўлгач, ҳайрон тикилиб ётганимни кўриб, паришон ҳолда ёнимга ўтириб, бармоқлари билан сочларимни тароқлади. Онамнинг бармоқлари енгилгина титраб турарди.
– Эна-а, сизни ким қўрқитди?
Онам пастки лабини тишлаб, гуноҳкорона бош чайқади:
– Холаларинг билан тонг отари гурунг қилиб, намозни бироз кечиктириб қўйдим… Ишқилиб, даргоҳида қабул қилсин-да.
Ўшанда онамнинг гапларига умуман тушунмаган эдим. Энди… Онамнинг ўша дамдаги қўрқув тўла нигоҳларини, титраб турган бармоқларини эсласам, ғалати бўлиб кетаман.
* * *
Онам бетоб бўлиб қолди. Кечқурун ёнида ётиб қолдим. Илтимоси билан шом учун, хуфтон учун таҳорат суви тайёрлаб бердим. Астойдил “Энажон, аҳволингизга қарасангиз-чи?” дейишимга қарамасдан намозини ўтирган ҳолда ўқиди. Қарасам, бомдодга ҳам инқиллаб-синқиллаб ўрнидан тураяпти: “Онажон-ей!” дейман ўзимча онамдан койиниб. Онагинам эса: “Болам, келиндан хижолат бўламан, кап-катта аёл, еб-ичиб ўтирибди, намозини ўқимайди, деса-чи”, дейди. Ёқа ушладим: “Нега бандасидан хижолат бўласиз? Оллоҳдан эмас?”
Онам шуни ҳам билмайсанми, дегандай ғалати қараб, елка қисди, сўнг “Оллоҳ аҳволимни кўриб турибди, у доим кечиради. Банда банданинг ичидан нима ўтганни қаердан билсин?” деди.
* * *
Кутилмаган фалокат туфайли қўлтиқтаёққа суяниб қолганимга етти йил бўлаяпти. Аммо ўзимнинг бечора аҳволимни сира назарга илмадим. Шу аҳволда ҳар йили Тошкентга бир бораман. Театрларга кираман, китоб дўконларини айланаман. Бухорою Самарқанд, Хоразму Қорақалпоғистонга ҳам бордим. Соғ-саломат пайтларимда излаб бора олмаганим қанча дўстларимни кўриб, қанча азиз-авлиёларни зиёрат қилиб қайтдим. Мадинаи Мунавварага бориб, қўлтиқтаёқда, ногиронлар аравачасида Оллоҳнинг суюкли расули Муҳаммад Мустафонинг (с.а.в.) турбатларини зиёрат қилдим. Муборак Маккага бориб, Оллоҳнинг байтини зиёрат қилдим. Термизда-ку, тўрт йил ишладим. Иш жойим Термизда эди, ўрганган ишимдан кетгим келмади.
Хуллас, қўлтиқтаёқда бўлсам ҳам, юрдим-кўрдим, ўзимга ёқмаган шу сиёғимда кўриндим… Аммо шу етти йил ичида киндик қоним томган, бахтиёр болалигим ўтган, ҳамиша йўлимга муштоқ онажоним билан падари бузрукворимнинг дийдорига элтгувчи қадрдон Жарқўрғон кўчаларида қўлтиқтаёқ билан бир марта ҳам юрмадим. Ўзим шу шаҳарда яшаб туриб ҳам… жарқўрғонликларга ўзимнинг бечора сиёғимда кўрингим келмади…
Азалдан кўчат экишни яхши кўрардим. Ҳар йили эрта баҳорда ўзим бозорга чиқиб, турли кўчатлар олиб келиб, ҳовлимга ўтқазардим. Етти йил шу машғулотдан ҳам мосуво юрдим. Шу йил баҳор эрта келди. Кўнгил баҳорий ҳислардан кенгайиб кетдими, бир куни пешиндан сўнг неварамни олиб бозорга бордим. Кўчатлар бозорнинг бир четида сотилар, бозорни ораламасдан ҳам кўчат олиб чиқиш мумкин эди.
Кўчат бозорига кираверишда қучоқ-қучоқ кўчатларини аскардек бир сафга чиройли қилиб тизиб чиққан сотувчининг ёнида тўхтадик. Саломига алик олиб, савдосига барака тиладим. Унинг жавдираётган кўзларига қараб, қўлтиқтаёқларимдан хижолат тортдим. Ўзимча дадил-дадил гапирган киши бўлдим: “Қани, ука, кўчатларингизни бир бошдан мақтанг-чи”. Сотувчи чайналди: “Энди, опа, бироз узрли жойим бор. Ўзимнинг кўчатларим кеча тугаган эди. Бир танишим: “Шуларни сотиб бер” деб ташлаб кетди. Буларнинг нархини, отини биламан-у, ўзини билмайман. Ким пайванд қилган, нави қандай? Сизга берсам, эрта бир кун олдингизда хижолат бўлиб қолмайин, дейман-да”.
Кейинги растадаги сотувчи йигит ҳам қуюққина сўрашди. Кўчатларини сўраган эдим, қўлини кўксига қўйиб, узр сўради: “Опажон, бу кўчатларни сизга бера олмайман. Олиб келинганига ўн беш кун бўлган. Томирларини намлаб турибмизку-я, барибир кафолат йўқ-да. Сиз керакли кўчатларингизнинг рўйхатини қилиб беринг, бугун келинингиз Деновга кўчатга кетган, эртага янги кўчатлардан олиб, ўзим ҳовлингизга экиб бериб келаман”.
Ана, холос… Мен кўчатларнинг номини, сонини ёздим. Нархини ҳам айтинг, биратўла ҳисоб-китоб қилиб кетайин, дедим. Савдогар негадир қимтиниброқ нархини айтди. Кўчатларнинг сони ўттизга яқин, нархи юз мингдан ошиб кетди. Йигитнинг “Аввал кўчатларни олиб борай, кейин пулини берасиз”, деганига ҳам қўймай, пулини бердим: “Қутулиб қўйганим яхши, кўнгил хотиржам бўлади, ука”. “Хўп, опа”, “Уйимни биласизми ўзи?”, “Биламан, опа”.
Неварамнинг ранги ўзгарди. Бурилишим билан тирсагимдан тортди: “Моможон, сиз бу одамни танимайсиз-ку, алдаб кетса-чи?”, “Алдамайди, болам”.
Жарқўрғонда Машраб деган бир ҳардамхаёл йигит яшайди, ҳамма уни “Машир тентак” деб атайди. У тонг саҳардан ярим тунгача бозор айланиб, дўконларга кириб, ризқини териб, еб юради. Уни одамлар “тентак” дейишади-ю, лекин унинг хотираси жуда кучли, жуда кўпчиликни, эҳтимол, бутун Жарқўрғонни танийди: исми ким, касби нима, ота-онаси ким, ака-укалари ким, болалари ким… Ҳеч кимнинг дилини оғритмайди.
Бозор дарвозаси ёнида унга дуч келиб қолдим. У қирқ йиллик қадрдонини кўргандек, тавозе билан сўрашди, онамни, ўғлимни сўради, албатта ҳаммамизнинг исми шарифимизни айтиб! Машинанинг ёнига келгач, неварамнинг қўлидан калитни олиб, мени жентельменларга хос такаллуф билан машинага ўтирғизди, қўлтиқтаёқларимни орқага қўйди. Атроф машина, аравасига ҳар хил қутиларни уйиб, “пўш-пўш”лаб дунёни бузаётган аравакашлар, бозорга кираётган, чиқаётган, шунчаки музқаймоқ ялаб, ўзлари ҳам музқаймоқлари каби эриб, ўтиб кетаётганлар ҳисобига ниҳоятда тирбанд эди. Машраб кенг қулочини ёзиб, баланд овозда “хай-хай”лаб ҳайқирганча, то машинамни орқага ҳайдаб, катта йўлга тушиб олгунимча, тўрт томондаги гавжум ҳаракатни тўхтатиб турди. Мен бир зум тўхтаб, ташаккур билдирган киши бўлиб, бош ирғадим. У машинанинг очиқ деразасига яқин келиб: “Сен ҳалиям жуда чиройлисан! Хафа бўлма”, деди менга. Шу ерда унинг тентаклиги билинди. Кўнглимни кўтараман деб, дилимни ранжитиб қўйди…
Димоғим ачишди, кўзларимдан иссиқ ёш қуйилди, бурним бўшади. “Мана, моможон, бозорга чиқишни ҳам ўрганиб олдингиз. Энди тез-тез чиқиб турсангиз ҳам бўлади”, деди неварам. Мен унга қарамасдан бош чайқадим: “Йўқ, энди бозорга чиқмайман”.
Кўчатлар-чи, дейсизми? Албатта, уларни ваъда қилган вақтида олиб келиб, экиб кетди.
Орадан бир неча кун ўтиб, бу воқеани онамга ҳикоя қилиб бердим.
– Болам, инсон ўзининг яқин кишиларидан бу хил дардини яшириши шарт эмас. Қўлтиқтаёқда юриш гуноҳ ишми? Шукр қил. Йиллаб тўшакда ётиб қолган одамлар қанча…
Кейин ўйлаб кўрсам, ўша куни Машраб ҳам “Ҳалиям чиройлисан”, деганида, онамнинг шу фикрларини айтмоқчи бўлган. Яъни “Шукрли бўл” демоқчи бўлган…
* * *
Ҳаж сафарида имконингиздаги ҳар бир дақиқа ҳисобли. Шерикларим фарз амалларни адо қилиб бўлишган бўлсалар-да, кўпроқ вақтларини Ҳарами шарифда ўтказишар, ҳажга кела олмаган яқинлари учун умралар қилишар, нафл умралар қилишар, нафл намозлари ўқишар эди. Байтуллоҳда ўқилган бир намознинг савоби бошқа жойларда ўқилган намозларнинг савобидан юз минг марта кўп экан. Бунинг устига Ҳарами шариф шундай маҳобатли, файзли, гўзал эдики, бу муқаддас даргоҳда шунчаки ўтириш ҳам, дуо қилиш ҳам киши руҳига беқиёс ҳаловат, лаззат бағишлар эди. Зеро, дуо қилиш ҳам ибодат-да. Ҳар кун, ҳар тун, сафардаги ҳар бир дақиқамни шу муборак Ҳарамда ўтказмоқни жуда-жуда истасам-да, менга сафарда тоға тутиниб, ўз ҳомийлигига олган эр-хотин – Абдувоҳид ака ва Солияхоннинг кўмагида фарз амалларини бажариб қайтгач: “Мени ҳам яна Ҳарамга олиб боринглар” деб уларга юк бўлишдан ийманар эдим. Элликбошимиз кўнглимдаги оғриқларни сезгандек: “Ҳожи она, бу муқаддас шаҳарнинг ҳар қайси бурчида ўқилган намоз муборакдир”, дер эди мени тинчитиб далда бериш учун. Мен ҳам тақдирга тан бериб, намозларимни меҳмонхонада ўқир, ибодатдан бўш вақтларимда меҳмонхона олдида ўтириб, шаҳарни, ўтган-кетган одамларни томоша қилар эдим.
Ноилож одамнинг бу маҳзун томошасида кўпинча менга ўхшаб аравачада ўтирадиган жикаккина кекса аёл ҳамроҳлик қилар эди. Бу аёлни жуда келишган, ўрта ёшлардаги басавлат бир киши ёнимга қўйиб кетар: “Опа-сингил гурунглаши-иб ўтиринглар. Онажон, агар зериксангиз, қўнғироқ қилинг”, дер эди. Менинг эса бу кампирга ҳавасим келар: “Агар ўғлим билан келганимда, унинг бўйнига осилиб олган бўлар эдим, ҳар кун Ҳарами шарифга борар эдим, Ватанга қайтгунча сира Ҳарамдан чиқмас эдим”, дея ўйлар эдим. Бир куни кўнглимдагиларни айтдим ҳам: “Хола, бу ерга ўғли билан келган оналар дунёдаги энг бахтли оналар бўлса керак”, дедим. “Э-э!.. Бу ўғилга кўнглимда нафратдан бўлак ҳеч нарса йўқ”, – қўл силтади кампир. “Нега?” – ҳайрон бўлдим мен. “Бу ўғил фарзанд бўлиб, умрида бир пиёла қаймоқ ёки бир кило гўшт билан мени излаган одам эмас. Топгани хотини ва қайин-бўйинларидан ортмайди. Мен кенжа ўғлим билан яшайман. Кенжамнинг қўли бироз юпқароқ эди. Қизи ТошМИга кирган йили Россияга ишга кетди, шу қизнинг контрактини тўлайман, деб. Бир йилда яримжон бўлиб қайтиб келди. Мен касал, ўғлим касал. Контракт тўлашга қийналиб қолдик. Бир куни денг, буни чақиртирдим. Неча-неча дўкони бор, пул, мол-дунё мил-мил! “Шу қиз ўқишга бир амаллаб кирган эди, меҳнати куйиб қолмасин. Қарашиб юбор, савоб бўлади”, дедим. “Бу шўртумшуқларингизга ота ҳовлини ташлаб чиқиб кетдим, яна нима қилиб беришим керак? Уни Россияга мен жўнатганим йўқ, яримжон бўлиб қолишига ҳам мен сабабчи эмасман. Ўзиям, қизиям тақдирида борини кўраверсин. У аҳмоқнинг ақли бўлса, пул излаб, Россияда юрмасди. Ишлайман, деган одамга шу ерда ҳам иш тўлиб ётибди. Қийналиб қолибди, сизни орага солмай, ўзи борсин, “Ака!..” деб! Йўқ, у киши министр, отдан тушсалар ҳам, эгардан тушмайдилар!” – хуллас, бир дунё гап билан таъбимни тирриқ қилди. “Э-э, бор, кўзимдан йўқол! Ўз уканг оёғингга йиқилиши керакми ҳали? Бир тиканли гап қилиб, дилини оғритган жойинг бордирки, олдингга бормапти уканг. Қайтиб турқингни кўрмай!” дедим. Кенжа келин жуда доно, қаноатли аёл эди. Ҳамма зебу зийнатларини, ҳатто мебелларини ҳам сотди, қариндошлардан озроқ қарз кўтардик. Кейинроқ қизимиз ишга кирди. Хуллас, қизни ўқитдик. Ҳозир катта дўхтир, бойбичча. Кейинги неварам тадбиркор. Жуда бойиб кетмаган бўлсак ҳам, энди бировга муҳтож жойимиз йўқ. Бир кун кутилмаганда катта ўғил қўнғироқ қилди: “Она, тайёргарлигингизни кўраверинг, мен сизни ҳажга олиб кетаман”, деди. “Қачон? Нега?”. “Икки ойдан кейин! Эрта-индин тиббий кўрикдан ўтасиз”.
Бирдан орқам тутиб кетди: “Мен сен билан ҳеч қаерга бормайман. Умрингда бир пиёла қаймоқ ёки бир куйган кулча билан изламаган ўғил энди мени ҳажга олиб бормоқчимисан?” дедим. “Э-э, она, қўйсангиз-чи шундай гапларни! Сизникига қаймоқ кўтариб юришга менинг вақтим борми? Эрка ўғлингиз бола-чақасига нима едирса, сизга бериб ўтиргандир. Хурсанд бўлиб, раҳмат болам, дейишнинг ўрнига бу нима гап бўлди?”. “Қаймоқ обкелма, майли, оч қолган жойим йўқ. Аммо шу кекса онам тирикми-ўликми, яримжон ўғилнинг остонасида бирор нарсага муҳтож бўлиб қолмадимикин, деб олти ойда бир йўқламайсан. Мени кўргинг келмаса, ўзингни бир кўрсатиб кет, тошбағир, номард! Йўқ, мен ҳеч қачон сен билан ҳажга бормайман!”. “Онажон, онам бўла туриб мени тушунмайсиз-а! Менинг умуман вақтим йўқ. Бутун умрим сафарларда ўтади. Одамлар ҳам тўловини қилиб, ҳам пора бериб, ҳажга бора олмайди, сиз бўлсангиз!.. Майли, мени қўяверинг, Худодан қўрқинг, она!”, “Бошимни оғритма, мен барибир бормайман. Ҳов, ана, қайнонажонингни олиб боравер”.
Ростдан ҳам келмоқчи эмас эдим. Кенжа ўғил билан келин қўймади: “Боринг, онажон. Биз сизни ўша жойларга олиб бора олмадик. Акам ўзидан билиб, олиб бораман, деяётган экан, бу фикрни акамнинг кўнглига Худо солган. Бу сизга Худонинг марҳамати. Йўқ деманг”.
Ўзим ҳам ҳажга келишни бир умр орзу қилганман, денг. Ўйлаб-ўйлаб охири: “Э-э, майли, шу нобакор ўғилнинг топганида она сифатида менинг ҳам ҳақим бор”, дедим. Жаҳл – кофир, деганлари рост. Энди бу муқаддас жойларда юриб, жаҳлимни енга олганимга, ўзимни идора қила олганимга шукр қиламан”.
Кампир нурсиз кўзларини олис-олисларга тикиб, анча вақт жим қолди, сўнг чуқур хўрсиниб, қўшимча қилди:
– Ўзинг туққан боланг бўлса ҳам, кўнглинг қолса, бегонадек бўлиб қолар экан. Ё менинг дийдам шунчалар қаттиқми, билмадим, шу ерларда юриб ҳам, ўғлимга нисбатан ҳеч меҳрим товланмади. Биламанки, у мени бу ерга Оллоҳнинг ва менинг розилигим учун эмас, “Онасини ҳажга олиб бориб келди” деган обрў учун олиб келган!
Ҳамсуҳбатимни тинглаб туриб, онагинамнинг бир гапини эсладим. Биров-ярим боласидан шикоят қилиб қолса, шундай дер эди: “Ичингдан чиққан ола илон, ол-да, белингга бойла!” Халқимиз қанчалар донишманд, ичингдан чиққандан воз кечиб бўладими ахир?! Яна ҳазрат пайғамбаримизнинг муборак ҳадислари бор: “Нафсим қўлида бўлган Оллоҳга қасамки, мўмин бўлмагунча жаннатга кирмайсизлар” ва “…бир-бирингизни севмагунча комил мўмин бўла олмайсизлар”.
Она ва ўғилки, бир-бирини кечира олмаса, мўминлик ҳақида, жаннат ҳақида хаёл қилиши мумкинми? Ахир биламиз-ку, Раббим кечиримли, марҳаматли Зот ва кечиримли бандаларини севади. Оллоҳ Қуръони Каримда марҳамат қилган: “Оллоҳнинг марҳаматидан умидингизни узманг!..” Яна шундай мазмунда ҳадис бор, ер юзини тўлдириб юборадиган миқдорда гуноҳ қилган банда тавба қилса, Оллоҳ бандасини ер-кўкни тўлдирадиган миқдордаги маҳфират билан қарши олар экан.
Онахонга раҳмим келди. Ахир, нафрат ва кек тўла кўнгил билан, айниқса, бу нафрат ва кек ўз фарзандингга қаратилган бўлса, яшаш ниҳоятда қийин бўлади. Ҳадису шарифларга ҳаётий мисоллар қўшиб, секин-секин тушунтирдим. Биз узоқ суҳбатлашдик:
– Холажон, кенжа ўғлингизнинг ҳаётидаги қийинчиликлар ҳам ўтиб кетибди. Энди Оллоҳнинг розилиги учун бу ўғлингизни ҳам кечирмасангиз бўлмайди, ундан рози бўлинг. Ахир у сизнинг фарзандингиз, олдингизга ўғлим нега бунча беоқибат чиқди экан, деган саволни қўйганингизда, она бўлиб берган тарбиямда ўзимдан бирор камчилик ўтмадимикин, деб ўйлаб қўйишни ҳам унутманг. У сизни Оллоҳнинг уйига олиб келди. Уни кечирсангиз, Оллоҳ ундан ҳам, сиздан ҳам рози бўлиши аниқ. Иккингизнинг кўнглингиз ҳам ҳаловат топади. Бу жойларга бир келдингиз, яна келиш насиб қиладими-йўқми, ёнингизда шундай меҳрибон, полвон ўғлингиз бор экан, бўйнига осилиб олиб, ҳар кун Ҳарами шарифга бормайсизми?
Аёл маҳзун жилмайди:
– Билмасам, синглим…
Эртаси куни у “томошагоҳ”имизга чиқмади. Шерикларидан сўрасам, ўғли билан Ҳарами шарифга кетибди. Худди мен орзу қилгандек, “ўғлининг бўйнига осилиб олиб!..” Унинг қарорига, бахтига астойдил ҳавас қилдим. Мен ҳам юракларим ёниб, ният қилдим: “Эй, Оламлар Парвадигори! Бу ҳажимни охиргиси қилмагин. Бу муборак шаҳарга, муқаддас Каъба зиёратига яна келишни, албатта, ўғлим билан келишни насиб айла!”
* * *
Онам ҳар нарсадан нолиб юрадиган одамларни ёқтирмайди. Ўзи ҳам ҳеч қачон нолимайди. Шукрлилик, қаноат ҳақидаги бир ривоятни кўп айтади.
Эмишки, бир подшонинг ёлғиз қизи бетоб бўлиб қолибди. Мамлакатнинг барча табиблари уриниб ҳам маликани даволай олишмабди. Бундан қаҳрланган подшо: “Агар қизимни даволай олмасанглар, барчангизнинг бошингизни қиличдан ўтказаман”, дебди. Шунда бир табиб: “Қизингизга дунёда ҳеч армоним йўқ, ўзига шукр, деган одамнинг кўйлагини олиб кийдирсангиз, қизингиз батамом соғайиб кетади”, деб, ҳамкасбларини ўлимдан сақлаб қолибди. Қизининг соғлигидан қаттиқ хавотирланган подшонинг ўзи хос навкарлари билан “Ўзига шукр, армоним йўқ” дегувчи одамни излаб чиқибди. Не бир бой-боёнлар, оғзидан куй-қўшиқ тушмайдиган шоёнлар билан гаплашишибди. Барчаси “Шукрку-я, аммо…” деб, бир армонини айтибди. Беармон одамни излаб-излаб ҳолдан тойган бир пайтда кимсасиз бир чекка қишлоқнинг чеккасидаги ғарибона кулбанинг ёнидан ўтиб кетишаётиб, “Ўзингга шукр, Яратган Эгам, ҳеч бир армоним йўқ”, деган хитобни эшитишибди. Улар кулба ёнида тўхтаб, уй эгасини чақиришибди: “Ҳой, шукрли инсон, ташқарига чиққил, сен билан юрт подшоси гаплашмоқчи”. Ичкаридан овоз келибди: “Подшоҳим мени кечирсинлар, мен чиқа олмайман, сабаби устимда кўйлагим йўқ”. Бундан подшо ўзига хулоса чиқарибди. Ҳалиги кишига бош-оёқ сарпо кийдириб, қизига муаллим қилиб тайинлабди.
* * *
Ушбу сатрларни ёзар эканман, юрагимнинг туб-тубида симиллаб турган соғинч ҳиссини туйдим. Онам – Оллоҳ берган беминнат хазинам, ғанимат неъматим. Шошиб, болалигим ўтган қадрдон уй томон йўлга тушдим.
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 3-сон