“…У тоғ тарафларга боришни анча йиллардан бери орзулаган бўлсам-да, шу маҳалгача сира насиб қилмаган эди. Қаерлардадир, жануби-шарқда эканини билардим. Табиийки, кўриниши, набототи ва унда ўсадиган дов-дарахт ҳақида сира тасаввурим йўқ, билганим – ўзимизнинг азалий виқор тўкиб турадиган Тиёншон, Чотқолу Олой, улардаги қадрдон тарғил-жигарранг қўнғир тошлару ўзимиз билган оддий ўт-ўланлар. Ўзимнинг тоғларим худойимнинг қудратидан дарак бериб юксалишган. Самарқандда Лангар тоғлари бор, Қаршида Сиём… Булар болалигимдан бери эшитиб-кўникиб келганим атамалар.
Лекин шу – О ғ р и қ т о ғ и, ўзи эмас, номи анчадан бери сира тинчлик бермай келарди. Нима учун айнан О ғ р и қ т о ғ и деб номланган экан деб ўйлар эдим.
Мана, саёҳат қилиб юрганим шу томонлардаги тоғларнинг номлари ҳам қизиқ экан. Масалан, Намруд тоғи бормиш. Бағрида биронта гиёҳ ўсмас, ҳар тарафи қуп-қуруқ қорамтир тошлар, харсанглар ва қоялармиш. Ёмғиру жалаларда селларга тўсиқ бўладиган ва қуёш қиздирганида чирсиллаб-чатнаб ёриладиган у тошлар аро ўт-ўлан ўсмаслиги ҳар ҳолда ёқимсиз манзара бўлса керак. Намруд – Мусо пайғамбар замонида яшаб ўтган шаккок ҳукмдор, тоғнинг унинг исми билан аталишию бағрида ҳеч нима унмаслигида балки бир ҳикмат бўлса керак деб хаёл қилдим.
Оғриқ тоғининг устида куйланган бир қўшиқ ҳам бор.
Оғриқ тоғин устинда
Урдилар мани…
Оғриқ тоғи бепоён, устма-уст қалашиб кетган қорамтир-қизғиш, тарам-тарам қоялардан бошланар экан. Арчалар ва сарвлар оз, тоғ этакларида шу атрофдаги қишлоқларнинг болакайлари қўй-сигирларини ўтлатиб юришибди. Нарида қирлар бошланибди, уларни шу ернинг кишилари бўзқир дейишар экан. Тандирларида ёпган нонлари ўзимизнинг нонларимизнинг худди ўзи, тандир тиккамасига эмас, ётқизиб қурилган, жуваю чекичлари ҳам худди ўзимизники.
Бир оз мулоҳаза қилиб кўргач, бу тоғ шууримга нималарнидир шивирлаб огоҳлантираётганини, нималарнидир уқтирмоқчи эканини сеза бошладим.
Эсимга водийга кетаверишда, Қамчиқ довонининг бошланишида ўсаётган ёш тоғ ҳам келди.
Довонга кўтарилишда, ўнг тарафда катта кўл ўртасидан ҳақиқатан ҳам каттагина қоя бўй чўзиб чиққан. Ҳар нарсанинг чақалоғи хуш ва азиз бўлгани каби, у ҳам кўзимга ёш ва саркаш бўлиб кўринади. Ҳар ўтганимда эътибор бериб қарайман. Баъзан уловни тўхтатиб, қайиқми бир нима топиб ўша қояга яқин боргим келади. Устида қушлар ин қурибди. Балки гиёҳлар ҳам ўсгандир? Ахир, шамол турли уруғларни ҳавода учириб ҳар тарафга ёяди-ку?
Хулласки, ҳар ўтганимда ўша ёш тоққа тикилиб-тикилиб қарайман. Кўл юзаси сокин-осойишта жимирлайди. Оч-яшил тўлқинлар майда кўпиклар ҳосил қилади, шабада уларни соҳил томон суради. Йўл ёқасида майда-чуйда болалар ўралашишади. Ёш тоғнинг қоялари ҳали оч-қизғимтир, тошлари унча қотмаган, кучу қудрат сезилмайди шаклу шамойилида. Ҳақиқатан ҳам устида бир-икки ўт ўсибди, ёмғирлар мавсуми тугагани учун сарғайиб ҳам улгурибди. Қуриган гуллари шабадада чайқалади. Уч-тўртта кўл қуши устида чағиллаб айланишади, тухум қўйиб бола очган бўлса эҳтимол. Чағалайлар агар хатар бўлмаса шундоққина тошлар устига ин қуриб, тухум қўйишади. Хатар бор-йўқлигини қайдан сезишганига ақл шошади…
Лекин, кўнглимда қувонч уйғотган у ёш тоғ ўз юртимда, бу ердан жуда узоқда. Мен эса ҳозир ўша, ўзим номига қизиққан О ғ р и қ т о ғ и н и н г қаршисидаман.
Илк қоялар тарафга шошилмай чиқиб борарканман, катта бир тош узра кимнингдир кафтининг изларини кўрдим. Из шу қадар аниқ эдики, кафт чизиқларигача кўриниб турар эди.
Ҳўв пастда сурувлар ёйилган, ўша ёқдан болаларнинг ингичка овозлари, қийқиришлари қулоққа чалинади, шабада сочларимни юлқилайди… лоп этиб хаёлимга болалик уйимнинг деворларидаги кафт излари – отамнинг қўлининг азиз излари келди!
Отам… Отам ҳам тоғдай келбатли бир киши эди-я!
Кичкина болакай бўлганим учун кўзимга бениҳоя улкан бўлиб кўринарди. Пастдан тепага бошимни буриб қараганларим, улкан, қудратли қўллари эсимда. Суянган тоғим деган бир гап бор-ку. Одам нега суянчиғим дейди? Табиийки, ҳориб-чарчаб мажоли қолмаганида ёки касалланганида суянади бирон нарсага. Тоғим дейишининг сабаби тоғнинг бениҳоя ҳайбатли ва мустаҳкам эканида.
Мен отамнинг келбатига ҳавасланиб термилар ва оёқларининг остида ўралашиб юрар, у улкан, қудратли қўллардан таралаётган қуч ва қувват гоҳо чўчитар ҳам эди.
Оғриқ тоғининг тиканлари оёғимга кирди. Бир ерда тошга қоқиниб йиқилдим, болдирим қаттиқ оғриди, қарасам, сал ўтмай қизариб, шишиб чиқибди.
Хиёл нарида, жарлик лабида қанақадир ёлғиз бута ўсган экан. Жар томонга қараб эгилиб қолибди. Қип-қизил илдизлари тошлар орасидан кўриниб турибди. Шохлари носранг, барглари кулранг-оқимтир, қаттиқ, кичкина тиканчалари ҳам бор. Яқинроқ бориб қарадим, жийдами? Ия, жийда экан-ку?
Лоп этиб эсимга аммам келди. Барваста гавдали, шаддодгина у хотиндан ҳам жийда иси келмасмиди?
Қандай аёл эди-я! Кулганида кулгиси анча жойгача янграб кетарди, меҳри оташ, кўзлари кулиб-кулиб турарди. Уруш вақтида қишлоқда эркак қолмаганида, уни қирқдан ошган, учта боласи бор бир кишига никоҳлаб беришган, яна еттита бола кўрган эди. Жуда қийин ва заҳматли бир умрни бошидан кечирди. Мен талабалигимда касал ётганлари эсимда. Бир куни оламдан ўтганини айтди отам. Тоғ келбатли отам ўшанда букчайиб қолгандай эди. Ахир, биттаю битта опаси-ку?! Опа қанақа бўлишини билмайман, ўзимнинг опам ҳам, акам ҳам йўқ, бу дунёда гўё ҳеч кимим йўқ, ёлғиздайман. Лекин, отамни уришганлари эсимда. Кап-катта отам бўйнини букиб унга қулоқ солар, сира эътироз билдирмас эди. Мана, опасиз қолди. Қани у? Қани кулишлари, қошларини чимириб-чимириб койишлари қани?
Оғриқ тоғининг шамоли жуда узоқларда қолган бир қўшиқни олиб келиб қулоғимга урарди:
Оғриқ тоғин устинда
Урдилар мани…
Ҳаётимда ғусса-қайғуни ёқтиравермайман. Лекин бу ғалати, ёруғ ғусса эди, юрагимга малҳам берар, юпатар, аллаларди. Қалбимнинг ўзгараётганини, яхшиликка ва меҳрга тўлиб бораётганини ҳис қила-қила одимлар эдим.
Салдан кейин шарқираб оқаётган бир жилға кўринди. Ичидаги ва теграсидаги қора қизғиш жигарранг, оқ ва тарғил тошчаларни бир-бирига уриб, шарқираб оқар эди.
Тиниқ сувидан ичгим келди, кафтимга олдиму ича олмадим, жудаям муздай экан. Юксак чўққилардаги қору музларнинг эришидан ҳосил бўлганмикин, деб ўйладим.
Оғриқ тоғи баланд, пурвиқор, чўққилари кўп, қаршимда нафасимни тўсиб-ҳайиқтириб, жим турибди.
Метин қояларининг қиёфаси ҳам ҳар хил. Палахса-палахса бўлиб юксалганлари ҳам бор. Баъзилари қаттиқ, яхлит тошқоя. Яна баъзилари қуюлиб қотган каби кўринади. Ранглари ҳам турлича. Палахса қояларнинг уваланган жойларида майда чечаклар ўсган, тошқоялар ва қуйма қоялар қошида ҳеч нима бўй чўзмабди. Ораларида, тошларнинг уваланишидан ҳосил бўлган қўнғир тупроқ устида арчалар қад ростлабди. Ўтлар чунон гуркираб ўсибдики, ақл шошади.
Илк тизма учига чиқиб бориб, қаторлашиб турган ёш қояларни кўрганимда эса, кўзимдан ёш тирқираб кетди.
Ёш теваракни ҳалқалантириб-бузиб кўрсатди.
Воҳ, ахир, бир-биримизнинг қўлларимиздан ушлаб шамолдай елар, ўйинга тўймас эдик-ку? Тутқаторлар остидаги улкан сояларда бекинмачоқ ўйнамасмидик? Бепоён наъматакзорлар аро яшириниб олганимизда бизларни ҳеч ким тополмасди, фақат бир-биримизнигина топар… умрнинг улкан соялари аро аллақачон бир-биримизни топган ва қўл ушлашиб, ўсмирона мағрурлик ила келажак сари йўлга ҳам чиққан эдик!
Ёдимга дўстларимнинг бугунги қиёфаси келди. Баъзилари ҳозир сафимизда йўқ, борлари ҳам мана шу тоғ каби юксалган, бағирлари, юзлари шу тоғ каби тилиниб, ажин тушган, ҳаётимнинг тилинган, кексайган, виқорли тоғлари каби, дунёнинг мувозанатини жим ва сассиз сақлаб туришгандай…
Ҳайҳот, бу тоғ билан менинг яқинларим ўртасида қандай боғлиқлик бор?
Ёш қояларнинг ранги оч, тошчалари майда, бағрида ўсган ўт-ўлан сийрак эди. Улар узра ҳам қушлар ин қурибди. Тавба, баъзиларининг бағри палахса, баъзиси тарам-тарам. Тегра сокин-осойишта. Ҳа, қоялар сўзламайдилар. Сўзласалар ҳам биз эшита олмаймиз. Лекин тилга кирсалар, ҳозирнинг ўзида у оғриққа чидолмаслигим аниқ. Ахир, сўзламоқдалар-ку? Юрагимнинг ичида пайдо бўлаётган ҳислар шу қояларнинг хитоблари туфайли эмасми?
Яна бир жойда ғуж қояларни ҳам кўрдим. Олтита ёки еттита қоя тоғ бағридан ажралиб чиқиб, ўзаро ғуж бўлиб олишибди. Улар ҳам метин-мустаҳкам, аммо устлари тилиниб-тилиниб кетган, баъзи ерлари чатнаган.
Шабада қулоққа нималарнидир олиб келиб урарди.
Шунда бу тоғни нима учун Оғриқ тоғи деб аталишини тушундим! Ахир, менинг ҳам болаларим улғайиб, қувватга тўлиб келмоқдалар-ку? Ҳар ҳолда, кўзларига тоғдай келбатли, пурвиқор, чўнг ва азим бўлиб кўринсам эҳтимол. Ичимда не оғриқларим борлигидан хабарлари йўқ, албатта. Исташганида ҳам айтармидим уларга? Лекин, менинг қояларим ҳам яшинларда тилинган, жазирамаларда ёрилиб-ёрилиб кетган, жала ва шамолларда чатнаган. Менинг чўққиларим ҳам уваланиб-уваланиб тўкилмоқдалар.
Баъзи қояларга кимдир ўз исмини ўйиб ёзибди. Бу орада жуда эски битикларни ҳам кўрдим, вақт ўтиши билан у битиклар хиралашиб, тушунарсиз ҳолга келибди. Қачонлардир кимлардир менинг ҳам бағримга ўз исмларини тиғ билан ўйиб-ўйиб ёзган, у исмлар вақт ўтиши билан хиралашиб кетган бўлса-да, ҳануз бор. Яна, бир маҳаллар… қайлардадир, жуда олисларда… кўзлари кулиб-кулиб турадиган қийиқ кўзли бир қиз бўларди, у ҳам ўз исмини бағримга айнан шундай, аммо хино суви билан ёзган эди. Тавба, ранги сира ўчмас экан! Зотан, хинонинг эмас, хино гулининг суви билан ёзилмаганмиди? Ажаб, бу орадан хино гулининг ҳам ислари келаётирми?
Хино гули шокила-шокила, қўбизли бўлади. Бармоғингизни тегизсангиз, ширр этиб ҳимоя пўстлоғи очилади-да, уруғларини теваракка сочиб юборади. Шунда ўткир иси анқиб кетади.
Дарҳақиқат, сал нарида қаторлашиб, бетартиб ўсиб ётган хино гулларини ҳам кўрдим. Бир ерда бунчалар ғуж бўлиб ўсганининг сабаби уруғларини шу атрофига сочганида бўлса керак деб ўйладим.
Энди тамомила ўз ҳаётимнинг армонларига ва хотираларига ғарқ бўла-бўла одимлар ва табиийки, Оғриқ тоғининг аввалги маънолари йўқолиб кетган эди.
Яқинларим, қавму қариндошларим, дўстларим, биродарларимнинг ёди юксалар эди бу нотаниш тоғ бағрида. Барининг чеҳраси майин, барининг ёди ёғдули, менга мулойим қараб туришгандай ва мен ҳам улар сари қадам ташлаб борарканман, мана шу Оғриқ тоғининг энг устига чиққанимда, улкан бир маънидан хабар топадигандек, шунча йиллар бўйним букик, заҳматлар ва меҳнатлар аро ўтган умримга мазмун кирадигандек… ҳаётларини мен каби яшаб ўтган қавмдошларим сари етаклаётган шу ҳислар кўзларимдан тирқиратиб ёш чиқарар ва у ёшлар теваракни кўзимга ҳануз бузиб, ҳалқалантириб кўрсатар эди.
Лекин, чарчадим-ку? Энг баланд чўққига чиққани мадорим йўқ. У ернинг шамоли анчайин кучли, ғувиллаб эсишларини ҳозир, шу ердан ҳам эшитиб тургандайман. У ернинг изғиринигаю совуғига бардошим етмаслигини ҳозирдан сезаётирман.
Энг тепа чўққиларда – изғирин шамоллар, қалин ва топ-тоза оппоқ қорлар, абадий кўк музликлар маконида… ёлғиз ўзим, нима ҳам қилардим?
“Яқинларингни сев ва қадрига ет! – дея ҳайқирар эди Оғриқ тоғининг шамоли энди, бошим узра ҳайбат солиб эсаркан. – Ҳатто энг улкан тоғлар ҳам уваланишга ва чўкишга маҳкум эканини, энг баланд чўққилар тўзонга айланиб ер узра сочилиб кетишини ва устида ўт-ўлан ўсиб, гул-чечак ёзишини зинҳор ёдингдан чиқарма!”
Сийрак туман аро элас-элас кўзга ташланаётган водийлар, ўтлоқлар, қишлоқлар кўзимга ҳозир, мана шу ерда жуда-жуда истаётганим инсоний меҳрнинг, инсоний тафтнинг узоқларда қолиб кетган тимсолидай бўлиб кўринар ва пастга қараб ошиғич чопгим, бу ғалати тоғ чўққисини тезроқ тарк этгим, ҳориб-чарчаб бўлса-да, бир амаллаб ота уйимга қайтгим ва яқинларимнинг дийдорига жуда-жуда тўйгим келар эди…”
* * *
Ниҳоят, Ота ҳориб-чарчаб сафардан қайтганида, ҳаммани меҳр билан бағрига босишини, кўзлари ёшланганини кўриб, болалари ўзларича кулиб қўйишди: одамнинг ёши ўтгач, кўнгли мана шунақа юмшаб қолар экан-да? Қаранглар отамизни, яқиндагина дунёни энлаб турган бир тоғдай эмасмиди? Ҳозир анчайин чўкиб қолгандай, ҳаммага жавдираб қараётгандай. Тавба, шиддати, қудрати қани?
Қизлари эса бағрига мусичадай кириб, бироз кўзёши ҳам қилиб олишди.
Ҳамма бир-бири билан кўришиб, ниҳоят, дастурхонга ўтиришганида, катта ўғил кулимсираб, дўриллаган овозда сўради:
– Хўш, ота, қаерларни кездингиз? Бир тоғ ҳақида ҳам гапирган эдингиз, қанақа экан у тоғ?
Ота ўғлига қаради, шунда Оғриқ тоғида кўрган манзаралари хаёлидан бир қалқиб ўтди. Айтсаммикин деб ўйлади… Йўқ, вақти-соати етганида ўзи билиб олар деди-да, мулойим оҳангда жавоб қилди:
– Айтишга арзирли ҳеч нарсаси йўқ. Оддийгина бир тоғ экан, болам…
2013