Исажон Султон. Ҳазрати Ҳизр изидан (ҳикоя)

Қурғоқ дашт шамоли пайдар-пай эсар, ҳар ер-ҳар ерда ўсган дарахтларнинг қуриган япроқларини банд-бандидан узиб учирар ва оёғим остига тўзон қилиб урар эди.

Даштнинг сариқ ўтлари чучмал ис таратарди. Ҳаво иссиқ бўлса-да, узоқ-узоқларда нима учундир сийрак туманга ўралиб олган кўкимтир тоғлар кўзга ташланади. Балки масофа жуда узоқ бўлгани учун шунақа кўринаётгандир? Тоғлар ёнбағрида тўп-тўп яшил қишлоқлар бор, Арслонбоб тоғлари, Арслон ота дахмаси ўша ёқларда.

У тоғ ораларида бўри, тулки ва ҳатто айиқ ҳам яшайди, дейишади. Тиёншонга қараганда анча кичкина, кўкимтир-қорамтир қояларини йилнинг деярли ҳар фаслида мана шундай сийрак туман ўраб туради. Қоятошларнинг ёнбағирлари деярли яйдоқ, майда-чуйда тоғ буталаринию писталарни айтмаса, арчаю сарвлар оз. Билмадим, лекин юртимнинг айрим кишилари бўрию айиқни улов қилиб миниб юришган. Баъзилари ҳатто арслонларни ўзларига бўйсундирганлар. Арслон ота ҳам ўшалардан бири бўлиши мумкин.

Юртим узра азизу авлиёларнинг дахмалари сочилиб кетган. Халқ бу зотларга, кўрсатган мўъжизалари Тангрига яқинликлари боис деб қаттиқ эътиқод қўйган. Бири, уни зиёрат қилиш учун йўлга чиққан кишининг қайда эканини аниқ сезиб турган. Бошқаси сув узра ва ҳатто ҳавода қадам ташлаб юра олган. Яна бири бомдод намозини Бухорода, пешинни Табризда ва шомни Каъбада ўқиган. Бошқасини эса бир вақтнинг ўзида турли ерларда кўришган. Ҳаётда эканликларида авлиё мақомини олганлар, ҳаётдан ўтганларидан кейин эса азизликнинг тимсолига айланиб кетганлар.

Ҳа, улар ҳақиқатан ҳам улуғ азиз-авлиёлардир. Умри мобайнида нафсининг ва дунёнинг жилваи нозланишларига сира ҳавасланмаган, дилларидаги ғоят кучли имон сабаб барчанинг эъзозига сазовор бўлган зотлардир. Бир неча йиллар аввал Бухорога борганимда эшитганим ривоят ёдимга тушади. Ўша ернинг хизматчисининг айтишича, бу муборак зот қошига ҳазрати Хизр суҳбатга келиб турар эмиш. Табиийки, улкан яшил ёпинчиқли дахма тубида нималар бўлаётганини тасаввур қилиш қийин, бироқ, азизликнинг сирларини англаб етишга уринаётган бир одам дахмага тушунмовчилик ила боқар экан, айни дамда икки авлиёнинг руҳи бемалол суҳбат қураётган бўлиши ҳам мумкин-ку?

Азизлар ва авлиёлар очиқ-яққол муборак кишилардирлар. Уларнинг азизлик мақомига келишларининг сири нимада? Албатта, у сирни билганим билан ўша мақомга кўтарила олишим учун билимим ва қатъиятим етмаслигини сезиб турибман. Шу боисдан юрагимда ғалати бир армон бўй чўзади, таассуф билан ҳою ҳавас ичра ўтказган умрим эсимга келади… балки мен ҳам Хизри Илёсни учратармикинман, деб илинжланаман.

Ҳа, мен ҳазрати Хизрни изламоқдаман.

Авлиёларга берилган кароматларга эриша олмаган, аммо яна бир улуғ авлиёга – Ҳазрати Хизрга дуч келган кишилар ҳақида ҳам жуда кўп ривоятлар бор. Одамлар асрлар бўйи эъзозлайдиган, Тангри таолонинг ва фаришталарининг эъзозига ҳам сазовор бўлиш учун умрини сарф қилган, дашту саҳро кезган ва у юксак даражага эришиш учун лозим бўлган ҳамма шартларни адо этса-да, валилик мақомига нима сабабдандир етиша олмаган зотларнинг баъзиларига у рўпара келган. Азизлар – ана ўшалардир. Уларнинг кщпининг исмлари ҳам аён эмас. Авлиёларнинг даражалари мендан жуда юксакда эканини қалбим сезади. Бирон нуқсони бўлмаган, юлдуздай нур сочиб турган авлиёлардан кўра, машаққатли билим йўлларидан тафаккур чўққилари сари интилган ва Ҳазрати Хизрнинг инояти боис мақсадига эришган азизларнинг йўли менга осонроқдай туюлади…

Ҳа, авлиёларнинг дахмалари томон оломон дарёдай оқади. Уларнинг мақбаралари баланд, ҳар томондан кўриниб турадиган қилиб қурилган. Ҳазрати Хизрни учратган азизларнинг дахмалари узра эса кўпинча бир дона туғ, бир туп гужум ёки қоятошдан узилиб тушган катта харсангтош бўлади. Гоҳо ҳеч нарса бўлмайди, исмсиз, белгисиз оддий бир мақбар. Лекин, қачонлардир баъзилари ўзларидан илиқ, майин ёғду таратгани ҳақида ривоятлар бор. Чунки, у муборак зот отининг туёғи теккан қақроқ ер ҳам бирданига жонланиб, гулу чечак ёзиб юборган дейдилар. Баъзиларининг тошига турли ёзувлар ўйиб битилган бўлади, баъзиларининг устида эса ҳеч қандай ёзув йўқ, кимлиги ҳам номаълум.

* * *

Ёз қуёши теваракни бирдай қиздиради. Қоп-қора узумларни оқиш чанг қоплаган. Сарғимтир пастак уйлар устида даштнинг иссиқ ҳавоси жимирлайди. Кишилар экинзорларида, уйларида турли-туман юмушлар билан овора. Ёйилиб оқаётган ингичка тошлоқ сой бўйида ўйнаётган майда-чуйда болалар менга қизиқсиниб қарашади. Хотин-халажнинг юзлари очиқ, шаддод, улар ҳам юмуш билан банд.

Даштнинг ўйноқи шабадаси ўт-ўланнинг қуриган баргларни учириб, оёқларим остига олиб келиб уради.

Ўтиб борарканман, йўл ёқасидаги дарахтдан тўп этиб бир дона мева узилиб ерга тушди. Қўлимга олиб, айлантириб қарадим. Кичкинагина, тарам-тарам хиёл қизғиш йўлли сарғиш олма экан. Бандига яқин жойидан биров тешикча очибди. Салдан кейин тешикчадан бошчаси қизғиш мева қурти безовталаниб мўралади. Олмани ўтлар орасига улоқтириб, йўлимда давом этдим.

…Мана, Ҳазрати Илон ота дахмасидаман. Бу кишининг қошига ҳам Хизри Илёс келган дейдилар. Ортидан илонлар эргашиб юришган, амрига сўзсиз бўйсунишган. Ҳатто баҳайбат биттаси оромини қўриқлаб ётганмиш. Оломон дарёдай оқиб келар эди. Улар қаторига мен ҳам қўшилдим. Кенггина, лекин шифти жуда паст даҳлизга кирдик. Эшиги ҳам паст эди, кираётган одам истаса-истамаса таъзим қилиб кирсин деб шундай қурилган деб тушунтирди хизматчи. Пойафзалларимизни ечиб, чордона қуриб кутиб ўтирдик. Ичкаридан тиловат овозлари эшитиларди. Хотин-халаж, ёшу қари кўзида ёши билан қайтиб чиқмоқда эдилар. Издиҳом орасида кўрлар, карлар, касаллар кўп эди. Бир киши ўзи юролмас экан, аравачада олиб келишибди. Жуфт-жуфт бўлиб бефарзандлар ҳам ўтирар эдилар. Хизматида ёки тижоратида иши юришмаганлар ҳам ора-сира кўзга ташланар, бундайлар юриш-туришидан ва ўзини тутишидан ажралиб турар, лекин оз саноқли бўлиб, келгувчиларнинг аксарияти оддий авом эди.

Кираверишдаги тош лавҳга эса куфий ёзувда бир байт ҳам битиб қўйилибди:

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай…[1]

Устига товланувчан яшил мато ёпилган узун қабр атрофига айлана тўшаклар солинибди. Хазина эгасининг ҳурмати боис шундай узун дахма қурилган бўлса керак. Дахма хизматчиси – нуроний бир отахон шикаста оҳангда тиловат бошлади. Тиловат сўзларига эътибор бердим: оят Тангри ризоси ҳақида бўлиб, «Эй хотиржам-сокин жон, сен рози бўлган ва рози бўлинган ҳолда Парвардигорингга қайт! Бас, солиҳ бандаларим қаторига ва Менинг жаннатимга кир!» дейилмоқда эди. Тиловат тугагач, кишилар қўлларини дахмага қўйишди. Ҳар ким ўзининг бир истагини, бир орзусини пичирлаб айта бошлади. Шунча юз ифодалари ўхшаш бўлиб қолганига эътибор бердим – ҳаммасининг кўзида ажиб илинж ва ёлвориш борийди. Аммо баъзилар шу ерда ҳам олазарак бўлиб ўтирар, булар – ҳожатталабларнинг ёнида келган ҳамроҳлари эдилар.

Ажаб, бу маконга етти юз йилдан буён оломон мана шундай оқиб келади. Ҳар куни сон-саноқсиз кишилар шу кишининг шаънига дуо қилиб, хайр тиламоқдалар. Мен ҳам улар қатори дуо қилдим, савобини Илон отага бағишлаб, ўрнимдан турдим. Кишилар авлиёнинг ҳаққи-ҳурмати боис орқамачасига юриб бормоқда, эшикка етганларидагина юз ўгирмоқда эдилар. Ғалати, бошқа қонуниятлар бор эди бу ерда. Ипак қурти капалакка айланиб, пиллани тешиб чиқиб учиб кетди, кишилар бўм-бўш пилла устида йиғлаб ўтирибдилар, деган эди шундай улуғ кишилардан бири. Лекин хизматчининг айтишича, авлиёнинг руҳи тирик ваайнан шу ерда эмиш. Ақл шошмасдан илож қанча? У қонуниятлар ёзилмаган, айтилмаган, бироқ, келганларнинг бари ўз-ўзидан амал қилмоқда эдилар.

* * *

Ташқарига чиққанимда туш маҳали эди.

–     Мана бу туморни олинг, Илон ота ҳар доим ўқиб юрган дуолар ёзилган, – деб, яна менга тумор сотишга уриниб кўрди шу ерда айланиб юрган йигитчалардан бири.

Ичкарига кириб чиққунимча ташқарида одам яна кўпайибди. Маҳобатли, ҳашамдор аробаларда баъзи боёнлар оила аъзолари билан келган экан. Орқароқда ипак матоларга ўранган хотин-халаж, олдинда гердайиброқ қадам ташлаётган бойнинг кибрланишларини кўрдим.

Чиқишда, чинор остида бир мискин киши ўтирган экан. Олдида сувқовоқдан ясалган кўзаси, бир парча латта устида жийда данакларидан терилган тасбеҳи. Садақа сўровчилардан бўлса керак. Қизиғи шундаки, сонсиз-саноқсиз кишилар мана шундай дахмаларга келиб, дунёвий ҳожатларини сўраб ялиниб-ёлворсалар, дахмалар атрофидаги мискинлар ўша ҳожатталаблардан садақа сўраб ўтиришади. Ажабо, нега азиз-авлиёлардан сўрашмас экан, деб ҳайрон бўламан.

–     Худо йўлига садақа қилинг, болам, – деди мискин, минғирлаб. – Болам оч, ўзим заифман. Бир бурда нон учун садақа қилинг.

* * *

Кейинги манзилимга етиб келганимда, манзаралар фарқли эди. Сабаби чўл ва даштларнинг бепоёнлигида бўлса керак. Қаровсиз оғочлар яккам-дуккам ўсибди. Ҳаммасининг баргларини оқиш тўзон қоплаган. Дарахтларга ола-була латталар бойлаб ташланган, остида эски тангалар бор. Садақа сўровчилар нима учундир у тангаларга тегишмайди, қўрқишади. Мантиқсизликдан ақлим шошади.

Бу ерда ҳам шабада қуриган баргларни оҳиста учириб ўйнар ва кишиларнинг оёқларига олиб келиб урар эди.

Мақбар атрофида ўша-ўша қуроқ оломон… Кичкина, энсиз барглари сувсизликдан қурий бошлаган уч-тўртта дарахт остида кишилар тўп-тўп бўлиб ўтиришар, бефарзандлар фарзанд, омадсизлар омад, бахтсизлар бахт, касаллар шифо тилаб авлиё мақбараси ёнида тўпланган, булар ҳам ўзлари билан олиб келган нарсаларини еб-ичиб ўтиришарди. Гужум остидаги кишилардан бири менга нақшли арабий ёзувларни сотишга уриниб кўрди, арабча билмаслигим уни қайтаролмади, шу туморларни сотиб олсам мўъжизалар рўй беришини, бало-қазолардан сақлашини айтиб иддао қилди.

–     Отани етти кун тавоф қилиш керак, – деди у. – Бу кишилар етти кундан бери шу ерда. Шундагина унинг руҳи қўллаб-қувватлайди.

Нарироқда унинг хотини, онаси ва икки-учта қизалоғи ҳам кўзга ташланар эди.

–     Кечаси осмонга қарасангиз, учар юлдузларнинг роса кўплигини кўрасиз, – деди тавофга келганлардан бири. – Улар авлиё ғори устида гоҳо ғуж бўлиб олишади, гоҳо эса бетиним ерга ёғилишади…

Авлиё мозори қошида етти кун ўтирдим. Бу даҳма ҳам ғоят узун, каттакон туғ қадаб қўйилган эди. Сабабини сўраганимда, Тангри таоло мўътабар кўргани боис қабрини кенгайтирган, деб жавоб қилди дахманинг кекса хизматчиси. Авлиёнинг ғорига кириш менга насиб қилмади, кирганимда ҳам бор-йўғи бир ертўлагагина кирган бўлардим, ҳақиқий билим ғори менга насиб этмаслигини аввалданоқ билардим.

Кейин яна йўлимда давом этдим. Аввалбошда тақир ерда ўсган майда-чуйда буталар ҳам тугагач, силлиқ, майда, ўзига сув юқтирмайдиган ғалати қумлар бошланди. Ҳар қанча сув ҳам бу ерда сингиб кетаверади. Олис-олисларда тоғлар кўзга ташланади, у – Тангритоғ бўлса керак, лекин саробми ёки ростми, билиш қийин. Ердан қаққайиб чиқиб турган тошларнинг харобалари аро кезарканман, атрофида сайёҳлар санқиб юрган, номаълум ёзувлар битилган тошларни ҳам кўрдим, уларни сийпалаганимда бир нималарни ҳис қилдим ҳам.

Ҳа, олам узра сочилиб кетган азиз кишиларнинг саноғини Худодан ўзга ҳеч ким билолмайди. Уларнинг қайси бири авлиёликнинг қай мақомига эришгани ҳам қоронғу. Бироқ илму фан ғоят тараққий этган шу кунда кишиларнинг бу ерларга дарёдай оқиб келишлари ҳам ғалат. Дунё хазиналарининг эшиклари тобора кенг очилган, истаган нарсангга эриша оладиган давр бўлса, фазо кемалари ўзга сайёраларга парвоз қилишга чоғланаётган, электрон кўзлар ердан юзлаб ёруғлик йили олисдаги юлдузлар бағрида рўй бераётган ҳодисалардан тортиб энг майда зарраларгача кўриб тадқиқ қилаётган, шиша идишларда одам аъзоларини ўстириш тажриба қилинаётган бир маҳалда кишиларнинг мана шундай мақбаралар пойида нималарнидир истаб-ёлворишлари янада ғалат эди.

Авлиёлар тунги осмонида юлдузлар учган маконларда асрлар бўйи жим турадилар. Бу бепоён чўллар ўз бағрида яна қанча сирларни яширган экан? Баъзи кишилар тунда ҳам уларнинг ҳузурига келадилар. Қурбонликлар сўйишади, дуолар қилишади, ҳафталаб-ойлаб кетмай ўтиришади. Ҳаётларида нимадир ўзгаришидан умидланишади. Бу ерда ҳам тунда юлдузлар ғуж-ғуж бўлиб мақбарлар тепасида тўпланар, гоҳо бир нечаси ёруғ из қолдириб пастга шўнғир эди. Теваракни узоқ кездим. Бир жойда оёғим остида ётган бир бўлак қорамтир нарсани топдим. Қўлимга олсам, кичкина, совуқ темир парчаси экан. “Ерга қараб учиб, кейин сўнган ўша юлдузлардан бирининг парчасимикин?” деб ўйладим.

* * *

Мана, кимлиги номаълум бир зотнинг олдидаман. У баланд, улкан, метин бир қоя остида. Ёнидан илиқ сувли кичкина булоқ қайнаб чиққан, турли дардларга шифо. Қоя бағрига ёзувлар ўйиб ёзилган, уларни ҳали ҳеч ким ўқий олган эмас. Қачонлардир ер юзида яшаб ўтиб кетган кишилар тош бағрига турли шаклларни ўйиб ёзишган. Булоқ тубида эски тангалар хира йилтирайди.

–     Бу қоятош бир маҳаллар ўзидан ёғду таратиб турган, орадан асрлар ўтгач, нима сабабдандир ёғдуси сўниб қолган, – деди шу ердаги кишилардан бири.

Тош пойига чўк тушдим. Қанақадир бегона бир ўт бор экан, барглари камбар, учли ва калта, қатор тизилган баргчалари шабадада шириллаган овоз чиқара бошлади.

Бир дона қуриган япроғи учиб, оёғим остига келиб урилди.

Хаёлимга аввал эшитганим бир ривоят келди. Инсон болалари алмисоқда шаҳодат калимасини айтганларида бир фаришта гувоҳ бўлган экан, кейин эса у нур таратувчи тошга айланибди. Каъбадаги хажарул асвад, яъни қора тош аслида ўша фариштадир, дейдилар. Хажарул-асвад ҳозир нур таратмай қўйган, лекин сонсиз-саноқсиз кишилар уни тавоф қиладилар. Мен ҳам, агар Хазрати Хизрни топа олсам, Тангримга шукроналар айта-айта, сафаримни Каъбада якунлашни, хажарул-асвадни кўзимга суришни ният қилганман.

Қизиқ, кетай десам, кетолмайман. Қолай десам, ҳақирлигимдан, истакларимга эришолмаслигимдан, умримнинг беҳудага кетишидан ҳайиқаман.

Гоҳ-гоҳ тошга яқин бориб қулоқ соламан. Қаршимдаги зот жим. Тун салқинида совиган тош ёзувлари орасига битта ҳашарот тушиб қолибди, ёзув чуқур бўлгани сабабли чиқиб кетолмай ўрмалаб айланмоқда.

Бу ёзувларнинг маъноси нима?

Ўрхун битикларидан хабарим бор. Олтой ёзувларинингу жангу жадаллардан ҳикоя қилувчи бошқа битикларнинг маъноларини ҳам биламан.

Осмонда эса тинмай юлдузлар ғуж-ғуж бўлиб тўпланишади, гоҳида баъзилари ёғдули из қолдириб пастга – ер юзига шўнғишади.

Бу ерда ҳам қуроқ-қуроқ зиёратчилар тўп-тўп бўлиб ўтиришибди. Уларнинг истакларини тахмин қилса бўлади, яна ўша аҳвол: бефарзандлар фарзанд, омадсизлар омад, камбағаллар бойлик, касаллар соғлик илинжида турли томонлардан сургалиб етиб келишган. Ҳамманинг нияти тилак ва сўраш эди.

Бетиним, бетиним сўрар эдилар!

Ҳайфим келди. Мўъжиза эгаларининг ҳузурига бўлмағур тилаклар билан ҳам келинадими ахир? Дилимда бир ҳузун бино бўлди. Шунда дашт ели яна жонланди-да, қадимий бир қўшиқ сасини олиб келиб қулоғимга урди, сўзларини унча англамасам-да, маъносини яхши тушундим.

Дўндим шохдан қўпган қуруқ япроққа,

Саҳар ели, тўзғит мени, ур мени.

Кўтар тўзонимни бундан узоққа

Ёрнинг яланг оёғига ур мени…

 

Турли-турли кишилар: ёшу қари, сарвқаду қадди эгик, соғлому хасталар кезар эди бунда. Уларнинг дилларининг сувратларига разм солишнинг иложи бормикин? Кўпчилигининг қалбларида ғалати ёлғизлик ҳукм сураётган бўлса не ажаб? Аслида оломон ичида кезиб, кулиб-изтироб чексалар-да, ўз нафсу истаклари жарликларининг зулматларида санқиб юрган бўлсалар-чи? Ахир, ҳаммаси бениҳоя кўп нарсаларни сўраб, бетиним тавалло қилмоқдалар-ку? Орзулар ҳам дил осмонида тунда мен кўрган юлдузлар каби учармикин? Тилакларига етолмаганларнинг қалблари боя ерда ётган ўша темир парчаси каби парчаларга тўлиб кетган бўлса-чи? Орзулар юлдуз каби учиши ва ушалмагач, ерга тушиб, сўнган юлдуз парчаларига айланиб кетиши ҳам мумкинми?

Бир қари чолни кўрдим, умри тугашига бир ёки икки кунгина қолган бу бебахт вужудига ёпишган ва ҳозир азоб бераётган касалликдан қутқаришини сўраб илтижо қилмоқда эди.

Тужжорларни ҳам кўрдим, молу дунёси беҳисоблиги йилтиллаб ёғ босиб кетган кўзларидан билиниб турган бу кишилар у молларга яна қўшишини сўраб тавалло қилар эдилар. Бироқ, бу ердан чиққанларида қайси бири яна қайтиб ўша молу дунёсигача соғ-омон ета оларкан, биров билмас эди.

Бу оломонда яшаш истаги шу кадар зўр эдики, ақл бовар килмасди. Тўқсон олтига кирган илвираган бир чол баданида пайдо бўлган оқ доғлардан халос қилишини сўраб келибди. Аравачада қўлсиз-оёқсиз, ғўла каби бир одамни ҳам олиб келишган экан, у тушунарсиз ва тузалмас бир касалликка мубтало бўлибди, ўша касаллигига даво сўраб ёлвормоқда эди.

Фақат шамолгина бегидир ва озод кезар, кумларни ва қуриган майсаларнинг хазонларини бетиним сочиб ўйнарди.

Ўйга ботиб узоқ ўтирдим бу ерларда. Қаршимдаги номаълум зот ҳам жим эди. Шу маҳалгача қошида бўлганим ҳамма-ҳаммаси улкан бир сирни бағрида яширганини, унга эришсам ҳаётим ўзгариб кетишини билсам-да, у муқаддас билимлар бобида, яъни Хазрати Хизрни қандай учратиш мумкин экани ҳақида ҳануз тасаввурим йўқ эди. Халқда бу кишилар ҳалолликлари, ростгўйликлари, Тангри таоло белгилаган чегаралардан чиқмаганлари ва сидқидилдан ибодатлари ила юксак мақомларга эришганлари ҳақида ривоятлар юради. Биpоқ, ростгўй ва ҳалол кишилар камми дунёда? Бир халқдан юз йилда бир авлиё чиқади деган гап-чи? Ҳар ҳолда, уларнинг мен англаб етмаган яна бошқа хусусиятлари борлиги аниқ, бироқ нима?

Ҳа, икки дарё оралиғидан то Табризу Кўниёга қадар азиз-авлиёларнинг қабрлари сочилиб ётибди. Уларнинг кўпидан бехабармиз. Исмларинигина биламиз, холос. Мен эсини таниганидан бери ибодат ичида бўлган жуда кўп инсонларни танийман. Аммо биронтасида юксаклик ва комиллик аломатларини кўрмадим. У қандай ғалати мақомки, айтилганларнинг барини адо этилганида ҳам эришиш мушкул? Аслида, азиз ким? У қанақа мақом? Не сабаб ила уларга бундай каромат ато этилган?

* * *

Ҳеч қаерда излаганимни топмадим. Афросиёб шамоллари, Нурота изғиринлари, Самарқанду Бухоронинг етти авлиёси дахмаларию номаълум тошлари… биронтаси менга ўз сирини очмади.

Ниҳоят, жонсиз тошлар орасидан яна бир азиз зотнинг қабрини топдим.

Бу – сўник дахма эди. Балки у ҳам бир маҳаллар ёғдулана-ёғдулана, сўнг сўниб қолгандир? Худди шам ёнгани каби. Аммо шам ёғду тарата-тарата ўзини харжлаб юборади. Азизларнинг дахмалари эса ичида сақлаган сирлари туфайли ёғдуланади. Унинг ёғдуси битмас-туганмас бўлади.

Бироқ, сўниб қолибди-ку? Нега сўнди экан? Умуман, азизлар мангу тирикдирлар деган гап аслида нисбий бўлса-да, уларнинг ёғдуланиш ва сўниш сабаблари бизга барибирам мавҳум. Сабабини билиш қийин.

Бу дахманинг сўниш сабабини ўзимча мулоҳаза қилиб кўрдим. Мен каби сонсиз-саноқсиз инсонларнинг тарихларини ўз ичида сақлаган, ҳаётларини беҳуда нарсалару янглиш эътиқодлар учун сарф қилганларнинг муаррихи эмасмикин бу? “Ерда ётган мана бу сўник тош аскар эди, – деди тавоф учун ортимдан эргашиб келган бир киши. – У юртим дея ҳалок бўлиб кетганида, у билган юртдан асар ҳам қолмаган эди. Қаранг, ичкарироқда яна юзлаб тошчалар ётибди…”

Ерда ётган ғуж-ғуж тошчалар ўша-ўша, сўнган юлдузларнинг қолдиқларига, совиб қолган темир парчаларига ўхшар эди.

Осмон хира тусда, дашт аро изғирин шабада эсарди. Нарироқда бир тўда кишилар тўпланиб еб-ичиб ўтиришарди. Сўйилган қўйларнинг терилари кўзга ташланарди. “Тиғ тегмаган қўй бўлиши керак”, дер эди биров дўриллоқ овозда.

Авом, авом! Йўқ, каромату мўъжизалар бу авомнинг инсофга келиши учун берилмагандир? Ўзига берилган мўъжизалардан ҳеч қачон қониқмайдиган, яна ва яна кўлини чўзиб бетиним ва бетиним сўрашни, тиланишни яхши кўрадиган авом зотан сув устида сузмоқда, бўладиган воқеа-ҳодисаларни олдиндан билмоқда, хасталиклардан даво топмоқда, кўр-кўрона тимирскиланиб ҳаёти дунёдан яшаб ўтмоқда! Наҳр олдида, соҳилда қайиқ тургач, сув узра пиёда юриб ўтишдан не наф? Сув узра пиёда кетаётган киши емиш ҳақида ўйлармиди? Йўқ, албатта. Юпқа парда устида яратганнинг исмини айтиб кетаётган одам қўрқув ва ҳайиқиш ичра қадам босиши ҳақиқатга яқинроқ. Чунки юриб бораётган ғоят инжа сатҳ остида тубсиз чуқурликлар борлигининг ваҳми ҳар доим шуурида ўргимчак каби ўрмалаб туради. “Сени сув устида тутиб турган зот дунё узра ҳам мана шундай тутиб турмоқдадир”, деган қаттиқ садони эшитаётган бўлиши ҳам мумкин. Бўладиган воқеаларни олдиндан билиш янада ҳалокатлироқ билим эканига шубҳа йўқ.

Ниҳоясиз шу йўлимда кетар эканман, сўқмоқда яна бир мискин учради. Ёнида ёш бир бола бор эди.

–     Худо йўлига садақа қилинг, болам, – деди мискин, ёлвориб. – Бу бола етим, мен ишлаб пул тополмайман. Худо ҳаққи, очмиз, озгина садақа қилинг.

Сўровлари ижобат бўлмаганларнинг биттасими бу? Азизлар қабри тепасида бу бебахт ҳам хазина ёки бойлик сўраб анча ёлворгандир? Дахма ичидаги зотнинг қай изтироблар ичида эканидан бехабар, пул, тилла, омад сўрагандиру тилаклари ижобат бўлмагач, тирикчиликнинг осонроқ йўлига ўтиб олгандир?

Уни қаттиқ маломат қилиб ўтиб кетдим. Мискиннинг кўзлари ёшланганини, эзилиб тупроққа ўтириб қолганини, болакай эса бошини эгиб маъюсланганини ҳам кўрдим. “Ҳой инсон, ёнингдаги ёш болангдан уялмайсанми, қай юз билан садақа сўрайсан?”

–     Дилимни вайрон қилманг, – деди мискин. – Ҳар Мусога бир Хизр деганларини эшитмаганмидингиз, болам?

Яна қараганимда мискин ҳам, бола ҳам йўқ эди. Балки ҳўв ортда қолиб кетган дахма сари кетишгандир?

Шамол улар турган жойдаги дарахтнинг қуриган баргини узиб олди. Бироқ оёқларим остига олиб келиб урмади, балки узоқ-узоқларга учириб кетди.

* * *

Ҳа, баъзи кишиларнинг ер юзида тентирай-тентирай, ғалати нарсаларни сўраб-тилаб юришининг ўзиёқ бу оломондан узоқ туриш кераклигини билдириб турар эди. Умрларининг бир неча ўн йилини сарфлаб муҳташам баланд иморатлар қуриб, еб-ичиб семириб кеган кишилар азизлар қошига айниқса кўп келмоқда эдилар. Уларнинг жуда-жуда бахтсиз эканликларини кўрмоқда эдим. Эй бадбахт, ўзинг тилаган ҳашамнинг ичидасан-ку, яна қандай саодатдан лоф уряпсан, дедим фароғат илинжида келган бойлик эгаларига.

Эсимга дарахт шохида кўрганим олма қурти келди. Унинг ҳикматини ҳам дарровгина англай қолдим. Емишнинг энг лаззатлиси олма қуртига берилган экан. Бироқ ҳаёти мобайнида қуртлик мақомидан чиқа олмаслиги унинг қисмати эди. Ёдимга яна бир азизнинг ҳикмати келди, қурт жондин кечиб ипак бўлди, ипак қуртича ҳимматинг йўқми, демоқда эди у.

Лекин, мақбарлар қошига келиб турли нарсаларни сўрайдиганларга Тангрим сўраганларини беришини ҳам тушундим. Зидди берилмаслигини ҳам билдим. Ман этилган лаззатлар билан фароғат ҳеч ҳачон қўшиб берилмаслиги олов билан сувнинг бирлашолмаслиги каби эди. Оломон эса бетиним оқиб келар, дахма пойида ясланар ва тинмай, тинмай ҳожат сўрар эди. Бировнинг хасмини севиб қолган ёш йигит, ўғирлик қилиб қўлга тушиб қолишидан хавфсираган ўғри, гуноҳлари ва хатолари боис вужудига касаллик илашган нафси тўймаслар, “Бер! Бер! Бер” дея азизларнинг маконлари томон қўлларини чўза-чўза, баҳайбат оқим бўлиб оқар, оқар, оқар эдилар.

* * *

Ниҳоят, сўнгги – еттинчи авлиё дахмаси қошида чуқур ўйга ботиб узоқ, жуда узоқ ўтирдим.

Дахманинг нуроний хизматчиси – кекса чол елкамдан туртиб, “Турақолинг, саҳар вақти кира бошлади” дегандагина ўзимга келдим.

–     Болам, жуда узоқ ўтириб қолдингиз. Юрагингизда армонларингизу таассуфларингиз қанчалар кўп бўлса ҳам, Тангри сўраганингизни албатта беради, ноумид бўлманг, – деди у кулимсираб.

Эҳ отахон, сизга нима ҳам дея олардим? Тилакларим ижобат бўлмади, бирон ерда ўзим истаган нарсага эришолмадим. Ҳазрати Хизрни қай тарз топиш мумкинлигига ўзимнинг ақлим етмади. Яна ниманиям сўрай? Энг оддий бир тилагим – Каъбани кўриш эди, ҳеч йўқса шу тилагим амалга ошармикин?

Гапларимни эшитиб, чол қўлларини дуога очди.

–     Келинг унда, ўғлим, биргалашиб дуо қилайлик. Шояд тилагингиз ижобат бўлса.

Унга қўшилиб мен ҳам худойимдан шу ерда ётган азиз кишининг ҳаққи ҳурмати, муқаддас Каъбани кўрсатишини ёлвориб сўрадим.

Шунда… мўъжиза рўй берди!

Кўз ўнгимда Каъба ери қалқиб кўринди!

Воажаб! У ерда ҳеч нима йўқ, бўм-бўш… Каъба вайрон бўлиб кетган эди!

Нега? Нега?

Қулоғимга оқсоқолнинг сўзлари кирди: “Азиз-авлиёлар сираям сиз ўйлагандек кароматлару мўъжизаларга кўмилиб ётган кишилар эмаслар. Уларнинг янада ҳайбатлироқ изтироблари, армонлари ва афсуслари бор. Лекин Тангримнинг буюклиги – сўраганга сўралганни албатта беришидадир!..”

Ўгирилиб қараганимда, ёнимда ҳеч ким йўқ эди.

Лекин, ҳозиргина у турган ердаги бир дона қувроқ ўт жонланиб, яшил тус олган, икки дона митти баргчасини ёзиб ҳам улгурган эди!

Ҳаяжон ичра дахмадан қандай чопиб чиққанимни эслолмайман. Атрофимга аланглаб анча югурдим. Минг афсуски, атроф бўм-бўш, ҳеч кимса кўринмас эди. Яйдоқ бир қоятош тубида тиз букдим. Булоқчадан милтираб зилол сув қайнаб чиқар эди. Барча узуқ-юлуқ сафарларимнинг мазмуни садаф маржонидай тизилди-да, ҳикмати ақлимда ёлқинлана бошлади. Худди дашт ёнгани каби, узрлариму баҳоналаримни ёндира-ёндира, ақлу шууримни эгаллай бошлади бу ёнғин.

Турай десам, ўрнимдан қалққани мажолим йўқ. Жуда узоқ вақт изтироб ичра қолганим сабабли атрофимда буталар чангал ҳосил қилиб ўсган, тўзон ва чанглар устимга қўниб, баҳор ёмғирларида лойга айланган, қуёш қаттиқ қиздирганида сополсимон қатлам ҳосил қилган ва аллақачон фикрловчи қоятошга айланиб бўлган эдим.

Бағримда ҳашаротлар чопиб юришар эди. Устимда нимадир қимирлаганини ҳам сездим, қарасам – бир қуш, бошимга уя қурибди.

Юлдузлар учган кечаларда, ой ва чақмоқлар остида, елкаларимни тилкалаб, ҳамма нарсани ювиб кетадиган ёмғирлару жалалар тагида қаққайиб турар эдим, холос.

Ажабланарли жойи шундаки, нарироқдаги оғочлар остида бир тўп киши, гужум шохларига ранг-баранг латталарни бойлаб, остида еб-ичиб ўтиришарди. Яна бир тўп оломон теграмда айлана бўлиб олган эди. Кимдир тутила-тутила, янглиш тарзда тиловат қила бошлади. Хасталар, мажруҳлар, иши юришмаганлар, фарзандсизлар оломони бу ерда ҳам айни эди.

Нарироқда бир-иккита бола қўлида тумор, айланиб юрарди. “Бу – ҳазрати Хизрга дуч келган зот. Ҳаёти дунёда ўқиб юрган дуоларидан сотиб олинг”, деб қичқирарди қора соқолли давангирдай бир йигит.

Гужум остида тиғ тегмаган қўйлар сўйилмоқда эди. Атрофимда гир айланиб ўтириб олган кишилар ҳар доимгидек, ҳожатларини сўраб ялиниб-ёлворардилар.

Мен нима бера оламан сизларга? Излай-излай, излаганини тополмаган бир бандаман-ку? Тирикликнинг, яшашнинг, ҳаёт ва мамотнинг сирларига бир марта бўлсин боқишни истаб, боқолмасдан қолиб кетганимни билсайдингиз! Неки билсам, неки қилсам, бари беҳуда бўлиб чиққанини ҳам билсайдингиз!

Шу маҳал бир чол пойимга келди. Ёнида ўн бир-ўн икки ёшлар чамаси болакай ҳам бор эди. Сўз қотай десам, тилим йўқ… ўсмир эса мусаффо кўзларини менга тикиб, жим турар эди.

–     Мана, Ҳазрати Хизрга дуч келган яна бир киши, – деди чол, соқоли титраб, ўғлига. – Дахмасининг ич-ичидан ёғдуланаётганини кўряпсанми? Бу одам ҳаёти дунёнинг сирларига етаман деб кўп уринди. Сўра, ўғлим, сидқидилдан сўрасанг, зоти ҳурмати, Худо тилагингни ижобат қилса ажабмас.

–     Ростданми? – деди болакай, кўзлари чақнаб. Кейин ёнимга келиб, қўлларини сиртимга қўйиб, ўз тилакларини айтиб пичирлай бошлади.

Қўзғалмоққа уриндиму қўзғала олмадим.

Юлдузлар менинг ҳам тепамда ғуж бўлиб олишган, баъзилари ёруғ из қолдириб пастга шўнғир, ерда эса кичкина, совуқ темир парчалари ётар эди.

–     Бобо, қаранг! Унинг ёғдуси сўна бошлади, – деди болакай тўсатдан, ҳайратланиб.

–     Тавба, – деди чол ҳам. – Ғалати дахма экан-ку?!

…Кейин хўрсиниб, боланинг қўлидан тутди:

–     Юрақол, болам, бизнинг борар манзилимиз бу эмас, бошқага ўхшайди…

2012

[1] Ҳазрат Алишер Навоийдан.