Исажон Султон. Ўрмондаги кулба (ҳикоя)

Эй руҳ, фитратининг ўрмонларида
Кезинган, эзилган, озурда эй руҳ!
Заҳмат сойларининг ҳовурларию
Ғусса водийларин шовурларида
Бир ўзи йиғлаган,
ўксиган, куйган,
Ҳасрат ёмғирининг куюкларида
Илма-тешик бўлиб
Изиллаб турган!
Эски зиндонингдан бир зум чиқақол!..

МУҚАДДИМА

Ўғил

Шабада эсмас, аммо ўрмон турли товушларга тўла эди.

Сарвлар, қайрағочлару арчалар баланд ўсган, ўтларнинг поялари тўқ яшил, дарахт остидагилари эса сийракроқ, ранги ҳам нимдошроқ бўлиб, баъзилари гуллаган, кичкина гулчалар узра сарғиш асаларилар ғўнғиллаб учиб юришарди. Дарахтлар ортида кўринмаса-да, қайдадир қуёш ёрқин нур сочмоқда.

Осмон кўм-кўк, майда оқ булутчалар қимир этмай турарди.

Кўп вақтдан бери инсон юрмагандай туюлаётган сўқмоқдантез-тез одимлаб борардим.

Ичимдаги сурур қайдан пайдо бўлганини билмасдим. Аммобу ўрмон менга ёқар, кечагина турли ташвишлар билан пешанамни тириштириб ўйланиб юрган бўлсам, энди у ўйлар жуда олисларда қолиб кетгандай, хаёлимга “Қара-я, ўрмонодамга шунақа ажойиб ором бахш этаркан-да” деган ўй ортидан “Тез-тез бағрига чиқиб туриш керак, инсон табиатнинг бир қисми” дегандай ўйлар ҳам келмоқда эди.

Одам ўйи қизиқ нарса. Бир нимани кўрсангиз, беш-олти хил фикр бирданига уйғонади. Энг маъқулини танлаб оласизу қолганини ташлаб юборасиз гўё. Лекин ҳозир ўйларимнинг бари қийматлидай ва биронтасини ҳам рад қилиб бўлмайдигандай туюлди, бу ўзимга ҳам хуш келди.
Шу сабабли ўрмонда қиладиган ишим хавотирли туюлмади.

Ҳа, шу яқин орадаги ўтлоқзорда эски, кимсасиз бир кулба бор. Мен унинг ертўласига тушишим керак.

Яна пича одимлагач, сўқмоқ ниҳоясида ўша уйча кўринди. Кичкина, тик томли экан. Қурилганига нечаз йиллар бўлгандир… Олдидаги майдончасига терилган тошлар орасидан ўтлар ўсибди. Тарвақайлаган мевали дарахт ҳам бўй чўзибди — ўрикка ўхшайди, шохчаларида яшил довуччалари ҳам бор.

Дарахт ёнидан ўтиб, уйчанинг тош зинасидан юқори чиқдим.

Эшик очиқ экан.

Кўпдан бери бу ерга инсон қадами етмаган бўлса-да, эгалари қайгадир кетганига гўё бир-икки ҳафта бўлгандай, назаримда. Чунки ашёларнинг бари ўз ўрнида, аммо хиёл чанг қоплабди. Ўнг томондаги жавонлар ёпиқ, ичида уй эгаларининг нарсалари бўлса керак. Дераза ёнида каттагина стол, устида эскироқ компьютер, қалам-қоғоз ёнида сўлий бошлаган чечаклар ҳам бор, ҳар ҳолда, уй бекаси нозиктабиат аёл шекилли. Деразага оч-сарғиш гулли парда тутилган. Бориб,тавақаларни очиб юбордим, ўрмоннинг турли исларга тўла тоза ҳавоси уй ичини тўлдирди. Катта жигарранг тусли печка устида оғир чўян чойнак, ерда эса беш-олтита қарағай саржини, гугурт доналари сочилиб ётибди.

Чап томонда эшиги ёпиқ хоналар бор экан. Болалар хонаси бўлса эҳтимол. Балки меҳмонхонадир?

Ҳа, шинамгина, аммо қанчадир муддат қаровсиз қолганбир уй.

Энди шу уйнинг ертўласига тушишим керак.

Ертўлаларни ёқтиравермайман. Нимқоронғи, ҳар турли кераксиз ашқол-дашқоллар бетартиб ташлаб қўйилган, бир оз зах иси келиб турадиган жой тасаввуримда жонланади. Баъзилар ҳаво алмашиши учун туйнуклар ҳам очишади, чунки туйнуклари бўлмаса, ертўланинг ҳавоси оғир бўлиб қолади.

Нарироқда пастга тушиладиган эшик очиқ. Зиналари тахтадан, ёрилиб-ёрилиб кетибди. Тушсам, айтганимдай, нимқоронғи бўлса керак.

Эшиги ёнига келиб, пастга қарадим.

Б е ш т а ё к и о л т и т а п и л л а п о я с и бор экан.

Туша бошладим, кўндаланг тахталар залворимдан ғичирлар эди.

 
Она

Умрим бўйи дала-тузда овораи сарсон, болам-чақам деб заҳмат чеккан бир хотинман-у, кутилмаганда менга “Ўрмонга кир” дедилар.

Ўрмон қанақа бўлишини билмайман — сариқ қумлару лойқа сувлар ичида катта бўлганман, аммо манзараларига ҳайрон бўлиб қолдим. Қўни-қўшниларим эсимга келди, бечоралар, оила-рўзғор заҳматидан ортиб шунақа чиройли жойларни ҳам кўришсайди, деб илиндим. Ҳақиқатан ҳам ниҳоятда гўзал бўлар экан, сарвлари ва номини мен билмайдиган тик қадли оғочлари енгил шабадада шовуллар эди.

Сўқмоқ ингичка, одам юрган ерларида ўтлар сийракроқ ўсган, четларидаги майсалар кичкина, мовий, сариқ ва оқ тусда гуллабди. Дарахтларда қушлар сайрайди. Бир қарағай шохида кичкинагина олмахонни кўрдим, қўлида бужур ёнғоғи ҳам бор, мунчоқ кўзларини менга беҳадик тикиб турибди.

Ўрмондаги уйчанинг эшиги очиқ. Эгалари қани, дея хавотирланиб ичкарига мўраладим. Ҳеч ким йўқ, аммо ҳаммаёқ ораста, батартиб. Чанг асари кўринмайди, дераза ёнида катта бир стол, устига оппоқ мато ёпилган, кўкимтир шиша идишга учта чиройли гул солинган. Печка устида топ-тоза кулрангтемир чойнак, ерда чиройли қилиб тахланган беш-олтита саржин ўтин.

Дераза ҳам очиқ, оппоқ парда ўрмоннинг ажойиб шабадасида ҳилпирамоқда.

Ҳар ҳолда, уй эгалари саранжом-саришта кишилар бўлса керак.Қайга кетишган экан?

Энди шунинг ертўласига тушишим керак.

Ертўла жуда чуқур, ғира-ширада з и на л а р н и н г о х и р и к ў р и н м а й д и. Ўлсин, мунча чуқурда экан, деб ўйладиму пастга қараб қадам босдим.

Ота

Ташвишим бошимдан ошиб-тошиб ётибди, ўрмонда нима бор менга?

Бунақа ўрмонни йигитлигимда ҳарбийда кўрганман. У маҳалларнинг меҳнати оғир эди, шунақа бепоён бир ўрмонда дарахт кесганман.

Шамол оғочларнинг қуриган шохларини қисирлатиб синдираётгани учун шовқин кучли. Баланд-баланд дарахтлар оғир-оғир чайқалиб, йўл устидаги ўтлар эгилиб-букилиб шитирлайди.

Майсалар гулларини ер узра сочиб юборишибди. Ўрмон турли овозлар чиқарар, дарахтлар нола чекиб ингранмоқда эди.

Кимсасиз бу ўрмонда ваҳший ҳайвонлар ҳам бордир? Ҳақиқатан, қайдандир бир ниманинг ўкириши эшитилгандай бўлмаяптими?

Айиқ, силовсин, бўрилар бўлиши мумкин.

Сўқмоқдан қачондир ароба юргани учун ғилдиракларининг изи ўрнида майса йўқ, тупроқ қуруқ, аммо излар орасида ўтлар гуркираб ўсибди.

Салдан кейин ёмғир ёғса ажабмас, чунки осмондаги булутлар тўдалашиб-уюлиб келмоқда. Бу шамолнинг иши, албатта.

Ваҳший ҳайвонлари оч бўлса, даф қилишлари эҳтимол. Шу сабабли тезроқ ҳўв анави уйчага боришим керак.

Тез юриб ўша уйчага етиб келдим. Эшиги ёпиқ экан, сал туртсам, тарақлаб очилиб кетди.

Бу ерга инсон қадами тегмаганга ўхшайди. Ҳамма нарсанинг устини калин чанг қоплабди. Чанг узра оёқ излари йўқ. Дераза пардаси эски, тўқ жигарранг тусда. Уй ҳавоси оғирдай туюлди. Бориб, деразаларни очдим. Столустида гул солинадиган қизғимтир шиша идиш турибди, ичида лойқа, қўнғир тусли эски сув бор. Печкага анчадан бери ўт ёқилмабди, куллари тозаланмаган, ярми ёнган саржинлар қалашиб ётибди.
Айтганимдай, салдан кейин ёға бошлаган ёмғирнинг шитирлашлари эшитилди.

Чанг устида излар қолдириб, ертўла эшиги томон юрдим. У эшик ҳам ёпиқ экан. Очиб, е т т и т а ё к и са к к и з т а п и л л а п о я босиб пастга тушдим.

 
2. ЕРТЎЛАДА

Ўғил

Ертўла кенггина экан. Қоронғилик ичида охири кўринмайди. Турли кераксиз нарсалар кўп. Оёқ остимда эски болалар ўйинчоқларини кўрдим.

Дарахт шохидан ясалган ўқ-ёй, ранги пушти ва оқ иккита копток, қўғирчоқлар…уларни ҳам чанг қоплабди.

Ия, ўзимнинг ашёларим-ку?

Болалигимдаги нарсаларим бу ерда нима қилиб ётибди?

Яна одимлайман. Туйнуклар очиқ, ҳаво ростдан ҳам майин. Зах сезилмайди. Аммо, туйнукларни ким очди? Ҳозир-ку ёз, аммо қишда туйнуклар ёпилмасмиди?

Ўйинчоқлар менга болалигимни эслатгани боис ертўла бегона туюлмади, худди бир сирдан воқиф бўладигандек, қалбимда илиқ туйғу бош кўтарди. Шу митти ўқ-ёй билан қушларга қараб ўқ узардим, у ўқлар беҳи шохидан ясалган бўларди, табиийки, биронта қушни отиб ололмаганман, аммо ўша маҳаллар ўзимни қўрқмас, довюрак овчи дея хаёл қилганларим, қийқира-қийқира дарахтзорлар оралаб чопганларим эсимда.

Яна бир неча қадам босган эдим, тўсатдан ертўла адоғидан, қоронғилик қаъридан бир сас кела бошлади.

Ие, бу ерда мендан бошқа яна биров борми?

Ҳа, ўша ёқда, тахта жавонлар зулмат ичида кўзга кўринмай кетган жойда кимдир ўзича з а в қ л а н и б к у л м о қ д а эди.

Овозига қараганда, мен тенги бир йигит бўлсаям ажабмас. Нега кулди экан? Ҳар ҳолда, мен сингари ертўлага киргану болалик ашёларини топиб олиб, ўша маҳаллардаги бирор воқеани эслаб кулаётган бўлса-чи? У сасни эшитганим ҳамоно менга зарар етказмаслигини тушундим. Чунки, холис ва беозор сас эди. Янада эскироқ ашёлар орасини титкилаб, бошқа нарсаларини топиб олган бўлиши ҳам мумкин. Узун бўйли, сочлари қоп-қора,кўзлари чақнаб турадиган ва табиийки, шошқалоқлигидан кўпинча хато ҳам қилиб қўядиган софдил-самимий бир йигитга ўхшайди.
“Борай-чи, ким экан” дея ўша томонга қадам босдим.

 
Она

Бир маҳаллар ота уйимнинг ертўласида сабзи-пиёз сақларэдик. Катта хумларда ёғ, гуруч, буғдой, кичикроқларида мош, ловия, нўхат бўларди. Кейинчалик эски тўшакларни ҳам олиб тушиб, думалоқлаб ўраб қўйган эдим. Бу ертўлада ўшаларни кўрдим, аввал қандай бўлса, ўшандай турибди.

Бу ер ҳам саришта, аммо ўтмиш ислари келиб турарди. Оламдан ўтиб кетган онаизоримнинг ашёлари ҳам шу ерда экан. Ана, кўйлаги, рўмоли… Йўқотиб қўйганман дея изтироб чекиб юрар эдим. Отамнинг тўни ҳам шу ерда. Шифтга эски бешик илиб қўйилибди, ёпқичи остидан қовузлари, қўлбоғичлари кўриниб турибди.

Худога шукр, бегона жой эмас экан-ку?

Яна бир оз юрган эдим, ертўла бурчагидан, қоронғироқ жойдан бир одамнинг товуши қулоғимга чалинди.

Шошиб қолдим. Тавба, у ерда бир аёл ў к с и б-ў к с и б й и ғ л а м о қ д а эди.

Букчайиб ўтириб олган, озғин елкаси, гули ўчган кўйлаги, тўқ ҳаворанг нимдош рўмоли кўриниб турибди. Юзи кўринмайди, аммо бир нимадан эзилиб-эзилиб,тўлиқиб-тўлиқиб йиғлар эди.

Чорасиз кишилар шунақа йиғлашади. Дунёи дунда ҳаётининг қийматсизлигидан, ҳарчанд тиришмасин рўшноликка чиқа олмаётганидан, умр эса ўрмонни чайқатган шамол каби долғалар сола-сола елиб ўтиб кетаётганидан юраклари ғамга тўлиб, Худога ёлвора-ёлвора йиғлашади.

Бечора, ертўлада нима қилаётган экан? Балки шу уйнинг эгасидир? Бошига бир мусибат тушган бўлса-я?

Юрагимда раҳму шафқат уйғониб кетди. Ким бўлсаям, ёнига борай, ҳол-аҳвол сўрай деб ўйладим. Одам тафтини одам олади, агар мусибатзада бўлса Худо меҳрибон, ҳар мусибат ортидан бир яхшиликни албатта етказади деб тасалли бергим келди. Болалари ҳам бордир, улар олдида ҳаёт ташвишлари нима бўпти, одам турмуш қуриб болали-чақали бўлганидан кейин ўзини оиласига фидо қилиб юборади, ўксинма ахир, дегим ҳам келди.

Ота

Ҳим-м, ертўла бўм-бўш экан.

Бунақа жойларда каламуш кўп бўлади. Балки илонлари ҳам бордир? Йўқ, илон захни ёқтирмайди. Захсевар майда-чуйда ҳашаротлар ўрмалаб юрган бўлиши мумкин.

Чап томонда ерга тираб қўйилган асбоб-анжомлар, ишлатилмаганидан занг босиб кетибди. Болта, арра, теша, ўроқ ва дастаси йўқ кетмонни кўрдим. Уларнинг ёнида, қоқ ерда бир уюм қийшайган михлар ҳам ётибди.

Нима зарил эди бу ерга келиб? Норозилик ила секин-аста одимлар эдим.

Ҳақиқатан ҳам ертўла тупроғи зах. Уни селгитиш учун анча меҳнат қилиш керак. Туйнук-деразаларни очиб, яхшилаб шамоллатмаса бўлмайди.

Ертўлада яна хоналар ҳам бор. Ҳаммасига “К и р и ш м у м к и н э м а с” деган қизил лавҳ илиб қўйилибди.

Ким ёзган уларни?

Теварагимни кузатиб мулоҳаза қилиб турганимда, ҳўв наридан, қоронғилик орасидан инсон саси кела бошлади.

У томонга қараб, гавдаси ўзимга ўхшаш, букчайиброқ орқа ўгириб турган бир кишининг шарпасини кўрдим.

У одам ўзича ғ ў л д и р а б с ў к и н а р эди.

Жуда норози, эски тақир-туқирлар орасидан бир нималарни қидирар, қўлига илинган кераксиз ашёларни тепиб-тепиб юборар, бундан яна-да жаҳли чиқиб, баттар ғудранаётган бир киши…

Нега сўкинаётган экан?

Балки оиласи, бола-чақаси қаёққадир кетгану ҳали қайтиб келишмаганидан жаҳли чиққандир? Бир нима дегим келди-ю, аммо ўз ҳолигақўйдим.

Негаки, бизнинг ёшга етган одамни ўз ҳолига қўйиш керак. Гоҳ-гоҳ шунақа бир ертўлага тушиб, ўкраб-ўкраб йиғласаям бўлади. Одам енгил тортади. Чунки катта ёшли кишилар кўпинча юрагида зил-замбил тошларни олиб юришади. Аммо йиғлаб ёки сўкиниб олса бўладиган жой топилмайди. Бу ерда ҳеч ким йўқ, анави одамни эса танимайман.

Ёнига боргим келмади. Ўз ҳолига қўйиш керак дедим-ку. У билан қанчалар ишим бор? Ўзимнинг ташвишларим етиб ортади. Мана, ертўлага тушдим, айтарли ҳеч нарса топмадим, энди қайтиб чиқиб кетсам ҳам бўлар. Тезроқ уйимга борганим маъқул, у ёқда яна аллақанча юмушларим бор, бу ерда нимаям қилдим?

3. ЧОРЛОВ

Ўғил

Ашёлар орасида бир маҳаллар севгилимга ёзган хатларим ҳам бор экан. Қизиқ, у қиз аллақачон унутилган, аммо хатлар турибди. Қай тарз бу ерга келиб қолганига ажабландим. Хат мазмуни эсда йўқ, аммо бир неча сўзи ёдимда.

“Сенсиз менга ҳаёт керакмас” деб ёзган эдим шекилли.

Шу маҳал ўша кулган йигит мени чақира бошлади.

“Келақолсанг-чи, ахир!” дер эди.

“Бу ерда ғалати бир нарса топиб олдим, кел, сен ҳам кўр” дер эди.

Нима топиб олган экан? Кимлигини билмасам-да, аммо мени танийдиган бир одам эканига ақлим етиб турибди. Топиб олган нарсаси ҳам мен биладиган, менга алоқадор бир нарса бўлса керакки,чақиряпти.

Қизиқсиниб, ўша томон қадам босдим. Кимлигини билгим келарди, бу ғалати ўрмонда ёлғиз эмаслигим эса қувонтирарди. Балки синфдошимдир, балки болалик ўртоғимдир?

Она

Шу маҳал ўша йиғлаган аёл мени чақира бошлади.

Вой тавба, танирмикан?

Бечора, бу ерларга қандай келиб қолди экан? Болам-чақам деб ўрмонда мева-чева териб юргану шу ертўлага кириб, бир нимани кўриб қолганмикин? Нима бўлганида ҳам ўзимга ўхшаган боёқиш-да. Йиғлаб ўтиришидан ҳам билувдим-ку, бир дард-изтироби борлигини?

Албатта, ҳозир ёнига бораману ҳол сўрайман. Балки болаларидан ё яқин бир кишисидан айрилиб қолган бир шўрликдир?

Қозиқдан онамнинг рўмолини олиб, бошимга ўрадиму ўша томонга йўналдим.
 

Ота

Қайтиб чиқиб кетмоқчи эдим, букчайиброқ турган ўша киши тўсатдан хиёл ўгирилиб, исмимни айтиб чақирса-я!

Иккиланиб қолдим.

Борайми, бормайми?

Э йўқ, ҳайиқармидим? Аммо танимаган одамга ишониб бўлармиди? Ён-веримга қараб, ушлашга қулай, учи оғир бир таёқ турганини кўрдим. Кетмон сопи экан. Отамнинг катта кетмони бўларди, тавба, фақат сопи қолгани қизиқ. Олиб қўлимда айлантириб кўрдим: қулайгина. Мабодо даф қилибқолса, айлантириб бошига ураман деган ўй келди. Ҳа, албатта бошига уриш керак, зарба кучли бўлса кўз олди тўсатдан қоронғилашади, ҳушини йўқотиши ҳам мумкин. Лекин, ёрдам сўраса-чи? Ҳозир бировга кўмак берадиган маҳалми, мен ўзим кўмакка зорман-ку?

Нега хавотир олганимни ўзим ҳам билмайман. Ким билсин, кимсасиз ўрмон бўлса?

Ёғочни икки қўлим билан маҳкам қисимлаб, эҳтиёткорлик билан ўша томон йўналдим.

4. КЕЛГАН КИМ?

Ўғил

У овоз эгаси томон бир неча қадам босган эдим, кутилмаганда тепада, ертўланинг мен кирган эшиги ёнида яна кимнингдир шарпаси сезилди.
Қадам товушлари залворли эди.

Ким бўлиши мумкин?

Бу ўрмонга мендан бошқа биров кирмаган эди-ку?

Келган киши эса исмимни айтиб чақирарди.

Ия, дўстим-ку! Энг яқиним, жонажон дўстим!

Таёғимни ташлаб, ортимга қайрилдим. Кўрганларимни айтиб бермоқчи, кейин иккаламиз анави кишининг олдига бормоқчи эдик. Иккимиз биргалигимиз кўнглимга ишонч бахш этди, ўзимни куч-қувватга тўла ҳис қилдиму шодланиб истиқболига ошиқдим.

Она

Тўсатдан ертўланинг мен кирган эшиги яна ғийқиллаб, кимдир кириб келаверди.

Қараб, шошиб қолдим.

Отамга ўхшайди-я?

Вой, отам-ку!

“Жоним отам, ўлиб кетган эдингиз-ку?

Э тавба, ўлмаган экансиз-да?

Кулишларингиз ўша-ўша, бағрикенглигу хушфеъллик биланжилмайиб турибсиз-ку?”

Қучоғига отилгим келди.

Аммо, кап-катта хотинман-ку?

Кап-катта хотин бўлсам нима қипти? Отам-ку, пуштипаноҳим, суянган тоғим-ку, ахир! “Отажоним!” дея бирданига йиғлаб юбориб, дийдорига чопдим.
 
 
Ота

Тепадаги эшик ғийқиллади.

Тавба, яна кимдир келдими?

Йўқ, ҳеч кимнинг қораси кўринмайди.

Айтмоқчи, ташқарида шамол эсаётган эди-ку?

Ҳа, ташқари эшик очиқ қолувди. Бу ёққа келаётганимда кучлигина шамол эсаётган эди. Очиқ қолган эшикдан кириб чангларни тўзғитган, уй ичида бир тўзон кўтариб, ертўла эшигини ҳам ғичирлатган бўлиши мумкин.

Ҳар эҳтимолга қарши яна қарадим: йўқ, ҳеч ким йўқ!

Ростдан ҳам шамол ўйнабди. Ана, пиллапоянинг чангларини яна тўзғитди.

Ортимга қарадим: сас келмай қўйган, бояги одам турган жойда энди ҳеч ким йўқ эди!

 

Аёлнинг отасининг руҳи
 
Оҳ, содда қизгинам, у ўрмоннинг ўрмон эмаслигинибилмадингми?

Ахир, манзараларга эътибор қилмадингми, ўзинг кўрган,ўзинг билган ҳамма нарса кўз олдингда жонланди-ку?

Ой қизалоғим, ҳалиям кичкинамидинг? Кап-катта ўғлинг, эринг бўлатуриб, мени айтиб чақирганингдан хавотирландим, жон болам.

Ажаб, нега болангни чақирмадинг, авайладингми?

Нега эрингни чақирмадинг, кўнглинг йўқмиди?

Она қизим, қиз учун отадан улуғроғи йўқ дердингми?

Мана, ошиғич келавердим қошингга.

Модомики келдим, юрақол, иккимиз ўша ўксиб йиғлаётган аёлнинг ёнига борайлик, кўзёшларини авайлаб артиб, юпатайлик. Юрақол, жажжигинам менинг…
 

Бўшлиқ
 
Мени бўм-бўш деб ким айтди?

Кўзингиз илғамаса, қулоғингиз эшитмаса, танингиз сезмаса бўм-бўш бўлаверадими?

Мен оддий бўшлиқ эмасман. Тўлдирилиши керак бўлган бўшлиқман.

Заминнинг бўшлиқлари ўт-ўлан ва майса билан, самонинг бўшлиқлари ҳаво ва турли ислар билан, одам қалбининг бўшлиқлари меҳр ва севги ила тўлганидай… тўлишим керак бўлган бир яратиқман.

Тўлсам, ўшандагина гапира бошлайман.

Эй воҳ, бир маҳаллар тўлғин эдим. Дарахтларим,майсаларим бирин-кетин сўлинқираб, қуриб-қақшаб кетди. Улкан оғочларим бўронларда қарсиллаб ағдарилди. Сувларим эпкинларда чайқала-чайқала қуриди, осмонимнинг булутлари эриб йўқолди. Шамолларим эсмай қўйди.

Шу тариқа, ҳеч нима қолмади бағримда.

Ҳой, шу бўшлиққа бир майса, бир чечак қадай оладиган тирик жон борми ёруғ оламда?

Дўст

Дўст, нега чақирдинг?

Нега безовта қилдинг? Менда ҳам бола-чақа бор, ташвишим мўл. У ўрмонда нима бор сенга?

Биламан, ичингда шунақа дардларинг борки, мендан бошқа бирон кимсага айтмагансан. Асл изтиробларингни, кечинмаларингни биладиган ягона инсон менман. Мен ҳам сенга ишонаман, наинки ўрмоннинг ертўласи, энг хатарли маҳаллардаям доимо энг садоқатли биродаринг бўлиб қолавераман.

Дўст, сен чақирасану мен бормайманми?

Ахир, укангни, қариндошингни ё отангни эмас, мени чорладинг-ку?

Аслини сўрасанг, сендан бошқа кимим бор менинг ҳам?

Албатта, келаман-да қошингга!

Ертўлага тушарканман, соғ-саломатлигингни кўриб қанчалар енгил торганимни сездингми? Хайрият, бирор кор-ҳол рўй бермабди.

Кел, дўстлар каби қучоқлашайлик — чанглар ўтириб қолган шу ғалати маконнинг ертўласида, эски ашёларнинг қоқ ўртасида. Биласанми, сен хумпарнинг елкангга ҳазиллашиб муштлаб-муштлаб қўйгим ҳам келяпти! Пешанамга битган ягона дўстимсан, ишқилиб, борингга шукр!

 
ХОТИМА

Она

“Ой қизим, энди борақол уй-жойингга, – деди отам. – Бундан бу ёғига йиғлама. Бу ертўлага бошқа тушма, йиғи эшикларини сира эшитилмас қилиб, маҳкам ёп.

Ахир, чидашинг керак. Чидамасанг бўлармиди?

Гулдай болаларинг бор. Юрагингнинг сасини эшитдиму гўримдан қалқиб туриб кетдим, ахир!

Жон болам, чида. Ҳали яхши кунлар келади, чида, болагинам!

Ота

Йўқ, тезроқ борақолай уй-жойимга.

Мен-ку ҳаёти дунёда ниҳоятда ёлғизман, аммо уйимда менга ишонган соддадил болаларим бор. Эр кишиман-ку, чидамасам бўлмас.

Чидамасам, буларга қийин бўлар?

Ҳа, яна озгина чидасам бас. Кейин болалар катта бўлади, ўзларини ўзлари эплаб кетишади.

Ҳозир менга кераги фақат сабр. Бир озгина, бир чимдимгина сабр…
 
 

Ўғил

“Юрақол юқорига, – деди дўстим, кулимсираб. – Бу ерларда нима бор сенга?”

“Ҳали олдинда ёруғ кунлар бор, – деди яна. – У кунларга ҳаммамиз баравар етишимиз керак. Отамиз, онамиз, болаларимиз билан, юзимиз қувончдан ёришиб, юрак-юрагимиз шукронага тўлиб, қўлма-қўл, елкама- елка, бирга-бирга етишимиз керак, дўст!

Елкама-елка…
Бирга-бирга…

Ровий сўнгсўзи

Шу тариқа, бир авлоднинг уч вакили ғалати ертўлани тарк этиб, юқорига – қуёш нур сочиб турган ҳаёт бағрига қайтиб кетишди.

У ерда бир ўзим қолдим.

Найлайин, ертўладан чиқай десам – чиқолмайман. Шу тариқа қолавераман, ғалати ўрмоннинг, ертўланинг, сасларнинг ва товушларнинг ҳайбатлари аро… жуда чуқурга яшириб қўйилган маънолар қаршисида, лолу ҳайрон, музтар-музтар…