Ҳавонинг тўсатдан айниб қолганини сезгандай, юнги яқинда олинган совлиқнинг териси титраб-қақшаб қўяди. Августнинг охирларида кунлар бирданига совиб кетди. Тунда намиққан ерга тўпиллаб тушаётган олмаларнинг тўкилиши эшитилиб турарди. Аста-секин тонг оқаришиб келаяпти. Юлдузлар сийраклашиб, боғимизни кесиб ўтган ариқчанинг суви тобора кўзга яққолроқ ташланарди.
Мен айвонда ўтириб, ҳар қанча диққат билан қулоқ солмай, биронта қушнинг чирқ этган овози эшитилмайди. Ҳолбуки, яқиндагина, ҳатто июль ойининг охирларида ҳам шу пайтларда қушлар сайроғидан қулоқ батангга келгудай бўларди.
Бугун якшанба. Дам олиш кунини ҳамма хурсандчилик билан ўтказяпти. Кимдир шаҳарга, кимдир кинога йўл олган, баъзилар дўстлар даврасида улфатчилик қилаяпти. Фақат менгина… Музика мактаби ўқитувчиси, оғайним Валеранинг ибораси билан айтганда, «авжим паст» эди…
Авжим паст бўлса бордир, хотираларим ҳам шу кайфиятга мос келади. Қайта-қайта телеграфга югурдим, Мала билан телефон орқали гаплашгим, тезроқ уйга қайтиб келишини илтижо қилгим келади… Юрагим шу қадар бетоқатки… Лекин бу орзуларим орзулигича қолаверишини тушунардим. Мала ўлақолса ишини ташлаб, қайтиб келмас. Қорақалпоғистон ГРЭСи қурувчилари ҳақида очерк ёзиш учун командировкага кетганига эндигина икки кун бўлди… Ўзимга қолса-ку, хотинимнинг бу ишига ҳеч қачон розилик бермаган бўлардим…
Йўқ… Чиндан ҳам бугун кайфиятим паст. Ҳаммасига менинг Оқтошим айбдор. Қора холлик бу кучукча икки ойлик пайтида ҳовлимизга адашиб кириб қолган, эндиликда Маланинг ғамхўрлигида ўсаётган эди.
Оёғим остида тумшуғини олдинги оёқлари устига қўйиб ётган Оқтошга қарайман-у, бир вақтлар кичикроқ район марказига практикант-журналист сифатида борганимни эслаб кетаман. Мен Донани ўша ерда учратган эдим.
Дона — оч жигарранг, паҳмоқ юнгли кучукча. У ҳовлига терилган муздай ғиштлар устида кўзларини хиёл қисганча, роҳатланиб ётарди. Июнь ойининг охирлари, кун иссиқ, шунинг учун у одатда стол тагида, тилини осилтирганча ҳарсиллаб ётарди, фақат тунда ҳовлини айланарди, уйнинг орқасига ўтар, боғда изгиб юрарди. Баъзан ярим кечада асабий вовуллаб қоларди. У ахлат тўкиладиган чуқурча атрофида ўралашиб юрадиган дайди ит билан тинимсиз «жанг» олиб борарди…
Сўнгги икки кун ичида у кундузи ҳам ўз салтанати — ҳовли, боғ бўйлаб югуриб юрадиган бўлиб қолган. Қулоқларини динг қилиб, буталар орасидан эшитилган ҳар бир шитир этган овозга ириллаб жавоб қилар эди.
Бу уйдаги ҳамма нарса: ҳовли ҳам, маймунжон экилган майдон ҳам, Дона ҳам энди менинг ихтиёримда эди.
Тўғри, мен бу ерда вақтинчалик хўжайинман, номигагина… Газетада ишлайдиган ўртоқларим, ҳар йили уйини танишларидан бирининг ихтиёрига қолдириб, ёзни ўғлиникида ўтказиш учун кетадиган Мукаррам холаникига бошлаб келган эдилар.
— Мукаррам опа, шаҳарч мизнинг энг ҳурматли аёлларидан, — тушунтирди ахборот бўлими мудирининг укаси Ҳамид. Мен практикани шу бўлимда ўташим керак эди. — Унинг ҳар бир сўзи — қонун. Ҳатто райкомнинг биринчи секретари ҳам холадан чўчиб туради. Районда ўтадиган ҳамма йигилишларда президиумда ўтиради. Районнинг дастлабки комсомолларидан, шахсий пенсионер.
Унинг гапларига қулоқ солиб ўтириб, чўчиб қолдим. Шундай одамнинг уйида туриш қандай бўларкин… Ё воз кечиб қўя қолсаммикан… Дарвоқе, ахир уйида бўлмайди-ку, деган хаёлдан сўнг яна кўнглим жойига тушди.
Кейин ҳам афсусланмадим. Мукаррам хола меҳрибонгина аёл экан. Дастурхонга таклиф қилди, мураббо қўйиб, нон ушатди, соғлиғимни, оиламни сўраб, университетда ўқиётганим учун мақтаб қўйди. «Онанг бахтли аёл экан, яхши ўғил ўстирибди», деди гап орасида. Ҳамид келишимиз сабабини тушунтирган эди, у шу заҳотиёқ розилик билдирди. Пул ҳам олмайдиган, уйни икки ой муддатга ўз ихтиёримга қолдириб кетадиган бўлди. Лекин унинг гап орасида пенсияси камлигини, неваралари олдига кетаётганини, улар эса кўпчилик эканини эслаб қолдим-да, ёнимдаги онам берган бор пулимни — саксон сўмни стол устига қўйдим.
— Икки ойга етадими?
— Қўйинг, айланай болам, қўйинг, бу қанақаси тағин… уят бўлади…— рад қила бошлади Мукаррам хола, мен ҳам «оласиз» деб туриб олдим. Кейин хола мулойимгина жилмайди-да, бир оз ўйлаб туриб, пулга қўл чўзди.
— Ҳай, майли, болам, хафа бўлма, илоё сувдек сероб бўл, ҳамёнингдан барака аримасин. Онагинанг роҳатингни кўрсин, мартабали бўл, илоҳи омин!
Юзига фотиҳа тортди-да, уй томон пилдираб кетди. Кейин мени боққа бошлаб борди-да, помидор, райҳон, маймунжонларни қачон ва қандай суғориш кераклигини узоқ тушунтирди.
— Гулларга сувни ҳув анави девор тагидан очасан,— деди у оғир нафас олиб,— мен чарчаб қолдим, айланай, қарилик қурсин, мадор йўқ… Кўриб турибсан, дори-дармон билан жон сақлаб юрибман. Сен Тошкентда тураркансан, кетарингда мен рецепт бериб юбораман, бу ерда топиш қийин бўлган дориларни қараб боқасан. Чекка район эмасми, кўп дориларни топиш қийин, болам.
— Хола, нега мунча ўзингизни ўтга-сувга урмасангиз, жонингизга жабр қилиб…— сўз қотдим мен,— айтишларига қараганда, ўртоқлик судига ҳам аъзо эмишсиз, уй бошқармаси активида ҳам қатнашармишсиз…
— Оҳ, айланаай, болагинам-а! Сизлар ҳали ёшсизлар. Дунёга энди келаяпсизлар. Университетда ўқисанг ҳам ҳали гўрсан. Қари билганни пари билмас… Биз аралашмасак бўладими, болам!
У аста бош чайқаб қўйди, энгашиб помидор тупини тиклади, остидаги бегона ўтни юлиб ташлади.
— Помидор узиб олиб еявер, ўғлим. Битта-битта териб олда…— давом этди ранг кириб қолган бутоғини латта билан боғлайтуриб, — ўзингникидай… бемалол… Дунёда ҳар хил одамлар бўлар экан… Шунақа одамлар борки, ер ютиб юбормаганига ҳайрон қоласан! Вақтида ҳақ гапни айтиб, кўзини очиб қўймасанг, биласанми, хоҳлаган ишини қилишдан тоймайди, жувон ўлгурлар! Ваҳминг келади баъзи ишларини кўриб! Тавба дейсан… Яқинда десанг, ёшгина бир қиз турмушга чиқди. Ота-оналари шўрлик уйга, жиҳозларига озмунча сарф-ҳаражат қилишмади. Қиз қурмагур бўлса, ўламан обло, бирга турмайман, дейди. «Биз ҳар хил одамлармиз, муносиб эмасмиз!» эмиш… Мен унга: «Ўзбек қизисан-ку, ҳар ҳолда, болам, эрингни йўлга сол, лекин ажрашма, айб бўлади», дедим. Уят-да, ахир! У бўлса нуқул социалистик ахлоқдан ваъз ўқийди менга. Охири тоқатим тоқ бўлди, чидай олмадим, ваъз ўқиш мана бунақа бўлади дедим-у, шунақаям ўқиб ташладимки, қиз бечора қип-қизил шолғом бўлиб кетди… Шунақа!
Мукаррам хола қаддини ростлади. Шу чоғ у кўзимга янада салобатлироқ кўриниб кетди. Унинг қўлидаги таёққа назар ташладиму ғалати бўлиб кетдим. Менинг ҳолатимни тушунди шекилли, кулиб юборди.
— Ҳа, ўғлим, чарчадингми? Қани, юр, энди чой ичайлик. Озроқ «тўқсон беш»дан бор, ростини айтсам, нон тугаб қолибди… Келди-кетди дегандек… ўзинг биласан одатимизни!
— Мен нонга чиқиб келаман — ҳозир фойдам тегиши имконияти туғилганидан ичим ёришиб, хурсандлик билан дедим мен.
— Бора қол, болам, бора қол,— ясама тишларини ярақлатиб деди Мукаррам хола,— ёшсан, оёқларинг бақувват… Ҳозир сенга пул олиб бераман.
— Йўғ-э, холажон, қизиқмисиз,— қўлимни силкиб қўй дим,— пулим бор…
Ташқарига чиққандан кейин ҳамма пулимни Мукаррам холага бериб қўйганим эсимга тушиб қолди. Яхшиям редакция яқингинада, бўлим мудиридан йигирма сўм қарз олиб чиқдим.
Уйга нон билан бирга бир оз ҳолва, конфет ва қовун кўтариб келдим. Холанинг кетадиган пайтигача чойхўрлик қилиб ўтирдик. Ўғли юборган машинага ўтирар экан, хола мени меҳрибонлик билан қучоқлади.
— Илоё бахт ато этсин сенга, ўғлим, менга ёқиб қолдинг. Ўз фарзандларим қатори кўраман сени!
Кетар олдидан машинадан бошини чиқарди-да, қўшиб қўйди:
— Суғориб қўйиш эсингдан чиқмасин, айланай, болам. Маймунжонни терганингдан кейин устига шакар сепиб қўй. Кетишингга ўзингга мураббо пишириб бераман. Донани оч қўйма, хўпми, болам!
Дона ўз номини эшитиб қўрқа-писа инидан бош чиқардию яна ғойиб бўлди. Машина йўлга тушгандан сўнггина югуриб чиқди-ю, думини ликиллатиб ванғиллай бошлади.
— Ҳа, машинани қарғаяпсанми? — уни силамоқчи бўлгандим, мендан бир неча қадам нари қочдию Мукаррам хола кетган томонга қараб ҳурий бошлади.— Эгангни олиб кетдими, а? Ҳа, майли, куйинаверма! — овутмоқчи бўлардим уни.— Бир амаллаб кунимизни кўрармиз! Ит бўлсанг ҳам омадли экансан, эганг кўнгилчан экан-а, Донахон, хўш, нима дединг?
Дона акилламай қўйди, менга бегонасираб қараб қўйди-ю, ҳовлиси томон пилдираб кетди. У стол ёнида турган катта чўян каравот остига кириб кетди, то эрталабга қадар ўша ерда ётди.
Эрталаб чой қўйдим-да, деразадан бошимни чиқариб, итни чақирдим.
— Ҳой, етимча, чиқақол энди, овқатланамиз!
Каравот суянчиғи орқасидан аста бошини чиқариб менга қаради. Мен унга бир бурда нон кўрсатдим:
— Ма, ол!
Дона синчковлик билан қараб қўйди. Лекин жойидан қўзғалмади.
— Ие, олмайсанми, оғайни, ё қорнинг тўқми? — ҳайрон бўлдим мен.— Ё менинг қўлимдан олгинг йўқми, чўчияпсанми?
Деразадан бошимни чиқардим-да, нонни аста ерга қўйдим. Ит қимир этмай кўзини лўқ қилиб турарди.
— Менга қара, ҳой Дона, ё тобинг йўқми, а? Хўш?
Яна бир бурда нон ушатдим-да сарёғ суриб чақирдим:
— Ма, Дона, олақол! Оббо тентаквой! Нега қўрқасан, ке, ол!
Ит тўсатдан ирғиб турди-да, думини қисганича, омбор томон йўрғалаб кетди.
— Нима бўлди сенга, ҳой!
Унинг орқасидан эргашдим.
Дона омборнинг қоронғи бурчагига қисилганча, кўзларини мўлтиллатиб қараб турарди. Оёқ овозларимни эшитиб, деворга тахлаб ташланган яшиклар орқасига ўзини урди.
— Вой, тентаг-эй! — энгашиб итни чақира бошладим.
У эса бурчакка қисилганча кўзларини мўлтиллатиб, гўё қаршисида даҳшатли маҳлуқ тургандай, қўрқувдан титраб-титраб қўярди.
Бурда нонни шундоқ тумшуғи остига ташладим, у эса ҳамон қимир этмасди.
Фақат анча вақт ўтгандан кейингина Дона омбордан қўрқаписа бош чиқарди-да, йўргалаб бориб бурдани эҳтиёткорлик билан тишлади-да, орқага қайтди. Бир оздан сўнг чиқиб, иккинчи бурдани ҳам олиб кетди.
Шу кундан бошлаб унинг емишини ерга қўядиган бўлдим. Олдинига бир оз чўчиброқ, бора-бора дадилроқ келадиган бўлди у менинг ёнимга. Ҳатто у бир куни нонни қўлимдан илиб олди. Олишга олдию кўзлари бежоланиб, бўйнини қисиб қолди. Чанг босиб кетган юнгини эҳтиёткорлик билан силаб қўйдим.
— Бугун бир чўмилмайсанми-а, Дона, бу гапга нима дейсан?
Кўзларини катта-катта очиб, тушунгандай қараб турарди у менга.
— Вав!..
— Ҳа, балли, демак розисан,— хурсанд бўлиб кетдим мен.— Ишдан қайтаману иккаламиз душга тушамиз. Совун-чўтка қилиб, шундай ювинайликки, ойнага караб ўзингни танимай қоласан. Маҳалланинг энг гўзал кучукчаси деб ном чиқарасан!
Гапирар эканман, мўлтиллаб, мендан кўзини узмай турарди у. Кўзларида қандайдир яширин хасрат чўғланиб турганини кўриб, галати бўлиб кетдим. Ўзимни тутиб туролмадим, бошини силаб қўйдим. Дона бир титрадию жойидан жилмади.
Кечқурун эса Малина келди.
— Руслан, бормисан, оламда?! Ў-ҳў, яхши жой топиб олибсанда! Касбдошларинг хавотир олишмаса ҳам бўларкан… Жонимга тегиб кетишди, «Русландан хабар ол, ҳоли нима кечаяпти экан», деб…
— Мала, қандай шамол учирди! — шошиб қолдим мен. Практикага Тошкентда қолган эди, қаердан келиб қолди экан, қандай топди мени…— Чой ичасанми? Уй эгаси қўйиб кетган озроқ тўқсон бешдан бор…
— Ичаман, ичаман,— кулиб жавоб берди Малина хотиржамлик билан ҳовлини кўздан кечирар экан.
— Мени қандай топиб келдинг? — савол устига савол ёғдирдим мен.— Э-ҳа, газетадагилар айтишган, шунақами?
— Газетадагилар,— тасдиқлади Малина каравотга чўкар экан.— Командировкага келдим. «Победа» колхозининг раиси, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Абдуллаев ҳақида очерк ёзмоқчиман… Эшитганмисан? Йўқ дейсанми? Тавба!! Сени қара-ю… Вуй, кучук… Шунақа чиройли кучугинг борми?!
Яқиндагина ювинган, юнги ялтираб совун ҳиди анқиб турган Дона шундоқ оёқларим остида ётарди. Узун-узун юнглари ҳали қуриб улгурмаганди. Малина уни силамоқчи бўлиб, қўл чўзганда, жаҳл билан ириллаб қўйди. Кейин яна мен томонга бир қараб, яна овқатланишда давом этди. Ора-сира бош кўтарар, аста ириллаб қўяр эди.
Малина келганидан ўзимда йўқ хурсанд эдим. Биринчи курсданоқ у менга ёқиб қолган эди, лекин умидсизланиб юрардим. Мана, энди…
Стол устига чойнакни келтириб қўйдим, пиёлани чайиб, тўлдириб чой қуйдим.
— Қани, чойдан ич,— пиёлани мураббо идиши ёнига қўйдим.
— Мукаррам хола, қизларни бошлаб келиб юрмасин, огоҳ бўлиб туринг, деб тайинлаб кетувдила! — кимнингдир овози эшитилди шу пайт.
Мен эсанкираб, қип-қизарнб, қимирлашга мадори қолмагандай бўлиб ўтирган Малинага қарадим.
— Мен қизларни бошлаб келаётганим йўқ,— деб хириллаб жавоб қилдим девор оша кўриниб турган аёл кишининг бошини кўриб.— Университетда бирга ўқийдиган ўртоғим бу!
— Шуни айтаяпман-да, ҳеч қанақа ўртоқ-пўртоғини… деб тайинлаб кетувдилар.
— Нега энди холам ўзимга айтиб қўя қолмаптилар,— жаҳлим чиқа бошлади менинг.— Нима, сизни қоровул қилиб қўйиб кетдиларми?
— Сизга айтишга андиша қилибдилар… Қандай айтади? Сиз ёқиб қолибсиз у кишига. «Бари бир, Саноатхон, бир гап бўлиб юрмасин, хабардор бўлиб туринг», деб кетдилар. «Кейин хурсанд бўлади», дедилар.
— Жуда хурсанд бўлиб кетдим-да, раҳмат! Огоҳлантириб қўйганингиз учун миннатдорман! — Овозим титраб кетганини ўзим ҳам сезиб турардим. Лекин ўзимни тутиб, давом этдим.— Балки кириб, биз билан чой ичарсиз бир пиёла?
— Йўқ, раҳмат! Ҳадемай эрим ишдан қайтиши керак… Ҳар қалай, қизларни бошлаб келиб юрмаганингиз маъқул бу ерга… Хўпми?
У кетди.
Малина бошини эгиб ўтирарди. Унинг узун-узун, тим қора киприклари титраб турарди. Оғзим қуруқшаб кетди.
— Қўявер, эътибор берма, Мала…
— Қўйсанг-чи…
— Шакар сепилган маймунжон ейсанми? Анчагина териб қўйганман. Йўқ, яхшиси, асал билан чой ичамиз. Нима дединг… Уй бекасининг беш-олти баллон асали бор. Ажойиб. Йўқ, яхшиси, асал билан шакар сепилган маймунжонни қўшиб чой ичамиз. Иккаласини қўшсак зўр бўладида! Нима дединг, а кўрамизми?
Столга бир шиша банка асал олиб қўйдим-да, пиёлага шакар сепилган маймунжон тўкдим.
— Мукаррам хола «асалга тегишмасин», деб тайинловдилар…— овоз эшитилди яна девор ортидан.— Холанинг буйраги оғрийди. Асал билан даволаниши керак экан…
Девор оша тим қора кўзли қизалоқ қараб турарди.
— Нима, асални ҳам олдиндан тайинлаб кетувдими?
— Қайдам? У киши ойимга айтган эканлар, ойим менга…
— Энди мен кета қолай,— Малина ўрнидан қўзғалди.— Ўтириб қолдим. Чойни ҳам ичдик…
Менга савол назари билан қараб, Дона ҳам қўзғалиб қўйди.
— Ёт, маллавой! — пўписа қилдим мен, ит яна индамайгина жойига ўтирди.
— Дона, ма!
Малина бир тўғрам колбаса олиб, итга узатди.
Дона еб турган нонини ҳам ташлаб, омборхонага кириб кетди.
— Унга нима бўлган ўзи? — ҳайрон бўлди Малина.
— Тарбияси шунақа бўлган! — зўрға дея олдим мен бўғилиб.— Менга айтишувди-я… Мукаррам холадан райкомнинг биринчи секретари ҳам чўчиб туради… деб. Бу шўрлик… бор-йўғи бир ит бўлса…
…Уҳ, жин урсин! Қаёқдаги нарсалар келмайди хаёлга… Эслаганда бадани жунжикиб кетади кишининг… Йўқ, бугун кайфиятим жойида эмас… Эҳ, Малинам, қаёқларда юрибсан ҳозир…
Юрагимнинг ҳувиллаган бўшлиғида итлар увиллаётгандай туюларди шу тонг қоронғусида…
Рус тилидан Гулчеҳра Нишонова таржимаси
«Гулистон» журнали, 1989 йил, 2-сон