Улкан ўзгаришлар палласига кириб бораётгани сезилиб турадиган, муҳташам мумтоз адабиётимизнинг зилол булоқларидан сув ичган ва авлодларининг ҳар бири алоҳида ҳаётбахш тўлқин пайдо қилган адабиётимиз ҳақида гап кетганида, асарлардан ҳам кўра кўпроқ ижод жараёни ҳақида ўйлаб қоламан.
Донишмандлар айтадиларки, оламда фақат ҳис қилинадиган нарсалар бор. Уларни ақл қамраб ололмайди. Ақл учун икки карра икки ҳамиша тўрт. Адабиёт мана шу ҳис қилинадиган мазмунни бойитиб, ақлга рўпара қилиш билан шуғулланади.
Гап мана шунда-да. Бир одам умрининг охирида айтдики,мен чўлдан ўтиб келдим. Бутун йўлим яйдоқ дашт экан, деди. На бир ерида тин олибман, на бир ерида соя кўрибман. На тўхтабман, на ухлабман. Ҳа, энди, Қизилқумдан Қорақумга қараб йўлга чиқибди-да, деймизми ёки яшаб ўтган умри ҳақида гапираётганини билиб оламизми? У шўринг қурғур “ҳаётим мобайнида бир марта қувнамабман” деб изтироб чекаётганини ва у Изтироб айнан ҳозирги ҳолатига тегишли эканини мулоҳаза қилсак-чи? Ҳар ҳолда анча-мунча йил яшаб қўйган мардум бир марта бўлсин қувнамабман деса биров ишонармиди? Лекин ҳолати муҳим – умримдаги қилган ишларим мени қувнатадиган эмас, деяпти.
Адабиёт ҳислар орқали ақлга хитоб қиладиган куч. Ақл сарҳисобни севади. У тўғри гапнигина олади. Ақлни қувватлантириш учун ҳис пайдо қилиш керак.
Мисол учун, бир отанинг боласи кеч қолди дейлик. Ақли айтадики, ҳали ёш, ўйинқароқлик қилиб бир оз ҳаяллагандир, хавотир олмай хотиржам ётақол. Ҳис эса уни шом қоронғисида кўчага чиқиб боласи келадиган йўлга кўзи тўрт бўлиб интизор қарашга ундайди. Ёки бир йигит бир қизга кўнгил берди, дейлик. Ақл айтадики, сен чиройини ёқтирдинг, у чирой тез орада гул мисоли сўлади. Ҳис айтадики, ундан ўзгасини ҳам, усиз яшашни ҳам истамайман.
Хаёл рўй берган-бермагани номаълум бир воқеани худди рўй берган каби, аниқ манзарага айлантирди. Боласини кутаётган отанинг юзидаги хавотирни, бошини эгиб ўйланиб қолишини ва шу ўй аро кимлардир юрган кўчага жавдираб,ўғлининг бўй-бастини излаётганигача кўряпмиз. Бундай қувват фақат инсон боласигагина хосдир, шу хаёлот ва тасаввур қуввати оламдаги ҳеч бир жонзотга ато этилмаган. Ижод нималигига шу нуқтадан туриб қарамасак, моҳиятига кириб бориш мушкул бўлади. Ҳа, хаёл – ҳали рўй бермаган ҳодисани ақлда жонлантириб кўриш дегани. Дунёдаги юзлаб истеъдод эгалари мана шу қувват боис кишиларда шараф,шон, ғурур, ачиниш, ўксиниш, ҳамдардлик, севги ва нафрат каби ҳисларни пайдо қиладиган маҳсуллар яратиш билан банд. Яъни, юқоридаги мисолда кўриниб турганидай, ота ўз боласига бўлган меҳри ёки ошиқ ёрига беғараз севгиси учун ҳам шарафга сазовор.
Бир маънони қувватлантириш учун бошқа маъно остига жойлаш санъати ҳисобланган мазкур усул мумтоз адабиётимизда асрлар оша бор-бўйи билан намоён. “Дунё ясаниб жилва қилиб олдимга келди, Борғил нари деб кетига бир шатталаб ўтдим”, дейди Машраб. Яъни, дунё чалғитувчидир. Ундаги боғ-роғлар, дарёлар, уйлар, ҳашамлар чалғитувчи. Одам мақсадини унутиб, ҳою ҳавасга чулғаниш хавфи бор. Ўшан-чун ҳам Машраб бобо дунёни йўлдан урадиган нозанинга ўхшатяпти. У шунчаки кела қолмади, йўлдан урақолай деб ясанди, жилва қилиб келди. Бобо айтдики “Борғил нари – сенинг кимлигингни яхши биламан”.
Жон қичқиродур қўй деб, ханжарин оло келди…
Бу ерда кўзга кўринмас мақсад турибди-ку? У жилва қилиб чалғитса, мақсадни кўздан йўқотади. Шу сабаб ҳам “Борғил нари” дейилди.
Нега?
Чунки, вазифа бор.
* * *
Адабиётимиз узоқ йиллар мобайнида мана шу вазифани қойилмақом қилиб уддалаб келди, кўнгил изтиробларини ғоят инжа ва нозик санъат сифатида, ажойиб жилвалар тарзида шуурларимизга тақдим қилди. Масалан, инсоният маънавиятининг мангу тимсоллари орасида қуш образи кўп учрайди. Қушнинг қисматини, ҳаракатланиши ва парвозини Тангри осон ва қулай қилиб белгилаган. Лекин унинг парвозини кўриб хулоса чиқарадиган – биз. Қуш парвози оддий ҳодиса, инсон боласи у ҳодисага маъни юклаганида эса, емиш истаб учган оддий қушдан бошқа нарсага аллақачон айланиб бўлади. “Саф-саф учган қушларим қани” деган мисрани ўқиганимизда қушлар тасвири эмас, айрилиқлардан озурда бир кишининг армон ва ўкинчи онгимизга сизиб киради ва саф-саф, қайларгадир сира қайтмас бўлиб учиб кетган яқинлар (ёки улуғлар) ёди эсга келади.
Худди шундай, саф-саф кетганларнинг ёди уюр-уюр бўлиб қайтиб ҳам кела олади:
Қайдан келаётир уюр-уюр ғам…
Баҳорнинг шамол долғаланган тонгларида ёмғир булутлари мана шундай тўпланади. Бирининг устига бири мингашиб, зичлашиб, кўкни эгаллай бошлайди. Қалб манзараси ҳам шу тарз чизилса не ажаб?
Бир неча сўзнинг ритмик тартибланган кўриниши шунча туйғу ва фикр уйғотяпти. “Ҳовузда Худойимнинг, аксини кўргандайман, Булутлар ва балиқлар рақсини кўргандайман…” деган мисра уйғотиши мумкин бўлган туйғулар ҳам жуда хилма-хил ва сўнгсиздир. Ўқиганимиз заҳоти сокин-осойишта сув ва ҳовуз қирғоғида ўсган турли наботот кўз олдимизга келади. Сув бетида қуёш нури жилваланмоқда. Силлиқ сатҳдан узун оёқли бир ўргимчак шитоб кетиб бормоқда. Шу кетиб бориш ҳам қайсидир маъноларга ишора қилиши мумкинми? Турли-туман ўсган ўтлар орасида “кичкина” ҳаёт барқ уряпти. Манзара шу. Буларнинг биронтасини шоир сўзга жойламаган. У бор йўғи “Ҳовузда…” деди, холос. Ҳаммаси тасаввуримизда уйғониб, онг устига қалқиб чиқмоқда. Онг остида нелар бор? Тупроқ орасидан ўтларнинг очилиб қолган ингичка, оқиш ипсимон томирларини ҳам кўра оламиз. Баҳорда бу ерда ҳаёт жўшади, кузда ўт-ўлан уруғларини сочиб юборади ва шу билан уларнинг эфемер ҳаёти ниҳоясига етади. Абадият инсонлар учундир. Наботот ва ҳайвонот дунёси учун шундан бошқа ҳаёт йўқ. Бори жонлиқ мана шу ернинг ўзидаёқ йўқликка қараб кетмоқда. Ўтларнинг митти сарғимтир уруғлари сув бетида оҳиста чайқалади. Тупроқ усти ҳам уруғ билан тўла. Етарлими? Йўқ. Шунча манзара тасаввурда ҳосил бўлди ва ақлга рўпара қилинди, у энди сарҳисоб истаяпти. Онгнинг бир бурчагида йилт этиб сўнган азалий ҳикмат каби, ўша мўъжизалар ортида турган қудрат тасаввури ҳам бир лаҳза йилт этди. Шуур илғади, аммо ақл илғаб ололмади. “Кўрқинчли бир туш кўрдим, Уйғониб кетдим. Эслашга уриндим, Эслай олмадим” дейди яна бир истеъдод. “Ҳовузда Худойимнинг,Аксини кўргандайман…” деб такрорлайди шоир. Булар ҳам юза маънолардир. Чуқурроқ маънолар айнан шу манзара уйғотган ҳисларнинг, шуурда ҳосил қилган аксланишларининг ранг-баранглигида, исмларида ва таърифида, яъни бизда, ўзимизда. Бизларда уйғонган ҳис ва туйғулар ижодкорнинг айни шу ташбеҳни қўллаганидаги туйғусидан ортиқми, камми?
Мана шу жараённинг ҳаммаси шеъриятимиздан насримизга сизиб кираётган поэтик тамойилларга алоқадордир. Яшил япроқда титраб турган шаффоф томчи уйғотадиган барча нарса ҳис-туйғудан иборат. Ваҳоланки, ақл унинг фотосинтез жараёни учун зарур хлорофилл моддаси туфайли яшил тусга эга эканини, карбонат ангидриддан нафас олишини ва кислород чиқаришини, унда титраб турган томчи аслида иккита водород ва битта кислород атомининг ғайриоддий қудрат ила бирлашувидан иборатлигини ҳамда ўсимлик ҳужайралари ичида содир бўлаётган бошқа турли-туман жараёнларнинг барини кўз олдимизга келтириб қўйса-да, у ҳосил қиладиган маъно адабиёт ҳосил қиладиган маънодан анчайин заифдир. Уни қай йўсин таъриф қилиш ва шакл белгилаш кейинчалик юз берадиган ҳолат.
Теграсидаги воқеа-ҳодисалардан ҳиссий умумлашма ва хулоса чиқара оладиганларнинг бари бадиий тафаккурли кишилардир. Навоийнинг “Муҳокаматул-луғатайн”и, Арастунинг “Поэтика”си бежиз ёзилдими? Ўн тўққизинчи асрга келиб Европада наср ва романчиликнинг ривожланиши туфайли адабиёт наср ва назм деган икки бўлакка ажралиб кетди. Қилни қирқ ёрар олимлар асос ва исбот ҳам топақолдилар. Ваҳоланки, боя биз нигоҳ ташлаган яшил япроқдан узилиб тушган томчи уйғотган туйғулар билан бутун бошли роман уйғотган туйғу нисбати теппа-тенг бўлиши мумкин. Бу фикримда роман моҳияти томчи уйғотган фикр моҳиятидан кам ҳам, кўп ҳам эмас.
Тангри таоло ҳаммага эҳтиёжига яраша неъмат беради. Ер тубларида ўрмалайдиган бир қурт учун кўзнинг нима кераги бор? Биз ниҳоятда эъзозлайдиган мана шу кўриш неъмати унга берилганида ҳам ер остида нимани кўра оларди? Воқеаларга поэтик идрок билан қаровчилар дунёдан ўтиб бормоқдалар ва ҳаётларидан розидирлар. Поэтик идрок билан қарай олмайдиганлар ҳам шу тақдирни бошдан кечирмоқдалар ва улар ҳам ҳаётларидан рози. “Мен кўрганни сен ҳам кўрсайдинг” деганида Хайём тамомила ҳақ эди, бироқ уни кўрмаган ҳам ўзича ҳақ. Воқеалар қаршисида қалби япроқдай дир-дир титрайдиган кишилар учун ўша қўрқуви нисбатида бир ажр бор. Қалби тошлар учун яна бир ажр бор, у кишининг қалби қаттиқ бўлишидан Тангри кўзлаган бир ирода борлиги ҳам ҳақиқатдир. Худди шундай, бизлар уларни гоҳо ғофилликда ва гумроҳликда айблай олмаймиз. Чунки кимнингдир зеҳни тез ва ақли ўткир, кимнингдир зеҳни ва ақли ҳам суст. Математикадан бехабар одамга бутун олам тортишиш қонунини тушунтирамизми-йўқми? Поэтик идрок шундан ҳам хулоса чиқаради ва ўзига разм солади – у ўзидан бошқани маломат ҳам қила олмайди. Шу сабабдан ҳам, мутлақ эҳтиромга сазовор бўлган яна бир истеъдод кутилмаганда “Бир қарасам, эндигина туғилганман…” деган ажойиб шеърини яратади.
Лекин:
Қайдан келаётир уюр-уюр ғам…
Дарҳақиқат, қани, қайда макон ва замон? Бу ерда фақат изтироб чекаётган қалб мавжуд. Изтироб булутлари устма-уст, уюр-уюр, ораларида чақмоқлари билан келади. Балки ёмғирлари ҳам бордир? Ким уни булут деб айтди? Ким уни чақмоқ ёки ёмғир деди? Совуқ шабада чанг иси билан эпкин уради. Ҳозир ёмғир ёғса ажабмас. Кўз етмас маконда ястаниб ётган ўт-ўлан чайқалади. Шитирлайди, нола қилади. Жуда юксакларда, Лавҳул Маҳфузда етилиб келаётган қисмат тўфони остида битта инсон боласи бир дона чечакни ерга кўмди. Ким уни чечак деб айтди?
Лекин айнан шу чақмоқ шиддатлироқ, шу ёмғир ҳаётбахшроқ. Чақмоқ уриб ёндирган дарахт ўрнида бошқа дарахт битаверади. Қалб чақмоғи кучлироқ, у ҳисларни ва таассуротларни, фикр ва хулосаларни ёндиради. Гоҳо чақмоқ урган жойда тилла ёмби пайдо бўлишининг сабаби ҳам шунга ўхшайди.
Асал таъмини татиб кўрган одам қайтиб шакар ермиди? Ижоднинг илғанмас лаззатини бир бора ҳис қилган одам ҳам шундай. Асарлар теваракда яшириниб ётади. Истаган жойдан кўриниш бериши мумкин бўлган ғалати нарса у. Севган инсонимизнинг юзига тушган янги ажинда, барг ёки ерда ётган битта хазон япроғи остида ҳам бир қанча асар бор. Одам нигоҳи уни илғаганида у табиийки ҳали асар эмас,туйғудир. Кўздану қулоқдан, сезгидан шуурга кириб, туйғу ҳосил қилади ва баъзан сўзга, баъзан эса мусиқага айланади. Сўз бойлиги ва сўзлар ҳосил қиладиган турли маънолардан хабардорлик мана шу ерда иш беради. Ҳосил қилинган сўзлар қатида ўша мусиқани ва туйғуни таниб турасиз. Яна бир устоз адибимизнинг “Кўнгил озодадур” деган қиссасидаги тимсоллар эсга келади. Гулханий дея ўзига-ўзи ном берган у санъаткор ёқаётган гулхан қай гулхан эди, не учун ёқилмиш эди? Исиниб олиш учунми ёки таом пишириш учунми? “Узоқларда бир олов кўряпман, – деган сас келади тарих зулматлари аро бизгача етиб келган бир катим нур қанотида. – Бориб, чўғ олиб келақолай”. Мавлоно ёққан гулхан билан мана шу тарихий ҳикмат парчасида баҳс этилган олов мутлақо бошқа-бошқа табиатга эга бўлса-да, адабий моҳиятида бир-бирига ўхшаш ғоялар ётибди. Мумтоз адабиёт деб аталган муҳташам хазинада мана шундай мисоллар бениҳоя кўп, аммо, гап бошқа томонда:энди-чи, қайда у, нажот ёлқини?
Теваракдаги асарлар учқунланиб, йилт-йилт этиб турли-турли кўриниш бераверади. Маънолар ҳам шундай. Онгда учқун ҳосил қилган ҳолида у асар тўлиғича, бор-бўйича ҳис қилинади. Тўлиқ матн ҳам йилдирим тезлигида қалқиб кўрингандай бўлади. Кўпинча ўша асар изланади. Унга сўздан либос кийдириш машаққати кейинроқ келади. Бироқ у – илғанган асар. Илғангану унутилганлари ёзилганларидан чандон кўп. Ўнта асари бор одамнинг ёзилмаган, ёки илғагану унутган юзлаб асари бор. Ёзилганининг орасида айтилмагани яна қанча. Кўпчилик истеъдодлар ўзини асарига яширади. Мазмунлар ҳам табиатда шундай яшириндир. Меванинг мазаси шаклига эмас, вужудига яширингани каби. Баъзан шу даражада яширадики, парчаларга бўлиб юборади. Кўпинча асарларда истеъдоднинг парчаларини кўрасиз. Ижоддаги “бутунлик” – жуда кам учрайдиган истеъдоддан дарак.
Ёшу қари ҳар куни таомланишга муҳтож бўлгани каби, қалб ҳам ўзига озуқа исташи тайин. Бир малакни севиб қолган ўсмир қалбида ҳиссий олов кучайиб кетгани учун дунё ишларига қарамай қўяди. Ҳатто овқат емай қўяди. Чунки ўша қиз тимсолида ўзининг қалби учун етмаётган, аммо шоён истаётгани бир нимани кўради. “Ахир, Лайли жуда хунук бир қиз экан-ку”, дедилар. “Унга менинг кўзим билан қаранглар” деганида Мажнун минг карра ҳақ эди. Қолганларнинг қалбида ўша олов бўлмагани учун Мажнун устидан кулганлар ҳам етарлича топилаверади.
Турли кишилар турли юмушлар билан овора. Бири иморат қуради, бири шарбат сотади, бири аскар. Кишиларнинг бажараётган ишлари турли-туман, теварагидаги давраси ҳам шунга хос равишда турлича, табиийки, ўйлари, дунёқарашлари ҳам ҳар хил. Уста иморатини, шарбатчи шарбатини, аскар хизматини ўйлайди, шу туфайли ризқим етиб турибди, дейди.
Лекин ўша устанингу шарбатчининг қалбида бу ёруғ оламдан каттароқ яна бир олам бор. У ўзига қиймат берилишини истайди. Масалан, бир киши ажойиб қўшиқни эшитиб қоладию қайта-қайта тинглайверади. “Ичимдаги гапларни айтибди-я”, дейди таъсирланиб. Аслида у гап устанинг ичида аввалдан бор эди, ифода эта олмай қийналарди, энди эса ўша туйғунинг ташқаридаги аксини кўриб қолди. Ичидаги маъно эса ташқарига чиқишни истаётган эди. Минглаб кишилар маъно ташийдилар, уларнинг қадру қиймати ҳам айнан ўша маъноларга кўра белгиланади. Бойликлар, ҳашамлар дардида умр ўтказган киши бир кун қарасаки, у ҳашамларнинг пашша қанотичалик аҳамияти қолмабди. Ширин таом ей деса жисми рад қилибди, гўзал жойларга борай деса – минган оти, яъни вужуди илвираб қолибди. Шу аснода бор-йўқ сарвати – умри мобайнида тўплаган мазмунлар экани ақлига етиб келгани ҳолда, энди қўлидан нима ҳам келарди? Чойхонада қийқириб базм қилаётган ва бошқаларнинг устидан кулаётган беш-олтита кишининг ҳолига боқинг. У базму жамшиддан нима маъно олдигу нима мазмун билан бойидик?
Мана шунга ўхшаш минглаб ҳолатларнинг ҳосиласи ўлароқ дунёга келган абадият фанидир адабиёт. Беш-олтита қизиқарли воқеани тўпланган оломонга ҳикоя қилиб берадиган ёки бир гўзалнинг қош-кўзини мақтайдиган бўлар-бўлмас ўртакаш эмас у. Адабиёт – айнан умрлар мазмуни ва маъноси ҳақидаги фандир.
Биронта фан ўзи берган маҳсулларини мангулик сари олиб кетишга қодир эмас. Математика, илми нужум, тиб – ҳаммаси дунё фанидир. Одам дунёга келиб кетар экан, борлиқларнинг ўзи каби совурилиб кетаётганини кўргач, олиб кетадиган нарсаси фақатгина мазмун ва маъно эканини тушуниб етганидан сўнггина адабиёт унга ўзининг ҳақиқий юзини очади. Баъзиларга аввалроқ очгани учун ҳам улар ўзгачароқ ҳаёт кечирадилар. Бу ҳолат уларга фойда келтирадими-йўқми? Зоҳирга боқувчилар яна хато қиладилар: мазмунлар ва маънолар дунёсига интилишни телбалик, хилватнишинлик ёки кибру ҳаво деб ўйлайдилар.
Адабиёт абадиятга дахлдорлиги учун ҳам гоҳо аниқ фанлардан ортроққа сурилиб қолганга ўхшайди. Лекин вақти келгач, аниқ фанлар ортга сурилиб, адабиёт олдга чиқиши шубҳасиздир.
* * *
Адабиётимизда кейинги юз йил ичида рўй берган улкан ҳодисаларнинг бари аслида илғар-илғанмас етилиб келган турли-туман, бироқ, бир-бирига чамбарчас боғлиқ жараён эканини, маънавий идрокнинг юксалиши тарихий зарурат ҳолида юзага чиқаётганини кўрмоқдамиз. Истеъдодлар ўз-ўзича, пала-партиш дунёга келаверади деб ким айтибди? Парчаланиб кетаётган туркий дунё аро Машраб бежиз пайдо бўлдимикин? Истило вақтида ингранаётган эл учун жонларини билатуриб фидо қилган Қодирий, Чўлпон-чи? Ойбек, Ғафур Ғулом, Миртемир, Шайхзода феноменлари-чи? Янада давом этаверсак, мустамлака зулми кучаявергани ва эл зулумотга ғарқ бўлавергани сайин истеъдодлар ортавергани-чи? Кўряпсизми, бир улуғ адиб бошқа ўнлаб адибларни пайдо қиляпти. У адиб асарларидаги санъатни илғаб олган ёшроқ ижодкорлар янада янгироқ ва теранроқ маъноларни яратмоқдалар. Зулм қанчалар кучайса, шунчалар кучли миллий асарлар яратиляпти. Эл империячилик балосига тамомила ғарқ бўлиб, у империя дунёнинг ярмини эгаллаб олаётган ва қудратга тўлган маҳалида тўсатдан ёнма-ён икки юлдуз порлаяпти, бири “Ўзбегим” шеъри билан, иккинчиси “Ўзбекистон – Ватаним маним” шеъри билан. Бир маҳаллар мазлум чўпон дардини қудуққа айтган бўлса, асрлар ўтиб ўша чўпон ўз дардини тарлон отга тўкиб соляпти… Бу кишилар яратган асарлар яна ўнлаб истеъдодларга йўл очгандирки, улар соясида саф-саф бўлиб яна бошқа авлодлар кириб келди. Тарихий заруратлар мана шу ерда яққол кўринмаяптими? У сафлар аро елкама-елка турган истеъдодларни кўрмадикми, асарларини қўлма-қўл ўқимадикми?
Бу ўйлар файласуфона туюлса-да, аслида фалсафа ҳам мантиққа бўйсундирилган ва ахлоқ қонуниятларининг измига солинган бадиият бўлса керак деб ўйлаб қоламан. Ҳиссий неки бор, бари адабийдир. Шунда адабиётнинг ҳаётимизда нақадар кенг ўрин тутишини кўра бошлаймиз. Завқ, ҳайрат, ўксиниш, қайғу, ғусса, ором, севги, нафрат, ёзғириш, армон, орзу… теваракдаги воқеа-ҳодисаларнинг бари шу каби ҳисларга айланиб, шуурда акс этади. Нарсаларнинг моҳиятлари шуурда ўзгариб аксланиши ҳақида гапирдик-ку? Воқеа-ҳодисалар ҳиссий идрокка айланмаса, қийматини йўқотади ва унутилади. Яъни, асарнинг илк тамали ҳиссий идрок экани ва ўзи ҳам ана шундай идрок уйғота оладиган маҳсул экани аввалдан маълум.
“Бир файласуф бу маънавиятни инкор қиларди. Бир куни касалга чалиниб, қўл-оёқдан қолди, – дейди Румий. – Ниҳоят, руҳоний бир ҳаким уни йўқлади ва «Нима истайсан?» деб сўради. Файласуф «Соғлик», деб жавоб берди. Руҳоний ҳаким эса «Соғликнинг шаклини, васфларини тушунтирки, мен топиб келтирай» деди. Файласуф «Унинг хусусияти, шаклу шамойили йўқ» дегач, ҳаким «Модомики, хусусиятсиз бир нарса экан, қандай қилиб уни талаб қиласан? Яхшиси, сен уни менга тушунтир, нима ўзи соғлик?» деб қистади. Касал шундай жавоб берди: «Билганим шуки, соғлик келиши билан қувватга кираман, тўлишаман, рангим хам қизариб, ўзим ёш ва нашъали бўламан». Ҳакимнинг «Мен сендан соғликнинг ўзини, зотини сўраяпман» деган хитобига у: «Билмайман, у хусусиятсиз», деди.
Ҳақиқатан ҳам биз атаган ва ўрганган нарсаларимизнинг кўпи шунга ўхшайди. Йўқса, ҳаётнинг маъниси ўта жўнлашган бўларди. Ҳамма нарса онгимизга хитоб қилиб туради. Уларнинг бари хусусиятсиз, қачонки бизлар қиймат берганимиздагина хусусият касб этади, яъни маънога айланади. Саф-саф учиб кетаётган қушларни оддийгина қушлар, уюр-уюр келаётган ғамни шунчаки қора булутлар деб қўяқолсак бўлмасмиди?
Юқорида мисол қилиб келтирганим инжа ва гўзал мисраларни, кузатишларни яна кўплаб шоирлар ижодидан топа оламиз. Лекин гап замонавий адабиётдаги, тўғрироғи, замонавий насрдаги янги тўлқин ҳақида кетмоқда. Ғоят хусусий бўлса-да, ўз ҳолимизча қилган кашфиётларимизга тўла мана шундай хулосаларни наср ҳақида ҳам айта оламизми?
Мисол учун, Улуғбек Ҳамдамнинг “Бир пиёла сув”ҳикояси “Менга вазифа юкланган эди…” деб бошланади. Макон ноаниқ. У ерда биз билган манзаралар мавҳумроқ. Тушга ўхшаган бир жой. Ёзувчи у ерда оёқ остида ўралашган барг ёки нон кавшаб ўтирган болакай, унинг исми фалончи, фалончининг ўғли демайди. Вазифа юкланган эди, тамом-вассалом. Ўша вазифа сабаб йўлга чиқилди. Қаҳрамон фақат вазифанинг жуда муҳим эканини билади. Йўқса, айтилармиди? Йўқса,от-арава бериб, борадиган жойи-манзили тайинланармиди? Хулласки, вазифали бир шахс, ва қилар иши – ўша вазифани адо этишдан бошқа нарса эмас. Қайдан йўлга чиқди? Номаълум. Бола-чақаси бормиди, бўлса нечта эди, кузатиб қўйишдими, ота-онаси қани, булар ҳам номаълум, чунки асосий гап – вазифада. Шу сабаб ҳам ҳикоя шундай бошланяпти: “Менга вазифа юклатилган эди…”
Хуллас, гап Вазифа ҳақида кетмоқда.
Маҳдудлик давридан кейинги вақт ичида пайдо бўлган айрим парча-пурчалар аслида “оч қорин-тўқ қорин” қайғусидан бошқа нарса эмаслигини таассуф билан тан олиш керак. Яъни, қорин тўйди, энди бемалол ёнбошлаб, китоб ўқиса ҳам бўлаверади. Оч қорин – жон қайғуси. Аммо юрак-чи, юрак? Кун ўтди, қорин тўйди, юрак қониқмаяпти-ку? У сарҳисоб қилишни истайди. “Юлдузлар учган шу бепоён осмон остида, сонсиз-саноқсиз турли-туман кишилар орасида менинг қадру қийматим нима”, дегандай саволлар азалдан келади. Қорним тўйди, уйқум келди. Лекин, руҳим уйғоқ-ку? У жуда кўп нарсаларни истайди ва энг асосийси, ўзига қиймат берилишини хоҳлайди. Қорни тўқ ҳам шунга муҳтож, қорни оч ҳам. Менинг “Озод” романимда беҳи детали бор. Минглаб беҳилар орасида шу беҳи азиз. Чунки у беҳини марҳум ота ўтқазиб кетган. Бундан беҳининг ўзи бехабар, бошқалар учун ҳам қадру қиммати йўқ. Фақат, ўша отанинг фарзандлари учун азиз. Шунга ўхшаш, нарса ва ҳодисаларни азиз деб билган ҳам, билмаган ҳам умр кечиряпти ва иккови ҳам ҳаётидан рози. Қийматни худо беради. Лекин, виждон ҳам қиймат беради.Ҳаётингдан розилигинг бор, рози эмаслигинг бор. Икки киши сув талашиб роса жанжаллашди. Ваҳоланки, ариқ қуриб бўлган эди. Шулар сувга эга чиқсагина жанжали қиймат касб этади. Эга чиқмаса қийматсиз. Йўқ ариқнинг йўқ суви учунжанжаллашиш ақлданми? Воқеалар ақлга хитоб қилади, лекин улар кўламни акс эттиролмайди. Бир одам севинди дейлик. “Фалончини кўрдик, хурсанд эди” дейилади. Ваҳоланки, у севинч бу севинчга ўхшамайди-ку? Унинг бу ҳолатини“севинди” деган сўз тўла акс эттира олармиди? Балки, минглаб сўзлар акс эттира олмас. Лекин, мажоз акс эттиради. Қай тарзда? Таом топиб олган очнинг, пул топиб олган гадойнинг, излаганини топган кишининг ҳолатига бирдай “севинди” дейилаверса-да, буларнинг орасида жуда катта фарқни кўряпмиз. Таом топган очнинг севинчида таом мазаси, чайнаш завқи, тўқлик лаззати бор. Пул топган гадойнинг севинчида кийим-кечак, бошпана, емак, роҳат ва яна аллақанча нарсалар бор. Ва ҳоказо. “Биров ёрини кўриб севинди” деган гап қанчалар жўн. У ҳеч нимани ифода қилмайди. Ейдими, ичадими, ёпинадими? Ваҳоланки, ёрни кўриб (гўзаллигини англаб) севиниш – севинчларнинг энг юксаги. Ёр ҳеч нима бермайди, унинг борлигига севинилади, чиройига, завқига маҳлиё бўлинади ва асир тушилади. Шу сабаб ҳам у “золим” деб таърифланади.
Дарҳақиқат, вазифа берилган эди. Асар қаҳрамони увазифани бажариш учун йўлга ҳам чиққан эди.
Ҳамманинг бир вазифаси бор. Юкчи юкини элтиб бериши керак, сувчи сувини. Булутлар бағирларидаги денгизни бир ерга авайлаб ёғдириш учун сузиб бормоқдалар. Гап тамал вазифа ҳақида кетаётибди, бир йилнинг бир кунида, ими-жимида бажариб қўйиладиган иш ҳақида эмас. Тамал вазифага одамнинг умри сарфланади. Шундаям ё бажара олади, ё йўқ. Шу нуқтаи назардан қарасак, у вазифа анчайин бошқа нарса экан. Ия, унда от-арава ҳам, сув ҳам бошқа-ку? От-арава инсон танаси, сув – жавҳар, мўъжиза бўлса-чи? Сен шуни уфққа элтиб беришинг керак. Бошқа қилар ишинг йўқ. Уфқ – қуёш ботадиган макон. Қуёш ботгач, кун тамом бўлади ва тун бошланади. Ниҳоят, карвонсарой намоён бўлди. Ғалати ва чиройли бир қиз қопқа олдида турибди. “Ташна эдик, сув йўқ эди…” дейди Юнус Эмро. Ичкарига кирилди, сув ичилди, ҳақ тўланди.
Ташқарига чиқилса… шом! Бироқ, қиз ўша-ўша,ўзгармаган. Ҳақ тўланди-ку? Вақт ўтиб кетибди. Энди шомгача улгуриб бўлмайди. Вазифа бажарилмай қолса-чи?
(Шом қоронғусида ўғлини интизор кутаётган кекса отаҳам хаёлда бир лаҳза жонландими?)
Қиз шайтоннинг нақ ўзи эмасмиди? Ёки дунёи азалмиди? “Дунё ясаниб, жилва қилиб, олдима келди” деб безовталанган Машраб ҳам шу ғалати карвонсаройда бўлса не ажаб?
Жон қичқиродур қўй деб, ханжарин оло келди…
Эй биродар, бироз чидасайдинг, вазифангни бажариб улгурардинг. Ваҳоланки араванг тўла сув, зилол, жаннат суви эди. Сендан олдин йўлга чиққанлар ҳам сендай эдилар. Кетган кетди, уларни кўрмадинг. Кимликларидан ва тақдирларидан ҳам бехабарсан. Лекин, ҳар ҳолда кун тугади, улар ё хушбахтликка эришганлардир, ёки эриша олмаган бебахтлардан бўлиб, аллақачон икки фирқага бўлиниб улгуришди. Воқеа тугади, бўлар иш бўлди. Карвонсаройдан чиққанингда кўрганларинг – қолганлар эди. Ҳа, лаб ҳўллаш учун бир томчи сувга зор эдинг, аммо… чидасайдинг!
Нима эди у, кўзалардаги зилол? Сувмиди? Билиммиди? Имонмиди?
Давом этамиз. Демак, кимдир шу юкни олиб боришингни жуда истади. Юк бор экан, демак, у юкни Яратган ҳам бор. Юкнинг нималигини сендан фарқли ўлароқ, У яхши билади. Ўша маконларга етказиб берганингдан кейин ҳам нимагадир ишлатиладики, “олиб бор”, дейилди. Яъни ибтидода ҳам нимадир бор, интиҳода ҳам. У “нимадир”ни ўртада қаҳрамонгина ва унга қўшилиб бизгина билмаймиз, аммо тахмин қиламиз. Олиб боргани учун нимадир мукофот ҳам кўзда тутилди, йўқса бу қадар узоқ йўлга бу қадар машаққат билан олиб борилиши шартмиди?
Манзара ойдинлашяптими? Демак, бу ҳикоядаги дашт – дашт эмас экан-да? Балки, бутун инсониятнинг йўлидир? Ахир, ҳаммага ҳам дунёга келганида бир вазифа юкланади. Шомга – ўлимга етгунингча шуни эҳтиётлаб олиб бор, дейилади. (Балки жавҳардаги истеъдоддир?) Эй воҳ, йўлда чалғидинг, сен билан бирга қолганлар ҳам чалғиди.
Мен тилга олган ҳикоялар шу мавзуда. Ҳаммасининг қаҳрамони – ўзини излаётган, ўзига қиймат берилишини истаётган кишилардир.
…Теварагимиздаги ҳамма нарса ҳар хил маъноларга ишора қилиб турибди. Ва, шу билан бирга, ҳамма нарса фақат бир тарафни – шомни (яъни, қуёш ботаётган томонни) кўрсатиб турибди.
Бировга мақсад шу дейилса, у ўша заҳоти чалғийди. Ҳар бир киши яшашнинг оқибати ўлим эканини билади, ақл шундай деса-да, одам кўчага чиқиши билан бунинг барини унутади. Кўчадаги одамлар, қушлар, шабадалар, сувлар, ҳидлар, рангларнинг бари “ҳақиқий воқелик мана шу ва у доимо атрофингда, ўзгармасдир, асл сен ўзгарувчисан, лаззат олақол” деб васваса сола бошлайди. Ақлнинг етиб келган ҳикмати хиралашиб кетади. Чунки у, тевараги мана шунақа ранго-ранг қилиб ўралмаган жуда узоқдаги бир жойни кўрган эди. Олиб борилиши зарур бўлган зилол ўша макон учун керак эди. Дунё даштида бир сен эмассан-ку, яна минглаб одамларни кўрдинг. У зилолни сендан бошқа кимдир ҳам олиб бориши мумкин эди. Шунга қараганда, уни Сен олиб боришинг муҳим, гап шунда. Ўша зилол нарсанинг борлиги учун ҳам аҳамиятинг жуда катта. Йўқса даштдаги қум заррасидан, ўтдан ё қушдан қанчалар фарқинг бор?
Адабиёт ўтда ёнмас, сувда чўкмас инсон руҳининг манзараларини акс эттира олмас экан, адабиёт бўлармиди?
Яна шунга ўхшаш манзарани Раҳимжон Раҳматнинг“Адашвой” ҳикоясида кўрамиз.
Оломон узра, ҳавода кезиб юрадиган ғалати бир руҳият ва у руҳият таъсирига тушиб қолган заиф, аммо содда ва ишонувчан одам ҳолидан хабар беради Р. Раҳмат. Ҳикоя қаҳрамонининг шахсияти шу қадар покизаки, худди кўзларини пирпиратиб, теграсига ҳайрон-ҳайрон боқаётган маъсум болакайга ўхшайди. Оломоннинг ҳар гапига ишонаверади. Оломонда интеллект сезилмайди, жамият ҳам кўринмайди. Адашвойнинг теграсидагилар айнан миялари “оч қорин-тўқ қорин” ҳақидаги ўйлар билан банд кишилар. Улар ўйин-кулги қилишни исташади. Адашвойни чўмилтиришади, ором ол дея қисташади. Руҳияти маълум маънода тўйинтирилган ва ўз қарашларига эга киши бу ўринда уларга ўз ҳолича қаршилик қилган ёки ҳатто қўрққан ҳам бўларди. Адашвой шу даражада масъумки, нима десалар қулоқ қоқмай адо этади, эргашади, теваракни чулғаб келаётган қора туманга хавотирланиб, ҳуркиб боқади ва индамасдан ўша туман ичига кириб ҳам кетади.
Улуғбекнинг “Бир пиёла сув”идаги от-арава мана шу ердан ўтиб борган эди.
Яна сал диққат қилсак, макони ва замони номаълум бу ҳикоялардан бироз нарида, тасаввур оламида ёзувчи истеъдоди пайдо қилган ажаб ҳудудларни – “Жинлар базми” ҳикоясида тасвирга олинган ғалати маконни, “Онамнинг юрти” ҳикоясидаги кўздан ниҳон гўзалликларни, “Жажман”даги қадимий бозорни ва “Қултой” ҳикоясидаги қуроқ оломонни кўрсак не тонг?
Зилол сув олиб кетаётганидан ўзи ҳам бехабар қаҳрамон бироз ўнгга юрсайди, эски бир қишлоққа дуч келган бўларди. У қишлоқ аҳли ҳам юқорида тилга олинган оломонга ўхшаш. Бир куни бир синиқчи кўчаларидан “Кўнгли синган ким бор” деб қичқириб ўтган шу қишлоқ аҳлининг руҳияти билан “Адашвой”ни ва “Қултой”ни солиштириб кўринг-а! Ажаб, тасвирдаги бундай ўхшашликлар қайдан ҳосил бўлмоқда? Руҳий таҳлил илмининг билимдонлари бу саволга етарлича жавоб топишлари тайин, албатта. Лекин гап санъат ҳақида, санъатга дахлдор образлар ва асарлар устида кетмоқда.
Яъни, синган, куйган, эзилган, шаҳду шиддати сезилмайдиган кишилар тасвирланган мана шу бадиий асарлардаги кишиларнингҳаммаси Имдодга, Руҳга, Ғояга ва гоҳо Тазарруга зор эканлигининг ишоралари эмасмикин бу адабий ҳодисалар, дея ўйланиб қоласиз киши.
Яна, шу ўй ҳам келади: “Рўё” (А. Аъзам), “Ғуломгардиш”, “Онамнинг юрти” (Х. Султонов), “Паризод” (Э. Аъзам), “Этакдаги кулба” (Н. М. Рауфхон), “Қултой” (Н.Эшонқул), “Адашвой” (Р.Раҳмат), “Бир пиёла сув”, “Лола” (У. Ҳамдам), “Пуанкаре” (А. Йўлдошев)… асарларидаги кишилар, қаҳрамонлар персонажларнинг бари аслида, адиб истеъдоди ва тафаккури кўрсатиб бериши шарт бўлган Йўлга зор ва муҳтож эканини ҳам пайқаш қийин эмас.
Лекин, хулоса чиқаришга кўпам шошилавермайлик.
Олам айланмоқда, у билан бирга тафаккур олами ҳам чархпалак каби бир маромда халқлар, миллатлар, кишилар ва оломон билан бирга истеъдодларни ҳам аста-секин тонгдан шомга қараб тортиб кетмоқда. Мен насрда маълум бир замон мобайнида илғор ёзувчиларнинг асарларида кўринаётган умумий бирлик, фикрлашдаги ва образ яратишдаги ҳамоҳанглик масаласига диққат қаратмоқчиман, Карл Густав Юнг айтган архетип ҳодисаси ростдан ҳам рўй беряптими деб қизиқиб кўряпман. Х. Султонов, Э. Аъзамов, Н. М. Рауфхон, А. Аъзам нисбатан катта авлодга мансуб ижодкорлар, улар вояга етган муҳит (ижодий тафаккурнинг балоғати) кейинги авлод муҳитидан анча фарқ қилади. Табиийки, умум мақсад яхлит бўлгани ҳолда, хусусий мўлжаллар ва ҳатто йўллар ҳам турлича бўлақолсин. Ҳар икки авлод ижодида айни руҳ ва тамойилнинг намоён бўлишининг бирон-бир қонунияти борми?
Совуққонроқ оҳангда айтилган архетип калимаси ичимиздаги шу ўйларимиздан хиёл узоқ масофада тургани учун, бошқача айтақолай: бир маҳаллар машҳур “Дунёни гўзаллик қутқаради” каби бир калимага эҳтиёж туяётган кишилар оломони яна бир шунақа йўлкўрсаткичга эҳтиёж туяётган бўлса-чи? Ижтимоий тебранишлар, таназзулларнинг ғоят кескин зиддиятлари орасидан ўтиб келган ва тижорий дунё қаршисида ўзини ҳам маҳсулот дея ҳис этаётган минглаб кишиларга санъат яна бир руҳий йўлни кўрсатиши кераклигини ҳис қилишдан пайдо бўлмаяптими бу асарлар? Ахир, қорин тўйди, лекин руҳ оч-ку? Жисмнинг озуқаси бўлгани каби, руҳ ҳам озуқага муҳтож-ку?
Яъни, бир жиҳатдан қараганда гўзалликнинг ҳам мезонлари ўзгариб, маҳсулот кўринишига ўтказиб юборилган шу оламда инсонни қутқариб қоладиган нима бор?
Лекин, “бекорларни айтибсиз” деяпти чойхонада ёнбошлаб ётган, мана шу ўзгаришлардан хийла бехабар бугунимизнинг бир кишиси. “Ҳиссиётдан нима наф? Менинг ҳис-туйғуларим билан нима ўзгарарди? Улар ғоятда шахсийдир, сиз менга ош-нондан, қурилиш анжомларидан, фалон маҳсулотни қайда арзонроқ сотиб олиш мумкинлигидан гапиринг” дейди. “Юксак идеалларга келсак, бола-чақамни, худо хоҳласа ўқитаман, ўзим ҳам баъзан олди-қочди асарларни ўқиб мириқаман, анчагина ҳушёрман, хуллас, туппа-тузук, зиёли бир одамга ўхшайман!Тагмаъноларига бир нималар жойланган асарларни ўқиб, бошимни қотириб нима зарил?”
Ҳа, Инсон бугунги кунда руҳан парчаланиб, истеъмолчига, солиқ тўловчига, мижозга ва яна аллақанча нарсаларга айланиб кетди. Бугун адабиёт, мана шу ғоятда майдалашган инсонга Инсонлигини кўрсатиш учун мажоз йўлига ўтмоқда, хоҳишлар ва истакларнинг тубига тушиб бормоқда.
Шунинг учун ҳам “Барчамизга аёнки, XXI аср интеллектуал салоҳият, тафаккур ва маънавият асри сифатида инсоният олдида янги-янги уфқлар очиш билан бирга, биз илгари кўрмаган, дуч келмаган кескин муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Бугунги мураккаб ва таҳликали замонда ёзувчининг башариятни эртанги кунини ўйлаб, одамларни эзгуликка, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка даъват этишга қаратилган ҳароратли сўзи ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда” дея, сўз аҳлига қиймат берилмоқда, ўзига қиймат излаётган ижод аҳлининг эгилган қадди қўтариб қўйилмоқда.
Мажозга ўтишнинг сабаби шу. Илгари кўрилмаган кескин муаммоларга дуч келган бугуннинг етук ақлли истеъмолчиси ҳар нарсани аллақачон фикрлаб кўриб, хотималаб, хулоса ҳам чиқариб бўлди, энди санъатга “Бундан буёғига нима қиламиз” дея, ижтимоий ҳийлаларни кўравериб қаттиқлашиб кетган нигоҳини рўй-рост тикиб турибди. Оғиркарвон наср мана шу сабабдан ҳам тубга қараб бормоқда, ҳар манзарада, воқеада “Сарҳисоб!” дея бонг урмоқда.
Жамиятдаги ўзгаришлар, инқирозлар ва чайқалишларнинг бари кишиларнинг ҳаётида акс этади ва залворига, кўламига қараб турли-туман изтиробларни, ғам ва қайғуларни, шодлик ва қувончларни ҳосил қилади. У изтироб ва қувончлар ғоятда умумийдир. Елиб-югуриб бойлик орттиришга умрини сарфлаётган одамнинг мақсадлари бор-йўғи вужудида биттагина ҳужайранинг ўзгариб қолиши билан бадар кетиши мумкин. Гап инсон қалбининг тирикчилик ташвишларидан бир муддат узоқлашиши ва юксалиши ҳақида кетяпти. Қайдадир ўша ўзгариш сезилар-сезилмас содир бўлмоқда. Инсон қалбида ана шундай эврилишларни содир қилиш хусусиятига эга асарлар ёзилаётганидан дарак эмасми юқорида тилга олиб ўтилган мисоллар? Қувонишга ва ғурурланишга не ҳожат? Бизлар дунё адабиётига ҳали мумтоз адабиётимиз у ёқда турсин, шеъриятимиздаги ва халқимизнинг оғзаки ижодидаги тимсолларнинг маъноларини ҳам етказиб беролганимиз йўқ. Эртак ва афсоналаримиздаги улкан ҳақиқатлар ўз Оловиддинини кутиб, яшириниб ётибди. Аллаларимиздаги, қўшиқларимиздаги мунг-чи, чорловлар, бўзловлар, мусиқамиздаги жилвалар-чи? Ҳар қишлоғимизнинг ўзига хос тафаккур тарзи бор, у хазина аро ҳали олам аҳли бехабар юзлаб тимсоллар яшириниб ётибди. Уларни биз тушунамиз, лекин барча учун тушунарли, замонавий тарзда тақдим қила олишимиз лозим. Улар – жуда эски ва мангу маънолардир. Ана шу “тушунарли,замонавий тарзда тақдим қила олишимизнинг” бирдан-бир йўли – мажоздир. Дунё аҳли бизнинг маданиятимизнинг, урф-одатларимизнинг ўзига хосликларини англамаслиги мумкин, аммо мажоз – ҳамма бирдай тушунадиган адабий тил. Қувонтирадиган ҳолат шуки, дунёнинг кўпчилик маданиятларининг аҳллари умрлари сўнгидагина англаб етаётган ҳақиқатлар бизнинг халқимизнинг урф ва одатларида, оғзаки ижодида намоёнлигида, уларни болаликданоқ, яъни бешикданоқ билиб улғаяётганимизда. Яъни, жуда улкан имкониятларимиз бор. “Менинг илинжим ҳам, қувончим ҳам шунда-да”, дейди Чингиз Айтматов, ўлим сари йўл олган болакай ҳақида изтироб билан ёзаркан ва вақти келиб, ўз қаҳрамонининг ортидан ўзи ҳам ўша тарафга йўл оларкан. “Менинг дардим ҳам, изтиробим ҳам шунда-да!”
* * *
Хулласки, бутун олам, унга қўшилиб биз ҳам бугун янги эстетик қийматларгаэҳтиёж туймоқдамиз. Ўтган асрнинг кўпчилик эстетик тамаллари дунёнинг ўзгариши ва янгиланиши билан бирга бузилиб кетди. Европа адабиёти бугун яккаланган ва инсоний қадриятлари заифлашиб кетган жамиятдаги ёлғизлик изтиробларидан баҳс этмоқда ва истаса-истамаса, бозор қонунларига мослашмоқда. Оломон томоша талаб қилмоқда! У оломонга шаффоф ойна ортидаги ёқимтой пуштиранг махлуқча, шиша идишдаги башоратчи ўлик саккизоёқ ҳамда мутлақ дахлсиз деб ҳисобланган инсон қалбига тажовуз қилинаётгани учун суицид йўлини танлаган ҳассос япон профессори– бари бирдай томошабопдир! Мана шу талотўпда инсонга Инсонлигини англатадиган тоза ва тўлақонли янги Руҳ ғоятда зарурлиги тобора англашилмоқда. Яратилаётган турли-туман асарларнинг жуда кўпи мана шу эҳтиёж қаршисига етиб келиб, миллионлаб кишиларнинг талабларини қондира олмаётгани учун ҳам пойгакроқда иккиланиб, музтар туриб қолмоқда. Шу сабабдан ҳам баъзи изланувчан улуғларимиз имдодни тарих қатларидан излаб, унинг ҳикматларини бугуннинг кишисига янги шаклда тақдим қилишга интилдилар (Миркарим Осим қиссаларини, Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси”, Пиримқул Қодировнинг “Бобур”, Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат”романларини эслайлик). Айримлар эса ўша томошаталаб оломон эҳтиёжини қондириш ва идишга ташланадиган сариқ чақага эга чиқиш илинжида овораю сарсон. Шу улкан эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда айтган бўлардимки, бугун яратилаётган асарларга энг аввало эстетик янгилик нуқтаи назаридан қарашимиз ва баҳолашимиз жудаям шарт бўлиб қолди. Замонавий дунёнинг кучли шамоллари кўзларга қум мисоли тиқилиб ачиштирди, кийимларни юлқилай бошлади. Шу ғалати дунёда мен кимман, сен кимсан? “Эй, отамнинг ўғли…” деб мурожаат қилади биёбонда тафаккурсиз оломон қаршисида қолиб кетган Ҳомон, ўз акаси Мусо алайҳиссаломга. Не тонгки, “Эй, отамнинг ўғли” деб мурожаат қилса бўладиган бирон кишининг топилмагани ғалат. Ота ўғиллари турли ҳийлаларга тўлиб-тошиб кетган мана шу оламда довдираб юрар эканлар, “Боланг қани?” дея сассиз қичқираётган қадрдон уй остонасида бўм-бўш кўчага илҳақ термилиб ўтирган ота кимлигини, қавму қариндош кимлигини, эл-юрт, миллат, Ватан нималигини, ҳар бир инсонга одам болалари деб аталмиш улуғ сулола аро гапириш ва орзу қилиш қобилиятига эга улуғ ва мукаррам зот эканини кўзининг олдига яққол олиб келиб, кўрсатиб қўядиган бир санъатга эҳтиёж туйилаётгани бор гап. Мен юқорида тилга олган асарлар мана шу эслатишнинг илк қадамлари, илк уринишлар, янгича эстетик тафаккурнинг илк куртаклари. “Менинг илинжим ҳам, қувончим ҳам шунда-да”, деб такрорлайди Айтматов, дунёни тарк этиб кетаркан. Ҳа, ҳаммамизнинг илинжимиз ҳам, қувончимиз ҳам шунда-да. Назар Эшонқул “Қултой”да жуда узоқ тарих қатида қолиб кетган бир тимсолни шундоқ олиб чиқиб шууримизга рўпара қилганида севиндикми, ҳайратландикми? Дарҳақиқат, улар жуда кўҳна ва азим маънолар эди. Ўз халқининг қадим ва мангу ҳикматларига мурожаат қилиш ва уни замонавий адабий тушунчалар ёруғида қайта жилвалантириб кўрсатиш санъати улуғ адиблар ижодида яққол намоён бўлганини билган ҳолда, яна иккиланишлар гирдобига шўнғиймиз: у буюкларнинг бари ўтган аср фалсафасининг ва эстетикасининг илғорлари эдилар. Бугун янги эстетика, мезонларининг ўзгариши ҳақида гап юритмоқдамиз. Асарлар, ғоялар, ишончлар,умидлар… Тўсатдан лоп этиб онгимизда яна “Жамила” ва “Оқ кема” қалқиб чиқади: юз йиллардир ўзгармаган, машаққатли ҳаёт гирдоблари аро муҳаббат орзумандлиги, Тангри таоло қалбларга жойлаган юксак туйғу тараннуми… Шохдор Она буғу тимсолидаги халқнинг қайғулари ва изтироблари ва у изтиробларнинг ёш болакай кўнглидаги ажабтовур акслари… Йўқ, дейман, классиклар сира эскирмайди, унда бугуннинг ёзувчиси нима қилсин? Мана шу сабаб ҳам Йўл изланаётгани очиқ-равшан.
Аслида, сўқмоқ жуда кўҳна ва қадимий, ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам аниқ, унда давом этишни истаганлар фақат изҳори дил учун йўл излаётганлари аён. Мана шу сабабдан ҳам бугуннинг насрида учта қувватли тамойил яққол кўзга ташланиб турибди ва, айтиш мумкинки, ҳар учала тамойилнинг ҳам ўз истеъдодлари, ўз усталари бор. Биринчиси, миллий руҳни, халқ руҳини миллий усулларда янада ранг-баранглаштириб тақдим этиш, иккинчиси – халқ шуурида узоқ йиллар яшаб келаётган ўлмас тимсолларни олам аҳлига намоён қилиш ва учинчиси – бутун дунё адабий тафаккурида рўй бераётган, аммо бизнинг адабиётимиз учун янги ҳисобланган шаклларни олиб кириб, ўз руҳимиз билан тўлдиришдан иборат. Менимча,ҳар учала тамойилнинг ҳам ўз ўрни, ўз ўқувчиси бор.
Хавотирга эса ўрин йўқ эмас. Бу – оммавий адабиётдеган юҳонинг санъатни емириб юборишидир. Масалан, Европада «ўрта истеъмолчи”га мўлжалланган асар яратиш амалиёти кўп йиллар аввал ишлаб чиқилган. Аудитория йигирма беш ёшгача бўлган эркак-аёллар ва йигирма бешдан ошган эркак-аёлларга бўлинган. Асар ёзилишидан аввал аудитория танлаб олиниши керак. Ўқувчи(мижоз)нинг мана шу тўрт категориясига бирдай “ёқадиган” асар мукаммал ҳисобланади. Асар сюжети ҳам маълум режа асосида қурилади, яъни: интрига,яхшилик ва ёмонлик кураши ҳамда бахтли хотима. Тамом-вассалом. Тушунарлироқ қилиб айтсам, ҳар биридан маълум миқдор чақа-танга ундириб олиш имкони бўлган олақуроқ потенциал оломоннинг истакларини қондириш керак. Оммавий адабиётни яратаётган бозор механизми мана шу. Шукрки, бизлар узоқ йиллар давомида “бозор механизми” асарларидан йироқ турдик, тараққий этган ўлкаларнинг турли ҳашамлардан тўйиб кетган оломони детективларни мириқиб ўқиб, ҳордиқ чиқараётган маҳалда айнан ўша қолипга “тушмайдиган”, озодлик истаги рўй-рост сезилиб турган асарларни ўқидик. Булар – тарих қатларидан ғоят инжа нур толаси каби бизгача етиб келган “Девони луғотит турк”, “Темур тузуклари”, Навоий, Машраб ғазаллари ва аллақачон ўша юксакликлардан пастга қулаб тушган руҳимизга ўзимизнинг ким эканимизни тенгсиз тасвир ва тимсоллар аро намоён қилган “Ўткан кунлар” эди…. Нобель мукофотига тавсия этиладиган асарлар эстетик янгиликни бадиий шаклда тақдим этиши зарурлиги бежиз эмас. одисаларга некбинлик билан қарашимиз, бир ҳақиқатни аниқ англаб олишимиз зарур: ўзбек насри ҳам, назми ҳам ўтган аср мобайнида жуда катта вазифани қойилмақом қилиб бажариб қўйди. Яъни, бегона “онг ювиш механизми” онгларга коммунистик шуурни қуяётган маҳалда, миллий руҳни асарларга яшириб, бугунга қадар асраб-авайлаб олиб келиб берди. Мана шу муҳташам вазифани уддалай олган ҳар бир шоиру ёзувчига таъзим айлаш керак. Яъни, у маҳаллар Йўл аниқ ва мустамлакачилик сиёсатига мутлақо зид эди: миллий руҳни мағзи бутун данак сингари тупроққа – яъни шеърга, асарга, адабиётга кўмиш керак эди. Яна бир тимсол: жуда қадим бир эртагимизда олтин тусли ажойиб жайрон образи бор. “Мени ўлдириб,тупроққа кўм, тонг саҳарда ўша жойни қазсанг, сеҳрли қилич ва қалқонни кўрасан, ўшани олиб, элга ҳамла қилган аждарни ўлдир” дейди жайрон. Аждар ниманинг тимсоли эди? Балки онгларга ва шуурларга ҳамла қиладиган уч бошли имонсизлик аждари бўлса-чи? “Сира ташвиш чекма, қачонки қайтиб келиб, исмимни айтиб чақирсанг, тупроқ остидан чиқиб келаман” дейди жайрон… Жайрон кимнинг,ниманинг тимсоли эди? У тупроқ – адабиёт эмасмиди?
Биз фақат четдан туриб кузатамиз, холос. Фикр айтишда эҳтиёт бўлганимиз маъқулроқ. Баъзан истеъдод шундай асар яратадики, дафъатан моҳиятини англамасдан задалаб қўйишимиз ҳеч гап эмас. “Жавҳарингдаги зилолни уфққа қадар етказиб беришинг сенинг вазифанг эди”, деб бежиз уқтирмаяпти адиб. Мана шу тарзда, бениҳоя улкан тимсоллар ва рамзлар уммони тўлқинланиб ётган маънавий тарихимизни ва қадриятларимизни тушунолмасдан, ҳордиқ чиқаришни истаётган олақуроқ оломон эҳтиёжи қадар тушиб борамизми ёки янада юксакроққа интилишимиз керакми? “Нималар деяпсиз? – деб тушунмовчилик аро бир-бирига қарайди маиший асарларни ўқийвериб онги заифлашиб кетган ўқувчи. – Сиз айтган асарлар кимга мўлжалланган ўзи?” Асрлар аввалидан боболаримиз хавотир ила қичқириб турган шу маконда арзонбаҳо асарларни ўқиб ҳордиқ чиқарамизми ёки тафаккур уммонига шўнғиймизми? Миллатимизга руҳан бой, бадииятни кучли тафаккур ила англайдиган кишилар маъқулми ё қорин ташвиши бандаларими? Гоҳо хаёлимга шундай ўй ҳам келади: саёзроқ, аммо ташвиқий пухтароқ асарлар рўпара қилинавериб ақли бичиб қўйилган баъзи кишиларга энди нимани тақдим қилиш керак? Ахир, тузум ўзгарди, ундан кўра бошқачароқ дунё тузуми кириб келди.
Теварагимизда рўй бераётган, бевосита гувоҳ бўлаётганимиз ҳодисалар ортида яна минглаб бошқа ҳодисалар бор. Кўриб турганимиз мутлақ ҳақиқат эмас, мутлақ ҳақиқат яширин ва илғаш қийин ҳақиқатдир. Бизлар худди Тангрига қаттиқ ишонган, аммо ўзининг Тангри ҳақидаги тушунчаларини Тангри деб ўйлаб хато қилган одам мисолимиз. Шоир Фахриёр “Постмодернистик дунёда қиблани топиш” асарини мана шу боис ҳам ўзбекчага ўгирди, “Шарқ юлдузи” файласуф Боревнинг мақолаларини шу боис ҳам эълон қилди. Ҳа, адабиёт учун энди қибла қайси томонда? “Халқ томонда” дейди бу саволни юзакироқтушунган мутахассис. Йўқ, халқ денгиздир, халқ кучдир, у истеъдодларни пайдо қилаверади ва тафаккур қилиш учун лозим бўлган минглаб тимсолларни ўша истеъдод онгига рўпара қилаверади. У эплай олмаса, бошқасини пайдо қилади ва айни вазифани ўшанга рўпара қилади. Олға, яна бир қадам олға, деб ҳайқиради тафаккур. Турли-туман саноқсиз кишилар аро шу хусусиятинг билан бежиз яралдингми? Демакки, истеъдодингнинг нимагадир зарурати бор, фикр юритмайсанми, ахир? Бир силтаниб, шуурингни чирмаб олган ўргимчак тўрини йиртиб, фикр ва ҳис озодлигига чиқмайсанми, у озодликнинг ҳаётбахш лаззатини бир тотиб кўрмайсанми, деб жаҳлланади Румий, бугунимизнинг болаларига қарата. “Нима қилай ахир” деб озорланади илму фаннинг, оламнинг таҳликали ўзгаришларидан хийла бехабар бугуннинг маърифатчиси, пешанасини тириштириб. Нимаям қилардик, масала очиқ-равшан-ку: бугуннинг ўқувчиси ўша ғояга – умрига қиймат ва мазмун бахш этадиган ҳаётбахш Ғояга ҳар қачонгидан ҳам муштоқ-ку?
* * *
Ғоя – ўз-ўзидан, кечқурун болишга ёнбошлаб, чой ичиб ўтирганда лоп этиб келиб қоладиган нарса эмас. Кўпчилик илҳомни шундай тасаввур қилади. Ғоя ҳосил қилиш учун инсониятнинг камида юз йиллик тарихини пухта билиш, турли халқлар турли ташвиқ усуллари ва технологик қалқинишлар аро қай тарафга илгарилаб бораётганини, мана шу ғалати ва ақл етиши мушкул жараён ичида ўз халқининг, ўз миллатининг армонлари, орзулари, турмушини яхши билиши, таҳлил қилиши, ҳар турли этник-фалсафий унсурлар натижасида яхлит ва ҳаётбахш бир фикрга келишдан иборат. Чунки, ҳаммамиз мазмундан иборатмиз ва ўзимиздан кучлироқ бошқа маъноларга интиламиз. Шу сабабли ҳам бугуннинг талаби кечагидан тубдан фарқ қилади. Бугуннинг адиби фанда ва жамиятларда рўй бераётган ҳодисаларни илдизигача кўра олиши ва истеъдоди ёруғида унинг оқибатини ҳам тасаввур қила олиши керак.
Хавотирларга эса ўрин йўқ эмас, қалқиниб турган, турли манфаатларнинг тўқнашуви аро маънавияту санъат бир четга сурилиб кетаётган замонавий талотўпларда болаларимизнинг қалбини қай тарзда соф сақлаб қола оламиз дегандай ташвишлар ҳамманинг ҳам юрагини оғритиб турибди. Таърифига қанчадан-қанча алломаларнинг истеъдоди етмаган, Қақнус мисоли ҳар турли кўргиликларни бошдан кечира-кечира, мана шу кунларгача соғ-омон етиб келган элнинг тоза булоқларидан баҳраманд бўлсин, у зилол – шифобахш, турли маданий ва ижтимоий хасталиклардан асрайди, дея ўзимизга таскин ҳам берамиз.
* * *
Ҳамма замонларнинг ҳоҳ улуғ, хоҳ менга ўхшаган кичикроқ ижодкорлари мана шунга ўхшаш фикрлари сўнгида келажак авлодларга доимо умид ваишонч билан боқиб келишади. Келажак авлодлар биз етмаган, биз орзу қилган асарларни яратадилар деган умид ҳар инсоннинг кўнглида тунги ёмғир томчисида йилт этган бир ёғду жилваси каби яшайди. “Менинг қувончим ҳам, изтиробим ҳам шунда-да” дейди улуғ мутафаккир Чингиз Айтматов, “капалаклар учмайдиган” маконлардан туриб. “Капалаклар учадиган” маконларда эса ҳаёт жўш урмоқда ва бутун инсониятни, жумладан, бизни ҳам янги-янги номаълум томонларга оқизиб кетмоқда.
Истеъдоди қалбларида барқ уриб турган болаларимиз эса, тиниқ нигоҳларини бизларга ишонувчанлик ила тикиб туришибди. У нигоҳ одамнинг юрагини зирқиратиб оғритар даражада мусаффодир.
Бизнинг мана шу ёш гўдакка айтадиган сўзимиз, худди, тобора қувватдан кетиб бораётган отанинг номаълум ҳаёт қаршисида иккиланиб турган нозик-ниҳол, ғоятда софдил ўғилчасига айтадиган сўзи каби рост ва самимий бўлиши керак.
Ҳаммамизнинг умидимиз ҳам, ишончимиз ҳам шунда-да!