Иқбол Мирзо. Зарб (ҳикоя)

Ағдарамиз!

“Мен зўрман!” – деди рақибнинг кўзлари.
“Зўр бўлмасанг менга пой бўлармидинг?” – паст келмади Рустам.
“Йўқ, мен сендан зўрроқман!” – тепадан келди рақиб ва бирин-кетин қўшалоқ зарбалар берди.
“Ў-ҳў… Ҳа, тузук… лекин барибир са-ал хомроқ-да…” – Рустам қўлқопларини қалқон қилди.
“Мен… бу кунни узоқ кутдим… Сен…” – рақиб кутилмаганда чапга шўнғиб, ўнг қўли билан чалғитувчи ҳаракат қилиб, чап оёғига вазнини ташлади ва росмана мушт отди.
“Энди кунингни кўрасан!” – Рустам ўзини орқага ташлади. Бели билан ринг арқонларини ҳис қилди. Ҳа, чекинишга жой йўқ. – “Хафа бўлмайсан-да, оғайни! Буни бокс деб қўйишибди…”
Одатда полвонкелбат боксчилар чарчаган хўрозларга ўхшаб бир-бирига бўйин солиб, турган жойида айланиб қолади. Булар енгилроқ вазнда бўлса-да, азбаройи иштиёқ сабаб ортиқча куч сарфлаб, ҳакиллаб қолишди.
Рустам кўп жанг кўрган, кўпроқ қўлқоп титганига қарамай, ҳозирги баҳс унинг учун иситма аралаш тушда кўраётгандай алоқ-чалоқ тусга кирган, устозининг кўрсатмалари узуқ-юлуқ бўлиб узоқдан келар, рақибининг юзи ўта баҳайбат, беўхшов ва совуқ кўринарди.
Устози Содиқ Бўтаев қўлини карнай қилиб қичқирар, депсинар, гоҳ сочиқни жаҳл билан ерга уриб тепаларди – кошки, фойдаси бўлса…
– Рустам! Нима бало, қантарилган сўқимдай бурчакда турибсан! Чиқ-е! Ўв, худо чап қўлни сенга нимага берган?! Солмайсанми очиб бериб турганда! Ё ўзим чиқайми? – Хуноби ошган мураббий ёнига қараб гўё суҳбатдоши бордай хулоса беради, – йўқ, буни қулоғи том битган!
Ана энди гапни рақиб мураббийидан эшитинг:
– Қўйворма! Етвол! Тезроқ! Сол! Чалпак қип ташла!.. Ўлвор, пандавақи! Эсизгина шунча жасад! – У ҳам ёнида ҳамдарди бордай аввал ерга бир тупуриб олиб, елка қисади, – тавбангдан кетай, булар рингга чиқди дегунча қулоғи билан мияси ишдан чиқади. Бизни давримизда…
Бонг янгради. Боксчилар ўз бурчакларига боришди. Секундант рингга кириб, елпишни бошлади. Содиқ Бўтаев ёнбошда туриб, шогирдига сув ичирди:
– Оёқларингда кўпроқ ҳаракат қил! Яқин келса, қисқа зарба билан кутиб ол! Зарбаларинг охиригача етиб бормаяпти! Масофани ушла! Кўпроқ ҳаракатлан! Тўхтаб қолма! Фарқ унча катта эмас! Шошилма! Ютишинг шарт! Биласан-а, ютсанг, жаҳон чемпионатига борасан! Қани, арслон! Ағдарамизми? – Содиқ Бўтаев ўнг қўлини мушт қилиб узатди. Рустам устозининг муштига оҳиста қўлқоп уриб:
– Ағдарамиз! – деди шаҳд билан.
Яна бонг янграб, боксчилар бир-бирига рўпара бўлишди. Томошабинларнинг олд қаторида оёқ чалиштириб ўтирган Элмурод Содиқ Бўтаевга луқма ташлади:
– Содиқ ака, қайдан топгансиз бу лакаловни?
Содиқ Бўтаев унга ўқрайиб қараб қўйди. Таниш овозни эшитган Рустамнинг кўзи бир лаҳза Элмуроднинг кўзи билан тўқнашди. Хаёлида рақиби бирдан Элмурод қиёфасига ўтди-ю, Рустам “ҳех!” деб пастдан юқорилатиб учирма зарба берди. Рақиб бирпас каловланиб турди-да, кўзлари ғилайланиб, бор бўйи билан ерга қулади. Ҳакам энгашганча бармоқларини кўрсатиб санай бошлади:
– 1… 2… 3…
Рустам Элмуродга қаради, у нигоҳини олиб қочди.
Рингда саноқ давом этяпти:
– 4… 5… 6…
Рақиб туришга ҳаракат қилди, лекин ўзини йиға олмай, музда сирғангандек тойиб, чалқанча йиқилди.
– Тур ўрнингдан! Тур!.. Э-э-э… Атала! – дея рақиб мураббийи хуноб бўларди.
– 7… 8… 9… Нокаут!
– Бор экансану, Рустамжон! Онаниб кетай!
– Энди бораман-а?
– Борасан, борасан!
Рустам камдан-кам одамга насиб этадиган тансиқ ва танқис сурур – ғолиблик завқи билан маст бўлса-да, мураббий қўлқоп ипини чуватиб ечаётган чоғи оғриқдан “уҳ” тортиб юборди.
– Нима бўлди?
– Бармоқларим… Узилиб тушади… Тортманг! Уҳ-ҳ, секинроқ!
– Шошма, кейин ечармиз… Бўпти, бор! Ҳакам депсиняпти…
Гумбалақидом-гум!

* * *

Ўн чоғли ўсмир қишлоқ четидаги сойбўйи сайҳонлигида тўпланиб турибди. Нисбатан гавдалироқ, бошқалардан ёши каттароқ Жавлон сигарет қутисини намойишкорона очяпти. Қути кетига оҳиста чертиб, бир дона сигаретни олди, эзғилаб юмшатди, кейин чақмоқтош ёқиб, олифтагарчилик билан тутатди. Болалар маҳлиё.
– Буни ўғил бола чекади. Эс-эс, битта тортмаган – пес! – деди Жавлон тутаб турган сигаретни кўрсатиб.
Болалар бирин-кетин тутун тортиб, айлантиришди. Бирови йўталди, бирови ўқчиди, яна бири дудни тақлидан осмонга пуфлади. Жавлон елкасини ташлаб-ташлаб, яйраб кулди. Навбат четда турган озғинроқ болага келди.
– Ҳа, Азиз, ўзингни кўрсат! Битта ўғил болача тортгин, кули жингалак бўлиб, бурнингга тиралиб қолсин. Қани!
– Мен чекмайман.
– Нега?
– Чекмайман, деб қўйганман.
– “Чекмайман деб қўйганман?” – Азизнинг гапини мазах оҳангида қайтарди Жавлон. – Кимга деб қўйгансиз, опоқ бола?
– Бу – мени ишим! Чекмайман, тамом!
Жавлон кураш тушмоқчидай қулочини ёзиб, майда қадамлар билан гапириб кела бошлади:
– Қаранг-а-а! Қандай одобли боламан! Аълочиман, тирноқларимниям вақтида олиб юраман, бетимниям совунлаб юваман. – У шундай деб масхаромуз оҳангда қўшиқ бошлади:
Эрта билан туроман
Наҳори нашта-ё, наҳори нашта.
Гумбалақидом-гум!
Ўнг қўлимда игнаю…

Шу жойга келганда болаларга қараб кўз қисди:
– Ҳа!
Болалар жўр бўлишди:
Тиззамда кашта-ё, тиззамда кашта!
Гумбалақидом-гум!
“Гум!” дейилган пайтда Жавлон Азизнинг кўкрагидан итариб юборди, у ортида атай тўрт оёқлаб олган Мирзага айқашиб, чалқанча йиқилди.
Жавлон кўзларини олайтириб, шарқ яккакураш услубларига ўхшатиб, “ийя-ийя” деб ҳавони тепди, муштларини биқинига тираб, кескин ортга ўгирилиб, болаларга қараб ўзича:
– Ай-кидо! Мейд ин Жапн! – деб хитоб қилди.
Азиз эса ўрнидан туриб, жимгина кета бошлади. Шу пайт Мирза қайроқчилик қилиб, унинг йўлини тўсди ва гиж-гижлашга тушди:
– Ия, йўл бўлсин, опоқ бола? Сизда ғурур борми? Сизни итариб, юмалатиб ташлади-ю, сиз бўлсангиз аммамни бузоғидай ҳўшшайиб кетаверасизми? Ҳеч бўлмаса, ярим шапалоқ совға қилинг қайтимига. Бўлмаса, болалар туғилган кунингизга рўмол совға қилишига тўғри келади! Рўмолингизни ранги қанақа бўлсин?
– Қоч йўлдан!
Мирза бирдан тўйда табрикка чиққан қизча қиёфасига кириб, кўйлагининг этагидан пастга тортиб, шеър айта кетди:

– Оқ рўмол бошингизда,
Сояси қошингизда…
Паранг рўмол ўрабсиз
Ўн икки ёшингизда!

Болалар қийқириб кулишди. “Фишт-фишт” овозли ҳуштаклар, “Июв-июв!”, “Ёмон қилди-ю, артист-да бу!” деган хитоблар янгради. Мирза иккала қўлини мушт қилиб, бош бармоқларини тиккайтириб, Азизнинг бурнига ниқтади.
– Қани-қани, отасими-энаси? – Кўзи билан бош бармоқларига ишора қилди. – Буниси – отаси, буниси – энаси. Қайси бирини танлайсан? Ё ўзим ушлатиб қўяйми?
Азиз қайроқчини туртиб, четга сурди ва ўз йўлига кета бошлади. Орқадан югуриб етиб келган Жавлон ўзини ажриққа ёнбош ташларкан “шмик!” деб қийқириб, Азизни тўпиғига тепиб йиқитиб, бир айланиб устига ўтириб олди. Эрмак қилиб қўлини қайирди, манглайини манглайига тирагудек бўлиб, “тирс” эткизиб бурнига чертди. Азиз ҳар қанча уринмасин, уни ағдаришга ожизлик қилар, кучли панжалардан билакларини қутқаришга илож тополмасди. Шу аснода тутқатор сўқмоғидан ўтиб бораётган синфдош қизларга кўзи тушган Азиз жон-жаҳди билан типирчилай бошлади. Хириллаган овозда бақирди:
– Қо-о-оч!
– Ие, сенсиравордизми? Тилингизни чиқаринг-чи, қани. Ай-яй-яй! Қаёққа қочай? Қошингиз билан йўл кўрсатворинг.
Жавлон росмана бир шапалоқ тортди-ю, Азизнинг бурни тирқираб қонаганини кўриб, апил-тапил ўрнидан турди. Шериклари билан қий-чув кўтариб, бошларида сумкаларини айлантирганча қишлоқ томон йўртиб кетди. Бироздан сўнг Азизнинг синфдоши Азим қайтиб келди.
– Азиз, ҳалиям ўтирибсанми? Битта тортганингда шу гаплар йўғиди. Болаларга мазах бўлганинг қолди. Биласан-ку уни, йўқ жойдан уруш чиқаради.
– Ҳа, ҳаммаёқни расвоси чиқди. Ҳаммасиданам Нурхон кўргани чатоқ бўлди.
– Нурхон? Сенга ҳали шу алам қиляптими? Усти-бошингни қара, кўйлакларинг қон…
– Буни ювса кетади…

Бу хўрозмас, туяқуш!

Дакан хўроз аввал бўйнини бир тўлғаб олди-да, гўё навбатдаги қоратомоша бошланганини эълон қилаётгандай бўғиқ овозда қичқирди.
Давра асосан ёшлар, ўсмирлар ва отасига эргашиб келган уч-тўртта болакайдан иборат бўлиб, кўпчилигининг қучоғида ҳар хил турдаги хўрозлар бетоқат ғуқиллайди.
Баъзи “шинавандалар” ярадор хўрозининг жароҳатига эм истаб, ёш болаларга пул тутиб, “озгина чоптирворинг, той бола!” деб авраса, бошқа бир ҳангоматалаб хўрозбоз болапақирнинг капалагини учириб, “Ҳўв, чўмбирни оча кўрма, чувалчангдай чўрт узиб олади-я!” деб тиззасига шаппатилаб кулади.
Қийқириқ ва олағовурга тўла давра ўртасида иккита хўроз зўр бериб тепишяпти. Эгалари ҳам уларга монанд давра айланиб, гоҳ ҳурпайиб бошини елка ичига тортади, гоҳ турган жойида сакраб қўяди, қўлларини қоқиб, “жангчи”сига бақириб далда ва танбеҳ беради. Даврадан: “Яшавор, акангни хўрози!”, “Биртепар-да бу, биртепар!”, “Тожисини тиртиб қўй!”, “Бу хўрозмас, табака!”, “Менга қара, пихига писка қўймаганмикан?”, “Хўрозмас, бу – Тайсон!”, “Қочди-қочди, еди-еди!” каби овозлар эшитилади.
– Қаддингдан кетай, қадрдонлар, – деб сўз бош­лади даврабоши ва одамлар тинчланишини кутиб, бир-икки ёлғондакам йўталиб олди. – Ўҳў-ўҳў… Кўриб турибсизлар, бугун қўштегирмонликларни омади чопган кун экан. Расул полвонни кулонкири Нажмиддин қассобни даканини қочирди. Ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ. Қани, даврага чиқинг-чи, Расулжон. Ўртоқлар, ўртоқлар! Совринни туманимиз азиз меҳмони, яъни меҳмони азиз Ғуломжон… – Насабини қўшиб айтмоқчи бўлди, эслолмай давра четида ғўдайиб ўтирган Ғуломжонга қаради.
– Геракл Ҳожатбарор, деяверинг, ако, – деди тўрдаги йигит.
– Ҳа-я, эсим қурсин. Шахсан ҳомийлар ҳомийси Геракл Ҳожатбарор топширади совринни. Марҳамат!
Геракл ўрнидан турди:
– Бизда гап битта бўлади! Мана, мана шу компьютер Расулжон укамизга биздан савғо! – Совринни топшириб, жойига ўтиргач, ёнидаги ёрдамчиси паст товушда сўради:
– Шеп, мукофотни жа-а кучайтирвормадикми? Ҳозир компьютер ҳокимдаям йўғ-у!
– Ҳали ичинг қотгани йўқ-да, бачам. Бу совринмас, тўр. Ҳали бу тўрга тилла балиқлар илашади. Кўзингга мўлтираб “Тила тилагингни!” деб туради. Кўряпсанми, ҳов анавиларни, – у даврадан чет­роқда тўп бўлиб қўлма-қўл наша тутатаётган йигитларга ишора қилди, – ўшалардан тушган бугунги даромаднинг ўзи совға-саломни кўтарди.
– Шеп, сизга гап йўқ. Нашанинг ўзидан шунчалик. Ҳали “гера”га ўтсак, пишагимизнинг сумаги ҳам тилладан бўп кетаркан-да. Боризга шукур, шеп.
Давра яна жонланди. Қутиларни бирма-бир очиб совринни кўз-кўз қилаётган баковул мониторни боши узра кўтариб намойиш қилди. Қувончдан лабларини йиғиштиролмай қолган Расулжон баъзи қизиқувчанларнинг узатилган қўлларига уриб қайтарарди. Нўъмон Расулнинг енгидан тортиб, секин шивирлади:
– Ўртоқ, бунинг ҳалигидақа киноларниям тиниқ кўрсатса кераг-а?
– Унақа киноларни уйингда ўзинг қўясан, хўпми! – деди Расул жаҳл аралаш тўнғиллаб.
– Оббо, бирдан мулла йигит бўп қоптилар-у. Олчинга бориб, Каримжонни оғилида саҳаргача сўлакайинг оқиб ўтирганинг эсингдан чиқиб қолдими?
– Ҳозир битта ейсан!
Даврага оқ жайдари хўрозни бағрига босиб, Жавлон чиқиб келди:
– Меникига пой борми?
“Ие, Қуйқаданам хўроз чиқибди-да охири!”, “Колхозди хўрози ҳалиям бор экан-да!”, “Бай-бай-бай, бу хўрозмас, туяқуш-ку! Мактабни оҳак чуқурига тушиб кетганми дейман”, “Бунга пойни қайдан топамиз энди, динозаврлар қирилиб кетган бўлса…” каби ҳазил-мазах гаплар янграб, даврада кулги кўтарилди. Жавлон каловланиб, атрофга нажот истаб боқди.
Даврабоши кулгидан ўзини зўрға тўхтатди:
– Ука, отинг нимайди, ҳа, Жавлон. Аъзам Қуйқийни укасисан-да. Бу хўрозинг… – Хўрозни қўлга олиб, айлантириб, томоша қилди, – фақат қичқиради, холос. Ҳофиз хўроз-да бу.
– Нима деяпсиз, тоға. Маҳалладаги ҳамма хўрозларни тизғитиб юради.
– Хўроз билан макиённи фарқи-сарқига борасанми, укам шўх? – деб сўради кўзлари қизарган хўрозбозлардан бири.
Жавлон унга ўқрайиб жавоб берди:
– Сизлар фарқи-сарқига бормасаларинг керак-да!
– Йиғиштир майнавозчиликни, жипириқ. Кўтар товуқшўрвангни! – деди ғазабланиб хўрозбоз.
Шу пайт Геракл ҳинду сардорларидек ўнг қўлини кўтариб, ўрнидан турди. Даврадаги ғала-ғовур, кулги тинди:
– Азиз биродарлар, орзуга айб йўқ, ниятга – гуноҳ. Бу йигитни иштиёқини сўндирмайлик. Бўладиган болага ўхшайди. Хўрозига рақиб йўқ бўлса, демак, у – ғолиб. – Ёнига қиморбозлардан бирини чақирди. – Менга қара, Мираббос, соврин сифатида бу укамизга битта жангари жўжангдан берасан. Ўзи тарбият қилсин, сен хабар олиб тур. Маъқул?
– Боз устига, Ғулом ака, – деди Мираббос ва шоша-пиша эгилганча ёнбошига лўндагина қилиб нос ташлади.
Геракл Жавлоннинг елкасига қўлини қўйиб, пишанг бериб, қўлтиғига сув пуркади:
– Худо хоҳласа, кейинги мусобақаларда фақат сен соврин кўтарасан.
– Раҳмат, раҳмат, ака! – деди Жавлон севинчдан терисига сиғмай.
– Арзимайди, бачам, – деди Геракл олисларга виқор билан қараб.

Бошқа сафар бўлмайди

Аслида, касалхонани ёқтирадиган одам топилмаса керак. Албатта, дўхтирларнинг ўзлари бундан мустасно.
Болаликда ёппа эмлама пайти ҳамширалар қамалга олинган синфхоналарга бостириб кириб, спирт ва хлор ҳидини анқитиб, ўқувчиларнинг ўтакасини ёриб укол уришарди. Гарчи Рустам “Ўғил бола қўрқмаслиги керак” деган ақида билан укол қилиниши мўлжалланган жойини очиб, кўзларини юмиб тайёр турса-да, синфдошларининг оҳу фиғонлари унинг шуурида кўнгилни оздирадиган ҳадик уйғотган эди.
Рустамнинг отаси “Бизда шифохона эмас, касалхона бор”, деб кўп айтарди. Бу жайдари ҳикматни қаҳрамонимиз ёши улғайиб, жиддий баҳсларда жароҳат олиб, дўхтирлар билан юзма-юз қолган чоғларида тушуниб етди. Мана, ҳозир ҳам врачдан текширув натижаларини билиш учун қабулга кириб улгурмай, Рустамнинг ранги оқариб, кўнгли беҳузур бўлиб турибди.
У хонага кириб борганда Содиқ Бўтаев асабийлашиб, тинимсиз у ёқдан бу ёққа бориб келар, ора-сира қўлларини совунлаб юваётгандек бир-бирига айлантириб ишқалаб қўярди.
– Бўлди-да энди, бошимни айлантириб юбордингиз-ку! Ўтиринг! Сиз ҳам ўтириб олинг, ўртоқ қаҳрамон. Мана, қаранглар, – дўхтир рентген қоғозини мураббийнинг пешонасига тирагудай бўлиб қалтиратди. – Учта бармоғи синган. Панжаси эзилган. Миясиям чайқалганга ўхшайди. Тамом!
– Жаҳон чемпионатига бориши керак. Саралаш баҳсларидан ўтди. Тушуняпсизми? Нима қилиб бўлса ҳам тузатиш керак. Ишонган боксчимиз шу ахир!
– Ҳа-а… Эчкига жон қайғу, қассобга – ҳалигидақа…
– Илтимос-да энди, дўхтир… Бир амаллаб беринг, – деди Содиқ Бўтаев қўлини кўксига қўйиб.
– Ғалати гапларни гапирар экансизлар-а сизлар… Бу бармоқни сирач билан ёпиштириб, қотириб қўйиб бўлмаса. Мия ҳақида гапирмай қўяқолай. Одам ўзига ўзи шунча жабр қиладими, тавба.
– Ҳозирча вақтимиз бор. Кейинчалик яхши бўп кетар?.. – бошини қийшайтириб илтижоли қаради мураббий.
– Албатта, кўрмагандай бўлиб кетади. Фақат беш-олти йиллардан кейин. Лекин мия чайқалиши жиддий масала. – Шифокор столдаги сигаретни олиб, лабига қистирди. Тутатмасдан ғижимлаб, ахлат челагига чертди. – Ташлаш жуда қийин бўляпти-да. Қисталоққа ўрганиб қолган эканман…
– Нос тузук. Атрофдагиларга зарари камроқ. Ерни унумдорлигиниям оширади… – деди Содиқ Бўтаев зўраки ишшайиб.
– Э-э, бари бир гўр… – Бирдан куйиниб гапиришга тушди. – Ака, кейинги зарба уни бир умрга тўшакка михлаб қўйиши мумкин. Жаҳон чемпионатидаги рақиблариям илоё калтак еб келай деб бувисидан дуо олиб боришмайди-ку. Хўп, уларни ютар ҳам. Жаҳон чемпиони ҳам бўлар. Кейин унга уйида сиз шопирма атала ичириб ўтирасизми? Сиз сабабчи бўлиб қоласиз. Қўрқмайсизми? Бировни боласи-я… – Дўхтир Рустамга ўгирилди. – Уйланганмисан?
– Ҳа.
– Ана! Бола-чақасини боқадими ё уни боқишадими? Болалардан нечта?
– Энди, худо хоҳласа… – деди Рустам ўнғайсизланиб.
– Э, ҳали қиладиган ишинг кўп экан-у, бўладиган иш билан шуғуллансанг-чи. Сен рингда эмас, бошқа ёқда жанг қилишинг керак, укагинам.
– Нима дейсан? Бу гал бўлмаса бошқа сафар-да, – деди Содиқ Бўтаев ноилож тақдирга тан бериб.
– Бошқа сафар бўлмайди, – ғудранди Рустам.
Орага бир муддат оғир сукунат чўкди. Аламзада Бўтаев шифокорга сохта табассум билан боқди:
– Дўхтир, янгисини эшитдингизми?
– Яна Ғайрат қизиқ тўқигандир-да?
– Ажойиб кунларнинг бирида бош шифокор хонасига сизга ўхшаган ходими кириб, “Хўжайин, бугун эрталаб келган бемор билан гаплашдим, жуда яхши одам экан бечора, нима қиламиз, даволаймизми ё яшайверсинми?” дермиш. И-е, ва-ха-ха-ха!
Шифокор пинак бузмади:
– Ғайрат тўқигани аниқ. “Ажойиб кунларнинг бирида” деб бошлашидан маълум. Яна “Агар касалнинг умридан берган бўлиб, бу дунёдан ризқи узилмаган бўлса, дўхтирлар ҳеч нарса қилолмайди”, деган қочирим ҳам ўшаники… – шифокор шовқин солиб бурун тортди, – энг ёмони… уни мутойибалари тумов-пучқоқдай юқумли. Қайси даврага борсанг, янгисини эшитдингизми, деб куйдирилган қўйкалладай тиржайиб туришади. Кеча биттаси замонавий мақол деб бир гап айтди, худойида кулмаган одам қолмади. Нимаймиш, “Бой қўлини чўнтагига солиб қашланса, табиб қўл узатади”, эмиш. Ким кўрган экан? Шу Ғайратга ўхшаганлардан чиқади-да… Майли, қўлга тушиб қолар уям…
Ҳардамхаёл ўтирган Рустам ўрнидан турди:
– Демак, етиб кепмиз-да?
– Рухсат бермаяпти-ку манави… дўхтирлар. Лекин гапи тўғри, соғлиқ билан ҳазиллашиб бўлмайди. Даволан! Ҳали сенинг ғалабаларинг олдинда… Ўша охирги зарбанг зўридан ўзингниям бармоқларинг синди. Нокаут қилмасанг ўлармидинг?

Тузукмисан, Азиз?

Азиз сўрида тушкун кайфиятда оғир хаёл суриб ўтирибди. Онаси хонадан чиққанини пайқаб, шоша-пиша ёнидаги китобини қўлига олиб, дуч келган жойини очди.
– Ҳой бола, китобни тескари ушлаб ўтирибсан – бир. Мени алдамоқчи бўляпсан – икки. Ниманидир яширяпсан – уч. Молга сув бермабсан – тўрт. – Онаси шу ерга келганда бирдан оловланиб кетди. – Қанақа боласан, ўзи? Мунча мени куйдирасан? Дардинг бўлса, айт, дадангга ўхшамай! Даданг келсин…
Азиз индамасдан оғилга кириб, пақир кўтариб чиқди ва кўчага йўл олди. Ортидан дастурхон кўтариб чиққан онаси “Мен ров Икром домланикига ўтиб дам солдириб қайтаман, ҳазир бўлиб уйда ўтир”, деди-ю, илдам жўнаб кетди.
Азиз ариққа пақир солиб, оқар сувга қараганча ўйга толди. Шу пайт мактабдан қайтган Нурхон ва дугонаси Мукаррамхон унинг ортида тўхтаб, бирдан саволга тутишди.
– Ҳа, Азиз, тузукмисан? – деб гап бошлади Нурхон.
– Тузукмисан, Азиз? – деб унинг гапини такрорлади Мукаррамхон.
– Ҳа, яхшиман. Раҳмат, – қад ростлади Азиз. Кейин мактабга бормагани бирдан эсига тушиб, гапини ўнглаб олди. – Бошим ёмон оғрияпти. Уҳ!
– Вой, нега оғрийди?
– Нега оғрийди, вой?
– Билмайсанми? – деб сўради Азиз Нурхонга синовчан қараб.
– Нимани?
– Нимани, Азиз? – гап қўшишда давом этди Мукаррамхон.
– Кўрмадингми?
– Нимани кўраман? – Нурхоннинг қуюқ қошлари чимирилди.
– Нимани кўрамиз, Азиз? – атрофга аланглади дугонаси.
Азиз хурсанд бўлиб кетди:
– Ростданми? Ҳеч нарса кўрмадингми?
Нурхон жилмайди:
– Йўқ.
– Йўқ, Азиз, – хандон отиб кулиб юборди дугона.
– Ҳа, унда яхши. Бошимам оғримай қолди.
– Ие, Азиз, тезроқ уйингга кир. Ҳидоят опамиз келяптилар. Биз сени касал деб айтиб қўйганмиз.
– Ҳа, айтиб қўйганмиз, Азиз. Уйингга кир.
Азиз шоша-пиша челакни лапанглатиб, уйига югурди. Ҳидоят қизларнинг саломига алик олиб, Азизларнинг бир қаноти қия очиқ дарвозасидан “Ассалому алайку-ум, ким бор?” деб ичкарилади.

Кўзёшдан фойда йўқ

Чорбоғ томони бўз мато билан тўсилган ҳовлидан совуқ маъраканинг нафаси кетмаган: бурчакда ҳали йиғиштириб олиб кетилмаган қозон-ўчоқ, чойқумғон, маърака стол-стуллари кўзга ташланади. Ўрта ёшли икки киши айвон четига тўшалган якандозда омонатгина ўтиришарди. Улардан бири қўл телефонида ниманидир диққат билан томоша қилар, иккинчиси ҳафсаласизлик билан ҳовлининг баланд-пастини кўздан кечирарди.
Элмурод устунлари тоб ташлаган дарвозахонада икки фарзандини қучоқлаб ўтирган аза кийимидаги аёл билан гаплашиб турибди:
– Энди-и… келин, кўзёшдан фойда йўқ. Укамни ризқи узилган экан. Нимаям қилардик? Менам сиздан кам куйганим йўқ. Она бошқа бўлсаям, ота бир укам эди.
– Энди нима қиламиз?.. – деди келин болаларини маҳкамроқ кучиб. – Булар нима қилади?
– Мана, биз бор, қариндош-уруғ бор…
– Раҳмат, минг раҳмат. Энди, ака, уйни гаров пулидан қутулиб олсак эди…
– Гаров пули? – деди Элмурод жиддийлашиб. – У нима дегани? Ҳовли аллақачон сотилиб кетган. Билмасмидингиз? Уйни янги эгаларини укамни қирқи чиққунча сабр қилинглар, деб тўхтатиб турибман.
– Нима? – Бу гапдан илонни ушлаб олгандай сесканди келин. Сўридагилар ўрнидан туриб жиддий қиёфада дарвозахона томонга бир-икки қадам ташлашди. – Қанақасига? Гаровга дегандингиз-ку?! Ўн йилга…
– Ҳужжатга қўл қўяётганда қараганмидингиз? Тўғри, бошда уйни гаровга қўйиб, қарз олгандик. Кейин уйни бизга ўтказасан, деб туриб олишди. Ҳа, аттанг! Ўша куни ҳужжатвозликда қатнашолмадим-да. Бўлмаса, сизга ўзим тушунтирардим.
– Ҳам уйдан, ҳам хўжайинимдан айрилиб қолдимми? Ҳиндистонда даволатаман, катта пул керак, ҳовлини гаровга қўяйлик, деган гап сиздан чиққан эди.
– Ҳаракат қилдик-ку, бўлмади-да, келин. Ўз жигаримга ёмонлик тилармидим? Пешана-да, пешана… Дарди бедаво экан-да. Худодан зўр эмасмиз-ку.
– Ҳиндистонга обориб келишга сиз айтган катта пул ҳам кетмас экан. Таъзияга келган бағдодлик Озодахон ҳожи она айтдилар.
– Ўша Озода ҳожи сизга жой топиб берсин энди, – Элмурод росмана аччиқланди. – Шунчалик жони сизга қайишса… Маъракасини ким ўтказди, келин? Менми, менми? Э, яхшиликни тенги эмас экансиз ўзи! – Соқчидай қотиб турган шотирига қараб давом этди. – Исмоил ака, мана шу уй сизники. Хоҳласангиз, ҳозир кўчиб келинг. Раҳмингиз келса, бир-икки ҳафта муҳлат беринг. Мен энди ўйиндан чиқдим. Бас!
Элмурод жаҳл билан қўл силтаб, катта-катта қадам ташлаб кўчага чиқиб кетди. Аёл болаларини бағрига босганча изиллаб йиғлаб қолди.

Сен оғриқни қайдан биласан?

– Ҳалиям оғрияптими? – сўради Ҳидоят ачиниб.
– Ҳа, озгина бор, – деди Рустам истамайгина.
– Боққа чиқинг, сой бўйига тушиб, айланиб келинг. Оғриқ пасаяди, енгил тортасиз, чалғийсиз.
– Сен оғриқни қайдан биласан? Бирор марта қўл кўтарганим йўғ-у сенга… – Рустам тирсагига таяниб, бошини ёстиқдан узди, хотинининг қизарган кўзларига ажабланиб қаради.
– Мусобақаларда сизга битта мушт тушса… Ке­йин бошқа оғриқлар ҳам бор дунёда. Ўша пайтларда ўйлаб топганман бу муолажани… – деди Ҳидоят кўзларида ёш ҳалқаланиб.
– Йўғ-е… – Рустамнинг ҳайрати ошди.
Даҳлиздан чиққан онанинг кўзи ўғли ва келинига тушди. Огоҳлантириш маъносида томоқ қириб, улар томон юрди. Келиб “Ё бисмилло…” деб сўрининг четига ўтирди. Ҳидоят ўзига ўзи гапиргандай “Чойни янгилаб келай-а?” деди-да, чойнакни кўтариб, ошхона томон юрди.
– Рустамжон, болам, қўлинг тузукми? Ўзи дўхтирларни гипс-мипсидан кўра ўзимизнинг тахтакач дуруст эди. – Рустамнинг гипсли қўлини силаб, сўзида давом этди она. – Хоҳлаганда ечиб, тухум-пухумми, мўмиёми суриб, яна боғлаб қўйса бўларди.
– Мўмиёни ичяпман-у, ая.
– Ичган бошқа, сурган бошқа, болам, тезроқ битади-да. Зирқираяптими?
– Йўқ, яхши.
–Ўлгудай қайсарсан-да. Минг марта айтдим сен болага йиғиштир бу ҳунарингни, деб. Ҳўкиздай йигит шаҳарма-шаҳар лўкиллаб муштлашиб юрса… Кимдан чиққан томоша экан бу қуриб кетгур. Яна телевизордаям кўрсатишади-я.
– Спорт-да, ая, спорт. Кўпчилик қизиқади. Шуғулланган одам соғлом бўлади…
– Шуми соғлом бўлганинг? Бир ҳафтадан бери кундузи сир бой бермай, кечаси алаҳсираб, ихраб чиқасан. Сен боланинг ё ошқозонинг, ё жигаринг касал. Бўлмаса ғужанак бўлиб ётмасдинг кучала еган кучукдай. – Она рўмолининг четини кўзларига босди. – Бу ёқда гулдек хотинингни умри ўтяпти. Менам неварамни ҳидлаб-ҳидлаб, бешикка белагим келади. Э, сен буни хуморини билармидинг…
– Дадам уйдами? – деди Рустам чалғитмоқчи бўлиб.
– Даданг қўлинг тузалишини кутиб турибди. Тузалволсин, яхшилаб савалайман, деяпти. Ёлғиз ўғил бўлса, қўлтиғимга кириб, мадад бўлиш ўрнига санғигани-санғиган, деяпти. Ҳали кўрадиганингни кўрасан.
– Болалигимда емаган калтагимни энди ерканман-да, – деб кулди Рустам. – Мусобақаларда еганларимам етар.
– Бизни гапимиз шу, бўкисингни йиғиштирасан, тамом! Агар ота-онангни розичилиги керак бўлса… – Она шундай деди-да, юзига фотиҳа тортиб, туриб кетди.
Рустам «уҳ» тортиб ёнбошга ағдарилди.

Соғиниб кетяпман-да!

Қодир бирдан қўл ва оёқ тормозини баравар босди. Велосипеднинг орқа ғилдираги шағал сочиб, кескин бурилди-ю, кетаётган йўлларига тескари туриб қолишди. Қодир бир оёғини ерга тираб, укасига қаради:
– Нима бўлди? Нега йиғлаяпсан?
– Аямни соғиндим. Аям қайда? Қачон келади?
– Келади, – Қодир иккала панжасини ёйиб, укасига уч марта кўрсатди, – мана шунча ухлаб турсанг, келади.
– Ёлғон! Неча марта айтдинг бу гапни! Бувим ҳам доим аямни расмига қараб йиғлаб ўтиради…
– Эҳ, дадамиз касал бўлмаганида, уйимиз сотилмасди. Уйимиз сотилмаганида аямиз четга ишлагани кетмасди. Эҳ! – Қодир велосипед ромидан оёғини олиб, уловни манзил томонга ўнглади. Ботир қўлларини мушт қилиб ёзғирарди:
– Ўз амакимиз бизни алдаб кетди-я… Катта бўлсам ҳали роса дўппослайман…
– Сен қиз болага ўхшаб йиғлайвермасдан ўзинг­ни қўлга ол. Бекорга мен сени боксга олиб бораётганим йўқ.
– Соғиниб кетяпман-да, – яна йиғлашга тушди Ботир.
Қодир китоб орасидан ярми чиқиб турган аясининг расмига кўзи тушиб, кўзёшини яшириш учун укасини маҳкам қучиб олди:
– Бўлди, йиғлама…

Ҳаммаси бекорчихўжа

Рустам қишлоқ дорихонасига кириб, жанжал устидан чиқди. Ширакайф Нўъмон дорихоначининг асабини зўр бериб эговлаётган эди:
– Нега йўқ бўларкан спирт? Спирт бўлиши шарт. Дўхтирди рецептиям керакмас. Сўраган одамга истаганича беришинг керак. Қонунда шунақа. Биз қанча бўлса, ҳаммасини оламиз. Тушундингми?
– Йўқ нарсани қандай қилиб бераман? Спирт тугаган. Кеча ҳаммасини қоқиштириб опкетгансиз. Шунча спиртни нимага ишлатасиз?
Нўъмон сурбетларча илжайиб, томоғига пўкиллатиб чертди:
– Компресс, компресс!
– Дардим томоқ, дегин, – деб гапга аралашди Рустам. Нўъмон ортида турган ўртоғини кўриб, бирдан шаштидан тушди:
– Ие, Рустамжон, жиноят устида қўлга олдинг-ку, – ўзини оқлаш оҳангида давом этди Нўъмон. – Биласан-у, ҳозирги арақларга ишонч йўқ. Кўпи – туфта, ясама. Ана, Чичқон қишлоқлик Қурбон Чекушка Испарани арағини ичиб, заҳарланиб, қовун пойлоқчиликка кетворди.
Рустам юзига фотиҳа тортди:
– Худо раҳмат қилсин. Эшитмаган эканман. Қачон?
– Эртага тўрт кун бўлади. Қадрдон бўп қолгандик. Жуда қўли очиқ, улпат йигит эди. Шундай йигит-а?.. Юрагинг ачиганидан ичасан-да одам. Бўлмаса, зарилми?
Рустам керакли дориларни олиб, пул санаркан, Нўъмон сотувчига тинмай:
– Бир жуфт спирт ҳам қўшвор, бунинг кимлигини биласанми ўзи? – деб жаврарди.
Дўкон олдидаги супада бир тўп ёш-яланг қарта ўйнаб ўтирибди. Мағлубнинг бурнига чертаётган пайти “Бурнингни опқочдинг! Бошқа чертаман”, деб норозиланди ғолиб. Мағлуб эса паст келмади, “Мана чертасан!” деб ўдағайлаб қўлини дутор чертаётгандай силтади.
Биллиардхонанинг эшиги ланг очиқ бўлса-да, азбаройи кўп чекилганидан тутун ичидаги тумонат одам ҳаммомнинг пархонасидагидек айқаш кўзга ташланади. Ичкаридан “Бўлди, бўлди, ҳов тирриқ! Кийни жойига қўй, сендан бошқаларам одам! Пулни чўз, хунаса!” деган хитоблар эшитилди. Оғзаки жанжал ўт олиб, бир тўда йигитчалар бир-бирини судрашиб чиқишди. Чиқишди-ю, ўзларига ачиниш ва ҳайрат билан қараб турган Рустамни кўриб, попуклари пасайди. Қовушмайгина саломлашиб-сўрашиб, яна чиққан жойларига кириб кетишди.
– Аҳволни қара-я! Давангирдай йигитлар… – деди Рустам карахт ҳолда.
– Нима қилишсин? Иш йўқ. Ҳаммаси бекорчихўжа. Кўпчилиги четга бориб, қайтага қарз бўлиб келган. Рекетни қўлига тушиб, ер тимдалагани қанча. Буларгаям осон тутма… Мана мен, мактабда қоровулман, топганим уйга етиб бормайди. Носқовоққа нон борми, дейдиганларданман. Ўшан-чун ичилади-да. Бўлмаса зарилми?
– Ошхўрга ош, нонхўрга нон топилади. Ишлайман деган одам ҳеч қачон ишсиз қолмайди. Бозор одамларни йўлдан оздирди, қайси йўлдан бориш кераклигини билмай, кўпчилик гангиб қолди. Бу кунлар ҳам ўтади.
– Ҳамма бемазагарчилик иш йўқлигидан кеп чиқади. Шуни катталарга бир оғиз шипшитиб қўйгин, Рустам. Энди, сенам катта одамсан. Бизи гапимизни ким эшитарди. Ўшан-чун ичамиз-да. Бўлмаса зарилми…

Эшак ҳам восита

Жазирама туфайли хамирдай юмшаб қолган асфальт йўлдан қайноқ ҳовур кўтарилади. Назорат постида турган милиционерлар узоқдан келаётган қора “Мерседес”ни кўриб, жонланиб қолишди. Уловдан тушган Геракл ва ҳайдовчисини бир четга тортиб қўйиб, автомашинани обдон текширишди. Милиционерлардан бири ерга қоп тўшаб, ёнбош­лаганча дудбуронга тут новдасини уч-тўрт марта тиқиб олиб ҳидлаб кўрди.
– Йўғ-у, қаерга яширган бўлиши мумкин? – деди у ётган жойида шеригига шивирлаб. Кейин ёнига келиб, камарини ҳидлаётган итнинг бўйнига новда билан беозоргина уриб қўйди, – Дозор! Иди! Сиди!
– Ҳайронман, бошим қотди. Лекин бу жуда туллак-да. Худо билади, қанақа усул қўлладийкан?
– Ёки хабарчилар адашдимикан?
– Исковуч ҳам тополмади. Нима қилдик? – биринчи милиционер фуражкасини ечиб, елпина бошлади.
– Бошлиқдан сўраб кўр!
Биринчи милиционер йўл четидаги бўлмага бориб, телефонда гаплашиб, қайтиб келди. Геракл ўзини бепарво тутиб, қарсиллатиб сақич чайнаб турарди.
– Мана, ҳужжатлар, кетишингиз мумкин.
– Майли, раҳмат, командир. Хижолат бўлманг, вазифангиз шунақа, тушунаман, командир. Хизмат бўлса, биз – доим шай.
– Хайр, саломат бўлинг, – деди иккинчи милиционер энсаси қотиб.
Геракл машинага ўтиргач, улов бир гуриллаб олди-да, равон юриб кетди. Ортидан қараб қолган биринчи милиционер ўзига ўзи: “Барибир қўлга тушасан, борадиган манзилинг аниқ”, деб қўйди.
Адирлар орасида Гераклни қўйпода ҳайдаган эшакли киши қарши олди. Улар машинадан тушиб, ўша томон йўналди.
– Шеп, бу сафар ҳам чалғитдингиз. Боризга шукур. Ментларниям тоза ҳафсаласи пир бўлди.
– Мақсад йўлида ҳамма воситалар ўзини оқлайди. Ҳатто эшак ҳам.
Эшакли киши узатган ғиштдек келадиган сувқоғозли ўрамни олиб, унинг қўлига пул қистирди. Қайтгач, машина ўриндиғи тагига матоҳни яхшилаб жойлади.
– Ҳайда, бос!
– Ўзимизни чойхонагами?
– Ҳа! – Геракл завқ билан хиргойи қила кетди. – Чай-хана, чай-хана, чайхана!
Қўшиққа ҳайдовчи ҳам қўшилиб куйлади, рул чамбарагини чилдирма қилиб чаларкан, елкаларини учириб муқом қилди.
– Боризга шукур, шеп. Чай-хана, чай-хана, чайхана!

Ҳисоб – 18:15

– Яна бир бора ассалому алайкум, ҳурматли рапқонлик футбол мухлислари! Камера ва микрофонларимиз мактабимиз марказий стадионига ўрнатилган! Шу жойдан гапирамиз ва кўрсатамиз. Бугунги финал ўйинида 6-“А” ва 6-“Б” синфининг терма жамоалари майдонга тушган. Иккинчи тайм. Ҳисоб – 17:15. – Нўъмон ўқувчилар сумкаларидан ясалган дарвозаларни яна бир бор қадамлаб ўлчаб чиқди, – марҳамат, кутиб олинг, майдонга қиш­лоқлараро тоифадаги ҳакам – Илҳомжон домла кириб келяптилар!
Мусиқа ўқитувчиси Илҳомжон домла майдон марказига салобат билан яқинлашиб, бармоғини оғзига солиб, ҳуштак чалишга бир-икки марта уринди. Бўлавермагач, кўзи билан Нўъмонга ишора қилди. Нўъмон иккитадан бармоғини баравар оғзига тиқиб, тантанали ҳуштак чалди. Ўйин бошланди.
– Тўп 6-“Б” синф Пелеси, биринчи таймнинг ўзидаёқ 14 та тўп киритган Азизбек Раҳмоновда! У ҳимоячини эпчиллик билан алдаб ўтиб, дарвозага яқинлашиб боряпти. – Нўъмон дарвозада қатор туриб олган ўйинчиларга ўшқирди. – Ҳов! Қайси биринг дарвозабон! Битта одам турсин! Зарба! Го-о-о-л! Ҳисоб – 18:15!
Стадион четидаги ўриндиқда ўтирган синфдош қизлар Азизни олқишлаб, қийқиришди. Азиз Нурхонга қараб, жилмайиб қўйди.
Рақиб жамоаси голни тан олмай, ҳакамни ўраб олди.
– Домла, гол бўлгани йўқ. Тепадан кетди, – деб турган жойида сакради рақиб жамоа сардори.
– Гол бўлди, гол! Дарвозабонингни қўлтиғидан ўтди-ю! – деди ҳакам чўрт кесиб.
– Сумкаларди тепасидан ўтди – штанга!
– Ҳеч қанақа иштонга-пиштонга бўлмади. Ғирт гол! Бўлмаса, катта кўча, сурларинг бетдан. 6-“В” ҳам навбат кутиб турибди.
– Домла, битта ўн бир қўйиб беринг, – ялинди рақиб сардори.
– Бўпти, кўрамиз. Нарироқ тур.
Нўъмон қўлини карнай қилиб эълон қилди:
– Ҳурматли футбол мухлислари! Ҳозиргина гол ўтказиб юборган 6-“А” синф терма жамоаси таркибида ўзгариш бўлади. Диққат, диққат! Қорни оғриб қолган Мўминжоннинг ўрнига легионер ҳужумчи Жавлонбек тушади. Энангни кўрдинг, 6-“Б”!
6-“Б” жамоаси сардори ҳакамга эътироз билдирди.
– Домла, у 8 да ўқийди-ю!
– Легионер деяпти-ю.
– Бўлмаса менам дадамни чақирайми “легионер” деб… Ўйнамаймиз!
– Унда ютқазди деб эълон қиламан.
– Ўйнаймиз. Гап битта, – деди Азиз пешонасидаги терларни кафти билан сидириб.
Ўйин яна бошланди. Жавлон ҳаммани туртиб, чалиб, йиқитиб, қўполлик қила бошлади. Лекин тепган тўплари дарвозага аниқ бормади.
– Легионер ҳужумчи Жавлонбек бугун сал мўлжалга адашяптилар. Бу киши учун кўчма дарвоза ташкил этиш таклифи бор. Яъни унинг тўпи қай тарафга думаласа, дарвозани ўша тарафга кўчириб турамиз. Қалай?
Жавлон Нўъмонга ўқрайиб қараб қўйди.
Азиз рақиб дарвозасига шиддат билан яқинлашиб бораркан, қаршисида пайдо бўлган Жавлоннинг чатаноғидан тўпни олиб ўтди. Кулгили аҳволда қолган Жавлон аламига чидай олмай очиқдан-очиқ Азизни ортидан чалиб йиқитди. Ҳамма норози увиллаб юборди, ҳуштакбозлик авжга минди. Лекин ҳакам ўйинни тўхтатмади. Нўъмон унинг ёнига югуриб бориб, ёқасидан олди.
– Кўзми бу, пўстакни йиртиғими?! Жарима белгила! Тез!
– Ўзи йиқилди.
– Агар “ўн бир” бермасанг, ўзинг тепиласан!
– Бўпти! Ўзинг ҳакамлик қилавер! Ҳуштагингам ўзингда. Мен чарчадим.
– Унақада ўйин тугади! – Нўъмон тўпни олиб, ҳуштак чалди ва тантанавор эълон қилди. – Бугунги финал ғолиби – 6-“Б” синфи! Ҳисоб – 18:15. Ҳамма уй-уйига, така – тўйига!
Нўъмон бориб оёғини уқалаб ўтирган Азизни турғазди. Азиз оқсоқланиб майдон четига чиқиб ўтирди. Нурхон унга ачиниб қараб турар, Жавлон эса масхаромуз тиржаярди.

Яхши туш кўрдим

Токнинг қатлама барглари оралаб кўзга тушган қуёш нурлари ғашни келтиради, бошни озгина нари суриб оласану, лекин бироздан кейин яна кўзларинг­ни офтоб топиб олади.
Кўчада машина тўхтагани, эшиги очилиб-ёпилганини эшитиб, Рустам тирсагига таянганча бош кўтариб эшик томон қараб қолди. Тош тиралган дарвоза қаноти сурилиб, устози Содиқ ака кириб келди.
Сўри тагида думи билан ер супуриб ётган қари кўппак меҳмонни кўриб, вазифаси юзасидан эринибгина ҳар бир товушини алоҳидалаб ҳорғин овозда “В-о-в, в-о-в” деб қўйди.
– Рустамжон, талонғич эмасми, ишқилиб? – деб сўради Содиқ ака ортига бир қараб олиб.
– Яхши одамлар эсида туради. Илгариям кўришгансизлар шекилли? Сўрига чиқинг, устоз. Ё уйга кирайликми?
– Йўқ, иш зарил. Тур, кетдик шифохонага. Чиқмаган жондан умид. Балки ҳаммаси жойидадир. Яхши туш кўрдим.
Шу пайт томорқа тарафдан “Рустамжон, меҳмон келдими?” деган овоз эшитилди. Кўп ўтмай қўлида ўроқ кўтариб, хонадон соҳиби кўринди:
– Ия-ия, келинг, Содиқжон. Касал тузаладиган бўлса, табиби эшик қоқиб келади, деган машойихлар. Мени дардимни шифойи сизда. Келинг, қани, бир кўришиб қўяйлик.
Чол қўлидаги ўроқни ток зангига илиб, меҳмон билан қучоқлашиб кўришди. Тўшакка тушган узум баргини олиб ташлаб, такаллуф қилди:
– Келинг, ўтиринг.
– Иш зарилроқ эди-да. Дўхтирлар кутиб қолишди.
– Ишингиз шу ерда ҳал бўлади. Дўхтирингизга кеча мен бориб келганман. Масала ойдин.
Содиқ ака савол назари билан Рустамга қаради, у “ҳеч нарсадан хабарим йўқ”, дегандай елка қисди. Меҳмон ноилож сўрига ўтирди.
– Рустамжон, сен чой-пойга қара, – деб ота меҳмонга изоҳ бериб қўйди. – Бугун қайнона-келин қидириб кетишганди, уйда ўзимиз.
– Яхши-да, – деди Содиқ ака нима дейишини билмай. Унинг фикри-зикри чол айтмоқчи бўлган гапда эди.
Ота Рустам кетган томонга бир қараб олди-да, шивирлади:
– Содиқжон, болани энди тинч қўяйлик. Дўхтирлар айтди, энди катта баҳсларга ярамас экан. Жигариниям узоқ даволаш керак, дейишди. Мени шундан бошқа палагим йўқ. Сиз ҳам мен тараф бўлинг. Сизга ўхшаб мураббий бўлсин. Эртага бир бало бўлса, мен буни кўтаролмайман. Тушунсангиз керак.
Меҳмон ишонган дўстидан қарз сўраб келиб, рад жавоби олгандек жуда ноқулай вазиятда қолди.
– Майли-да, – деди у. – Нимаям дердик. Менга ҳам фарзанддек Рустам. Аслида, бир соғлиғини сўраб қўяй деб келгандим. Тушимга кирибди.
Гипсли қўлига дастурхон ташлаб, соғида чойнак кўтарган Рустам сўрига яқинлашиб, тиғиз вазиятни ҳис қилди. Аввал отасига, кейин устозига қаради.
– Мана, устозинг ҳам менинг гапларимни айтяпти. Энди Ҳидоят билан болага уннанглар. Мактабда ишлайсан. Вақти билан мураббий бўласан. Пўконинг ел кўрмай тоза оғирни устида, енгилни остида юрдинг. Энди рўзғор нималигини, ҳақиқий ҳаёт қандайлигини кўр. Бурнингга бир сув кирсин…
Рустам қўлидаги чойнакни сўрига қўйиб, меҳмон ортидан жимгина эргашиб кўчага чиқди.

Бу – бизнес

Иккинчи қават деразасидан милтиқ ўқидек янграган “Мунир!” деган ҳайқириқ Гераклнинг ҳовлисини исканжага олган баланд деворлардан оша тоғ тошларида акс-садо бергандек бўлди.
– Ҳа, нима, тинчликми? – деди аёл бошига бир нарса тушадигандек кафтларини иккала чаккасига босиб овоз чиққан томон қараркан.
– Чиқ бу ёққа! Ҳе, мочағар! – бақирди Геракл деразадан қаҳрли қиёфада бош чиқариб.
– Вой, ҳозир, мана боряпман. Урди худо!
Хонада ғазабдан бўғриқиб кутиб турган Геракл хотини кириши билан бурчакдаги сейфнинг очиқ эшигидан темир қутичани олиб стол устига зарда билан қўйди.
– Ким тегди? Ким?! – Гераклнинг овозидаги ваҳшат аёлни деворга қапиштириб қўйди.
– Бо ҳаққи Худо, билмайман.
– Ким тег-ди!?
– Ўлибгина қолай!
– Ўғлинг қани?
– Кўчада… Тоҳиржондан кўряпсизми?
– Энангдан кўряпман. Чақир! Тез бўл!
Хотини эловланиб эшикка йўналди. Геракл саб­ри чидамай, деразадан пастга қараб бақирди:
– Бек, ҳов, Бек! Тоҳирни тез чақириб кел! Бўл!
Геракл бетоқат бўлиб, сейф ёнига борди, эшигини кўрсаткич бармоғи билан нуқиб ёпган эди, яна қайта қия очилиб қолди. У қўшқават сўкиниб, столда турган қутини қайта очиб қаради, кейин стулга ўтирганча бош чангаллаб қолди. Оғир уҳ тортди. Орадан бироз вақт ўтиб, хонага ранги-қути ўчган Тоҳиржон оёқ учида кириб келди.
– Ким билан чекдинг? – деди Геракл ғазаб билан ўшқириб.
– Нимани? – деди Тоҳиржон жовдираб.
– Сейфни ким очди?
– Ўзи очиқ экан.
– Очиқ экан? Очиқ экан деб… – Геракл боласига яқин келиб, паст, аммо ваҳшатли оҳангда вишиллади. – Чекдингми?
– Йўқ, йўқ, дадажон…
– Нима қилдинг?
– Озгина олиб, тоғамга бердим.
Геракл хотинига қаради:
– А-ҳа! Телефон қил, чақир касофат укангни! Ўзини қўли эгрилиги етмагандай энди бизникиниям ўргатяптими! Терисини шилиб, гўштига гера сепаман! Бир тўйсин!
– Бо худо, аввал билинг, суриштиринг. Ёш болани гапига ишониб…
– Йўқол! – Хотини каловланиб чиқиб кетгач, ўғлига юзланди. – Ўтир! – Ўртага таранг сукунат тушди. Тоҳир бегона дарахт шохига қўнган чумчуқдай бесаранжом ўтирар, икки юзи кунгайда қолган мисдай қизиб, пешонасига тер тепчиди. Геракл чуқур уҳ тортди-да, кутилмаганда мулойим оҳангда сўз бошлади. – Ўғлим, сен тилаб олган биттагина фарзандимсан-а? Сендан бошқа бойлигим йўқ. Мен ҳам сен учун шунақаман деб ўйлайман. Яхши кўрасанми мени? – Тоҳир ердан кўз узмасдан тасдиқ маъносида бош ирғади. – Ҳамма нарсам сеники. Фақат сен соғ-саломат, бақувват, ақлли бўлишинг керак. Шу гапим қулоғингда бир умр қолсин… – Шундан сўнг ўғлининг икки елкасидан тутиб, дона-дона қилиб уқтирди. – Наркотикка ҳеч қачон яқинлашма! Бу – жувонмарг бўлдим дегани!
– Ахир ўзингиз…
Геракл ўғлининг гапини кесди:
– Мен ёшлигимдан шу йўлга кириб қолганман. Лекин ҳеч қачон герага ўтирмаганман. Сотаман, холос. Бу – бизнес. Худо урган бандалар, яшашга нолойиқ одамлар, кайф-сафо учун яралганлар ҳисобидан пул қиламан. Энди айб кимдалигини ўзинг ўйлаб кўр. Тушундингми?
Тоҳир яна тасдиқ маъносида бош ирғади.
– Эшитмадим!
– Тушундим…
– Қаттиқроқ!
– Тушундим, дада, – деди Тоҳир баланроқ товушда.
– Янаям қаттиқроқ айт! Ҳамма эшитсин! Бутун дунё эшитсин!
Геракл ўғлини бағрига маҳкам босди.

Филҳақиқат

– Биз учун бокс янги спорт тури эмас. Қадимда боболаримиз муштзанлик билан ном таратган. Бу ҳақда “Бобурнома”да аниқ маълумот берилган…
Азиз интервью бераётган Рустамни кўриб телевизор қаршисида михлангандай қотиб қолди.
– Зеро, кечирасиз жумлангизни бўлганим учун. Замондошлар учун қизиқ – сиз катта спортдан кетишга аҳду паймон қилиб, мураббийликка юз бурмоқчи экансиз, – тележурналист ўзига хос ўта сунъий, сухандон оҳангда келишикларни урғулаб савол берди.
– Ҳа, шунақа бўп қолди…
– Ҳар бир олижаноб спортчи жаҳоннинг чемпиони бўлишни орзу қилади, бу менинг шахсий фикрим. Сиз эса, бинобарин, айни шу имкониятдан юз ўгириб, спортни тарк этмоқдасиз. Буни қанақа тушунмоқ ва англамоқ даркор?
– Ҳаётда сен кутмаган турли тасодифлар бўлади. Ўзим чемпион бўлолмаганим вақтинчалик армон менга. Бу армон шогирдларим чемпион бўлганда албатта ушалади.
– Филҳақиқат, сиз шу чекка қишлоқдан чемпионлар чиқади, деб чиндан ишонмоқдамисиз? Ёки ўзингизга таскин бериш учун гапирмоқдамисиз?
– Бизни болаларни бошқалардан қаери кам деб ўйлайсиз? Зуваласи пишиқ болалар, фақат тарбия ва эътибор керак.
– Чунончи, шунча файзиёб шаҳарлар, теран туман марказларидан чиқмаган чемпионлар чанг кўчалардан, шуғулланиш учун шароит номавжуд бўлган қишлоқ-овуллардан чиқишига барибир ақлим бовар қилмаётир.
– Чиқади, кўрасиз. Ўшанда салом берамиз.
– Демак, “Ассалом, Ўзбекистон” дастурида яна бир дилтортар чиқиш айлаш ниятингиз барқарор. Инсон орзу билан яшагани яхши, десак асло муболаға бўлмайди. Бу менинг шахсий фикрим. Орзуси ушаладими-йўқми, хомхаёллигича қолаверадими, бунинг бизга унчалик аҳамияти йўқ. Муҳими, ваҳоланки, орзу одамнинг эзгу мақсадлари йўлида бағоятда асқотади. Омад сизу бизни асло тарк этмасин!
Кўрсатув якунланиб, об-ҳаво маълумоти берила бошлади. Азиз экранга термулганча ўйланиб қолди.

Чойхона

– Мана шу бизга ўхшаб улпатчиликни яхши кўрган шоир айтган экан:

Май ичсанг оқилу доно билан ич,
Ёки гул юзли бир зебо билан ич.
Оз-оз ич, кам-кам ич, ҳам яширин ич,
Ҳақиқий мард инсон – Элмурод билан ич!

Даврада қийқириқ кўтарилди. “Ўша шоирам билган экан-да Элмуродбойни”, “Биринчи марта бамаъни шеър айтди ўзиям”, “Бошқа гап керакмас, қани, олдик” сингари гап-сўзлар янгради. Шу тоб эшик очилиб, зиёлинамо киши салом бериб кириб келди.
– Э, келинг-келинг, Жамшид ака. Кутиб қолдик-ку. Ана энди базми Жамшид бўладиган бўлди.
– Ҳокимимизнинг жияни шафтолидан заҳарланган экан, тепасида турдик-да ё ҳақ деб.
– Униям Ҳиндистонга обормаймизми?
Даврада яна кулги янгради.
Жамшид ака ўзига аталган жойга ўрнашиб олиб, гапга тушди:
– Ўзбекни соддаси кўп-да. Вей, нима десанг ишониб кетаверади-я.
– Жон аччиғи тутганда мол аччиғи ҳеч нарсамас-да. Айниқса, ана кетар-мана кетар бўп турган одамга. Буям бизни бахтимиз.
– Ҳа, ўзимни содда ўзбегим-а. Сен кимсан, отинг нима демасдан борини қўшқўллаб тутқазади.
– Ҳаммагаяммас, ҳаммагаяммас. Ишонтириш керак, ишончига кириш керак. Мана, биз раҳбарларга юз фоиз ишонишади.
– Ўшан-чун сизни даврага тортганмиз-да, Жамшид ака. Озгина гипноздан ҳам хабарингиз бор, биламиз.
– Лекин ҳамма гап сизда. Сиз салобат билан қўр тўкиб турмасангиз, биров ишонармиди?
– Жамшид ака, дастурхонга қаранг. Олиб ўтиринг. Бу зиёфат бугунги операциямиз шарофатидан.
– Раҳмат, раҳмат. Элмурод ака, яна биттаси илашиб турибди. Дарди бедавога йўлиққан. Мудиримизни божаси экан. Бугун бир оғиз гап ташлаб қўйдим. Бу дардни Хитойда даволашади, деб. Пули бор – божаси сотди.
– Пули бўлса, шеп хамирдан қилни суғургандек суғуриб олади. Бу масалада шеп ўз жигарлариниям аяб ўтирмайди. Шеп! Ўзингизни укангизни қия қивордингиз-у, қойил! Боризга шукр, шеп. Лекин болларига сал раҳмим келди.
Элмуроднинг бу гапдан жаҳли чиқди:
– Олим ака тўғри айтади: фаросатни дўкони йўқ, деб. Бўлса, сенга бир қоп оберардим. Мен соққа йиғсам, манавинақа дастурхон учун эмас, келажак учун, эртанги бизнесимиз учун йиғаман.
– Узр, узр, шеп. Бунақа демоқчимасидим.
– Буюк мақсадлар йўлида катта қурбонлар берилади. Тушундингми? Сен барибир тушунмайсан. Келинглар, ушбу қадаҳни дунёдаги барча аҳмоқлар учун ичамиз.
– Шеп, бундан кейин ҳам тузоғингизга катта-катта лаққалар ва лақмалар тушаверсин.
Хизматчи йигитлар ҳалқа-ҳалқа пиёз сепилган қовурдоқ узатишди. Давра бир жонланиб олди. Санчқига илинган ҳил-ҳил гўштни оғзига солган Жамшиднинг кўзлари лаззатдан сузилиб кетди:
– Оҳ-оҳ-оҳ! Ейишдан бошқа нарсага ярамайдиган бўпти-ю!
Таом тугагунча санчқи ва қошиқлар шовқинига лаблар чапиллаши жўровоз бўлди.
– Энди ёшлар билан ишлашимиз керак, – Элмурод қоғоз сочиқчага лаб-лунжини артиб, чой хўплади. – Нега? Чунки ниҳолни тарбия қилсанг, узо-о-қ вақт мева беради. Уларни алдаш, йўлдан уриш катталарга нисбатан осон. Энг асосийси, бир гап бўлса, ота-онаси балогардон бўлиб кетаверади.
– Тўппа-тўғри. Ака, ҳозир нима кўп? Бекорчи ёшлар кўп. Ким кўп? Пулга муҳтож кўп. Пул бўлса – чангалда шўрва.
– Ҳаммасини ота-буваси – пул…
Элмурод кутилмаганда юзига фотиҳа тортиб, ўрнидан турди-да, давра аҳлига буйруқ оҳангида деди:
– Энди менга рухсат берасизлар! Сизлар баҳузур ўтираверинглар! Ҳеч ким жойидан жилмасин!

Барака топсин Ҳидоят

– Дада, еримиз кенгайиб, ариқ торайиб қолганга ўхшайдими? Ё менга шунақа туюляптими?
– Ҳа, бола ёш, чиқмагансан-да яқин орада. Юргансан-да шаҳарма-шаҳар сандироқлаб ҳалокунинг итидай. Ерга бегона – элга бегона, дейишади.
– Тўғри, охирги марта қачон чиққаним эсимдаям йўқ.
– Анави ўрикзорнинг ерини шохдан йиқилавериб ўзинг қотиргансан. У ўриклар энди қариди. Меваси сийрак. Анови… аянгни тандир касовига ўхшаб турган акашак шохларни каллаклагани чиқдик. Сен арра тортолмайсан, – деди ота Рустамнинг қўлига ишора қилиб, – болтаниям кўнгилдагидек сололмайсан. Тоғанг жиянларинг билан ёрдамга чиқаман деган экан, дараги йўқ.
– Айтган бўлса кеп қолар. Тоғам бир сўзли одам-ку.
– Бир сўзли бўлгани учун қирчиллаган ёшида амалидан айрилиб, яккамохов бўлиб ўтирибди.
– Унчаликмасдир-е, дада…
– Шунчалик-да, бола ёш. Ўзи, бу дунёда худо ургандан кўра бандаси ургани ёмон. Худо уриб майиб-мажруҳ бўп қолсанг, – шу сўзни айтиб ота ўғлининг бўйнига осиғлиқ қўлига қараб қўйди, – бу гапнинг сенга алоқаси йўқ, хуллас, ногирон одамга бошқаларнинг раҳми келади, хабар олади, ёрдам қилгиси келади. Бандаси, яъни каттароқ раҳбар урса-чи? Тамом, ҳамма ўзини олиб қочади.
– Бу ҳикматларни қайда ўргангансиз, дада? Бобом раҳматли жуда камгап эди.
– Ҳаёт мактабида, бола ёш… Ҳавонинг айнигиси бор, қўлинг зирқираяптими?
– Ҳа, буниям сезиб турибсиз-а?
– Ўзимам шу-да. Осмонга булут чиқса, оёғим қақшаб оғрийди. Унга буни нима алоқаси бор, шу жойига ақлим ожиз. Ўзи ёшинг ўтинқираб қолганда бирор жойинг оғриб, борлигини билдириб турмаса ўзингни ёмон ҳис қиладиган бўп қоларкансан.
– Дада, оёғингиз ростдан зинада тойиб синганми?
– Тойдириб синдиришган. Гдлян хунасани одамлари синдиришга уста эди. Лекин айбномага қўл қўймаганман. Буни биласан.
– Ўшанда ҳамма бир-бирини сотган экан-а? Жон ширин-да…
– Келгиндиларга роса худо берган-да, тоза яйрашган қўрқоқлигимизни, тарқоқлигимизни, худбинлигимизни кўриб. Қўй-е, падарига лаънат, эслатма ўша кунларни.
– Дада, нега биз шунақамиз?
– Қанақамиз?
– Бирлашмаймиз, бир-биримизни қўлламаймиз?
– Менам шунга ҳайронман. Тарихимиз ундоғ-мундоғ деймиз, мақтанамиз, фалончининг авлодиман деймиз, лекин дўппи тор келса, тумтарақай қочамиз.
– Балки, Шўро юрагимизни олиб қўйгандир?
– Хонлик даврида-чи? Ўшандаям худди шу томоша эди. Қодирийни “Ўтган кунлар”ини яна бир ўқиб қўй.
– Шунинг учун энди ғурурли, ориятли, бутун йигитларни тарбиялаш керакмикан, эркин бўлдик-ку, тўсиқлар йўқ, дейман-да, дада.
– Маъқул. Ўзинг ҳам пахтазорда туғилгансан. Болалигингда тузук-қуруқ кийинтиролмаганман, едиролмаганман. Ҳамманинг қора қозони бир маҳал қайнарди. Шундаям тоғни талқон қиладиган бўп чиқдинг-ку. Ҳозир шароит бошқа. Менимча, сени йўлинг тўғри. Энди ўзбекни даври келди. Спорт ҳам бирлаштирса керак авомни.
– Демак, сиз қаршимассиз-а? Аям ҳали кўрадиганингни кўрасан дадангдан, деб ўтакамни ёрятувди.
– Яхши аёл эрини улуғ кўрсатади, тарбияга восита қилади. Ёмон аёл эрини ерга уради, шу билан боласиниям расво қилади. Сен билан мени бахтимиз шуки… хуллас, гапирсанг гап кўп…
– Мен ҳовлига тушиб чиқайми, дада?
– Ҳа, бола ёш, сен адирни ҳавосини олгин, туп­роқни ҳидини туйгин пича. Бу давр ҳам ғанимат.
– Бирпасда шунча вақт ўтиб кетибди-я. Раҳматли бобом билан ўрикзордан тош териб, сойлиққа ташиганимиз эсимда.
– Ҳа-а… Худо раҳмат қилсин бобонгни. Ҳалол одам эди… Ҳозир “ҳалол одам” десанг ношуд кимсани тушунишади, а? Ҳа, майли. Ишлаб-ишлаб, роҳатини кўрмай ўтиб кетди. Бу қисталоқ Шўро деганинг деҳқонни кўкартирмади-да.
– Бобом ўзиям тинмасди, сизниям ҳеч тиндирмасди. Дам олиб ёнбошлаганини бирор марта кўрмаганман.
– Бизнинг умр заҳматда ўтди. Энди сенларники – мазза. Гоҳида сени талтайтириб юбордимми деб ҳам ўйлаб қоламан. Негадир бегонасираб юрасан.
– Бу ёғи янги ерми? – гапни чалғитишга уриниб, соғ қўли билан кўчат экилган майдонга ишора қилди Рустам. – Ҳидоят айтувди. Булар қанақа кўчат? Гилосми, ўрикми?
– Болалигингда чироқни кўрсатиб, “Бу қайси қушни тухуми?” деб сўраган эдинг. Олма, жоноқи олма. Барака топсин Ҳидоят. Бу ерни ер қилгунча она сутимиз оғзимизга келди. У сени ўрнинггаям ишлади. Эҳ! Шу келинимга тирноқ ҳам берганда эди…
– Тоғам қайси ўғли билан келаркан, айтмаганмиди?
– Нима фарқи бор? Ўрни ўзгаргани билан қиймати ўша. Бўлаларинг ҳам меҳнатни кийворадиган хилидан. Қайда соя бўлса, ўша ерда тоғаваччаларинг, ёзда, албатта…
– Ҳа-а…
– Уйга келиб, аянг билан гаплашиб ўтиргандир-да чордана қурволиб, тўққиз қўйиб. Унга эшитадиган қулоқ керак. Ўтган бозор куни сўфи гимнас­тика, ҳакка нонушта қилмасдан уйга кепти аянгни сўраб. Ҳа десам, икки оғиз гапим бор эди опамга, дейди. Икки оғиз деб пешингача чакаги тинмаса-я. Радиогаям дам.
– Уйга тушиб чиқайми?
– Қўй-а. Шикаст қўлингдан уялиб, тутма-тут паналаб бориб-келгунингча бу ерда мен ўзим илдиз отворарман…

Сайр

Отда сайр қилишнинг бошқача гашти бор. Авто ҳам яхши, лекин у барибир темир-да. От бошқа гап. Сенинг раъйингни, хоҳиш-иродангни одамдай ҳис қилади яхши от.
Сайр шавқини олган Тоҳиржон тулпорини гоҳ йўрғалатиб, гоҳ чоптириб адирни чангитади. Йўртганингда йўлдош бўлган шамол чопганингда қаршингга ўтиб йўлингни тўсмоқчи бўлади. Бундай пайтларда завқинг Шоҳимардон қояларидек юксалади, юрагингда ёввойи шодлик Кўли Қуббондек мавж уради: “Эҳ-е-й! Шамолла-а-ар, шамолла-а-ар, менга етиб оли-и-инг!”
Ҳаво чавандознинг қўйнига кириб, кўйлагини қанор қопдек шиширади. Димоғига адирнинг ўту ўланлари ўткир ҳидларини тутади, от тақаси зарбидан майда шўхак-тошчалар тангадек сочилади. Мовий осмонда беғам сузаётган увада булутлар ердаги отлиқнинг шиддату шаҳтини кўриб, ўзлари ҳам аста-секин тулпор шаклини ола бошлайди.
“Ҳа-а-айт!”
Тоҳиржон от бошини озод қўйиб, далада машқ қилаётган боксчи болаларнинг – тенгдошларининг рўпарасидан чиқиб қолди. Болалар беҳи шохига осилган қипиқ қопни дўппослаб шуғулланарди. Олдин узоқроқдан иккала қўлини дурбин қилиб томоша қилди. Кейин қизиқиши ортиб, яқинлаша келди.
Болалар унга бепарво назар ташлаб, ўз машқларини давом эттиришди. Икки бола астойдил бир-бири билан бокс тушар, қолганлари бошқа машқлар билан банд эди. Тоҳиржон отдан тушиб, жиловни тутганча узоқ вақт қолиб кетди. От бетоқат депсинар, пишқирар, лекин чавандознинг фикри-зикри спортчиларда эди. Болалар томошабин пайдо бўлганидан янада руҳланиб, қойил қолдириш учун бор ғайратларини муштларига беришди. Уларнинг баҳамжиҳат, аҳиллик билан машқ қилаётганида, бир-бирига далда бўлиб, қўллаб-қувватлашларида, ўзаро самимий ҳурматларида аллақандай сирли қудрат сезиларди. Тоҳиржон отини етаклаб, тилар-тиламас машқ майдонидан узоқлашди.

Ўқитувчи бўлиш қийинми?

– Болалар билан ишлаш қийин-а?
– Осонмас. Лекин ўрганиб қоласиз. Ҳар бир бола ўзига хос дунё. Бугун бир ўқувчимнинг уйига бориб келдим. Ўзи уқувли, тарбияли бола. Лекин бирдан уйидагиларга “Мактабга бормайман”, деб туриб олибди. Уч кундан бери дарсга келгани йўқ.
– Сабаби нима экан?
– Ким билади, айтмади. Борсам, уйида бир ўзи. Бошқалар Қўштегирмонга қидириб кетишган экан. Ҳовли хазон босиб ётибди. Бола тушкун.
– Мен танийманми? Оти нима?
– Танимасангиз керак – Азизбек. Пастмаҳалладан.
– Танийман, Носир аканинг ўғли-да?
– Таниркансиз, ўша… хуллас, дардини очиқ айтмагач, индамасдан супургини олиб, ҳовлини супуришга тушдим. Қўлимга ёпишади “Қўйинг, опой”, деб. Ўзи ҳаммаёқни саришта қилгунича супада кутиб ўтирдим. Бирам хижолат бўлдики. Менимча, эртага дарсга келади.
– Қойилман. Тайёр психолог ҳам бўп қопсан.
– Сиз ростдан ҳам мактабда ишламоқчимисиз?
– Физкультура ўқитувчисини иши қийинми? “Қани болалар, тўпни олиб тепинглар. Қизларга жавоб, кетаверинглар. Шоввозлар, энди мактаб атрофида югурамиз. Бир, икки, уч, орқада қолган – ширгуруч”. Шуми?
– Қийинмас, – деди кулиб Ҳидоят. – Ҳар ҳолда уйга дафтар олиб келиб текширмайсиз-у. Ўт тушкур қоғозбозлик сизда камроқ бўлади. Лекин сабр-тоқат талаб этилади. Юрагингиз кенг бўлиши керак. Қўлингизга эрк бермайсиз.
– Болаларга бокс тушишни ўргатмоқчиман. Мактабга ишга кирмасам бошқа қаерда ўргатаман? Қишлоқда уйма-уй юриб, болаларни йиғиб чиқаманми? Мактабда эса дарс жадвали бўйича ўзлари келишади.
– Боксчи бўлиш учун мактабдаги дарс соатлари камлик қилмасмикан? Сиз ҳар куни шуғулланардингиз-ку?
– Камлик қилади. Аввал бошлаб олайлик. Кейин ўзлари келишади. Қиламан десам иш кўп. Ҳозир асосийси бошқа масала. Бокс билан алаҳсиб, уйда кам бўлдим. Етарлича эътибор қарата олмадим сенга. Энди кўпроқ вақтимни сен билан ўтказсам дейман…
– Дафтарларни кейин текширарман, – Ҳидоят дафтар-қаламини йиғиштириб, ўрнидан турди, – тумандан тўкни узадиган пайт ҳам бўп қолди.

Бирга шуғулланамиз

– Дадажон…
– Нима дейсан?
– Ҳалиги… спорт яхши-а?
– Албатта, яхши. Мен ҳам сендайлигимда кураш билан шуғулланганман. Ҳозир ҳам, биласан-у, тонг саҳарлаб ўн чақирим югураман. – Елкасини кериб қўйди дадаси.
– Тоғанг ҳам спортчи, – деб гап қўшди онаси.
– Спиртчи дегин, – деди Геракл энсаси қотиб.
– Сиз билармидингиз, шахматни қотиради.
– Ҳа, шахмат тошини суравериб, мушаклари қайроқдай-қайроқдай бўлиб кетган экан-да?
– Дада, мен бокс билан шуғуллансам… Нима дейсиз?
– Нима дердим, маъқул. Шод бўламан, ўғлим. – Хотинига бир қараб олиб, сўзида давом этди Геракл. – Мардларнинг спортини танлабсан.
– Жийронни совутиб юргандим, рапқонлик болалар шуғулланаётган экан. Роса ҳавасим келди.
Бу гапдан Гераклнинг ранги бўзариб, жаҳли чиқиб кетди:
– Нега у ёққа бординг? Пишириб қўйибдими? Ҳеч қанақа бокс-мокс йўқ! Гап тамом!
– Дадажон…
– Бирга шуғулланамиз! Сени ўзим пишираман!

У мусулмонмас – спортчи!

Бошдан-оёқ қоп-қора кийинган, оқ дўппили, эчкисоқол Қобил чамаси етти-саккиз яшар ўғилчасини диканглатиб, боғ оралаб шитоб ўтиб қолди. Ўғилчаси ҳам иссиққа қарамай банорас чопон кийиб олган, бошидаги оқ дўпписининг кегайлари тердан қорайиброқ кўринади.
Арраланган ўрик шохларини бир қўллаб тахлаётган Рустам йўловчиларга ажабсиниб қаради, ўнг қўлини ортига яшириб, салом берди.
– Ассалому алайкум!
Қобил ижирғаниб, юзини тескари буриб ўтиб кетди. Рустам ҳайрон қолди. Ўзича: “Қаерда кўрганман, кўзга жуда иссиқ кўринди. Синфдошим Қобилга ҳам ўхшаркан”, деди-да, яна ўз ишига машғул бўлди.
– Дада, дада, анави Рустам амаки синфдошингизми? – деб сўради Қобилдан ўғли.
– Ҳа, тезроқ юр!
– Нега саломига алик олмадингиз? Домламиз: “Саломга алик олиш парз”, дейди-ку?
– Мусулмонни саломига алик олиш керак. У мусулмонмас, спортчи.
– Ие, дада, Муҳаммад Али деган боксчиям мусулмонликни қабул қилган экан-ку!
Қобил ўғлининг юзига бир тарсаки туширди:
– Менга қара, эй Абдуқундуз, неча марта айтганман сенга телевизор кўрмагин деб. Кўзингни ўйволайми? Қайда кўрдинг?
Абдуқундуз ҳиқиллаб йиғлашга тушди:
– Кўрмадим, кўрмадим, дадажон! Мактабда синфдошларим айтди.
– Ҳе-е, ўша мактабингга, валлоҳи аълам! Энди бормайсан! Таълим-тарбияни охиригача Остонақул ҳазратимдан оласан!
Абдуқундуз баралла йиғлаб юборди, ерга ўтириб, товони билан тупроқ суриб, хархаша қила бошлади:
– Мактабим яхши, дада! Устозларимам яхши!
– Яхши устозни энди кўрасан, – Қобил бирдан тутақиб кетди. – Эй, Абдуқундуз, отага гап қайтарма! Дўзахи бўласан! Тур, кетдик, Қайсари Рум!
Бола туравермагач, даст кўтариб елкасига тарози қилиб ташлади-да, йўртиб-йўртиб, йўлда давом этди.

Оталар сўзи

– Рустам акани қаердан топса бўлади?
– Боксчими?
– Ҳа.
– Ҳўв ана ўзи. Болалар билан…
Кўликлар юриб кетди.
Рустам тўгаракка янги қабул қилинган болаларга тартиб-қоидани тушунтирарди:
– Асосийси – узлуксиз машқ. Бунинг учун ирода керак. Ирода нима, биласизларми? Бу қийинчиликларга чидам дегани. Хуллас, боксчи бўлиш учун чинакам ўғил бола бўлиш керак. Тушунарлими? Хўп, бугунга етади, – Рустам машғулот тугаганини эълон қилди.
– Устоз, қачон мусобақаларга олиб борасиз?
– Олиб бораман. Жўжа тухумдан чиқиши учун камида йигирма кун керак, пўчоқни ёришга ярайдиган даражада чумдуги қотган бўлиши шарт. Хуллас, сабр-тоқат, ирода ва машқ!
– Чемпион бўлолмаганлар мелисага ишга кирсаям бўлади, а?
– Ниятни яхши қилсанг-чи! “Чемпион бўламан”, деб олдингга мақсад қўй, интил!
Меҳмонлар болалар тарқалишини кутиб туришди. Ниҳоят Элмурод ҳоли қолган Рустамнинг ёнига келиб, қўл чўзди:
– Салом!
– Ваалайкум ассалом, – деди Рустам хушламай.
– Ёнингизга ёрдам сўраб келдим, Рустамжон. Биламан, мени ёқтирмайсиз, лекин отам замонидаги гапларни кўтариб юриш сизга ярашмайди. Ўтган ишга саловат. Эгилган бошни қилич кесмас, дейдилар… Болаларимизни шогирдликка олсангиз.
– Шаҳардаям яхши мураббийлар кўп.
– Ўзимизда отни қашқасидаймиз-да. Кўздан нарироқда машқ қилишгани яхши. Кўз тегмайди.
– Болаларингиз неча ёш?
– Ҳар хил. Шерзод, неччидасан?
– Йигирма иккида.
– Бундан ёшроқлари кўп, бироз катталариям бор.
– Узр, мен мактаб болаларига ўргатаман.
– Пулига гап йўқ. Хоҳласангиз олдиндан тўлаймиз. Бехижолат.
– Мен бошқа мақсадда ўргатаман. Шогирдларимни ҳалол чемпионликка тайёрлайман. Меники – спорт.
– Бизам спорт тарафдоримиз. Қанча кўп чемпион чиқса, шунча яхши! Суягиям, гўштиям сизники…
– Яна ўша гап… Бир пайтлар мени кўча жангига тортиш учун минг хил найранг ишлатган эдингиз. Энди…
– Энди… Мен тадбиркор одамман, очиғи, қайда пул борлигини орқам билан ҳис қиламан.
– Шунақа гапларни жиним суймайди…
Элмурод ҳал қилувчи сўнгги зарба бермоқчи бўлди:
– Ахир ўқитувчининг ойлигига яшайдиганлардан эмассиз-у.
– Сиз мени ғамимни емай қўя қолинг. Бировнинг ғамини егунча…
– Сиз бировмассиз-ку, юртдошмиз ҳарна…
– Сизни йўриғингиз, йўлингиз бошқа.
– Жавоб беришга шошманг. Ҳар томонлама ўйлаб кўринг. Мураббийлик қилаётганингизгаям анча бўп қолди шекилли, неча йил бўлди?
– Бир йил.
– Вақт бирпасда ўтиб кетади. Қарабсизки, бир қўлда ҳасса, бир қўлда бурноқларни шимилдириғини артиб юраверасиз. “Кейинги пушаймон – булбулимни ушлайман”, дейдилар. Ёки ростданам шулардан катта боксчилар чиқади деб ўйлайсизми?
– Чиқади! Мана шу болалардан жаҳон чемпионлари чиқади!
– Жаҳон чемпиони?! – Элмурод кула туриб чакагини ушлаб қолди. – Кулдирманг. Ўзим ҳам бокс тушиб тураман. Кулсам чакагим оғрийди.
Рустам илжайди.
– Бекорга куляпсиз. Ёшим катта бўлсаям унча-бунчасидан зарба ўтказмайман.
– Ўтибди-ку.
– Сизнинг орзуларингиз ҳақидаям эшитгандим, – деди Элмурод кесатиққа парво қилмасликка тиришиб. – Аммо бунчалик ўжарлигингизга ишонмагандим. Бўладиган ишдан гапиринг. Тарихда ўзбекдан жаҳон чемпиони битта чиққан – Руфат Рисқиев. Унгаям неча йил бўлди? Кейингиси қачон бўлиши номаълум.
– Муҳаммадқодир-чи?
– Уям адашиб биттагина чиқиб қолган-да.
– Яна чиқади.
– Рапқондан-а?
– Рапқондан.
– Менга қаранг, йигит, қишлоғингизга Кубадан манаман деган мураббийлар келиб, тавалло қилсаям мўъжиза рўй бермайди. Четда туриб кучанганинг билан қисир сигиринг эгиз туғмайди, деганлар. Эси-ҳуши жойида одамга ўхшайсиз-у, гапираётган гапларингизни қаранг. Ундан кўра тирикчилигингизни қилсангиз-чи! Ё анави рангида раҳмони йўқ шогирдларингиздан бирортаси қарсиллатиб пул санаяптими – менга йўқ дейсиз? “Фалонча бўлади”, денг, тамом, вассалом!
– Яна ўша гап! Яна пул! Менга қаранг, иккита жиянингиз Қўштегирмондан велосипедда қатнайди. Эшитишимча, укангизни ўғиллари экан. Уларни яшаб турган уйини “касал укамни Ҳиндистонда даволатаман”, деб сотиб, пулини кўча жангига тикворибсиз. Болаларга ғамхўрлигингиз, спортга муносабатингиз шундан аён!
– Одамлар нималар демайди, – деди Элмурод гангиб. – Укамнинг бу дунёдан ризқи узилган экан. Нимаям қила олардик. Жиянларимни эса “Онам ёлғиз”, деб келин эргаштириб олиб кетди. Укамни хотинига хўжайинчилик қила олмайман-ку. Рус­тамжон, майда гаплардан баландроқ бўлайлик, дўстим.
– Хўп, хайр!
Элмурод машинага ўтиргандан кейин ҳам Рус­тамдан кўз узмади.
– Беҳуда ишларга умр сарфлаб юрадиган ғалати одамлар ҳам бор-да. Бунақалар хоҳлаган пайтимда дунёга яна келаман деб ўйлашса керак.
– Шунақа афандилар билан ҳаёт қизиқ-да, босс.
– Девона дегин. Лекин бугун шу девонанинг номи бизга жудаям керак. Фалончининг шогирди деган гапнинг ўзи спортчининг ҳурматини кўтариб юборади.
– Ҳа… Босс, балки палакат босиб, жаҳон чемпиони чиқарар? Худо билади…
– Бўталоғим, худонинг ишига аралашиш одобданмас. Сен ўз ишингни қилиб, текисроқ йўлдан ҳайдайвер. Яхши йўлдан юр!
– Тушундим, босс, узр… Отам ҳам нуқул ёмон йўлга юрма, дейди.
– Оталар сўзи – ақлнинг кўзи!

Савдомиз пишмади

– Ҳа, тақсир, қишлоққами?
– Қишлоққа, Қобилжон, қишлоққа.
Қобил йўловчилар машинага жойлашиб олгач, томоғини қириб, сўз қотди:
– Собир ака, каминага Қобилжон дебмас, Абдиқобил деб гапираверинг.
– Ие, узр. Отингизни бошқа қўйдингизми?
– Бошқатдан туғилдингизми, деяверинг. Ҳақ йўлини тутганмиз, иншолло.
– Машина қуллуқ бўлсин.
– Қуллуқ, мошолло.
– Деҳқончилик бу йил зўр бўпти-да?
– Астағфурулло! Афандимисиз, тақсир? Ерга тирмашган ер бўлади. Деҳқончилик билан тирикчилик қиб бўлармиди?
– Сизам савдога ўтдингизми?
– Тақволи бандасига тепадан тушади, – деди Қобил кўзи билан шифтга ишора қилиб.
– Тепадан? Қанақа қилиб, Қобил… Абдиқобил?
– Яхшилаб сўрасангиз, Ўзи беради.
– Бизгаям ўргатинг.
– Ҳа, балли! Менам шуни айтаман-да. Бу ўткинчи дунёда худобехабар бўлиб ўтишнинг оқибати дўзахнинг олови, валлоҳи аълам. Охиратни ўйлаш керак, охиратни, тақсир. Шунда бу дунё ҳам обод бўлади.
– Шу дунёни обод қилолмай доғдамиз-да, Абдуқобил.
– Тақсир, мундоқ бизни давраларгаям бош суқиб туринг. Ўғлингиз ҳам таҳорат оладиган ёшга етиб қопти. Мана, менинг Абдиқундузим ҳазратимнинг даргоҳида ўқияпти. Мактабни йиғиштирган. Камгап, одобли бола бўлиб қолди, кўз тегмасин. – Қобил кутилмаганда машинани тўхтатди. – Укам, отинг нимайди? Ҳа, Абдуллажон-а? Бирпас пастга тушиб тур. Ҳа, балли. – Абдулла машинадан тушиб, эшикни ёпгач, шивирлаб давом этди. – Тақсир, бу ибодатларни дунёвий мукофотлайдигон биродарларимиз бор. Даврага кириб, аъзо бўлсангиз, рўзғор ҳам бут, ҳамён ҳам бўғоз. Мана шу ўғилчангизни ҳазратимга беринг. Кам бўлмайсиз, тақсир.
Собир бироз ўйланиб, иккиланиб турди:
– Узр, ҳазрат ким эди?
– Ҳа, бағдодлик Мамасоли ҳазрат-да.
– Ҳалиги бутилка махсимми? Бағдоддаги китоб дўконини сотиб олиб, ароқ магазинига айлантирган ўшамасми мабодо?
– Астофурулло! Тақсир, биринчидан, ароқ билан шаробни фарқи катта. Шароб Ибн Синони китобидаям бор, шифо дейилган. Иккинчидан, ҳазратим ичишниям, сотишниям ташлаган тавбаси калонлардан. Ўйлаб гапиринг!
– Шунақа демайсизми, мен уни яхши танийман. – Собир ойнадан ўғлига қаради. – Чиқ, Абдуллажон. Бўлди. Савдомиз пишмади.

Ҳасрат

– Бу… эр дегани буюм-пуюммасакан-да! – деди Шаҳноза овозида йиғи билан. – Куйдиргани куйдирган. Яна мени устимдан кулгани ортиқча.
– Нега кулади? Ойдай хотин бўлсанг, чеварсан, пазандасан…
– Баҳона-сабаб топиб кулгани кулган. У куни ҳовлида кир ювиб ўтирсам, эшик тақиллаб қолди. Чиқсам, оқ халат кийган бир йигитча билан бир аёл турибди. Шундай-шундай, ҳар эҳтимолга қарши, ит-кучук, мушукларни қутуришга қарши эмлаб юрибмиз, дейишди. Хўп, ҳозир, дедиму, у кишим ётган болохонага чиқиб, кучугимизни эмлатиб қўяйлик, ўз оёқлари билан келишибди, бор-йўғи тўрт минг сўм экан, дедим. Маъқул, деб харом илжайиб қўлимга пул узатди, санамай олаверибман. Қувалаб юриб, Бўйноқни тутиб, уколни уришди. Пулни берсам, ҳалиги ветеринар аёл биз битта кучукни эмладик, сиз иккитага пул беряпсиз, дейди…
Ҳидоят хандон ташлаб кулгу бошлади-ю, кафтини оғзига босиб, силкиниб-силкиниб узоқ кулди:
– Оббо қуриб кетмагур-ей, боплабди-ю…
– Мендаям қолиб кетмайди, биласану, қайтиб чиқдим болохонасига, ҳа, бўлдими, дейди тиржа­йиб. Билиб турибман, қайнисингилларимга тайёр латифа кўзлаб ётибди. Менам бопладим. Тўрт мингини ёстиғига ташлаб, “Хотиржам бўлинг, қайнонангиз уйида экан, у ёққаям кирдик”, дейишди, дедим.
– Урмадими?
– Ўрнидан тургунча ҳовлига тушиб, дарвозани ёнига борволдим. Эринди шекилли, деразадан хезланиб қўяқолди.
– Рустам акам эрингни дилкаш, кўнгли оқ деб мақтайди. Бировга ёмонлиги йўқ, дейди.
– Бировга ёмонлиги йўғу, оилага яхшилигиям кам-да… Ўтган йили латареяга қизиқиб, битта қўйни пулини кўкка совурганиди. Энди хўроз ўйинга танда қўйди.
– Тавба…
– Ўзи болаларга ёлчитиб бирор нима олиб бермайди. Тайёр емлаб турган сўқимимизни сотиб, Расул полвонни хўрозини сотволди. Қолган пулни белига тугиб “дод” деганимга қарамай Жийдалига қоратомошага кетди…
– Мактаб пайти энг аълочилардан эди-я эринг? Физикада ҳеч ким етолмасди.
– Мактаб бошқа, ҳаёт бошқа экан-да, Ҳидоят, мана, сени Рустам аканг…
Дугоналар ҳасратлашиб, дардлашиб эшик томон юришаркан, дарвозахона токчасига қўйиб кетилган бозорликни кўриб, бир муддат гапдан тўхташди.

Қоратомоша

Рустам Жийдалига етиб борганида давра томошабин билан тўлиб-тошган, тўрда Геракл хом макарон ютган бабоқдай қўр тўкиб ўтирарди. Икки четда икки даъвогар хўрозини совутиб турар, уларнинг бири Нўъмон эди.
– Қаддингдан кетай, қадрдонлар! – деб ҳамманинг эътиборини ўзига қаратди даврабоши. – Ана энди бугунги томошанинг энг зўр жангига етиб келдик. Эсларингда бор, Расул полвонни хўрози кўп жангларда ғолиб чиқиб келаётган эди. Ана ўша қўлинг ўргилсин кулонкир мулла Нўъмонжоннинг номидан жангга киради. Рақиби узункўчалик Ихтиёржоннинг дакани. Қани, ким кимга тикади?
– Ўзимиз бошлаб берамиз-да бўлмаса. Мана, беш юз кетди, – деди Нўъмон илжайиб.
– Мендан юз, – деди Ихтиёр атрофга аланглаб.
– Қадрдон хўрозимга минг тикаман, – Расул бармоғига туфлаб пул санай кетди.
– Ия, ия! Ҳамма Нўъмонжон тарафга ўтиб кетди-ю! Бирорталаринг Ихтиёржонга ҳам тикинглар.
– Бизники доим таваккал! Гардкам! Ихтиёржонга икки минг тикдим, – деди Геракл.
Жавлон давра айланиб, дов тикканларнинг пулини йиғди ва иккита алоҳида қутига жойлади. Кейин Нўъмонга яқин келиб:
– Агар ютсангиз, бир умр Иззат акани чойхонасида биқинга болиш тортиб кайф қилишингизга етадигани йиғилиб қолди, – деди тирсаги билан шимини кўтараркан.
– Ютаман-да! Эрталаб Расулжоннинг ўзи хўрозимга хом жигар едириб, оқ фотиҳа бериб кетган. Кўнглим тўқ.
– Бизиям қуруқ қўймассиз, ака, – Жавлоннинг гапига Нўъмоннинг энсаси қотиб, эшитмаганга олиб қўяқолди.
Даврага ташланган хўрозлар, одатда, рақибига ҳайбатли кўриниб чўчитиш истагида ҳурпайганча бир-бирига ёлғондакам даф қилади. Лекин негадир Нўъмоннинг хўрози паришон ва карахт кўринар, зарбаларга жавоб қайтармас, рақиб хўроз эса тўхтовсиз чўқиб, тарсиллатиб тепарди. Нўъмон саросимада нажот қидириб, атрофга аланглай бошлади. Расулга кўзи тушиб, у томонга қараб юрди. Расул елкасини қисиб, қўлларини ярим кўтариб, ҳайронлигини билдирди. Нўъмоннинг олазарак кўзига гўё томошабинлар унинг устидан қотиб-қотиб кулаётгандай, бармоқларини бигиз қилиб мазахлаётгандай кўринди. У қанотини беўхшов ёйиб, чўккалаб ётган хўрозига, пул солинган қутиларга қаради. Шу пайт даврага кириб келган Рустамга кўзи тушди-ю, хўрозини даст кўтариб, югуриб унинг ёнига борди. Геракл ўрнидан тургач, давра сув қуйгандек тинчиб қолди.
– Бу нима номардлик? Хўрозни ташланг охиригача! Ё енгилдим деб тан олиб қўяқолинг!
– Йўқ-йўқ! Бу ерда бошқа гап бор! Ғирром бўлди! – деди Нўъмон талвасага тушиб.
– Нима ғирром бўлди? Исботинг борми?
– Билмайман! Лекин кўнглим сезяпти. – Бирдан Расулга қараб давом этди. – Ҳа, Расул… мараз, эрталаб жигарга қўшиб дори бериб қўйгансан, иплос! Экспертиза қилдираман!
– Экспертиза? Балки БМТга борарсан? Ўзинг қиморвоз бўлсанг, нима деб шикоят қиласан? – деди Геракл жаҳл билан.
– Нўъмон, ўша эрталабки жигардан қолганми? – гапга аралашди Рустам.
– Бир бўлакча қолувди.
– Тамом. БМТга бориш шарт эмас, ҳозироқ аниқлаймиз. Кетдик!
Расул каловланиб Гераклга қаради. Геракл шошиб бориб, Рустамнинг йўлини тўсди.
– Танишсак бўладими? Осмондан тушдингизми?
Шотирларидан бири Гераклнинг қулоғига секин шивирлади:
– Боксчи, чемпион бу. “Арслон” дейишади.
Геракл Рустамга истеҳзоли қаради:
– Эчкини ўлгиси келса… Нега бировнинг ишига тумшуқ суқасиз?
– Булар менга биров эмас. Сиз кимсиз?
Нўъмон Рустамга шивирлаб, уни таништирди:
– Геракл дегани шу бўлади.
– Тушунарли.
Геракл Рустамнинг билагидан ушлаб, четга тортди:
– Гаплашиб олайлик.
– Нимани гаплашамиз?
– Мақсад нима ўзи?
– Пулимни қайтариб берсин! – деб орага бош суқди Нўъмон.
– Бу эркакларни ўйини. Лафз олтиндан қиммат! Ё хабарингиз йўқмиди? –ҳақ талаша бошлади Ихтиёр.
– Тўхтанглар! Тўхтанглар! – деди Геракл иккала қўлини кўтариб. – Ростанам тушунмовчилик бўлганга ўхшайди. Расул, бери кел! Хўрозга нима бўлган? Буларнинг шубҳаси ростми?
– Энди, босс, бу дунёда товуқдан нозик нарса йўқ. Бир касал тегса, ёппа қирилади. Қорасон бўлганми, офтоб урганми – итим биладими. Мен дўстлик қилиб, Нажим қассобдан янги жигар опкепман-а… Эсиз, хўроз. Нобоп қўлга тушган экан-да.
– Биродарлар, бундай қиламиз, биз учун энг асосийси – адолат. Расул, Нўъмонни пулини қайтарасан, Нўъмон, тиккан пулингни санаб ол. Ихтиёр, Нўъмоннинг хўрози қочгани йўқ. Демак, дуранг бўлди. Ўзингни бос. Дов тикканлар ҳақини қайтариб олсин, жанг бекор бўлди. – Геракл Рустамга қараб сўзини улаб кетди. – Қалай, дўстим? Шу керакмиди? Муаммо ҳал.
– Муаммо ҳал бўлгани йўқ. Бу ерда жуда катта масала бор. У осонликча ҳал бўладиганга ўхшамайди. Афсуски, – Рустам атрофдаги бангиларга, ўсмир болаларга, хўроз кўтарган йигитларга бир қур назар ташлади, – бу иллат газак олиб бўпти-ю, биз бехабар қопмиз.
– Мана, даврамизга хўжайин ҳам топилди, – деди Геракл жаҳли чиқиб. Кейин важоҳат билан сўради. – Балки улуш ҳам беришимиз керакдир? Қанча сўрайсан?
– Қанча эмас, нима сўрайсан, дегин.
– Хўш, нима сўрайсан?
– Даф бўл! Бизникиларни тинч қўй! Бўлмаса… чиққан жойингга…
– Вой-вў, қўрқиб кетдим-ку. Сендақаларни кўпини кўрганман, укам. Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил, дейилади ўзбек мақолида. – Геракл йиғилганларга қараб овозини бир парда кўтарди. – Бу Арслон эмиш, биласизлар, арслон-парслонлар циркда томоша кўрсатиб, қорин тўқлайди. Лекин бўри, – шу ерга келганда кўксига шаппатлаб қўйди, – ҳеч қачон луқма илинжида ялтоқланмайди, бош эгмайди. Бўрини қамчи зарби ҳам синдиролмайди.
– Тўғри, лекин бўри билан чиябўрини фарқи бор. Аммо иккала тоифаниям касби – ўғирлик, талончилик. Ҳатто қуёнларгаям тўда бўлиб ташланади. – Рустам Гераклнинг атрофига йиғилиб олган тўдага, Ихтиёр, Расул, даврабоши, Жавлон ва шотирларга бирма-бир қараб чиқди.
– Томоша тамом! Тарқалинглар! – даврабоши Гераклнинг фикрини уқиб, эълон қилди, – кейинги томошага яна хабарлашамиз.

Қани кетдик, шунқорлар!

– Одамни чипор чўчқадан фарқи шуки, унда мақсад, орзу бўлади. Ана шу орзусига етиш учун изланади, меҳнат қилади. Машҳур боксчимиз Руфат Рисқиевни кўрганман, гаплашганман. Оддийгина, ўзимизга ўхшаган одам. Фақат фарқи шуки, у ўз олдига қўйган мақсади йўлида кеча-ю кундуз машқ қилган, қийинчиликдан қўрқмаган. Шундай, агар сизлар ҳам ўзингизни қўлга олиб, астойдил киришсангиз, дунёга машҳур спортчи бўласиз. Қаерга борсангиз ҳурмат билан қарши олишади…
– Ол-а…, – деди болалардан бири қашамшанглик қилиб, – мени ушланглар! Дунёни пиёда айлансак, шиппагимиз чидармикан?.. Сигиримни кечгача икки марта суғоришим керак. Йў-ў, тўғри келмайди.
– Олдинги ўқитувчимизам футбол жамоаси тузмоқчи бўлганди. Ҳозир қаерда экан-а? – деб гап қотди бошқа бир бола.
– “Нефтчи”га мураббий бўп кетгандир…
Саф боши бола гапини тугатар-тугатмас бош кўтариб қаради-ю, шундоқ ёнгинасида турган Рус­тамни кўриб дами чиқди.
– Исминг нимайди?
– Адҳам.
– Ўша мураббий Саркисянмиди? Тузолмаганмиди футбол жамоасини?
– Ҳа-а… – деди бола довдираб. – Болаларни тўп­лаш сал қийин бўлган. Ҳеч ким ишонмаган.
– Бокс бошқа гап, – деди яна биринчи бола масхарабозлик қилиб. – Уришишни ўрганиб олсак бўлди-да. – Тиззасини чала букиб, қисқа ҳуштак чалиб, ҳавога бурама зарбалар берди. – Хушт-хушт…
Рустам унга бепарво қараб қўйиб, томоғини қирди-да, давом этди:
– Агар кимда-ким боксни муштлашиш учун ўрганмоқчи бўлса, ундайларга – катта кўча. Мен безориларни тайёрлайдиган жанжалхона очмоқчи эмасман. – Болага яқин келиб, кўзларига қаттиқ қаради. – Бокс бировни уриш учун эмас, ўзингни ҳимоя қилиш учун керак. Соғлом бўлиш учун, характерни шакллантириш, иродани мустаҳкамлаш, қисқаси, эркак бўлиб улғайиш учун ўрганилади. – Болалар жиддий тортиб, қадларини ростлай бош­лади. – Зўр спортчи ота-онасини, қишлоғини, юртини фахрига айланади. Ким кучли? Аввало, ўзига кучи етган, ўзини тўхтата оладиган одам кучли. Агар ким ана шундай эркак бўлишни хоҳласа, ҳар куни дарсдан кейин соат бешда келиши мумкин.
– Физкультура дарсига кирмасак ҳам бўлаверадими унда?
– Адҳамжон укам, дарсга кириш шарт. Яхши шуғуллансанг, майли “5” қўйиб берарман. Лекин бошқа дарсларни ҳам яхши ўқиш керак. – Сафда турган Азизга дўстона кўз қисиб қўйди. – Ишончим комил, ораларингдан ҳақиқий спортчилар чиқади! Нима дединг, Азиз?
Азиз кулимсираб, бош ирғади.
– Қани кетдик, шунқорлар!
Болалар Рустамга тақлидан қўлларини кўкрак­ларида мушт қилиб бир маромда югура кетишди.

Аҳли хомовқат

– Мен ҳайронман, ўртоқлар, жуда ҳайронман. Она сути оғзидан кетмаган норасида болани бегона одамларни қўлига бутунлай топшириб қўйиш… Тавба! Уларни на юридик ҳужжати, на ваколати бор…
Нозир сўз қўшди:
– Қобил ака мажбурий таълим тўғрисидаги қонунни бузиб, Абдиқундузни мактабдан ажратиб олди. Нима, давлат йўқми? Ҳукумат йўқми? Жамоатчилик қаёққа қараяпти?
– Ўртоқлар, шаҳар бедарвоза эмас. Қишлоқ ҳам. Ҳаммамиз томошабин бўлиб тураверсак, эртага нима бўлишини Худо билади. Шуни ўйлайсизларми, опа?
– Ўйлаймиз. Мениям юраккинам эзилиб кетди. Ихтиёр мендамас-у… Боламни ҳидини қўмсаб, ухлолмай чиқаман, – Абдуқундузни бағрига тортди онаси.
Шу пайт “Жигули” машинаси қаттиқ тормоз бериб тўхтади. Кўзлари ола-кула Қобил даврага кириб келди.
– Бировни пушти камаридан бўлган боласини, аҳли аёлини даврага олишга нима ҳаққинг бор сенларни ким бўлишингдан қатъи назар?! – Сўнг муштдеккина бўлиб ўтирган хотинига қараб ўдағайлади: – Тур, кетдик! Бошингда мен туриб, ҳе, ожизаи нопок!.. Уйда гаплашамиз!
– Шошманг, Қобилбой. Бу бола сизнинг фарзандингиз, лекин бизгаям бегонамас. Буни тақдирига биз ҳам масъулмиз, – деди фаоллардан бири Мухтор сартарош.
Қобил унинг юзига қарамай туриб зарда билан жавоб қайтарди:
– Сиз ўз болаларингизни эпланг. Кечаси-ю кундузи калта иштон кийиб, сакиллаб кўчада чопгани чопган. Спортчимиш. Ҳа, ўргилдим!
Қобилнинг бу сўзлари Рустамнинг отасига тегди. У тиззасига таяниб ўрнидан тураркан, ҳамма бирваракай шу томонга қараб нафас ютди.
– Қобилжон бизнинг Рустамбой билан синфдош. Мана бундайлигидан, – отахон кафти билан тиззасидан юқорироқни ўлчади, – билла-билла катта бўлишган. Нима жин урди, туппа-тузук юрган бола бирдан ўзини қаритиб, соқол қўйиб, оқ дўппи кийволди. Ҳаммадан ажраб, сурункали қичимага йўлиққандай доим асабий юрадиган бўлди. Мен неча марта айтдим, Қобилжон, ота-боболаримиз тутумидан қолма, энг тўғри йўл ўзимизники, Имоми Аъзам ўзимиздан чиққан, нима қиласан чегарадан чиқиб? Намозингни ўқиб, ишингни қилиб юравермайсанми “Дил ба ёру даст ба кор”, деб…
– Қайси йўл тўғрилигини Роббил оламийн сиздан яхшироқ билади, сиз адирдаги тошингизни теринг! Хўпми?!
Отахоннинг юзига ғазабдан қон тепди. У Қобил томонга шахд билан икки-уч қадам ташлаганди, ўртага нозир тушиб, қулоч ёзиб тўхтатиб қолди. Шу кўйи нозир ёнбошига бош буриб, зарда билан ўшқирди:
– Менга қара, ўв, Қобил! Сен қонунга зид иш қил­япсан. Тағинам юз-хотир қилиб турибмиз. Ўйнашма, бола! Асли бу қилмишларинг қип-қизил жиноят. Обориб Ғишткўприкнинг орқасидаги ертўлага жойлаб қўяман, Худо айтган куни мулла минган эшакдай бўп чиқасан!
– Жиноятчи бўлсам, жазоланглар! Болани ҳақ йўлга солиш жиноят бўлса, мени отинглар, осинг­лар! Шоядки шаҳид кетсам! – деди Қобил иккала кафтини боши узра чўзиб.
Нозир чаққон ҳаракат билан йиғламсираб турган Абдиқундузнинг кўйлагини кўтариб, қўранта-қўранта калтак изларини кўрсатди:
– Шу йўл билан тўғри йўлга солинадими бола? Нега мактабга юбормаяпсан?
– Бу мени ишим!
– Ўчир-е, энди сени ишинг эмас! Мана энди расман шуғулланаман! Давлатни иши ўйинчоқми?
Қобил боласига қараб ўшқирди:
– Мактабга борасанми, а, борасанми?!
Бола дами ичига тушиб каловланди:
– Йў-ўқ…
– Сени ким урди?
Бола баттар қўрқиб кетди:
– Ҳеч ким… Ўзим йиқилдим.
– Сизларда савол борми? Яна нима дейсизлар? Э-э, қўлларингдан келганини қилинглар! Аҳли хомовқат!
Болани судраб, машинага ўтқазди. Хотини эса уларнинг ортидан пиёда йўлга тушди.
– “Хомовқат” дедими? Нима дегани у?
– “Ҳамоқат” демоқчи бўлди, шекилли. “Аҳмоқлар” дегани.
– Ўбба қисталағ-ей…

Чиқмаган жондан умид

– Зўрсан-да, Рустам!
– Шогирдингизман-да, устоз!
– Барибир ўз айтганингни қилдинг-а?
– Нотўғри бўлдими?
– Йўқ. Лекин барибир Элмурод Дўлтадан чўчисанг керак, деб ўйловдим. Ҳар ҳолда, мафиоз деган номи бор.
– Қанақа мафиоз?! Уларнинг пўстагига куя тушиб бўлган. Агар ўшанинг дағдағасидан қўрқиб, жиянини ғолиб деб эълон қилсам, бурдимиз кетиб, ҳаммамизга бир умрлик иснод бўларди.
– Сен-ку адолат қилдинг. Халқ кўриб турибди. Лекин манави Анвар билан Соҳиб бурама қорин бўлгандек буришиб ўтирди. Имкон бўлса-ю, мусобақадан олдинроқ совринни Дўлтанинг жиянига тутқазворса…
– Қўйинг-е шуларни!
– Ҳа бўпти, қўйдим. Шогирдларинг анча кўпайиб қолди, а?
– Ҳа, аста-секин кўпайяпти. Ўйлаб қарасам, асосийси, одамларни спортга муносабатини ўзгартириш керак экан.
– Ҳозир сенга жуда қийин. Ҳамманинг кўзи сенда. Футболда бир аччиқ ҳақиқат бор: тўп кимда бўлса, ўшанинг оёғига тепишади. Ишқилиб, ҳафсаланг пир бўлмаса бўлди.
– Сиздаям ўсмир шогирдлар кўп-у, лекин катта спортга ўтиб улгуришмаяпти, а?
– Ҳа, ўша эски касал – ё армияга кетиб, кейин мелисага ишга кириб кетади, ё бир-икки марта ютқазса, қўлни ювиб қўлтиққа уради. Баҳона – тирикчилик тўрваси. Кўплари четга пул ишлашга чиқиб кетишяпти. Ачинасан. Увол-да, увол! Шундай йигитлар…
– Ҳа, мураббийлик ҳам қийин экан. Энди тушуниб етяпман.
– Нимасини айтасан, қозиққа боғланган буқачадай ринг атрофида бир умр айланиб, инфаркдан бошқа натижага эришмаганлар ҳам кўп. Сенда эса реал имкон бор. Яхши ният билан ишлаш керак.
– Яхши ният – ярим ғалаба, дейсиз-ку.
– Тарбияни бўшаштирма.
– Ҳа, ишлаймиз… Ишлайверамиз! Арслон изидан – йигит сўзидан қайтмайди…
– Арслондай йигитларимиз кўп.
– Ҳали жаҳон чемпионлари ҳам чиқарамиз.
– Ў-ў, илойим! Ҳаёт шу экан-да, Рустамжон. Аввалига ўзинг ҳаракат қиласан. Ҳеч нарсага каллак уролмагач, кейин шогирдларингга кўз тикасан. Буниси янаям қийин: бола бировники, жон бировники… Қарабсанки, Азроил Шакир тентакнинг муштидай айланиб қаншарингга кеп турибди. Ҳаҳ, аттанг, Мамадали каттанг, деб кетаверасан!
Жанг тугаб, судья-информатор рингга чиқиши керак бўлган ҳакамларни эълон қилди:
– Рефери – халқаро тоифадаги ҳакам Содиқ Бўтаев. Ён ҳакамлар: Рустам Мажидов, Шавкат Бобомуродов, Алишер Боймуродов, Акмал Жумамуродов, Олимжон Суяров!
Рустам ўз номини эшитиши билан ўрнидан туриб, ринг томон юрди.

Айтдим-ку, боксчи бўлмоқчиман!

– Ўзимни ўғилбола жияним! Сенам бир кўрасанми? Бир ҳидлагин…
– Йўқ-йўқ! Дадам билса, ўлдиради!
– Иби, биттагина ўғлини-я? Ҳеч қачон!
– Ҳалиги куни сал қолди онам билан иккаламизни отиб ташлашларига.
– Опамга бир нарса бўлса, дадангни соғ қўймайман! Мен ор-номусли, мағрур йигитман, қонга қон, жонга жон! Айтиб қўй!
– Кўрсангиз дирдов қўзидай қалтираб, сузма қип қўясиз-ку қўрқувдан. Гапни қаранглар!
– Бу гапларни қўятур. Вақти келиб мен ҳам кимлигимни кўрсатиб қўяман. Се-е-ен, анави “шакарча”дан менга майдалаб, мисқоллаб олиб чиқмасдан, ярим килоча амалласанг бўлмайдими? Тошкентга обориб, ўйнатиб келардим.
– Тошкентда спорт дўконлари кўп-а?
– Ҳамма дўкон Тошкентда-ю. У ердаги маркетлардан войвоякни тирик боласиниям топса бўлади.
– Менга войвоякни боласимас, бокс қўлқопи керак. Кейин машқ қопиям.
– Оламиз. Менга қара, сенга нимага керак у матоҳлар? Боксчи бўлмоқчимисан? Ундан кўра чилим опкесак-чи? Ёнбошлаволи-иб, ичагини билагингга ўраб тортганга не етсин? Ват-тат!
– Чилим? Унда ўтмишга қайтиш бўп қолмайдими, тоға? Эшитинг, Рапқонда бокс тўгараги очилибди. Рустам ака деган чемпион очибди. Ўзим кўрдим. Болалар маза қилиб бокс тушишяпти.
– Бокс яхши-ю, зарбалари ёмон-да. Бурнинг синади, миянг чайқалади.
– Тоға, мия бошқа нарсалардан ҳам чайқалмайдими? Масалан…
– Э, буни кайфини билармидинг… Маза қиласан-да. Ке, бир кўр!
– Айтдим-ку, боксчи бўлмоқчиман деб!

Бўйингдан аканг!

– “Рапқон” ажойиб жой экан,
Бир кўча кетган сой экан.
Салқин суфа ҳой-ҳой экан,
Ким кўрса ҳангу манг экан.

Менимча, сиз мени эшитмаяпсиз, бўйингдан аканг.
– А? Эшитяпман, домла. Муқимийнинг “Саёҳатнома”сини ўқияпсиз.
– Хаёлингиз паришон бўлсаям қулоғингиз динг. Муқимий домла шеърни қулоқда қоладиган қилиб михлаб кетган-да ўзиям.
– Домла, бу шеърни қишлоғимизда билмайдиган одам йўқ.
– Қишлоқда адабиётга меҳр ўзгача-да, бўйингдан аканг!
– Адабиётга меҳр қанчалигини билмадим-у, аммо бу шеърда қишлоғимиз номи борлиги учун қизиқардик. Пахтадаям айтиб юрардик.
– Демак, одамлар яшаб турган қишлоғига, юртига бефарқ эмас. Қишлоғинг номи ўз исмингдек ёқимли эшитилади. Дунёга чиқсанг, Ўзбекистон дейилса, одамнинг юраги жимирлаб кетиши аниқ. Буни шоирлар тасвирласин-да…
– Ўтган ой бокс бўйича “Рапқон-опен” мусобақасини ўтказдик. Бошқа туманларданам келишди. Сиз ҳам ўтказинг “Адабиёт гулшани” кечасини. Келишсин қўшни қишлоқлардан…
– Келишармикан, бачкана кўринмасмикан, бў­йингдан аканг!
– Машҳур шоирларни қишлоғимизга чақиринг. Керак бўлса, ёнингиздан сарф-харажат қилинг.
– Ия, мундай қилиб… – Миркомил домла кўрсаткич бармоғи билан пешонасидаги терни сидираётгандек кўрсатди. – Топган ойликка-я?! Мен ахир бу пулни муштлашиб топганим йўғу…
– Нима бўпти? Менам ўқитувчиман. Керак бўлса сарфлайман.
– Ҳакамлигингизга-чи, пул тўлашмайдими? Боксни-ку, майли, текинга ўргатарсиз. Лекин шаҳарма-шаҳар юриб, мусобақаларга қозилик қилганингизгаям тўрт-беш сўм аташса керак?
– Ҳакамлик учун ойлик олмайман. Ўша мусобақа кунларида ишлаганимга ҳақ тўлашлари мумкин. Лекин машинада бензин сарфлаб боришим қиммат­роққа тушади. Бу шунчаки қизиқиш…
– Бойга бало урармиди, а? Бўйингдан аканг, боғу роғингиз-чи? Ерларингиз билан мол-ҳолингизни гапирмасаям бўлади.
– Қанақа боғу роғ? Бўш вақтимда узумзорга қарайман. Иш билан бўлиб, кўпинча кетмон ушлашга вақтим бўлмайди. Ўрикзор келинингизга тан. Яхши биласиз, уям мактабдан ортмайди. Асосан, ака-укалари қарашади. Қайноғаларим…
– Менам шуни айтаман-да. Ўқитувчи ўқитувчилигини қилиши керак, бўйингдан аканг.
– Домла, солиқчимисиз, суриштириб қолдингиз? Ўзи шундоғам боксчиларимни зарил бўлганда дарсдан қўйиб юбормай хуноб қиласиз.
– Олдин дарсни қойиллатиб қўйсин, кейин бош­қа ҳунарни бошини тутсин.
– Бокс билан шуғуллантириб, жамиятга ҳеч бўлмаса соғлом йигитларни етказиб берсак, бунинг нимаси ёмон?
– Лекин адабиёт отамдан кучли, деган эди Абдулла акам. Адабиёт инсон тафаккурини шакллантиради, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлишни, севишни, севилишни ўргатади.
– Спорт ҳам эл-юртга муҳаббатни кучайтиради. Мана, бугун ўқувчиларимиз вилоят биринчилигида туманимиз шаънини ҳимоя қилишди. Ёмонми?
– Ютишдими?
– Албатта.
– Сиз ҳакам бўлганингиздан кейин ютишади-да, бўйингдан аканг.
– Ўзимни шогирдларимга ҳакамлик қилмайман.
– Бошқа ҳакамлар сизни юз-хотир қилишади-ю, а?
– Бизда унақаси йўқ. Ҳаммаси холис.
– Ҳали, боксчиларданам ул-бул олмаймиз дерсиз?
– Нима оламиз?
– Нима бўларди, ким кўпроқ берса, ўша чемпион-да. Бўлмасам шундан шунга қуруққа бориб ҳакамлик қилмасангиз керак. Мушук ҳам бекорга офтобга чиқмайди, дейишади, бўйингдан аканг.
Рустам машинани таққа тўхтатди, домла олд ойнага қапишиб қолди:
– Бу ёғи ошиб тушди! Ўрганчик сартарошни қайчисига ўхшаб қулоғим ёнида шақиллайверсангиз ҳозир машинадан итариб тушириб юбораман, бўйингдан аканг! У ёғига пиёда кетасиз шеърларингизни ўқиб, бўйингдан аканг!
– Гапиринг, бўйинг…
– Ҳозирги гапингизни бир гапирдингиз, бошқа эшитмай! Тушунарлими?
– Тушундим… Узр…
– Дадам айтарди, одам ўз ишига тирикчилик воситаси деб қарашни бошладими, иш расво бўлгани шу, деб. Ўқитувчи дарсни ўтдимми – ўтдим, шифокор беморни кўрдимми – кўрдим деб юраверса ҳеч қачон биримиз икки бўлмайди. Ҳар ким ўз ишига… сизнинг тилингизда айтганда, ижодкор сифатида қараши керак. Изланиши керак. Шундан завқ олиши керак.
– Ие, отангизга раҳмат, Рустамбой. Сиздан бунақа гаплар чиқади деб ҳеч ўйламовдим. Файласуф экансизу…
– Домлажон, болалардан кимдир жаҳон чемпиони бўлса, менга сариқ чақалик моддий фойда бўлмаслиги мумкин, лекин менга ана шу умид ва орзу куч беради. Илҳом беради. Илҳомни тушунасиз-ку, а?
– Бизам хоҳлаймиз шуни. Лекин Куба, Россия, америкалик боксчилар “бошқа бокс тушмаймиз”, деб оқпичоқ-қорапичоқ қасам ичиб, чойхонада ҳалпана ошга ўтволишмагандир? “Олдин Рапқондан Рустамжон чемпион чиқарсин, кейин рингга қайтамиз”, деб газетага қарта уриб ўтиришмагандир?
– Ҳа, айнан Рапқондан чиқади. – Орқа ўриндиққа ишора қилди Рустам. – Мана шу болалар бир кун келиб чемпион бўлишади.
– Нега бунчалик ишонч билан гапиряпсиз, бў­йингдан аканг? Бизни қора кўзларни дунё даражасида ном қозонишига бошқалар индамасдан йўл қўйиб беради дейсизми? Сиёсат бор, катта сиёсат. Вей, бутун дунё бир-бирини оқ калтак – қора калтак қилиб ётибди. Бозорлар эгалланган, жумладан, спорт бозорлари ҳам. Сиз ва бизга ўхшаганлар майдон атрофида айланиб “чули-чули” бўлиб юраверади.
– Хўп, нима қилиш керак? Шунақа экан деб қўл қовуштириб бир чеккада елка қисиб туравериш керакми? Домлажон, ҳаёт курашдан иборат. Ҳақингни биров бермайди, ўзинг айириб оласан, деганлар.
– Оббо сиз-ей, жадидларни гапидан тушдингизу. Қойил лекин, беш!
– Домлажон, имкон бўлганда менам китоб варақлайман. Жа-а чаласаводга чиқариб қўйманг. Ўша жадид деганингизни даври мана энди бошланди. Одамларни фикрини уйғотиш, ўзини танитиш, ғурурини кўтариш пайти келди. Агар яна Шўро давридагидай ўз юртимизда думимизни қисиб юраверсак, бир куни ер юзидан супурилиб кетишимиз ҳеч гапмас!
– Тўғри-ку, лекин ўша сиз айтган одамлар сизни тўғри тушуниб, қўллаб-қувватлашармикан? Ишқилиб харсангга тираб қўйиб, Ҳамза қилворишмаса дейман-да!
– Ўша қурбонлар сабаб сиз ва биз булбулигўё бўлиб сайраб юрибмиз. Домла, кечирасиз, сиз қўзғадингиз, кўнглим тубидаги гаплар чиқиб кетди. Одам бир марта дунёга келади. Одамдай яшаб ўтиш керак. Ундан яхши ном, яхши ишлар қолиши керак.
– Ҳа-а, Ҳидоят келинимдан адабиётшунослик сизгаям анча ўтибди. Айтишади-ку, синиқдан бошқаси юқади, деб. Сизга қойил қолдим. Тан бердим. – Миркомил домла боши билан болаларга ишора қилди. – Бу тирранчаларни мусобақаларда қўлга киритган совринлари қовоқларидаги бежама нақшларда яққол намоён бўлиб турибди. Кетдик, ҳайданг!
– Ўзи, сизни кўрганда тўхтамай ўтиб кетсам бўларкан, домла.
– Кенгроқ бўлинг, Рустамбой. Сиқилманг. Ҳаҳ, бўйингдан аканг!
Рустам машинани яна ўт олдирди. Миркомил домла маҳалласи бошида қуюқ хайрлашиб тушиб қолгач, Рустам шогирдларига қайрилиб савол ташлади:
– Абдулла, биринчи жангда рақибингдан қўрқдингми?
– Йўқ.
– Ютқазиб қўйишингга сал қолди-ю. Биринчи раунд деярли унинг устунлигида ўтди. Яхшиям полписланиб, тузукроқ зарба беролмади. Сениям чўчиётганинг сезилиб турди.
– Башарасидан қўрқдим. Ғадир-будур, ваҳимали экан.
– Унинг башарасини ғадир-будурлиги – ёмон боксчилигидан, – деди кулиб Рустам. – Зарбаларни ўтказавериб шунақа бўлиб қолган. Сен-чи, юзи текис рақибингдан эҳтиёт бўл. – Машина пешойнасидан Абдуллага қаради. Кейин ойнани тўғрилаб, ўзининг юзини кўздан кечирди. – Рақибингни юзи текис, бурни пачоқланмаганлиги уни зарба ўтказмаганидан далолат беради. Ўзи, умуман рингда қўрқма. “Аввал зарба ўтказмаган бўлса ана энди мендан ейди”, дегин. Тушундингми?
– Тушундим.
– Табриклайман яна бир марта!
– Раҳмат.
– Кириб, уйингдагиларниям табриклардим-у, аянгни феъли чатоқ-да. Шошма, биз кетгандан кейин кир.
Машинага ўтириб, моторни ўчирмасдан кутиб турди. Бироздан кейин Абдуллаларнинг ҳовлисидан онанинг ҳаяжонли овози эшитилди:
– Вой болагинам, келдингми? Вой болам-а! – Овоз бирдан ваҳимали тус олди. – Кўзингга нима қилди? Илоё иловандо, қўлгинаси синсин урган касофатнинг! Рустам аканг қаққа қаради?
Онанинг йиғи аралаш товушини отанинг гулдираган овози босиб кетди:
– Турқингга бир қара, ўв, хумпар, оломонни этиги тагида қоп кетган атлас кўйлакка ўхшаб қопсану! Мен сендайлигимда тегирмончини ёрдамчисийдим. Рўзғорга қайишардим. Отамни ҳурмат қилардим. Сен бўлсанг, биттагина сигирниям эплаёлмайсан. Қани бу ёққа кел-чи! Ҳе!..

Қоидаси қоидасизлик

– Сен ўзбекистонликсан-а?
– Ҳа.
– Ҳозир бошқа давлатни жангчисига пул тикдинг-а?
– Ҳа, тикдим. Беш минг.
– Ютиб олганингдан хурсандсан-а?
– Ютган одам хафа бўлармиди? Хурсандман. Осмондан тушгандай бўлди.
– Лекин сенда ўн карра, юз карра кўпроқ пул топиш имкони бор.
– Қандай имкон?
– Сен тарафдаги қорамағиз болалар илиги тўқ, чайир бўлади. Бизда ўсмирлар ўртасида ҳам шунақа чемпионатлар ўтказилади. Тушундингми?
– Тушундим. Қоидаси қанақа?
– Қоидаси қоидасизлик. Қолган гапни кейин гаплашамиз. Мени телефон рақамимни ёзвол…
– Меники… Исмим Элмурод.
– Саломат бўл. Кейин гаплашамиз.

Мен соппа-соғман

– Яна келдиларингми? Айтдим-ку, иложи йўқ, сизларни ололмайман. Ёшларинг етмайди. – Рустам худди велосипеди қуласа бирор ваҳимали корҳол юз берадигандек бири рулни, бири эгарни маҳкам чангаллаган ака-укаларнинг каттасига қараб, сўзида давом этди. – Неччида ўқирдинг?
– Янаги йили бешинчи синфга ўтаман.
– Ҳозир тўртинчидамисан? Тўғрисини айт!
Бола бўшашди:
– Уч…
– Ўзи велосипедни тепкисига оёғинг зўрға етяпти-ю! Шунча йўлдан қатнаш осонми? Қўштегирмондаям бокс секцияси бор-ку!
– Рапқонда яхши ўргатишаркан… ўргатаркансиз.
– Ким айтди? Болалар, сира иложи йўқ. Машғулотлар пешиндан кейин бешда бошланади. Қишда вақтли қоронғи тушиб қолади. – Айбдорона ер чизиб турган ака-укалар эътироз билдирмоқчи бўлиб бош кўтаришди. Рустам уларни гапиргани қўймади, – ота-оналарингдан сўраганмисизлар? “Рапқонга қатнамоқчимиз”, деб айтганмисизлар?
– Отамиз ўтиб кетган. Бувим билан турамиз. Бувимга айтдик. Аям ҳам йўқ демадилар.
– Боксга демагансизлар-да, тўғрими? – бироз сукутдан сўнг яна савол берди, – бошқа қариндошлар борми ҳол-аҳвол сўраб турадиган?
– Бор, – дейишди болалар истамайгина.
– Ҳа, майли, – Рустам заруратсиз бош қашиди, – бўлмасам, бешдамас, учда келинглар. Ҳар куни келиш сизлар учун мажбуриймас. Ўзларингни мактабларингдаям дарс қолдирмасдан яхши ўқиш шарт. Йўлда эҳтиёт бўласизлар.
– Хўп, раҳмат, устоз!
– Сени нега рангинг паст? Касал-пасалмасмисан? – Рустам эгилиб, кичкинасига синовчан қаради.
– Шамоллагандим.
– Унда бир йўла тузалганда келасан. Соғлиққа эътиборли бўлиш керак. Бугун сизларга жавоб, уйга боргунча кеч тушиб қолади. Тезроқ бора қолинглар.
– Мен соппа-соғман. Йўталганим ҳам йўқ. Ҳозирча ўзим келиб тураверай, – деди каттаси велосипед эгаридан оёқ ошираркан.
– Майли, эртадан бошлаб машғулотларга келавер.
– Раҳмат, устоз! Хайр!
Болалар велосипедга мингашиб йўлга тушди. Уларнинг ортидан қараб қолган Рустам катта тугун кўтариб келаётган онасини кўриб, шошиб одимлади.
– Мен уйга бориб келаман. Келгунимча арқонни таранг тортиб, рингни тайёрлаб қўйинглар, – деди болаларга. Ариқдан ҳатлаб ўтиб, тугунга қўл узатди:
– Менга беринг, ая. Тўй яхши ўтдими?
– Ҳа, Мўътабархон ҳожи она неварасига бешиктўйи қилди. Муқаддамхон ҳам тоза ният қилган экан. Яллачиларнинг овози бу ерга ҳам эшитилгандир. Озода артис роса қиздирди. Невара тўйи бошқача-да.
Рустам жимгина бош эгиб, онасига эргашди.

Мени буюк ишлар кутяпти

– Ҳа, ҳорманглар, қўйкатак қуряпсизларми? Охури қани? – Жавлон мотоциклга қийшиқ ўтириб, бир оёғини ерга тираб беписанд гап қотди, – арқон орасидан бабачоқлар чиқиб кетади-ку. – Ўзининг гапи ўзига нашъа қилиб, осмонга қараб кулди. – Ваҳ-ҳаҳ-ҳаҳ-ҳа!
– Бу катакни сенга атаб қураётгандик. Вақтида келдинг. Кир-чи, қаеридан чиқаркансан? – деди Азиз важоҳат билан.
– Менга вазнинг тўғри келадими? Ё иккитанг бир бўлиб чиқасанми?
– Ўзим чиқаман! Бир ўзим! Яккама-якка!
– Сен билан пачакилашгани вақтим йўқ, – деди Жавлон ўзини бепарво тутишга уриниб. – Бошқа пайт пийпарман. Ҳозир мени буюк ишлар кутяпти.
– Қанақа буюк ишлар, Жавлон ака? – деди болалардан бири қизиқсиниб.
– Тоғ ошишим керак. У ёғи – сир. Сенлар бу ерда арқон ошиб ётавер. Охирида кўрамиз ким зўрлигини.
– Спорт билан шуғулланяпсизми? Чекишниям ташлаворгандирсиз-да унда?
– Бошқа нарсани чекишга ўтдим, укам. Одам ҳаётга бир марта келади. Кайф қилиб қолиш керак. Гераклга ука тутиндим. – Жавлон чўнтагидан бир даста пул чиқарди. – Мана, бир кунлик улушим. Сенлар буни йил бўйи муштлашиб ҳам тополмайсанлар. Чао, ҳаммангга гудбай! Адриано Челентано! – Моторининг дудбуронини рингга тўғрилаб, беш-олти марта газ босиб, тариллатиб, тутун пуркатди.
– Азиз, Гераклга ука бўлдим, дедими? У ким? Танийсанми? – деди Абдулла.
– Менимча, тоғ ортидаги “Геракл” лақабли “дорифуруш”ни айтди.
– Ҳа, амакиларим чегарада ўша одамни кўришган экан. Қора кўзойнак тақиб, қўриқчилари билан ўқўтмас машинада юрар экан.
– Барибир, охири вой. У йўл билан топилган пуллар фақат палакат олиб келади. Анави Фатҳиддин Қўппас эсингдами, охири қоқсуяк бўлиб, ит азобида ўлди.
– У наркоманмиди?
– Россияга ишлагани чиққанда ўрганиб келган экан… Э, уларни қўявер, ўзимизнинг ишдан қолмайлик. Ҳозир Рустам ака ҳам келиб қолса керак.
– Лекин барибир Жавлонга қойил. Гераклдай одам билан қандай танишдийкан-а?

Мунча шовқин соласан?

Тун сукунатини темир дарвозанинг бетоқат данғиллаши бузди.
– Рустам! Ҳўв, Рустам!
– Ҳозир! Бирор жойга ўт кетдими?
– Тезроқ очсанг-чи!
– Мана очаяпману, Нўъмон! Нима бало, уруш бошландими? Мунча шовқин соласан?
– Машинангни бериб турмасанг ҳозир ундан баттари бўлади, хотиним кўчада кўпайишиб қўяди.
Бу орада Ҳидоят ҳам ҳовлига чиқди.
– Бор, хотинингни олиб чиқавер, машинани ўзим ҳайдайман. Тағин ҳаяжонланиб, бир балони бошлаб юрма.
– Тўхтанг, мен ҳам бораман, – деди Ҳидоят рўмолини яхшилаб ўраркан.
Ҳидоят Нўъмонга эргашиб кўчага, Рустам гараж­га югурди. Ота-она яшайдиган қибладаги хонанинг ҳам чироғи ёнди.

Ота-онам узоқда

– Ҳой бола, кимсан? Бу ерда нима қиляпсан?
– Машқ қиляпман.
– Қачон тўгаракка аъзо бўлдинг? Сени аввал кўрмаганман-ку.
– Аъзо бўлмоқчийдим, Рустам ака рухсат бермадилар.
– Нега?
– Ота-онамнинг розилиги керак экан.
– Улар норозими?
– Ота-онам узоқда. Жуда узоқда.
– Усти-бошингга қараган одам бойвачча деб ўйлайди. Анави от ҳам сеникими?
– Ҳа, меники. Унчалик камбағалмасмиз. Фақат отам…
– Қўявер. Агар ростдан боксчи бўлмоқчи бўлсанг, Рустам акани ўзим кўндираман. Ҳар кунги машқдан ташқари кечки пайт алоҳида шуғулланаман. Хоҳласанг, эртага шу маҳалда кел. Бирга машқ қиламиз.
– Исминг нима? Меники Тоҳир.
– Азизман. Кел, машқни бошладик. Аввал беш чақирим югурамиз. Чигилёзди учун.
– Боксчи бўлиш учун ҳам югуриш керакми? Отда чопсам бўлмайдими?
– Ҳазилкаш экансан, отда чопсанг улоқчи бўласан. Рақиб рингни ташлаб қочганда етволиш керак, тўғрими?
– Ҳа, чопдик унда!

Ҳе, қовунчи!

Туғруқхона ҳовлисида хушхабар кутиб турган Алихон овчи қўлидаги икки яшар чамасидаги болакайнинг илкис қўлтиғидан тутиб, имкон қадар ўзидан узоқлаштирди:
– И-и-и, ана-а, ҳа бола бўлмай… сийғоқ! – Кулимсираб қараб турган Рустам, Нўъмон ва Ҳидоятга арзиҳол қилди, – бунақа сумакчалардан уйда яна иккитаси ўтирибди. Шу турҳатимни милтиқдош оғайниларим кўриб қолса борми? Бир умрга мушаквозлик бўлади-да ўзиям. Ҳа, нима дейсан, Алихон овчи “лалай-лалай” қилиб туғуруқхона ёнида кичкинасини тўсиб ўтирибди. – Овчи болани ўнг қўлтиғига олиб, чап кафти билан пешонасига шапиллатиб урди. – Аммо-лекин, хотин бечора бу чурвақаларни қандай эплайди, мен ҳайрон. Бир йилча олдин вей, хотин, дедим, ҳа, дадаси, деди, милтиқчиларни қаторлаштириб ташладинг, раҳмату, аммо-лекин ўзинггаям қўлингдан супургингни оладиган битта қизалоқ туғиб олсанг-чи, дедим, хўп бўлади, дадаси, деди, мени армонда қўйма, дедим, кимсан Алихон мерган деган номим бор-а, дедим, тикка айтдим, яна хўп, дадаси, деди. Қани кўрамиз, ваъдасида турадими-йўқми… Лекин, аввало, пошшо – Эгам… – Кейин кўмак кутиб Ҳидоятга юзланди, – сингил, буни иштончасини алмаштириш керакмикан-а? Яхшиям эҳтиёт шарт қайнонам қўйнимга қуруқроғини тиқиб қўйганди…
Ҳидоят “ҳўпписим-ей”, деб болакайни қўлига олиб, иштончасини ечаётганда туғуруқхона эшиги очилиб, ҳамшира Рустамни чақирди:
– Сиз келинг.
– Менми?
– Ҳа, сиз.
– Мен эмас, отаси – буёқ.
– Сиз киринг, сизда иш бор.
– Тушунмадим?
Рустам жиддий тортган хотинига хижолатомуз бир қараб қўйиб, ичкарига кирди.
– Дўстингизнинг аёли қиз туғди, – деб гап бошлади ҳамшира. – Изиллаб йиғлаяпти. Учинчи қизи экан-у.
– Қизам фарзанд, нимага йиғлайди?
– Шуни дўстингизга ўзингиз айтинг.
– Нега мен? Ия, тўхтанг, ўзидан суюнчисини олмайсизми?
– Аввалгисида дўпписини ерга уриб бақириб берган экан. Худди биз айбдордай. Нима экса, шуни ўради-да.
Рустам ташқарига чиқиб, бир муддат тараддудланиб қолди.
– Нима бўлди? Тинчликми? – деди Нўъмон пешонаси тиришиб.
– Фарзанд муборак, дўстим, – уни бағрига босди Рустам. – Умри билан, ризқи билан берган бўлсин!
Нўъмон унинг қучоғидан силтаниб чиқиб, қаттиқ тикилди:
– Гапирасанми? Ё ўзим сўрайми?
– Нима дей? – Рустам бир оз сукут сақлаб, давом этди. – Табриклайман.
– Эсон-омон қутулиб олди-ку, Худога шукур, – таскин берган бўлди гап нимадалигини англаган Ҳидоят.
Кутавериб тоқати тоқ бўлган Алихон овчи болохонанинг ўртанча деразасини мўлжаллаб бақирди:
– Ҳўв тепадагилар! Бирор янгилик бўладими, йўқми? Бу ерда энасини кутиб осмонга термилган етим каклик жўжадай тураверамизми? У ёқда қозонга жуфтта қашқалдоқни қайнатмага ташлаб келганмиз. Қозонга тирмашиб, қоқмоч бўп кетгандир!
Нўъмон овчи томонга паришон қараб қўйди-да:
– Қизми? – деди бўшашиб.
– Шунақа. Ҳолва.
– Балки янглишишгандир. Ўзим кириб сўраб кўрай-чи. – Нўъмон эшик томон юра бошлади.
– Нега янглишади? Қирқта чақалоқ туғилгани йўқ-ку.
– Оббо, ўғил кутгандигу. – Нўъмон дўпписини ечиб, кафтига урди. – Ўғил!
– Энди, оғайни, қиз ҳам фарзанд. Ношукур бўлма. Учта қиз катта қилган жаннати бўлади.
– Акамниям ўғли йўқ. Учта қизи бор. Дадам ҳовлига чиқиб: “Бу ҳовлининг эгаси бормикан, ё биздан кейин саватбошларга қолармикан?..”, деб нола қип қолади.
– Кимдадир шуям йўқ. Тирноққа зорлар қанча, – деди Рустам эзилиб.
– Масалан, биз… – Ҳидоят шундай деб гап бошлади-ю, тилини тишлади. Хижолат чекиб, беихтиёр машина ёнига бориб, эшигини очди.
Иккинчи қават ойнаси тарақлаб очилиб, дуррасини қия ўраган доя пастга қараб шанғиллади:
– Салимахонни хўжайини! Ҳов Салимахонни эри! Сизми? Ҳа, суюнчини қийиққа ўраб буёққа отаверинг, ўғил бўлди, ўғил!
Нўъмон эр-хотиннинг ярасига туз сепгандек айбдорона саросимага тушиб қолди:
– Рустам… Ҳалиги… Ювиш керак энди!
Рустам индамай улов томон юрди. Ойнасини тушириб, нима қилишини билмай турган Нўъмонни чақирди:
– Нўъмон, чиқ, ўтир!
– Ўзим кетарман.
– Қизларинг ёлғиз қолган.
– Ёлғизмас, қўшни чиқиб қараб турадиган бўлган.
– Ўтир дегандан кейин ўтиргин-да, – деди дўқ аралаш Рустам. Сўнг бирдан юмшаб кулимсиради. – Ҳе, қовунчи!..

Эчки сути шифо

– Кеча бизникида қолган болалардан кичигини касали жиддий. Кечаси билан колхозни қўйига ўхшаб йўталиб чиқди. Худди кўксўвга ўхшайди, – деди ачиниш билан Рустамнинг отаси.
– Кўксўв? – таажжубланди Рустам.
– Ўпка касали, кўк йўтал ҳам дейишарди.
– Ҳеч эшитмаган эканман.
– Ҳидоятинг жуда куюнчак, болажон-да. Эрталабгача шу боланинг бошида ўтириб чиқди-я. Худди ўзини боласидай.
– Ўзим ҳам ҳайрон бўлувдим. Шамоллаш бўлса, тез ўтиб кетарди. Ўпкакасал денг?
– Акасига тайинлаб тушунтирдим. Бу дардга эчки сути шифо. Лекин кўпчиликни орасида юрса, бошқаларгаям юқиши мумкин.
– Ўзи бир келиб, бир келмаётганди. Келсаям тузалмабсан деб машғулотларга қўймаётгандим.
– Тўғри қилибсан.
– Шу ака-укаларга меҳрим тушган эди-да, дада.
– Нега ўтган замонда гапиряпсан? “Меҳрим тушган”, де. Отасини ўтиб кетганини эшитиб, мениям кўнглим эзилди.
– Дада, шуларни уйга бутунлай кўчириб олиб келиб қарасак бўлмайдими? Қўшни Шаҳобиддинни эчкисиям бор.
– Шаҳобиддиндан ёруғлик чиқиши қийину, бозор тўла соғин эчки. Сотиб олармиз. Фахриддин даллолга тайинлаб қўяман.
– Даллолни ўғли менга қатнаяпти айтганча. Анча қорувли бола.
– Ҳа, ундай бўлса, яхши. Даллол унчалик алдамайди.

Қайтар дунё бу

– Жавлон бола, хўроз паррандани пошшоси! Биласанми нимага? Ана, билмайсан. Нимагаки, хўрозни бошида тожи бор! Хўпми? Тож кимда бўлади? Яшаб ташла! Пошшода бўлади!
– Расул ака, сассиқпопишакни кўрганмисиз? Ундаям…
– Мен парранда дедим шекилли, Жавлон бола?
– Паррандадан товусдаям тож бўлади. Кейин, ғулғулидаям…
– И-е, сен хўроз тарафмисан ё сассиқпопишакми? Иссиғида хайрлашамиз шекилли…
– Мен атайлаб шунақа савол бераман, ўзим билволай дейман-да, жон ака. Ҳар хил ювуқсиз ишкаллар бор, илмоқ ташлаб қолиши мумкин. Ўшанда ҳозир сиздан илаштирган гаплар билан анжирини чиқариб ташлайман. Устозсиз-да, Расул ака!
– Жўжасану, пихини ёргансан, Жавлон бола! Ҳа, бўпти, буёққа қара! Мана бу – эрта баҳорги биртепар, буни тухумини Марғилондан обкелиб бостирганман. Иккитаси макиён чиқди.
– Менга қаранг, Расул ака, баъзи тухумфурушлар курк товуққа бостираман, аслзода, зотдор насл керак, десангиз, тухумни қайноқ сувга бир ботириб, артиб-суртиб тутқазвораркан. Ундан қирқ йилдаям жўжа очиб чиқмайди. Шунақаларниям кўргандирсиз?
– Э, кўпини кўрганмиз. Ҳар хил жанаслар бор. Энг ёмони, ўтган йили Чичқонқишлоқда бўлди. Эшитгандирсан, Рўзи ўрисни маҳалласидаги Муҳиддин шилта нимадан ўлганини?
– Эшитдиму, аниғини билмайман. Ҳамма ҳар хил гапиради.
– Аниғи шуки, фалон пулга буюртма қилиб Колумбиядан жангари хўрозни бир жуфт тухумини самолётларда опкелтирса, курк товуқни топиб келгунча, хотини пишириб еб қўйибди. Кейин… шилта… аламига чидолмай… оғилга кириб… – Расул қўли билан бўйни атрофини бир айлантириб, оёқ учида туриб ўнг қўлини осмонга чўзди, – арғамчини галстук қиворибди.
– Йўғ-е, чўнтагида олиб юрмаган экан-да? Ҳа эсиз тухумлар-а? Ўзиям носқовоқдай ажабтовур бўлса кераг-а? Расул ака, манави хўроз жуда бошқача-я? Буям Америка-памерикадан келмаганми?
– Дидингга қойил, Жавлон бола! Хўрозни эркаги – шу. Америка тугул Анжанни уришқоқлариниям жилпиллатиб қўяди. Мақсуд Дангални тарбиясини олган. Ҳа, манавиниси – туллак. Бу уч йиллик. Иккаласиниям янги сўйилган қўчқор жигари билан боққанман. Бирор марта қочмаган.
– Ўзингизга ўхшаганакан-да, ака?
– Тўғри. Бизам ҳеч қачон қочмаганмиз. Хў-ўп, қоратомошага қайси бирини оборай? Ҳа, акангни хўрозлари! Қийқириқ!
– Фарқи йўқ. Барибир сизники ютади.
– Фолчимисан? Қаерингга қараб фол очяпсан?
– Шеп айтди. Қўшни вилоятда донғи чиққан хўрозвозни дакани ўтган ҳафта ўн минг кўтарибди. Бу гал ҳамма ўша хўрозга тикади. Шеп ўша хўрозвозни хўрозини вақтинча карахт қиладиган дори ичиришга кўндириб қўйибди. Сизники ютади, уям тенг шерик.
– Ие, унга зарар бўляпти-ю.
– Кейинги гал сиз ютқазиб берасиз. Мақсад – кўпроқ қиморбозларни жалб қилиш, кўпроқ соққа йиғиш, шов-шув кўтариш.
– Э, шепга қойил! Шу одам билан танишганимдан бери ошиғим олчи.
– Бир марта Рустам чемпиондан еганимизни ҳисобга олмасак.
– Қайтар дунё бу. Биздаям режа бор. Худо хоҳласа, бир куни пат тиқиб учирамиз.

Қани, кўзимга қаранг-чи

Туғруқхонадан маҳаллагача чурқ этмай келган Рустам Нўъмон апил-тапил раҳмат айтиб машинадан тушиб қолгач, муросасоз оҳангда гап бошлади:
– Ҳидоят, ҳалиги гап оғзимдан бехос чиқиб кетди-да. Ўзимизни назарда тутмаётувдим.
– Менам Нўъмон акани тинчлантириш учун айтувдим. Қадрига етсин-да. Кейин, гапим сизга тегиб кетдимикан деб қўрқдим.
– Менам сенинг кўнглингни оғритиб қўйдим деб хижолат бўлдим.
– Биз бир-бирмизни тўғри тушунамиз-ку, а?
– Бўлмасам-чи. Сиз уйдан узоқда юрган пайтларингизда ҳам, оғзига кучи етмайдиганлар баланд-паст гап тарқатишганда ҳам мен доим сизни тушунишга ҳаракат қилганман.
– Мен ҳам олисларда сени меҳрингни ҳис қилиб юрганман.
– Лекин билдирмагансиз.
– Нега? Келганимда кўзларим айтмасмиди?
– Сўзларингиздан эшитгим келарди. Аёл киши кўзи билан эмас, қулоғи билан севади деган гап бор.
– Эркак киши-чи?
– Кўзи ва ошқозони билан.
– Ёлғон. Юраги билан севади. Масалан, мен… Тўғри, биз ўзбеклар ҳадеб изҳори дил қилавермаймиз. Бошқалар севаман деб онасигаям, боласигаям, хотинигаям кунда юз марта айтса, биз ассалому алайкум деганимизда, кўришганимизда ҳамма туйғуни ифодалаган бўламиз.
– Қани, кўзимга қаранг-чи, қўлингизни беринг-чи.
– Мана, яхшилаб ўқи.
– Рус тилини биласан, юзта тилни биласан, кўз тилини билмайсан, шўринг қурсин ойимқиз, деган қўшиқ бор-а?
– Биринчи эшитишим.
– Менам ҳозир тўқидим.

Сен ҳам борасанми?

Кўчада тўп бўлиб югуриб кетаётган болалар қўштегирмонлик ака-укаларнинг ёқавайрон йиғламсираб келаётганини кўриб таққа тўхташди. Ака-укалар қаршиларидан хайрихоҳлик билан югуриб келаётган боксчи акахонларини кўриб, ўпкалари росмана тўлиб кетди.
– Велосипединг қани? – деб сўради болалардан бири ҳансираб атрофга алангларкан.
– Ким урди? – деди иккинчи бола ака-уканинг юзидаги кўкарган-шилинган жароҳатларга кўзи билан ишора қилиб.
– Вой, ёмон ясашибди-ю, – деди бошқа бир бола ачиниб.
– Йўлда болалар тутиб олиб уришди. Велосипедимизниям олиб қўйишди, – деди ака-укалар биринма-кетин ҳиқиллаб.
– Қаерда, ким урди?
– Кўрсат бизга уларни!
– Солишишга борамизми?
Болалар бир-бирини турткилай кетди:
– Сен борасанми?
– Қаерга?
– Уришишга-да.
– Жим, болалар! Ҳаммамиз боролмаймиз. Устоз сезиб қолади. Узумзорнинг ёнидан югуриб ўтиб кетдик, қайтиб ўтмасак бўлмайди, – деди биринчи бола. Сўнг ака-укаларга юзланди. – Улар нечта эди?
– Тўртта.
– Хўп, ким-ким боради?
– Мен бораман!
– Менам бораман!
– Сен-чи? Борасанми?
– Албатта, эрталаб амаким сўкувди, қўлим қичиб турибди. Азим билан Абдулниям олиб кетайлик.
– Азиз, сен ҳам борасанми?
– Бораман.
– Қўй, тағин эт-бети кўкариб, лат еса, мусобақага борадиган бола…
– Ҳа, мусобақаси бор, – деб унинг гапини маъқуллади иккинчи бола. – Азиз, сен буларга бош бўлиб тур. Йўқлигимизни билдирманглар. Менинг сигирим пайкалга кириб кетибди. Ўшани қувлаб, қолиб кетдим. Тушунарлими?
– Мени бир нима дерсизлар. Баҳонадан кўпи борми? Мисол учун, юракбурма бўлиб, маккапояга кириб кетдим. Қани, бўлмаса, сурдик!
Болалар югуришда давом этишди. “Жанговар гуруҳ” эса ака-укаларнинг каттаси етовида бошқа тарафга чопиб кетди.

Кичкинаси кўз олдимдан кетмаяпти

– Ака-укалар кўринмай кетдими? Бугун ҳам келишмадими?
– Йўқ, келишмади. Менам хавотирдаман.
– Бориб суриштириб келиш керакмикан?
– Бир ўтиб келасизми ўзингиз? – деди Рустам кесатганнамо.
– Майли. Кичкинаси кўз олдимдан кетмаяпти, – жавоб берди Ҳидоят кесатиқни тушунмай.
– Унда… дарсдан кейин бирга ўтиб келамиз.
– Яхши бўларди. Айтмоқчи, бугун мажлис бўларкан-ку. Менимча, шогирдларингиз масаласи ҳам кўрилади.
– Шунақами?
– Боксингиз ўқишга салбий таъсир кўрсатаётганмиш.
– Демак, зарбаларга тайёрланиб боришим керак экан-да.
– Нима овқат қилай?
– Дадамдан сўра. Бизга мактабда қалампир шўрва тайёрлаб қўйишганга ўхшайди.
– Қумортқи…
– Нима у?
– Тилимизни билмайсиз-а? Қалампир шўрва “Қумортқи” дейилади.
– Шевадами?
– Ҳа, албатта. Бошқа ерда бир қозон қилиб қалампир қайнатиб ҳеч ким ичмаса керак. Лекин вирусларни ўлдирадиган туркана дори-да…
­– Пули куйган қари қиз қизил қалампир чайнабди, деган гапдан маълум… Мен кетдим, мактабда қумортқи тайёрлаб кутиб ўтиришгандир.

Қанғиллатиб соламан!

Безорилардан ўч олиш иштиёқида илдам чопиб бораётган болаларни Қодиржон “Стоп! Стоп!” деб тўхтатди. Чанг ерга қўниб, одам одамни танийдиган шароит пайдо бўлгач, жабрдийда шоша-пиша уқтира бошлади:
­­– Нозим ака, айтиб қўяй, уларнинг орасида оқ-сариқдан келган новчаси бор. Жуда гапга уста экан, одамни гангитиб ташлайди.
– Биз гаплашиб ўтирмаймиз. “Данғ” эткизиб…
– Йўқ, у данғиллатишингизга қўймайди, масалан, яхшимисиз, деб майин овозда сўрайди. Ҳол сўраб турган одамга дабдурустдан мушт отвормайсиз-ку, тўғрими?
– Хўп, тезроқ гапир, нима қилиш керак?
– Кейин, сиз, яхшиман, дейсиз. У кимга яхшисиз, аянгизгами ё қассоб амакигами, деб сўрайди. Сиз аям учун яхшиман-да, дейсиз. У, демак, қассобга ёмонсиз, тўғрими, деб сўрайди. Сиз ҳа, десангиз, ёлғончиликда айблайди, агар билмайман, десангиз Билмасвой экансан-да, қаерда турасан ўзи, деб сўрайди. Сиз, масалан, Тўғинчи маҳаллада тураман, дейсиз. У анчадан берими, дейди. Сиз ҳа, ўн беш йилдан бери, нимайди, дейсиз жаҳлингиз чиқиб. У яна ёлғон гапиряпсан, деб ўдағайлайди.
– Оббо! Қодир, сени бекорга урмаган экан-да, қорним дам бўп кетди, ука, тезроқ мақсадга ўтақол!
– Хўп, нега ёлғон гапирарканман, жаққа жавоб, дейсиз. У, нима, сен симёғочмидинг, шунча йилдан бери маҳаллада турасан, деб туртиб юборади.
– Шу холосми? У туртгунча иягини мўлжаллаб қанғиллатиб соламан!
– Тўхтанг, у яна нечинчи йил туғилгансан, деб сўраб қолиши мумкин.
– Оббо, нима бало, биз муштлашгани кетяпмизми ё ваянкаматга кўрикдан ўтганими? Тўқсон иккиман, дейман!
– Ана-а! – Қодиржон турган жойида бир сакраб, чапак урди, – балога қолдингиз, қармоққа илиндингиз. Агар тўқсон иккинчи йил туғилган бўлсанг, демак, ёшинг икки мингга яқинлашиб қопти-да, кўринишингдан анча ёш кўринасан, Пифагор сенга акача, Ибн Сино укача экан-да, балки Худоёрхонга ўзинг сўска тутгандирсан, деб масхаралайди. Ўшан-чун мободо сўраб қолса, туғилган йилингизни тўлиқ айтинг.
– Бу бола бизни вилоят олимпиадасига олиб кетяптими дейман?
– Энг ёмони, лаънати сариқмошак лақаб қўйишга жуда уста экан. Шунақа қўядики, янги оқ кўйлакдай ярашади қолади.
– Бўлди, кетдик, лақаб қўйишни мен унга ўргатаман!
Болалар яна югура кетишди. Қодиржон саф бошига чиқиб, орқамачасига югуриб бораркан, яна рақибни таърифлай кетди:
– Мени биринчи кўргандаёқ “Ҳа, сўпилтириқ, қинжир қуённи бозорга опкетяпсанми?” деб сўради.
Болалар Ботиржонни озғин жуссасини, шалпангқулоқларини кўз олдига келтириб, югуришдан тўхтаб, қоринларини ушлаб қолишди.

Қумортқи

– …Айниқса, 6-“А” синфдаги Улуғбек Аҳмедов, Давлат Маматхўжаев, Азиз Раҳмоновлар ўқишга қизиқмай қўйишди, бўйингдан аканг. Масалан, адабиётга умуман бефарқ. Ў-қиш-май-ди! На Пушкинни, на Толстойни, на Репинни ўқишмайди…
­– Домлажон, Репин рассом шекилли? Тарих китобида расмиям бор.
– Репин деб эшитдингизми? Бу ярамас тўполончилар дастидан бошлар айланиб, хотираям айрон бўп кетди. Рекин дедим шекилли? Украинларда шунақа шоир бор. Унча машҳурмасу, менга ёқади. Хуллас, 6-“А”га фақат бокс бўлса бўлди! Ўртоқлар, ўртоқлар, ўзаро ҳурматни сақлайлик. Буларнинг кундаликларини текшириб, кейин машғулотларга қўйиш керак ўзи, аслида.
– Бўлдими? Яна ким фикр билдиради? – деди мактаб директори қошларини баравар кўтариб.
– Ҳозир биз товуқ ўғирлаган тулки қолиб, гилос чўқилаган олақанотни қувалаб юрибмиз, – деб гап бошлади меҳнат ўқитувчиси, – ҳозир асосий масала, мени назаримда, болаларни пахтага чиқармаслик. Ўзимизни гулдай умримиз ғўза оралаб ўтди. Саводсизлигимиз, рамақижонлигимиз, қўрқоқлигимиз шўронинг пахта сиёсатига бориб тақалади. Московни айтиб ўтирмай, Тбилиси, Ереван, ҳатто Олмаотада ўқувчилар тўққиз ой ўқирди-ю, биз шўринг қурғурлар уч ой нари-берисида билим олардик. Мактаб дастури эса ҳаммага бир хил эди…
­– Ҳа, энди, Назаржон Назирович, ҳозир дарсдан кейин ихтиёрий кўмакка чиқишяпти. Буни нимаси ёмон? Меҳнатдан ҳеч ким ўлган эмас, – директор негадир эшик томонга бир қараб олди.
– Ихтиёрий, деймиз-ку, лекин уйма-уй қувалаб юрамиз. Нега шу масалани кўтармайсиз, домлажон? – Назаржон Назирович бир муддат жавоб кутгандек Миркомил домла томон энгашди, – ҳозир замон бошқа. Бола бечора қишлоғимиздан одам чиқараман деб ҳаракат қилса-ю, сиз бунга тўғаноқ бўлсангиз. Сизда адолат борми, жаноб… домла?
– Одам чиқишига қаршимасман. Ўша одам ўқимишли бўлсин дейман холос, бўйингдан аканг. Таниқли зиёлилар кўпайсин, дейман.
– Агар қишлоғимиздан шоир чиқариш ниятингиз бўлса, хавотир олманг. Чиқади шоир ҳам. ­– Мусиқа ўқитувчиси столни бармоқлари билан пианино қилиб хаттахтага қараб бир маромда сўзлай кетди. – Авваламбоши, санъат учун шароит бирламчи. Қора меҳнат истеъдоднинг душманидир, деган эди Нодир Жонузоқ. Қадимда шоирларнинг шеър ёзишлари учун қулай шароитлари бўлган эканми? Бўлмаган албатта. Лекин меҳнат кўнгилли бўлган. Завқий домла Чопдорга келиб ер ўзлаштириб, қовун экканини ҳамма билади. Шу ерда ғазаллар ҳам битган. Нега? Чунки ҳеч ким бошида қамчи ўйнатиб турганмас…
– Сиз айтган истеъдодни ўлдирадиган меҳнатни қилиб, ижодни ҳам дўндириб, машҳури замон бўлганлар ўзимиздаям кўп, бўйингдан аканг. Ана, Сойиб Мирзо бутун бошли Тошкентда чўнглардан бири бўлиб юрибди. Ўшаям ўзимизни қорадарахтлардан.
– Ўктам Ҳамро-чи, Ўктам Ҳамро? Қишлоқни тўйларини бир ўзи гуллатади, азамат. Исроил Бекмирзани тўйида сўз олиб, ўша ерни ўзида тиккалай “Исроил акам раис”, деб шеър тўқиворди. Қистир-қистир бўп кетди. Ўзимиздаям талантлар кўп.
– Сизам ўлдирдингиз, “Исроил акам раис, Обкелади майиз, Обкеганда майиз, Емаганлар дайис…” шуям шеърми? Зоҳид Неъматники бошқа гап…
– Мени битта саволим бор, – қўл кўтарди география ўқитувчиси. Директор ияги билан тасдиқ бергач, давом этди. – Боя фамилиялари айтилган болалар авваллари аъло ўқирмиди?
– Йўқ, бўйингдан аканг.
– Демак, ҳеч нима йўқотмабсиз. Лоақал, болаларнинг бўш вақти фойдали машғулот билан тўлдирилибди. Очиғини айтсам, сиз санаган болалар географиядан яхши ўзлаштиришни бошлашди.
– Ҳай-ҳай, кўз тегмасин, астароқ гапиринг, Замирахон.
– Биронта мамлакат пойтахтини тўғри кўрсатиб бера олишадими?
– Албатта. Фақат аввал у ерда бокс бўйича бирон-бир мусобақа бўлиб ўтиши керак. Буям натижа.
– Мен гапирсам майлими? – деб ўрнидан турди кимё ўқитувчиси. – Авваллари ўша 6-“А” синфидаги Аҳмедов Улуғбекни ҳеч тинчлантириб бўлмасди. Жудаям тўполончи бола эди. Ҳозир фақат танаффусларда томоша кўрсатади.
Миркомил домла пихиллаб кулди:
– Танаффусларда денг-а? Қойил!
– Тўғри, ўзгарган, – деб гап қўшди даврадагилардан икки-учтаси.
– “Дарсда ухлаб қолиб шовқин сололмайди”, дейилса тўғрироқ бўлади.
– Ернинг тортиш кучи бўлганидек, партаниям тортиш кучи бўлади. Бошингизни ўзига тортганини билмай қоласиз. Ўзимизам ўқувчи бўлганмиз. Шовқин солиб ўтирганидан ухлаганиям дуруст.
– Ана-ана!
– Спорт билан шуғулланган боладан ёмонлик чиқмайди.
– Мана, масалан, Улуғбек Аҳмедов фақат спортга қизиқади, дейиш нотўғри. Унинг чизган расмларини кўринг сиз.
– Қуённи расмини чизса керак-да.
– Домла, шогирдларимни ерга ураверманг, – деди сабр косаси тўлган Рустам ўтирган жойида бўйнини чўзиб. – Эшик олдида учала бола турибди, қайси бирини чақир десангиз чақираман. Кўпчиликнинг олдида битта шеър айтиб берса тинч қўясизми?
– Чақиринг, – амр қилди директор. Кейин Миркомил домлага қаради:
– Домла, қайси бирини чақиришсин?
– Фарқи йўқ… – ғудранди домла жойига ўтираркан.
Рустам Азизни бошлаб кирди.
– Хоҳлаган шеърини айтаверсинми?
– Азизнимас, бошқасини чақиринг.
– Фарқи йўқ эди-ю.
– Азиз Муқимийнинг “Саёҳатнома” шеърини билади. Ўшани айтади. Бошқасини чақиринг. Масалан, Аҳмедов Улуғбекни. У икки дунёда шеър ёдлай олмайди.
Рустамнинг буйруғи билан Азиз ташқарида турган Улуғбекни чақирди.
– Улуғбек хоҳлаган шеърини айтаверсин, агар билса. Тўртлик айтсаям майли.
– Тўртлик? – ҳайрон бўлди Улуғбек кўзларини жовдиратиб.
– Тўртлик тўрт қатор бўлади, – деди Миркомил домла бармоқларини кўрсатиб. – Ҳалиги машҳур бўлган қўшиқларни шеърини айтиб берсангам майли. “Лаълихон”ними, а, бўйингдан аканг!
– Халқ оғзаки ижодидан намуналар! – Улуғбек томоғини қириб шеър айтишга чоғланди.
– Намуналар? Қани, эшитайлик-чи. Кесакдан чақмоқ дегани шудир-да!
– Бошла. Парча-парча бўлсаям айт.
– Ван, ван, ван,
Сенга бердим тан!

Ту, ту, ту,
Ай лав ю!
Болапақир директор томонга хавотир аралаш кўз ташлади. Раҳбар тақир бошини силаб, инглиз тили муаллимасига қараб жилмайиб турганидан кўнгли тинчиб, янада овозига эрк берди:
Сри, сри, сри,
Гўзаллардан бири!

Фо, фо, фо,
Кўзлари… вой-бў!

Файв, файв, файв,
Бошқа гап ҳайф!

Сикс, сикс, сикс,
Ҳаммаёқ текис!

Севн, севн, севн,
Гап отсам, севин!

Анграйиб қолган Миркомил домла ўқитувчиларнинг ҳиринг-ҳирингидан ўзига келди.
– Яна борми халқ оғзаки ижодингдан, Аҳмедов? – директорнинг саволини рағбат ўрнида қабул қилган Улуғбек шифтга қараб, деярли қичқириб давом этди:

– Бозорга бордим,
Эчки олдим.
Эчки ўлгур пўчоқхўр.
Бақирмаган чў-чў…

– Бўлди! Бас! Етади! – директор кафтини қалқон қилиб важоҳат билан Улуғбек томон ошиқди.
– Яхши кетаётувди-да. Бекор тўхтатишди!
Улуғбек худди парвоз қилмоқчидек, икки елкасини баравар кўтариб, хайрихоҳлик кўрсатган инглиз тили муаллимасига бир қараб олиб, авжга чиқди:

– Боғим бору боғим бор,
Боғимда анорим бор.
Ҳеч ким қизини бермаса…
– Стоп! Бўлди-е! – директор Улуғбекнинг билагидан маҳкам ушлаб, мажлис аҳлига хижолатли илжайди, – тағин “Ўтирган – ўпоқ…”ниям шеър деб айтвормасин, а, домла?
– Менга ёқди, лекин. Биринчи бошлаган шеърий парчалари ширу шакар бўпти. Ҳар ҳолда, инглиз тилида санашни биларкан.
– Вей, Икромжон, ўзимизам “Рапа-рапа, рапатам,Ўрис мени опатам!” деб ашула айтиб юрардик-а? Буларникиям замонга мос. Оҳангини қаранг, ҳиҳ! – мусиқа ўқитувчиси завқланиб қарсак чалди.
– Охирги маротаба огоҳлантираман, – деди директор жиддийлашиб Рустамга қараб. – Яна шикоят тушса, бокс машғулотларингизни тўхтатасиз.
– Қанақасига охирги маротаба бўлади? Олдинги сафар ҳам охиргиси эди-ку! – норозиланди Миркомил домла.
– Бу энг охиргиси. Кейинги сафар энг охиргисининг охиргиси бўлмайди. Тушунарлими?
– Тушунарли.
– Сен-чи, тушундингми? Устозингни юзини ерга қаратмайсанми? Сени деб устозинг мактабдан кетади. Уқдингми?
– Уқдим!
– Нима дейиш керак?
– Раҳмат, бошқа қайтарилмайди! – деди Улуғбек қаддини ғоз тутиб.

Вой-бў, шунақа зўрмисиз?

– И-е, и-е, мулла сўпилтириқ, қуённи сотиб, ўрнига ошқовоқ сотволдингми? Вой-бў, ўзиям даштда бўган томошақовоқлардан экан-да!
– Ўзингга қара, сариқ сўпиён!
– Дирдовқўзи… – Нозим безорилар саркорининг диққатини ўзига тортмоқчи бўлганди, у яна Қодиржонга қараб бамайлихотир савол ёғдираверди:
– Сўпилтириқ, манави дўнгпешанани ариқчадан тутволдингми? Қоқбалиқни кўзида маъно бору, буникида сираям кўринмайди-ю, а? Вой, сўпилтириқ, Африкадан қариндошлар келишган деб бир оғиз айтиб ҳам қўймайсан-а? Мана буниси Муҳаммад Алини жияними дейман-да, бурнини япасқилигини айт, эшикни очгани қўлини ишлатмайдими бунинг? Нима? Боксчиман дейсанми ё ҳўкизчаман деяпсанми? Ҳа, бўшалиб кетиб далама-дала юрибсанда шаталоқ отиб думингни хода қилиб…
Шу жойга етиб Нозимнинг таҳдидли саволи рақибнинг “илҳом оти” жиловини тортди-ю, беихтиёр илжайиб қолган болалар ўзига келди:
– Велосипед қани? – деб сўради хуноби ошиб Нозим.
– Эшак бор, бўлмайдими?
– Ўзингни таклиф қиляпсанми?
– Кимни эшак деяпсан, така?
– Така сени фамилиянг. Ҳозир каллангга битта қўяман, шохингам ўсиб чиқади!
– Вой-бў, шунақа зўрмисиз? – деди маҳаллий безорилар сардори овозини мазах оҳангида ўзгартириб.
– Яккама-якка чиқсанг, билволасан, шипиринқи!
– Яккама-якка жанг сени боксингда бўлади, пашмак! Бизда ҳамма бир киши учун, бир киши ҳамма учун! Қани, сол, болалар бачажишларни!
Олатасир муштлашув бошланди. Рақиблар мўр-малахдай ёпирилиб, боксчиларни ерга ётқизиб, тепкилай кетди. “Меҳмон”ларнинг бахтига қишлоқ катталари шу томонга бақир-чақир қилиб кела бошлади. Уларнинг орасида алпанг-талпанг чопиб келаётган мелисани кўриб, ҳамма тўғри келган томонга тумтарақай қочди.
Қодиржон йўл четида ётган велосипедни миниб, пойгачилардай чўнқайганча тепкини тинимсиз айлантириб, бирпасда кўздан ғойиб бўлди. Шериклари ҳам бор кучлари билан унинг ортидан чопишди. Пахтазорга ёндош тупроқ йўлда чанг ғубори тумандай муаллақ қолди, холос.

Уйда ўтирувдим ғамсиз…

– Устоз, ёрдамга келдик.
– Ўзимиз ташиб оламиз. Овора бўлманглар. Тағин биров кўрса, болаларни мажбурий меҳнатга жалб қиляпти деб юрмасин. Ўзи, кечаги мажлис ҳам етади. Қани, марш! Жўнанглар! Салдан кейин менам бораман.
– Бир амаллайлик, ука, – узилиб қолган суҳбатни улади қишлоқдош.
– Тошкентга боргандан кейин ўзимни гилосларимниям сотишга вақтим бўлмайди. Мусобақага кетяпман, айтдим-ку.
– Кўтарасига бериб юборарсиз.
– Ўзимникини шунақа қиламан ҳалиям.
– Бизникиниям ола кетинг. Бор-йўғи тўрт юз кило.
– Ака, бўйнимга ололмайман. Хафа бўлманг, сизни ишонтириб олиб кетсаму, уёғи ўхшамай қолса… Энг ёмони, бировнинг омонати…
– Сизга ишонаман, ўхшамай қолсаям даъво қилмайман.
– Сотолмайман, мени қийнаманг, ака. Менга қаранг, харидорлар ўзлари қишлоқ кезиб юрибди-ю. Ўшалар билан келишинг.
– Бе, ғунажиннинг кўзидай гилосларимни фирибгар талончиларга носвой пулига тутқазгандан кўра олақанотларга талатганим яхши. Хўш, ўзингиз-чи? Ўша қароқчиларга ихтиёрий алданасизми? Мана, Тошкентга олиб кетяпсизу?
– Мен иш билан кетяпман. Бирйўла…
Рустам учун ўнғайсиз бу суҳбатни шогирди Мадаминнинг томдан тараша тушгандек мурожаати бузди:
– Устоз, сизни Охунжон ака чақиряптилар.
– Нимага?
– Билмадим. Мелиса Бахтиёр акаям бор.
– Йўғ-э. Бахти мелисани менда нима иши бор экан? Уйда ўтирувдим ғамсиз… Юр, борайлик-чи… Узр-да, ака, буёғи зарилга ўхшайди.

Энди қайтиш йўқ

– Менга қара, ов, овсар! Анави ютган болани яшаш жойини аниқлаб, ўзинг бориб ота-онасини рози қилиб кел. Сўраганини бер! Кўрдингми айланиб тепишини. Ҳақиқий каратечи шунақа бўлади. Хўрозни ўзи-я!
– Хўп бўлади. Боризга шукур, шеп. Ниҳоятда кучли жамоа йиғдингиз, – олқишлади уни шотири. – Кеча зўр курашчиларни ҳам чертиб-чертиб танладингиз. Энди ҳамма жанг санъатини омухта қилиб дарс ўтадиган давр ҳам кеп қолди-ёв.
– Лекин бизни мусобақада барибир боксни ўрни катта. Халқаро жангларда ютганларнинг аксарияти бокс билан шуғулланган.
– Энди нима қиламиз?
– Рустам аканг билан яна бир раунд гаплашишга тўғри келади шекилли.
– Мен ёнингиздаман, шеп!
– Сен… ҳа, ёнимдасан, жа кўнглим тўқ. Худогаям раҳмат…

Бу одам ким?

– Нима гап ўзи, амаки?
– Нега бировни боласини урасиз?
– Бировни боласи? – ўшқирди Геракл. Сўнг Тоҳирни силташга тушди. – Кимни боласисан, ўв? Мен сенга нима дегандим? Шу лаънатиларни олдига бормагин, демаганмидим?!
Тоҳир карахтланиб, ерга қараб жим қолди.
– Амаки, ўйлаб гапиринг! – деди Азиз тутақиб. – Биз нега лаънати бўларканмиз?
– Сен аралашма, гишчумчуқ!
– Тоҳирни қўйворинг!
– Тур, йўқол!
Геракл ўғлини машина томон судраб бориб, бўйнидан ушлаб эгиб, мажбурлаб ичкарига тиқди. Болалар ғуж бўлиб улов йўлини тўсди. Геракл кетма-кет сигнал берди. Ҳеч ким йўл бермагач, ноилож тушди. Умидвор Тоҳир ҳам ойнадан мўралади.
– Тоҳир, бу одам ким бўлади сенга? – деди Азиз Гераклга ишора қилиб.
– Дадам… – деди Тоҳир ютиниб.
Шундан сўнг болалар жимгина йўл бўшатишди. Ҳаммасининг мушти тугилган, кўзларида ғазаб оловланарди…

Бўлар экан-ку

– Ўртоқлар, эътибор беринг, болаларга қасддан тан жароҳати етказилган. Бешта болага шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилган. Деярли ҳаммасининг кўзи кўкарган, бурни қонаган. Етиб келганимизда қочиб қолишди азаматлар.
– Моддий зарар ҳам етказилганми? – деб сўради маҳалла оқсоқоли Охунжон ака.
– Йўқ. Моддий зарар етказилмаган. Бунинг иложи ҳам йўқ – муштлашув дала йўлида юз берган.
– Тут-путни ағдариб, ариқчани кўмиб ташлашмаганми ишқилиб?
– Сизга ўхшаган маслаҳатчилари бўлмаган-да афсуски, – ҳудуд нозирининг авзойи айниди. – Сизни фамилиянгиз нимайди? Аҳа, Россияда уч йил зим-зиё бўп кетган Нозим бўёқчининг дадасимидингиз? Ҳозир қайда у? Нима иш билан банд? Кетмай туринг, сизга алоҳида гап бор.
– Мен айтардим-а оқибати яхши бўлмайди деб, – хонага халлослаб, ҳовлиқиб Миркомил домла кириб келди. – Ўзи безори бўлишса-ю, тағин уларга уришишни ўргатишга бало бормиди?! – Шу пайт кўзи Рустамга тушиб, бош ирғаб саломлашган бўлди. – Мана, энди мелисавозлик!
– Хўп, Бахтиёржон, бундай қилсак, қўшни қишлоқдагилар билан ўзим гаплашсам. Аризаларини қайтариб олишса, айбдорларни ўзимиз жазоласак… – деди Охунжон ака тарафдор қидиргандек атрофдагиларга қараб.
– Ариза-париза йўқ. Шикоят ҳам қилишмаган. Ким урганиниям мардларча айтишгани йўқ. Қишлоғингиз болаларининг донғи кетгани учун тўғри шу ерга келдик.
– Балким у бизни болалармасдир, – деди Рустам умидланиб ва ўтирган жойида бир қўзғалиб қўйди.
– Тутолмаган бўлсак ҳам кўрганмиз-ку. Топдик ўша ўзимиз қувлаган болаларни.
– Балки ўхшатгандирсиз?
– Ана кўзлариям кўкариб ётибди, – нозир болалардан бирини бармоғи билан кўрсатди.
– Бир йилда кўзинг неча марта кўкаради? Акангга айт-чи, – деди Рустам шогирдига.
– Билмадим. Кўп.
– Мусобақаларда, машқда тез-тез мушт тушиб туради. Бу боксчиларда табиий ҳол. Агар шуни асос деб ҳисоблаётган бўлсангиз, янглишасиз.
– Агар керак бўлса қўшни қишлоқдан аризаларам ёздириб келаман.
– Энди, укам, бўлмасам га-ап бундай, бизни бутун туманга шарманда қилмасдан буларни ўзимизга қўйиб беринг. Боплаб таъзирини берайлик.
– Шунга келдим ўзи. Қандай чора кўрасизлар? Билсак бўладими?
– Энг кескин ва оғир жазо берамиз. Ота-оналарини чақирамиз. Ҳамқишлоқлари олдида уялтирамиз.
– Бокс секциясини ёпамиз! – деб гапга қўшилди Миркомил домла.
Ҳамма бирдан Рустамга қаради.
– Агар менинг болаларим шу ишни қилишган бўлса, айбим катта. Уларга етарлича тушунтирмагандирман. Лекин… бокс секциясини ёпмайлик.
– Бошқа иложи йўқ, – деди оқсоқол кучайиб. – Тағинам бу укамиз келиб ўзимизга имкон беряптилар. Агар кескин чора кўрмасак, бу иш расмийлаштирилса, бардамалаб кетиб, оқибати ёмон бўлади. Нафақат мактабимиз шаънига, бутун қишлоғимизга доғ тушади.
– Агар чора кўрилса, мени даъвойим йўқ. Ишни расмийлаштирмайман.
– Бокс секцияси ёпилдиям дейлик. Унда туман марказидаги спорт мактабига бориб ишлайман. Ишга таклиф қилиб ётишибди. Лекин қишлоқдагилар боксни унутишади деб ўйлайсизми?
– Йўқ, бу болалар энди сизни этагингизни ҳеч қачон қўйворишмайди. Туман марказига қатнаб бўлсаям бокс билан шуғулланаверишади, – деди сартарош иягини сийпалаб.
– Эртага вилоят чемпионатига Азиз Раҳмоновни олиб кетишим керак. Балки келганимдан кейин яна маслаҳатлашармиз.
– Ҳеч қанақа мусобақа-пусобақа йўқ энди. Кейин яна бошқа гап топилади. Ёпмайлик дейсиз. Чемпион бўлди-ку дейсиз, – деди норози оҳангда Миркомил домла.
– Вилоят чемпионатига чиқдими шогирдингиз? – қизиқсинди нозир.
– Ҳа, чемпион бўлишиям мумкин.
– Рапқонни телевизорда гапирмасаям майли. Ҳечқиси йўқ. Шундоғам довруғимиз достон бўлди, бўйингдан аканг.
– Ёмонми гапирса? Мен ҳакамлик қилган жангларни шарҳлашганда қаердан, қайси қишлоқдан чиққанимни айтиб ўтишади. Агар Азиз вилоят чемпиони бўлса-ю, Рапқонни тилга олишса ёмонми?
– Кўпчилик нима деса шу. Секция ёпилиши аниқ. Ё мусобақадан олдин ё кейин, – деди Миркомил домла овози бўғилиб. Сўнг нозирга қаради. – Буларни ўзлаштиришлариям ёмон.
– Бўлди-да, домла, энди яна шеър айттиришингиз қолувди.
– Фақат менинг дарсимдангина эмас, бошқалариданам бўш. Ўта бўш.
– Вилоят биринчилигида ҳар кимам қатнашавермайди, – Рустамни қўллади нозир, – республиканики қачон?
– Июлда.
– “Л”сидами, “н”сидами? – пешона тириштирди Миркомил домла.
– “Л”сида, июлда, – домланинг юзига қарамай жавоб қилди Рустам.
Чеккада турган Азиз адабиёт ўқитувчисига қараб гап қўшди.
– Агар шеър айтиб берсам рухсат берасизми? Мен ҳеч қаерга уришишга бормаганман.
– Физикадан саволларга жавоб берсангам қаршиман. Эшитдик кеча сенга ўхшаган биттасини шеърларини.
– Бу бола тўполонда қатнашмаган бўлса, унга даъвойим йўқ. Қолаверса, мусобақага боришига ота-онасидан бошқа ҳеч ким қаршилик қилолмайди.
– Ия? Ҳозиргина жазо талаб қилаётган сизмидингиз, – пешонаси тиришди домланинг.
– Айнан бу боланинг айби йўқ экан-ку. Унга имкон бериш керак. Менимча, тўгаракни бир кун-ярим кун кечроқ ёпсак ҳам осмон узилиб тушмайди.
– Нима? Балки бу жўжахўрозларга раҳматнома ҳам эълон қилармиз, бўйингдан аканг?
– Йўқ. Тушунтириш хати ёзиб беришсин кечирим сўраб. Маълум бир вақтгача бокс билан шуғулланишни таъқиқлайлик. Агар секция ёпилса, боя айтганларидай, болалар мураббийларининг кетидан туман марказига қатнашлариям мумкин. Йўлда бир нима бўлса-чи, ким жавоб беради? Майли, шеър айтсин. Эшитайлик. Яхши айтса, борсин мусобақасига. Буям бир имтиҳон.
– Сиз олдин эшитиб кўринг бунинг шеърларини. Кечагидақасидан буларгаям айт, бу ерда аёллар йўқ-ку.
– Бошқачасини айтсам-чи?
– “Саёҳатнома”дан бошқа шеър айтсанг, кундалигингга якуний “беш” қўяман. Кейин бокс билан шуғулланишингга умуман қаршилик қилмайман. Хоҳласанг, чўмилаётгандаям қўлқопларингни ечма.
– Мусобақага-чи, бораманми?
Ҳамма бир-бирига қаради.
– Умуман олганда, мен қаршимасман. Мелиса укамиз ҳам рози-ку, а? – деди оқсоқол.
– Албатта, розиман.
– Тавба, мактабдагилари етмагандай бу ердаям шеърхонлик бўларкан-да.
– Домла, сиз адабиёт ўқитувчисимисиз? Мунча шеърга тихирлик қиласиз? Қани, Азиз, айт!
Худди кинога кирган томошабинлардай ҳамма жойлашиб ўтириб олди.
Азиз иккала кафтини шимининг чўнтагига босганча шеър бошлади.
– Муҳаммадқодирга!

Бобурдан меросми кўзингдаги чўғ,
Эй сен мушти қаттиқ, кўнгли бўш бола?
Яшил ўрмонларда улғайганинг йўқ,
Сенинг ҳам кўз очиб кўрганинг дала.

Ўзи яйрамаган сени яйратиб,
Отанг саҳар келиб, кетган саҳарда.
Онанг пахта терган сени ухлатиб
Толларга осилган беланчакларда.

Бахтиёр болалик кечаги эртак,
Юраги увишган, кўзи ачишган.
Сенинг ҳам қўлингга беришиб этак,
Сенинг ҳам устингдан дори сочишган.

Асл чемпион ҳар ўзбек бўлолган,
Даладир дунёда асли катта ринг.
Деҳқоннинг қўлига кишанлар солган,
Миллат душманлари сенинг рақибинг.

Зарбингдан қалқисин кулаётганлар,
Юмшоқ ўрнидан бир туриб қўйсинлар,
“Ўзбекнинг иши”ни ўйлаб топганлар,
Ўзбекнинг муштини кўриб қўйсинлар!

Кураш тўйларга кўрк, сайилда эрмак,
Билакларга бердик хирмонларда тоб.
Японнинг эгнида бизларнинг яктак,
Пахтамиз Муҳаммад Алига қўлқоп.

Бизнинг устозимиз имон ва ихлос,
Асли-ку мақтаниш эмас бизга хос.
Ўн икки ёшида кўзлари чақнаб,
Бобур йўлбарс билан олишгани рост.

Кимлардир бизларни қўшмасди сафга,
Муштингда миллатнинг номуси жодир.
Қай рақибни йиқсанг, улар тарафга
Бир кулиб қараб қўй, Муҳаммадқодир.

Денгиз бўлиб жўшгин, дарё бўлиб қалқ,
Кетсин кўнгиллардан ранжлар озори.
Сенинг суянчиғинг ортингда бир халқ,
Сенинг мураббийинг – миллат сардори.

Қадоқ битган панжа зарби шунақа!
Кетмон тутган панжа зарби шунақа.
Ҳабашмисан, фаранг, тур, эй оғайни,
Ўзбекнинг анжанча зарби шунақа!

Ҳаёт асли кураш, ҳаёт асли жанг,
Янги зафарларга йўлласин сени.
Тўн кийиб қачонки майдонга чиқсанг,
Паҳлавон Маҳмудлар қўлласин сени!

Мен булбул эмасман, мен бир жайдари,
Кўнглимга сиғиниб бир қалам сурдим.
Худодан сўрайман, сенинг сингари
Қодир ўғлонлари кўпайсин юртнинг!

Миркомил домла мижжаларини кафти билан артиб, Азизга қучоғини очиб, тебранганча келаверди:
– Берироқ кел, болам. Пешонангдан битта ўпай!
– Бўлар экан-ку! Яшавор! Шеърни ким ёзганини ҳам биласанми?
– Ҳа.
– Бунақа ўғил бола шеърни Муҳаммад Юсуф ёзади-да, – деб унинг ўрнига жавоб берди Рустам тўлқинланиб. – Қани дуо қилинг, оқсоқол.
– Илойим, ғолиб бўлиб, ёруғ юз билан қайтишни насиби рўз айласин, омин!
– Муҳаммадлар қўлласин сени!

Ғаламис ҳам кўп-да

– Устоз, устоз!..
– Кечаси рингимизни ёқиб кетишибди…
– Эшитдим, дадам айтди. Тезроқ юринглар!
Мактаб ёнидаги қўлбола машғулот майдони тутаб ётибди. Ринг арқонлари узилган. Қозиқлари ёниб битган. Олов атрофдаги майсазорни ҳам анчагина эгаллаб, куйдирган. Йиртилиб ётган машқ қоплари шабадада бир қўзғалиб, яна ерга ёпишади.
– Қайси аблаҳнинг иши экан бу? Кимга керак экан? – деди Рустам ўзига ўзи гапиргандай.
Шу пайт мактаб қоровули пайдо бўлди:
– Ярим тунда шовқин эшитгандай бўлдим. Ҳа, энди, ўспиринлар тўйдан қайтишаётгандир-да, деб ётаверибман. Аъзам Қуйқий уйланди-ю. Наҳорги ошда кўринмадингиз? Тавбангдан кетай, ўзини тўйида ашула айтган одамни энди кўришим. Кайфи борми ё? Ҳа, майли. Ошдан чиқиб келсам, бу аҳвол. Тавба, астофирулло… Ғаламис ҳам кўп-да.
Рустам силласи қуриб, оғир хаёлларга чўмганча ерга ўтириб қолди. Бироз вақт ўтиб, тиззасига бир мушт урди-да, ўрнидан туриб, ёнғин қолдиқларини қўли билан тозалай бошлади. Шогирдлари ва мактаб қоровули ҳам юмушга қўшилди.

Нима қилсак экан?

– Айтсам ишонмайсиз. Ўша кундан бери туз тотгани йўқ болам бечора. Хонасидан чиқмайди. – Аёл бирдан пиқиллаб йиғлаб юборди. – Бир нарса бўп қолса…
– Э, овозингни ўчир! Ҳеч нарса қилмайди…
– Ўзингиз кириб бир кўринг. Кейин биласиз.
Геракл уф тортиб ўрнидан турди-да, Тоҳирнинг ётоқхонасига кириб, чироқни ёқди. Юзтубан ётган Тоҳир миқ этмади.
– Эй бола! Бирор жойинг оғрияптими сени?
Тоҳир жавоб бермади. Геракл бирдан тутақиб, ўшқирди:
– Тур ўрнингдан, ўв! Ҳозир пачағингни чиқараман!
Отанинг гулдуракдек ваҳшати болага таъсир қилмади.
Бироздан сўнг Геракл бўшашди. Тоҳирнинг ёнига ўтириб, билагидан ушлаган эди, у қўлини зарда билан тортиб олди.
– Хайрият, тирик экансан-е!
Тоҳир отасига терс ўгирилиб, деворга қараганча ётаверди…
Эр ташқарига чиқиб, бетоқат кутаётган хотинига яқинлашаркан, муроса оҳангида гап бошлади:
– Мунир, ростдан бу ёғи жиддийга ўхшайди. Нима қилсак экан?
– Ўзингиз-да! Ҳе йўқ, бе йўқ боксдан ажратиб олдингиз. Қатнаса қатнабди-да, кўчада бемаъни санғигандан кўра. Охири, зерикиб ўзи ташлаб кетарди боксини.
– Э-э, бу ерда бошқа гапларам бор-да сен билмайдиган… Майли, борса-борсин. Лекин мен рухсат берганимни айтма. Гўё мен билмайман. Балки, сен айтгандай тузукроқ мушт тушса, тавбасига таянар. Тушундинг-а? Худдики мендан яширинча сен рухсат беряпсан унга…

Ҳамма тўпландими?

– Ассалому алайкум! Устоз, бугун машғулот бўладими?
– Қанақа машғулот? Яна очиқ далага борамизми?
– Йўқ, ўзимизнинг жойда.
– Култепадами?
– Йўқ, устоз. Олдингидан ҳам яхшироқ ринг қуриб беришди.
Рустам ҳайрон бўлиб, телефонини чап қулоғидан ўнгига олди.
– Қуриб беришди? Кимлар?
– Маҳалла.
Рустам жонланди:
– Тошкентга бориб келгунимча-я? Икки кунда-я? Машқ қоплари-чи?
– Ўзимиз ясадик. Қопга қипиқ аралаш қум солдик.
– Ҳамма тўпландими?
– Тўпланди.
– Қўштегирмондан қатнайдиган ака-укаларам келишдими?
– Йўқ.
– Келишгани йўқ, де. Майли. Ишлари чиқиб қолгандир-да. Ё укасини яна мазаси йўғмикан? Бир соғайиб қолади… Бир… Бўпти, қолган гапни майдонда гаплашамиз.
Телефонини ўчириб, ён чўнтагига солди.

Насиҳат

– Тўй шу-да, болам, ҳаммани бирдай рози қилиб бўлмайди. Меҳмон серобгарчилик бўлди, деса, мезбон исрофгарчилик бўлди, дейди. Ишқилиб, бизниям тўйларга етказсин! Бола ёш, қишлоққа қайтиб, устозлик йўлини тутганинггаям тўрт-беш йил бўп қолди…
Рустам дадаси гапни қайси томонга бураётганини фаҳмлаб, зарур бўлмаса-да, ён ойнасини кўтариб-туширди.
– Дада, тўйхона кўчасида томоша кўрсатаётган зангвозларни сиз кўрмадингиз-да! Беш яшарча бола шунақа акробатлик қилдики, оғзингиз очилади. Яна, биров пул узатса, тўппа-тўғри иштонини ичига тиқади. Роса кулги бўлди.
– Илоҳим, ана ўшанақа соғлому чапдаст фарзандлардан ато этсин сенгаям. Кўнглингга олмагину, хотинингни бир дўхтирга кўрсатмадинг-да.
Рустам дув қизариб олди-да, йўл бермай келаётган “Жигули”га устма-уст сигнал бериб, ёнидан ўтиб олгач, сипо жавоб қайтарди:
– Кўринганмиз, дада. Соппа-соғсизлар, кутинглар, дейишган.
– Э, бола ёш, кутган билан бир иш чиқармиди? Ҳаракат қилиш керак бундоғ.
Рустам отасига ажабланиб қаради.
– Ҳеч эсимдан чиқмайди, аянг “сариқ касал” бўлиб, Қўқондаги шифохонага тушганда тоғанг қатнашга қулай, деб ишхонасига тегишли кўпқаватли уйдан ижаражой топиб берганди. Икки ҳафта адабимни еганман. Кундузи метин “зиндон”нинг иссиғи юракни сиқса, кечқурун деворқўшни эр-хотинларни қирпичоғи қонингга ташна қилади. Энди уйқуга ётишинг билан тарақа-туруқ, бир нарсалар синган, дод-вой, чинқириқ… Қиёмат қойим қўпди-ёв, дейсан. Биринчи куни уларни ваҳмасидан қўрқиб пастки қаватдаги эшик оғасига югуриб тушибман. Шундай-шундай, ўн тўртинчи хонадонда вазият чатоқ, ҳозир ё хотин, ё эр аниқ ўлади, “Сўйиб гўштингни тузлайман!” деганини ўз қулоғим билан эшитдим, десам, пинак бузмай, “Қўяверинг, меҳмон, ҳар куни шу аҳвол, уларга жин ҳам урмайди, турмуш тарзи шунақа”, деб қўл силтаб қўяқолди. Эрталабгача қувалашиб, юмалашиб чиқишди барака топгурлар. Эшикни бузиб кирай десам, бегонаман, эшитиб ётаверай десам, билиб-сезиб туриб қотилликни олдини олмадингми, деган сўроқ-саволни ўйлайман. Бир бало қилиб тонг оттирволдим. Эртаман қайси кўз билан кўрайки, эшик очилиб, башанг кийинган эр-хотин ҳеч нарса бўлмагандай бир-бирларини ялаб-юлқашиб, қўлтиқлашиб чиқиб, мен билан асал-шакар саломлашиб, кўчага хуш-хандон чиқиб кетишди. Деворга суянганча анграйиб қопман. Ё худо, шунақаям оила бўладими? Бундан кўра тинчгина орани очиқ қилиб, ўз йўлингдан кетмайсанми?
– Кейин-чи?
– Нима кейин? Кейин ўрганиб қолдим. Уларни бўлган бўтаси шу экан. Тоғангга айтсам, “Э-э, парво қилманг, қизиқ одамлар, севишиб турмуш қуришган. Агар ажраласан, десангиз, ўша заҳоти ўзларини ўлдиришади. Ўртага тушганнинг қанчаси аҳмоқ бўп кетди. Қуда-анда буларни жанжали сабаб юзкўрмас, ўзлари бўлса яна бояги-бояги, ошиқ-маъшуқ. Ҳар хил одам бор-да, почча”, дейди. Йигит тоғангнинг каллали шогирди экан, яқин тортиб, кейинчалик ҳовли-жой қилиб, биз тарафга кўчиб келди… Бола ёш, ҳа, рўзғорни қолипи бўлмайди. Нега илжайиб қолдинг? Ҳа, сездинг-а? Бугунги тўй эгалари ўшалар бўлади. Тоғангни тўй эгаси бўлиб гердайиб туришини кўрдинг-ку. “Ҳалиги ҳунарлардан ҳалиям борми?” деб сўрасам, “Фарзандли бўлиб, текин томошаниям бас қилишган, кечаси-ю кундузи бир хилда – Лайли-Мажнун”, дейди тоғанг.
– Ҳа-а, қизиқ, – деб қўйди Рустам нима дейишини билмасдан.
– Қизиқлигини қўй, бола ёш, бундай қил: нима кўп – теваракда азиз авлиёларнинг мозоротлари кўп. Бекордан-бекор шунча одам чироқ ёқиб қурбонлик атаб юрмаса керак. Шоҳимардонгами, Пошшопиримгами ихлос қилиб бориб келинглар онанг учовинг.
– Сиз-чи, дада? Сиз бормайсизми?
– Бунақа ишлар хотин-халажга ярашади.
– Кўряпсизми? Ўзингиз ҳам ишонмайсиз.
– Ҳа, энди, сендан нима кетди, болам. Бўш вақт топиб бориб келавер – ҳам зиёрат, ҳам саёҳат. Ҳеч бўлмаса миянг дам олади. Бувайдада сўлим жойлар кўп. Лекин ерга думалаб, мозорни шайхини қамчисини еб юрма. Ҳаммасига чидайману, ана шу ирим-сиримига келганда кулгим қистайди. Балки, бундаям бир ҳикмат бордир, ким билсин.
­– Кўпи хурофот, дада. Бизни тараққиётдан ажратган, қолоқ ва қўрқоқ қилган нарса ана шу майда-чуйда ирим-сиримлар, Аллоҳ бир четда қолиб, қабрларга, тошларга, одамларга сиғиниб юриш энг катта аҳмоқлик, деганингиз қулоғимда турибди.
– Шунақа деганмидим? Одам қариб қолгандан кейин… Лекин гапинг тўғри. Ҳамма нарса Яратганни иродасига боғлиқ. Бўпти, Аллоҳдан сўрашдан тўхтама, лекин ўзингам қимти…

Боболарга муносиб бўл!

– Болалар, умуман олганда, буюк боболар тарихига қизиқишингиз мени қаноатлантирди. Тарихий хотирасиз келажак йўқ, дейдилар. Қандай улуғ аждодларнинг авлоди эканини билган одам ҳеч қачон паст кетмайди. Беруний, ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Навоий, Бобур Мирзо… Болалар, болалар, диққат менда, менга қаранглар, мадомики шундай буюк зотларнинг қонлари томиримизда оқаётган экан, нега энди бизнинг орамиздан уларга муносиб издошлар чиқмаяпти? Ким жавоб беради? Ким?
Шу пайт эшик очилиб, коллеж директори билан Рустам кириб келди. “Ҳурмат!” деб хитоб қилди ўқитувчи. Ўқувчилар ўринларидан туриб, қўлларини кўкисларига қўйиб салом беришди.
– Ҳурматли ўқувчилар, биз бир жиддий масалада кирдик. Азизбек Раҳмонов, бу ёққа чиқинг-чи!
Азиз ҳайрон бўлиб, шошилмасдан хаттахта ёнига чиқди. Ҳамма нафасини ютиб, кўнгилсиз воқеага шайланди.
– Бизни қишлоқдан кўплаб таниқли одамлар чиққан. Улар орасида битта колхоз раиси, бир нафар туман газетаси мухбири, қарийб иккита катта фермер, битта донгдор пиллачи, хушовоз хонанда Эрали Эсоналиев ҳамда устоз мураббий Рустамжон Мажидовлар бор. – Директор шу ерга келганда бир томоқ қириб, тараддудланиб олди. – Ҳа, энди, мени яхши танийсизлар. – Дабдурустдан ўзи қарсак чалишни бошлаб юборди, кейин бошқалар ҳам қўшилди. – Раҳмат, раҳмат! Қаторимиздан бугун сизнинг курсдошингиз Азизбек Раҳмонов ҳам жой олди. – Бирдан юзлар ёришиб, “Хайрият-е, яхшиликка экану” деган овозлар эшитилди, пойма-пой қарсак янгради. – Эртага Азизбек Ўсмирлар ўртасида бокс бўйича республика биринчилигида қатнашади. Биз унга толмас ирода ва омад тилаймиз. Ишонамизки, Азизбек пойтахтда бизнинг қишлоғимиз ва коллежимиз шарафини муносиб ҳимоя қилади. Оқ йўл сенга, ўғлим! – Директор кўзида ёш билан Азизни қучоқлади.
– Азизбек, боболарга муносиб бўл, боболарга! Билиб қўйки, сени Рапқон кутади!
Азиз қизариб-бўзариб синфдошларига қаради. Кўзлари Нурхоннинг кўзлари билан учрашди. Нурхон ийманиб, секин кўзини олиб қочди.

Бўладиган бола

– Шогирдинг олтмиш тўрт килоликмиди? – сўради Шавкат Бўтаев.
– Ҳа.
– Бўладиган болага ўхшайди. Олдинги жангларда учинчи раундга ўтказмади-ю бирортасини. Мускуллариям ирғайнинг илдизига ўхшайди. Неча йилдан бери шуғулланади?
– Беш йилдан ошди.
– Вилоятда чемпион бўлган шогирдларинг бор эди, а, бундан бошқаям?
– Бор. Лекин республикада ютишолмаган.
– Аттанг-а! Бу болангда шанс бору, аммо…
– Нима аммо? Ҳали жанг бошланмади-ю?
– Олтмиш тўртдаги иккинчи боксчи… – Бўтаев аввал атрофга бир ўғринча аланглаб олди-да, кафти билан оғзини паналаб, шипшиди.
– Йўғ-е?!
Бўтаев гавдасини хиёл орқага ташлаб, бошини қийшайтириб, заруратсиз бурун тортди:
– Берворишади ютуқни. Якка-ю ягона арзанда ўғли. Энди, тўғри, нокаут қилиб ётқизиб қўйса, авлиёсиям ёрдам беролмайди. Лекин бу қийин масала.
– Бўлмаса чалпак қиламиз-да. Қўлимиз тошни орасида эмас-ку.
– Омадингни берсин!
Рустам ўйланиб қолди. Кейин шошиб йўлакка чиқаркан, рақибнинг мансабдор отаси шотирлари билан керилиб келаётганини кўрди. Рўпара келгач, шотирлардан бири оёқ остига “чирт” этказиб намойишкорона тупуриб, тиржайиб ўтди. Рустам муштини тугун қилиб у томон бир одим қўйди-ю, аранг ўзини босиб, кийиниш хонасига бурилди. Бир муддатдан сўнг хонага мўралаган Азизни қўли билан имлаб чақирди:
– Яқинроқ кел! Ҳакам боксчи билан панада узоқ гаплашиб туриши мумкин эмас. Гапларимни яхшилаб эшит. Рақибингни мураббийлари бизни менсишмаяпти. “Рапқонга қопқоқ ёпамиз, қайтиб боксчи чиқмайди” дейишди.
– Қўлқопим билан оғзига бир уриб, тишини ўзига санатайми?
– Очколар ҳисобидан ютолмайсан. “Ҳакамлар бизга ёнбосади, ҳоким тўрадан қўрқишади”, деб катта кетишяпти-ёв.
– Сиз ҳам ҳакамсизу. Ҳурматингизни қилиб ҳалол баҳолашар.
– Қанийди?.. Бизга фақат нокаут керак. Зарбаларни аниқ ва кучли бер. Очко тўплашга қизиқма. Пайт пойла. Чарчат. Фақат нокаут! Тушундингми? Борақол… Тўхта! Рақибинг “Азизни еб-ичиб юбораман” деди. Ўзим эшитдим.
Азиз зўраки кулди:
– Оширвордингиз. Шундоғам ютаман. Хавотир олманг. Фақат нокаут! –
Азиз қўлқопни бир-бирига уриштирди.
– Ағдарамизми?
– Ағдарамиз! – ўнг қўлқопи билан Рустамнинг ўнг қўлига енгил муштлади.

Бизгаям юқсин!

Рустамнинг дадаси “Ё пирим-ей”, деб ойнаи жаҳон ёнига борди ва шарҳловчининг ҳовлиққан овозини пасайтирди:
– Носиржон, келганларинг яхши бўлди-да. Бунақа катта мусобақаларни кўплашиб кўрган дуруст. Завқи бошқача бўлади. Нима дединг, Нўмонжон? – чол тоқатсизланиб, гоҳ ўтириб, гоҳ ёнбошлаётган Нўъмоннинг жавобини ҳам кутмай, сўзини давом эттирди, – ҳамма оналар бир хил-е, тавба. Бизни Рустамжон рингга чиққанда ҳам онаси телевизорга қарашга юраги бетламай айвонга чиқиб кетарди.
Носиржон ҳаяжонда дўпписини ечиб, қайта кияр, иягини кўтариб, томоғини қашларди:
– Ўзимизам шу… – Нўъмон томонга ярим ўгирилди, – сигарет-пигарет йўқми мабодосига?
– Сизни ташлаган деб эшитиб ҳайрон бўлгандим акахон гулдай ҳунарни нега ташлайди деб. Айтгандай, кашандалар ҳақидаги латифани эшитганмисиз?
– Азбаройи рангига уриб кетганидан Мункар-Накир эски ўлик экан, деб қабридан чиқиб кетганиними? Юз марта эшитганман. Шунақа пайтларда хумори тутади-да.
– Хуморига ўт тушсин! – Чол телевизор овозини кўтарди. – Жим! Бошланяпти. Ана, Азизни чақиришди.
Шарҳловчи Азизни таништира кетди:
– Қизил кийимдаги боксчи Азиз Раҳмонов олдинги жангларини рақиблари устидан яққол устунлик билан якунлаган. Устози машҳур боксчи Рустам Мажидов.
Жанг бошланиши билан Азизнинг онаси эшикни очди-ю, бош суқиб, яна қайта ёпди.
Нўъмон ҳаяжондан хириллаган товушда ғурурланди:
– Ҳозир қанчадан-қанча одам ўзимизни Азизбекка термулиб ўтирибди-да, а?!
– Гап қўшмай ўтир!
Шарҳловчи жўшиб таъриф этарди:
– Азиз бугун рингга ўзининг техникасини намойиш қилиш учун чиққан кўринади. Зарба ҳам ўтказаётгани йўқ. Ҳозир Рапқон қишлоғи аҳли бу жангни тўлқинланиб томоша қилаётган бўлса ажаб эмас.
– Ҳа, бўлмасам-чи! – дея ота телевизор ёнини силаб қўйди.
– Яшавор, болам! Мўлжаллаб ур! Кўриб қўйсин ўғил боланинг зарбаси қанақа бўлишини!
– Бодом атала ичадиган қип ташла!
– Ўпкани босинг-е, Нўъмонжон! Рақибиям ўзимизнинг қоракўзлардан, уям бировни боласи. Гоҳида рақибни душман билан адаштириб қўямиз-да ўзи.
Азиз кетма-кет кучли зарбалар йўллади. Айниқса, охиргиси қаншарга аниқ тушиб, рақиб арқонга суяниб, аввал чапга, кейин ўнгга сирғалиб, меҳмоннавозликдан толиққан қўноқдай аста ёнбошлади-қолди. Баҳс бундай тез якун топишини кутмаган рефери нажот истаб теваракка қараркан, атай чўзиб, секин санай бошлади.
– Ана энди хоҳласанг кечгача санамайсанми? – Рустамнинг қувончи ва хавотири ана шу сўзларда жам эди.
– Нокаут! – Азиз қўлқопларини бир-бирига уриштириб, оёқ учида сакраб-сакраб ринг бурчагига бориб, устозига кўз қисиб қўйди.
Рефери кўмагида ўрнидан турмоқчи бўлган рақиб кутилмаганда яна гангиб, рингдан пастга – югуриб келган отаси ва унинг шотирлари оёқлари остига талоплаб тушди.
– Ҳа, сумаланмай ўл! Эсиз, шунча ҳаракату харажат! Бир мушт билан эловлаб қолдинг-а! – ғазаб билан пишқирди отаси. Сўнг ёнидагиларга қаради, – буни сув-пувга пишиб, ўзига келтиринглар. Уйда чилёсин қиламиз…
Мағлуб рингга қайтиб чиқавермагач, томошабинлар қийқириғи остида Азизнинг қўли азот кўтарилди. Рустам арқонлар орасидан чаққон ўтиб, шогирдини қучоқлаб, гир айлантириб қутлади.
– Билардим ютишини! Азиз – чемпион!
Азизнинг отаси секингина кўзёшларини артиб, хўрсиниб қўйди. Нўъмон ўрнидан тура келиб, уни қўлидан тортиб турғизди. Қучоқлаб, даст кўтариб айлантирди:
– Юқсин, юқсин! Бизгаям юқсин!
– Отангга раҳмат-е, отангга раҳмат!
– Устозига минг раҳмат!
Чол деразани тарақлатиб очиб, ҳовлига аланглади:
– Келин, ҳов, келин! Келаверинг энди! Ғалаба муборак!

Шу ҳаводан нафас оляпсанми?

– Ҳа, Рустамжон, кайфият йўқ?
– Тумандан келяпман. Мажлисдан.
– Ҳа-а, тушунарли. Мажлисдан чиққан одамни кайфияти бундан бошқача бўлмайди. Бир куни денг, Рустамжон, милтиғингни ҳужжатини янгилаб қўй деб қолишди валламатлар. Бир кўнглим “милтиқ меники бўлса, ўқни пулимга олсам, сенлар нега ювуқсиз тумшуғингни суқасан? Ҳе, отиб берган қуёнингни қулоғига!” дегим ҳам келди. Аммо-лекин, ке, шулар билан тенг бўлиб пачакилашиб ўтираманми, мен овчи одамман, эртага “панғ” эткизсам, бир балоларни бўйнимга илворишмасин, замон нозик, деб ўйлаб, хўп бўлади, катта ака, деб қўя қолдим. Шундай қилиб, ҳокимликка бордим. Борсам, одам борки, бир нарсадан қуруқ қолаётгандай гурас-гурас ичкарига уряпти. Шу, оқим мениям ўраб-чирмаб тўғри мажлислар залига обкириб ташлади-ю.
– Алихон ака, қизиқ гапирасиз-да. Ҳамма овчилар лофчи бўлади ўзи. Табиатни муҳофаза қилувчиларни мажлисига таклиф қилишгандир-да?
– Э-е, мен эркин овчи бўлсам, тушовим тиззамда. Қайси мард мени Учуйдаги Иванни уйидан топиб келади. Телпон тутмайман – тинчлик керак. Энди чурракка милтиқни тўғрилаган пайтинг “Тез ёрдам”га ўхшаб “Ти-ту, ти-ту!” қилиб ваҳима солиб қолса… Хуллас, ўз оёғим билан бордим. Бордиму, аммо-лекин хашаки раҳбарларингга қойил қолмадим. Масала йўлчироқларни тўсаётган дарахтларни шох-шаббалари экан. Тавба, бизни туманда бир жуфтгина йўлчироқ бўлса… уям ҳокимликни рўпарасида яйдоқда турибди. Бирор марта чироғига ранг кириб, кўз қисиб ишлаганини бандаси кўрган эмас. Яна, мактаб директорларини йиғволган. Нуқул сўкиш, ҳақорат, дағдаға. Тепада ўтирганлар оғзига келган гапни қайтармай, аёлми, эркакми ёппа сочмага тутяпти. Икки соатига зўрға чидадим. Ёнимда ўзини ўзи ачомлаб ухлаб ётган домланамо кишини туртиб “Яна қанча давом этади бу томоша”, десам, бамайлихотир “Энди бошланди-ю, ҳали тағин уч-тўрт соат чўзишади”, деб яна пинакка кетди. Вей, мажлисам одамни тинкасини қуритиб, ботқоқ кечгандай қивораркан-да. Яна ҳар замонда иккита сочи қиртишланган давангир қўй санагандай бармоқ билан давоматни текширганига ўлайми? Кейин шарт туриб эшикка йўрғаладим. Мажлисбоши: “Ҳа, ака тақсир, бир жойда боси-иб ўтиролмайсизми? Ё бавосил бигиз уриб қолдими? Жа гижинглаб қолдингиз қишки байталга ўхшаб? Тинчликми, ака тақсир?” деб сўроққа тутиб қолди. Овчи эмасманми, мени жавобим тайёр ўқланган туради, биласиз. “Ўша йўлчироқни тўсиб, тарвақайлаган дарахтни бир суғориб келай, заҳартанг бўп кетдим, катта ака”, дегим ҳам келди-ю, ке энди, шулар билан жиққа-мушт бўлиб ўтираманми, менга ярашмаса керак, деган хаёлда “Хўжайинжон, бир дақиқага таътил беринг, илтимо-ос”, дедим. Важоҳатимдан чўчидими, ё худо инсоф бердими, “Ҳа, шошиб бориб секин қайтадиган жойгами? Ишингни тез бажару қайт, асосий масалага энди ўтамиз”, деди. Бир кўнглим “Асосий масалангга носқовоғимни попилдириғи! Ким бўпсанки менга муҳлат берасан, тиррақи?” демоқчи бўлдиму, ке, шулардан тезроқ қутулай деган маънода “Хўп бўлади, хўжайинжон”, деб тикка Меҳнатободга манғивордим. Қалай?
– Ака, сиз осон қутулибсиз, бизники бошқа масала. Раҳбар бегонамас, тоғамиз бўлади. Яқинда ишга қайта тикланган, хабарингиз бордир. Ўзини кўрсатгиси келадими, спортчи болаларниям пахтага опчиқасан дейди.
– Нима дедингиз?
– Нима дердим, ўзим чиқаман, аёлим чиқади, керак бўлса опангизам чиқар, лекин майда болалар чиқмайди, дедим.
– У нима деди?
– Нима дерди, аризангни ёз деди.
– Сиз-чи?
– Аризамни сизга ёзмайман, мени соҳам бўлак, дедим.
– У-чи?
– Шу туманда яшайсанми, шу ҳаводан нафас оляпсанми, болаларинг ҳам шу туманда рўйхатда турадими, теради пахтани, бошқа гап йўқ, деди.
­­­– Индамадингизми?
– Чемпионларни зах, лой далага ҳайдаб нима топасиз? Бўлажак Фарғоний, Улуғбек, Навоийлар бод касалига чалиниб, майиб бўлиб ўтсинми? Умуман, келажакни мажруҳ қилмоқчимисиз, дедим.
– Индамадими?
– Нега индамайди? Бу сиёсат, дейди. Ўйнашма бола, дейди. Оқибати ёмон бўлади, дейди.
– Сиз ҳам индамай кетмагандирсиз?
– Айтдим, бунақа сиёсат йўқ дедим. Керак бўлса фермерлар ўзлари терволишсин ҳашар қилиб дедим. У замонлар ўтиб, у дарахтлар кесилиб кетган дедим.
– Сўкмадими?
– Сўксин-чи, дадамга айтарман. Тоғам ҳар ҳолда. Чўчиса керак.
– Чўчийди, дадангиздан чўчийди. Дадангиз Гдлянни одамлариниям қопқонга тушган қуёндай қип қўйган. Ҳақиқатчи-да, ҳақиқатчи! Ҳақ бўлсанг қози рози дейишади. Агар яна пахта-махта деб бирортаси бошингизни оғритса, тикка мени ёнимга келаверинг. Хўпми?
– Хўп. Тўғри Учуйдаги Иванни уйига, а? Қораёғ зибирни бўйидан топаманми?

Бу нима деганингиз?

– Соппа-соғсиз, ака.
– Соппа-соғман, тўғри, дўхтир.
– Энди келинни олиб келиб кўрсатасиз.
Рустам ўқрайди:
– Кимга?
– Мен эмас, аёл мутахассисларимиз текшириб кўришади. Кейин узил-кесил хулоса қиламиз.
– Келинингиз ҳам соппа-соғ бўлса-чи?
– Баъзан шунақасиям бўлади. Эр-хотин икковиям соғлом бўлиши мумкин. Яратганнинг ўзи бермаса, биз ҳеч нарса қилолмаймиз. Сизниям тўғри тушунаман. У кишига айтиш осонмас. Кўнглини оғритиб қўйишдан қўрқасиз.
– Гап шунда-да! – жонланди Рустам.
– Бизга келадиган беморнинг дарди деярли аниқ. Масалан, сиз билан бемалол гаплаша оламан, чунки сиз отдайсиз. Лекин дардмандлар билан кўнглига қараб, авайлаб гаплашамиз. Сизгаям маслаҳатим – ётиғи билан тушунтиринг.
– Беморларга ёрдам беролмай қолган пайтларингиз кўп бўладими?
– Агар бемор ўзи ишонса, аниқ тузалиб кетади. Ихлос – халос деган гап бор.
– Раҳмат, дўхтир. Қўл ҳақи нима бўлади?
– Бу нима деганингиз?! – Шифокор қаттиқ ранжигандек кўзларини қисиб, ёвқараш қилди, – биз ҳақимизда шунақа фикрдамисизлар ҳали? Наҳотки мен сизга таъмагир бўлиб кўринаётган бўлсам? Кассага тўладингиз-ку! Ҳисоб! – Кейин кутилмаганда юмшаб, мулойим тортди, – ҳа, энди, суюнчи масаласи бошқа гап. Ҳимматингиз қимматингизни белгилайди, дейди-ку файласуфлар…
Рустам шифохонадан чиқиб кетаётганда туйқус Нўъмонга рўпара келди. Навбат кутиб турган дўсти уни кўрди-ю, қочгани жой тополмай қолди.
– Ие, қайга борсам, шунда пайдо ҳазратим, деганлари сиз экансиз-да!
– Шу десанг, ўртоқ, анчадан бери қувуғим оғрийди. Самовар қурғур тез-тез қайнаб кетади. Бир-икки жойда хижолатли иш ҳам бўлди, – деди довдираб Нўъмон камарининг тўқасини сийпаларкан. – Рустам қаттиқ қараб турганини кўриб қўл силтади, – Оббо, сендан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди. Кўзларинг ренгенга ўхшайди-я. Гапни тўғриси, ўғил кўрмоқчиман. Шунга ўзимни бир кўрсатай деб келдим.
– Ҳа, кимдир тирноққа, кимдир бармоққа зор… Гулдай қизларинг бор, ҳавасим келади. Майли кириб чиқ, мен кутиб тураман.
Нўъмон эшик тутқичини тутиб, қуймичини ушлаб қайрилиб қаради:
– Укол урмасмикан ишқилиб?..

Палахмон тоши

– Бўлди-да, холажон, мен билан икки марта кўришдингиз-ку, – Нурхоннинг ҳазил аралаш айтган бу сўзларидан хонадон бекаси баттар довдиради.
– Вой қизларим-ей, кутилмаганда келиб тоза хижолатга қўйдиларинг. Шошманглар, ҳозир дастурхон ёзаман.
Севинч ичкаридан чопқиллаб чиқиб келиб, ҳамма билан қуюқ ҳол-аҳвол сўрашди. Сўрида газета ўқиб ўтирган дадаси кўзойнагини пешонасига кўтариб, ўрнидан турди ва қизлар билан ёппа саломлашиб, ичкарига кириб кетди.
– Оббо, асал қизларим-ей, дугоналарингни соғиниб кебсизлар-да.
– Ўн кундан бери ўқишга бормайди, соғинамиз-да. Ҳали ўқитувчиларимиз ҳам кеп қолишса керак… соғиниб.
– Ўқитувчилар? Йўқ-йўқ, овора бўлишмасин, айтиб қўй.
Бирдан Нурхон онани саволга тутиб қолди:
– Аяжон, шундай қизингизга ачинмайсизми? Раҳмингиз келмайдими?
– Вой, нималар деяпсан? Битта-ю битта қизимга жонимни бераман.
Нурхон иккала кафтини кўтариб, бир-бирига навбат бермай чувиллашаётган қизларни тинчлантирди, – Севинч, ўқишга бирга бормоқчийдиг-а институтга?
– Ҳа, шифокор бўлмоқчийдик… Мен бувимни даволамоқчийдим.
– Энди-чи? Рўзғор билан ўралашиб ўқий олармикансан?
– Энди… қизалоқларим, қиз бола учун биринчи навбатда оила, рўзғор туради. Қиз бола – палахмон тоши, хўпми, – она вақт ғанимат эканлигини фаҳмлади, – ота-она рози – Худо рози деган гап бор.
– Палахмон тоши экан деб истаган пайт исталган тарафга қаратиб отаверар экан-да?
– Менга қара, Нурхон, ўзингни тақдирингни биласанми? Сени кимга узатишмоқчи, хабаринг борми ўзи?
Нурхон бирдан бўшашди:
– Йўқ… Кимга экан?
– Аянг билан даданг сени аллақачон Холмат савдогарни ўғлига атаб қўйишибди-ку! Сендан сўрашмабди-да бир оғиз…
Қизлар яна ини бузилган аридай жувиллай кетди:
– Вой, ким у? Қайси бола? Оти нима?
Она ғолиб қиёфада қўлларини биқинига қўйиб, атай урғу бериб таъкидлади:
– Жав-лон! Яхши танийсизлар. Доим коллежларинг атрофида гирдикапалак эмиш-ку.
Нурхон секин, лекин қатъий оҳангда “Ҳеч қачон!”, деди-да, битта-битта босиб кўчага чиқиб кетди.

Совға

– Мана, дарсимизни якунлаб ҳам олдик. Уйга вазифа ҳаммага тушунарли бўлдими? Яхши-и. Энди кичкинагина тақдирлаш маросимини ўтказамиз.
Ўқувчилар устозларига тараддудланиб қараб қолишди:
– Устоз, кимнинг туғилган куни экан?
– Туғилган кун эмас, – ўқитувчи хабарнинг қадрини янада ошириш учун атай вақтни чўзарди. – Туғилган кун эмас, – деб такрорлади яна бир марта. Сўнг ўқувчиларига бирма-бир қараб чиқиб, қувончли товушда шоша-пиша баён этди, – курсдошингиз Азиз Раҳмонов республика чемпиони бўлганини ҳаммамиз биламиз. Телевизорда кўрдик. Азизбекни тумандан ҳам келиб табриклашди, мактаб жамоаси ҳам қутлади.
– Биз ҳам табрикладик, опой, – деди охирги қаторда ўтирган Азимжон.
– Курсдош сифатида яна бир бор табрикласак ҳам ярашади. Бугун қизларимиз ташаббус билан чиқишди. Кўп ўйландик, нима совға қилсак экан, деб. Ниҳоят, бир овоздан мана шу совғада тўхтадик, – қўлидаги ўроғли қутисимон нарсани кўрсатди.
– Кўйлакми, опой, кўйлакми? – деди Зокиржон дўриллаб.
– Кўйлак эскиради, бу эскирмайди. Аксинча, эс кирдиради. Азизбек, чиқ бу ёққа.
– Шартмасиди, овора бўпсизлар-да…
– Биз овора бўлганимиз йўқ, сенга ёқса бўлди.
Ўқитувчи совғани боши узра кўтариб кўз-кўз қилди-да, Азизга қўшқўллаб тутқазди. Қизлар жўр бўлиб “Таб-рик-лай-миз! Таб-рик-лай-миз!” – деб синф ойнасини зириллатишди. Мактаб ҳовлисида дарахт оқлаб юрган Мамазиё қоровул шовқинни эшитиб, хона деразасидан кўзларини қисиб қаради-да, “Тушунарли”, дегандай бош ирғаб, нари кетди.
Азиз совғани очди. “Бобурнома”ни кўриб, юзи ёришиб кетди.
– Раҳмат, раҳмат!
– Ўқиб тушуниш қийин-ку буни, – деди Мўмин сал ғайирлиги келиб.
– Тўғри, тили оғирроқ, – уни қувватлади Давлатжон.
– Олимларимиз сизларни мўлжаллаб, бугунги тилга табдил қилиб чиққан. Аслини кейинчалик ўқийсизлар. Қизиқиб қолган одамга қийин туюлмайди. – Муаллима Азизга юзланди, – ҳар қандай совғанинг маъно-моҳияти бўлади. Тушунгандирсан?
– Тушундим.
Қўнғироқ чалинди.
– Ана, танаффус ҳам бўлди! Эртагача хайр!
Ўқитувчи чиқиб кетиши билан, болалар ғала-ғовур қилиб ташқарига йўл олди. Синфдан чиқиб кетаётган Нурхон бир муддат Азизнинг ёнида тўхтади. Қўл бериб табриклади.
– Совғани ким танлаганини билдим.
Нурхон жилмайиб чиқиб кетди.
Қувончдан сармаст Азиз дераза ёнига келиб, қўлларини кенг ёйиб юборди:
– Эҳ!

Ёппасига меҳмонга

Адирнинг ўркачига монанд ястанган узумзор ёнида Рустам машинасини тўхтатди. Пешонасини читдурра билан танғиган, белбоғига токқайчи осган отаси ўғлига пешвоз чиқиб келди.
– Ассалому алайкум, дада, ҳорманг.
– Ва алайкум ассалом, бор бўл. Яхши келдингми?
– Келдим. Шаҳарда пича ишим бор эди. Шунга ушланиб қолдим.
– Ҳа, болалар айтишди. Боксни қишлоқда ҳамма маза қилиб кўрди. Роса хурсанд бўлдик. Умрингдан барака топ, болам.
– Абдулланинг бурни оз-моз жароҳатланганди, уйдагилари тўполон қилиб чиқишмадими?
– Йўқ, энди чиқишса керак-да, – кулиб қўйди ота, – сени кутишаётгандир.
– Шунақа пайт олдинроқ жўнатиб юборган яхши-да. Келгунимча жаҳлдан тушиб, сал совиб туришади.
– Чарчаб келгандирсан. Ҳовлида ҳеч ким йўқ.
– Ия, қаёққа кетишди?
– Аянг холангни уйига қидириб кетганди. Поччанг янги трактор олганмиш.
– Трактори бор эди-ку?
– Эскисини Ўктам Ҳамрога сотармиш.
– Янгиликлар катта-ку. Ўктамбойнинг ҳам биқини чиқиб қопти-да!
– Жиянинг Ғайрат ҳам Австралияга бориб келмоқчи. Фермани кенгайтириш режаси бормиш. Туяқуш боқаман, дейдими-ей.
– Ўзиям Ғайратингиз унча-мунча қушни туя қилиб юборади. Дада, менам мактабни сотиб олсаммикан-а? Келинингиз билан мактабдор бўлиб юрардик.
– Ҳа, шунақа қил… Келин сенинг йўқлигингни билдирмай шогирдларингни югуртириб олиб ўтиб кетганди. Ҳозир қайтиб ўтишса керак.
– Ўзиям югуриб юрибдими?
– Югурган одам бахтга тезроқ етволади, дейишади-ку, бола ёш…
Ота ва бола йўлга қарашди. Узоқдан аввал велосипед минган Нўъмон кўринди. Кейин майкачан болалар тўдаси кўзга ташланди. Ниҳоят, шогирдлар тўпи Рустамнинг машинасига яқинлашган пайт адирнинг нишаб томонидан Ҳидоятнинг овози келди:
– Орқада қолманглар! Оз қолди!
Нўъмон Рустамнинг кафтига кафт уриб ўтиб, чол билан қўшқўллаб кўришди.
Рустам адир унгурига қараб юрди. Болалар устозини кўриб қолиб, хурсанд бўлганидан тезликни оширишди. Дам олиб ўтирган Ҳидоят қўлидаги секундомерига қарай-қарай, қизаринқираб салом берди. Қўштегирмонлик ака-укалар жўровоз бош эгишди:
– Ассалому алайкум, устоз.
– Ваалайкум ассалом. Ия, эрталабдан келадиган одатларинг йўқ эди-ку.
– Кеча бизни уйда қолишган, – изоҳ берди Ҳидоят ака-укаларнинг орасига кириб.
– Уйларингдагилар хавотир олишади-ю.
– Қўнғироқ қилиб, бизникида қолишлариниям айтиб қўйдим, – Ҳидоят ака-укаларнинг бошини силади.
– Сизга ҳар доимгидай оғзакидан беш! – деди Рустам оғзининг таноби қочиб.
– Қани, бизникига ёппасига меҳмонга! Тушлик вақтиям бўп қолди, – Нўъмон ўнг қўлини кўксига қўйиб, чолга алоҳида такаллуф кўрсатди. – Келинингиз ош дамлаётувди, тагини опкетмасин!
Чол узумзорга бир назар ташлаб, негадир бош чайқаб қўйди-да, йўл бошлади.

Ҳаёт қандай гўзал!

Коллеж ҳовлисидаги қарағай ёнида ҳовуздаги нилуфарга термулиб ўй сураётган Нурхоннинг ёнига Севинч келиб, маҳкам қучоқлаб олди.
– Вой, тинчликми, Севинч? Юрагимни ёрдинг-ку!
– Тинч-лик, тинч-лик! Тўй қолдирилди!
– Йўғ-е?
– Йўғ-е, бор-е! Билиб турибсан-у… Ўзинг бош бўлиб қуда тарафга борибсан-а мен учун! Ҳаммаларини кўндирибсан-а ўқишимга!
– Бир мен эмас, бутун курс…
– Яхшиям дейман мактабга бир йил олдин кирганинг. Бўлмаса, сен билан курсдош бўлмасмидим. Йиғлаб-йиғлаб эрга тегиб кетган бўлармидим…
– Куёвбола хафа бўлмадими, ишқилиб?
– Йўқ. Ўзиям ўқимоқчи. Бир жойга топширамиз. Эҳ, ҳаёт қандай гўзал! Сен қанчалар яхшисан-а, Нурхон!

Бўйга яраша ақл

– Саъдулла амаки! Саъдулла амаки!
Ичкаридан аёл кишининг “Ҳув, ҳозир!” деган овози эшитилди ва зум ўтмай дарвозахонада Нурхоннинг онаси пайдо бўлди.
– Келинг, Жавлонжон. Тинчликми?
– Эрталаб бозорда Саъдулла амакимни кўргандим. Ясси экранли телевизор қидириб юрган эканлар. Мен, танишларимда зўридан бор, ўзим уйга обориб бераман, деб ваъда бергандим. Мана, ўша телевизор. Японларники.
– Вой, айланай, Жавлонжон. Бозордаям ишлаяпсизми?
– Ҳа, ая. Дадамга қарашяпман.
– Қани, юринг ичкарига, – мулозамат қилди она ва ҳовлига қараб ўғлини чақирди. – Абдуллажон! Ҳой Абдуллажон! Тезроқ чиқ, болам, Жавлон аканг келдилар. – Абдулла шошиб чиқиб, Жавлоннинг қўлидаги қутини олиб, ичкарига кириб кетди. Она эса уй томонга қараб қизига буюрди, – Нурхон! Тез чой қўйвор! Жавлон аканг сен айтган телевизордан опкепти.
Жавлон жонланиб ҳовлига кирди, аланглаб Нурхонни қидирди:
– Майли, бир пиёла чой бўлса…
Абдулла қайтиб чиқиб, супа четига ўтирди. Она дастурхон ёзиб, нон ушатди. Жавлон такаллуфларга бош ирғаб, кўзи билан ошхонадан Нурхонни излашда давом этди.
– Ишлар яхшими, Жавлон ака?
– Зўр!
– Телевизор неча пулга тушди?
– Арзон.
– Ҳа-я, эсим қурсин, пулини сўрамабман ҳам.
– Пулини қўяверинг. Амаким билан келишволганмиз.
– Чой ҳам қайнаб қолгандир. – Она ичкарига кириб, чойнак кўтариб чиқди. Жавлоннинг ҳафсаласи пир бўлди.
– Айтганча, ая, мени бозорда кутишётганди. Узр-а, чойни кейинги сафар ичармиз.
Жавлонни кузатиб қайтаётган Абдуллага пешвоз чиққан Нурхон ижирғанди.
– Кетдими анави?
– Ие, нега “анави” дейсан? Бир чиройли оиланинг фарзанди. Бўй-бастига одамнинг ҳаваси келади.
– Шу бўйга яраша ақл ҳам берганда қанийди…

Ҳазратим нима дейдилар?

– Нўъмон, Нўъмон, илгариги пивалар бошқача бўлармиди? Бунисини биздан олдин ҳам кимдир ичганга ўхшайдими?
– Доим шунақасан-а, Ўктам. Еттинчи куружкадан кейин айнишни бошлайсан. Ҳамма пива – бир. Эшшакни…
Шу вақт костюм-шим кийиб олган, соқоли қиртишланган Қобил даврага яқинлашди.
– Ие, ие, жамоат жаму…
– Битта сиз кам, Қобилбой ака. Келинг-келинг, – жой кўрсатди Ўктам.
– Ўктам, фаросатинг йўқ, десам, хафа бўласан. Бу кишим кимсан мулла Абдиқобил-ку. Ерга уриб Қобил дейсан, – Ўктамга айёрона кўз қисди Нўъмон.
– Қобил деяверинглар. Ўзларингни Қобилжонларингман-да.
– Гуноҳга ботмаймизмикан? Ҳазратим қайдалар?
– Хайр-маъзурни насия қиворди жипириқ, – энса қотириб осмонга бир қараб олди Қобил.
– Қайга кетди?
– Бу ердан кўринмайди.
– Айтганча, Абдиқундуз қаерда?
– Уям катта бўп қолди. Ўзига ёқадиган ишни қилаверсин. Менга нима?
– Абдиқобил, контрол керак, контрол!
– Муздаймикан? – Қобил кафтининг орқасини куружкага текказиб, ютиниб қўйди.
– Қуйсинми?
– Агар малол келмаса… кўпиртирмасдан.
– Эй ўртақ, бир куни сафимизга қайтишингни билардим. Кел, битта ўпай. Айланай, айланай ўзимни Абдиқобилимдан. Ўзинг эрийсан-да бугун, – Ўктам қучоғини очиб талпинганча қолди. Қобил бўшаган куружкаларни кўтариб дўкон ичига йўрғалади.

Ўзбекчасига “Ҳотамтой” бўлади

Иззат ака чап кафтини кўзига пана қилиб, ўчоққа ёрқачоқ – пайраха қалаб, оловни жўнаштириб юборди. Қозон ичидаги тўғралган думбадан ёғ силқиб, оқиш тутун аста таралди.
– Рустамжон укам, тикоёқ туриб қолдинг, узр-да энди, ўчоқбошида ўтириш таомилда йўқ, биласану…
– Э, бойака, бундан ортиқ мароқли томоша борми? Ўзи, чаман очилган пахтани кўрганда, кейин зирвак пайтида ҳақиқий ўзбек бошқача яйрайди.
Ёғ ичида каҳрабо тус олган жиззанинг бир каттароқ бўлаги “чивв” этиб ҳаво чиқарди-ю, қозон бўйлаб шитоб суза бошлади. Иззат ака капгир билан жиззани бир қўзғаб олди.
– Рустамжон, сен дунё кўрган йигитсан, бир нарсага ёқа тутаман, қайга борсанг биринчи навбатда қорин ғами, емак-ичмак. Чойхонаниям ўзинг кўриб турибсан, оёқ қўйгани жой йўқ. Телевизорни ёқсанг ҳамма каналда бефойда маслаҳатлар: иккита қоқвош овқат пиширишни ўргатаётган бўлади. Вей, агар икки кило қўй гўшти бўлса ҳар қандай пандавақи ўзи билади қанақа пишириб ейишни.
– Бойака, жизза куйяпти.
Иззат ака сопол товоқни олиб жиззанинг ёғини силқитиб, сузиб оларкан:
– Куйиб қаёққа борарди, куймайди, куймайди, – деб минғирлади.
– Четдаям шу аҳвол, одамзод биринчи галда томоқ дарди билан банд. Уларниям кўрсатувлари асосан жиноят хабарлари, футбол, кейин масхарабозларнинг саҳналаштирилган баҳс-шоулари.
– Вей, Рустамжон, – деди Иззат ака қозонга бозиллатиб суяк ташларкан, – бир куни ўрисни кўрсатувида куркани ичига бир жуфт олмани бўлаклаб тиқиб, орқасидан бир шиша қизил вино қуйқорса-я! Оббо даюс-ей, закускаси ўзи билан кетди занғарни, дедим.
Иззат ака чапдастлик билан сопол товоқдаги жиззага бир чимдим туз сепиб, бир сиқим сабзи ва ҳалқа пиёз сочиб, Рустамга тутди.
– Бу дейман, минг хил овқат бору, ҳаммаси паловхонтўрани олдидан ўтаверсин, Рустамжон. Вей, хоразмча ошниям еганмисан? Самарқандникини-чи?
– Ўзимизни Чимёндаям ўшанақа қовурмасдан “софаки” ош қилишади.
Иззат ака қўнғиртоб кўринишга келган бир жуфт иликли суякни олиб, қозонга “боз-буз”латиб бир коса пиёз ташлади.
– Парҳез ош-да. Тўйларда наҳорга беришади.
Қозонга бир лаган майдаланган “қоракесак” қўй гўшти тушди. Иззат ака тутун ва ҳовурдан беихтиёр кўзларини қисиб, ҳафсала билан капгирни ишга солди. Гўшт бир-биридан ажраб, ранг ола бошлагач бир тутам сабзи ташлаб, қовуришда давом этди.
– Бунда нима ҳикмат бор? Сабзини биратўла ташламадингиз?
– Ҳикмати шуки, Рустамжон, – Иззат ака кутилган саволдан мамнун бўлиб бир қад ростлаб олди-да, сирли оҳангда изоҳ берди, – гўшт юмшоқроқ пишади… Буни риштонликларам билишмайди, – деб “ишонавер, биз биламиз-ку” дегандай чап кўзини чала қисиб, оғзини бужмайтириб, қуруқ бурун тортиб қўйди.
– Менам чойхона солмоқчиман. Деҳқончиликдан кўра шу осонроқми дейман. Мактабдаям ёзда иш йўқ. Таътилда бекорчилик. Шунга, чойхона қурсам, ҳарна ёз кунларида беш-ўн сўм кеп турармиди, – Рустам чойхоначига синовчан тикилди.
Иззат ака кутилмаганда шапалоқ еган одамдай бир қалқиб тушди.
– Ҳм-м… Энангни ит тепгур Исроилни сабзиси эркак экан, бошқа мушак сабзи опкелтирдим… Шунақа дегин-а? Лекин ҳозир чойхонага келувчиларам камайиб кетган. Тағин, харажатингга куйиб қолмагин, укагинам, – жон тортган бўлди Иззат ака.
– Келишади. Нархини сизнинг чойхонангиздан кўра арзонроқ қилиб қўйганимдан кейин, албатта, келишади. Мен сувни бўйига – Бачқирариққа миндириб қураман, салқин бўлади. Кўпроқ харж қилганларга битта ароқ текинга бераман. Шаҳарда шунақа экан.
– Омадингни берсин, – деб норози оҳангда тўнғиллади чойхоначи. – Лекин ҳамма ишни ўз эгаси, пири бор, тағинам билмадим…
– Ҳазиллашдим, бойака. Чойхонани ғовғасига менда тоқат бормиди?
Чойхоначининг чеҳраси ёришди:
– Шунақа дўстдан яна битта бўлса, душманга иш қолмайди.
– Бойака, сизнинг обрўйингиз баланд. Боксчиларимга ҳомийлик қилсангиз, таъсири бошқачароқ бўларди. Бир ўзим ёнимдан сарфлаб юраверсам, “Рустам тентак топганини бегона болаларга сарфлайди”, дейдиганлар яна кўпаяди.
– Кейин иккита тентак бўламиз-да. Шундайми? Эш-қўш бўлиб-а?
– Бойака, бир ривоят бор. Кетадими?
– Ўчоқ бошида жуда кетади-да. Шармандасидан бўлмаса бўлди.
– Йўғ-е, ибратлисидан. “Бир бор экан, бир йўқ экан”ини ташлаб айтавераман-да. Хуллас, битта сизга ўхшаган гуриллаган бой бор экан. Сизга ўхшамаган жиҳати, қисталақ, худо урган хасис экан. Шунчалик зиқна эканки, ҳавони кўпроқ шимириб, камроқ чиқаришга уринаркан…
– Ўбба қизпуруш-ей! Мабодо московчи Нуриддинни опададасимасмикан?
– Алқисса, ўша бой бир сандиқ дуру жавоҳирларини ўзимизнинг Жийдалига ўхшаган жойга пайт пойлаб дафн қилибди.
– Жуда ўхшатворасан-да, Рустамбой, “дафн қипти”, демасдан “кўмиб қўйибди”, десанг-чи!
– Бойака, одатда жонсиз жисмлар кўмилади, бойнинг назарида хазинаси фарзанди-ю отасидан, онасиданам қадрли жигарбанди бўлгандан кейин дафн этган бўлади-да. Илтимос, ривоятни орасига оташкурак тиқмай туринг. Шу десангиз, ҳар ўн йилда бир бориб ярим тунда ерни қазиб, сандиғидан хабар олиб, яна дилхуш яшайвераркан. Навбатдаги ўнйиллик якунида бориб “Ке, қирқ йилдан бери жавоҳирларимни кўрмадим, қачонгача сандиқни сийпалаб қайтаман”, деб занглаган қулфни тош билан уриб очиб қараса, хазина ўрнида бир жуфт бинойидай таппи бир-бирига мингашиб турган эмиш. Бой “до-од!” деб пешонасига биттани урибди-ю, алчайиб ҳушидан кетибди. Бир маҳал мол бозоридан қайтаётган Хўроз бува бойни бу таҳлит топиб, у ёқ-бу ёғига уриб ўзига келтирибди. Фалокат сабабини эшитгач, “Э, бойака, ажойиб одамсиз-да, бундай қилинг, таппи қолаверсин, қулфни жойига илинг, сандиқни кўмиб, худди хазинангизга ит ҳам тегмагандай гердайиб юраверинг, ахир бу бойлик сарф бўлмаса, эҳсон қилинмаса, бировга фойдаси тегмаса, бас, тилло нима-ю, таппи нима?!” деб бойнинг орқасига битта шапатлаб қўйган экан.
– Ва-ха-ха-ха, ёмон ёпиштирдингу, Рустамбой, – деди Иззат ака тутунданми ёшовсираган кўзларини кафти билан артиб.
– Хулласи калом, бой дегани озгина қўли очиқ бўлиши, ҳар замонда дунёвий ишларгаям чиқим қип туриши керак. Бундайларни четдагилар “меценант” дейишади. Ўзбекчасига “Ҳотамтой” бўлади.
– Қилиб юрган ишларингга баъзан ҳайрон қоламан, – деди Иззат ака ийиғи чиққан эски дўппи билан қайнаб турган човгум дастасидан тутиб қозонга сув қуяркан, – тўғри, савоб ҳам керак. Аммо-лекин тутуминг Афандининг тухумфурушлигига ўхшайди… Мен унақа Ҳотамтойлик қилолмайман.
– Бойсиз-у.
– Ўзинг-чи?
– Сиздан ўтиб қаёққаям борардим. Сизнинг ҳомийлигингизни яхши тарафи – болалар четдан бирон-бир совға олишса бошқачароқ татийди. Қолаверса, сизгаям савоб кераг-у. Биласизми, боксчиларимга ҳомийлик қилсангиз, қанча савобга қоласиз.
– Қанча?
– Мусобақага борганида қишлоғимизнинг шаъни учун урган ҳар бир зарбасидан сизга савоб ёзилади.
– Ол-а! Бопладинг, – чойхоначи чап кўзи билан осмонга ишора қилиб гапида давом этди, – у ёқ билан келишиб қўйганмисан?
– Вилоят биринчилигида ютиб келса, бутун туман дуо қилади. Ўша дуолардан сизгаям тегади-да.
– Республикада қатнашганларга ҳомийлик қилсам, миллионлаб одамларнинг дуосига қоларканман-да, – чойхоначи ёйилиб кулди, сўнг бирдан жиддий тортиб савол ташлади, – ютқазган тарафнинг қарғишига ким қолади?
– Ким қоларди, устози-да.
– Топқирсан, Рустам. Гапни топиб гапирасан. Пулни рози қилиб олишни биласан.
– Пулингиз кўпайсин, Бойака!
Ўчоқбошига аланглаб кириб келган Фахриддин даллол қозонга суқланиб қараганча Рустамга қўлининг учини берди:
– Ҳорманглар!
– Келинг, Фахриддин ака.
– Ия, “Тайсон”ни отаси-ку. Адҳамжоннинг дадасисиз-а? Келинг, келинг, – чойхоначи қўшқўллаб сўрашди.
Даллол одоб сақлаб қўл қовуштирди:
– Ҳа, келдик, раҳмат! Бу ёғи шадовур палов экан-да… – кекирдагини ўйнатиб “ғўлд” этказиб ютиниб қўйди.
– Бу кишини фарзанди насиб қилса ҳали катта мусобақаларга боради. Келажаги бор шогирдларимдан.
– Раҳмат, Рустамжон! Ўғлимизга анча меҳнатингиз сингди. Унутмаймиз. Шу ўғлим билан би-ир расмга тушиб қўймабсизлар-да. Эсдалик бўп қоларди.
– Эсдалик?.. Тинчликми?
– Тинчлик. Кўчадиган бўп қолдик. Энди шаҳарда боксни давом эттирар. Ташламайди, худо хоҳласа.
– Даб-дурустдан шаҳарга кўчиб кетаверасизларми? Биров хафа қилдими? Ё ният бормиди шунақа? – деди Рустам ранжиганини беркитмай.
– Ният бор эди. Иш топилди. Уй тайин бўлди. Яхши-ёмон гапирган бўлсак, рози бўларсизлар… Тақдир-да, Рустамжон, борди-келди қип турамиз…
Фахриддин узоқ хайрлашиб, қозондан кўз узолмай, иккиланиброқ эшик томон юраркан, остонада тўхтаб яна бир марта:
– Бўпти бўлмасам, ошларинг ширин чиқсин, хайр, – деб эшикни қия ёпди.
– Сенгаям осонмас, меҳнатингга ачиняпсан-а?
– Илёс аканинг ўғлиям армияга кетадиган бўпти. Тўрт йил боксни ўргатганим бир йилдан кейин нима бўларкин…
– Армиядаям спорт билан шуғулланишади-ку. Унутвормас.
– Унутишга унутмас, лекин ўзида иштиёқ қолармикан? – Рустам хўрсиниб қўйди. – Кеч бўп қолди. Мен энди борай.
– Ие, вей, тайёр ошни ташлаб-а?! Чўнғаранинг девзирасидан топтириб келтирдим-ку сен учун, бошқага ҳайф!
– Раҳмат. Уйдаям ишларим бориди.
– Айтганча, ҳалиги гапинг ҳазил эди-а? Чойхона тўғрисидаги…
– Йўқ, чин. Ростданам чойхона очмоқчиман.
– Унда мен бокс мактаби очаман, – иккови ҳам кулиб юборишди.
– Соддалигингизам бор-да. Чойхонани бошимга ураманми?
– Майли, тегишингни товоққа солиб уйингга киритвораман. Фақат товоқ қайтсин, хўпми?

Уйинг борми сени?

– Менга қара, эй муллавачча, неччи марта айтиш керак сенга? Вақтинг тугади! Уйинг борми сени? Соат ўн бир бўлди-ю! Бўлди, ёпаман! – бошқарувчи компьютерхона пардаларини тортаётиб ўзига ўзи жавради. – Тавба! Бу болани ота-онаси тирикмикан? Болам қайда, ким билан юрибди, дунёқараши ривожланяптими-йўқми, мафкуравий иммунитети қай даражада деб қизиқмаса-я. Ахир бутун дунёда глобаллашув жараёни кетяпти, ахборот хуружи авжига минган, тавбангдан кетай. Мана фожиа қайда?!
Абдуқундуз ўчирилган компьютер ёнида бирпас кўзларини ишқалаб ўтирди, бошқарувчи зарда билан енгидан тортиб кўчага равона қилаётганида энгашиб пайпоғи ичидан ғижимланган минг сўмлик чиқазиб, унинг қўлига тутди. Бошқарувчи пулни олди-ю, ён чўнтагига тиқиб, “Бўпти, тўловинг қабул қилинди, лекин эрталаб саккизда келасан, жойинг бировга берилмайди”, деб мижози билан қўрс хайрлашди.
Кейин эшикни қулфлаш учун калит танларкан, мук тушиб компьютер ўйнаётган ёшроқ болага яқинлашиб, бармоқларини тароқ қилиб, ўсиқ сочларини таради, – Қўзим, бўлди, ўчиринг. Қолганини эртага ўйнайсиз. Аянгиз ашша пишириб қараб ўтиргандир, қўзим…

Ошиқ оғзидаги ош

Пештоқига “Мелиқўзи махсим суппермаркит” деб ёзилиб, ношудлик билан турли гуллар, мева-сабзавотлар, шишалар расми тартибсиз чизилган қишлоқ дўкони эшигига бир боғ исириқ, қалампир, тақа ва қўйтикан илиб қўйилган. Қизил тўнли Қорбобо тасвири туширилиб, “Янги йилингиз билан!” деб ёзилган ойна тагида калта иштонли болалар чўнқайиб ўтирганча музқаймоқ ялаяпти. Дўкондан қўлида халтача билан чиққан Азизнинг кўзи томигача юк ортилганидан инқиллаб келаётган эски “Москвич”га тушди. Машина дўконнинг эшигига кўндаланг тўхтади. Азиз уловидан бир амаллаб тушган хўппасемиз Мелиқўзи махсим билан сўрашгани қўл узатди.
– Қарашворайми, махсим тоға?
– Бор, ишингни қил, – терс жавоб берди махсим.
– Ҳа, тоға, тинчликми? – Азиз ҳеч нарсага тушунмай, ҳайрон бўлиб махсимнинг юзига қаради.
– Қишлоғимиздан бир мард йигит чиқди, деб суюнсак, бу ёғи чатоғ-у!
– Нимаси чатоқ?
– Оғзингдаги ошни олдириб ўтирибсан-у, бундан чатоғи бўладими?
– Очиқроқ гапиринг, тоға.
– Сойиб носвойнинг боғига боргин, дарров тушунасан. Ҳа, чемпион!

Московчи бой

– Тўйга айтишни биринчи бўлиб сиздан бошладим, Рустамжон. Ҳурмат бўлса шунчалик бўлади-да, а? – дея таклифнома тутқазди ҳамқишлоқ.
– Раҳмат, Нуриддин ака.
– Қуруқ раҳмат билан қутулмайсиз. Хўпми?
– Хўп. Биздан нима хизмат?
– Ҳа, яшанг! Ука дегани шундоқ бўлса-да. Ота-боболаримиз даврида тўй курашлари бўларди. Бу, қишлоғимиздагиларга нима бўлди, ҳайронман. Ким тўй қилса, энди боксчиларсиз ўтмаяпти. Тушундингиз-а, Рустамжон?
– Тушундим.
– Энг зўр, чайир, уришқоқ болаларни тўплаб олиб боринг. Бир мазза қилиб томоша қилишсин.
– Ғолибларга совға масаласи нима бўлади?
– Совғасига мана биз туриб берамиз-да.
– Бокс тушиб зарба ейиш оғир, зарбани бериш унданам оғир. Шунга яраша мукофот қўясиз. Кураш сайлларидаям мукофотлар бўлади, хабарингиз бор.
– Албатта, укажон. Уялтириб қўймайман. Ишондим-а.
– Ишонаверинг, – Рустам қулоғи динг бўлиб турган шогирдларига қараб қўйиб, давом этди, – Ғолибларга биттадан туя.
– А?
– Майли, биттадан қўчқор бўлақолсин, – Рустам болаларга юзланди, –Тўйда ютганларга қўчқор бермоқчи амакиларинг.
– Рустамжон, уйимни тополмай қоламан-а.
– Московчи бойман деб тўйларда пул сочасиз-ку. Ифтихорхўжанинг суннат тўйида Эрали ҳофизнинг бошидан бир ўрам икки юзталикни сочганингизни кўриб, пул заводи бормикан акахонимни деб ўйлаб қолгандим. Савлатингизга қаранг, улоқчи от ҳуркади.
– Ўзим билиб бераман, эл қатори. Савдолашмайлик.
– Йўқ, аниқ гап айтинг. Насияга мушук офтобга чиқмай қўйган.
– Бўпти. Айтдим-ку ҳамма нима соврин тикса, ундан кам қилмайман. Унгача яна кўришармиз. Лекин ҳозир темир дафтарга тиркаб қўйинг. Эсдан чиқиб тўй эртасига бир-биримизга қараб жилмайишиб қолмайлик…
– Устоз, бу тўйда кимлар бокс тушади? – сўради шогирдлардан бири.
– Буни биргалашиб келишамиз. Олдингидай ростакамига эмас, машғулот пайтидагидек томоша қўямиз. Энг муҳими, ҳатто тўйда ҳам одамлар боксга ишқибозлик килишяпти. Гап совринда, мукофотдаяммас, бокс оммалашяпти. Менга керакли тарафи шу.
Болалар бирдан қийқириб, сакраб юборишди. Рустам қайрилиб, ортида бир челак шафтоли кўтариб турган Ҳидоятни кўрди. У ҳаммага иккита-иккитадан мева тарқатди. Охирида бўшаган пақирни тўнтариб, Ботиржонни ўтқазди ва шафтолининг пўстини арчиб, унга меҳр билан тутди.

Навбатдаги раунд

Рустам ҳовлиси ёнида турган “Мерседес”га ҳайрон бўлиб қараган эди, улов ичидагилар у билан баравар бош ирғаб саломлашди. Дарвозадан ичкариларкан, сўрида отаси рўпарасида лўлаболишга ёнбошлаган Элмуродни кўриб, таъби тирриқ бўлди-ю, истар-истамас бориб сўрашди.
– Рустамбой, ажойиб дўстларинг бор-да. Мана, Элмуроджон билан бир соатдан бери қаймоқлашиб ўтирибмиз. Шунақа азамат йигитлар кўпайса, ҳаммага яхши бўлади.
Рустам қуруққина қилиб:
– Ҳа-а… Нимасини айтасиз, – деб қўйди.
– Ким кимлигини ёши улуғларимиз яхши билади-да! – деди завқланиб Элмурод, – Тилла билан мисни ажратадиган заргар-да булар.
– Бир соатдан бери ўтирибсизларми? Мактабга одам жўнатмабсиз-да, дада.
– Сени дарсдан қўймайлик деб… Директоринг ҳам инжиқ эмасми…
– Мен ҳам шуни айтаман-да, ота. Қаёқдаги директор-пиректорларнинг қош-қовоғига қараб ўтирмай, бўладиган ишни қилайлик, деяпман, ота, – Элмурод бўшаган пиёланинг лабига чертиб, Рустамга узатди.
– Ҳар кимнинг ризқи ўз йўлида, дейсиз-ку, дада. Карвон кўп, ризқи бўлак. Одам бир иш қилса, беҳадик, ичи чиқиб қилиши керак, деб тарбия бергансиз, тўғрими, дада?
Отаси ўғлининг меҳмонни хушламаганини пайқаб, иккаласига ҳам бир-бир ҳайратланиб назар ташлаб олди:
– Ҳа, майли, ўғилларим, ўзларингни хос гапларинг борга ўхшайди. Мен бир мол-ҳолга қараб келай. Сизлар бемалол… – юзига фотиҳа тортиб, тиззасига таяниб туриб кетди.
Рустам отасини нигоҳи билан кузатиб қўяркан, узоқлашиши билан:
– Муддаога ўтайлик, – деб чўрт кесиб қўя қолди.
– Рустамжон, дўстим, шинғовини эшитгандирсиз, ўзингиз зоғ йигитсиз. Очиғи, йигитларим беш йилдан бери четга чиқиб, кўча жангларида қатнашиб келади. Ютуқларимиз бор. Маблағимиз етарли. Лекин тажрибали мутахассис тополмаяпман. Яхши курашчи, каратечи мураббийлар бор. Аммо кўча жангида бокс ҳам жуда зарил экан.
– Қора томоша денг? Хўроз ё қўчқор уриштиришдек гап-да. Қисқаси, қимор-да, тўғрими?
– Дарров қизишасиз. Энди биринчи раунд бошланди-ю, – Элмурод кучланиб кулди, – Бизникиям спорт. Халқаро даражада. Айтайлик, Тайланддаги жаҳон биринчилигида ўзбекистонлик фалончи ҳаммани синдирди, деган гап обрў келтирмайдими?
– Ўша обрў неча пуллик? Мақсад бировнинг устидан пул қилиш эмасми? Бу дунёда пулнинг ҳалоли, ҳароми деган гаплар бор.
– Э, менга қаранг, эркак! Мунча пул, пул деб қолдингиз. Пул бу – восита. Восита ҳаммага керак. Сизга керакмасми ё? Ҳовлингизни аҳволини қаранг. Кечирасиз-у, отахонни маҳсисига қараган одам сизга раҳмат демайди… Пул бўлса, ҳозир фарзанд ҳам кўриш мумкин. Чораси бор…
Рустам Элмуродга ғазаб билан тикилиб қолди. Меҳмоннинг овози ҳам, ранги ҳам ўчди.
– Уйимда меҳмонсиз, бўлмаса… Ҳа, майли… Узр, боққа чиқмоқчийдим. Бир-иккита тўнкаларни қўпоришим керак…
Элмурод ясама хушҳоллик билан чап қўлини кўксига қўйди:
– Меҳмондўстлик учун раҳмат. Насиб қилса, кейинги раундларда яна кўришармиз. Онахонни сўраб қўйинг.

Ҳа ўл-а, сузма!

– Ҳўв, Иззат, ўзингни тўйингдаям қозонга шунча гўшт ташлармидинг? Одам еган билан шохи чиқармиди? Ҳузурини маккапоя кўради. Бу сени насия чойхонангмас! Тағин бу холаваччамиш… Ҳўв бойвачча, биринчидан, гўшт одамни қаритади, иккинчидан, уйқуни қочиради, хаёлни бўлади… – тўйхона эгаси Нуриддин московчи шу тариқа ошпазга маломат ёғдираётган пайти Рустам бир гуруҳ шогирдлари билан тўйхонага кириб келди. Московчи бой қўлидаги бир бўлак гўштни тоғорага қайта ташларкан, Иззат акага ўқрайганча овоз чиқазмасдан оғиз ҳаракати билан яна бир нарсаларни дарғазаб уқтирди-да, янги меҳмонлар истиқболига табассум билан шошилди.
Хизмат қилиб юрган Нурхон қўлқопини бир-бирига уриштириб, елка ташлаб одамлар оралаб келаётган Азизга имкон қадар яқинлашиб, салом берди. Азиз уни кўрмагандай атай бошқа томонга қараб биров билан саломлашган бўлиб ўтиб кетди.
– Азиз дўстлар! Мана бугун Нуриддинбой элга тўй беряпти. Илоҳо, тўйлари охиригача мана шундай тинч, файзли ўтсинким, асло мелисавозликка ўрин қолмагай! Омин! Курашчи полвонларнинг беллашувини кўрдик. Ана энди даврага боксчиларни таклиф қиламиз. Марҳамат, Рустамжон!
Даврага Рустам чиқиб, микрофонни олди-да, бирма-бир ёш ва вазн тоифасига қараб жуфтликларни майдонга чақира бошлади. Ниҳоят, навбат Азизга келганда рақиб топилмай қолди.
– Қадрли ҳамқишлоқлар, нима қиламиз? Рақиб бўлмаганидан кейин Азизбекни ғолиб деб эълон қиламиз-да! Ё бошқа таклиф борми?
Азиз давра четида қўл чалиштириб турган Жавлонга қараб:
– Бизга ёшиниям, вазниниям фарқи йўқ. А, Жавлон ака? Бир ташлашамизми? – деб гап қилди.
– Мен… боксчимасман-у… Кураш бўлганда, бошқа гап эди, – деди Жавлон вазиятдан силлиқ чиқиб кетганига елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлиб.
– Бўлди! Тамом! Курашамиз! – Азиз бу шартга ҳам рози бўлиб қўлқопларини еча бошлади.
Икки рақибга тўн ва белбоғ беришди. Жавлон ноилож белини боғлаб, даврага чиқди. Азизнинг кўзи айвонда қизлар даврасида воқеани ҳаяжонланиб кузатиб турган Нурхонни қидириб топди.
Баковул кураш шартларини тушунтириб, беллашувга рухсат берди. Даврадагиларнинг “Бекор қилди-да Азиз, Жавлон эзиб қўяди”, “Бокс билан кураш бошқа нарсалигини билмайдими бу?”, “Азиз чиниққан-да, Жавлон хомсемиз” каби гап-сўзлари қулоққа чалинди. Азиз бел олиши биланоқ “Ё мадад!” деб Жавлонни бир силтаб ўзига тортди-да, оёғини ердан узиб, елкасидан ошириб ташлади. Рақибини ерга босганча атрофга қаради. Қийқириқ, олқишлар, “Ҳалол!” деган ҳайқириқлар кетидан “Оббо, пўк экану бу”, “Киприк қоққунча қоқиб қўйди-я”, “Кучли кучли экан-да, а?”, “Ҳа, кучли кучли-да!”, “Вей, бу Жавлонинг попирис чекиб, ҳотдог еб юраверган экан-да!”, “Ҳа ўл-а, сузма!”, “Спортчи барибир спортчи-да” каби қизғин муносабатлар қулоқларни батанг қилди.
Азиз ўрнидан тураркан, яна нигоҳи билан Нурхонни излаб топди. Нурхон қувончдан сакраб, қарсак чалаётганини кўриб ҳайрону лол бўлди.

Чақалоқни исми нима бўлди?

– Геракл ака, қайга кетяпмиз? Айтмадингиз, – деди қизиқсиниб Абдулла.
– Сен билан биз ҳали узо-о-қ манзилларга борамиз. Муҳими, шошмасдан шошилиш керак. Оғир карвон баланд довон ошади.
– Ака, мана шу машина неча пул туради?
– Анча, – кулиб қўйди Геракл.
– Эллик минг турар?
– Эллик мингга буни чироғиниям силатмайди, дагар, – Геракл боланинг соддалигидан завқланиб, бошининг орқасига енгил кафт уриб қўйди, – Элликни орқасига яна битта нол қўйвор.
– Йўғ-е, ярим миллионми?! Қойил! Бизгаям насиб қилармикан?
– Ниятни яхши қилавер. Мен ниҳоятда камбағал, ночор оилада туғилганман. Ишонасанми, ўн олтита фарзанд эдик. Отам колхозчи, онам бекорчи эди. Ота-онага ёрдам бериш керакми? Керак! Қанақа йўл билан бўлса ҳам уларни рози қилиш шарт, – кўрсаткич бармоғини ҳаволатди, – ахир улар – ота-она! Сени дунёга келтирган. Тўғрими?
– Тўппа-тўғри!
– Ҳақиқий ўғил бола ота-онаси ночор, қийналиб турганини кўриб, чидаб тура оладими? Йўқ.
– Чидаб туролмайди!
– Бале! Чидаб туролмайди. Мен ҳам чидаб туролмадим. Тирикчилик йўлини тутдим. Мана, кам бўлганим йўқ.
– Ота-оналарингиз ҳаётми?
– Ҳа… – бироз тўхтаб, сўнг қўшиб қўйди, – ҳаёт…
Машина тўхтаб, тушишди. Геракл рўпарадаги тоққа ишора қилди:
– Кўряпсанми?
– Тоғними? Кўряпман.
– Сен билан мен мана шу тоғлардек бардошли бўлишимиз керак. Қасд қилганлар қия бўлиб кетаверади. Тоғга тош отган билан нима бўлади, биласанми?
– Тош думалайди.
– Йўқ, отилган тошлар ҳисобига тоғ янаям катталашади.
– Фарзандларингиз ҳам борми?
– Битта ўғлим бор. Энди иккитага кўпайди.
– Табриклайман. Чақалоқни исми нима бўлди?
– Абдулла.
– Ие, менга адаш бўпти-ю!
– Ўша бола сенинг ўзингсан. Мен сени ўз ўғлимдай яхши кўриб қолдим.
– Йўғ-е… – хурсанд бўлиб кетди Абдулла.
– Ҳа. Сен оғзида қулфи бор, тиши тилига қафас бўлган, ишонса бўладиган, сотмайдиган, чинакам мард йигитга ўхшайсан. Менга сендай садоқатли ёрдамчи керак. Лекин аввал синовлардан соғ-саломат ўтишингга тўғри келади.

«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 5-6-сонлар