– Ага-ар кимда ки-им менга-а байрамга би-ир донагина авокадо совға қилса-а, жуд-даям хурсанд бўларди-им!
Дилшоданинг томдан тараша тушгандай эълони хонадаги тўрт йигитга ёппа айтилгандек кўринса-да, гап ўз эгаси – Султонни топганини ҳамма фаҳмлаб турарди.
– Авокадо? Нима экан ўзи у? – Баҳодир олдидаги тошойнадек компьютердан кўз узмай сўради.
– Жонгға чиққан мошин бўса керак, – кинояли ишшайди Тўрамурод. У Тошкентда тўрт йил ўқиб, уч йилдан бери ишлаётган бўлса-да, сурхони шевасини соф тутарди.
– Ҳозир мистер “гугл” ҳазратларига мурожаат қиловуза. – Зариф кўзойнагини япасқи бурнига қўндирди. – “А-ва-ка-до-о”…
Дилшода бир оғиз гап билан тўрт бирдай йигитни овора қилиб қўйганидан мамнун ҳолда:
– Майли, яхши ишланглар, – деди ва қўнғироқ сочларини тўлқинлатиб настарин ифорини сочганча эшик томон енгил қадамлар билан бораркан, қизаринқираб турган Султонга табассум тортиқ этди. – Сиз… Султонжон, кетаётганда “гуд бай” деб қўярсиз-а?
– Ҳа… албатта! – деди довдираб Султон ва баттар қизариб кетди.
– Мана, ответ е-ст! – стулга елка ташлади Зариф. Сўнг баланд овозда ўқий бошлади, – “Авокадо – Америка қитъасида ўсадиган шафтолисимонлар оиласига мансуб мева бўлиб, оғирлиги юз граммгача, калорияси бир юз олтмишгача, витаминлари…”
– Шу Дили ҳеч қуйилмади-қуйилмади-да, ҳозир ҳаммамиззи аҳмақ қип чиқиб кетди, сездингларми? Бўмаса Дилидай бозори авж жувон шу… нарсага махтал қолармиди? – ижирғанди Баҳодир ва “ийҳ-ийҳ” деб керишиб қўйди.
– Ҳа, жегани олдида, жемагани… Бу енағарди ҳовайнағи четга “суриб” жубарган еридан бир чамадан “кўги”дан қоғанмиш. Енди бўса, шуйтиб, бир донағана инишу… авакадага қараб қоптима, – Тўрамурод қийиқ кўзларини қисиб, Султонга синовчан син солди.
– Уни эридан қолган жомадонини ким очиб кўрган экан? Одамларга гап бўлса бўлди, шу чайналаётган бечора ҳам менга ўхшаб онасига азиздир, деб ҳеч ким ўйламайди. Ким билсин, балки, ростдан ҳам ўша мевага дили кетгандир, тўғрими, Султон? – Баҳодир одатига кўра илмоқ отди.
– Бу уккаарини шайтаннигини қорангғар! Туврилиқча “Султонбой, сиздан битта авакада”, деб қўйса ўлама?
– Нега мен? Бу гап ҳаммага тегишли, – Султон бир томоқ қириб олди. – У сизларга ҳамкасб. Мен четдаги одам бўлсам…
Зариф ўрнидан шошилмасдан турди, кўзойнагини қаншарига кўтарди, қўлларини шимининг чўнтагига имкон қадар чуқурроқ тиққанча денгиз мушугидай солланиб-солланиб келиб Султоннинг нақ иягига иягини тиради:
– Кароччи, Дилядай тин-ниқ жононга сўлаги оқмаган йигитни медасмотрдан ўткизиш керак. Сан бу канторага бизани кўргани келармидинг? Уни қораси кўриниши билан тиззанг қалтираб, тилинг айланмай, чакагинг қот-тиб қолишини сезмайди, булар лўх деб ўйлавоссанми? Ҳозир томдан таша деса, ср-рази калламачак ташашинг аниқ! Жав-воб!.. – Чироқ акс этган йилтироқ туфлисининг учини кўтариб, ўнг оёғининг товони билан ортига айланиб қайриларкан, қўшимча қилди. – Агар манга шанс берсайди…
– Вўлла-я! – Тўрамурод тап эткизиб столга кафт урди.
– Қайт-қайт, Зариф, ювош-ювош! – овозини йўғонлатиб, Султонга хайрихоҳ қиёфага кирди Баҳодир. – Бу дунёда кўнгил деган матоҳ бор. Кетаётганда “Султонжо-он” деб чиқиб кетди-ю.
– Бизаники ҳазил, тўғри тушунасан, Султончик, – Зариф унинг елкасига дўстона енгилгина мушт қўйди. – Қандингни ур, мужик, куч-қувват берсин!
– Майли, мен кетдим. Қўйиб берса, ҳозир йўқ нарсадан Юрғумтоғ ясайсизлар. – Султон эшик дастасини тортди, – ишга борай, тушлик вақти тугаб бўлди.
Дилшода хонасида кўринмади. Султон уни чиқиш эшиги ёнида ҳаддан ташқари тарвақайлаб кетган қизилсоч аёл билан бирга кўриб тараддудда секинлади.
Дилшода ёнбошдан ўзига қадалиб турган чанқоқ нигоҳни пайқамаётгандай қўл чалиштирганча турарди. У гўё суҳбат билан банд: гоҳ хумор кўзларини катта-катта очиб қалам қошларини кўтарганча ҳайрат қиёфасига кирар, гоҳ қирмиз лабларини ғунчадек чўччайтириб, афсусини ифодалар, гоҳо назокатли бош тўлғаб шокила сочини елкасидан оширишга уринарди. Ниҳоят, у суҳбатдошининг билагидан тутиб, ошиғич нималардир деди-да, худди дорда юраётган қадамлар билан Султонга яқинлашди.
– Жойингизда йўқ экансиз… – йигит бошқа сўз тополмай таққа тўхтади.
– Ҳа, Варя опа чақирувдилар. Шунга… Қайтяпсизми? – Дилшода унинг кўзларига шаддод нигоҳини тикди. Қизнинг чўлпон қароғида шўх жилва, истиғно айланар, қорачиғининг туб-тубида зулукдай қоп-қора митти шайтончалар ўмбалоқ ошарди…
Султоннинг чап кўксида ҳўл лаппактош кескин ағдарилгандай бўлди.
– Эртага оқшом сизни кутаман-а, – шивирлади кафтини оғзига пана қилиб жувон. Унинг юзларидан қон қочиб, чап ёноғи лип учгандек туюлди. Султон сўзсиз бош ирғади. – Ҳеч нарса кўтариб овора бўлиб юрманг. Авокадо. Бир донагина…
Султон ҳаяжонини босиб олиш учун ишхонасига яёв кетди.
* * *
Тошкентга келганига ҳали йил тўлгани йўқ – танишлари ҳам шунга яраша. Дастлаб ишхонасидаги тунд муҳит зериктирганидан ҳамшаҳри Баҳодир ишлайдиган илмий текшириш институтига аҳёнда бориб турарди.
Ажойиб кунларнинг бирида ойдан тушгандай Дилшода пайдо бўлди ва энди у имкон топди дегунча “Баҳодирни йўқлайдиган” одат чиқарди.
Биринчи кўришгандаёқ жувон йўлакда бир лаҳзагина Султонга кўз ташлаб ўтгандай бўлди-ю, ана шу оний назар асов тойнинг бўйнига ташланган каманд каби йигитни боғлади – қўйди.
Чексиз самони тўлдириб тўлиной оч зангор ёғдусини сочаркан, ким унга маҳлиё бўлмайди дейсиз?
Қора қишдан чиққан қароғлар йўл четида фавқулодда очилган нишона қизғалдоққа беэътибор ўта оладими?
Ташналаб элкезар тубида заррин қумларни қўмитиб, ўз бошидан ҳовучлаб сув сочаётган яшма булоқ қошида тиз чўкмайдими?
* * *
Ҳаётнинг тақдир эркалатган арзандалари бўлганидек, қисмат қарғаган бахтиқаролари ҳам кўп.
Султон эсини танибдики, куни азоб-уқубатда, қаҳатчилик-қаттиқчиликда ўтди. Болалигини эсласа, отанинг дарғазаб қиёфаси, онанинг мунграйиб сиқтаётгани, ағдарилган хонтахта, қатиққа буланган дастурхон, чумдуги учган чойнак, бувисининг зорланиб қарғангани, қўшниларнинг масхараомуз қараши кўз олдига келади.
Отанинг маст жазавасидан юраги тушиб, оғилда қўйлар орасида ухлаганини, бешикда жонсиз ётган сингилчасини уйқу аралаш карахт тебратиб ўтирган кезларини унутиш мумкинми?
Майзада ота токчадаги яримлаган шишани оғзига олиб бораркан, “Ичманг, пашша, қаранг, пашша тушибди”, деб ҳалпинганда у ёғлама кўзларини сузиб маъносиз илжайганча шаробни лаблари четидан оқизиб “ғўлт-ғўлт” ютгани-ю, тишига ёпишган ҳашаротни олиб парда четига бепарво суртиб қўйгани… ҳар қанча уринса-да, хирапашшадек хаёл кўзгусига ёпишаверади.
* * *
Ҳовли орти шафтолизор бўларди. Эртаги, луччак, отёғи, оқпўстдан тортиб анжиршафтолигача бошини еб мева солиб ётарди. Тўрт-беш яшар чоғлари ерга тўкилганини бесўроқ олгани учун беҳи гаврони билан аёвсиз саваланган бола улғайиб ҳам бирор марта “думалоқ асал”дан татишга юрак бетламаганди.
Ҳақдорлар эшик турумини оёғи билан бузавергач, онанинг ёлворишларига қарамай ота бор-барака қилди-ю ҳовли билан шафтолизор ўртасига қўра тушди.
Кейинроқ инсоф бериб ота ичишни ташлади, лекин барибир рўзғорга барака йўламади.
Чойхонада югурдаклик қилиб, янгибойларнинг ерида мардикор бўлиб Султоннинг ҳам эти, ҳам бети, ҳам суяги қотди. Тоғасининг кўмаги билан ўқишга киргандан кейин бозорда арава тортиб шартнома пулини тўлади. Мана, ишлик бўлиб ҳам ҳануз баъзи шапшак қишлоқдошларининг “тенгқурларингиз аллақачон ўғилчасини чўччисини каллаклатиб бўлди, сиздаям бирор мўлжал борми, эркак?” деган сўровидан безиб, уйга имкон қадар ҳаяллаб боради. Ҳар гал бўсаға ҳатлаб кўчага чиқаркан, онаси унинг бўйнидан маҳкам қучиб, “Болам, пешанамиз шуякан, отанг жанавардан нажот йўқ. Ўзинг ўзингга ота бўп тўйга тан йиғмасанг, тоғангам қариди, униям қўлига қарайдиган ўзини нонхўрлари бор. Қолувурса, чиқим чақани танга санайдиган бегана пути айри жунбош ўтирибди сандиғини миниб”, деб ҳиқиллайди.
Ўғри қариса мезанага тирмашади, дегандек, мана, ота масжидга танда қўйди, уззу-кун “Пошшо – Эгам…”, деб йиғламсирагани йиғламсираган.
Алқисса, Султон шу зайл ўзига ўзи ташвиш бўлиб, тенгдошлари қаторига киролмай, севгини ўйлашга, ўз кўнглига қарашга вақт ҳам, имкон ҳам тополмай эр етди. Ахир каптар ҳам дон чўқиб, нафси ором олгачгина болупарини тараб, ўзига оро беради-да…
Тирикчилик тошдан қаттиқ, Султон рамақижон рўзғор деб қорин-қурсоқ ғамида ишдан кейин чинни бозорида қўриқчилик қилади. Дам олиш кунлари мижозларнинг аравасига юк ортади.
“Пошшо – Эгам, Ўзига осон, бир куни ол қулим деса, ҳеч гапмас…”
* * *
Авокадо деганлари ростдан ҳам анқонинг уруғидай нарса экан. Калла суқмаган растаси, бош эгмаган савдогари қолмади. Ҳамма келишиб олгандай, қўлини ёнига ташлаб елка қисади. Охири, бўлмади, бозор эгасининг ҳайдовчисига маслаҳат солди. У бир зум истеҳзоли қараб турди-да, “Хўжайинни ертўласида йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Шунчалик зарил бўлса, сўра, мард одам, қўли очиқ, биласан-у… Сени мақтаганиниям эшитганман, берса керак, уялма”, деб йўл кўрсатди.
Султон сатанг ойимлардек беписанд гердайган бадқовоқ кошонанинг қўнғироқ тугмасини босишга улгурмасдан ичкаридан кўппакнинг ҳирқиланиб ҳургани эшитилди. “Худо хоҳласа, мендаям шунақа қаср бўлади, менам олабай ит боқаман, менгаям ялиниб келишади… Қишлоқдагилар отимни айтиб мақтаниб юришади… Ҳозирча чидаш керак, вақти-соати кеп қолар…”
Хўжайин илтимосни эшитибоқ “Битта-яримтасини бошқоронғи қип қўймадингми, ишқилиб, укам? – деб ҳазиллашган бўлди. Сўнг жиддий тортиб, савдога ўзи даллоллик қилди. – Майли, эр йигитнинг ўзига яраша сири бўлгани яхши, айтмасанг айтма. Лекин саломга яраша алик, деган гап бор. Бирор ҳафта текинга ишлаб берасан. Тўғри келса, шу, укам…”
Султон ўйлаб ҳам ўтирмай, миннатдорлик ила шартга шартта рози бўлди.
* * *
Дилшоданинг хонадони шундоққина метро ёқасидаги тўрт қаватли уйнинг биринчи йўлагида экан. Қўнғироқ тугмасини босмоқчи эди, эшик қиялигини кўриб, бош суқиб қисқагина йўталди. Ичкаридан “Кираверинг, куёвтўра”, деган шодон товуш ва шўх кулги эшитилди.
Султон эшикни ёпиб зулфинини илди. Меҳмонхонада киройи дастурхон тузалган, ошхонадан “жаз-буз” овоз, пиёздоғ ҳиди келарди. Султон қўлидаги икки дона авокадони дастурхон четига қўйиб, қирмизи атиргулни тик тутганча ошхонага кириб борди. Дилшода қозонга сув қуяркан, “Ҳози-ир, мана ҳози-ир”, деб меҳмонга иккала кўзини баравар қисди. Тувоқни ёпиб, сочиқни илгач, жилмайганча атиргулни олди, ҳидлаган бўлди-да, бўй чўзиб йигитнинг офтобда қолган мис баркашдай қайноқ юзидан ўпиб қўйди.
Султоннинг бўғзига тўмтоқ нарса тиқилди, настарин ҳидидан боши айланиб кетди.
– “Бир дона қирмизи ати-и-ргу-у-л”, – мезбон оҳангга солиб куйлади. – Бунда ҳам рамз бор-да, а? – Кейин Султонни ёш боладек етаклаб меҳмонхонага олиб кирди. Чарм диван ўриндиғига ташлаб қўйилган кўйлак ва шимга ишора қилиб, – Манавиларни кийиб олинг, кўнглингизга келмасин, яп-янги, – деди тантиқланиб ва кутилмаганда “куёвтўра”нинг бўйнига қўл илиб, тиззаларини букканча осилиб олди. Султон беихтиёр кўйлагини ечди, жувон унинг ёлдор ва қабариқ кўксига бош қўйди.
– Ўзимнинг паҳлавоним, арслоним…
Гўё бу ҳолатни кимдир пинҳон кузатиб тургандек йигитни хавотир аралаш ваҳима босди. Иситмада туш кўраётган каби воқеалар узуқ-юлуқ, ихтиёридан ташқарида кечарди.
Жувон чироқни ўчирди…
* * *
Султон ҳовурдан тушиб ўзига келганда юзига, бўйнига, лабига юққан ёғупадан кўнглини беҳузур сезди. Назарида лаббўёқдан бети олачалпоқ бўлиб масхарабозга ўхшаб қолгандек туюлди. Ичидаги кўланка лопиллаб тобора юрагини сиқар, ана-мана эшик очилиб, уни жиноят устида қўлга олиш учун изқуварлар кириб келади-ю, бутун оламга шарманда қиладигандек таҳликада эди.
Дилшода ўрнидан турди-да, чойшабга ҳиндона ўраниб, дастурхон ёнига борди. Тўқ яшил авокадони қўлга оларкан:
– Опкелган экансан-да! Жоним, ўзимни асалим, – деди толғин товушда сенсираб. Сўнг мевани узатди. – Ма, ўзинг кес! Бир ҳафтача бурун телевизорда рос-са мақташувди. Ёнимдаги дўконлардан тополмадим, савил! Сен қаердан олдинг?
– Топдим-да, – деди қуруққина қилиб Султон. Жувоннинг ўзича яқин олиб сенсираши ёқмади, оҳангида қандайдир камситиш бордек туюлди.
Ўрнидан туриб, пичоқ билан расамадини келтириб мева кесиш малол келди. Ётган жойида бош бармоқларини ботириб иккига бўлмоқчи эди, палағда тухум чақилгандай кўкси аралаш бўйнига шиллиқ суюқлик оқиб тушиб, кўнгли ағдарилди.
– Ёввойигинам, – Дилшода гиламга чўкиб, диванга суянди. Мева палласини ички томонидан авайлаб тишлаб оҳиста чайнаркан, бирдан афтини буриштирди. – Фу! Нима бало, қазининг ёғими? Мунча бемаза? Ёки эскирганмикин? – симдек ингичка қошини тугиб, синовчан қаради. – Ма, ўзингам еб кўр! – Султон юзини терс олди. Дилшода талтанглаб, унинг лабига авокадони айлантириб ишқади. – Ўзинг пиширган о-ош… Майли, емасанг ема… – Ўрнидан даст туриб дастурхондаги бутун авокадони ҳам зарда билан олди-ю, дераза дарчасини чиначоғи билан суриб, мевани ташлаб юборди. – Одамларгаям ҳайронсан, савил, қайда йўқ олқиндини осмонга чиқариб мақтайди-я. Ҳа ўл-а, байрамимниям байрам қилди!
Жувон саннаганча тарс-турс юриб ювиниш хонасига кирди-да, эшикни шарақлатиб қулфлади. Султон ўрнидан ирғиб туриб, апил-тапил кийинди-ю, ташқарига отилди.
* * *
Қош қорайиб, кўча чироқлари ёқилган. Автолар бетоқат шовқин солади. Шивалаётган ёмғир йўловчиларни ўз манзилига шоширади.
Султон бирпас кўкка юзини тутиб, ўпкасини тўлдириб тин олди-да, атрофга аланглаганча метро томон одимлади. Уч-тўрт қадам қўяр-қўймас, дарчаси очиқ дераза ёнига етгач таққа тўхтади.
Қўлидаги гулдастани ёғиндан паналаб тескари тутиб олган бир мийиғи бахмалдай йигитча йўлак четидаги майсага туфлиси тагини артаётган Султонга ажабсиниб қараб ўтиб кетди.
«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 2-сон