Раҳматжон кўча эшикни елкаси билан итарганди, лўкидони ерга тушиб, даранглаб кетди. Ичкаридан аввал шошиб хотини, кейин олазарак ўғилчаси чиқди.
– Ҳа, тинчликми? Сулаймон тахтини кўтариб келдингизми, шаҳдингиз осмон? – деди хотин пешонасига танғилган яшил дуррани маҳкамроқ тортиб. Сўнг деворга суяб қўйилган жуфт кўчатга кўз ташлади. – Нима бу?
Кўчат экишни ният қилган ҳамма ҳаваскорлар қатори Раҳматжоннинг ҳам димоғи чоғ, кимгадир яхшилик қилаётгандай сурурли ҳиссиёт кўнглида ҳукмрон эди.
Хотиннинг зарда аралаш сўроғидан кейин шашти қайтди, пешонаси тиришди.
– Кўриб турибсан-ку, кўчат! – деди у норози пўнғиллаб.
– Нималигини сўраяпман. Олмами, беҳими? Гўрми, баломи? – деди хотин юзига қон тепчиб.
– Жўка! – Раҳматжон ҳам баланд пардага чиқди. – Ноёб дарахт…
– Нима? – деди хотин тиши оғриётгандай афт буриштириб. – Жўка? Ҳой даланинг боласи, гилосми, ўрикми экмайдими – мевасини болалар емайдими? Манави зормандани қандай йўқотишни билмай турибмиз-ку. – Хотин дарвоза ёнидаги тарвақайлаган эманга ишора қилди. – Буни хазонини супуриб, чангини ютадиган мен-да! Қуриб кетсин, турган битгани қуруқ савлат!
– Нима қилай? – деди Раҳматжон алам билан. – Қайтиб обориб берайми?
– Менга деса кўчага ташлаворинг! – хотин жаҳл билан ортига қайрилиб, ўғилчаси ичкари киргунча кутиб турди. – Маслаҳатнинг уйига ўт қўйган бу одам!
Раҳматжон бошлиқнинг туғилган кунида қутлагани бориб, шампань пўкаги билан қандилни чил-чил қилганда ҳам худди шундай хижолат чекканди.
“Айб ўзимда, – деб ўйлади у. – Хотиннинг гапи тўғри, ўзимизни “ҳўкизкўзи” гилосдан опкелмайманми, уч йилда мевага кирмайдими…”
Кўчатни кўтариб кўчага чиқди.
“Ё манави гулзор ёнига қадаб қўйсаммикан? Қўшниларнинг машинасига ҳам соя ташларди”.
Ертўладан белкуракни олиб чиқиб, йўл ёқасидаги гулзордан жой чамалаб турганди, маҳалла оқсоқоли Собит чаққон пилдираб келиб қолди.
– Ҳай, ҳай, ҳай, – деб белкурак дастасидан тутганча шовқинлади Чаққон кекирдак олмасини ўйнатиб, – нима қилмоқчисиз, окаси? Шаҳар бедарвозами? Буни маҳалла деб қўйибди. Маҳалла институти деган гаплар бор…
Сўрашишга узанган қўли муаллақ қолган Раҳматжон ночор чаккаси аралаш бўйнини силади-да, жавоб қилди:
– Шу… жўка обкелувдим, экиб қўйсамми деб турган жойим.
– Ия, мулла Раҳматилла! Хоҳлаган одам хоҳлаган нарсасини хоҳлаган жойига экиб кетаверса, бу дунёда тартиб қоладими, окаси? Нима дарахт дедингиз?
– Жўка.
– Ана холос, – худди шумхабар олгандай оқсоқолнинг ўсиқ қошлари пайваста шаклга кирди.
– Арча бўлсаям бошқа гап эди. Ҳа… – оқсоқол бироз ўйланиб турди-да, дабдурустдан аллақандай ички қониқиш аралаш “Субардинатсия!” деб қўйди.
Раҳматжон оқсоқол билан кўпда ошқатиқ бўлмаса-да, унинг тантиқсифат қилиқларига ажабланмай қўйганди. Шунинг учун жўкага субардинатсиянинг нима дахли бор, деб сўраб ўтирмади.
Хотин ва ўғилча остонада пайдо бўлишди.
– Менам шуни айтаман-да, амақи, сомайкум, – деди хотин фиғони ошиб. – Ўзи манави ордонани йўқотолмай ҳалакман. Нимаймиш, бу юз йиллик дарахт давлат ҳимоясидаймиш, кесишга махсус рухсатнома керакмиш. Мана, йўқ жойдан бошоғриқ!
– Ҳа-а, – деди ғулғулиникидай салқи бўйнини чўзиб оқсоқол эманга суқ солганча.
– Бунингни кесса борми, тахтаси Хитойга етади… Вестерн юнйўн!
– Ҳадемай гулига боларилар ёпирилиб келади, – Раҳматжон гўё ҳозир Чаққон болта кўтариб чиқиб, эманга ташланиб қоладигандай шоша-пиша табиат муҳофазасига ўтди. – Эман асали энг шифобахши бўларкан…
– Йўғ-э, қаранг-а, – деди хотини энсаси қотиб.
Яна нимадир деб узиб олмоқчи бўлди-ю, оқсоқолга бир қараб, боласининг орқасини кафти билан енгил “суваб”, индамай ҳовлига кириб кетди.
– Энди-и, гап бундай, окаси, – оқсоқол бошидаги бахмал дўппини бир айлантириб, кекирдагини сакратиб олди. – Бу зормандани неччи пулга олдингиз? Ҳа, арзимас чақа экан, қайтиб борганингизнинг кираси эмас. Яхшиси, буни анави боғчага обкириб экиб беринг. Орзугул бир нарса деса, оқсоқолни хабари бор денг, йўқ демайди.
– Балки, бирга-бирга…
– Йўқ! – гапни чўрт кесди оқсоқол. – Нариги маҳаллада ош бор. Розиқ қози намунали тўй қиляпти. – Оқсоқол куракни ерга бир уриб кўздан кечирди-да, Раҳматжонга қайтариб берди.
– …Детсибел!
“Бугун якшанба, боғчада одам бўлармикан?” деб ўйлади Раҳматжон. Шу саволни оқсоқолга ҳам бермоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эдики, гапи оғзида қолди. Гулзор бошида такси тўхтади-ю, ундан бир қолипдан чиққандек икки сариқсоч аёл тушди.
– Шу жой! – деди улардан бири ҳаяжонланиб.
– Худди ўзи!
– Аниқми? Яна адашмаяпсанми? – деб сўради наригиси похол қалпоғини бошига босиб.
– Мана ўша эман! Ўшандай турибди! Танидингми?
– Уй сизникими? – Раҳматжоннинг қўлидаги куракка қаради аёллардан бири.
– Ҳа… меники, – деди каловланиб Раҳматжон.
Меҳмонларни кўргач оқсоқол изига қайтиб, қошини синчков кўтарганча уларга яқинлашди. Аёллардан бири оқсоқолга разм солиб бирпас қараб турди-да, шахдам бориб азот қучоқлаб олди. Оқсоқол аёлнинг кенг-мўл бағрида курк товуқнинг қанотига кирган сариқтумшуқ жўжага ўхшаб қолди.
– Танидингми, танимадингми? – қайта-қайта сўради аёл тўлқинланиб, – Сабиш, бу мен Юляман, синфдошинг. Бу – Оля. Асалчи Никифорнинг қизларимиз. Манави ҳовлида тургандик, эслолмаяпсанми? Манави эман гувоҳ! – иккала аёл ҳам жўровоз йиғлаб юборишди.
Оқсоқол аёлнинг қучоғидан чиқиб, атрофга бир аланглаб қўйди:
– Танидим, танимай ўлибманми? Болалар билан эслаб турамиз… ўша пайтларни, – кутилмаган учрашувдан қаттиқ ҳаяжонланиб томоғи қуриди, шекилли, ҳалқумини ирғишлатиб ғўлтиллатиб ютинди.
Яна кўча эшиги очилиб, Раҳматжоннинг хотини ва ўғли бош чиқарди. Оқсоқол, эри ва икки малла аёл эманга қараб анграйиб турганини кўриб, ўғилчасини диконглатиб келиб даврага қўшилди.
– Тинчликми, нима гап? – деди хотини дарахтда арзигулик ўзгариш тополмай. – Булар ким, ҳокимиятданми?
Оқсоқол ва аёллар бири қўйиб бири ўтмишни эслай кетишди. Меҳмонлар Раҳматжонга, оқсоқол келинга изоҳлашича, буларнинг оналари Клавдия эри Никифор билан уруш пайтида кўчиб келишган экан.
– Никифор амақи қўли гул уста эди. Чап оёғи тиззасидан кетган бўлсаям, дурадгорлик дейсизми, чилангарликми, ҳамма ишни қойил қилиб кетаверарди, – деб хотирлади оқсоқол эманнинг уч-учига кўзларини қисиб қараркан. – У пайтлар шаҳар нарида эди, манави жойлар боғ-роғ бўлиб ётарди. Эсимда бор, амақи қайдандир она асаларини тутиб келиб уя ясаганида ёнида мих узатиб турганман. Манави эгизаклардан қайси бирини оласан, деб мени доим уялтирарди. Ўшанда маҳкамроқ турсам бўларкан. – Оқсоқол Раҳматжоннинг хотини ғашланиб қараб турганини кўриб хижолатли илжайди. – Ҳазиллашаман-да, келинжон… Жеймс Кемерон!
Меҳмонлар хандон отиб кулиб юборишди.
– Вой ҳозир ўламан, вой ҳозир ичагим узилади! Худойим-ей, ўша одати қолмабди-я! Юля, эсингдами, дарс пайти ҳамма иншо ёзиб ўтирганда томдан тараша тушгандай ҳе йўқ, бе йўқ “Кабардино-Балкария” ёки “Иосиф Виссарионович Жугашвили!” деб қоларди. Бу сўз қайдан келди, нимага алоқадор, тушунмай гаранг бўлардик.
Бу эскартма оқсоқолга ёқди. Елка қоқиб узоқ кулди-да, кафтининг орқаси билан қовоқларини артиб, “Отамдан ўтган, отамдан”, деб изоҳ берди.
Раҳматжон меҳмонларни ичкарига таклиф қилди. Хотин курси олиб чиқиб ҳовлига қўйди, дастурхон ёзиб, чой дамлаб чиқди.
Аёллар ўзларининг ўрис талаффузида чучук қилиб тўрт яшар қизчадай бирам бийрон ўзбекча сўзлашарканки, одамнинг завқи келади денг.
Оқсоқол узр сўраб, тез қайтиш ваъдаси билан намунали тўйга жўнади.
– Ҳа, ҳаммаёқ ўзгариб кетибди, – деди Оля чуқур хўрсиниб. – Бу жойлар жаннатдай боғ-у дала эди.
Эгизаклар ҳовлининг қаерида қанақа хона бўлгани-ю қанақа гул-гиёҳ ўсганини эслаб, бир-бирига “эсингдами-эсингдами” дейишдан чарчамасди.
– Нега кетдинглар? – сўради хотин қизиқсиниб. – У ёқда ҳаёт зўрми?
– Ким билади, озиқчига эргашиб… Ўттиз йил бўлибди-я, ўттиз йил! Бизнинг ҳамма бойлик-бисотимиз шу ерда: ота-онамиз шу тупроқда ётибди. У ёқда эслайдиган қадрдон ўтмиш йўқ, – Юля юзини четга буриб, кўз ёшларини қайтармоқчи бўлгандек бир муддат киприкларини пирпиратиб турди. Кейин эман ёнига борди-да, худди одам билан кўришаётгандай елка бериб силаб-сийпалади:
– Омонмисан, азизим! Бизни елкангда кўтариб катта қилгандинг. Бўйинг узоқлардан кўриниб турарди. Оля билан далада адашиб қолганимизда сенинг бастингни кўриб уйни топиб келардик. Паҳлавоним, азаматим! Гоҳида саҳар уйғониб чиқсам, онажоним сенга кифти билан суяниб, тескари қучоқлаганча кўзларини юмиб турганини кўрардим. Кейин билсам, сен таскин, куч ва ишонч берар экансан. Ўзимнинг эманжоним, отагинам, онажоним менинг!
Раҳматжон бўғзига тиқилган қаттиқ нарсадан йўталиб қутулмоқчи бўлди. Йўталганди, кўзлари ачишиб кетди. Хотинига қараса, эшикка суяниб лол-у ҳайрон турибди. Оля ҳам эманнинг палахса танасига пешонасини қўйганча сукутга чўмган. Мана шу ҳолатни Раҳматжон ўғилчаси ҳам кўришини… у ҳам йиғлашини негадир ич-ичидан истаб, хотинига юзланди:
– Болани опчиқ!
Хотин эрига ажабланиб қараб қўйди-да, шошиб ичкари кирди.
…Раҳматжон белкуракни ертўлага жойлаб чиқаётганда хотини деразадан қараркан, кафтларини чаккасига ёстиқ қилиб, “Бола ухлаяпти” ишорасини берди ва шивирлаб сўради:
– Кетиб қолишдими?
– Ҳа, кетишди. Қабристонгаям ўтишлари керак экан.
– Яхши аёллар экан. Очиқкўнгил, самимий, – у бўйнини чўзиб эманга бир қараб қўйди.
– Кўчатларни нима қилдингиз?
– Бервордим.
– Опкетишдими?
– Опкетишди. Сувқоғозга озгина тупроқ ҳам солиб беринг, дейишди. Шунда кўчат яхши тутиб кетаркан…
– Ҳа, яхши қипсиз. Савоб… – деди хотин синиқ овозда ва бирдан ўзини ичкарига олди.
«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 2-сон