Исажон Султон. Ота қасидаси (ҳикоя)

Муҳташам бир бинонинг ойнаванд кириш эшиги олдида кўкиш зарҳал кийим кийган икки бақувват дарбон зерикиб турар эди.
Ёмғир шивалаб ёғар, қизил тош терилган йўлаклар, қимматбаҳо аробалар турли- туман чироқлар ёғдусида товланиб кўринарди.
Кишилар шоша-пиша йўлакдан ўтиб бормоқда эдилар. Салдан кейин усти ёмғирда анчайин ивиган, дўппи кийган ўрта яшар бир киши дарбонлар ёнига яқинлашди.
Башанг йигитлар илк қарашдаёқ унинг кимлигини аниқлаб бўлишган, ҳар ҳолда юпунгина бу одамнинг ҳашаматли ресторанда қилар иши йўқлиги шу бир қарашдаёқ аниқ-равшан бўлган эди.
Кишининг сочлари оқарган, пойафзали ҳам анча уринган.
У бир нафас тўхтаб, турганлардан ниманидир сўради. Ҳар ҳолда, юз-қўлимни ювиб чиқсам майлими, деган бўлиши мумкин.
Дарбонлар қош чимириб, бош чайқашди.
Шундан кейин у одам иккиланиб бир оз турди. Кейин, ёмғир томчилаётган қизил йўлакдан қаддини букканча, йўлида кетди.
Бор-йўқ воқеа шу: бир юпун киши келди, эшик олдидагилардан бир нима сўради, жавоб олгач, йўлида давом этди.
Келинг, хаёл қушимиз шу одамнинг ортидан, боши узра айланиб учақолсин, ёмғирдан пана қилиб, шу баҳона, унинг ўй-хаёлларига, ўтказган умрига назар солақолсин!
Бу одамнинг онаси, аёли, қизлари бор эди.
Вақти-соати етиб, она оламдан ўтгач ва қизлар турмушга чиққач, ҳайҳотдай уйда ёлғиз аёли билан қолган эди.

* * *

Агар сен бўлмасайдинг, мен ҳеч ким эдим, дер эди хаста онасига, ақли тўлишгач, онасининг оёқларини ювиб, кўнгли тусаган нарсаларини олиб келиб, оғзига овқат тутиб ёнида ўтираркан.
“Бор, болаларингни олдига чиқақол, шунча ёнимда ўтирдинг, етар.”
“Йўқ, она, яна бир оз ўтирай, – дер эди. – Дийдорингга тўйиб-тўйиб олай. Ахир, сира ёнингдан кетгим келмаяпти.
Қадрингни энди билмоқдаман, онам.
Қадринг шунчаларки, агар бу дунёда сен бўлмасайдинг, мен ҳам бўлмас эдим.
Сен бир сирли-сеҳрли маҳак тошимидинг, ҳаётимни, оламимни ўзгартира оладиган?
Бир йўнилмаган гавҳар эмасмидим, ўзининг қийматини, нималигини билмаган, фикрлашни ҳам билмайдиган бир ғовак тош.
Жоним ипига бойланганим деб оҳ урсанг, юзингнинг пардаларини сидириб ташлаб ташқарига югуриб чиқсанг, оҳингдан етти дўзахнинг тутуни енгил буғ каби бўлиб қолсаю… бор-йўғи бир тошга қоқилиб тиззам шилингани учун етти оламнию фаришталарни, тақдирнию қисматни куйиниб-куйиниб қарғаган ҳам сен эдинг.
Мени деб Худодан ҳам қўрқмасмидинг, она?
Ҳар нарсада сенга зор эдим, сен бўлмасанг ҳайвондан фарқим йўқ эди.
Ҳайвоннинг ҳам боласи ширин бўлади-ку, кўзингга ўша ҳайвон боласидай ширин кўринган бўлсам не ажаб?
Еяётган нарсамнинг нималигини билмасдим, чўғ нима, сув нималигини билмасдим, ғоят бечора ва ночор бир жонзот эдиму не учун менга бу қадар меҳр қўйганингниям билмасдим. Ҳозир эслолмайману аммо ақлим етади, ҳар ҳолда эмаклаб ёки талпанглаб юриб бориб ариққа ёки шундоққина тупроқ ерга неча мартадир йиқилиб тушган, ҳар сафарида чириллаб йиғлаб, сенга талпинган бўлсам керак. Ҳар сафарида ҳам мени оромбахш бағрингга босиб, бисотингдаги энг ширин сўзларингни айтиб овутгандирсан. Ундай ширин овутишларингни фақат менгагина атаганингни, ўз жонингдан кўра мени устун қўйганингни ҳозир яхши биламан. Дунёда ҳеч бир кас сен каби бўлолмаслигига энди ақлим етади. Тотли бир мевани кўрсанг, егинг келса ҳам емай қўйнингга солиб, на у меванинг таъмини фарқлай оладиган, на ўзининг кимлигини биладиган эмаклаб юрувчи бир жонзотга опкелиб тутганингни, тамшаниб шуни есам, оламга сиғмас даражада суюнганингнию мабодо емасам, шунча жойдан авайлаб олиб келганингга ранжимасдан, “жоним-жаҳоним” деб, инжиқликларимдан ҳам севинганингни-ю “шундай ширин нарсани емади-я, болагинамда бир ҳикмат бор, худойимдан ўргилай” деб, қўни-қўшниларингга суюнчилаганингга ҳам ақлим етади.
Бу ёруғ оламда шунча йил яшасам-да, зотингнинг қанчалар улуғ эканига ақлим етмаса нима қилай? Бунчалар меҳрни худойим қай тарз дилингга солибдики, ўтгаям, сувгаям қарамай мени дер эдинг? Йиқилганимда, бир жойим ғурра бўлганида жонҳолатда ҳеч нимага қарамай чопиб келганларинг элас-элас эсимда. Бир куни устимга тахлам тушиб кетганида сен бир нима қавиб ўтирар эдинг, ўшанда ўтирган жойингдан мен сари эмаклаб интилганларинггача эслайман, эй кўзимнинг нури, онагинам! Кулишларинг, гапиришларинг бари эсимда. Арзимаган сифатларимга суюниб мен билан мақтанишингни ҳам билмасмидим? Бўй-бастимга қараб суюнганларинг-чи? “Эшигимдан кириб келган давлатим” деб суймасмидинг мени? Қандай мушфиқ, сира ўзини ўйламаган зот экансанки, хаста ҳолингда ҳам мен келганимда “Вой болажон, дарров овқат пиширақолай, ичингга иссиқ ўтсин” деб қозон бошига кетганларинг? Ахир, ўзингнинг ҳам онанг ҳаёт эди-ку, қошига бормасдан, дийдорига тўйиб-тўйиб олмасдан болам деб менинг қошимда ўтираверганларинг? Шамолларда, ёмғирларда мени деб тут баргларини ташиганларинг? Бошингга бир ғарам ўт қўйиб, бир қўлингда мени, бир қўлингда бешигимни кўтариб шийпонларга борганларинг, далаларда ишлаганларинг? Ўзинг емай менга едирганларинг, ичмай менга ичирганларинг, ахир, ўзинг бир тишламгина есанг бўлмасмиди, онам?

* * *

Вояга етиб улғайганимда ҳаётимга яна бир аёл кириб келди, у ҳам сен каби бир мушфиқнинг боласи эди.
Кўнглингга олмасанг, у ҳақда ҳам бир сўз айтсам.
То эр етилгунимча менинг сифатим сенга ўғиллик эди. Узоримда ҳар қанча кўп хақинг бўлса-да, билмаган эканман. Биров мени маломат қилса, сени маломат қилган бўлмасмиди? Ўзимча исмингни, зотингни ҳимоя қилар эдим. Аммо сен-да, бир хато иш қилсам, хатойимга шунчалар куйинар эдингки, кўзларингни ёши дувиллаб оқарди. Эр етилдинг, турмуш қурмасанг бўлмас дединг, аммо мени қанчалар қизғанишингни билиб турардим. Ахир, кучга тўлган, муштимни ерга урсам ер титрайдиган, ойга урсам ой тариқдай сочилиб кетадиган йигит эдим-ку? Қирда қуюн билан кураш тушардим. Шунчалар шиддатга, қувватга тўлган эдим. Қудратга тўлганим сайин сен заифлашиб борардингу шу ҳолингда ҳам мени асраб-авайлар, ош-овқатимдан хабар олар эдинг. Қанчалар қизғансанг ҳам айтай, она, қизғанганинг шу аёл менга яна бир қадр-қиммат бахш этди. Мен энди сенинг ўғлинг мақомидан ташқари, бир оилага бош бўлдим. “Қўзим” деб суяр эдинг, “тойчоғим” деб алқар эдинг. Кечагина қуюндай елиб юрганинг энди тоққа айланди, улкан, собит, метин бир қоятошга. Шу кичкинагина ҳудуд менинг фақат менинг салтанатим эди. Шу оиламда ҳукмим ҳукм, сўзим сўз бўлди. Ҳар қилган ишимнинг маломати ўзимга бўлди, ҳар ҳукмимнинг масъулияти ҳам ўз елкамга тушди.
Сен қилган ҳамма нарсани у ҳам қилди, овқатимни тайёрлади, кийимимни тузатди, уйимни саранжомлади, опкелган ризқимни донолик ва ҳушёрлик билан тақсимлаб, тежаб-тергади, умримда яна бир ҳаловат қўрғони бор эса, у – оилам бўлди. Ҳаётнинг олатасирларида озорлансам, райҳонлар иси анқиган, гуллар очилган, сувлар сепилган ҳовлимга киришим билан бари эсимдан чиқиб кетар ва ёш оиланинг маликаси жилмайиб кутиб олар эди. Бир ёнимда сен – умримнинг Каъбаси, бир ёнимда у, хушбахтлик ила ҳаёт кечирар эдиму шу хушбахтлигимнинг сабабчилари бўлмиш сизлардан айирмасин деб Тангримдан қўрқар, “Илоҳо, мени севганларим билан имтиҳон қилмагин” дея илтижолар қилар эдим.
Ақлим етгани шуки, у ҳам бир онанинг боласи – бир маҳаллар мен каби, ўт нима, сув нима, билмайдиган ғоят бечора ва ночор жон эди, шу ҳолида, мана шу заифлигию мусаффолиги боис ота-онаси унга дунё қадар меҳр қўйган эди. У ҳам бир маҳаллар эмаклаб ёки талпанглаб бориб, ариққа йиқилган ва ҳар сафарида чириллаб йиғлаб, онасига талпингандир? Ҳар сафарида ҳам онаси уни бағрига босиб, бисотидаги энг ширин сўзларини айтиб овутгандир? Унинг онаизори ҳам ширин мевани кўрса қўйнига солиб, на у меванинг таъмини фарқлай оладиган, на ўзининг кимлигини англай оладиган эмаклаб юрувчи бир жон эгасига – боласига опкелиб тутганини, тамшаниб ўшани еса оламга сиғмас даражада суюнганинию мабодо емаса, шунча жойдан авайлаб олиб келганига хафа бўлмасдан “жоним-жаҳоним” деб, инжиқлигидан ҳам севинганини-ю “шундай ширин нарсани емади-я, шу боламда бир ҳикмат бор, худойимдан ўргилай” деб, қўни-қўшниларига суюнчилаганига ҳам ақлим етади.
Мана шу ғалати чархпалак аро умрим ўтиб борар экан, ҳаётимда яна бир аёл пайдо бўлди!

* * *

Ой қизим, сенга қарайману ўзимнинг сендайлигим эсимга тушади.
Сен ахир, ўзингнинг кимлигингни, ўт нима, сув нима эканини билмайдиган ночор бир жон эгаси эдингу шу ҳолингда, мана шу заифлигинг аро сенга дунё қадар меҳр қўйган эдим. Табиийки, бундан бехабар эдинг. Эмаклаб ёки талпанглаб бориб ариққа ё ҳовли тупроғи устига неча марталаб йиқилиб тушар, ҳар сафарида чириллаб ё онангга, ё менга талпинардинг. Ҳар сафарида сени бағримга босиб овутганман-у… аммо бисотимдаги энг ширин сўзларим барибирам ичимда қолиб кетган. Ота ўзининг ҳиссиётларини тилига чиқаравермаслиги керак дер эдим-да. Ўзим билган ҳамма ширин сўзларим фақат сенгагина аталганини ҳам, ўз жонимдан кўра сени устун қўйишимни ҳам билмасдинг. Дунёда ҳеч бир кас сен каби бўлолмаслигига энди ақлим етмоқда. Мен ҳам, онанг каби, тотли бир мевани кўрсам, сенга опкелиб тутганларимни, тамшаниб есанг, оламга сиғмас даражада суюнганимнию мабодо емасанг, шунча жойдан авайлаб олиб келганимга хафа бўлмасдан, инжиқликларингдан ичимда суюнганларимни билмаслигингга ҳам ақлим етади.
Бу ёруғ оламда шунча йил яшасам-да, қанчалар ажойиб мўъжиза эканингга маҳлиё эсам, нима қилай? Бунча меҳрни худойим қай тарз дилимга солди эканки, ўтгаям, сувгаям қарамай сени дер эдим. Йиқилганингда, бир жойинг ғурра бўлганида йиғлаб чопиб келганларинг, овутсам, сал ўтмай қиқир-қиқир кулганларинг, чуғурлаб гапирганларинг – бари эсимда. Ўртоқларингга “менинг дадам ҳаммадан зўр”, деб мақтанишларингни билмасмидим? Сени койисам ё уришсам, салдан кейин кўзингда ёшинг билан чопқиллаб келиб бағримга талпинганларингда, бунча меҳрни Худойим қай тарз дилингга солди экан, ўтгаям, сувгаям қарамай мени дейсан дердим.
Жужуқлигингда сени “Ой қизим” деб суйган бўлсам, кейинроқ “Она қизим” деб суяр бўлдим!
…Эй онам менинг, эй доном менинг!
Кўряпсанми, куз келди, ёмғирлар ёғмоқда. Қушлар саф-саф бўлиб қайларгадир учиб кетмоқдалар.
Бир куни тонг саҳарда, сени ширин уйқунгдан тўсатдан уйғотишганида, мен ҳам шу қушлар каби қайгадир учиб кетган бўламан!
Ашёларимнинг ҳаммаси ўз ўрнида турганидан, худди ҳозиргина кўчага чиқиб кетганману мана ҳозир қайтиб кирадигандай туюлишимдан эзилишингни, кўзларингни ёши дувиллаб оқишини, бўзлаб-бўзлаб қолишингни биламан, онам.
Лекин, фалакнинг чархпалагини кўр, жоним қизим – сен ҳам бугун бир шаҳзодани султон айлаган ажойиб маликасан, кун келиб, “сен бўлмасайдинг, мен ҳам бўлмас эдим” дейдиган қуюндай бир болакайнинг онаси ҳам бўларсан.
У маҳалда мен, ҳар турли қилмишларимдану ҳатто озорларимдан ҳам суюнган онаизоримнинг, мени “паҳлавоним” деб суйган, айтар сўзларининг  кўпи ичида қолиб кетган отамнинг оёқлари пойида бўлсам ажабмас.
Ва албатта бир куни, Худойим барчамизни бир ерга жамлашига, севганларимиз билан албатта яна қовуштиришига ишончим комил!..”

* * *

Бас, ҳикоя мана шу ерда тугади!
Энди сизу бизнинг қилар ишимиз – эшик оғзида турган, муҳташам отелнинг муҳташам кийимли малайларига мана шу гапларни етказиб қўйишдан иборат, холос.
Яна, агар кўчада кийимлари хийла уринган, ўз хаёллари оғушида кетиб бораётган, сочлари барвақт оқарган ўрта яшар бир кишини кўриб қолсангиз, Яратган Эгамдан нигоҳингизга теранлик, қалбингизга тиниқлик сўраб илтижо қилинг!
Ахир, у – Отадир!
Ажабо, бутун умрини, топган-тутганини, бору йўғини ота-онасига ва оиласига сарф қилиб юборган, ҳозир эса, ғофиллар қаршисида бир дам музтар бўлиб қолган шу зотга бир оғиз таскин сўзи топа олармикансиз?
Тополмаслигингизга ишончим комил!
Тополмасангиз, ҳеч бўлмаса бир жилмайиб қўйинг.
Бас. Етар!
2013